Хурсандбек Тўлибоев. Куйган кўнгил ноласи (монолог-қисса)

Висол йўли ёпиқ экан, имкон қадар унга яқинлашмоқ ҳам гўзал бир ишдир.

Жалолиддин Румий.

Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.

Асқад Мухтор.

Сени дея сенсиз яшадим.

Улуғбек Ҳамдам.

* * *

Тонг эди. Қуёш тоғ орқасидан кўтарилиб замину фалакни нурафшон айлаётган бир пайтда Сени ўйлаб, ўтиб кетган олис хотираларни эслаб ўтирибман. Миямни ғовлатиб, бутун борлиғимни пароканда айлаган туғённи юрагимдан қувиб чиқармоққа ҳарчанд уринмайин, бефойда! Ҳар бир куннинг ўз инъомлари бор экан. Менга фақат азоб чекиш, ўз ёғимга ўзим қовурилиш насиб этганидан гоҳ фахрлансам, гоҳо хижолат бўламан. Қувонганим «Худо инсонга дард берар экан, шафқат ҳам қилади» деган ўгит хотирамда мангуга муҳрлангандек. Маҳзунлигим эса, қачон мен бошқаларга ўхшаб одамлар қаторига чиқаман, улардек яйраб-яшнайман? Азизим ана шу каби адоғсиз саволлар менга бир лаҳза тинчлик, ҳузур-халоват бермайди…

Хаёллар уммонига билан ғарқ бўламан. Ўз ҳаётимни таҳлил этганим-этган. Сен ойдек рухсорингни кўз-кўз қилиб, нотаниш чеҳралар билан кулиб-яйраб юрганинг алам қилади. Ахир ўзинг айтгандинг-ку: «Мен сизсиз ҳеч қачон яшамайман ва сиздан ўзгасига кўнгил қўймайман! Мени кутинг, илтимос!..» Қанчалар ақллисан-а? Қанчалар бахтиёрсан! Ижодхонамда ўлтириб, китоб жавоним орасидан суратингни ахтараман. Топгач, унга узоқ тикилганча суҳбат қураман. Ҳозир шу кўйи ёлғиз ўтирибман. Сурат ва сийратинг: кўринишингдан кучли ва ақлли, иболи ва ҳаёли қизга ўхшайсан. Ҳаётда ҳам шундайсан, лекин сени севган инсонни, унинг қалбини тушунишни истамайсан-да?!

Билардинг-ку, шу кунгача тортган изтиробларим, чеккан заҳматларим, сенинг висолингга етишмоқ ва жамиятда, ҳаётда, умуман яхши-ёмон одамлар орасида муқим яшамоқ ниятим борлигини? Ва, шундай саъйи-ҳаракатларимга берилган бахтни Худонинг сийлови ва марҳамати дея кўникиб яшаганман. Аммо, сен бундай ҳурмату эътиборни, ардоғу муҳаббатни кўтариб билолмадинг! Ҳар вақт суратингга тикилганимда камондек қошинг, ўйчан ва маъюс кўзингга термулиб, оқибат кимсасиз оролдек ҳувиллаган кўнгилга ва ёлғизликка гирфтор бўлишимни қайдан билибман?..

Эслайман: ўшанда сен менга: «Мен сизни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймайман, ҳар доим ёнингиздан жилмасдан ҳасратингизга шерик бўламан» дегандинг. Оқибат, кўнглимдаги ҳаммадан қизғонган туйғуларим сенга етиб-етмай ҳавода учиб ғойиб бўлди… «Севаман» деган биргина сўзни айтмоқ мақсадида, узоқ йиллар ўзимни тайёрладим. Натижа кутганимдек бўлмади. Эслагин: сен-менга, мен-сенга суянардик. Кўнглингни тўлдирган дарду ҳасратингни айтмасанг ҳам, юз-кўзларинг аниқ ифода қилиб турарди. Ҳаётда бўлсин, дўсту душманлар орасида юриб, ҳар хил хунрезликларни, хиёнатларни кўриб турсам ҳам, кўнглимга гард, юрагимга доғ туширмадим… Чунки у ерда фақат Сенгагина бўлган муҳаббатим яшарди… Энди-чи? Энди ўша ишқ айлаган маконда – бўшлиқ ҳукмрон! Шу сабаблими ёки бошқа асрори борми, қўлим ишга бормайди, бошим айланади, аниқ фикрлардан чалкашганим-чалкашган…

Мен худди ўрмонда узоқ вақт ёлғизлик ва телбаликда умргузонлик қилиб, йиллар ўтгач одамлар орасига келиб қўшилган, кўпчилик орасида тамомила бегона кимсага ўхшайман. Буларнинг бари тақдири азалнинг пешонамга катта ҳарфлар билан муҳрлаб кетган қисмат ёзуғи. Ҳар гал қишлоғимга бормоқ учун йўлга чиққанимда, беихтиёр кўз олдимда сен пайдо бўласан. Отам, онам, ака ва укаларимни, дўсту биродарларимнинг ҳолидан хабар олгани, уларни зиёрат этгани бораётган бўлсам ҳам, юрагимнинг туб-тубларида биринчи сени учратсаму ўтли нигоҳларингга тўйиб-тўйиб боқсам, шамолнинг алласида учаётган узун сочларингни силасам, деган хаёллар оғушида юраман… Ва, бунга хос исм топгандекман – ОРЗУ! Бу фоний дунёда орзусиз инсон йўкдирки, бир дам севгилисининг дийдорини истамаган бўлсин. Ҳар қандай эзгу ниятларимиз орзулар бағрида етилади, пишади. Худди дарахт туккан меваси пишгани каби…

Кўзларим йўлингда паришон эди. Суратингга термулганимча сенга мактуб йўллаяпман. Мажнун бир умр «севиш» қисматига дучор бўлиб ва шундай жазоланган экан, мен ҳам худди мажнунлар каби «оҳ-фиғон» чеккувчи ошиқлар хилиданман. «Инсонни инсон тушунмоғи керак», деб битилган муқаддас ўгитларда. Нега энди севги-муҳаббатни «ҳисоб-китоб»лар орқали ҳал этишни маъқул топасан. Ахир кўнгил мисли дарё, борлиқ, Худонинг уйи бўлса, шундай яшашни ўзингга эп кўрсанми? Мен ҳозир сендан олис бир юртда, хонамда ўтириб, оқ қоғоз юзини дил изҳорим билан безамоқдаман. Қўлимга қалам тутишга бирдан-бир сабаб – СОҒИНЧ! Соғинч кўзга кўринмас, қўлга илинмас ботиний дард эканки, мени ўз комига бутунлай асир этди. Ипсиз боғлади. Шу сабабдан тўлган юрагимни, оғриқдан зўриққан қалбимни бўшатаяман. Водариғ! Юрак, кўнгил ва борлиғим, кимсасиз оролдек ҳувиллаб ётса-ю, шунча сўз ва нидолар булоқ янглиғ қайдан тошаётган экан-а? Ажабо, ҳайронман. Яратганнинг инояти ила шундай аросат ботқоғига ботиб қолган бўлсам, Тангримдан сўрайман, мени бундай азобдан халос эт! Қилган гуноҳим бўлса, ўзинг кечиргил! Ёлвораман…

Ташқарида ёқимли шамол эсмоқда. Ва, бир маромда дарахтлар шовуллашига яна қулоқ тутаман. Ташқридаги ҳаёт эса менга унчалик муҳим эмас. Ичимдаги ишқ исёни эсон-омон қутилиб чиқмоқни истайман. Бу исён эса ўз-ўзимни таҳлил қилишга, мувозанатимни сақлаб юришга қаратилган бўлса, минг розиман!.. «Ҳар нафас бир имтиҳон айлайди Ҳақ», деган ҳикматга юзланаман. Ҳар лаҳза, ҳар бир ўтаётган кунимда имтиҳон этилаётган инсон менинг ўзимдирман. Шундай фикрга келишимга асос ҳам топгандекман. Буларнинг барчаси сен ва мен ўртасидаги масофанинг узоқлашуви, синиши оқибатидир.

Қишлоқ. Ҳали-вери тузалмайдиган дардимнинг онаси. У ерга борганимдан, бормаганим афзалроқмикин? Ўйланаман: кўримсиз ва афтода ҳолда, худди кўчадаги тиланчилардек синиқ ва сўлғин юз билан қандай борай? Менга таниш ва нотаниш кимсалар кўрса нима деб, ўйламайди. «Орзулари саробга айланибди, қушнинг парвози синибди, ҳолига вой», дея гап-сўз қилишмайдими? Ўзларини жамият ва ҳаёт тартиботларини сидқидилдан бажараётган одамдек тутиб, фалсафа тўқишмайдими? Наҳотки, ўз туғилиб ўсган, киндик қонинг томган юртингга боришга юз бўлмаса? Ё Бобур Мирзорга ўхшаб, «Ҳинд сори» бош олиб кетмоқ керакми?

Мен эса жавобсиз саволларим моҳиятига шўнғиб, тахминларим тўғри чиқажагини фаҳмлагандекман. Ҳар бир босган қадамим хатоларнинг уясига ўхшаб туюлади. Эсимни танибманки, мислсиз азоблар исканжасида сиқиламан. «Азоб нима?» деган саволлар бир дам тинчлик бермайди. Жавоб эса ҳеч қандай шаклу кўринишга эга эмас. Ичимдаги алам тезроқ сенга етишмоққа чорлайди, аммо натижа кутилгандек бўлиб чиқмайди…

Хонамдаги чироқни ёқаман. Ичкари нур ила ёришади. Бу ёруғлик хонадаги буюм ва китобларни кўрсатиш учун бир восита, холос. Кўнглимни нурафшон айлайдиган, тобора тошга айланиб бораётган юрагимни қутқарадиган – СЕН йўқсан! Фақат биргина сурат олисларга тикилган кўзим овунчоғи, кўнглим юпанчи, дил суянчиғи, уни хурсанд айлайдиган – Инсонимни излайман. Сурат ва хотирадан бўлак ҳеч вақо йўқ! «Ёлғизлик ҳалокатга олиб келади. Зеро, инсон ўзига керакли нарсаларни фақат жамият ёрдамида қўлга киритиши мумкин», деган Ибн Синонинг вақтида айтиб ўтган ҳикматининг мағзини чақиб ва шундай жарлик ботқоғидан халос бўлиш чорасини излайдиган бўлсам – қаердасан?..

Ҳар бир ўтаётган кун ёлғиз бошимга талай муаммоларни солади. Бир-бир одимлайман. Ҳаракатларим зое кетмаслиги учун қаддимни адл кўтараман. Кенг ва озғин елкаларимни кийим воситасида бошқалардан паналайман. Кўчага чиқарканман, бугун нима бўлиши, ким ва қандай чеҳраларга рўбарў келишимни олдиндан сезгандекман… Қанийди, сени учратиб колсам. Тасодифан рўй берган ҳодисалар кўпинча инсонга бахт келтириши, айни ҳақиқат-ку? Ахир илк бор айтилган изҳоридил тингловчини – рўбарангдаги инсоннинг чеҳрасини ойдек ёритган бўлса, тасодиф туфайли қўлга киритлган бойлик ҳам шулар хилидан эмасми?

«Инсон ўз эҳтиёжларининг ёнида яшайди», дейди Румий. Менинг бирдан-бир зарур эҳтиёжларимдан энг зарури – СЕН! Мен хаёлда учкур от каби, учмоқни кўзлайман. Биргина ширин сўзинг ёлғизлик азобида зада бўлган дилимни келажак сари сафарбар этса, овутса дейман. Лаҳза сайин минглаб орзулар оғушида кезинаман. Гоҳо севинсам, зум ўтмасданоқ сиқиламан. Ҳувиллаб қолган қалбимни, бўшлиқдан иборат ҳаётимнинг бир маромга тушиб олишини сендан бўлак ким ҳам эпларди дейсан?.. Ҳеч ким! Кейин дилимга малҳами дори излаб китоб титкилайман. Муҳаббат илк бор қўлимга қалам тутқазганидек, бутун борлиғимни пароканда айламоқни касб этди. Жамият ва мен ўртасидаги мувозанатимга путур етди. Қалбимдаги жароҳатдан сизиб оқаётган қон эса кўзларимга акс урди. Барчаси сенинг туфайлидир… барчаси сенсизлик оқибатидир. Сенсиз яшашга кўниколмай, минг азоб ичра эшилиб-тўлғонаётган дилимни парвариш айла! Машраби Ошиқ каби ёниб-яшашимни бир кўрсанг эди…

Ҳар куни китоб варақалйман. Маъноли ва маъносиз ҳаётимни китоб воситасида изига тушурмоқ чорасини излайман. «Ёлғизнинг ёри Худо» дея ўзимга фалсафа тўқийман. Ёлғизнинг ёри китобдир. Бир менми минглаб, миллионлаб инсонлар ичра шундай яшамоқ қисмати билан жазоланган одам? Менга ўхшаганлар жуда кўпдир. Улар мен каби мактуб битишни, бировга сир айтишни сира истамайди-да! Ошиқлик айб эмас, ёлғизлик ҳам, шундай бўлса-ад, шу кунгача барча кўргуликларни бир-бир мушоҳада этганча, қоғоз юзига соячпман. Биров ўқисин, қалбига таскин, дардига малҳам топсин учун қоғоз қоралаётганим йўқ, асло! Фақатгина тўлиб кетган юрагимни бўшатаяман… Кунларим шу зайлда ўтаверса, бундай синиқ-синиқ ҳолим, офтобда нураб адо бўлган тош каби соб бўлади-ку? Шуни сезиб, ҳис килиб турган эсам-да, барибир билганимдан қолмайман…

Умр – оқарсув экан. Қоғозга тушгани ҳақиқатнинг сояси эмас – ўзидир. Умрнинг ўткинчилигини, дунёнинг бевафолигини кўриб турган эсам ҳам, тақдирдан нимадир кутганим-кутган… Худди менинг кўз ёш тўкишимга ўхшаб кетади кун-тун алмашинуви. Барчаси сокинликда, сукунат қучоғида рўй беради… Сукунат доим ёлғизликнинг ёнидадир, унинг ишонган ҳамроҳидир. Ёлғизлик сукунатга жим гапиради. Улар сўзсиз бир-бирларини англамоқ бўлади. Моҳиятан бир нуқтага бирлашиб, яна кўздан ғойиб бўлади. Буларнинг бари бир оний лаҳзада ўтиб кетади, лекин изи колади – ҚАЛБ жароҳати. Кейин туриб-туриб кўнгил нидосига, ҳайқириғига айланади. Видога чўмган хаёлларни уйғотмоқчи бўлади. Қанийди имкони, топилса, сенга элтар йўллар ҳам судраб бошқа томонларга олиб бораверади… Бир инсон умри хазон, айрилиқ ва соғинч азобида тўлғанади, ингранади, эзилади… Шу кўйга тушишимга ҳам сабабчи – СЕН! Сен туфайлигина келажакка мактуб битмоқдаман. Келажак эса, бугуним ва эртамнинг кўзгуси. Келажак ҳақида ўйлаганим сайин, гоҳ юксакка қуш каби учиб, эврилиб бораман. Бу оралиқда эса сенинг йўқлигинг аввал заминга сўнгра ғариб кулбамга қайтаради. Мендирман шундайлар хилидан биттаси? Адоғсиз саволлар миямни ғовлатгани–ғовлатган. Шулар хусусида тинимсиз ўйланаман… Яна кўнглимга қайтиб, у ерда бўшлиққа дуч келаман. Балки ўша бўшлиқдир мени тўхтовчиз таъқиб келаётган. Тасаввуримда сен иболи, ҳаёли, оқни-қорадан, яхшини-ёмондан ажрата оладиган инсонсан. Фақат ишқий изтироблардан ўзинг халос айлашингни сўрайман, истайман.

Муштдеккина вужуднинг бир пайтлардагидек, нақ йигирма ёшларида нималарга қодир эканлигини  ҳозир тасаввур ҳам этолмайман. Тасаввур этганимда ҳам, ўзимдан уялиб кетаман, бўралаб ҳақоратлагим келади… Ҳозир йигирма олти ёшдаман. Кўринишимдан худди қирқни қоралаган одамга ўхшаб қолганман… Ишонасизми, кўзгуга қарашга ҳам юрак бетламайди. Кўзгуни жаҳлнинг зўридан чилпарчин қилиб отиб юборишим тайин. Э, воҳки! Худо бу эзгин ва забун ҳолимни кўриб-кузатиб турибди. Ҳар бир қадамим таъқиб остидадек гўё. Ҳатто соям ҳам баъзан синчков назоратчига айланди. Ёлғизлигим учунми ёки сенинг «хайр»сиз ташлаб кетганинг сабаблими, аниқ мантиқни тополмай сарсон-саргардон кезаман. Эҳ, шунчалар ожизманми? Бир пайтлардагидек «шиддат-ла ёниб», кўчаларни тўлдириб, у ёқдан бу ёққа шамолдек елиб юрган қувватларим, кучу ғайратларим қайларга учиб кетди?..

Ўзим яхши кўрган соҳам – нафис санъатдан воз кечиб, ҳис-туйғуларга асир бўлаёзган кўнглимнинг жароҳатини битирадиган, ўйлаб сиқилмайдиган қайтамга қалбу юрагинг орзуларига сира-сира даҳл килмайдиган бошқа бир касбнинг жиловини тутсамми дейман. Лекин ёзиш аввалдан қисматига муҳрланган эканми, бу оғриқдан тамомила воз кечмоқнинг ҳам иложи топилмайди… Ҳақир ҳолимга ким ҳам мени ўз чорбоғида яшашга қўярди. Тириклик аталмиш эҳтиёжимни қондиришга кўнарди, рағбат берарди. Телба-тескари ҳаётимни аждарҳо дунёнинг талатўпларида тоблаб, чиниқтириб, ҳали нурафшон яшамоқчи бўламану, аммо кайфият зум вақт ўтмасиданоқ сенгина хаёлимга келишинг билан ундан асар ҳам қолмайди… Фикру ёдим сенда, ботинимдаги умидда, умид бағридаги туғёнлараро кезинади… Бугун тонгни ёруғ юз билан қарши оларканман, саҳарги кайфият учун мисралар тилимда айланади. Бу шеър кимники, кимнинг ботиний асрори? У ёғи билан қизиқмайман. Фақат шеъргина сени менга, мени-сенга рўбарў қилишга қодир. У билан суҳбатим ошкор бўлгани учунгина юракдан чин ҳақиқатларни айтиб сирлашамиз, ҳасратлашамиз. Ҳақиқат юз карра юз очади ўша пайтлар.

Деразадан қарайман – тун. Шаҳарнинг ола–ғовур суронлари қаерларгадир беркиниб олган. Осмонни тўлдирган жимир-жимир юлдузлар, шубҳасиз Мирзо Улуғбекни шайдо этган, тунлари ўзига маҳлиё айлаган мени ҳам ўзига тортмоқда. Сукунат қучоғида кечаётган умримдан хабардордек синч назар солади. Менинг оҳу-фиғонимни севикли аёлимга шивирлаб бермоқадмикин? Дунёнинг ёлғончи эканлигини билиб турсам ҳам, сенинг келмаслигингга нечун кўниколмаяпман? Билмайман. Яна бироз тин олгач қабоқларимни очаман…

Тағин юлдузлар! Улар ҳам биз каби тирикчилик ташвиши деб жимир-жимир этса-да, бир-бирларини ҳеч қачон инкор этмайди. Инкор фақат инсоннинг қалтис феълига сингиб кетган. Инкор ҳам бало кабидир. Қайсидир қалтис разилликлар унинг бағрида етилади. Кошки қутилиб бўлса!

Уч йилча вақт ўтса ҳамки, яна сенинг рад этишингга юзланиб турибман. Сокин сукунат қучоғида фикрларим тиниқлашгани ўрнига алғов-далғов бўлиб, бетартиб ҳолатга тушади. Хонамда сочилиб ётган ва ўз эгасидан саранжомликни кутиб турган буюмларга ўхшайди. Бундай пайтда дилга инган изтироблар кўзга сира уйқуни йўлатай демайди.

Инсоннинг туғилиши – азоб! Яшаши ундан беш баттар азоб. Кўнгил ва юрак хатоси кишини девона айлайди. Фоний дунёнинг карвонларида ўйинчоқ каби суриласан, бемақсад кезинасан… Юракни бўшлиққа сафарбар этади, шундай яшашга ундайди. Умринг аросат ботқоғида қолади. Мислсиз оғриқлар маконига чирпирак қилиб учиради. Чидаш мумкин бўлмаган лаҳзаларда жонингни жабборга беришинг тайин. Мен ҳам ўз-ўзимни назорат этиш ўрнига ич-этимни еб, борлиғимни пароканда этдим. Ўзимга қараб жангга отландим… Гоҳ ютган бўлсам, гоҳо ютқаздим… Ҳаммаси сенсизлик туфайлидир, ёлғизлим…

Куз… яна ўзимни таҳлил қилиш фасли. Дарахтлар оғир силкинади. Япроқлар бемадор тўкилади. Ҳавода қуш каби дарбадар учади. Борлиқ сариққа айланади. Кузнинг намхуш, салқин ҳавоси димоғимга урилади. Бир нимани сезгандек бўламан. Моҳиятан ўзимни кимсасиз оролда юргандек ҳис этаман. Нима бўлган тақдирда ҳам сенинг дийдорингни соғинаман. Гарчи висол йўли ёпиқ экан, интизору илҳаклик билан яшайвераман…

Мен узоқ йиллардан буён ўзимни алдаганим–алдаган. Сенинг ой каби рухсорингни кўрмоқ илинжида узун хаёллар оғушида кезинаман. Дилим ёришади. Атрофимда истак ва майлларини қондирмоқ мақсадида елиб-югураётган инсонлар наздида мен жуда ожиз, ҳеч кими йўқ, мусофир одам бўлиб кўринсам керак-да! Лекин мен ундайлар хилидан эмасман, ўзимга яраша бошпонам бор. Таниш-билиш, дўсту биродарларим, устозларим бор, аммо сенсизлик қийнайди, билсанг ёлғизим… Ҳали ҳаёт олдинда дейман. Умидвор бўламан…

Дунёнинг асл моҳиятини, тилини, қалбини, борлиғини тушунганим сари ўзимнинг ким эканлигинимни англай бошлайман… Нега шундай? Бунинг қандай асрори борлигини билмайман. Мен – мен эмасдек гўё. Ичимга кимдир беркиниб олган ва ўшанинг найрангига ўйнаб юргандекман..

Дунё ҳам инсон қалби каби сирли. Умуман сен сирли мавжудот эканлигингдан хабаринг борми ўзи? Шундай афтода ҳолимда ўзимга қарайман – МЕН ким? Сен кимсан? Саболар янглиғ саҳармардонда кезинган хаёлми? Қалбингдаги шуҳратпарастлик ва бойликдан воз кечмоқни ўйлаганмисан ўзи? Ватан ва оиланг, келажак хусусида-чи? Мени ана шундай бежавоб саволлар қийнайди…

Сабрнинг косаси ҳақиқатан ҳам олтин бўлганида менинг бутун борлғим олтинга дўнарди… Дард, у кўринмасдир, аммо ботинингни каламуш каби кемиради. Тунда уйқуга кетган чоғингда ҳам, тушингда оромингни ўғирлайди. Борлиғингни нурафшон айлаб, саодат соҳилига етказиш ўринга, зулмат қучоғида эркалайди, қайрайди… йиллар заҳматидан оқарган сочларингни елвизак каби учиради… Бир пайтлардагидек силлиқ, ғубор инмаган юзларингда ажинлар зоҳир қилади. Кечаги ўтган кунларингга бир қайтиб, барча оғир кўргуликлар унинг туфайли содир бўлганига сира шубҳа қилмайсан! Магар мен осий банда бўлсам, гуноҳсиз ким? Сенми ё мен. Севганми? Севилганми? Сен майда ташвишлар билан кўп-да, қизиқмайсан. Ўз ўлчовинг, ҳисоб-китобларинг, бойлик ва манфаатинг билан сарсон-саргардонсан… Ваҳоланки, турмуш сўқмоқларида кетаётибсан, аммо кун келиб бутун борлиғинг билан ЁЛҒИЗЛИК соҳилидан чиқишингни наҳотки билмайсан? Шу сабабли миянгни дунё ва олам, инсон ва жамият ўртасидаги тенглик ришталарини ўйлашдан воз кечмоққа пухта тайёрлайсан. Кошкийди кўникиб бўлса, шундай яшашга эришган Худонинг бандасини топиб бер менга?!

Булбул чаманзонрини қанчалик севса, мен ҳам ўз Ватанимни шунчалик севаман. Менинг ватаним ҳам ором ва таскин берувчи Сенинг қалбинг ва юрагингдадир! Ватан мен учун ўша нуқтадан бошланади… Бир оғиз ширин сўзингни, бир пайтлардагидек синиқ жилмайишингни эшитсам, кўриб, кузатсам эди… Борлиқ ва йўқлик хусусида ўйлайвериб эзилиб кетган юрагимни оқ қоғозга эмас, ўйчан кўзларингга қараб айтолсам эди… Дилимдаги ҳеч кимни қизиқтирмайдиган, ўйлаб-ўйлантирмайдиган «оҳ-фиғонлар» кимга ҳам керак? Мен фақат ёзиш азобидан қутулмокдаман. Таскин ва шифо ҳам, ёлғиз кунимда ҳамроҳим, ҳам табибим, ҳам нажот фариштам қоғоз ва қаламдир. Қалам оларканман, бир ипга маржондек тизилган сўзлар ўз-ўзидан булоқдек тошиб келаверади! Тўкилганинг билан сира-сира тугамайди экан!

Ташқарига разм соламан. Олтинранг товланаётган кузнинг жамолини кўришни, кўриб кузатишни Тангрим менга насиб айлади. Кузга етмоқлик тантанасининг нақадар оромбахш эканлигини узоқ ўлкаларга «хайр-хўш» куйини чалиб, гоҳо пастлаб, гоҳо юксакларда парвоз этаётган турналарни кузатиб ҳис этдим. Уларни нима ва қандай ҳаёт ўзига мафтун этса, бизни ҳам шундай ҳаёт ўз чиройига чорласа эди… Улар сенинг умуман қайтиб келмаслигинг хусусида пичирлаётгандир ёки мени умуман қийналиб яшашимни бас қилмоққа чорлаётгандир, ким билсин? Дунёнинг ўзгармас қонунияти – ўткинчи эканлигимизни, меҳмонлигимизни ўргатаётгандир? Йўқса, нечун бу маҳзун куйни доим чалгани-чалган… Шундай экан, сенинг менга бўлган муҳаббатинг, аввалгидек ишончинг қайда?.. Тўғри сенинг истак ва орзуинг бойлик ва шуҳратпарстликдан ўзга нарса эмас! Ҳар бир қадамни пул билан ўлчайсан, идроклайсан. Шундай экан, нега сенга ишим тушаверади… Мен нега сени севиб шундай хўрланган, афтода ҳолда яшаяпман. Ўз айбим, нуқсоним кўзимга кўринмас бўлса, сенгагина билинар, фақат сен менинг нуқсонларимни билгувчисан. Илк бор умид осмонига парвоз этишга чорлаган ҳам ўзингсан. Ўша куни тасодиф фалокат бўлмаганида, балки менга яна кутмоқ ва севиб яшамоқ фурсатини тақдим этган бўлардинг. Нега жимсан?. Бошим оғриб, тез-тез бетоб бўлиб қоладиганимни эшитиб, шу қисқа, айрилиқ, йўлини танладингми? Кўнгил сирли жавҳари муҳаббат инсон туғилишдан, то сўнгги кетар жафосигача бўлган масофадаги ёлғиз ҳамроҳи эканлигини наҳотки унутган бўлсанг?!

Йиллар ўтди…

Ҳамон ёлғизман. Бугунимдан мўъжиза кутиб, қабоқларимни очдим. Миямда кечаги тушимнинг тафсиллари айланади. Кўзларим ёшланди… Фалокат! Қандайдир жарлик олдида турганмишман. Зулмат! Зулматни парчалаб олисдан нур оқиб келармиш. Ўша нур билан мен томонга ҳаракатланаётган СЕН эмишсан. Мени босиб келаётган фалокат – жарлик ботқоғидан қутқармоқ мақсадида нозик қўлларингни узатармишсан. Мен шу кўйи кўзларимни юмганимча минглаб, миллионлаб одамлар орасидан сенга талпинармишман. Иккала кафт бир-бирига тегиши ҳамоно мени тубсиз жарлик олдидан тортиб олганмишсан… Бу мудҳиш тасодиф оний бир лаҳзада рўй берганмиш… Тушларимда… фақат тушимда умидворлик билан яшаётган кўзимга нур, қалбимга, борлиғимга яшаш саодатини бахш этдинг… Мен ўнг ва туш аро аросат ботқоғида қолдим.

Тағин туш аро уйғондим. Аввал кўз олдимда йиллар оша таъқиб этиб келаётган «вазнсизлик». Хаёл дунёмга шўнғийман: сенсизлик, ёлғизлик! Худди туш ичра кўзгуга тикилгандекман. Мақсад – ўзни овутиш! Юрагимга хотиржамлик бахшида этиш. Беадоғ, исмсиз изтироблардан воз кечиш. Сенга бу ёзганларим барчаси оддий туюлиши, майда юмуш бўлиб кўриниши мумкин, аммо менинг ҳаётимда булар жуда катта мавқе касб этади.

Кўнглимнинг истакларини бажариш майлидан тамомила воз кечиб кетмоқ учун неча бор уриндим. Бефойда! Хонамга қандайдир нафислик, кўрк бағишлаб турган китобларни варақлайман. Хаёлимда шоир нидолари янграй бошлайди. Туриб-туриб бутун борлиғимни эгаллаган қисматдошим ҳайқириғини баралла овоз чиқариб айта бошлайман…

 

…Уч йилдирки, ҳамон ўша-ўша мен. Сендан на садо келади, на бир хат-хабар. Аросат оламида яшаётганимни билмайдиган кўринасан. Ботинимда сенгагина бўлган буюк муҳаббат бор! Мен унинг кечаю-кундуз ибодатини қилиб, меҳрибон Аллоҳга ёлворганим-ёлворган. Хумори тутган нашаванддек алаҳсираб кезинман. Дунёдаги майда ташвишлар ҳам катта муаммолар ҳам ўзимга… Оила қуриш, бошқалар қатори яшайдиган вақт келгандир. Аммо сенсиз, меҳрингсиз мен ким эдим ва ким бўлардим?

Умр бўйи излаганим кўнгилнинг истаги ва орзуси – муҳаббатим билан бирга бўлишлик, унинг васлига эришиш эди. На чора! Балки сен ўз хатоингни тушуниб бир кун қайтиб келарсан, балки умуман келмассан? Шундай бўлса ҳам, мени бу дунёга аниқроғи заминга боғлаб турган бирдан-бир восита нималигини билишга минг уринмайин, унга муносиб исм ҳам тополмайман… Қийналаман. Кечагина тупроқ кўчанинг чангини осмонга чиқариб, чирпарак қилиб юрган ҳали пишмаган – ғўр бола эдим… Бугун эса ҳолимга маймунлар йиғлайди. Инсон дунёга бир марта келади. Мен сендан кўп нарса сўраётганим йўқ, фақатгина жиндек меҳр ва муҳаббатингни, ширин сўзингни истайман, холос!..

 

…Бугун ўзимнинг ҳаётимни кундаликка ёзиб қўймоққа илк бор журъат этдим. Кундалик – кўнгилнинг сирлари… Мен умр бўйи, нақ йигирма олти ёшимгача сени бахтли қилиш орзуси билан яшадим. Бундан кейин нима бўлиши биргина – Яратганга аён! Шиддат билан турланиб бораётган дунёда мен нималар қилиб юрибман. Даҳо руҳшунос ёзувчи Достоевскийга ўз рафикаси қанчалик меҳрибон ва раҳмдил бўлганлигини биласанми? Дунёда ёр дийдоридан, унинг висолига эришмоқдан ўзга юксак орзу бўлиши мумкинми, айт? Мумкин бўлса, нима экан у? Сенга бу ёзган нарсаларим ҳам қизиқ туюлмаса керак-а? Ниҳоят, «инсон гўзалликка ўч бўлади» деган гапга иқрор бўлдим. Гўзаллик деганда ташқи кўринишингни назарда тутаётганим йўқ. Мен учун бирламчи гўзаллик – ҚАЛБ! Қалбингда муҳаббат борми – ИНСОНСАН! Бўлмаса-чи? Айтишга уялиб кетаман…

Биринчи саҳифасини ёзиб бўлгач, бошимни қоғоздан илкис кўтардим. Қўлларим шундай қалтирар эдики, тилимга келган нимаики бўлса бақириб айтардим. Минг лаъант ўқидим… қисматимга.

Тўкилдим, нурадим, борлиғим адо бўлди. Эй Гул! Кўзларинг шунчалар ўйчан ва маъюски, рухсоринг шунчалар тиниқ ва чиройлики, кўрган кўзимга уят! Худди сенга бегона нигоҳ термулгани каби мен ҳам қарашга журъат этдим. Аслида кўриш кўнгилнинг таскин ва шифоси эканлигини билиб турган бўлсам ҳам, нега сенга қарамай, ахир! Умримда илк бор топганим ва йўқотганим, висолингга эришолмаганим ҳам сен! Сенга бир ҳақиқатимни айтмайми, ўзга бир кўнглининг бўлиқ сийнасига бош қўймайман, дил изҳоримни айтмайман, унга узоқ тикилмайман, қалбига ором, юрагига тасалли бермайман. Ўзга бир инсон билан ёстиқдош бўлмайман, тушуняпсансми?! Майли мени «девона» десин, «кўчадаги гадога»  чиқарсин, «телбалик касалига мубтало бўлибди» десин, аммо нима учун бировларнинг назар-хотири учун ўз истак ва майлларимдан воз кечиб яшашнинг этагини тутишим керак? Мен бир нарсага қарор қилдимки, умрим давомида КУТИБ яшайман. Менга таскин ва тасалли, ҳаётга ишонч шудир. Иродамни турмушнинг аччиқма-аччиқ зиддиятларида тоблай бораман. «Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолмагунича» азоб ва азоб билан яшайман. Ҳис-туйғу нималигини биласанми? Билганингда мени бирон марта, йўқ умуман умринг бўйи тушунардинг. Кимнинг сўзига кирдингу билмадим, аммо сенга сўз ўргатган инсоннинг шапалоқдек тилини кесиблар ташлагим келади. Инсон ёлғиз дунёга келади. Ёлғиз кўнгилнинг буйруқ ва амрига бўйсуниб яшайди. Ёлғиз битта инсон билан ёстиқдош бўлади. Оқибат дунёдан ҳам ёлғиз кетади. Шундай экан, сен нега ўз кўнглигга, қалбингга, юрагингга қулоқ солмадинг? Нечун бирон марта ўз билганингни қилишга киришмадинг? Нечун?!

Мен шу кўйи хотирамнинг қаър-қаърига сингиб кетган ишқ тарихини титкилайман. Ўзимга мос ва хос жиҳатларидан овозим борича бақириб, шеър ўқийман. Шеър – сен илоҳсан! Сен қудратли денгиз каби тошасан. Гоҳо учқур от каби пишқирасан, оламга жар соласан! Биргина юракдан чиқадиган овозинг – шеър бўлса воажаб? Тангрим қудратингга тасанно! Бошимни эгиб, минг ташвиш ва алам ичра тўлғониб яшасам ҳам ДАРД сари талпинаман. Ундан айро яшасам худдики энг керакли буюмимни йўқотиб қўйгандек типирчилайман…

Мен кўнгил хотиржамлиги учун курашдим, бефойда! Шошқалоқлик қилсанг ҳам, секин юрсанг ҳам қисмат экан! Не тадбир ва тадориг қилмагин, барибир орзунг сароб эканлигини билиб қоласан… «Шунга монанд ҳаракат қилсанг бўлмайдими», дегувчи бир банда йўқ? Бор, балки ўзимдирман энг ишончли ҳабиб. Ўз қўлларим билан яратган тақдир қандай бўларди…

* * *

Дунёлар ўзгармоқда. Инсон тийнати ҳам торайиб-кичрайиб бораётгандек. Мен барча номидан гапиришга умуман ҳаққим йўқ, фақат англаб етганим, тушунганимга иқрор бўлдим… Сен мени тошга айлантириб юбординг. Музлаб қолган кўнгилни энди ким ҳам эритарди. Ким ҳам ёрдам қиларди, сўнгра инсон ўлароқ яшай бошласанг?! Ота-онам, туққан, туғишганларим, мендан бир мўъжиза кутиб яшайди… Ўзимдек ҳаётдан нимадир кутганим каби…

…Тавба… тағин туш, тағин ҳолсизлик аро уйқудан турдим. Ўтган икки соталик вақт ичида кимлар билан суҳбат қурганимни, кимнинг дунё машаққатларидан толиб, жимирилиб қолган қўлларидан чанқоғимни қондирганимни наҳотки билишни истамасанг? Сенга элтар кўчадан ўтарканман, уйингнинг олдида муздек чашма қайнаб оқаркан. Тошиб чиқаётган сувни кўрибману унга ўлжасини топган шер каби ташланибман, бу чанқоқнинг зўридан бино бўлган эҳтиёж экан. Кўз ўнгимда ойинг турармиш. Мен у кишини кўрганим заҳоти ўзимдан – нафсимни қондирмоқ учун юзма-юз келганимдан жуда-жуда уялибман. У киши менинг синиқ ҳолимни олдиндан билган кўринади ва «сиқилмагин, мен сенга қизимни бермоқчи эдим. Биласиз бир ташвиш бўлиб, маҳалла кўй олдида бошим эгилишини истамаганим учун сенга бермайман, бошқасини топаверсин дегандим. Устига-устак, қизим ҳали ёш. Эндигина ўн тўққиздан ошаяпти… уни ўқитишим, эртага менинг каби машаққат чекмаслиги учун шундай ўйлаб эдим… Афсус, бировнинг, яъни ўз фарзандимнинг кўнглини овлаш учун сенга зиён етажагини қайдан билибман… Чанқадингми, ука?», деди мени овутиш ва энг зарур эҳтиёжим нимада эканлигини билиб. Мен эса «Ҳа, жуда-жуда баданим қуриб кетяпти. Бир пиёла сув беринг, илтимос» дедим. Ўша нозик қўллари билан менга сув узатиб, «олинг, ичинг» деди. Бир пиёла сувни «ғилқ» этганимча ичдим. Бўлмади чоғи. Тағин қўл чўздим. Яна қуйди. Яна бир симиришда бўшатдим. Энди менинг бутун борлиғимни тимдалаётган чанқоқлик ҳирси қаерларгадир учиб ғойиб бўлди. Шу тобдаги иккинчи истак ва майлим эса сенинг жамолингни кўриш ва қаро кўзларингга узок тикилиш эди. Ойинг уйингга чорлади. Кирдим. Сен эса уй супураётган, қандайдир уюм-уюм ҳар хил майда буюмларни бир жойга супургинг билан йиғаётган экансан, эгилган бошингни илкис кўтариб, мени худди ойинг каби сўроққа тутдинг: «Нима қилиб юрибсиз, шу пайтларда бировнинг уйида, сизни ким чақирди ўзи?», дединг юзингга қизиллик тошиб… Мен эса «ҳеч ким, ўзим келдим» дедим. Хуллас, сени кўришим биланоқ яна бир эҳтиёжимни қондирдим. Балки кўриш ва кузатиш ҳам кўнглингга ёруғлик бахш этар. Тушундимки, кўриш ҳам инсонни маҳв этаётган «нимадир»нинг барҳам топишига замин ҳозирларкан. Кейин қаердандир даданг келиб қўшилди. Мендан тузук ҳол сўрашди. «Бормисиз, яхши юрибсизми?» дедилар. Ҳаётда ҳам худди шундай сўрашарди. Мана тушдаги ҳаётимда ҳам ҳеч бир ўзгаришни деярли кўрмадим.

– Раҳмат, ўзингиз яхши келдингизми, дедим. Ахир, узоқ сафарга чиқиб, бир неча ойдан кейин қайтиб келишганини яхши билардим-да! Ўшанда оилангга илк бор, яъни тушимда қадам қўйиб, суҳбатлашганим эканлиги учунми, негадир бу ишимни мен жуда ёқтириб қолдим… Севиндим. Йиллар бўйи кўрмаган, учратмаган одамингни, жисм ва қалбинг билан олисларда яшаётган одамингни тушларингда кўрсангу, у билан дийдорлашсанг, сирлашсанг, бундан ортиқ бахт йўқ экан дунёда. Умидли дунё-да, ахир…

Шундай қилиб, мен яна ўзимнинг ҳуввиллаб қолган ёлғизхонамга қайтиб келдим. Йўл юрибман, жуда чарчаган эканман, туш аро дунёларни кезсанг, кезиб дилингга инган оғриқларни – чанқоқни босиб олсанг, бу каби эврилишлар тез-тез бўлишини, худди мўъжиза янглиғ рўй беришини истаб қолармишсан… мен эса, ана шундай истак ва майл, яъни ОРЗУлар оламида кезина-кезина, ахийри сенга рўбарў бўлдим. Қаршингда туриб, жуда кам дақаларда бўлса ҳам суҳбатлашдим. Бундоқ жиддий мушоҳада этиб кўрсам, шу экан бахт…

Деразамни хиёл очиб, қўйган эдим. Ташқаридан бир маромда шабада эсиб турарди… Бир пайт ҳар замон, ҳар замонда машиналарнинг «шув» этиб ўтаётганидан тўлқинланиб кетдим. Оббо! Ҳар куни шундай очиқ дераза қаршисида ўтириб, китоб ўқирдим, қоғоз қоралардим. Машинанинг шиддатли оқимида «пақ» этган овоз юрагимни бир сескантириб кетди. Туриб ташқарига разм солдим. Йўл. Ва, йўлнинг қоқ ўртасида жон талвасасида типирчилаётган мушукка кўзим тушди. Бечора узанасига тушиб шундай «увларди»ки, тўртинчи қаватдалигимдан, ҳамда ярим тунда мен яшаётган бинони айланиб чиқиб, унга ёрдам бериш, айни пайтда мушкул иш эканлигини билиб турсам ҳам, унга жуда-жуда ачиниб кетдим… Сўнгра йўлнинг у томонидан бир шериги секин юриб кела бошлади. Эҳ ўшанда биринчи бор кўришим, ўлганнинг устидан тепганни… Ҳайвонлар ҳам мусибат тушса, қолаверса мушук ақлли жонивор (Пайғамбаримиз(с.а.в) суйиб эркалаганлар), бир-бирини ташлаб кетмайди экан, қайтамга азоб бераркан. Машина уриб кетгани етмаганидек, бошқа бириси келиб, унга наъра тортиб, ташланаяпти… У тирик қолган кўринади, ярим жон ҳолатда бўлса ҳам, яшаш учун ўз қавми билан олишаяпти… Бир пайт атроф сукутга чўкди. Яна битта машина қолган умрига ҳам якун ясади. Бечора мушук темир ғилдираклар орасида яна бир бор ҳаёт тегирмонида бутун жисму жони билан чавақланди… шериги эса йўл чеккасидаги дарахтга чиқиб, қўлларини қаший бошлади…

Мана ярим тун: туш ва ўнг аро маълум вақт ичида кечган ҳодисани ҳам юмшоқ қоғоз юзига қора сиёҳ билан битиб чиқдим. Бу билан нимани англаганимни ўзим ҳам тузукроқ билмагандекман. Фақатгина «ўлганнинг устидан тепиш» инсонга хос хислатмикин деб, ўйлардим, афсус ҳайвоний ҳирс экан аслида. Табиатга тақлид қлишимизнинг ҳам боиси шундандир, балким.

Соатимга қарасам нақ бешнинг устида экан кичкина тили. Чиқ-чиқ этган овоздан бўлак ҳеч қандай товушни эшитмадим, чоғи, хуллас менинг борлиғимда бир соат олдинги туш тафсиллари кезинарди. Хаёлим ўша-ўша сен завқ билан супуриб-сидираётган жараённинг ичкарисига қараб чопарди. Мен ундан айрилишни истамасдим. Ўйланаман: нимага инсон ўнгида кўрмаган, кўриб дийдорлашолмаган инсони билан тушида яқин суҳбатлар қуради. Бу жуда кўп ўйлайверганликнинг асрорими ёки бошқа бир сабаби борми? Билишга ҳарчанд уринмайин, қийналаман! Ҳатто психология фани ҳам ҳанузгача турли қарашлар билан талқин қилиб, келади, аммо бу ҳали етарли эмас! Ҳаммаси ҳали олдинда дейман, туриб-туриб. Руҳиятдаги кашф этилмаган ҳадсиз инсоний кечинмалар кўпки, буни бизнинг авлод илмий текшириб, изоҳлай олмаса, келажак авлод аниқлаши тайин. Чунки вақт деган олий ҳакам ҳаммасини тўғирлаб, жой-жойига қўйиб бораверишига сира шубҳа қилмайман…

Орадан қанча сувлар оқиб ўтди, кунлар алмашинди, ҳодисалар рўй берди, лекин аввалгидек мўъжиза содир бўлганича йўқ. Нега, нима учун? Мен фасллар алмашинувига ҳам жиддий эътибор қиладиган бўлиб қолибман. Ҳозир кузни кузатиб, қишни кутиб оляпман. Роппа-роса икки дақиқадан кейин, қишнинг биринчи куни бошланади. О, бир пайтлардагидек қалин қор устида яхмалак ўйнаганимизни соғиндиммикин? Ёки қишнинг ҳам ўзгача зийнати борми? Бобомнинг айтиб берган афсонавий қорбобо ҳақидаги эртакда бола каби совға олиб завқланишимни истаяпманми? Билмадим, хилма-хил режалар шу фасл кириши биланоқ яна бошқатдан баҳорги бойчечак каби аввал ботинимда сўнг хаёлимга униб чиқади…

…Қиш. Кунлар ҳам совий бошлаган эди. Лекин осмонни қоплаган оппоқ булут қор ёғишидан дарак беролмасди. Сабаби ҳавода қорнинг ҳиди йўқ эди. Демак, ҳид сезилмайдими, ёғиши мумкин эмас! Мен қорнинг ёғишини илҳақ кутардим. Қорни «ғичир-ғичир» қадам ташлаб бир-бир босганимча юришни истайман. Ўша соҳир хаёллар болалигимга судраб кетаверарди. Аммо мен ўз билганимдан қолмай борлиқни буркаган «бир оппоқ сийна»га юзимни боссам эди. Қанийди, имкони борми бунинг? Тағин телбалик, тағин ёлғизлик. Эсимда экан, бола эдим, раҳматли бувининг илиқ тафтини сўнгги бор, атиги сўнгги лаҳза ушлаганимни хотирладим. Соғинган эканман, ўшанда хотирамнинг «қаър-қаърига» сингиб кетган ўтмишни, бундан йигирма йил аввалги кунни эсаларканман, ҳаётим нега шу кунгача сира-сира ўзгаргани йўқ? Нега мен ўз борлиғим ва ботинимни забт этган орзуларим ёнида бўлсам ҳам, унинг ушалишига ўзимда на куч, на бир рағбат топмадим…

Эй, Сен! Бугун ўз борингни ўзгартиришни нечун тадбир қилиб, эртанги кунинг учун энг зарур эҳтиёжларингни қондиришга уринмадинг? Ёки киришмадинг?.. Ҳаммаси бир маромда худди кўз-очиб ўтгунча вақт исканжасида бўлиб ўтишини наҳот унутган кўринасан? Ахир эрта бугундан бошланишини билардинг-ку?! Шунга монанд иш қилганингда хомушликдан сўз очмоққа не наф? Инсон минг бор уриниб-суринмасин, қалбининг истак-майли рўбарасида ожиз ва нотавон кимса бўлиб қолавераркан. Мана мен. Мана сен! Икки дарёнинг жўшқин тошиб ҳайқиришлари бу бир кам дунёга сиғмаса?  Сиғиб ўз истаги каби яшай олмаса? Инсон ўзига тегишли руҳий хотиржамликни биргаликда ҳал қилиши исботланган-ку?..

Сокинлик бугун дераза олдидаги дарахтлар шивирда ҳам аксланиб турарди… Гўё осмоннинг қай бурчагида сокинликдан сўз юритарди юлдузлар. Фақат дилга инган ва бир умрга муҳрланган қисматинг каби жимирларди, улар… негадир, жисм ва ақлимни тарбия қиладиган, қилгач овутадиган бирор юмушнинг этагини тутмаяпман нега? Ўзимда шунга эҳтиёж сезарканман, фасллар ўтиши ва янгиси келиши биланоқ сени эслайман… Сен нега менинг ботинимни, умидларимни билишни истамайсан, нега? Ҳаммаси ҳали олдиндами? Ёки ўтиб кетган булут каби энди кўз ёшларимга ҳамроҳ бўлмайдими? Савил ўткинчи туйғулар сенинг келишингдан нечун сўз очмайди? Ўйланаман: туш ва ўнг аро кечаётган, кечиб бирорта мўъжиза туҳфа этмаётган тақдиримдан хафаман! Холимга маймунлар йиғлагани етмагандек, бошқлар, масалан дўсту биродарларим ҳам кулиб кетмоқда… Талпинаман! Кимга? Билишни истайман. Билолмай, карахтман. Балки билганим учун ҳам менга жуда оддий туюлаётгандир? Кимга ёр эдиму кимни ёр дедим? Оралиқдаги инсон ким? Сенми ё мен? Айтолмайсан… айтишга юрак ҳам керакдир. Бу кетишда ич-этимни еб битирадиган инсонга ўхшаб бормоқдаман! Сенинг васл-дийдорингни истаб, излаб юрсам ҳам бунга эришолмасликдан жуда-жуда хижолатлиман…

Қиш эди у пайтлар. 1993-йил, декабрь. Эндигина эсимни таниб, мактабга борганимга ҳам бир йилдан ошганди. Янглишмайман, иккинчи синфда ўқисам керак. Бувимнинг бевақт вафот этиши, менинг ҳаётимда чуқур из қолдирди. Йўқотиш нима эканлигини ўшанда ҳис этган эдим… Аммо бувим менинг ингичка билакларимни ушларкан, «кўп ўқигин, болам, катта одам бўлгин» деганди… Бирдан-бир ишим бувим ва бобом, сўнгра ота-онамнинг орзуларини рўёбга чиқара бошладим… Ўқидим, изландим, пишдим… Лекин сенинг йўқлигинг шунча орзуларнинг зинама-зина ушалишига тўсқинлик қилажагини энди аниқ-тиниқ сезиб қолдим. Дунёни сиғдиргувчи юрагимга энди қил ҳам сиғмай қолди…

Ўйлаб қарасам, сен ўша йили икки ёшар, ҳали дунёни танимаган чақалоқ экансан. Мен мактабга бориб алифбодан савод чиқараётганимда сенинг кўчанг ёнидан ва уйинг олдигинасидан ўтардим. Онанг сени кўтариб юрганларигача аниқ-тиниқ эслайман! Хотирлайман… хотирамга сингиб кетган ўша болалик, беғуборлик билан юзма-юз қоларканман, сенга кўнгил қўйишимгача бўлган оралиқдаги кунимгача сарҳисоб – мушоҳада юритарканман, мен жуда бахтли эканман…. Ҳаётдан масту аласт эканман. Бахтли лаҳзалар экан у пайтлар. Айниқса, бешинчи синфгача катта синфга қадам қўйганимча бахтиёр эдим… Бечора раҳматли бобомдан айрилдим. У киши мени жуда-жуда яхши кўрардилар. Бирга тўйларга, катта-катта давраларга олиб борардилар… эртаклар, афсоналар, латифалар айтиб берардилар… Энди мен фақир ва ҳақир ҳолимда нима деб, валдираб ўтирибман Сенга? Яланғоч фикрларим – юрак сирларим эканлигини билсам ҳам нега шапалоқдек тилимни тиёлмаяпман… Нега?

…Ўз ҳаётим – ўзимнинг ташвишим! Дўстларим ҳам ташлаб кетди. Биринчи севиб, ақлимни таниган, юрагимдаги энг гўзал туйғуларни ҳадя этган инсоним ҳам ташлаб кетди. Мана куз! Мана хазон фасли. Истак ва имконинг етмаслигини билиб турсанг ҳам висолсиз эшик томон талпинаверар экансан! Негадир ўлимни яхши кўриб қолдим. Унга ўзимни жиддий тайёрлашим ҳам керакка ўхшайди. Балки инсон бутун умри бўйи қилган амаллари билан ўлим сари бораётганини билмас, билса ҳам беэътибор эшик қоқшидан чўчиб ўлса керак-да! Негадир менга шундай туюлмоқда! Танангдаги бирор азонг оғриса, жон ширин эканлигини ҳис этаркансан, лекин ҳаёт ундан ҳам ширин экан… Эслайман ўртоғим А.нинг уйидан чиқмас эдик. Раҳматли отаси ҳам яқинда қазо қилди. Тонг саҳардан ўйинга киришиб, то кунни кеч қилиб уйга қайтардик. Ўша бахтиёрлик лаҳзаларнинг қадри нақ йигирма олти ёшимда жуда-жуда билиниб турибди. Нега? Ҳали қирқни ҳам қоралаганим йўқ-ку? Худо билан сирлашаман. Тиллашаман. У ҳам мени тушунади. Мен ҳам унга тобора яқинлашаётганимни ҳис этиб тураман… Худо менинг юрагимдаги муҳаббатим эканлигини ҳам айтишим мумкин! Биларсан-а? Мен сени Худо деб, сиғиндим. Сенга ибодатим, сенга тоатим эканлигидан ҳам бохабардирсан-а? Нега яна ерга бошинг эгиб қолдинг! Ахир сен мағрур ва масрур эдинг-ку? Мен сенга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмаганман! Фақат ва фақат севганман…

Отам ҳам жуда сахий, саховатли инсондир. Онамни-ку бағрикенглигини айтиб адо қилмасман! Ҳар иккисидан ҳам яхшилик кўрганман. Ёмонлик кўрмадим. Бола эдим, мактабдан қайтардим, иссиқ овқат пишириб олдимга қўярди. Бир дам ёнимдан жилмасди, еб-ичиб бўлганимдан кейин ўз ўрнимга ўтиб ётишимгача қарашарди… Қани ўша лаҳзалар, мен уларни ташлаб кетдимми ё уларми?! Қанийди, ўша даврингга қайтсанг, қайтолсанг эди. Муҳаммад(с.а.в) пайғамбаримиз муборак ҳадисларида айтиб ўтганидек «онамга яхшилик» қилдим. Бу эса бурчдир. Фарзанднинг онасига қилиши мумкин бўлган ҳам фарзи, ҳам қарзидир. Шунга айтса керак-да, эй инсоним, яхшилик ерда қолмайди у юракда қолади деб. Мен қилган амалларим билан ўзимни таҳлил қиларканман, ботинимда кучимга-куч, ғайратимга-ғайрат қўшаётгандекман… Лекин минг уринмайин ҳамон аросатдаман, ҳамон ёлғизлик, ҳамон кўнглим ҳеч нарсадан тўлмайди…

Деразани бугун каттароқ очдим. Ташқари мўраладим. Катта шаҳарнинг тинимсиз шовқинларига менинг ҳам юрак бағримнинг сасу садоси, ҳайқириғим уларга қўшилиб кетди. Ичим тўла изтироб, ичим тўла ҳолсизликка ўхшаш бир нарсалар… Тағин бехушлик… Нега шундай экан-а? Нега менинг хаётимда мўъжиза рўй бермайди. Чўнтагимда ейишга-ичишга пулим бор бўлса ҳам борлиғим кемтик ва юпун, афтода ва беҳол! Нега? Балки буни билгувчи сендирсан? Айтишга ийманасан-а? Ёки ўзгалардан уяласанми, эй ғурури юксак қиз? Додимни эшитган бирор кимса борми, дейман дарахтлар шовуллашига юзимни тутиб. Япроқлар тўкилаверади… Уларга ўзимнинг ҳолим бир нажот кутиб турган эса ҳам ачинаман… Бас қил, шамол. Ҳа деб, учираверма. Сен тегмасанг ҳам тўкилади-ку? Куни битмасидан жонини суғуриб олганинг нимаси? Қандай журъат этасан-а, ўлганнинг устидан тепиб?..

Сенинг дийдорингни соғинаман. Қанийди қаро кўзингга термулиб, яшай олсам… Бугун мен ана шулар ҳақида: тун қучоғида эркаланаётган япроқлар шивирларига қулоқ тутиб, сени эсладим… Нега сени эслайвераман… Ахир ҳаммаси тугаб битган бўлса? Охирги нуқта биттамиди? Ёки учта… «Демак, то тириксан, ҳали ҳаёт бор» дегин, эй Сен! Шеър айтиб берсам тинглар эдинг, жим тинглардинг… Менинг юрагимдан–юрагингга кўчиб ўтган туйғуларимни шунчалар севардингми?! Соғиниб қолгандирсан, о, бир вақтлардаги каби… Тағин шеър айтаман, фақат сенинг қулоқларингга етиб боради, аксу садо беради, тоғу-тошлар узра янграйди, ўз мустақиллигини тантана қилди…

Олис осмон бағрида сочилиб ётган юлдузлар жимир-жимири кўзларимга тушади. Узоқ тикиламан. Кимни ахтардим шу пайтда? Ким эди у? Балки сен ёки дўстим А.ни? Бирданига талабалик пайтимдаги ҳеч эсимдан чиқмас бир воқеа ўйимга келади. Ўшанда ойим Н.нинг марказий кўчаларида мени ўқиш жойимга излаб келганидан хабаринг борми? Айтиб бергандирман-а? Онам лаблари совуқда кўкариб, совуққа қасдма-қасд қадам ташлаб излаб келган экан. Менинг ҳолимдан хабар олгани келганидан жуда-жуда хижолат чекдим. Қўллари совуқда қотган кўринади, дир-дир титрарди… Сўз-сўзга қўшилмай, лаблари қалтирарди… Мен ўзимни ўша пайт жуда ёмон кўриб қолдим. Қачон ойимнинг бу каби яхшиликларини қайтарарканман деб, ўйлаганим-ўйлаган… Ахир ойим мен учун жонини жабборга бериб, узоқ йўл юриб, ниҳоят мендек бахти ярим ўғлидан хабар олгани келганини қандай тушунтириб берай?.. Онамнинг умрим давомида барча қилган яхшиликларини қайтаришимни кўксимга жо қилиб қўйибман! «Буни бир мен ва бир малак билар…» Кўнгилнинг истагани доимо бўлавермас экан, сени йўқотганимдан буён шунга ишониб қолдим…

Ҳар қанча тадбир кўрсанг ҳам оқибат истак ва майл эшигини қоқишингга тўғри келар экан. Мен сени истайман, холос! Бир пайтлари гулнинг ҳиди димоғимга урилди. Яна деразани каттароқ очдим. Сокинлик тун билан хонамгача кириб кела бошлади. Мен диққат билан кузатдим… Фақат бунда ёлғизлигим ҳалақит берарди. Китобимни очдим. Сенга ўқиб берган, сен эшитган сатрларни хушбўй гул ҳидидан май каби симирганимча ботинимдан – ташқарига соча бошладим…

Хастаман гоҳида ёд айла мени,
Мактуб ҳам юбориб шод айла мени.
Ўлимга парвом йўк, сени ўйлайман,
Бир келиб бахтиёр зот айла мени.
* * *
Юзингни кўрмаса кўзлар не керак?
Сен тинглаб турмасанг сўзлар не керак?
Йил ўтди, юзингни бир бор кўрмадим,
Гул фасли баҳору ёзлар не керак?
* * *
Бир куни кетаман излаб топмайсан,
Тўрт томон чопасан, бўзлаб топмайсан.
Ёмон деб бошимга бунча муштладинг,
Ўша кун ҳаттоки сизлаб топмайсан…*

Бугун эрта уйғондим. Туришга мадорим бўлмаса ҳам ўрнимдан турдим. Доимги ишим – деразанинг икки қанотини ҳам очдим. Саҳарги майин шабада юзимга келиб урилди. Салқин ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Тўртинчи қаватда эканлигим учунми ўз ишлари билан кетаётган одамлар кўзимга жуда майда-майда бўлиб кўринди. Улар каби қачон ҳаётдан кўнглим тўлиб кўчаларда кезинаман экан. Наҳотки, энди ҳаммаси ўша туш ичра кечса. Туш ҳам узунмикин шунчалик? Балки сен билиб тургандирсан, поезднинг изидан чиқиб, сочилиб кетгани янглиғ ҳаётимни. Нега саҳардан бошлаб сенга ишим тушаверади. Яна соғинч. Яна изтироб ичра ёлғизлик. Тағин  беҳоллик. Вужудимда қандайин бир изтироб яширинганки, касал бўлиб касал эмасман, бу баданнинг оғриғи нима эканлигини билолмай ўйланаман. Бошим ҳам айланади. Юрагим уриши тезлашади. Ҳаммаси сен эсимга тушишинг билан бошланади. Ҳамма оғриқлар сенгина туфайлидир. Дарахтлардан тўкилаётган япроқларга ўхшаб тўкилаверан-тўкилавераман, сира-сира адо бўлмасми? Ким қандай ўйлайди – ишим йўқ. Умрим бир аросат ботқоғида қолиб кетган бўлса, тағин сенсизлик оламида яшасам нима ҳам дердим… Худо мени нега бундай жазолади экан, ахир бахтли бўлиш эди-ку орзу? Кулиб-кулиб юрмасмидим бошқалар каби. Йиғласам ҳам кўзимдан қувонч ёшлари оқмасмиди? Борлиғимдан беҳоллик ҳукмини кандай даф қилай! Сен бир бора қарамайсан ҳам. Эгилган бошни қилич кесмас экан, менинг борлигим тимдаланиб кетди-ку? Шунчалар азоб чекдимки, энди бу азоб мендан кетса юрагим уришдан тўхтаб қоладигандек. Кўникиб ҳам кетаркансан одам. Энг иродали, борига ҳам йўғига ҳам кўникиб, яшаб кетадиган бирдан-бир мажудот Инсон эканлигини англадим. Инсон номини кўтариб юрганимдан мағрурланаман. Чунки сени яхши кўришим керак. Сенсиз айро яшаш ҳам фароғат ва бахт эканлигини гоҳида болаликдаги суратларингга қараб фаҳмлайман… Иккинчи қаватдаги ҳамшира опамга учрашиб, қон босимимни ўлчатаман. «Саксонга-бир юз йигирма» дейди, синиқ жилмайиб. Унга сен ҳақингда ҳикоя қилиб бергандим бир пайтлар. Ҳар гал учрашиб қолганимда менга ачиниб кетибми, сени сўрайди. Айни шу пайтда яна сен кўз ўнгимда зоҳир бўлаверасан. Мен айтман: у ҳам юрибди, мени эслаб дейман. Гапларимиз фақат сени эслаш ва ёдга олиш билан бошланади. Нега шундай? Сен буюк бир хилқатмисан! Сенга соғинганим учун ҳам шундай иқрор бўлдим. Минглаб хаёллар, юзлаб изтироблар ичра кечаётган умримни сарҳисоб қилсам сенинг нурли чеҳрангни топаман. Узоқдан термуламан. Сен Юлдузсан! Ҳа, ҳа, қўлим етмас юлдуз! Сенга элтар йўл бормикин бу дунёда? Бўлса менга кўрсатгин эй, Тангрим! Қуш янглиғ қанотимни ёзай-да, унинг ёнига парвоз айлай. Бугун борсам эди… Уни учратсам эди. Афсус, эҳ!..

Кунлар шу зайлда, силлиқ ва бемўъжиза ўтар эди. Аммо мен шунча чеккан азобларим, қийналишларимни борлиғимдан даф қилмоқ чорасини топгандек бўлдим. Ёлғизхонамга бир талаба қиз китоб сўраб келди. Унга кўзим тушиши биланоқ, сен эсимга тушдинг. Кўринишдан худди сенинг ўзинг каби, ийманиб, уялиб, тортиниб турарди… «Сизга қандай китоб керак?» сўрадим мен. «Ўзингизга ёққан, қизиқарли бирон-бир китобингиз бўлса бериб туринг», деди кўзлари кулимсираб. Мен жавонимдан «Ёлғизлик»ни олиб бердим. «Раҳмат, сизга, эрта-индин яна келаман, ўқиб бўлгач», – деди ва хонамни тарк этди. Мен унинг тиниқ юзига, бўлиқ қадди-қоматига термулиб, узоқ тикилиб, қараб қолдим. У шунчалар чиройли эдики, кўрган эркакнинг ҳирси қўзиб, «Қанийди бир кеча, атиги бир марта шу билан бўлсам эди», дейиши тайин. Мен ҳам худди шундай эҳтиёжмандлар хилиданман. Унинг васли-дийдорига муштоқлик туйдим, борлиғимда. Тушунаяпсанми? Яқинлик қилмасам ҳам, қовун тилимидек, сўлим лабларидан тўйиб-тўйиб ўпгим келди. Эҳ, сенга хиёнат қилишимни ҳеч бир ўйламабман. Сени шунчалар сева туриб, бошқа кўҳликкина қизларни, уларнинг ширин бўсаларини истаяпман, нега? Ахир инсон ҳам ўз шаҳвоний ҳирсларини вақтида қондириб бормаса, борлиғи пароканда бўлиши тайин. Бу инстинкт фақат эркакларга хосдир. Масалан мендек нодон кимсаларга. Чунки сен бўла туриб, қалбида муҳаббатим бўлса ҳам, ўзга инсоннинг васлига ошиқаман. Бу кетишда ўзимни ушлаб туролмай қолишим ҳеч гап эмас!

Орадан уч кун ўтди. Ҳаммомга бориб ювиндим. Жисму жоним билан покланиб чиқарканман, ўша жононнинг дийдорини қўмсай бошладим…

…Эртаси саҳармардонда яна эшигим таққиллади. Уч йилдан буён мени сўраб келувчилар умуман йўқ эди. Ва, ниҳоят иккинчи марта эшикни таққиллаши қулоғимга қандайдир ёқимли мусиқа каби таъсир этди. Севиндим. Ким экан, дея эшикнинг калитини бурадим. Очдим. Не кўз билан кўрайки, уч кун илгари келиб, китоб олиб кетган оппоқ юзли, сочлари икки қилиб ўрилган қиз турарди остонамда…

– Киринг ичкари, дедим.

– Мумкинки, ўзи? дея майда қадам ташлаб, хонамга кирди. Қўлидаги сумкасини елкасидан сирғалтириб олди-да, стол устига қўйди. Ўтиринг дедим. Юмшоқ кароватимнинг бир чекасига омонатгина чўкди. Суҳбатлашдик. Анча вақтгача, ҳаёт, адабиёт, умуман кўнгил… муҳаббат хусусида тиллашдик. Кейин кўнглим юмшаб, чой қўйдим. Чойни симириб ичарканмиз, у шундай ҳирс билан термулардики, қўлидаги пиёла «дир-дир» титрарди…

– Сизга кўнглим тушди, дедим.

– Менинг ҳам, – деди у. Шу он қўлидаги пиёласини стол устига олиб қўйдим-да, юмшоқ қўлларидан тортиб, бағримга босдим…

 

Зерикардим, кунлар ўтмасди. Сени соғинардим. Нега имконсизман-а, дердим ўзимга-ўзим. Баъзан, ўзимни нотавон ва нодон бир кимсага чиқарардим… «Инсон бахтини кўчадан топаркан, ўзида эса шунга эҳтиёж ва истак бўлса…». Ким айтди экан бу гапни? Ҳаққирост! Йигитнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам уйда эмас, кўчада экан. Мен биргина кўнглим ва истагимнинг кетидан қувиб, унга эргашиб, қандай гуноҳ иш қилишимни ўзимча «тўғри, ҳалол», деб дилимни юпатаман… Чиройли, хушрўйгина қизнинг юзларига қараб сира тўймасдим… Тасаввуримдагидан ҳам ортиқ даражада ҳаёт шунчалар ширин экан. Шунчалар ширинлигини билиб туриб, нега одамлар орасига чиқиб, қўшилмайман? Нега улар каби яшай олмайман.

Ҳаётим бир маромда шундай кечарди. Устознинг илтифоти билан менга нотаниш, устозга таниш кимсанинг тўйига бордим. Борсам «казо-казо»ларнинг бари шу ерда йиғилган экан. Одамлар. Қизлар. Меҳмонлар. Гўё ўзларини дунёнинг устуни каби тутишади. Хаёлпараст эмасманми, устига-устак ботинимда қандайдир фалсафа яширинган, уларнинг нафсига қул кимсалигини кўриб кулгим қистайди. Бор овозимча кулгим келади-ю, ўзимни тентак қилиб кўрсатишдан тийиламан. Сабаби устоз бор. Илтифот юзасидан бир-икки нон бурдасини тишлайман, дастурхон тўла-тўкис егулик, ноз-неъмат. Шу пайт ичим очиққанини ҳис этдим. Орадан қанча сувлар оқиб ўтган бўлмасин, муштдеккина қорнимни тўйғазмасам, моддий ўлчовлар хусусида тайинли хулосалар чиқаришга қийналишимни ҳис этдим. Банан, ананънас, киви, ўзимизнинг беҳию анор, олмаю узумлар… Эҳ, нимасини айтасиз, «тўйга борсанг, тўйиб бор» нақли эсимга тушади. Отам, онам хам мени ўйлаб сиқилиб ўтиргандир. Нима учун бирор жойга борсанг инсон ўз «мен»ини, ҳаёти ва шону шуҳрати билан иккинчи «мен»ни тарози палласига тортади ёки тенглаштиради? Ахир бу хилдаги солиштириш ҳамма вақт ҳам муваффаққият келтиравермайди-ку? Чунки хом сут эмаган банданинг ожиз ва қудратли томонлари бўлади. Ойда ҳам доғ бор-ку? Шундай эмасми? Чалғидим. Тўйда эдим, тўйиб едим. Еб-ичиш учун қўйишмаса нима учун керак бундай дастурхон безаш? Шунчаки «реклама»ми? Ким ўзарга ўхшаган бир нимарсаларми бу одат? Билиш қийин. Нима бўлса ҳам ботинимга бир зумга бўлса-да, енгиллик кирди. Тўйдан кейин хонамга келарканман, қанийди мен ҳам шундай тўй берсам, таниқлию, нотаниқли ҳаммасини таклиф этсам, деган ўй кечди миямда. Аслида инсон доим бошқасига тақлид килиб умрининг ўтганини билмай қоларкан. Мана мен, шунча яшаганим бир тараф бўлдию, бир тўй кўриб, хулосам бир тараф бўлди. Гўё мен иккига бўлиниб кетдим. Биринчи бўлагим тўй ичкарисида қолди, иккинчи қисмим ҳамон ўзимни тушунолмай, изимга етолмай АРОСАТда.

 

* * *

 

Бирмарталик умрингни сарҳисоб қилсанг эллик йил яшасанг, шунинг йигирма беш йилини уйқу билан ўтказасан экан, қолгани тирикчилик аталмиш ташвишнинг темир исканжаларида қовурилиб, соб бўлармиш… Ҳозир йигирма олти ёшдаман. Бор йўғи шуми? Тирикчилик деб, ғимирлаган эканман. Айниқса, болалик лаҳзаларинг жуда бошқача таассурот қолдирар экан. Унинг ўрни ҳам, муҳри ҳам ўзгача бўларкан… Эй, Ҳаёт! Ширин-ширин жонимга бунча ташвишни қайдан бераётирсан? Ўзинг жуда ширинсан-ку? Берган неъматларинг ичида энг гўзали ўша парирўй қиз эди… Атиги бир лаҳзалик дийдор эди… Яна серсаволлигим тутиб, ўзимга фалсафа тўқийман.

Эслайман: ойим туғруқхонага кетаётганида ёмғир шунчалар қуйиб ёққан эканки, менинг биргина «йиғлаб» ёруғ ва дағал дунёга кўзимни очганимда осмон, бутун борлиқ, коинотдаги майда зарралар ҳам томчи бўлиб тўкилган экан! Ойим менга ўша қиш адоғидаги совуқ кунларда ҳикоя қилиб берган эди. Ёмғир! Ҳатто кўчамизга машина киришга бўлмай қолган эмиш. Тупроқ кўча, ёмғирнинг сувларида эриб, лойга қорилиб, тиззагача ботқоқлик ҳосил қилган эмиш… Мен айни туғилган фаслим – баҳорда ёмғир ёғишини орзиқиб кутадиган одат чиқардим. Ёмғирпўшсиз, лой кўчаларда юришни ўзим жуда истардимки, лекин бу йили кам ёмғир ёғди… Шу сабабли борлиғимда кайфиятсиз-кайфият ўз ҳукмини ўтказгани-ўтказган… Руҳинг нималарни орзу этишини бир ўйлаб кўрган эдингми? Мен сени, сен мени соғиниб яшаш истагида бўлсак, қанийди… Афсус! Сен ўзинг аввалгидек музсан! Аёл кишига ярашмайди тошбағирлик, ахир кун келиб, сен ҳам она бўласан-ку? Оналик сенинг ҳам орзунгдир. Шундай экан, нега керак бу каби ҳавоий хислатлар…

Тақдир менга нима учун адабиёт ва унинг изтиробли қўйнида яшашни раво кўрди экан, билолмай карахтман, ҳайронман… Ёзувчилик менинг етти пуштимга ёт нарса бўлса, қандай қилиб ёзиш касалига йўлиқдим. Мен ёзмаслик касали эмас, ёзиш касали қийнайди… Шундай бир китоб яратсангки, бутун инсоният тафаккурингга бош эгиб, кўзларига суркаб ўқиса? Шундай мўъжизани ёзсангки, дини, тили, ирқи, миллатидан қатъи назар сенинг сўзларингни соғинса, севиб мутоала қилса?! Ҳамишалик безовта юрагинг нималарни қўмсаётганини бир фаҳмлаб кўраяпсанми? Идрокингга сиғяптими мен айтаётган нарсалар? Яна сиқилман. Барибир фойдасиз, дейман.. Чунки ҳаммаси энди шу зайлда, худди шу каби кечади. Тугайди. Бошқа орқага қайтишга йўл йўқ. Тақдирнинг минг тур инъомлари бўлишидан қатъиян пешонангга муҳрланган қисматдан воз кечолмассан экан! Мен шуни англаб етдим…

Қишлоқ. Одамлари бирам меҳрибон, бирам сахийки, шундай иқлим ва муҳитда, маҳаллада яшаётгнимдан фахрланаман! Яшаганинг сайин, яшагинг келади. Кечагина тўп суриб юрган чанг кўчаларда, бугун қадрдон акаларингни фарзандлари чопқиллаб юришибди. Уларнинг меҳрга ташна юзидан шуни англаб етдимки, бу ҳаёт сенсиз ҳам, сен бўлмасанг ҳам ўтаверар экан. Сенинг боринг нимаю, йўғинг нима? Улар ҳам ҳаётда яшаш, оила, севиш учун келганини юрак-юракдан ҳис этаркансан… Қалб ва юрагингда овулдошларингга нисбатан меҳр уйғонади. Четдан кузатганда, улар ҳам ўзларича яшашади. Мен бориб, улар билан соатлаб гаплашишни, меҳнатдан қотган қўлларидан ушлаб салом бергим келади… Лекин улар ичимдаги истагимни сира-сира билишмайди. Юзаки илтифот деб тушунишади… Аслида юзаки илтифот йўқ менда. Шунчаки ҳол сўрашмайман. Севинчим ичимга сиғмаганидан кейин, кимгадир айтиш, унинг ҳам сўлғин юзида табассум ҳосил қилиш керак-ку, дейман.

Мен ўқиган эски мактабнинг деворлари нураб, қандайдир кўримсиз ҳолга келиб қолган. Бир қадам нарисида янги мактаб, спорт зал қад ростлаган. Узоқдан қараганингда бу ҳам афсонавий бир мўъжиза каби қишлоқ сувратига кўрк бағишлаб турибди. Лекин мен эски мактабни, унда савод чиқарган пайтларимни соғинаман. Ахир ўша болалик ва беғуборлик эмасми менга жуда кўп нарсаларни ўргатган, дилимни беадоғ орзуларга лиммо-лим этган. Ўша пайтлардаги изтиробсиз болаликнинг лаҳзалари қайтиб келмаслигини ҳар гал шу иморат ёнидан ўтаётганимда иқрор бўлавераман…

Соғинч. Менинг соғинчларим қишлоқдаги битта инсондир. Менга баҳор ҳам, изғринли қиш ҳам унинг юрагидан бошланади. Унинг юрагидаги ҳаётда яшагим келаверади. У мени соғинади. Лекин айта олмайди. Ойиси, отаси, дугоналари ҳаммасидан жуда-жуда уялади. Уят бизнинг орамиздаги масофага раҳна солиб туради. Шу сабабли биз бир-биримизга нима учун кераклигимизни тушунтириб беролмаймиз! Ҳаётда яшагандан кейин, меҳр ва муҳаббат билан яшаш керак! Менда борлиғим ҳам, йўқлигим ҳам муҳаббатим. Биламан, мендан, севган инсонимдан иккимизнинг севгимиздан ҳеч бир насл қолмаслигини. Шундай бўлса ҳам умид билан яшайверман!!!

 

* * *

 

Т.шаҳрининг марказий кўчаларида бир ўзим кезарканман, хаёлимга Сен тушиб кетдинг. Келаётган автобусларнинг бирига чиқиб ўтирдим-да, Сен таълим олган П. билим юртининг нақ дарвозаси ёнида тушиб қолдим. Ажабо, ҳайронман! Қандай келиб қолдим бу ерларга, ахир аввал манзилимни тузукроқ билмасдим-ку? Ўртоғим К.дан сўраб билсам ҳам умуман бу жойларга сира келмаган эдим. Автобус шу ердан ўтаркан, бахтли тасодифни қаранг? Атрофга аланглайман: ҳамма юзида севинч ва табассум. Ишдан, ўқишдан қайтиб боришаётир. Икки қўлим ҳам банд – китобларим. Олдимдан чиққан ўткинчи юзимга эмас, тўғри икки қўлимга – китобларимга қарашади. Худдики эгизакмонанд салафан сумкачада турли хил адабиётлар. Уларни маҳлиё этди-қўйди. Бу ҳолнинг тирик гувоҳи ўзим ҳам ёқтириб қолдим шу ишни. Бундоқ сиртдан қарасам, бирам ярашиқли эканки, худдики туристларга ўхшаб қолибман. Соатимга қарадим: беш ярим. Ҳали ётоқ жойимга етиб боришга анча вақт бор. Унгача нима қилиш керак, деган савол бошимда гирён айланади. Сен шу билим юртида нақ уч йил таълиму таҳсил олгансан. Ўқув биноси олдига киришда бир сафга ўтқазилган турфа гуллар кишининг диққатини тортади. Баҳор эмасми, сумкаларни бир чеккароқдаги ўриндиққа қўйдим-да, эринмасдан атиргулнинг муаттар ҳидидан масту аласт бўлгани гулзорга яқинлашдим. Шундоқ бошимни эгишим билан сал нарироқда бақириқ овоз янгради. « – Ҳой, ука? Нима қилиб юрибсан бу ерларда? Гул ҳидлагани бошқа жой қуриб қолганми сенга?», деди. «Ака, мусулмонмиз-ку? Инсоф қилинг, шу гулларни бир зум томоша қилайин», дедим. «Э, кет. Сенга бу ер истироҳат боғими, ўзи шундоғ ҳам директорнинг кайфияти йўқ. Ҳозир чиқиб қолса борми…», деди қоравул ота. Мен отага жабр қилмайин, яъни сўз тегмасин учун тезда бу ерни тарк этдим. Катта кўчага чиқарканман, хаёлимда сен келаётибсан. Қўлимдаги сумкани ташлаб сенга талпинаман. Лекин кўча Робинзон Крузонинг ороли каби кимсасиз, ҳувиллаб ётибди. Одамлар баҳорда ҳам уй-уйларига қамалиб олишган. Ҳаттоки дайди итни учратиш ҳам амримаҳол. Бир ўзим. Ёлғизман. Хаёл – ҳамроҳим. Ботинимдаги изтиробли кайфиятдан асар ҳам қолмади. Баҳор, баҳора-да! Табиатнинг гўзаллигини ҳис этишнинг ўзи ҳам катта бахт экан билсам.

Ўша куни икки сумка китоб ва бир дунё завқу шавқ билан ётоқхонамга кириб келдим. Геология илмий текшириш институти талабалари турадиган бинога кирдим. Аввал мени қўйишга кўнишмади. Паспортиму ҳужжатларимни бергач, кейин рози бўлишди. Масъул шахс ўзимизнинг қўшни Х.вилоятининг Г.туманидан экан. Камгина суҳбатлашдик, оз қолди оға-ини чиқиб қолишга. Аёл киши эмасми, тинмай савол-жавоб қиларди. Хушрўйгина экан, шу бир лаҳзалик суҳбатимизда мен уни орган ходими – терговчига чиқараёздим. Айтдим:

– Адашиб бу ерларга ишга келиб қолибсиз? Аслида терговчи бўлиб ишлашингиз керак эди?

– Ҳеч қиси йўқ, аслида юристман. Вақт бор. Замонлар ўтар, яна аввалги ишимга қайтарман, – деди.

Ҳайрон қолдим. Кейин менга берилган хонани излаб юқорига кўтарилдим. Т.катта шаҳар, салобати босаркан… Учинчи қаватда эдим. Доимги ишим – деразани кенгроқ очдим. Баҳорнинг хушбўй ҳавоси димоғимга урилди. Кун кеч тушиб, кўкда ой хиёл ярим кўриниб турарди… Бироз ташқарига – қоронғулик кириб келаётган тунга тикилиб турдим. Кейин харид қилинган бадиият жавҳарларни титкилай бошладим. Нима бор экан? Ўзи нима излаётгандим? Шеърми? Яна шеър! Топдим. Ниҳоят баҳорги кайфиятимга жуда-жуда мос экан бу шеър:

Сен умримга баҳор олиб кел,
Қайтиб кетмас баҳор бўлсин у!
Тиниб қолган алёр бўлсин у,
Сен умримга баҳор олиб кел!..
Кўп бўлсину унда гулзорлар,
Хушбўйлари оламни тутсин.
Бошларимга ёғмасин қорлар,
Ҳижронларни бағрим унутсин.
Сен умримга баҳор олиб кел,
Кўзларимда кузлар эрисин.
Гул атрин ол, сабо бўлиб ел,
Юрагимда музлар эрисин…
Сен умримга баҳор олиб кел,
Қишнинг қотил қиличи синсин,
Кўзларимдан оқиб турган сел
Сени кўриб мангуга тинсин.
Сен умримга баҳор олиб кел,
Ҳамда ўлмас умид ва нажот!
Сенга қараб яшай олай мен,
Сенга қараб куйлай умрбод!..*

Шундай қилиб, икки кунлик сафарим ҳам ўз ниҳоясига етди. Олам-олам завқу шижоат, ғайрату матонат билан С.шаҳрига қайтиб келдим. Ўйланаман: ҳаётим Т. ва С.нинг орасида АРОСАТда кечса нима қиламан? Мушоҳада – жавобсиз. Таскин ҳам биргина юрагимдан. Сиғинган Каъбам – Аллоҳнинг уйидан. Ўз кўнглимдан… Бошқа чора йўқ. Сенинг кетмас бўлиб кетганлигингни биламан-ку? Яна мўъжизалар бўлишини икки кўзим интизорликда – кутаман!

Яхши-ёмон одамлар орасида ўз орзуларим билан яшаётиб, сароб туйғуларнинг исканжасида беадоғ емрилаётган эсам ҳам, сенга бўлган муҳаббатим борлиги учун нақадар бахтлиман! Бахтлиман дейману аслида бу ўзни овутишдан ўзга нарса эмас… Минг йиллик чинор каби кўкариш ва тўкилиш қисмати пешонамга муҳрлангани каби яшаётирман. Туғиламан, янги бир инсон бўлиб улғаяман. Яна ўламан, ўлаверман…

 

Куз. Сентябр бошлари. Суюмли жияним Ю. кутилмаганда оғир бетобликдан вафот этди. Унинг бир парчагина эти кўтаролмади бояги оғриқни. Сабаб: кўз теккан эмиш… Ич-ичимдан бўралаб сўкдим… Кимнинг кўзи теккан бўлса ҳам тешилиб оқсин! Худога солдим. Ҳали дунёни танимаган кичкина норасидага шунчалик суқ билан қарашадими? Одамларга ҳайронсан. Қиз бечорани олиб кетди кўз суқининг касофати… Ахир, узоқ йил кутилган илҳақликдан сўнгра туғилган фарзанд эди у… Опам лабларини тишлаб-тишлаб йиғлади. Ойим жуда куйинди. Умуман ҳаммамизни эсанкиратиб, телба қилиб кетди, бу тасодиф, айрилиқ! Мен ўшанда Н.шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида бир-икки курсдош дўстларим билан сайр қилиб юрган эдим. Эртаси куни қишлоққа бордим. Жиянимнинг вафотини пойафзал тикувчи йигитдан эшитганимда, ўзимни қўярга жой тополмай, тўғри опамнинг уйига қараб чопдим… Бориб ҳамдардлик билдирдим. Энди нима ҳам қилмиз. Худо берган жонни Худо олганидан кейин! Ана кўрдингизми, дўстим! Ҳаётда ҳамма нарса омонат эканлигини… Тақдиринг ширин жонингга ҳам ҳаёт, ҳам нажот, ҳам изтироб, ҳам ғафлат, ҳам муҳаббат, ҳам айрилиқ тақдим этажагини ҳис этдингизми? Севувчи ҳам куювчи ҳам ўз кўнглинг эканига тан бердингизми? Шайтон аралшган ишнинг хайри йўқ дейдилар. Шайтон қонингда яшаганидан кейин нима ҳам бўларди…

…Мен бу дунёга келиб битта инсондан меҳр кўрдим – онамдан!

…Мен бу дунёга келиб битта нарсадан нажот топдим – ўз юрагимдан!

…Мен бу бунёга келиб битта инсондан хиёнат кўрдим – севган аёлимдан!

…Мен бу дунёга келиб битта инсондан қарздорман – отамдан!

 

Бошқача бўлиши мумкин эмасдек энди. На орқага йўл бор, на бир олдинга! Ахир барча йўллар бир манзилга бошлаши ҳақ гап-ку?! Ҳаётимни ўзгартиришга аҳд қилган эканман, қани тадбирга ҳасратдош? Қани мен кутган инсон? У бор эдими ўзи?!!

Шеърларим менинг дилим овунчоғи, кўнглимга малҳами дори экан, буни энди-энди тўла ҳис этаётирман… Шеърнинг илоҳийлиги шунчалар қудратлики, Оллоҳим деб, ибодат қиламан… Муҳаммад (с.а.в)пайғамбаримиз шоирларни улуғлаб, «сўзини қиличдан ҳам кескир», деб шунчаки таҳсин бермаган…

Менинг шеърим: борлиғим ва йўқлигимдир…

Менинг ўзимга нажот юрагимдан, юрагимдаги шеърдан – сўздан келади. Меҳрибон онамни соғинаман. Меҳрибон инсоним деб, сени соғинаман! Меҳрибон ҳасратдошим дўстим А.ни соғинаман!!! Яна кимни соғинаман?! Кимни? Аллоҳим юрагимда бўлса ҳам уни соғинман! Кўнгилни юпатган сатрлар… Мен шулардан ПАНОҲ ИЗЛАДИМ!!!

 

* * *

 

Қишлоғимни соғинардим… Ойим ҳам мени ўйлаб юргандир, дея ўзимни юпатаман. Отам-чи? Ҳали мендан «ўғлим кучли одам бўлиб, менинг ушалмаган орзуларимга эришади, вақтида қилолмаган эзгу амалларимни бажаради», деб кўнглида қониқиш ҳиссини туйиб юргандир. Ҳа, шундай. Ахир моддий ва маънавий ўлчовим – бахтим ва бахтсизлигим каби икки қутбга ожралиб кетмаганида ким билсин, отамнинг беҳад орзуларини бажаришга киришган бўлардим. Уларни севинтиргудек, йиллар оша дилига ўрнашиб қолган изтиробларини бир дам унутгудек иш қилмадим… Барчаси сенинг туфайлидир. Мен ҳеч кимга ўхшамаслик учун борлиғим билан севги аталмиш хаёлий орзуга асир бўлиб ўтирибман. У бор экан, нега менинг ҳолимдан бир марта бўлсин хабар олмайди? Саволларим кечаги кўрган, кечирган ҳодисотларим каби турфа оҳангларда жаранглайди. Нақ қулоғим тагига келиб-а. Севги хаёлий экан, бу оралиқда менинг жамиятдаги мавқеим жуда пастлаб, балчиққа беланиб ётибди. Ўша юксак орзулар ва хаёллар нега баланд минбарларга, юксакларга олиб чиқмади… Балчиққа беланиб, тупроқ билан битта бўлиб ётган одамни бунчалар хўрламаса, азобламаса бўлмасмиди?! Яна ҳечсизлик. Шундай дейману юрагимдаги ўзимга олтин лаҳзаларни туҳфа этган дақиқаларни, воқеаларни, билганим – инсон аталмиш сирли мавжудодлигимни бошқалардан паналайман, дариғ тутаман, қизғонаман… Кимга керак бўларди «оҳ-фиғон», ким ҳам ДАРД билан бир умр ўртаниб яшашни истарди… Яна адоғсиз мушоҳадаларимни қўлтиқлаб, Худонинг ёнига қараб чопаман. Муҳаббатимни авраган жононларни ёмон кўриб қолганим учун ҳам улардан сенга бўлган чексиз туйғуларимни юрагимнинг энг чуқур жойида кўз тумордек асрайман. Худога минг шукурки, МЕН аталмиш жисм ва руҳни дағал дунёнинг найрангларидан асрайди. Авваллари дўстларим телефон қилишса, қувонардим. Энди устимдан мағзава ағдаришгача тайёр бўлганлари учун уларнинг йўқлашини жавобсиз қолдираман. Бир пайтлар менинг соддалигимдан фойдаланганлари учун уларни жуда ёмон кўриб қолдим. «Дўстинг мингта бўлса ҳам оз» нақлнинг мағзини энди-энди фаҳмига етгандекман. Чунки А.дан бўлак дўстим йўқлигини бир йил илгари қишлоққа борганимда билдим. Шунгача хом, пишмаган мевани еб, севинган бола каби осмонларда юрган эканман… А.дан бўлак ҳеч кимга сир айтмаслигим кераклиги хусусида ўз юрагимга Худонинг олдида қасамлар ичдим…

Туш ва ўнг аро кечаётган умримга – зерикарли кунларимга бошқа тадбир билан ўзгача маъно киритмоққа неча бор уриндим. Бўлмади. Кузнинг бир пайтлардаги каби ёқимли шабадаси деразамдан кираркан, ҳаводан  тўйиб-тўйиб симирардим ва дилимда бошқача соғинч ҳиссини туйдим. Япроқлар секин шамолнинг сокин алласида ерга юмалаб тушаркан, кўзимни узмасдан уларга ачинардим, ўзимнинг ичимда минглаб хазонга айланган орзулар йиғилиб ётганини ўйласам, бу ишимни унчалик хуш кўрмай қолардим. Худога томон элтувчи йўл экан – ЯШАШ! Лекин ҳамма ҳам бу йўлда осонликча етишиб боролмаслигини билмайди чоғи, ўз нафсининг қулига айланиб, гуноҳга ботиб қолганини кеч тушунади, боши деворга урилгач – умри хатолар гирдобида ОМОНАТ чайқала бошлаганидан сўнггина фаҳмлайди. Мен шулар хусусида ўйланаман ва Худонинг уйига қараб борарканман, ҳар бир олаётган нафасим лаҳза сайин камайиб бораётганини ҳис этиб, кайфиятим кўтариларди… «Худони излаб юрган одам ҳам одам бўлибдими?» деган масхара гаплар тўкиб солишингиз мумкин? Биламан Унинг юрагимда эканини. Аммо Мен ботинимдаги ишонч ва эътиқодим шуни истаса, шуни хоҳласа нима қилай?!

Ҳамма хатоларим сен учун! Ҳамма яхшиликларим ҳам сен учун! Гуноҳ иш қилиб, билмай ўзга бир инсоннинг ёнида яшаган бўлсам ҳам барчаси сенсизлик туфайлидир… «Эй, йигит олди-ортингга қара, қайси асрда яшаётганингни, нималар қилиб юрганингни тўла идрок қилиб, ақл тарозусига тортиб кўрдингми?» дегувчиларга ҳам жавобим тайёр. Мен ҳамиша кўнглимнинг амри билан яшаётирман. Балки бу хатодир. Ақлимнинг амри билан яшаганимда нима бўларди. Кимга айланардим. Ҳис-туйғусиз юракка Инсонлик маънисини юклаб бўларми, айтинг? Сизнинг бундай АҚЛ хусусидаги фикрларингиз, ўйларингиз менинг ҳам ичимда йиллар оша яшаб келяпти, токи эсимни танибманки, моддий ва маънавий дунём мувозанати учун курашаман, мағлуб бўлгач тузоққа тушган оҳу янглиғ типирчилайман…

Ўзимга савол бераман, балки жавоб эса ҳеч қандай шаклу кўринишга эга эмасдир, нима бўлган тақдирда ҳам аниқ мантиққа қулоқ тутаман. Яшаш нима ўзи? Ҳаётга ташналик, болалик ва биринчи кўз очиб кўрган дунёнинг тотли бағрида – кўнгил истагини бажариб яшашми? Севган инсонинг билан бир ёстиққа бош қўйиб, ушалмаган орзулар хусусида баҳслашиш ва суҳбатлашишми? Пушти камарингдан бўлган фарзандингни кўзида тошиб чиққан бир томчи ёшни кўриш бахтими? Айтинг? Яшаш шуми? Ойлик маошингни харж қилиб онангга бир парча матоҳдан кўйлаклик олиб берган лаҳзаларми? Бундай мулоҳзалар ботинимда йиллар оша уюм-уюм бўлиб келяпти. Бир туртки бўлса бас, ботиним ва борлиғим вулқондек бодраши тайин. Чунки мен қарийб ўн йиллардан буён тишимни-тишимга қўйиб, мум тишлаб, бедор сукут қўйнида умргузонлик қилиб келаётирман.

Муҳаббат инсонни ҳар қадамда маҳв этаркан. Сени севган – кўнгил қўйган кунимдан бошлаб шу ҳол. Ўшанда 20.. йил 31 декабрь эди. Саноқли дақиқалардан кейин – янги йил. Ҳамма ҳаяжонда, ҳамма севинчда. Қишлоқда эмасманми, синфдош жўраларим уюштирган байрам дастурхонига ҳам бормадим. Ўша куни сенга бўлган муҳаббатим аввал борлиғимда уйғониб ҳаракатларим сен томон бошлаётганини англаб етдим ва сенга телефон қилдим. Шунда сен «Алло, ассаломму алайкум, кимсиз?» дединг. Мен эса бир зум сукутда қотдим. Тилимда сўз айланридю, ташқари чиқишга ботиним йўл бермасди. Охири қўл телефон гўшакини кўйиб қўйдинг. Кейин зум ўтмай яна чиқдим. Олдинг, шу пайт «Э, кимсиз айтинг, нимага ўйин қиляпсиз?» дединг. «-Мен қишлоқдаги Х.бўламан. Сиз билан танишмоқчиман. Мақсадим жиддий, ўйлаб кўринг. Байрам муборак, янги-янги омадлар, орзулар олиб келсин!» дедим. Ўшанда овозингдан севинч ҳисси тошиб келаётганини сездим. Сени қувонтирганимдан ўзим ҳам севиндим. «-Раҳмат, сизга ҳам ўша тилаклар ҳамроҳ бўлсин, Сиз ростдан ҳам овулаги Х.мисиз?» дединг ишонинқирамай.

«-Албатта», дедим. Сен эса кейин кўнглингни тўқ қилдинг. Бироз гаплашгач вақтинг йўқлигини айтинг. Мен ҳам тушундим. Сабаби Т.шаҳрида тоғангнинг уйида эканлигингни билардим… Бизнинг илк танишувимиз жуда оддий ва мазмунли кечди.

Кунлар ўтиб, ичимдаги ишқ дарди катталашиб, улғайиб бораётганини ҳис эта бошладим. Мен энди сен билан бир умр бирга бўлишлик насиб этадими йўқми, булар билан ҳечда қизиқмасдим. Чунки юрагимда бахтли эдим. Энди билсам, бахт ўша нуқталарда ботинимда, хаёлимда ОРЗУ бўлиб қолиб кетибди… Умримнинг, айнан ёшликка хос шижоатли дамлари АЙРИЛИҚ ва АЛАМЗАДАЛИКДА, хорзу зорликда ўтишини энди-энди тушуниб қолдим…

20.. 19 Август. Сен туғилган кунингда мени кутар эдинг. Бунга сира шубҳа қилмасман. Ойинг орамизга катта Хитой деворини ўрнатиб, «бир дам нарига қараб юрсанг ТАМОМ» деган шартини қўйганидан кейин, сенга ачинаман. Иложсизсан. Ихтиёринг – тақдиринг ўзингда эмасдир. Сабаб сен жуда ақлли ва кучли, иболи ва одобли қизсан. Мен сендан воз кечмоққа ўзимда куч-ирода тополмайман. Жисму жоним билан сенга боғлиқман. Шу йили августда тўлиб-тошиб ижод қилдим. Касбим физик бўлса ҳам адабиётни ҳаётим маъниси деб биламан. Мен бадиий адабиётсиз яшайломаслигимни ўзингга ҳам неча бор айтганман. Сен ўша пайтлари тушунардинг. «– Ўзингиз, севган касбингиздан қандай айро яшайсиз. Ахир сизни келажакка сафарбар этадиган, орзуларингизни ушалиши учун ОЛТИН КЎПРИК бўладиган севимли машғулотингиздан айрилиқда яшаб бўладими, айтинг?!» дединг. Мен шу лаҳзада бағримга босиб сени қучгим келди. Тилим-тилим лабларингдан ўпгим келди. Қора кўзларингга қараб эртамни ўйлайман. Орзулар оламига ғарқ бўламан. Кўнглим осмонларда кезинади. Хаёлим юлдузлар бағрида учади. Жисмимда қандайдир енгиллик сезаман. Кайфиятим кўтарилади. Сочларингдан тўйиб-тўйиб ҳидлар эдим… хулласи бахтли эдим. Минглаб ошиқлар каби ҳаётдан маст эдим.

Умр ҳам ўтгандай…
гўё бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик,
гўё бир нафаслик равшан қуюнда
қалби сўқирларга афсона бўлдик,
қушларни йиғлатган қора буюқда
соямиз қўшилиб девона бўлдик*.

Тамом.

Самарқанд, 2009-2011 йиллар.

 


* Раҳижон Раҳмат шеърлари

* Улуғбек Ҳамдам шеъри.

* Шавкат Раҳмон шеъри.