Хайриддин Султонов. Томоша (ҳикоя)

Қишлоққа бормасликнинг иложи йўқ эди.
Саид уф тортиб, кўзларини юмди.
Қишлоққа боргач…
…қори эрий бошлаган ола-чалпоқ, сирпанчиқ йўллардан тойғана-тойғана, четан деворлари қулаб ётган ҳовлига кириб боради. Қишлоқ уйи, зебсиз гўшалар. Ҳайҳотдек ҳовли этагидан — молхона ёнидаги гунг ўюмидан ҳовур кўтарилади, иркит қор устидан қалин кул сепилган тор йўлкага хас-хашак сочилган.
У остонада бирпас серрайиб туради, кейин одам шарпасини сезиб, ичкари уйларнинг биридан липпасига қистирилган рўдапо қўнғир кўйлагининг этагини шоша-пиша тузатган кўйи семиз, бадқовоқ хотин чиқиб келади. Шишган қовоқлари остидаги кўкимтир кўзларини қисиб, сўйлоқ тишларини кўрсатганча сўрашган киши бўлади. Аёл ишшайиб ҳол-аҳвол сўраркан, талаффузидан Саиднинг кўнгли озади: «Жахши журибсизми, Сойижжон?.. Қани, журингизлар, уйга кирайик! Ҳой, кимсан, Жунусбай, жугур, отангни айтиб кел!..»
Ўгай онасининг ортидан шифти паст, ивирсиган уйга киради. «Қирраси қовун сўядиган» шимига ҳардамхаёл разм солиб, у тўшаган кўрпачага омонатгина тиз чўкади. Саноқсиз токчаларда қалашган идиш-товоқларга, қозиқларга илинган уст-бошларга аланглаб қарайди. Хотин сандал устидаги шира томган дастурхондан бурда-сурда нон, мураббо юқи пиёлаларни йиғиштириб оларкан, карахт пашшаларни сочиқ билан қувлайди. Эшик ёнида тизилишган паст-баланд бўйли уч-тўрт бола — ўгай укалари унинг елкасига тушган патила-патила сочларига, пойгакдагн пошнаси баланд туфлисига, ажнабий ёзувлар билан безалган сумкасига ошкора қизиқиш билан термилишади.
Саид сипогарчиликни қўлдан бермаган ҳолда, уларни эркалаган бўлади, аммо зум ўтмай бу сохта мулозамат жонига тегиб, жим қолади. Деворлардаги ранги ўчган дорпеч, сўзаналарга тикилади.
Отаси келади. Соқоли ўсган, нимдош кителидан тер ва нос ҳиди анқийди. Ўғлини бағрига босаркан, сездирмай мижжаларини артади. Ўгай онаси кафтларини очиб, қовушмайгина фотиҳа ўқийди: «Омин, журти элимиз тинш, бала-қаза жўқ бўлсин!..»
У бармоқларининг учини ҳафсаласизлик билан юзларига тегизади.
Ота-бола ҳол-аҳвол сўрашгач, гап-сўз тугайди. У отасининг елкалари чўкиб, юзлари бир бурда бўлиб қолганини пайқайди.
Қўшнилар чиқишади. Чой устида ундан-бундаи ҳангомалашадилар. «Тошкентда картошканинг килоси қанча?», «Уй опсанми, Саиджон, тўй қачон энди?», «Тўққизннчи қават дегин, ўҳ-ҳў, қандай чиғасан бунга?», «Э, қўйинг-э! Шунақами, ҳожатхонасиям ичидами, Саид?», «Ҳўв, бу… фалончи артист ишпиён экан, дейишади, ростми шу гап?» қабилидаги саволларга жавоб бераркан, кўнгли алағда…
Меҳмонни мароқ билан кузатаётган қўшниларга унинг опера театрида ишлаши ҳам, турқ-таровати ҳам ақл бовар этмас мавҳумот каби туюлади…
У юраги сиқилиб ўрнидан турди. Пардаларни суриб, ташқарига тикилди. Нимқоронғи бурчакдаги тошоша хиёл ёришиб, ярим яланғоч йигитнинг қомати акс этди. Улкан шаҳар оппоқ туман ичра гўё эриб ётганга ўхшарди. Саид ҳуши оғиб тураркан, телефон жиринглади.
— Алло, Саид? — деб сўради майин аёл товуши.
— Ҳа, мен.
— Нима қиляпсан? Мени ўйлаяпсанми?
— Трубкадан шўхкулги эшитилди.
— Ҳа.
— Саид, борамизми?
— Қаерга?!
— Унутдингми, а? Эҳ, қулоқсиз бола!..
— Худо ҳаққи, Лиля, нима гап?
— Унутибсан-да, а? Чимён-чи?
— Чимён?! Чимёнда нима қиламиз?
— Чимёнда нима қилинарди? Қатиқ ичамиз!.. Эҳ, сен!
— Э, бўлди! — Кўнгли сув ичгандек бирдан ёришди. — Борамиз. Албатта борамиз!
— Эртага! — деган нозли фармон янгради.
— Эртагами… эртага… — Саид «Хўп!» деб юбораёзди, бироқ пастак стол устида ётган телеграммага кўзи тушгач, тутилиб қолди. «Тез етиб кел!» деган уч сўз ғарибона мўлтираб тургандек туюлди.
— Алло, эшитяпсанми, Саид?
— Саид, сенга нима бўлди?!
— Ҳеч нарса, Лиля, — деди у креслога чўкаркан. — Фақат… эртага боролмайман. Ҳа, ишим бор. Бошқа сафар… Телефон қилганинг учун раҳмат.
Трубкани қўйгач, телеграммага хомуш ижирғаниш билан тикилди. «Тез етиб кел…» Бундан ортиқ мавҳумлик бўлмас!
Қўнгли ғашланиб ўрнидан турди, чор-ночор галстугини боғлади.
Вагонда йўловчилар кам эди. Саид дераза ёнига жойлашиб олган, қор босган поёнсиз далаларга, аҳён-аҳёнда липиллаб ўтиб қоладиган қишлоқчаларга нохуш тикилиб борар эди.
У бундан йигирма саккиз йил бурун Мирзачўлдаги шундай қишлоқларнинг бирида туғилган. Ўн яшарлигида отаси уни Тошкентга олиб келиб, музика мактабига ўқишга берди. Ҳали-ҳануз отасининг — маълумоти олти синф, ҳафсаласи келганда ҳижжалаб газета ўқийдиган колхозчининг — ўғлини қандай қилиб пойтахтга (яна музика мактабига!) ўқишга берганини у асло тушунолмайди. Тўрт йил аввал қишлоққа охирги бор келганида отасидан шу ҳақда сўраган эди — дудмал жавоб қайтарди: гўё қўшни ҳовлида Ғиззатуллин деган музика ўқитувчиси ижара ўтирган экан, шу одам: «Болангизда музикага қобилият зўр», деб далолат қилган эмиш. Ҳар қалай, адоғи йўқ далаларда сигир боқиб, яланг оёқ чопиб юрган болакай ўша йили кузда музика мактабининг ярқираган формасини кийди. Ўқишнинг учинчи йили онаси вафот этди. Ҳамиша касалманд, кўзлари катта-катта бу рангпар аёл узоқ дард тортиб кўз юмди. Кейин отаси Саидни яна Тошкентга элтиб қўйди. Сўнг ой сайин, гоҳ икки ойда бир хабар олиб турди. Саккизинчи синфга кўчиб таътилга борганида қора бахмал нимча кийган, семиз, оқ-сариқ хотин оғзидаги носни туфлай-туфлай пешвоз чиқди. Саид ҳаммасини бирдан тушундию кўнгли музлади. Отаси унинг кўзига қаролмас, эрта кетиб, кеч келар эди.
Кейинги таътилда қишлоққа бормади — лагерга кетди. Отаси ҳамон тез-тез келиб турар, бироқ, таажжубки, у келган сайин орадаги масофа тобора узоқлашар эди.
Мактабдан сўнг консерваторияга кирди. Уйдан бутунлай оёғини тортди. Консерваторияни тугатгач, опера театрида ишлай бошлади. Баъзан дунёнинг бир четида туғилган уйи, отаси, ўгай бўлса-да, укалари борлигини, ўзининг «инкубатордан чиқмаганини» эслаб қолар, аммо бу туйғу кул босган чўғ каби йилт этиб, сўнгра сув сепгандек ўчар эди.
Тўсатдан келган ваҳимали телеграмма шошириб қўйди. «Отам! — деб ўйлади дарҳол. — Отам!»
Отаси бултур кўргани келганида у ишхонасидан берилган тўққиз қаватли бинодаги уйга кўчиб кетган, чол кўп сарсон бўлиб аранг топган эди…
Ҳувиллаб ётган бўм-бўш далалар сукунати кўнглига рутубат соларди. «Нақадар зерикарли!» — деди хаёлан.
Қишлоққа шом қоронғисида етиб келди. Ҳовли, дарҳақиқат, кимсасиз эди. Кўча тарафдаги тупроқ бостирмалар ёнида уч-тўртта товуқ гўнг титиб юрар, ҳовли ўртасида кўмир кукуни қорайиб кўринар эди. Юраги увушиб, рўпарадаги кичкина деразадан сарғиш нур тўкилиб турган айвонга чиқди.
Эшик ғийқиллаб очилиб, яланг бош, сочи тап-тақир олинган, қисиқ кўз ўспирин пайдо бўлди.
— Ассалом… — деди у бир оз довдираб.
— Салом. — Саид кўришаркан, укасининг исмини эслолмай, каловланди. Бола шошиб изига қайтди, вағиллаб ётган телевизор овозини пасайтириб, кўрпача тўшади.
— Ҳеч ким йўқми? Отанг… отам қани? — деб сўради Саид остонага қадам қўяётиб.
— Ишда.
— Тинчликми? Нега чақиришди?
Ўспирин елка қисди:
— Билмадим.
— Укаларинг қаерда?
— Жунус мактабда. Сапурани онам районга опкетган.
Район марказида ўгай онасининг қариндошлари бор.
Саид баттар безовталаниб:
— Отам қачон келади? — деб сўради. — Кеч бўлди-ку? Айтиб келасанми?
— Ҳозир, — деди укаси чой узатиб. — Чой ичинг.
Дастурхонга учта нон қўйиб ташқарига чиқди.
Саид чой ҳўплаб, ён-верига аланглади. Уй ўша-ўша: охирги бор келганида қандай бўлса — ҳозир ҳам шундай. Фақат бурчакдаги токчаларга оқ сурп парда тутилган. Телевизор тагидаги оёғи синиқ стол хонаки жавон билан алмашибди. Сон-саноқсиз тилла балиқчалар тасвири туширилган палоснусха мато бундан йигирма йил аввал тўрдаги деворга қоқилган бўйи турар, фақат ранги ўчиб хиралашган эди. Эсида: болалигида шу хонада ухлар, саноғи йўқ балиқчаларга термилиб ётаркан, мудроқ босиб, ўзини худди денгизда сузиб бораётгандек ҳис қилар эди. Кўнгли бир хил бўлиб, тилла балиқчаларни сийпаламоқчидек деворга беихтиёр қўл чўзди-ю, даҳлизда қадам шарпасини сезиб, шоша-пиша ўрнидан қўзғалди. Отаси, ёнида кетмон, зинага тескари ўтирганча этигини ечмоқда эди, ялт этиб қаради:
— Саид?! Қачон келдинг?..
Бир пой этигини ечишга сабри чидамай ўрнидан турди, қучоқ очиб яқинлашди, бироқ ўғли кулимсираб қўл узатганини кўриб, чап қўлини дарҳол ёнига туширди. Саид отасининг шалвираган кўк пахталигига тезгина қараб олди-да:
— А?.. Йўқ, ўзи яқинда келдим, — деди.
Уйга киришди. Отаси пойгакка омонат тиз чўкиб, юзига фотиҳа тортди.
— Ҳеч ким йўқ эканми? — деб сўради атрофга олазарак қараб.
— Бор эди. Нима… ким… сизни айтиб келгани кетувди. Кўрмадингизми?
— Юсуппи?
— Ҳа, ҳа, Юсуф! — деди у жонланиб.
— Кўрмадим-ку. Чойхонани қарагани кетгандир.
— Чойхонадамидингиз?
— Э, йўқ, қўл тегадими ҳозир. Избир тозаластувдик. Биззи бригатда озгинаси қолган эди, шуни бўп қўяқолайлик, деб… Алламаҳал бўп кетибди-ку. Чой ичиб тур. Юз-қўлимни ювиб олай…
Юсуф онаси қайнатиб кетган шўрвани сузиб келтирди. Саид ҳарчанд гапга солмасин, укалари одоб сақлагандек қимтиниб индамай овқатланишар, отаси суҳбат ипини улаёлмай алағда эди.
Овқатдан кейин болалар нариги хонага чиқиб кетишди. Чол униққан дўпписини хонтахтага ташлаб, ёстиққа ёнбошлади.
— Тинчликми, ота? — деб сўради Саид дўппига тикилиб. — Тўсатдан чақирибсиз?
— Тинчлик, тинчлик бўлмай… — деди отаси ярғоқ бошини сийпаб бамайлихотир. — Юсупга: «Тилгиром бергин», деган эдим, чатоқроқ ёзибдими? Ҳа, шу… ҳеч гап йўқ. Бир кичкина маърака қилмоқчи эдик, сен ҳам келсанг, деб…
— Қанақа маърака?
Чол чойни симириб, пиёла устига кафтини қўйди.
— Шу… онанг раҳматликка жиндек оби-худойи қилсак, деган эдим. Ўн беш-ўн олти йил бўп қолди, ахир.
Саид индамай сигарета тутатди.
Келганинг яхши бўлди. Ҳамма нарса тахт. Эртага кундузи ўтказамиз-да, а? Беш-ўнта одам келар… Қўни-қўшни… Нима дейсан?
— Ўзингиз биласиз, — деди Саид, сўнгра тараддудланиб сўради: — Бу, Сапуралар нега кетишди?
Чол томоқ қирди:
— Билмадим, шу тоға-поғасини айтиб келадими…
— Онам биладими?
Отаси — сезгир одам.
— Ҳа, бўлмаса-чи! Нима?.. Э, йўқ, у ҳам ўлади-да ахир бир кун.
Укалари киришди. Юсуф телевизор қўйди.
— Балет экан-ку, — деди ҳафсаласи пир бўлиб.
Отаси чўзиб хомуза тортди-да:
— Ўчирақолинглар, — деди. — Ётинглар, эрталаб барвақт турасизлар. Акангга ўрин солиб беринглар. Ё кўрмоқчимидинг, Саид?
Саид бош чайқади:
— Йўқ, бунақа томошани ҳар куни ўзимиз кўрсатамиз.
— Ўчирақол. Анавиларни қара-я! Шунча одам, ҳаммаси битта марш чаладими, а?
— Ҳа.
— Сен-чи, нима чалардинг, ҳеч эсимда турмайди?
— Виолончель.
— У қанақа асбоб эди?
— Нима десам экан? Ғижжакка ўхшаган.
— Э, шунақами? Саид, шу… ўзимизнинг танбургами, найгами ўқимаган экансан-да, а? Ғижжак ёмонми ё?
— Йўқ. — Саид кулимсиради. — Энди, ўзингиз-ку шу ўқишга берган.
— Мен қайдан билай, Ғиззатуллин раҳматли шундоқ деса… Ҳа, майли, виланчилинг ҳам ёмонмасдир?
— Ёмон эмас.
— Бўпти-да. Фақат бизни тишимиз ўтмайди-да, бўлмаса… Хўп, ётайлик, соат ҳам ўн икки.
Саид айвонга чиқиб яна сигарета тутатди. Ҳаво совуқ. Изғирин. Осмон тўла юлдуз пахтаси бодраб очилган пайкалга ўхшайди.
Даҳлизда тимирскиланиб юрган отасининг товуши эшитилди:
— Юсуп, эшакни оғилга боғладингми?
Саид деразага қаради: Юсуф тахмондан кўрпача олмоқда эдн.
— Йўқ! — деди у зарда билан.
— Ия! Совуқ билан ўйнашяпсанларми? Тош қотиб ўлади-ку ҳовлида.
— Улса-ўлар, — деди Юсуф. — Қутуламиз қайтага. Тоза жонга тегди ўзи.
— Аҳмоқ, одам бундай тошбағир бўлмайди, — деди чол ювинди тўла челакни кўтариб. — Тилсиз жонивор-а, раҳминг келмайдими?
— Раҳмим келганда нима? Бир тийинлик фойдаси йўқ, бекор емга бало бўлиб…
Отаси зинага қадам қўяркан:
— Булар лоақал молга ачинмаса… — дея ғудранди.
Саид уйга кириб Юсуф тўшаган тўрдаги ўринга ёнбошлади. Укаси яна қатор учта ўрин ёзгач, чироқни ўчирди.
Саид девор томонга ўгирилиб кўзларини юмди. Юмшоқ ёстиқ хуш ёқиб, вужудида ёқимли ҳорғинлик туйди. Мудроқ босиб оғирлашаётган қовоқларини базўр очиб, тилла балиқчаларни сийпалади. Негадир мўъжиза рўй беришини, ўзини болалик чоғларидаги каби денгизда сузиб бораётгандек ҳис қилишни истади. Аммо айвондан тушиб турган ғира-шира ёруғда ноаниқ доғ-дуғларни кўриб, таъби айниди. Бирдан уйқуси қочди. Шифтдаги олачалпоқ кўланкага тикилганча хаёлга толди.
Отаси калта-калта йўталиб зинадан чиқди, чироқни ўчирди-да, қоронғида ниманидир тақирлатиб, хонага кирди. Болаларнинг бош томонидан шарпасиз ўтаркан, Юнуснинг кўрпасини тузатди. Саид нафас чиқармай ётарди. Бир оздан кейин отасининг хуррак товуши эшитила бошлади.
Уйқуси бутунлай ўчган эди. Ачишаётган кўзларини чирт юмиб чап ёнбошига ағдарилди, бир неча марта юзгача санади. Мияси ғувиллаб, боши шишиб кетгандек туюлар, бирор нарсани ўйлашга уринса, кўз ўнгига қоп-қора бўшлиқ келар эди. Туйқусдан бояги — эшак ҳақидаги гап эсига тушди.
«Бу қанақа эшак?.. Ўша, мен болалигимда миниб, даладан ўт ташиган кўк эшакмикан ё бошқами? У эшак бормикан ўзи?»
Шу фикр хира пашшадек ёпишиб олди. Ҳеч эътибор бермаган экан-да?.. Хўш, буни билишнинг нима қизиғи бор? Тавба!
Алламаҳалгача илон чаққандек тўлғаниб ётди:
«Ўшамикан ё бошқа?..»
Ниҳоят, чидолмади. Карахт боши ёрилгудек гангиб, ўрнидан турди. Миясини жазиллатиб куйдираётган саволга жавоб топмаса ухлашгина эмас, балки нафас олиш маҳолдек туюлди. Костюмини елкасига ташлаб, оёқ учида ҳовлига тушди. Узун, тор йўлак бўйлаб ҳовли этагида хўмрайган қатор бостирмаларга яқинлашди. Томига пичан босилган оғил эшиги ўрнига тутилган қанор пардани кўтариб ичкарига кирди. Чирик сомон ва гўнг ҳиди димоғига урилди. Остонада пишиллаб кавш қайтараётган сигир безовталаниб пишқирди. Саид чўнтагидан гугурт олиб чақди. Липиллаган хира ёғду пастак оғилхонани, кўзлари ялтираган ола сигирни, девор тагида шумшайиб турган кулранг эшакни бир лаҳза ёритди.
У пайпасланиб ичкарироқ кирди-да, яна гугурт чақди. Эшак оқиш тумшуғини чўзиб, секин ҳиқиллади. Саид кафтида илиқ нафас сезди, сўнгра чап қўлини эшакнинг белига аста қўйди. Эшак қунишиб, белини букчайтирди. Сўнаётган шуъла ёруғида туллаган яғринидаги дўмбайган, қонталаш яғир кўзга чалинди.
«Ўша экан! — У негадир енгил тин олди. — Шу қадар қариган!..»
«Хўш, кўнглинг тўлдими?!» — деди ўзига-ўзи оғилдан чиқаркан.
Ўрнига кириб чўзилгач эса:
«Бўзанжарга ўтга борганларимда мени қанча йиқитган!.. Зўр эди», деб ўйлади.
Яна хаёл олиб қочди.
Тонг ёришиб келар, у эса кўзлари ачишиб ҳануз бедор ётар эди.
Саҳарга томон «мушук уйқу» элитди-да:
…Автобус бекати. Жазирама. Тирбанд одам. Оёқлари майишган кулранг хўтик етаклаган ўн икки яшар бола; жамалак соч, қўлида хивчин, етти-саккиз ёшли яланг оёқ қизалоқ; қирс-қирс писта чақиб паттачи хотинга гап сотаётган мўйловдор, бақалоқ ҳайдовчи… тушига кирди.
…Бола, кўзлари олазарак, ҳадиксираб ҳайдовчига яқинлашади.
— Амаки, — дейди илтижо билан.
Бақалоқ гапдан тўхтаб унга қарайди:
— Нима дейсан?
— Ҳалиги… Хўтигимни автобусга чиқарсак майлими? Унгаям билет олганман, мана… Хўп, дея қолинг?
— Э, не дейди бу ўзи?! Эсинг борми? Ҳеч замонда хўтикниям автобусга ортадими?
— Амаки, майли, дея қолинг? У ҳали кичкина-да, юролмайди. Касал-да, бўлмаса-ку. Билетимни кўринг, мана…
— Қўй-э, бола, бошимни қотирма. Қаёққа борасан ўзи?
— Учтомга. Бўламнинг хўтиги бу, онасидан адашиб қолибди.
— Йўқ, бўлмайди. Мумкин эмас.
Бола автобус орқасидан кўтарилган чангга маъюс тикилади. Қизалоқ ариқ лабидан ўт юлиб терак соясида шумшайиб турган хўтикнинг тумшуғига ниқтайди: «Маҳ, маҳ, егин…»
Саид хийла вақт ҳушини йиғолмай ўтирди. Нима бу? Хаёлми, тушми?
Бирдан чеҳраси ёришиб кулимсиради.
«Жин урсин, болалик-ку бу!..»

* * *

— Дарров-а? — деб сўради отаси сийрак қошларини чимириб.
— Борай, ота. Маърака бўлса — ўтди. Эртага премьера.
— Нима-а?
— Янги томоша қўйилади, ишга боришим керак.
— Шунақами? Унда, майли, ишқилиб…
Бу сафар ҳам вагон деярли кимсасиз, Саиднинг ҳамроҳи озода кийинган, зиёлинамо ўктам қария эди. Саид бир оз толиққан, суҳбатга тоби йўқ, ташқарига термилган кўйи жимгина ўтирар эди. Чол, аксинча, хийла ҳангаматалаб кўринарди.
— Соат неча бўлдийкин-а? — деб сўради у.
— Ўн бир.
— Э? Буни қаранг-а! Бошланиб кетибди-да!
— Нима? — Саид унга таажжубланиб қаради.
— «Ҳайвонот оламида» бор-ку, телевизордаги кўрсатув? Кўриб борасизми? — Чол йигитга синовчан тикилди. Саид бош чайқади. — Аттанг! — Чол надомат билан танглайини такиллатди, — Зўр нарса-ку! Мунтазам кўриш керак. Эсиз, бугунгисини кўролмайман-да энди. Одамлар ҳам қизиқ, шу маҳалда мени бемаза бир мажлисга чақиришибди. Начора, кетяпман.
Бир муддат жим қолдилар. Деразадан яккам-дуккам дарахтлар лип-лип кўзга чалинар, қор босган ялангликлар шитоб билан ортга чекинар эди.
— Самарқанд иссиқроқ эди, — деди чол.
— Самарқандда яшайсизми? — деб сўради Саид.
— Ҳа.
— Кечирасиз, биологмисиз?
— Йўқ.
— Негадир сизни биолог, деб ўйлабман.
— Географман, — деди чол стол устидаги термосдан қулоқпиёлага чой қўяркан. — Институтда дарс бераман.
— Ҳа-а… — Саид бош ирғади.
Поезд бир маромда елиб борарди.
— Анави шўрликларни қаранг, — деди чол бир пайт деразага ишора қилиб.
Саид ойнага тикилиб, кун ботар томонда —дала этагида уч-тўртта қора шарпани илғади.
— Нима бу?
— Кўрмаяпсизми? Эшак-ку! Ноинсоф одамлар, ишлатиб-ишлатиб қишда ҳайдаворишганини қаранг! Эҳ! — Қария ўрнидан туриб дераза олдига келди, сўнг ўзича гапиргандек: — Дунёда шу шўринг қургурдек беқадр махлуқ йўқ, — деди хаёлчан. — Энг оғир ишни қилади-ю, емиши — нишхўрт. Тағин буни ювошу вафодорлиги… Тавба! Менга қолса, эшакка ҳайкал қўярдим.
Саид ялт этиб чолга қаради…

* * *

У қаттиқ чарчаган эди — вокзалдан тўғри уйига жўнади. Премьера олдидан бир оз дам олмоқчи эди, негадир мижжа қоқолмади…
Премьера, одатдагидек, зўр муваффақият билан ўтди. Саҳна гул ва олқишларга кўмилди. Зал қарсаклар зарбидан ларзага келди. Ҳамма хурсанд бўлди. Аммо иккинчи қатор ўртасидаги созанданинг бу оқшом виолончелини ҳар қачонгидан кўра ёмонроқ чалганини ҳеч ким сезмади.

1979