Восит Аҳмад. Оқсоқол (ҳикоя)

Ярим кечада чироғини ёқиб олган “Тез ёрдам” машинаси шошилинч тиббий реабилитация марказига кириб келди. Унда тўсатдан тоби қочиб, “ўтиб кетар-ўтиб кетар” билан аҳволи анча жиддийлашган “Намозгоҳ” маҳалласининг раиси бор эди. Зудлик билан унинг аҳволи, маълумотлари ўрганилиб, жарроҳлик бўлимига ўтказилди. Беморнинг ҳуши жойида эди. Жарроҳлик столида наркоз туфайли секин-аста ҳушини йўқотди.
Операция узоқ давом этди. Тонггача на шифокорлар, на беморнинг яқинлари мижжа қоқди.
— Имконимиз борича ҳаракат қилдик. Ичаклар қаттиқ жароҳатланган экан. Бир қисмини кесишга тўғри келди. Битта умидимиз — ундан ел келиши беморнинг яшаб қолишини таъминлайди, — дейилди яқинларига. Энди уларда Яратгандан илтижо қилиб кутишдан ўзга чора қолмаганди.
Наркоз таъсири тарқалгач, бемор ҳушига келди. Аммо севинишга эрта эди. Ичакнинг уланган қисмидан ҳаво ўтиши бўғилиб қолган одамнинг кўксига нафас келиши билан баробар эди.
Беморнинг аёли ва ўғли унинг ёнида қолишди, бошқалар эрталаб кетишди.
…Маҳалла оқсоқоли бўлган Маҳмуджон аканинг туман қоплаган кўз олдида кейинги йиллардаги бир қатор воқеалар жонланди.

* * *
Бунга йигирма йилдан зиёд вақт бўлди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси матбуотда чиққан, умумхалқ муҳокамасига қўйилганди. Бу ўшанда эндигина қирқни қоралаган, миллат шаъни, қадриятлари борасидаги камситишларга туғма муросасиз бўлган Маҳмуджоннинг ҳам айни кўнглидаги иш эди. Бу саъй-ҳаракатдан унинг ғурур ҳисси осмон қадар кўтарилганди.
Ўша пайтда — ёзнинг иссиқ кунида у автобусда кетиб борарди. Шу пайт ўриндиқларнинг бирида ўтирган сариқ сочли аёл ёнида тик ҳолда кетаётган ёш қизга пул бериб, нимадир деди. Қиз ё хаёлан ёки унинг тилини тушунмай пулни индамай паттачига узатиб юборди. Аёлга бир эмас, иккита чипта беришди. Бундан жазавага тушган аёл қизга қараб кўзларини чақчайтирганча:
— Ҳой қиз, сен нима ҳамма билган нарсани билмайсанми? — дея ўшқирди.
Гап нимадалигини англаган, боз устига эндигина ишхонасида бўлган йиғилишдаги шунга ўхшаш ҳолатдан кайфияти хира бўлиб чиққан Маҳмуджон қизнинг довдираб қолган ҳолини кўриб ўзини тутиб туролмади.
— Кечирасиз, аввало ўзингиз шу элнинг тилини билишингиз шарт, — деди.
Энди аёл унга дағдаға қила бошлайди, у ён, бу ёнда ўтирганлар ҳам аёлнинг ёнини олиб, уни миллатчиликда айблай бошлашади. Шу пайт ёнидаги бир киши Маҳмуджонга сиполик билан шундай деди:
— Ука, бошингизга иш орттириб олманг. Буларнинг пайтавасига қурт тушган пайт.
Маҳмуджоннинг навбатдаги бекатда тушиб қолишдан ўзга чораси қолмади.

* * *
Истиқлолнинг дастлабки йиллари эди. Кўпчилик мустақилликнинг қандай неъмат эканини англаётган бўлса-да, айримларда ҳануз эски кайфият ҳоким эди.
Бир издиҳомда ўзига анча тўқ маҳалладошининг норозиликлари Маҳмуджоннинг қитиқ-патига тега бошлаганди.
— Биласизларми, ўшандаги битта ойлигимга неча қоп ун олар эдим? Машина кираси қанчалиги эсларингдами? Бугун ким бизнезмен бўлса, ўша яшаяпти…
— Ҳой, Соливой! — унинг гапини чўрт кесди Маҳмуджон оқсоқол. — Яқинда ўғлингизни янги уйга кўчирдингиз-а?
— Ҳа, — деди Соливой ҳурпайиб.
— Хўш, янги рўзғорни у-бу билан таъминлагандирсиз?!
— Ҳа, энди эл қатори-да, — гап нимадалигини яна англамаган Солижон оғзининг таноби қочиб мақтанишга тушди. — Бир сидра қозон-товоқ, янги рўзғор дегандай… озиқ-овқат. Қўлига ақчасини ҳам бердим. Қўйингки, тузу гугуртгача қилиб бердим.
— Ҳа, баракалла. Бир отанинг фарзанд олдидаги қарзини узибсиз-ку. Ёшлар мустақил оила бўпти. Агар сиз бўлмасангиз уларнинг қийналиши тайин эди-да…
Ҳали гап нимадалигини англаб етмаган Соливойнинг гуппилиги тутди чоғи ё мақтангиси келдими жағи очиди.
— Эй, оқсоқол, аёл билан бозорга тушиб қўпол бўлсаям айтай: супургисигача олиб бердик. Бўлди десам ҳам, онаси қўймайди…
— Яшанг Соливой, энди сизга менинг саволим бор. Сиз ҳозиргина айтдингиз — аввал ойлик бунча эди, йўлкира мунча эди деб. Сиз билан биз яшаб турган давлат ҳам худди сизнинг янги рўзғор бўлиб чиққан ўғлингизга ўхшайди, лекин унинг бозор-ўчар қилиб берадиган ота-онаси йўқ. Шунинг учун борига қаноат қилиб, меҳнат қилиб яшайвериш керак-да, иним.
Коса тагидаги ним косани эндигина фаҳмлаган Соливой мум тишлади. Гапни тинглаб, ҳассасини кўксига бериб турган саксонни қоралаб қолган Мерган ота, одатига кўра соқолини бир тутамлаб олди-да, гапга аралашди:
— Маҳмуджонни бекорга маҳалла раиси қилиб кўтармаган эканмиз-да, баракалла. Соливой, сиз, укам, бир мачитга мулла бўлгудай савлат билан бундай гапларни бошқа қилманг. Бизнинг йигитлигимиз ўтган кунларни эсласам ҳали-ҳали этим жимирлайди. Очарчилик бир бало бўлса, йўқчилик яна бир офат эди. Энди боболардан бир гап қолган: қимматчилик ўтади, қаҳатчилик ёмон! Бозорга чиқсанг одамнинг жонидан бошқа нарса бор. Олиб-сотасанми, ўзинг ишлаб чиқарасанми — буёғи ўзингнинг хизматинг, меҳнатинг. Ҳалолинг бўлсин. Ҳар оқшом телевизордан давлатимиз раҳбари ҳам айтаяпти: ишлайман деган мардга мана майдон, ишла, бой бўл. Рўзғорингни ҳам, маҳаллангни ҳам обод қил…
Шу билан Соливой гум-гурс жим бўлди. Ўшанда жамоат ичида Маҳмуджонга хайрихоҳлар кўпчиликни ташкил этган бўлса-да, айримлар унга ғалати қараш ҳам қилишган эди.

* * *
Мана бу воқеа яқинда бўлиб ўтганди. Оқсоқол Маҳмуджон ака тонг чоғи эшик тақиллашидан уйғониб кетди. Ўзидан аввал аёли ҳовлига чиққан экан, дарҳол қайтиб кирди:
— Дадаси, қўшнининг ўғли йиғламсираб турибди. Нима гап десам гапирмади. Чиқинг…
Маҳмуджон шошилинч ҳовлига чиқди. Элдорбек — қўшни Фаёз отанинг кенжа ўғли, йигит чиндан ҳам хомуш. Ер чизиб турибди.
— Ҳа, келинг, Элдорбек, нима гап тинчликми? Уйга киринг.
— Ассалом-алайкум, амаки, — йигит келиб оқсоқол билан қўш қўллаб кўришди. Кейин гапини давом эттирди, — Дадам сизга юборганди. Раис нима деса шу деб. Биласиз, гузарда қурилиш бошлаган эдим. Тери оладиган, ошлаб ярим тайёр қилиб берадиган. Қўқонлик акалар билан келишгандик. Қурилишим мана якунига ҳам етиб қолди. Шу маҳалда Тўйчи бува билан яна беш-олти бекорчи чол келиб дадамнинг ичини гапга тўлдириб кетибди. Уч кун бўлди, уйда тинчлик йўқ. Мен қурилиш қилаётган жойда бир одам шаҳид бўлган экан. Илгари чойхонаям шу ерда эмасмиди?
— Шу ер эди, — йигитнинг гапини Маҳмуд оқсоқол тасдиқлади.
— Шу шаҳидни аввал билишмаганми одамлар? Қирқ йил “хўр-хўр”лашиб чой ичган-ку қари-ёш. Охири девори захлаб сўнг бузилган эди чойхона. Дадам бўлса, ўламан саттор, бу ишингни тўхтат, булар бир нимани билмаса гапирмайди деб ётибди. Шунга сизга маслаҳатга келдим, амаки. Тумандан кадастр келиб, кўрган, ҳамма ҳужжат тасдиқланган, қурилиш ҳам тугаб қолди. Хўп, шаҳид бўлган бўлса, биз ҳам ис чиқарамиз, мўмин-мусулмоннинг боласимиз. Қолаверса, сизлар бор…
Йигитнинг сўнгги гаплари Маҳмуджон отанинг қулоғига кирмади. У қарияларнинг гапини мулоҳаза қилиб, Элдорбекнинг чиндан ҳам жаҳл қилишга асоси борлигини, қолаверса ўша Тўйчи буванинг аввалдан шундайроқ “маърака бузар”роқ феъли борлигини кўнглидан ўтказиб қўйди. Сўнгра ўзига қараб турган Элдорбекка шундай деди:
— Дадангиз қаерда ҳозир?
— Уйда ўтирибди.
— Бўлмаса эшитинг, Элдорбек, ўғлим. Аввало чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Қолаверса, умр бир марта берилади. Қаранг, юртимиз одамлари қўлидан нима келса халқ учун, юрт учун қилмоқда. Фермер ризқ-рўз етиштиряпти, меъмор лойиҳа чизса, қурувчи осмонўпар иншоот барпо этяпти. Қўйингки муаллиму шифокор, тадбиркору ҳунарманд — барча яратиш, юртни обод қилиш билан банд. Бу ишларни ана ўша Тўйчи бувангга ўхшаган кимсаларгина кўрмайди, кўришни истамайди. Ўша “маърака бузар” кишиларга айтинг: ҳатто пайғамбаримиз ҳам аввало бошлаган ишингни охирига етказ. Қилаётган ишинг одамларга наф келтирса, шу ишдан қолма деган! Тамом! Сиз уйга бораверинг, мен ҳозир бораман, ҳа, анави дадангизнинг ҳаммаслакларини ҳам чақириб келинг уйга.
Оқсоқол “ҳаммаслак” деган гапни ўзига хос маънодор қилиб айтганини пайқаган Элдорбек паққос кулди-да, қўлини кўксига қўйиб кўчага бурилди.
Фаёз отанинг чоркунж супасида, бир жуфт садақайрағоч соясида то тушгача муҳокамаю баҳс бўлди. Ниҳоят бу мусоҳаба ёш тадбиркор Элдорбекнинг ғалабаси билан якун топди. Маҳмуд оқсоқол Тўйчи буваю Фаёз отага қараб гап сўнггида “билса ҳазил, билмаса чин” қабилида шундай ҳазил қилди:
— Ҳей чоллар, битган ишни йитиришни одат қилманглар. Бўлмаса, тадбиркорга қаршилик қиляпти, деб устиларингдан чақиб бераман.
— Эй, оқсоқол, бизларни айбимиздан ўтинг, қуллуқ-қуллуқ! — бу гапни ошкора қувноқ тарзда айтган Тўйчи буванинг юзларида бу кайфиятнинг акси ўлароқ тундлик бор эди. Буни илғаган Маҳмуджон ичида “Ҳа, бу ғуборлар ҳам тарқаб кетади ҳали” деб қўйди.

* * *
Яратганга илтижолар билан икки кечаю икки кундуз ўтди. Аммо кутилган натижа бўлмади.
— Умидимиз чиппакка чиқди чоғи, — шифокор шу сўзларни айтди холос.
Ўғил палатага кирганда оқсоқол ҳушини тағин йўқотган эди. У энгашиб отасини қучди. Титроқ бармоқлари билан ўтган куни текислатган чиройли соқолларини силади. Кўнгли тўлиб, кўзидан дув ёш қуйилди. Отаси чўчиб кетадигандек унинг юзига томган ёшни апил-тапил артди. Хаёлига отасининг ўтган кунги ҳуши жойида бўлган вақтда айтган сўзлари келди.
— Энди Худо пошшо. Шифо берадиган ҳам ўзи… Лекин ўғлим, беҳуда яшамадим деб ўйлайман. Энг муҳими, ёруғ кунларни кўрганимиз. Аслида, болам, одамзодга кўп нарса керак эмас, шу бир парча ерга меҳр берса бўлди. Ердан, элдан қайтмай қолмайди. Шунгаям минг шукр! Сира унутмангки, шу эл-юртга дахлдор нимаики бўлсин кучингиз борича ҳимоя қилинг. Дунёнинг ишларига бундоқ разм солсангиз, биз одамлар ҳамиша яхши-ёмон ишларимизга бу дунёдаёқ бадал тўлаб келамиз. Яхши, хайрли ишларга бадал тўлаш кўнгилни тинч қилади. Аммо Худо кўрсатмасин, юртга хиёнат қилиш ва унинг бадалини тўлашдан Яратганнинг ўзи асрасин…
Шуларни эсларкан, ўғил ҳушсиз ётган отасининг юзида бағоят чуқур мамнунлик белгиларини кўрди. Шу кеча Маҳмуджон оқсоқол фоний дунёни тарк этди.
Оқсоқолнинг тобути ердан узилганда “отам”лаб йўқловчилар ичида унинг ёлғиз ўғлидан ташқари тағин бир қанча маҳалла йигитлари, улар орасида Элдорбек ҳам бор эди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 34-сон