Восит Аҳмад. Ақллилик балоси (ҳажвия)

Ота-онаси хизмати ва меҳнати билан Хушнуд тенгдошларига нисбатан барвақтроқ улғайди: кўп китоб ўқигани учун билимлироқ бўлиб ўсди. Лекин уни ишлатишда ҳали меъёрни билмагани сабабли азиятлар ҳам чека бошлади. Бу бутун ҳаётида одат тусига айланди.
Ҳар қалай баҳсларда қатнашиб, калтак остида қолган Суқротнинг ачинарли ҳолати бошига тушмаган бўлса-да, у ҳам бу борада кўп кўргиликларни кечирди. Нохушликлар мактаб ёшидаёқ юз берди.
Бешинчи синфда ўқиётган болакай ёш ўқитувчига уч марта танбеҳ берди.
– Опа, Навоий билан Бобурни алмаштириб юборяпсиз.
Учинчи танбеҳдан кейин тоқати тоқ бўлган ўқитувчи қулоғидан чўзиб ташқарига олиб чиқди. У ёқ-бу ёққа қараб олгач сўради:
– Хўш, қаерида адашдим?!
– Ҳамма ерида, айниқса, туғилган ва вафоти саналарида…
– Тўғриси қандай?
Хушнуд айтиб берди. Ўқитувчи ҳозиргина чўзган қулоқларини силаб қўйди.
– Энди, Хушниджон, программа катта. Адашиб кетаркансан-да. Лекин буни секин, синфдан ташқарида, дарсдан кейин айтсанг ҳам бўлади-ку. Болалар олдида…
Йўқ, у бундай қилмади. Чунки у тенгқурлари нотўғри билимга эга бўлишини ҳоҳламасди. Қулоқлари ҳам кўп чўзилаверганидан каттайиб борарди, лекин шартакилик қилишни қўймас эди.
Мактабни тамомлаб муҳандислик олийгоҳида ўқиётганда ота-онаси уйлантириш пайига тушди. Бунда ҳам у кўп ғавғоларни келтириб чиқарди. Аввалига бечора оила пешволари “ўзимиз пиширган ош…” дея, қўл қовуштириб туришди. Аммо Хушнуд тобора қуюшқондан чиқиб борарди. Ақлли ўғил ҳар гал қиз кўргани чиққанда ё ўзи ҳурпайиб қайтар, ё келин бўлғувчи қочиб кетган бўларди. Аммалари ҳам ундан обдон зерикишди.
Бир куни Хушнуд учрашувга чиққан қизни мактабга етаклаб қолди. Одатда йигитлар қизларни боғларга, музқаймоқхоналарга бошлагувчи эди. Аммалар ҳайратда қараб қолдилар. Қиз ҳам “Бу жинни бўлганми” дегандек, ортидан хушламайгина эргашди. У қизни география хонасига олиб кириб:
– Қани, Маҳлиёхон, Ўзбекистонни кўрсатиб юборинг, – деди харитага ишора қилиб.
Ҳам эсанкираб, ҳам жаҳлланган қиз мактабдан қочиб чиқди. Хушнуд ҳукм чиқарди: Ўзбекистонни кўрсатиб беролмаган қиз менга муносиб эмас.
Бошқа бир қиздан:
– “Ўткан кунлар”ни ўқиганмисиз? – дея сўраб қолди.
Қиз ўқимаган экан, у ҳам кун тартибидан тушди. Яна бир куни янги “номзод”дан “Амир Темурни биласизми?”, деб сўради. Билмас экан – у ҳам хотинликка нолойиқ топилди. Нолойиқ топилдигина эмас, тутқазилган гул ҳам ундан тортиб олинди.
Бундай чегараси йўқ машмашалардан тўйган она охири ёрилди:
– Ҳой, сен харидор киёвмисан ё ишга ўқитувчи олаётган мактаб директори?
– Ойи, оддий саволларимга жавоб беролмаган қиз билан қандай қилиб бир умр яшайман?
– Вой ўлмагур, қиз кир ювиш, овқат қилишу нон ёпишни билса бўлди-да. У сенинг ўқувчингмики, ҳар куни савол-жавоб қилиб ўтирсанг…
Ҳартугул унинг ҳам муносиби топилди. Бу борада у Хушнуддан ҳам ўтиб кетди. Ўқув юртларида таълим олмаган эса-да, шундай ғазаллар ўқидики, Хушнуд маҳлиё бўлди-қолди. Учрашув сўнггида ҳатто четларига Саъдий ҳикматлари битилган рўмолча ҳам ҳадя этди. Ўша қиз умр йўлдоши бўлди.
Хушнуддан ҳамкасблари ҳам безор эди. У туйқусдан савол бериб қолишидан ёки олдида қовун тушириб қўйишдан чўчиб ўзларини олиб қочиб юришарди. Айниқса, у “Техник ходимга адабиёт-санъат-у, тарих нега керак?”, деганларни талаб ташларди. Бир куни тушлик пайтида ҳамхонаси билан кино санъати борасида суҳбатлашиб қолди. Гап айланиб аввалроқ вафот этган машҳур ўзбек артисти тўғрисида кетганда шериги хол қўйди.
– Ҳақиқатдан зўр артист-да, янги кинолари чиқмай қолди-я.
Мириқиб суҳбатлашаётган Хушнуд томоғига бир нарса тиқилгандек ютинди.
– У энди ўйнолмайди…
Бир куни ишхонага лектор келиб Амир Темур ҳақида маъруза қилди. Бир соатли нутқда Амир Темур сўзи ўттиз етти марта такрорланди. У ҳар гал Амир Темир дер, Хушнуд Амир Темур дея тузатарди. Лектор, қайта-қайта танбеҳ эшитгач, анча тўғри талаффуз эта бошлади.
Хушнуд оддий муҳандис бўлишига қарамай, ҳар соҳадан яхшигина маълумотга эга эди. Айниқса, миллий қадриятлар, маданиятга оид соҳаларда анча зукко эди. Шунинг учун атрофидагилар уни Даҳо, Мавлоно деб аташарди. Бинолар пештоқи, йўл бўйларидаги нотўғри ёзувлар ҳам нигоҳидан қочиб қутилмасди. Ўша ёзувлар ўнгланмагунча мутасаддиларни тинчитмасди. Бир олим уни шундай дея алқаганди:
– Яхшиям шундайлар бор-а. У санитар, атрофдаги иллату кирларни тозалаб юради…
Лекин ёши улғайган сари, қолаверса, атрофида жини суймайдиганлар кўплиги боис асаблари қақшаб, тез-тез хасталанадиган бўлиб қолди.
Қайси куни бир ҳамкасби ногаҳон ташланди.
– Ўлчовни ўз даражангизда қўяверманг, ўз ишимизни пухта билсак бўлади-да, – дедию балога қолди.
– Аввало, ўз ишингизни ҳам яхши билмайсиз. Иккинчидан, эсингизга солиб қўяй. Фудболдан йироқ бўлганингиз боис, ашаддий ишқибоз бўлмиш бошлиқ машинасидан ўсал ҳолда тушириб юборилганингиздан сўнг ўлиб-тирилиб шу спорт турини ўргандингиз-ку. Нега энди ҳеч бўлмаса ҳар бир фуқаро билиши керак бўлган, ўзга миллатлар олдида хижолатчилиги ўлим билан баробар бўлган оддий қадриятларимизни, адабиётимиз ва санъатимизни билишдан, ўрганишдан қочасиз?
Хушнуд ака таъсирида атрофидагилар – қариндош-уруғлар, хусусан, ҳамкасблари у-бу нарсаларни ўрганиб қўйишга тиришишар, унинг тиғига учрашдан, тўғриси, қаттиқ чўчишар эди.
Оилада хотини анча маслакдош бўлса-да, баъзида у ҳам эри “қилмиш”ларидан додлаб юборишига сал қоларди. Айниқса, қизига харидор бўлган йигитларни минг чиғириқдан ўтказишлари жонига тегди. Куёвликка номзодлардан бири физика ўқитувчиси экан. Уни хўп тафтиш қилгач, бир неча қонунни билмаганлиги учун, “Чала ўқитувчи куёвум бўла олмайди” деди. Яна бир бўлғуси куёв одам анатомиясини билмагани учун, пешонасига “йўқ” муҳрини босиб тўнғиллади.
– “Куёвингиз жарроҳми ёки қассоб?” дейишларини хоҳламайман.
Шундай ҳолларда тоби тобора ёмонлашарди. Ҳар қанча ўзини эҳтиётласа ҳам ўчакишгандек нохушлик рўпарасидан чиқиб қоларди.
Узоқроқ танишларидан бириникидаги зиёфатда китоб жавонидаги турфа хил чиройли муқовали бадиий адабиётларни кўриб кўзи қувнади. Сўнг Теодор Драйзернинг “Америка фожиаси” романини кўрсатиб:
– Буни ўқиганмисиз? – дея сўради.
– Йўқ, – деди уй эгаси.
– Манову, Жек Лондонни-чи?
Хушнуд ака феълидан бехабар уй соҳиби дангалини айтиб қўя қолди:
– Қаёқда? Ҳеч бирини ўқимаганман. Бу абадий китоблар уйни безаш учун-да…
Адабий сўзи билан абадий сўзининг фарқига бормаган катта китоб жавони эгасининг лоқайдлиги Хушнуд акага қимматга тушди. У бир йўла ётиб қолди. Энди хотинига қийин бўлди-да. Ҳол сўровчи касларни зимдан тергаб, қовун туширувчи думбуллардан беморни эҳтиётларди. Аммо… Танишларидан бири кўргани келди. Келмасаям бўларкан, у шошаётгани, бир ёзувчи юбилейига бориши кераклигини гап орасига қистирди.
– Шеърларини ўқимаганман. Сўз бериб қолишмасмикин?!
– У шоир эмас, носир.
– Йўқ, Носиржон эмас, Камолжонни юбилейи.
Ўхх!
Хушнуд ака юрагини чангаллаганча эшикни кўрсатди-ю, ўзи…