Азизим, дарахт! Илк кез учрашганимиз эсингдами, ўшанда сен қурий бошлагандинг. Ҳатто менинг, инсоннинг кўзи билан боққанда, қуриб бўлгандинг ҳисоб. Олдингга болта кўтариб бориб узоқ вақт бўйи-бастингга сарасоп солиб тургандим. Чунки яқиндагина харид қилганим дала ҳовлининг жуда яхши жойида, шундоқ бўсағада, бу ерга келадиган одам зоти борки, барига бирдек асқотадиган – соя тушадиган ерда ўсгандинг. “Эсизгина дарахт!” дея чуқур бир хўрсинган кўйи ўзагингга болта ургандим. Сўнг яна, яна… Кейин илкис тўхтагандим. Чунки руҳим сенинг ҳаёт билан орангдаги ўта мустаҳкам ва худди шундай нозик ип узилмаганини сезиб қолганди. Сезишим ҳамона қўлимдаги болтани бир четга улоқтиргандим. Гуноҳ қилган одам каби қунишиб ёнингга ёвуқ келганча, болта қиймалаган қуруқ танангни ўкинч билан силагандим. Ачингандим. Йўқ, сенгагина эмас, сенга ачинганим қадар ўзимга ҳам хўрлигим келганди. Ожизлигимдан, ожизлигимиздан, билсанг…
Ўша кундан эътиборан сени суғора бошладим. Ёзнинг қайноқ палласида оёғимни қўлимга олиб ҳар кун шаҳардан сенинг ёнингга ошиқдим. У ерда ҳафтада икки марта – дам олиш кунларигина сув берар экан. Қарасам, қуриб бадар кетишинг аниқ эди, мен сенга бундай қисматни раво кўрмадим. Сени омон сақлаб қолгим келди. Жуда сени ўйлаб эмас, албатта, кўпроқ ўзимни ўйлаб кўкаришингни истадим. Жазирамада қочиб борадиган жойим бўлсин, дедим. Лекин кутилмаганда кўкариб кетганингни кўриб эса, сени ҳам чинакамига ўйлай бошладим. Бора-бора шундай кунлар келдики, фақат сени ўйладим, эй дарахт! Аммо илк кезлар шаҳардан 21 километрлик масофадан Худо берган куни сен томон чопдим. Дала ҳовлининг шундоқ тумшуғида дарё бор эди, келиб челакларни данғур-дунғур қилганча сув ташидим. Сендан бошқа дарахтлар ҳам кўп эди. Жами сизлар 53 туп эдинглар. Мен тонг саҳарда қўлимда икки челак билан дарёга 53 марта тушиб чиқар бўлдим. Ҳар бир дарахт тагига икки челакдан сув қуяр ва сўнг машинамга ўтириб ишга жўнардим. Орада бир неча марта укамни ҳам ёрдамга чақирдим, лекин асосан бир ўзим келар, бундан эринмас ҳам зерикмас эдим. Зеро, олдида мақсади бор инсон ҳеч қачон зерикмайди. Буни ўша пайтда ҳам билардим, ҳозир эса инчунун. Сенга ҳамда бу дала ҳовлида қовжирай бошлаган қолган 52 туб дарахтга қайта ҳаёт бағишлаш менинг мақсадимга айланганди ўшанда. Эҳ, мақсадга интилиб яшаш нақадар завқли!..
Хуллас, меҳнатим самараси узоқ куттирмади: бир неча ҳафта ўтар-ўтмас йўғон билакдек келадиган тананг остидан куртаклар униб чиқди. Ёш боладек қувонганим ҳануз ёдимда! Кейин улар кўпайишиб, аста-секин бачкига айланишди. Мен сенинг қуриб қолган ўзагингга қўшиб, кичик бачкиларнинг ҳаммасини кесиб ташладим. Фақат уч-тўртта каттароқ бўлиб қолган шохларингнигина сақлаб қолдим. Хуллас, бир неча йил ичида кўз ўнгимда муҳташам боғ пайдо бўлди. Ҳа, қилган меҳнатларим, чеккан заҳматларим зое кетмаган эди. Сен эса, мана шу боғнинг энг суюмли, энг керакли дарахтига айландинг! Нега, дейсанми? Чунки сен бошқа ҳамма дарахтлардан кўра менга яқинроқ жойда ўсиб турардинг. Кўзга яқин – кўнгилга яқин, дейди бизнинг қавм. Ўйлаб қарасам, бу гап одам билан одам муносабати учунгина айтилган эмас экан, одам билан дарахт муносабатига ҳам тўғри келаркан. Хуллас, яшаб кетсанг, яшнаб кетсанг, менинг дала ҳовлидаги тирикчилигим асосан сенинг атрофингда кечади, деб тахмин қилардим. Илк дамлар, сени кўкартириб олиш учун энди-энди сув таший бошлаган вақтларим “майли, мева бермаса ҳам, фақат уйим олдида улғайиб соя берса, шамолда шовуллаб турса, бас”, деб ўйлаганман. Сен аввал қаддингни тиклаб кўзга кўриндинг. Яна бироз фурсат ўтиб эса, мева тугдинг! Ҳа-ҳа, мен танангнинг чор томонида омон сақлаб қолганим шохлар нафақат қуюқ соя берди, айни дамда ларзон-ларзон ҳосил ҳам ҳадя қилди. Узоқ машаққатлардан сўнг сен менинг кафтимга тутганинг – илк мевани татиб кўрарканман, бутун борлиғимни аллақандай сирли бир завқ, қувонч, шукроналик ва ҳайрат туйғулари қамраб олганди. Мен сенга икки челакдаги сувга қўшиб меҳримни ҳам қўшиб бергандим – эслайман. Энди қара, сен кафтимга мевангга қўшиб ўзлигингни, борлиғингни, жон танингни қўшиб тўкардинг…
Орадан қаторлашиб йиллар ўтди. Бу вақт мобайнида мен дала ҳовлимни анча саришталаб олдим. Энди у ерга нафақат ўзим борардим, балки бола-чақам, қариндошларим, дўстларим, гоҳо уларга қўшилиб танишларим ҳам кела бошлашди. Кўпчилик келди, жуда-а кўпчилик! Лекин ҳамма келиб кетар эди-ю, бир сен ёнимда қолардинг. Ҳатто мен кетсам ҳам сен қолардинг. Аскар каби! Ватанни қўриқлаётган аскар каби! Улкан ва емрилмас қоя сингари!.. Мана шу менга ёқарди… Одамлар ўзгаришлардан баҳс этишади, ҳаётларида мудом ўзгаришлар бўлишини хоҳлашади, ҳамроҳлари ҳам худди кияётган кийимларидек янгиланиб туришини исташади. Эҳтимол, кийимнинг янгиси яхшидир, лекин инсоннинг, дўстнинг эмас. Инсоннинг ҳар доим кўришиб турадиган доимий дўстлари, ҳар доим борадиган доимий жойлари, ҳар доим юрадиган доимий йўллари… бўлиши керак, деб ўйлайман. Кийим-кечагию ейиш-ичишига қўшилиб, уйи, ёри, дўстлари, йўллари, орзую мақсадлари ҳам мудом ўзгариб тураверса, бундай инсоннинг инсонлиги қолармикан?.. Унга суяниб бўлармикан, ишониб-чи?.. Ичимда, руҳимда бир эҳтиёж борки, исми собитликдир. Мен ҳамиша шуни истайман. Дўстим бўлса, бир умр ёнимда турса, ёрим бўлса, ўлимдан ўзга сабаб бизни айирмаса, дейман. Лекин негадир одамлардан омадим чопмаганми, билмадим, бир қарасам, дўстим рақибга, ёрим эса бегонага айланиб қолаётгандек туюлаверади. Бошқа бир пайт қарасам эса, ошириб юбораётгандек бўлавераман. Лекин сен! Сенга қачон, қандай кайфият билан қарасам ҳам ўша-ўшасан, ўзгармассан, собитсан!.. Мен сенинг мана шу муқимлигингга таъзим қиламан! Бошим эгилиб ерга етгунча таъзим қиламан, эй дарахт!!!
Йиллардан бир йил қўққисдан каттагина бир шохинг қурий бошлади. Аввалига қўрқиб кетдим, сўнг юрагимни таажжуб туйғуси қоплади: нега қолган шохларинг барқ уриб ўсиб турибди-ю, шу биргина шохинг кутилмаганда қуришга тушди экан? Мен сени кўпроқ суғоришга тутиндим. Лекин фойдаси бўлмади. Кўп ўтмай яна битта шохинг япроқлари ҳам сўлинқиради. Менинг типирчилаб қолганимни кўрсанг! Худди болам, дўстим ёки устозимнинг битта қўли ишламай қолгандек қабул қилдим мен буни. “Нима қилсам экан?” дея чора қидириб, олдин ботинимда ҳар томонга чопиб кўрдим, кейин ташқарига чиқиб зир югурдим: тўғри кўчат сотиладиган бозорга бордим. У ерда боғбонлар кўп бўлади. Сўрадим. “Ўз вақтида суғоринг, ўғит солинг!” дейишди улар. Дўстларимдан бири хорижлик олим эди, худди шу кунлари интернетда гаплашиб қолувдим, у сен ҳақда сўради: “қалай дарахт? Турибдими?”. Ажаб, одамлар тўғрисида “юрибдими?” дейишарди, дарахт ҳақда “турибдими?”, дейишарканда, а? Аслида, сен ҳам юрасан. Одамлардан кўп саёҳат қиласан сен. Одамлардан кўп янгиланасан. Ахир, ҳар кўкламда япроқларингни бир янгилаб оласан-ку! Мана шу сенинг саёҳатинг бўлади. Яна ҳар йили шамол сенинг япроқ-қулоғингга бутун оламларнинг сирини шивирлаб кетади. Сен ҳамма нарсадан воқифсан! Сен мендан – инсондан кўп нарса биласан. Битта жойда турган кўйи олам кезасан. Илдизинг бир жойда, лекин ҳар япроғинг ўтмишу бугуннинг ҳолидан афсона сўзлай олади. Хуллас, мен дўстимга афсус билан “негадир битта шохи қуриди, яна биттаси ўйланиб турибди” дедим. У шланкада шариллатиб суғормай, томчилатиб суғоришимни маслаҳат берди. “Шланка билан шариллатиб суғорилганда сув дарахтнинг пўстлоғини ҳўл қилади, холос, томир-томирига етиб бормайди, Ўзбекистонда ёз ўта иссиқ, дарахтлар сувсизликдан қийналади”, деди. Маслаҳатга амал қилдим: бутун боғни суғориб бўлиб, энг охирида шланкани сенинг белингга ўраб қўяман-у, оғзини битта-битта томчилайдиган даражада бўғаман, сўнг соатлаб, кунлаб шундай қолдираман. Ўзимизнинг боғбонларнинг айтганини ҳам қилдим: илдизингга озуқа солдим. Вей, натижаси бўлди-ей! Қуриган ўша битта шохингни қутқариб бўлмади, аммо сўлинқираган иккинчи шохинг яшнаб кетди. Япроқларинг яшнади! Менинг кўзларим ҳам ана шу япроқлардек порлади билсанг, юзим кулди. Бўлар экан-ку!..
Сен бу йиллар мобайнида менинг нафақат яқин дўстим, қисматдош йўлдошим, балки, айни дамда, насиҳатгўй устозимга ҳам айланиб қолгандинг, эй дарахт! Қандай қилиб дейсанми? Айтай: мен сенга жуда қаттиқ озор берганимни эслайсанми? Ҳовли юзини ёввойи ўт-ўлан босиб кетаверганидан, менинг эса шаҳардан тез-тез келиб уларни ўриб-тозалашга вақтим бўлмаганидан саҳнни бетонлаб ташлатгандим. Шундан кейин хиёл ўтмай, шундай барқ уриб турган ҳолингда қўққисдан яна битта катта шохинг қурий бошлади. Вазиятингни тарозуга солиб мушоҳада қилиб кўрсам, бунинг сабаби гир атрофингни айлантириб бетон қилдирганимда экан. Тавба, қайси фаҳм, қайси фаросат билан! Аммо сенинг жавобинг менга бир умрлик сабоқ бўлди. Сен аксар одамлардек иш тутмадинг: мендан ўч олиш йўлидан бормадинг, бор-э дея, қуриб қўя қолмадинг, мени жазирамада ёлғиз ташлаб кетмадинг. Балки индамайгина огоҳлантирдинг. Сен ҳол тилида сўзлардинг. Сенга яқин юриб, сен билан мулоқотда бўлиб, сен билан бирга, бир ҳовлида яшаб сенинг тилингни анча-мунча тушуниб қолган эканман. Сенинг битта шохингни қуриши, “Эй одам боласи, менга зулм қилдинг, илдизларимга борадиган ҳавони, сувни, эркинликни тўсиб қўйдинг! Майли, шунда ҳам чидайман. Чидаб, ёнингда қоламан. Лекин бу осон бўлмайди. Қурбонликсиз мумкин эмас бу иш. Шу боис, қолган шохларимни омон сақлаб қолиш учун битта шохимдан воз кечаман. Менда қолган қувват ҳамма шохларимни яшатиш учун етмайди. Сен қувватимни, менга тақдир томонидан инъом этилган қуёш йўлини, сув йўлини, нафас олиш йўлини кесдинг. Энди танлашим керак бўлади. Сен мени шунга мажбур қиляпсан. Мен танладим. Танлаб битта шохимни қурбон бердим. Акс ҳолда, бутун шохларимни, илдизимни бой бериб қўяман. Аммо қурбонликка берилган ўша шохим ҳам мендан эди, мен эдим. Сен, эй, инсон, боқ энди ўша қуриган шохимга! Менинг эркимни тўсиб, нималар қилиб қўйганингни кўр-да, сабоқ чиқар!” деганинг бўларди. Мен сенга, қуриган шохингга қарадим ва ҳол тилинг билан демоқчи бўлганларингнинг ҳаммасини тушундим. Дўппи тор келганда жанг майдонини ташлаб кетгувчилардан эмаслигингни англадим. Сендек бўлиш нақадар оғир эканлигини уқдим. Келиб бетонларни кўчирдим, илдизларингга борадиган қуёш, сув ва ҳаво йўлларини очдим, елкангга бошимни қўйиб “кечир!” дея ўтиндим…
Биласанми, ўша кундан бошлаб сенга бўлган муносабатимда янгориш пайдо бўлди: сендан кўп нарса ўрганишим мумкин ва лозимлигини сезиб қолдим. Сенга шу чоққача индамаган бўлсам-да, аслида кўп йиллардан бери мен сенга зимдан шогирд, ўқувчи бўлиб келганимни англаб етдим. Ахир, инсоннинг бунга иқрор бўлиши жуда қийин-да. У эмасми оламларнинг гултожи! “Шундай мақомда бўла туриб, келиб-келиб бир дарахтга шогирд тушаманми?” деб келганди чамамда шу чоққача ичимдаги нафс…
Азизим дарахт! Дўстларимнинг орасида учтасини сен жуда яхши эслайсан. Улар билан неча ёз кечалари сенинг шивирлаб турган япроқларинг остида тонготар суҳбатлар қурганмиз. Сен ана шу суҳбатларнинг барига гувоҳсан! Демакки, бизга шериксан! Бизнинг биттамизсан! Эслайсанми, биз ҳамма нарса ҳақида гаплашардик, дунёнинг у бурчагидан кириб, бунисидан чиқиб кетардик. Балки, аслида, қаеридадир қисилиб қолиб кетардиг-у, лекин, барибир, гапда чиқиб кетардик-да! Нима бўлганда ҳам биз беғубор эдик: тортишардик, кулишардик, орзу-ҳавасларга толардик… Кейин ухлаб қолиб кун чош бўлгандагина кўзимизни аранг очару, бутунлай бошқа кайфиятга тушардик. Бу кайфиятда энди дунё ҳам кўзимизга бошқача кўринарди. Дунё, балки, ўша дунё эди, лекин барибир кечаги эмасди. У янги ва бошқа эди. Уни янги ва бошқа қилган эса бизнинг, инсонларнинг кайфияти бўларди. Биз, сендан фарқ қилиб, турланиб-ўзгариб уйимизга кетишга ошиқардик. Тунда бир-биримизга айтган ширин сўзларимизнинг ярми ҳам кундузи топилмасди: гўё ширин сўзимиз кеча бозордан энди харид қилинган бутун-бутун пўрсилдоқ патирлар эди-ю, бугун эса улардан ушалган ушоқлар эди. Бу ушоқлар энди дастурхон кунжларида биқиниб ётар, ҳеч ким, оч бўлишига қарамай, уларни териб оғзига солгиси келмас, аксинча, тезроқ бу ердан кетишга ошиқар, кетиш ҳамма муаммоларни ҳал қилиб берадигандек туюларди. Аммо ҳосил пайти бўлса, кайфият бир муддат кўтаринки мақомда қолар-да, аввал сени алқаб-алқаб меваларингдан териб ер-у, сўнг пақирлаб уй-уйимизга олиб кетар эдик. Ўша дўстларимдан бири ҳозир Францияда яшайди. Нега дейсанми? Иши ўша ёқда, ўшанчун бола-чақаси билан Парижда истиқомат қилади. Кўрдингми, дўстлар ҳам омонат: улар ер юзига тариқдек сочилиб кетишди, қолганлари ҳам сенинг шохларинг каби ўйланиб туришибди. Хуллас, ўша дўстим, тўғрироғи, ўша дўстимиз ҳам куни кеча сени сўради. Мен эса… мен нима дейишимни билмай чайналдим. Кейин ростига кўчдим: дарахтимиз бизни ташлаб кетиб боряпти, дўст, дедим. “Ҳай аттанг-а, ҳай аттанг! Яхши дарахт эди!..” деди у чуқур уҳ тортиб. Унинг бу хитоби худди бир мўмин банда вафот этганда жаноза маҳали мулланинг “Мусулмонлар, фалончи қандоқ одам эди?” дея сўраганида жамоанинг бир овоздан “Яхши одам эди!” дея берган жавобини эслатиб юборди менга. “Яхши одам эди!..”, “Яхши дарахт эди!..” Нима фарқи бор? Ўйлаб қарасам, тавба деб айтай, сен мен учун энг яқин одамларимнинг ҳеч биридан кам эмас экансан. Ўшалар қадар азиз, ўшалар қадар севимли, ўшалар қадар қадрдон, ўшалар қадар… Хуллас, ўшалар қадар: кўп ҳам, кам ҳам эмас!..
Аммо не ёзиқки, сен қурий бошладинг. Энди навбат сенга келганга ўхшайди. Аммо сен тирик туриб кетмадинг-ку! Танангда ҳаёт қони оқиб турар экан, одамлардек айриламан, демадинг-ку! Шуниси кўнгилга тасалли беради. Шунисини ўйлаб ўзимни овутаман. Тасалли!.. Аслида, у сенинг ҳолинг қаршисида йўқдек эди. Ҳамма шохларинг бирдан қовжирай бошлаганди. Бу гал битта шохни қурбон бериб ўтирмадинг: “ҳаё-ҳуйт!” дея тирикликка этак силкитдинг гўё. Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида дала ҳовлига бориб буларнинг ҳаммасини кўрдим. Ўтган ҳафта бундай гап йўқ эди-ку! Ёки мен эътиборсиз қолдимми? Энди не кўз билан кўрайинки, бутун борлиғинг сўлиб, эгилиб-букчайиб боряпти экансан. Кўрибоқ ичим титраб кетди. “Во, дариғ!” деган бўларди Парижда яшаётган ўша бир гапириб ўн куладиган дўстимиз сенинг шу ҳолингни кўрганида. Мен эса… мен бир сўз ҳам демадим. Деёлмадим чунки. Индамай келдим-да, шохларинг остига қўйилган каравотга ўзимни ташладим. Ташлаган кўйи жим қолдим. Мен гапириб изтироб чеколмайман, ахир! Изтироб чекканимда эса гапиролмайман… Мум тишлаган кўйи сен ҳақда ўйлай кетдим. Ҳаммасини ўйладим, ҳаммасини эсладим. Илк танишувимиздан то шу дамгача бўлган мулоқотимизни бирма-бир хаёлимдан ўтказиб эзилдим, эзилиб ўтказдим. Юрагимнинг бир томони ўпирилиб кетгандек тинимсиз ҳувиллашга тушди. Яна илдизингга сув қуйиб, тагингни юмшатиб, ўғит солсам яшнаб кетармикансан, деган умид, йўқ, умид ҳам эмас, илинж туғилди ичимда. Шу илинжга суяниб ўрнимдан қўзғалдим-да, атрофингни айлана кетдим. Танангга синчков нигоҳ ташлаб айландим. Оҳ, бу нимаси яна!?.. Йўғон гавдангнинг кўздан пана томонини қуртлар илма-тешик қилиб юборибди-ку!.. Ажаб, кўп ажаб, нега шу чоққанча кўрмадим экан? Тананинг орқа томони бўлгани ва у томонда панжара борлиги учун, тўғриси, қурт тушган ерингга кўз тушиши амримаҳол эди. Атай текшириб, кузатиб касалликни топиб олиш эса биз ўзбекларга ёт. Ахир, ҳатто ўзимиз гурсиллаб йиқилганимиздагина дўхтирни эслайдиган халқмиз-да! Яна нимани кутай ўзимдан? Ўзимиздан?.. Хуллас, сени мен соғ деб ўйлабман. Сен бўлсанг, ўлим билан тугаши муқаррар касалликка, дардга чалинган экансан…
Сенинг улкан гавдангга ўзимни ташлаб маҳкам қучоқлаб олдим ва шу асно ёруғ оламдаги сафаринг якунланганини ҳис қилдим. Руҳим билан сездим буни ва музлаб кетдим. Гўё дунёда ёлғиз қолгандек туйдим ўзимни. Нега бундай? Ахир, ёнимда оилам, бола-чақам, дўстларим, ҳамкасбу танишларим бор. Яратган Эгамга минг қатла шукурки, ота-онам тирик. Лекин нега сенсиз мен ўзимни бунчалар ғарибу нотавон сеза бошладим?!.. Кўзларимдан алам ва ўкинч ёшлари қуйилди: энди нима қиламан? Кимга, қайга юкиниб бораман? Одамларгами? Ахир, улар қанчалар ишончсиз! Жисмлари каби қалблари ҳам бир жойда турмайди уларнинг, доим ҳаракатда. Мен эса муқимликни, собитликни истайман. Буларнинг ҳаммаси эса сенда бор эди, ҳузурингда жам эди… Чунки сен Ватан дарвозасини қўриқлаётган аскардек бир жойда турардинг. Сендан келгувчи тасалли ҳам худди жисминг янглиғ мудом ўз ўрнида собит эди. Менга бу ҳолинг буюк вафонинг, ўлмас дўстликнинг рамзи бўлиб туюларди… Оҳ, бу жумлаларни ўтган замонда якунлаш нақадар оғир!.. Энди-чи? Энди нима бўлади?.. Ахир, сен ўляпсан? Мен… менинг умрим эса ҳали узунга ўхшайди. Бу узун умрни энди ким билан баҳам кўраман? Одамларнинг орасидан сендек бир суянчиқни топа олармиканман?.. Эҳ, шу арзимга боқ, азизим дарахт! Боқсанг-чи, шу ерда ҳам ўзимни ўйлаяпман. Сен қуриб боряпсан, эрта-индин ўтин бўлиб оловга кирасан, мен эса сенсиз қолаётган ўзимни ўйлашдан тинмаяпман. Қанчалар худбин-а, бу одамзод дегани! Лекин нима қилайинки, мен мана шуман! Одамзод мана шу!..
Ниҳоят, сен қуладинг. Шундоқ кўз ўнгимда содир бўлди бу мудҳиш иш. Ичимда ҳам сенга қўшилиб нимадир қарсиллади. Виждонмиди у ёки сенга бериб улгурмаганим меҳрим риштаси, билмадим. Энди билмасам ҳам керак… Эҳтимол, у мен ва ҳаёт ўртасидаги энг пишиқ ип эди, тириклик ипи…
Мен ўтинчилардан танангни тепароқдан кесишларини илтимос қилдим. Чунки баландроқ тўнка худди қабрга ўхшайди-да. Сенинг қабринг бўлишини хоҳладим. Балки бу ожизликдир, лекин мен шунга эҳтиёж туйдим. Ахир, сенга боғланиб қолишимни, яхши кўришимнинг ўзи бир ожизлик эмасми! Бўлсак бўлибмиз-да! Ким, қачон мудом кучли бўлибдики, биз бўлсак? Бормикан шундай зот? Бўлса кўрсатинг, бориб пойларини тавоф айлайлик! Унинг ҳам инсон зотидан эканига гувоҳ бўлайлик! Назаримда, ҳамма жойда ҳамма вақт бирдек кучли бўлиб бўлмайди. Ҳар кимнинг кучли ва кучсиз бўладиган дамлари бўлади. Мана мен, ҳозир, шу тобда ожизу нотавонман, қасирлаб синган ва бўлак-бўлак бўлиб кесилган тананг каби майдаланиб ётибман. Сенга муҳтож бўлиб ётибман. Кучли бўлганимда-чи, муҳтож бўлармидим? Албатта бўлмасдим!.. Сенинг танангдан чиққан ўтинларни ўтинчиларга бериб ўтирмай, ўзим ловуллатиб ёқиб тафтида исинардим. Ҳатто ўтинчиларни чақириб ўтирмасдим: бақувват билакларим билан ўзим танангга арра солар, қулатар ва майдалаб ташлардим. Ўтинингда пишган шўрва ёки қайнаган чойни хўриллатиб ичардим. Ана, ўтинчилар сенинг катта-кичик шохларингни нимталаб бўлишгач, ичкарида мазза қилиб овқатланиб, чой ичишяпти, гангур-гунгур гаплашишяпти. Агар мен кучли бўлсам, шубҳасиз уларнинг ёнида бўлардим, гапларига қўшилардим. Ўз боласини еган чўчқадек лаб-лунжларимни ялаб ўтирардим. Лекин мен заифман, бас, улар билан бирга овқатлана олмайман. Кўнглимда аза бор экан, томоғимдан сув ҳам ўтмайди, ахир!.. Энди ўзинг айт: кучли бўлиш яхшими ёки акси?.. Оҳ, бу ҳаётда бир тўхтамга келиш ва бу тўхтам томонида бир умр қолиш нақадар мушкул бўлмаса!..
Хуллас, ўтинчилар тананг бўлакларини юк машинасига ортиб кетишди. Дала ҳовлида сўппайиб бир ўзим қолдим. Бориб сендан қолган тўнка пойига тиз букдим. Юрагим минг йил уруш бўлган юртдек вайрон эди. Балки аччиқ-аччиқ йиғласам, енгил тортарман, деб ўйладим. Ахир, бир пайтлар, ҳу-у-в олис ўтмишда, бундан 24 йил бурун биринчи ўғлимни тупроққа топшириб келиб, уч кечаю уч кундуз тинмай йиғлаб ўзимга келгандим-ку!.. Аммо ҳозир… ҳозир негадир кўзларим суви ичиб бўлинган қудуқ каби қуриб қолганди. Эй дарахт! Ўғлимдан-да азиз бўлдингмики, сенга бунчалар аза тутмасам?!. Беихтиёр кўкка, бир тўда қора булутлар ов қидириб изғиб юрган фалакка умидвор боқдим. Балки ана шу қора булутлар менга тасалли берар – ўйлайман. Эй дарахт, ким билади, кесик тўнкангнинг остидан кўкламда яна куртак ёзиб янги авлод қиёфасида қайтиб қоларсан. Лекин сенинг янги авлодинг билан дўстлашиш учун менга фурсат ва истак берилмаган бўлса-чи?.. Ахир, мен ҳам сенга ўхшайман-да: эски дўстни ва эски ёрни севгувчиман, эй дарахт!..
Эртасига сендан қолган тўнка атрофини яхшилаб тозалаб, ерни юмшатдим-да, гул ўтқазиб, сув қуйдим.
Алвидо, азизим дарахт!..
2018 йил, июнь
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон