– Кеча туғилган кунингиз зиёфатига қарашиш билан бутун куним ўтди, – ахборот берди Исмат бошлиғига. – Сизларни жўнатганимиздан сўнг девлар кетиб, сулаймонлар қутулгандек бўлдик.
– Биламан, жуда яхши биламан, – Исматнинг сўзини бўлди бошлиқ, – яйраб ўтириб, роса ичгансизлар. Лекин, сен Исматбой, бу гапларни қўятур. Зиёфат ўз йўлида. Ёрдамчи хўжаликдаги чорванинг ойлик ҳисоботи ҳақида гапир. Тахладингми? Натижаларидан ахборот бер.
Ҳисобчи Исматбой бундай сўровларнинг устаси бўлиб кетганидан гап нима ҳақда кетаётганини дарров англади. Бошлиқдан эгилиб кечирим сўради-да, гапини давом эттирди.
– Бешта қўчқорни ажратиб олиб, боқаётганимиздан хабарингиз бор. Шу қўчқорлардан биттаси етилиб қолди. Етмиш килолар гўшти бор. Бу юк билан қўйларга насллик қилолмайди. Кеча шуни сўйдириб, зиёфатингизга ўн килосини ажратиб, қолганини буздирмай уйингизга элтиб бердим.
Бошлиқ кўрсаткич бармоғини лабига тикка босди.
– Секинроқ, томда ҳам қулоқ бор, дейдилар. Чечанг хурсанд бўлгандир?
– Уйга бутун бир қўчқор гўшти келгандан сўнг хурсанд бўладилар-да. Болаларингизнинг қувонганини айтмайсизми…
– Секинроқ гапир-е! Паст овозда имо-ишора билан тушунтир. Кейин-чи? Ўтиришларинг хушвақтлик билан тугадими?
– Яширмайман, кўп ичдик. Ўғлингиз косагул эдилар-да, қўлларини қайтаролмадик. Ҳалиги, меҳмонлардан бири олифталик қилиб “ичмайман!” деб тихирлик қилди. Лекин, ёмон иш бўлди-да.
– Биламан, – деди бошлиқ бепарволик билан, – нима иш қилганликларингни жуда яхши биламан. Бир-бирларинг билан гап талашиб ҳам олгансизлар. Балким муштлашгандирсизлар?
– Ҳа-да! Билгандай гапирасиз-е, бошлиқ. Худди шундай бўлди, – айтмоқчи бўлган гапига имконият бўлганидан қувониб гапирди Исмат. – Ўғлингизга жуда ҳавасим келади-да. Ўзлари тенгилар бир урса, икки карра қайтим берадилар. Зарб билан уришга уста.
– Биламан, – деди бошлиқ гердайиб. – Бокс тўгарагига қатнашиб, аниқ мўлжалга уришни ўрганган-да. Жароҳат олганлар ҳам бўлгандир?
– Ҳа! Йўғ-е, – қурмалиб қолди Исмат. – Бу галги жароҳат… Нима десам экан…
– Мен биламан-да, – деди бошлиқ билағонлик қилиб, – бир мушт билан эсдан кеткизгандир. Балким сени. Меҳмонлар хафа қилмадими?
– Сиз айтгандан ҳам ёмон бўлди, – деб чайналарди Исмат. – Икки курак тишлари синиб тушди. Оғизларидан қон келиб, эсидан кетдилар. Узоқ вақт ўзларига келмадилар. Бошларида турдик.
– Ана, – деди бошлиқ завқланиб, – биламан-да мен. Ким экан у сен “сиз”лаб гапираётган шўринг қургур? Муовиннинг ўша латта ўғли эмасми? Бечорага раҳмим келади. Яна икки-уч кун гинахонлик экан-да?!
– Эсанкиратган зарб кайфга қоришма бўлиб, икки соатлардан сўнг кўзларини очиб, сув сўрадилар. Сизни безовта қилмадик.
Бошлиқ гавдасини столга ташлаб, кўзойнагини қўлига оларкан, Исматга шубҳали қаради.
– Биламан, яхши биламан… Ким ҳақида гапираяпсан? Билсам бўладими?
– Ўғлингизни Фозилжон акамнинг ўғли Ғани бир уришда ағдариб ташлади. Кесилган дарахтдай қуладилар. Эзилиб кетдим. Кечирасиз, айтиб қўйганим учун.
– Ўғлим?!
Бошлиқ ўрнидан сапчиб турди. Лекин, шу заҳотиёқ шалпайиб ўрнига ўтириб қолди. Ҳушидан кетиб, энди ўзига келаётган одам қиёфасида эгилиб турганича, ғудранди.
– Э-э… Фозилжон акамнинг шундай чапдаст ўғиллари бор эканми? Ўғил бўлгандан сўнг шундай бўлсин-да. Майли урсин, хижолат бўлма! Бизнинг ўғил уришни ўргансин-да. Ким билан муомала қилишни тушуниб олади.
– Хўп десангиз, ўша зўравон гапини бир уришда… – керилди Исмат бошлиғининг аҳволига ачиниб.
– Биламан, – бошлиқ еб қўйгудек Исматга тикилди, – жуда яхши биламан. Сени ҳам бир калла қилиб оғзи-бурнингни қонга бўяшини биламан. Чиқ, кўзимдан йўқол!
Исмат бошлиғидан кечирим сўраб, эгилиб-букилганича хонадан чиқди. Чуқур нафас олиб, ўзича ғўлдиради:
– Бошлиқнинг шундай дейишини мен ҳам яхши биламан. Ахир, зўравон Ғани бошлиқнинг бошлиғининг ўғли-да. Буни эса ҳамма яхши билади.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон