Ҳаммаси Таиса деган аёлнинг «ёз-ёз»идан бошланди. Биринчи қаватдаги Остонақул буванинг «бойликлари» орасидан сичқонлар чиқаётган эмиш. Ҳатто тўққизинчи қаватдагиларнинг ҳам тинчини бузаётганмиш…
— Ишонмасайиз, уйимга чиқингиз, бир кўрингиз, — деди аёл кўкиш кўзларини жавдиратганча. — Тун бўйи «чий-чий»идан жоним ҳиқилдоғимга келадир. Санэпидстанцияга ёздим, натижа бўлмади. Улар келганида сичқон кути-иб ўтирармиди? Аслида чол ҳаммасини «тинчитиб» юбораяпти, ҳужжатини пеш қилгани қилган. «Фронтовик» эмиш. Нима, уйимиз бўсағасини мусорга тўлдирма, дейишга ҳаққимиз йўқми, а? — У қўлини белига тираган кўйи таҳдид оҳангида сўзларди. — Хат қилдим юқорига, шунга қўл қўйдириб юрибман. Ахир, бизнинг ҳам додимизни эшитадиганлар бордир-ку?..
Биринчи йўлакдан атай келган опахоннинг сарғиш чеҳрасига боқиб, ачиндим. Бир ҳисобда унга раҳмат дейиш керак. Қачонгача «дунёни сув босса, тўпиғимга келмайди», деб юраверамиз? Бироқ ҳозир имзо қўйдириш учун узатилган қоғозни олмасдан аввал дилимдагини айтдим:
— Бирданига катталарга ёзиш шартмикан?..
— Шарт, ўригилай, шарт! — Гапимнинг охиригача эшитмай бобиллади опахон. — Улардан бошқанинг кучи етмайдир бу инжик чолга!
— Бунақа ишнинг йўл-йўриғи бор. — Тушунтирдим ётиғи билан. — Аввало маҳалла фаоллари билан гаплашиш керак! Хатни оқсоқолнинг номига ёзинг!..
Ушлаган жойини қўймайдиган қўшнимиз кўз олдимда хатнинг тепасига оқсоқолнинг исм-шарифини ёзди-да, бошқа қоғозга кўчира бошлади.
— Қани, тағин нималар деб ёзамиз? — Савол назари билан қаради менга ажи-бужи хатини кўрсатиб. — Сиз устароқ кўринасиз, буёғига қарашворинг.
Маҳалла оқсоқоли онгига «етиб борадиган» бир-икки жумла айтдим.
— Ҳа, ўлма-анг! — Ёзаётганлари нишонга тегишига умид пайдо бўлгани қўнғир сочли аёлнинг юзидан аён билинди. — Энди ғинг деб кўрсин-чи!..
Опахон қоғоз-қаламини менга узатди:
— Қани, қўл қўйинг-чи…
Беш йўлак наридаги жанжалга бурнимни тиқишни истамасам-да, ҳозир ундан осонликча қутулишнинг иложи йўқ эди. Қўлим қалтираб, ноилож имзо чекдим. Кейин бармоғимни тишлаб қолдим; ахир, нега мен биринчи бўлиб… Афсус, хушим ўзимга келганида бақалоқ опамиз зинадан лапанглаб тушганча саккизинчи қаватдаги эшикни жиринглатаётганди…
Остонақул бува тўй-маъракаларда ҳамиша бош-қош. Ўз таъбири билан айтганда: қўни-қўшниларнинг «бошини қовуштириб» юради. Уришганларни яраштириб, «яраш оши» деган удумни ҳам ёдга солиб туради. Кайвони чолнинг ҳамма иши яхши-ю… шунақа «бойлик»ка ружу қўйганини ҳеч ким хазм қила олмайди. Яъни ҳар куни каллаи саҳарлаб тўкинди қутисини титади… Йўқ, у йўқчиликдан ё бирор нарсага зориққанидан қилмайди буни. Ўзининг айтишича, исрофгарчиликдек гуноҳи азимдан қўрқиб… аввал нонларни увоғигача териб оларкан, сўнг бошқа нарсаларга ҳам кўзи қиймаскан. Бўш шиша, темир-терсак, идиш-товоқ, латта-путта…
Қутилардан териб олганларини қопларга жойлаб, уйига олиб кираркан. Уч хонали уйининг шифтигача тўлгач, балкони олдига — йўлак четига жойлашга тушган. Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур, деганларидек, қоплардан ҳам ажабтовур тепалик пайдо бўлган. Тўғри, отахон кун бўйи «эрмак» дея шаҳар четидаги эски-туски нарсаларни бозорга обориб сотади.
Одамлар кекса киши дея «соқолининг оқи»ни ҳам ҳурмат қиладилар. Чол бўлса, чиқитларнинг қадрига етади-ю… қўшниларга жабр қилаётганини тушунмайди. Тушунишни ҳам истамайди! Ҳадеб гапиришга қўшниларида тил, унда қулоқ, мутасадди кишиларда эса журъат етишмайди.
Ниҳоят, Таиса опа ниятига етди! Бешта йўлакдаги тўқсон қўшнининг (ҳатто Остонақул буванинг кампири ҳам сўраб-суриштириб ўтирмасдан қўл қўйиб юборибди!) имзоси билан тўлган хатини кўтарганча оқсоқолни етаклаб келди.
Кечки пайт мажлисга тўпландик. Афтидан ҳеч гапдан бехабар Остонақул бува ҳам давра тўрида! Чамаси, бирор ошнинг маслаҳати бўлади, деб ўйлаяпти, шекилли.
Ҳозир бўлажак ғалва ҳақида ўйлаганим сари юрагим безовта уряпти…
Оқсоқол ўртага чиқиб салом берди-да, «кун тартибидаги ягона масала» ҳақида сўз очганида қўшнилар шамолда чайқалган қамишлардек қимирлаб қўйишди. Ҳозир Остонақул бувамиз «портлашини» кутгандик. Йўқ, парвойи палак ўлтирибди!
Шикоят хатини ўқигач, оқсоқол одамларга савол назари билан қаради:
— Хўш, ким сўзга чиқади?
Биринчи бўлиб ташаббускор аёл ўрнидан турди. Ийманиброқ бошлаган гапи тезлашиб, кутилмаганда қўлини мен томон бигиз қилса бўладими:
— Бу хатни сизга ана шу янги қўшнимизнинг гапи билан ёздим! — деди гўё мен уни қистовга олгандек. — Йўл-йўриғини биламан, оқсоқолга ёзиш керак, деди, тўғрими, ука? — У бошини ирғаганча гапини ўзи тасдиқлади. — Кейин, айтиб турди, биринчи бўлиб қўл қўйди… Ишимиз оқсоқолнинг ўзи билан бита қолса — олам гулистон, деган гапига мен ҳам қўшилдим…
Ҳамма гув этиб менга қаради.
Бу гапни қўшнилар қандоқ тушунганлари уларнинг олазарак ва ҳатто таҳдидли кўзларидан аён сезилиб турарди. Улар наздида гўё мен ғалва кўтарган, қўшниларни «қайраган» бўлиб қолдим.
Шу тобда ер ёрилса-ю, жимгина кириб кетсам…
Отахон ҳам ҳаракатга тушди. Қўйнидан аллақандай дафтарини чиқариб, нимадир ёза бошлади. Чамаси, у ҳам «жанг»га тайёргарлик кўрарди.
Таиса опадан сўнг ўн чоғли киши гапирган бўлди.
Фақат гап нишаби икки томонга қаратиларди: биринчиси, Остонақул бува ҳовлидан ўша «бойлик»ларини йўқотса яхши бўларди, иккинчиси, Бўри Ботиров (яъни, мен!) катта жойда ишлаганини пеш қилмасин, қўшнилари устидан хат уюштирмасин!..
Чўққисоқол кишининг гапи қизиқ бўлди:
— Бўрибой ука, ҳақиқий бўри ҳам ўз атрофидаги қўтонга тегмаскан. Сиз ёзувчилигингизни кеп-кеп саксон яшар отахонга кўрсатасизми? Бувангиз тенги одамни шунақа изза қилишингиз инсофданми? Ўзларига ётиғи билан айтсангиз бўлмасмиди?.. Қилғиликни қилиб қўйгач, нега энди ҳадеб бу аёлга (Таиса опага ишора қилди) ёмон қарайсиз? Ожизанинг қўли билан бировни уришга усталигингизни хаспўшламоқчимисиз? Шу ишингиз инсофданми?!
Бурни япасқироқ кишининг гапи ундан ҳам ошиб тушди:
— Шунча дардийиз боракан, домком ўлгани йўқ-ку?! — Кўкрагига уриб қўйганига қараганда ўзини айтаётганди, шекилли. — Йигирма йилдан бери домимиздан бунақа бемаъни гап чиқмаганди…
— Илон чиқмаганди, денг! — Луқма ташлади пиёниста башара одам.
Бу гапга кимдир кулди, бошқаси таассуф ила бош чайқади. Куйган башараси кўршапалакка ўхшаб қолган барзанги сўйлоқ тишлари орасидан папироснинг тутунини пуркаган куйи илондек вишиллади:
— Биз учун ўша мусордан кўра шунақа бузғунчилар хавфлироқ…
Вой тавба, тўкинди қолиб, қўшнилар мени муҳокама қилишяптими?!
Таънали қарашларга дош беролмасдим шу тобда.
Ниҳоят, Остонақул бува одоб ила қўл кўтарди. Гўё маҳалла раисининг марҳамати билан даврага чиқди-да ҳаммага бир-бир бош ирғаб салом берди. Қандайдир дафтарини варақлашга тушганида нечундир кўпчиликнинг дами ичига тушди.
— Азиз қўшнижонлар, — деди чол босиқлик билан. — Соқолим оқарганда шу ғалва менга керакмиди? Ўзи ғалва кўтаришга арзигулик гап бормикан? Ахир, нима масала бўлса, гузарда, бир чўқим ош устида ҳал этсак бўлади-ку! Модомики, Бўрибой, ёзишга уста экансиз, — деди чол мен томон ўгирилиб, — энди бошқа гапларни ҳам ёзасиз! Муаммоларни бир бошидан ҳал этишга ёрдам берсангиз, кони савоб-ку! Мана, ёзинг, — деди у қўлимга қоғоз-қалам тутқазиб. Ўзи эса боя сўзга чиққанларга бир-бир қараб олгач, дафтарини ҳижжалаб ўқишга тушди. — Дўст-дўстга ойна, деганларидек, хатоларимизни юзимизга очиқ айтганимиз яхши. Менга таъна қилганлар, аввало, ўзларининг қусурларини тузатсалар, мен ҳам айтганларини бажо келтиришга тайёрман! Хў-ўш, Таиса Муртазина пақилдоқ деган портловчи модда сотмоқда. Урушда ҳам бунчалик бангиллаган товушни эшитмагандик. Қулоқнинг пардасини йиртиб, юрак ўйноғи қип қўйяпти-ку бу қизиталоқ! Тинч ётган мусордан юз марта баттар асабни бузади-я! Миртўра Шоқосимов икки ўғлини армиядан олиб қолиш учун пропискадан ўчиртирган. Маҳзуна вояга етмаган болаларга папирос сотади. Қўзивойникида талабалар ижарада туришади. Бу қонунга зид! Марям Иноғомова ва Гули Сотиволдиевалар антисанитария ҳолатида ҳолва ясаб, пуллайди… Саъдуллаева хонадонига кираверишдаги қўшимча деворини буздириб ташлаган. Ахир, биринчи қаватдаги қўшнимиз деворини бузишига йўл қўйиш мумкинми? Худо кўрсатмасин, ер салгина қимирлаб кетса, бутун «дом» адойи тамом бўлади-ку?! Бунёд бебурдлик қилиб, болаларга уятсиз расмлар тарқатмоқда. Анора иккинчи эри билан беникоҳ яшаяпти. Ҳакимова ўқимаган болаларга аттесстат сотади. Мансур монтёрга ким пора берса, ток ҳисоблагичини орқага қайтариб беради. Қўзивой соғ кўзини касал деб ҳужжат тўғрилаб, трамвайда текин юрибди. Суюнов уч жойда ишлашини солиқчилардан яширган. Қалбаки «прописка» билан юрган етти кишини аниқладим. Хонадонида яширин цех ташкил қилган сохта тадбиркорлар, исловотхона очганларни ҳам ошкор қилишим мумкин… Айтиб қўяй, ҳамма фактларим аниқ тасдиқданади!..
Чоли тушмагур сал ошириб юборди. Ярим йилдан буён битта қувурдан сув ичаётган қўшниларимнинг қанча яхши фазилатларини англаб етганман! Ҳаммаси жуда бамаъни инсонлар. Ҳар бир одамнинг ютуғи ҳам, камчилиги ҳам бўлиши табиий. Беш қўл баробар эмас-ку. Иллат излаганга иллатдир дунё, деганларидек, нуқсон ахтарсанг, ҳар қандай кишидан ҳам нимадир топиш мумкин экан-да… Гап — унга қай кўз билан қарашда!.. Кўнглимдан шундай ўйлар кечиб турган эди ҳамки, отахон исми шарифимни тилга олиб қолса, денг. Гал ўзимга етганини эшитгач, беихтиёр сапчиб тушдим. Шу он вужудим қулоққа айланди. Мендан ҳам бирор «айб» топиши мумкинмикан? Умрим бўйи вазифамни виждонан бажараётган бўлсам, савоб ишлардан сира четда турмасам, бировнинг мушугини «пишт» демасам…
Чол дафтарининг янги саҳифасини очди. Чамаси, фикрини «фактлар» билан мустаҳкамлаб олгач, ўзига хос «тактика» билан ҳужумга ўтди:
— Ука, сиз қувлаб юрган қуёнларнинг онасини аллақачон ўзим қовуриб еганман! — Унинг тагдор гапини ким қандоқ тушунаркин? Шу тобда секин атрофга боқдим. Ҳамма таажжубга тушгандек бош чайқарди. — Фалон жойда ишлаганман, деб пеш қилаётганингиз ўшаларнинг қулоғига етиб борса, ҳолингиз не кечишини яхши биласиз-а? — Ўзича «нозик» жойга урди у. — Биз ҳам вақтида шундоқ жойларни гуллатганмизки, ҳатто номини эшитсангиз, лабингизга учуқ тошади, билдингизми! Фақат, сизга ўхшаб пеш қилмаймиз! Бировнинг орқасидан тош отмаймиз! Аёлнинг қўли билан иш қиладиган хотинчалиш эмасмиз!..
Шу пайт отахоннинг гапини бўлиб, кимдир луқма ташлади:
— Ҳали ёшимга етасанми-йўқми, денг!..
Кўнглидаги гап айтилганига чол ташаккур маъносида ўша томонга бош ирғаб қўйди-да, сўнг мен томон кўзини лўқ қилганча «оташин нутқи»ни давом эттирди:
— Янги қўшнимизнинг давлатга келтираётган зарарини чўтга ташласак, ҳамманикидан ошиб тушаркан, — деди у кекирдагини чўзиб. — Меҳмондўст бўлиш яхши, бироқ, эви билан-да. Меъёр деган нарса бўлиши керак-ку, ахир. Бўрибойнинг уйига ўтган ойда кам эмас — ўттиздан ортиқ меҳмон келганини санадим. Булар ҳали мен кўрганларим! Кўрмай қолганларим-чи? Баъзилари уч-тўрт кунлаб ётиб юришди-я. Беш-ўн нафари қариндошдир, қолганлари-чи? Қанча одамга «бошпана» бўляпти бу тўрт хонали уй! Ёки «Меҳмонхона» очганмисиз? — У инспекторга қарата буйруқомуз оҳангда гапирди. — Ўз уйингни ўзинг асра, деганларидек, шунга эътибор берсангиз бўларди. Нима бало, шаҳар бедарвоза бўлиб қолдими? Қанча иссиқ сув, ичимлик суви, газ беҳудага сарфланяпти?! Уйида пропискада бўлган беш киши учун пул тўланса-да, амалда ўттизталаб одамга сув, газ ва бошқа нарсалар исроф бўлаверишини қандоқ изоҳлаш мумкин? Энг кўп мусор ташлайдиганлар ҳам шулар!
Чолнинг сўнгги сўзлари учун исбот талаб қилишимга ҳожат йўқ эди!..
У, гапим тамом, дегандек дафтарини ёпди.
Ё, алҳазар! Айбим ҳамманикидан зиёдага ўхшайди-я?! Наҳот, шунчалик зараркунанда бўлсам?! Шу тобда ўзимдан нафратланиб кетдим…
Қўшнилар ҳам еб қўйгудек тикилишар эди. Рингда накаут бўлган боксчининг ҳолига тушдим…
Энди қўшнилар ҳам бири олиб, бири қўйиб муҳокама қилишарди. Ҳар хил луқмалар гўё олис-олислардан эшитилаётгандек туюларди:
— Ўзингдан чиққан балога — қайга борасан давога?
— Туппа-тузик одамга ўхшайди, деб юрсак, ичиқора экан, а?
— Катта кетадиган кишидан ҳар нарсани кутиш мумкин.
— Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ-да!..
— Отаси тенги одамнинг нафсониятига тегиб нима қиларкин?
— Ҳали шу кишининг ёшига етадими, йўқми?
— Қилғиликни қилиб, Таиса опага тўнкамоқчи бўлади-я?!
— Бировнинг қўли билан бошқаларни уришга уста экан!
— Ғаламис деганлари шунақа бўлади-да!..
— Тинчгина кўчиб кетмаса, ўзини мусор яшикда кўради!
— Ва-ҳа-ҳа-ҳа…
Тавба, дейман ўзимга ўзим. Ҳозир уларга: «Чолнинг мусори халал беряптими ё Бўри Ботиров?» дейилса, ҳеч иккиланмасдан мени кўрсатишлари аниқ! Ё алҳазар, хотинлар мунча ёмон қарашяпти?..
Ёнгинамда ўтирган чўтирбашаранинг луқмасидан сесканиб тушдим:
— Шунақа бузғунчидан Остонақул буванинг мусори тузукроқ!
Тепакал киши ҳам «муҳокама»дан четда турмади:
— Уйини «колхоз» қиворибди-я. Ўзим кўрдим, кўпчилиги кўринишидан соддагина кишилар.
Унинг тилини қичитиш учун кимдир атай савол берди:
— Содда бўлса нима қипти?
— Уларни лаққиллатиш осон-да! Душхонани «ҳаммом» деб алдаса ким билиб ўтирибди? Чўмилганларининг роса пулини шилаётгандир?!
— Чўмилгиси келганларга барибир эмасми. Бу атрофда бошқа ҳаммом бўлмаганидан кейин…
Таъна ва туҳматлардан эсанкираб қолдим. Ўзимни оқлаш учун тилим базўр айланди:
— Ах-ахир, иссиқ сув бир кун келса, икки ҳафта келмайди-ку? Совуқ сув ҳам…
Шунда Таиса опа яна «портлади»:
— А-ҳа, боракансиз-ку! Ана шуларни ёзингиз! Майли, ўзим ёзаман. Сиз устидан бир кўриб берсангиз бас! Гапга усталигингиз иш бераркан! Ҳамма жон деб қўл қўяди! Буниям биринчи оқсоқолга ёзамизми ё каттароғига?..
Гур-р кулги кўтарилди…
Бир алфозда уйга чиқсам, кеча меҳмонга келишган собиқ синфдошлар бамайлихотир ўтиришибди. Бири душга тушаётган экан (ичкарида сувнинг шалоплаган товушидан юрагим бир қалқиб тушди), иккинчиси сочиқни елкасига ташлаганча навбат кутяпти. Бошқалари балконда папирос тутатиб, хуморидан чиқишяпти…
Жимгина ошхонага ўтдим. Газнинг тўртта «кўзи»да ҳам олов пориллаб турибди. Бирининг устида қозон, иккинчисида чойнак. Қолганлари эрмакка ёқиб қўйилганга ўхшайди. Уларни шартта ўчириб қўйдим. Негадир иккала жўмракдан ҳам сув оқизиб қўйилган. Сабабини сўрасам, хотиним мунча майдакаш бўлмасангиз, дегандек ғалати қараш қилди-да, секин минғирлади: «қувурларни тозалаш учун атай шундай қилдик…» Ўзимни зўрға босдим. Кўз олдим тундлашиб, қорамтир парда ичра Остонақул буванинг кўлкаси пайдо бўлди. У гўё: «Ноинсоф!» деяётганга ўхшарди. Сесканиб тушдим. Нима бало, туш кўряпманми ё ақлдан озяпман?!
Ижодхонамга киргач, катта кўзгуга боқдим. Ҳар куни ишга кетишдан аввал бўйинбоғимни тақаётиб, ўзимга бағоят бамаъни, салобатли кишидек кўринардим. Ҳозир эса, қандайдир пандавақига ўхшардим… Ойна олдида сочилиб ётган бир талай «Ташрифнома»ларимга кўзим тушгач, ҳамма айб ўзимда эканини англадим; эҳ-ҳе, буларни кимларга тарқатаман?! Тағин қанчасини бошлаб келмоқчиман? Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганлари шуми? Ахир, каталакдек хонадонимни кўз-кўз қилишни қачон бас қиламан ўзи?.. Маломат қилишганича бор экан-у…
Қўлларим беихтиёр ўша «Ташрифнома»ларни ғижимлади. Ҳаммасини чиқитлар ташланадиган челакка улоқтирдим…
Эртаси куни Остонақул бува одатига кўра қора қутиларни титкилаётган маҳалда камина катта йўл бўйидаги бекат устунига «Уй сотаман» деган эълонимни ёпиштираётган эдим…