Тоҳир Малик. Ота-оналар мажлиси (ҳажвия)

(Кимга қийин, ота бечорага!)
Мактаблардаги  “ота-оналар мажлиси”га фақат оналарнинг бориши ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган пайтда “Оталар мажлиси” деган гап чиқди-ю Олтмишбойнинг тинчи бузилди. Хотини билан қизи бир ҳафта давомида мажлисга бориши шартлигини эслатаверишиб, бошини оғритиб юборишди. Якшанба куни чойхонада ошлари бор эди. Қандай чора топишни билмай ошхўр ошналарига қўнғироқ қилса, уларнинг бошлари ҳам шу мажлис билан оғриётган экан. Ошни икки соат кейин дамлашга келишиб олишди.
Кўчада қўшнисига ҳамроҳ бўлиб, мактабга борди. Муаллимлар мажлисга келганларни рўйхатга олишаётган экан. Олтмишбой уларга яқинлашди. Фамилиясини сўрашган эди, айтди. Қизининг шу мактабда ўқишини ҳам айтди. Аммо “Қайси синфда?” деган саволга келганда қоқилди. Қўшнисига қараган эди у “Менинг қизим саккизинчида ўқийди”, деди. “Менинг қизим ҳам бирга ўқиса керак”, деган ўйда:
-Саккизинчида,-деди.
-Саккизинчи “А” ми “Б” ми?-деб сўрашди.
Олтмишбой аниқ жавоб бермагач, ҳар иккала синф рўйхатини қарашди. Унинг қизи рўйхатда йўқ эди.
-Балки саккизинчи “М” дадир?-деб сўрашди.
Олтмишбой ажабланди.
-Синфларинг шунчалик кўпми?-деб сўради.
-Кўпмас, учта саккизинчи бор. “М”  – махсус синф деганимиз.
Олтмишбой “Махсус синфда махсус фанлар ўргатилса керак”, деб ўйлади. “М” синфида мартабали оилалар фарзандлари ўқишини хаёлига ҳам келтирмади.
-Амаки, қаерда ишлайсиз?-деб сўрашди.
-Қурилишда, устаман,-деди Олтмишбой.
-Унда қизингиз “М” синфида эмас экан,-дейишди.
Олтмишбойнинг боши қотиб турган эди, қўшниси:
-Қизингиз ўттиз иккинчи мактабда ўқийди шекилли?- деб қолди.
-Йўғ-е?-деб иккиланди Олтмишбой.
-Ҳа, шунақа, -деди қўшниси.-Кўчанинг у бети ўнинчи мактабга, бу бети ўттиз иккинчига қарайди.
Қўшниси шундай дегач, гапини исбот қилиш мақсадида ёнидан телефонни чиқариб, Олтмишбойникига қўнғироқ қилди.
Олдиндан огоҳлантирмагани учун хотинини койиган Олтмишбой ўттиз иккинчи мактабга бормай, чойхонага йўл ола қолди.
Мен чойхонада сабзи тўғраб ўтирган эдим, бечора бир пиёла чой ичиб олгач, хасратини менга тўкди. Унинг арзини эшита туриб, турк адиби Азиз Несиннинг бир ҳикоясини эсладим-у айтиб бера бошладим.
***
Икки ўт орасида қолсам ҳам бу азобда қийналмаган бўлардим. Нима қилишни билмай бошгинам қотди: ота-оналар мажлисига борайинми ё бормайинми? Борай десам, у ерда айтишга арзигули гапим йўқ. Гапим бўлганда ҳам, тўртта одамнинг орасида гангиб айтадиганимни айтолмай, довдираб қоламан. Бормай десам, хотиндан балога қоламан.
Хуллас, ўйлай-ўйлай боришга қарор қилдим. Ўйчи ўйига етгунича таваккалчи тўйига етибди, деганларидай, мактаб остонасига қадам қўйганимда мажлисга кечикканимни англаб яна тўхтаб қолдим. Бир оз иккиланиб тургач,  синф эшигини астагина очиб, ичкарига мўраладим. Оқ сочли хоним ўрнидан туриб, менга норози қиёфада қаради. Бу ҳам камлик қилгандай муштимини тугди, бу ҳам етмагандай:
-Кечикяпсиз, жаноблар, кечикяпсиз!-деб танбеҳ берди.
Уятдан қизариб кетдим. Нимадир деб ўзимни оқлашим керак эди, унинг бақиришига жавобан минғирладим:
-Автобус йўқ… такси ҳам анқонинг уруғи… Айб менда эмас…
-Бунақанги баҳоналар маъмуриятни мутлақо қизиқтирмайди!
Хонимнинг гапини яхши тушунмадим: автобус маъмуриятини айтяптими ё таксичиларни назарда тутяптими? Сўрашга истиҳола қилиб, бўш жойга ўтира қолдим. Хоним эса кескин оҳангда гапини давом этди:
-Мактаб маъмуриятининг ота-оналардан норозилиги шундаки, қанча гапирмайлик, қанча огоҳлантирмайлик, барибир, болалар дарсга кечикиб келишяпти. Яна эслатаман: мактабда дарс соат роппа-роса тўққизда бошланади.
Хоним “Тушунарлими?!” дегандай рўпарасидаги аёлга қараб қолган эди, у ўтирган жойида гап ташлади:
-Қизларнинг юпқа тўр пайпоқ кийишини мутлақо таъқиқлаш керак. Фақат қизлар эмас, катта хотинлар ҳам киймасин!
-Мен муҳтарама хоним афандининг гапларига қўшиламан,-деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим.
Шундай дейишга дедим-у гапимдан уялиб, ерга қарадим. Шу онда  юпқа тўр пайпоқ кийишни таъқиқлашни талаб қилган хотиннинг оёғига кўзим тушиб қолсами!   Шу ёшга кириб бунақа беўхшов оёқни кўрмаган эдим. Болдир билан сон ўртасида тизза дегани бўларди. Бу хонимнинг  болдири семизлигидан тиззани босиб ўтиб, сон билан бирлашиб кетган эди. Кийиб олган қалин қора пайпоғи бармоқдай-бармоқдай бўртиб турган томирларини яширишга ожиз эди.
-Ҳамма қизлар қалин қора пайпоқ кийишлари шарт,-деб юбордим мен яна. Нега шундай деганимга ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Мажлисга отланаётган пайтимда гапиришни режа қилмаган эдим.
Ёнимда ўтирган жанобнинг энсаси қотиб, менга “калланг жойидами?” дегандай ғалати қараб қўйди. Бошқаси эса шарт ўрнидан туриб, эътироз билдирди:
-Муҳокама қилишимиз зарур бўлган бошқа муаммолар ҳам бор. Пайпоқ-майпоқ деб бошни бекорга қотирмайлик. Биз бугун чет тилларни ўқитиш масаласини ҳал қилиб олайлик. Менингча, барча дарслар немис тилида олиб борилиши шарт. Мен Германияда ҳам яшаганман. У ердаги барча мактабларда дарслар немис тилида ўқитилади.
Мажлисга кечикиб кирганимдаги ҳижолатлик мени ҳали тарк этмаган эди. Айбимни ювиш учун яна гапга аралашишни истаб қолдим.
-Мен Германияда яшамаганман,-дедим баланд овозда,- лекин жанобнинг талабини маъқуллайман. Нимага деб сўрарсиз? Чунки дунё тараққиёти, айниқса, техника тараққиёти немисларнинг хизмати билан бўлди. Агар немис болалари мактабларида немис тилида ўқимаганларида…
Фикримни охиригача баён қила олмадим. Кўзойнакли жаноб гапимни шарт бўлди:
-Жаноблар, мажлисимиз мавзуи чегарасидан чиқиб кетяпсизлар. Дарсларни қайси тилда ўқитиш  масаласини ҳал қилиш вазирликнинг вазифаси. Биз бугун бу ерга мактаб ва ота-оналарнинг ўзаро муносабатини белгилаш учун йиғилганмиз.
-Бу мактабда немис тили неча соат ўқитилади?-деб сўради Германияда яшаб келган жаноб.
-Ҳар синфда ҳар хил,-деди кўзойнакли жаноб.-Биринчи синфда олти соат, еттинчи синфда саккиз соат.
-Кам,-деб эътироз билдирди жаноб.
-Жуда кам,-деб мен уни қўлладим.
Шу онда орқа томондаги қария бақирди:
-Мактабда футбол ўйнашни таъқиқлаш керак. Болаларнинг оёғига пойабзал етказиб бўлмаяпти! Ҳар ойда янгисини олиб беравериб, силлам қуриди.
-Бизнинг қизларимиз футбол ўйнашмайди,-деди оқ сочли аёл.
-Ўғил болалар ўйнайди-ку!-деди қария бўғилиб.
-Ўғил болалар билан ишимиз йўқ. Бу ер қизлар мактаби!-деди аёл ўжарлик билан.
-Нима? Қизлар мактаби дедингизми?-ажабланди қария.-Унда… бу ерда кичик набирам ўқиркан. Бу ерда қизлар ўқийдими ё ўғил болаларми, барибир футбол ўйнашни таъқиқлаш керак. Болалар қадимги анъаналаримизни унутиб қўйишяпти…
-Энг ёмони – болалар дарсга келмай қўйишяпти,-деди муаллима ачиниш билан.-Ота-оналар бунга жиддий эътибор беришлари шарт.
Чап томонимда ўтирган одам мендан секингина сўради:
-Зиёфат қачон бошланаркан?
-Билмадим,-дедим.-директордан сўранг.
-Директор ким экан?
-Билмадим… Рўпарадаги уччала одам ҳам келбатидан директорга ўхшайди,-дедим.
Ёнимдаги одам рўпарадаги басавлат кишига мурожаат қилди:
-Жаноб директор, зиёфат қачон бошланади?
-Директор қани?-деб сўради басавлат киши атрофга аланглаб.
-Жаноб директор бетоблар, мажлисга кела олмадилар,-деди кўзойнакли аёл.
Ёнимдаги одам энди ундан сўради:
-Зиёфат қачон бошланади?
-Қанақа зиёфат?-деди аёл ажабланиб.
Ёнимдаги одам уялиб, жойига ўтирди.
-Вой бетамиз-ей! Уйга борганимда адабини бермасам бўлмайди. Бунақа аҳмоқ қиз калтакка лойиқми ё йўқми, ўзингиз айтинг?-деб сўради мендан.
-Бир нима дейишим қийин, қизингизнинг айби нима?
-У мени лақиллатибди. “Мактабда ота-оналар зиёфати бўлади, зиёфат пайтида мен рақсга тушиб бераман”, девди. Онаси ҳомиладорлиги учун келолмай, мени жўнатган эди.
Ёнимдаги ҳасратини бошлаган пайтда юпқа пайпоқ душмани бўлган қалин пайпоқли хоним гапга тушиб кетиб, даъвосини исботлай бошлаган эди. Айни дамда немис тили ўқитиш тарафдори ҳам тинмай сўзларди. Ким кимни эшитаётганини аниқлаш амри маҳол эди. Орқа томонда ўтирган йигит мендан аста сўради:
-Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман, бу ерда нима бўляпти ўзи?
Мен орқамга ўгирилиб, юпқа пайпоқ душманининг, футбол душманининг даъволарини, немис тили тарафдорининг талабини эринмасдан тушунтирдим.
-Оббо!-деди йигит уф тортиб.-Бу ерга адашиб келиб қолибман. Мен касаба шўросининг йиғинига боришим керак эди, бу ернинг мактаблигини билмабман. Яхшиям сўз сўрамаганим. Энди бу ердан қандай чиқиб кетсам экан?
Сочига оқ оралаган аёл ўрнидан туриб, ҳаммани тинчитди-да, мақсадини баён эта бошлади:
-Жаноблар, бу мактабда  камбағал оилаларнинг болалари ҳам билим оладилар. Олти юз етмиш ўқувчининг ярми дарслик сотиб олишга қурби етмайди. Биз ҳеч бўлмаса юз ўқувчини бепул овқат билан таъминлашни хоҳлардик. Биз бу борада сизларнинг ҳимматларингизга муҳтожмиз.
Бу гап бир хотиннинг сабр косасини тўлдириб-тошириб юборди. Шарт ўрнидан турди-ю ғазаб билан гапира кетди:
-Бу қанақаси! Худонинг берган куни ёрдам сўрайсизлар-а?! Қизим ҳар куни пул сўрайди. “Пул бермасангиз, мактабга бормайман,   дугоналаримдан уяламан”, деб хархаша қилади. Мен сизлардан сўрамоқчиман: бу пуллар қаёққа кетяпти? Ҳар куни кимгадир ёрдам бераверамизми? Ёрдамнинг чеки-чегараси борми? Яхшиси, бир ойда шунча пул берасизлар, деб белгилаб қўйинг. Шунга қараб тўлайлик.
-Тўғри, жуда тўғри таклиф!-деб маъқулладим мен.
Оқ сочли аёл менинг хитобимга аҳамият бермай, пул ҳақида гапирган хотинга юзланди:
-Қизингизнинг исми-насаби нима?
-Гултан Яшоба.
-Ҳм…-деди оқ сочли аёл лабини қимтиб.-Учинчи “Б” синфида ўқийдиган Гултан Яшобами? Демак, гап бундай, хоним афандим: қизингиз таътилдан кейин фақат бир ҳафтагина мактабга келди. Шундан бери қорасини кўрсатмади. Биз сизни огоҳлантириб, хат жўнатган эдик.
-Нималар деяпсиз? Демак, мен ёлғон гапираётган эканман-да? Қизим кимларгадир ёрдам бериш учун мендан ҳар куни пул сўрайди,-у норози оҳангда шундай деб ёнидаги хотинга қараб давом этди:-Уйга ҳам келмайди. Қаёқда санқиб юради? Дадаси билан ажрашганмиз. Дадаси билан туради у…
Мажлисда ўттизга яқин одам иштирок этаётган эди. Ҳар бири ўзига хос муаммосини билдириш мақсадида қаттиқроқ бақириб, бошқаларнинг овозини босишга ҳаракат қиларди. Оқ сочли аёл эса барчани инсофга чақиришдан бўшамасди:
-Жаноблар, бозор қилиб юбординглар-ку, ахир! Галма-галдан гапиринглар!
Инсофга кирган жанобу хонимлар тинчидилар-у сўз сўраб, барварига қўл кўтардилар. Биринчи сўз навбати қарияга тегди:
-Муҳтарама муаллима хонимлар, муҳтарам муаллим жаноблар,-деб салмоқ билан гап бошлади у,-Биринчи бўлиб футбол ўйинини ким бошлаган биласизларми? Билмасангиз билиб олинг: жаҳаннам хизматчилари бўлган язидлар бошлашган. Ул малъунлар ҳазрати имом Ҳусайн бошларини танадан жудо қилиб, тепиб ўйнаганлар. Бу футбол ўйини ёшларни ўша бузуқликка етаклайди. Футбол ўйнаш улуғ гуноҳ саналади.
Унинг эзмалиги шу қадар кўп давом этди-ки, ўтирганлар чидай олмасдан: “Бўлди қилинг, биз ҳам гапирайлик!” деб бақира бошладилар. Шундан сўнг басавлат жаноб ўрнидан туриб сўз бошлади. У ҳар икки болага бир нонушта беришни таклиф қилиб, бу борадаги муаммони баён этди:
-Шундай қилсак, камбағал оилаларнинг болаларига ҳиммат қилган бўламиз.
У таклифни амалга ошириш ғоят қийин масала эканини исбот этиш мақсадида қимматчиликда бировга яхшилик қилишнинг ўзи бўлмаслигини, сифатли сарёғ топиш қийинлигини, кўмир масаласи ҳам оғирлигини айта бошлаганда барчанинг тоқати тоқ бўлди. Бироқ, уни гапдан тўхтатиш осон бўлмади. Жойига зўрлаб ўтқизиб қўйишса ҳам, жаврашдан тинмади.
Қарасам, бунақада менга гап навбати тегмайдиганга ўхшаб қолди. Шу сабабли шарт ўрнимдан туриб қичқирдим:
-Хонимлар ва жаноблар!
Мен мажлис аҳлининг диққатини тортиш учун гапни Насриддин Афанди латифасидан бошладим. Лекин латифа яримлаганда охирини унутиб довдираб қолдим. Лекин сир бой бермай:
-Воқеанинг нима билан тугаганини ўзингиз биласиз, такрорлашнинг ҳожати йўқ,- деб латифани якунлагандай бўлдиму мақсадга ўта қолдим:-Агар болалар имтиҳонлардан ўта олмай, иккинчи йилга қолишса, бунга муаллимлар эмас, ота-оналар айбдордирлар! –Мен гапга шунчалар берилиб кетдим-ки, тўхтатишга уриниб ҳам кўришмади.-Ота-оналарнинг болалари билан ишлари бўлмай қолди. Боласининг нечанчи синфда ўқишини билмайдиган отани нима деб аташ мумкин?
Бу гапимдан кейин ўқитувчилар қарсак чалиб юборишди.
-Мажлисимиз чўзилиб кетди, қолган гапларни кейинги мажлисда ҳал қилармиз,-деди оқ сочли аёл.
-Фикримни якунлаб берай, ҳали гапим кўп,-дедим мен.
Ижозат беришмади, лекин кетаётганимда муаллимлар менга раҳмат айтиб, иззат билан кузатишди. Мажлисдаги ишимдан қувониб қайтдим. Бироқ остона ҳатлашим билан хотинимнинг ғазаб ўқларига дуч келдим:
-Қаёқларда санқиб юрибсиз?
Соатга қарасам ўндан ошибди.
-Санқиганим йўқ. Ўзинг айтдинг, гапингга кириб, ота-оналар мажлисига бордим. Мажлис чўзилиб кетди. Менам гапирдим. Гапим ўқитувчиларга жуда ёқди, раҳмат ҳам дейишди. Қарагин-а, ота-оналар болаларининг тақдирига қизиқмай ҳам  қўйишибди. Болалари бир синфда икки йил ўқиса ҳам парволарига келмайди-я! Яна ҳамма айбни бечора муаллимларга тўнкашади. Инсоф деган нарса йўқ ўзи буларда.
Хотиним гапимга маҳлиё бўла бошлаганда қизим хонасидан чиқиб, менга норози қиёфада қаради.
-Дада, нега мажлисга бормадингиз? Ўқитувчиларим  мени яна уришишди,-деди лабини буриб.
Унинг гапи  хотинимнинг тутаб турган ғазаб ўтига мой бўлиб сепилди:
-Ҳали уялмай-нетмай боланинг олдида ёлғон гапиряпсизми? Ярим кечагача аллақаерларда санқиб келиб, мени лақиллатмоқчи бўляпсизми?
-Қизим, ҳазиллашмагин, мажлисингга бордим-ку? Зўр гапларни гапирдим. Ўқитувчиларинг қойил қолишди-ку ахир?!
-Дада, борганингиз йўқ. Келишингизни мактабда пойлаб ўтирдим.
-Унақа дема, қизим, гимназиянгга бордим, мажлисда гапирдим.
-Дада, нималар деяпсиз?! Мен гимназияда эмас, Боязид лицейининг охирги синфида ўқийман-ку!-деди қизим йиғламсираб.
-Нима?-деб ажабланди хотиним.-Қанақа лицей? Мен сени гимназияга ўқишга берувдим-ку?
-Ойижон, мени  у ердан ҳайдаб юборишганига икки йил бўлди.
-Қанақа ақлсиз қизсан ўзинг!-деб бақириб юбордим мен.-Қаерда ўқишингни, қандай ўқиётганингни ота-онангга билдириб қўйсанг бўлмасмиди!
Вой, тавба! Қандай замон бўлди ўзи? Бу болаларга нима бўлган, тушуна олмаяпман…
***
Учта сабзини тўғраб бўлгунча бу ҳикояни айтиб якунлаб, Олтмишбойга қарадим. Олтмишбой ўйланиб қолган эди. “Ҳикоя қаттиқ таъсир қилибди-да”, деб ўзимдан ўзим мамнун бўлиб сўрадим:
-Ўшанақа болалар бизда ҳам бормикин?
-Қанақа болалар?-деб ажабланди Олтмишбой.
-Ҳозир айтдим-ку?
-Узр, акахон, хаёл олиб қочибди. Гапингизни эшитмабман.
-Хаёл қаёққа олиб қочибди?
-Гуручни Холдор бетайин олиши керак эди, яхши тайинламабман. Агар “Кенжа” ўрнига “Девзира” олиб келса, ошни расво қилади…