Бўрининг бир юмалаб қўзичоққа айланганига инонасиз-ку, тунда уйқуга берилмиш баққолнинг тонгда ёзғувчи келбатида уйғонмоғига нечун ишонмайсиз, садағанг кетай? Тушимга Жулқунбой ҳазратлари кирсалар, айб кимда бўлур? Баққолликдан топгон-тутғоним «тирикчилик» аталмиш шалоқ аробани юрғизиб турғон эрди. Субҳи козибда уйғониб, ёзғувчиликни касб этарман, деб ўйламағон ҳам эрдим. Гапнинг пўскалласи шулки, аковси жонидан, бир туш кўрдим, тушимда бозорда ўтирғон эмишман. Ул зот келдилар-да: «Мен – Жулқунбойман»,-дедилар. «Ассалому алайкум, тоғажон!”-деб юбормайманми! Ул зот дедиларки: «Тўғри айтдинг, агар бирозғина ўгайлиғим эътиборға олинмаса, мен сенға ўн олтинчи ёки ўн еттинчи бўғинларда тоға бўлурман. Сенинғ томирингда, бола пақир, ёзғувчиларнинғ қони оқадур, билиб қўй. Бу қонни бекорға исроф қилма. Оч, оғзингни!” Мен оғзигинамни очдум, Жулқунбой тоғам тупурдилар. Уйғонсам-ки, нақ ёзғувчининг ўзғинасиман. Аммо нимани ёзаман? Сизға ёлғон, эгасиға чин, ўзбак ёзувидағи ҳарфларнинг ярмидан кўпроғини билурман. Пирингдан акағинанг айлансун, ёзғувчи бўлишға шу етарлидир-а, лаббай?
Шаклу шамойил масъаласида бошқалардан камчилиғимиз йўқ. Онам раҳматли қад-қоматимға қараб, «Сендан бир балогина чиқиши аниқ»,-дердилар. Бўйим Вали қизиқ, эним Шукрулло масхарага яқин. Шуларга қараб каминага кийим бичаверадилар. Ёшимни асти сўраманг. Бошпуртдағиси ғирт ёлғон. Пенсага вохли чиқғайман, деб ёздирганман. Отам раҳматлининг айтишларича, Толиб бедарвозанинг қисир сигирини трамвай уриб кетган йили туғилгон эканман. Ойма-ойига ҳисоблаганда, ўттиз иккинчи апрелга тўғри келаров…
Қўшнимиз Абдумалик аканинг ўғли у-бу ёзиб юради, дегонлари қулоғимга чалинувди. Шу боланинг бўйи бекорга узунмасдиров, деб маслаҳатга чиқувдим, барака топгур, «билган ҳарфларингиз бирлан дунёни забт этарга қодирсиз»,-деди. Ана! Худойим менга бериб қўйган экан-ку, илмимни хор қилиб юрган эканман-да. «Бўйларингга аканг қарағай, нимани ёзай?»- деб сўровдим, «Ашула бозоридан рипортаж ёзинг»,-деди. «Рипортажинг недир, оковси?»-дедим. «Ашула бозорини узунасига ҳам, кўндалангига ҳам кезиб чиқиб, мақтовини келиштирасиз»,-деди. «Халолидан бўлсин, рипортажинггнинг ҳақига уч-тўрт кило гўшт берадими?»-дедим. «Мақсад гўшт бўлса, ашула ёза қолинг. Ҳозир ашуланинг бозори чаққон»-деди. «Маслаҳатинг дуруст бўлди. Мендай одамга битта рипортаж чикора? Ашуланинг пулига гўшт олсам, рипортажникига пиёз-миёз оларман. Энди…ўзингдан қолар гап йўқ, исмимни биласан, жаранги тайинсизроқ. Бошқа исм қўя қоламизми?»-дедим. «Ёзғувчилар тахаллус қўядилар, сиз энди «Жўрж» бўласиз»,-деди. «Жўржинг нимаси, мен немисманми?»-дедим. «Жўрж» немисча эмас, «Жулқунбойнинг Ўгай Рамақижон Жияни» дегани»,-деди. Буниси менга маъқул бўлди. Баққоллик дўконини ёпиб, ёзғувчилик супермаркетини очдим-у рипортаж ёзмоққа белни маҳкам боғлаб, «Ашула бозори қайда? Эшак аробани ҳайда!»-деб йўлга тушдим.
Ашула бозори бизларнинг бозордан бошқачароқ эркон. Биз бозоримизда сара мева, сара молларни сотамиз. Худойим лақма харидорларни йўлиқтурса, пачоқларини аралаштириб юбормаган – номард. Алдов бўлмаса, бозор – бозорми?! Ашула бозорда-чи, ҳа, болагинангдан айланай, менинг пойи қадамим ёқибдими, нуқул ғўру думбулллар йиғилибди-я! Аммо дабдаба катта:
Келди ғойибдан бир садо:
“Ашула бозорига марҳабо!”
Овозларингдан акагинанг айлансин, бунда битта ҳам пачоқ ашулачи йўқ бўлса-чи! Биттаси Қуёшу, биттаси Зуҳро! Простойлари йўқ ҳисоб. Дилбузорга чиққанда тузук қарамагон эрканман, бир бачо тушмагур саҳнада қора марожний ялаяптими, десам, ёнимдаги уккикўз дакки берди-ки, қўлидаги марожний эмас, микрофун. Фаҳмим етгани шу бўлдики, бу бачолар микрофунни қўлдан қўймас эрканлар. Ўйладим-ки, чақалоқ эрканларида киндиклари кесилгану тўғри ўша микрофунга улангандир. Уларнинг шиорларига беш кетдум: «Жон кетса кетсун, микрофун кетмасун!»
Ана тамоша-ю мана тамоша! Бўйгунангдан аканг қарағай айлансун, дейман. Йигит бўлса шунчалик бўлар. Турган жойидан жилмайди-ю омма орқа томонидаги юмшақ ерини елпуғучдай ўйнатаверади. Отам замонидаги майда қадамлар ҳам бунчалар майин-майиз бўлмаганов. Юришларига ҳам беш кетдум, деяйин, десам, юра қолмаса. Хомкаллам айтдики, бу бачолар юрмайдургон сўртидан, саҳнага чиққану панжаларидан тахтага михлангон. Йўғ-а, хомкаллам алдабди. Маладес-е, михланмагон эркон! Юриб-юриб чиқиб кетди. Сўнгида бир париваш чиқди-ки, кўйлагининг ярмини хаптобус эшиги қисиб, йиртиб қолганов дедим. Ажабтовурким, нозик жойларига хушим кетуб, ашуласи қулоғимга кирмади. Омма чирмандакашига рашким кетди. Кўп қаради ғаркўз. Агар билла кетса, бир нарса бўларов дейман. Паривашлардан яна бириси шим кийиб чиқди-ю кўнглим алағда бўлиб кетди. Куфрингдан кетай! Шим деганнинг болдирни таранг тортиб тургони майли, қалдирғочнинг қанотидай қайрилиб тургон лозимчасининг кўрингони ҳам майли, омма париваш деганларининг киндигига кўзим тушмаганига кўп йиллар бўлдиёв…
Дунёдаги куйганларнинг бариси шу ашула бозорида экан. Бириси «Кетаман»,-деб куйдиради, бириси «Тегаман!» деб қўрқитади, яна бириси «новвот чой қилиб бераман ичсангиз, тиззамдан жой бераман келсангиз»,- деб нолиш қилсами! О, шўргинонг қурғур, тиззага ўлтурадурғон хушторининг совуғи ошуб кетган эканми, новвот чой қилиб, аввал иситиб олса. Шолим беданавоз дердики, «бедананинг эркаги сайрайди!» Ашула бозорига беш кетдим, эркак-мода аралаш сайрайверар экан.
Кўтара савдоси қайда-ю чакана савдо қайда бўларкин, деб бошимни қашиб турганидим, ким ошди савдо бошланиб кетди:
Хаёлимни олди сўлим,
Эшакка урдим тўқим,
Қўшним сўйибди сўқим,
Таралла бедод ялла.
Ана бозору, мана бозор! Ким ошмади, ким тошмади. Ким улоқни олди. Ким пулни чўнтакқа солди. Вей, Жулқунбой ўгай тоғам оғзимга бекор тупурмагандир, деб мен ҳам битта ашулани тўқиб юбормайманми, бозорга солмайманми?
Ачом-ачом қиласиз,
Офати жон суясиз.
Бемаза қовун уруғини
Энди пачўм қиласиз?
Ана савдо-ю мана савдо! Бир шоирнинг рипортажини эшитгандай бўлувдим. Нима эди? Ҳа: «Ашулани сақлабон нетгумдир охир, бозорга чиқориб сотгумдир охир!» Йигирма уч йил баққолликда юруб, бунчалик савдо қилмовдим. Илҳомим жўшуб кетуб: «Ошқозонга ош керак, ашула ёзишга бош керак!»- деб юбормайманми! Ана қарсак, ана дабдаба! Абдумалик аканинг ўғли билиб айтибди, билгон ўн бешта ҳарфим билан шунча мартабага етибман, ҳамма ҳарфларни билсамми!.. Дунёни олмоғим тўғрига ўхшаброқ турибди, кўзгинангдан аканг қарағай!
Бугунча етар дейманов. Ҳозирча ашула бозоридан олгоним рипортаж шугинадир. Газнитдан оладиргоним пулгинадир. Ашулага етмайдиргони – тузгинадир.
Айтиб турғувчи: ЖЎРЖ
ЖЎРЖ тоғанинг бисотидаги ўн беш ҳарфни ўттиз иккига айлантириб, оққа кўчирувчи
Абдумалик ўғли Тоҳир