“… Худога нима ёмонлик қилган эканман, ҳайронман. Юзтагина ичаман. Ичаману ётаман. Бировга зарарим тегмаса. Ичишимнинг нимаси гуноҳ, ҳайронман? Ароқни мен ўйлаб топибманми? “Шу Турғунали деган бандам трахтир ҳайдайвериб, хотинини роддомга ташийвериб эзилиб кетди, юзтагина отиб хумордан чиқсин”, деб яратган бўлса-ю мен ичмайиноқ бу дунёдан ўтиб кетсам Худога беҳурматлик бўлмайдими? Хў-ўш… қиёматда Худо «Турғуналивой, мен яратиб қўйган дорини назарга илмадингизми? Нега юзтагина отиб, кайфингизни сурмадингиз? Ароқнинг ўзи харом эмас, кайфи ҳаром», деб қолса, нима деган одам бўламан? Хотиним рухсат бермади, дейманми? Хўш, кимнинг гапи гап? Хотиннинг гапими ё Худонинг гапими? Э Худо, яна бир марта худолигингни қилгин: насибамга яна юз граммгина қўш. Ҳозир шуни отиб олмасам, ёрилиб ўламан, ўзинг товонимга қоласан. Сал ўзимга келволайин, кейин ташласам, ташлай шу зормандани. Лекин… кейин ҳам «ичавер» десанг, яна ўзинг биласан. Мен Сенинг гапингни қайтарадиган номард бола эмасман…»
Мазкур ҳангомани ёзиш фикри кўп йиллар муқаддам уйғонган эди. Совет даврида “агитация ва пропаганда”, яъни тарғибот ва ташвиқот ишига ғоят катта эътибор бериларди.Бу эътибор уммони баъзан тошиб, кулгили ҳоллар юзага чиқарди. Бу ҳақда латифалар ҳам тўқилар эди. Шулардан бири: Насриддин афанди “Билим” жамиятига лектор бўлиб ишга киргач, янгиликдан хотинини воқиф этибди.
“Лектор деганингиз нима иш қилади?”-деб сўрабди хотини.
“Агитация ва пропаганда билан шуғулланади”, дебди Насриддин афанди мағрурланиб.
“Агитация ва пропагандангиз нимаси?”-дебди хотини янада ажабланиб.
Шунда Насриддин афанди содда хотинига деҳқонча қилиб тушунтирмоқчи бўлибди:
“Тасаввур қилгин-ки, мен кўчада бир гўзал жононни учратиб қолдим. Уни гапга солсам, бу агитация бўлади. Агар гапимга кириб мен билан бирга кетса, у ёғи пропаганда бўлади”,-дебди Насриддин афанди.
Бу гапдан кейин хотини чуқур ўйга толибди.
“Яна тушумаяпсанми?”-деб аччиқланибди Насриддин афанди.
“Тушуняпман,- дебди хотини “уф” тортиб,- фақат бир нарсага ҳайронман, менам кўзга яқин, латофатли аёлман. Кўчада кетаётганимда бирон бир эркак тўхтатиб, агитация ва пропаганда ишларини бошлаб юборса, нима қиламан?”
Бу гапдан аччиқланган Насриддан афанди “Ҳе, аҳмоқ, сен сиёсат билан шуғулланма!” деган экан.
Биз ҳам сиёсат билан шуғулланмаймиз-у совет давридаги айрим ишларни ҳазил тариқасида ёдга оламиз.
Мазкур қиссага бўлиб ўтган воқеалар қисман асос қилиб олинган. Қаерда содир бўлганини айтиб ўтирмаймиз. Чунки бундай воқеалар исталган қишлоқда юз бериши мумкин. Саксонинчи йилларнинг ўрталарида фантаст ёзувчиларнинг Москвада бўлиб ўтган бир йиғилишида иштирок этган эдим. Шунда Бестужев-Лада деган социолог олим фантастларга мурожаат қилиб: “Ҳадеб космосни ёзавермай, ердаги муаммоларга ҳам қаранглар. Туғилиш борган сайин камайиб кетяпти, қизлар эрга тегишни исташмаяпти, йигитлар уйланишни”, деди. Шунда мен сўзга чиқиб, фантастикага доир айрим масалаларни гапириб бўлгач, олимга ярим ҳазил, ярим чин тариқасида эътироз билдирдим: “Сиз айтган муаммолар фақат айрим халқларга тегишли. Масалан, ўзбекларда бундай муаммо йўқ. Ўзбеклар бола туғилиши бўйича биринчи ўринда турадилар ва мен эркаклар номидан ваъда бераман-ки, йигирма биринчи асрда ҳам шу биринчиликни қўлдан бермаймиз!”
Ўша ҳазил кейин-кейин ҳангома ёзишга туртки бўлди. Қани кўрайлик-чи, ҳазилга қурбимиз етармикин?
(ҳангома бошланишидан бир кун олдин)
Бу қишлоқларнинг ажиб номи бор: бири – Шерқўзи, иккинчиси – Шербилак. Ўртадан оқиб ўтувчи сой бўлмаса, бу жойни икки қишлоққа ажралиши шарт ҳам эмас. “Сой” дейилиши номига сал номуносиброқ, аслида эни бир қулоч келувчи ариқ. Илгари ўртада ҳовуз ҳам бўларди. Ҳовузга ҳожат қолмагани учун кўмиб, гузарга қўшиб юборишган. Гузарнинг ярми Шербилакка қарайди, ярми эса Шерқўзи қишлоғи ихтиёрида. Сойнинг икки томонида туғилса-да, бир кўчани чангитиб катта бўлган, урушга бир кунда кетиб, бир кунда қайтиб келган икки оқсоқол: Турсунали билан Тешавой икки қишлоқни бошқариб, бу гузарларни ўзларича обод қилишади. Уларнинг назарларида бу жой икки қишлоқнинг икки гузари эмас, балки икки мамлакатнинг икки пойтахти! Ўртадаги сой эса “давлат” чегараси. Ўзлари эса шу икки мамлакатнинг икки султони. Агар колхоз раиси индамаса, сой бўйига уч-тўрттадан чегарачи қўйишдан ҳам тоймайдиган бу оқсоқолларга Худойим яхши ҳам катта мартабалар бермаган-а, деб юборгинг келади. Дейдилар-ки, Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири – мушукни қанотли қилиб яратмагани, иккинчиси, туяга шох бермагани. Бу икки оқсоқолнинг феълини билмаганлар шу икки мўъжиза билан чекланишади. Аслида учинчи мўъжиза ҳам бор: бу Турсунали полвон билан Тешабой оқсоқолнинг юқори мансаблардан бенасиблиги.
“Социалистик мусобақа” деган олишув бу қишлоқларга ҳам етиб келган. Дастлаб “мусобақа ўйналсин”, деган фармойиш келганда ҳамма ҳайрон эди: “Тошбақани билардик, қурбақани билардик. Мусо дегани ким бўлдийкин, унинг бақаси қанақа бақа экан, нега энди биз унинг бақасини ўйнашимиз керак, ўзимизда ҳам бақалар бор-ку?” Кейин маълум бўлишича, Мусонинг бунақа бақаси бу атрофларда йўқ экан. Унинг исми-шарифи – “социалистик” экан, Масков томонлардан олиб келинаркан. Йиллар ўтиб, одамлар Мусонинг социалистик бақасисиз туролмайдиган бўлиб қолишди. Урушдан кейинги қайси бир йили, кимнингдир тўйида Солимбуқоқ “Мусонинг бақаси нақ эсимизни тескари қилиб юборяпти. Исонинг бақаси ҳам келиб қолса, энамизни кўрамиз шекилли?” деган эди, икки кундан кейин милисахонага олиб кетишди. Хотини “Эримни қаёққа олиб кетяпсизлар?” деб сўраган эди, “эрингга Исонинг бақасини кўрсатиб қўямиз”, дейишди. Алдашмаган экан, Исонинг бақасини кўриб келсин, деб Солимбуқоқни Сибирга жўнатишди. Сибирнинг совуқ ўрмонларида Исонинг бақасини кўриш Салимбуқоққа насиб этдими ё йўқми, номаълум, лекин энасини кўрдиёв, қайтиб келмади.
Битта эрни талашган тўртта кундошнинг олишувидан бу мусобақанинг фарқи – унда зўр чиққани эрнинг бир тунлик қучоғига, бунда зўр чиққан эса битта қизил байроққа эришади. Кундошларнинг аҳволини тушунса бўлади, бошқа эрни бозордан сотиб олишолмайди. Лекин мусобақа ишқибозлари талашадиган қизил байроқни магазиндан истаганча сотиб олиш мумкин. Шунга қарамай, жонларини жабборга бериб олишиб юраверишади.
Икки дўст оқсоқолда кундошлик кини йўқ, тўйда бир лагандан ош ейишса ҳам раис тасдиқлаб берган мусобақа шартлари бўйича зинҳор-базинҳор келиша олишмайди. Гузарга безак беришда ҳам шу шартларга амал қилинган. Ҳарбий қўрғон атрофи танклар билан ўралгани каби гузарлар кўргазма-плакатлар билан иҳота қилинган. Бунчалик плакат ҳатто район марказида ҳам йўқдир. Ўнг томонда “Шерқўзи қишлоғининг фахри”, чап томонда “Шербилак қишлоғининг шону шуҳрати”, чап томонда “Қаҳрамон-оналаримиз”, ўнг томонда “Қаҳрамон она булар”, чап томонда “Олимларимиз”, ўнг томонда “Шербилак олимлари” Яна “Раҳбарларимиз” – “Энг зўр раҳбарларимиз”, “Спортчиларимиз” – “Додахўжа спортчилар”…
Бошқа сайёрадан учиб келган фазогирлар адашиб, шу қишлоққа тушиб қолишса, бу манзарани кўриб, “бу ерликларнинг туғилишдан мақсадлари социалистик мусобақада иштирок этиш. Яшашдан ниятлари ҳам шу. Ўлишлари ҳам мусобақа шартлари асосида бўлади”, деб хулоса чиқариши табиий. Улар фақатгина мозордаги гўрларга мусобақа ғолибларининг қизил байроқлари қадалмаганидан ажабланишлари мумкин. Яна ким билади… четдан фазогирлар ташриф буюришгани йўқ. “Тез ва сифатли ўлиш мусобақасининг ғолибига” деган қизил байроқ таъсис этилгани ҳам маълум эмас.
Шербилак билан Шерқўзи қишлоқларига бошқа сайёралардан вакиллар қадам ранжида қилишмаган бўлишса-да, районданми ё бошқа жойданми комиссия келиб, кўнгилларни хушнуд қилиб турибди. Улар ҳар келиб-кетганидан сўнг плакатлар икки оқсоқолнинг назоратида янгиланади. Ҳар янгиланиш карнай-сурнай садолари остида бўлиб ўтади. Аммо бугун карнай-сурнайга ўрин йўқ. Бугун оқсоқолларнинг кунлари тунга айланган – жон жўраларидан бирини Яратганга топшириб, ўзларининг ҳам сўнгсафарга тадорик бошлашлари лозимлигини ҳис қилган ҳолда, эгик бош билан гузарга қайтдилар.
– Мана, яна бир ошнамизни Эгамга топшириб бўлдик,- деди Тешавой оқсоқол, чуқур хўрсиниб.
– Ҳа… Эрали ёш кетди. Биздан бир ёш кичик эди-да, а? Саксон икки, деб кўтарилди-ю омма домла нотўғри айтди. Ҳали саксонга кирмовди. Унинг онаси менинг аямга айтган экан, Эрали сўфиқишлоқлик Садирчаноқнинг эшаги бўкиб ўлган йили туғилган экан. Ўша эшак ўлганда сенам, менам югуриб юрадиган бўлиб қолган эканмиз.- Турсунали полвон шундай деб дўстига савол назари билан қаради.
– Неччига кирган бўлса ҳам кетди… Тенг-тушлардан энди иккимиз қолдик. Худо энди сенинг умрингни узоқ қилсин, ошна.
– Худо сенинг умрингга ҳам барака берсин.
– Қара-я, ана-мана дегунча ёшлик ҳам ўтиб кетди. Умримиз ҳам бир тутамгина қолди. Ўйлаб қарасам, кечагина Эрали билан синглимни талашиб юрувдиларинг. Сенлар талашдиларинг-у омма икковингга ҳам насиб этмади.
– Эрали билан талашмаганмиз. Эрали бир орзу қилган қўйганда. Туя ҳам ҳаммомни орзу қилар экан-ку, а? Ҳамробону уни сираям яхши кўрмас эди. Кўнгли менда эди. Сен ўшанда номардлик қилиб, синглингни менга бермадинг. Қўй, у гапларни эсимга солиб, тилимни қичитма. Менга қара, эртаматан Ўроқбойнинг эшиги тагида дўхтурнинг мошини турувди, тинчликми?
– Хотинининг тоби йўқ экан, дўхтурга олиб кетишибди.
– Ҳомиладор эди, бояқиш, эсон-омон қутулиб олсин. Буниси саккизинчисими?
– Ҳа, Худо хоҳласа, икки йилда у ҳам гирой* бўлиб қолади.
– Бўлсин, бўлсин…
Турсунали полвон нохуш кайфиятда шундай деди-да, хайрлашиб, уйи томон бурилди. Ошнаси кейинги гапларни айтмаса ҳам, Турсунали полвоннинг бугунги қайғуси ўзига етарли эди. Ошнаси эслатмаса-да, Ҳамробонуни талашиб Эралини урганини ёдга олиб, афсусланган эди. “Ўроқбойнинг хотини икки йилдан кейин гирой бўлади”, дейиши ҳам ўринли бўлмади. Аслида Турсунали бу гапга эътибор бермаса ҳам бўлади. Ўроқбойнинг хотини энди саккизинчисини туғади. “Қаҳрамон она” унвонини олиш учун яна иккита бола кўриши керак. Демак, Шерқўзи қишлоғи бу соҳада ҳали бери уларга етиб ололмайди. Шундай бўлса-да, Тешавойнинг гапидан оғринди. Бекор оғринмагани эрталаб маълум бўлди.
(Ҳангоманинг бошланиши)
Субҳи содиқда, ҳали сўфи таҳорат қилмай туриб бирданига карнай-сурнай, ноғоралар янграб қолди! Шу аснода ҳар икки қишлоқ бараварига уйғонди. Аслида-ку, ноғора базм бўлмаса ҳам шу пайтда уйғонишарди. Қишлоқда қуёшдан аввал турмаган одам одам ҳисобланмайди.
—————
*Баёнимиз қаҳрамонлари тилидаги “чистий” ўзбекча сўзларнинг соф ўзбекча маъносини ҳангома сўнгида тушунтиришга уриниб кўрамиз.
Турсунали полвон қўшни қишлоқдаги базм бошланмай туриб уйғонган эди. Юз-қўлни ювиб, артинаётган пайтда янграган овозлардан ажабланиб, ўйланиб қолди. Қанча ўйламасин, тонг базми учун асос бўлувчи сабабни топа олмади. Тонг қоронғусида кўчага чиқиб, атрофга қаради: ҳеч ким йўқ. Сойнинг нариги томонида эса карнай-сурнай, ноғора овози тобора авжга чиқади. Турсунали полвон гузар ўртасида бироз гарангсиб туриб, сой томон юрди. Аммо кўприкдан ўтмади. Қўшни қишлоқ томонда бирон тирик жон кўриниб қолар, деган умидда қараб тураверди. Тирик жон у томонда эмас, ўзининг салтанатида пайдо бўлди. Турсунали полвоннинг ўнг қўл вазири мақомида юрувчи Қамбарали муллавачча йигитлардай қироат билан салом берди.
– Нима бало бўлган буларга?- деди Турсунали полвон саломга алик олгач.- Бугун тўй-пўйи йўғиди шекилли?
– Тўйи йўқ, буни точна* биламан,-деди ишонч билан Қамбарали.
– Унда нима учун хўрознинг уйқуси очилмай ноғора базмни бошлаб юборди бу тоғанг?
– Разведка* қилиб келайми, Батка?
Турсунали полвон бу саволга жавоб бермай туриб “Батка”нинг маъносига изоҳ бериб қўйишимиз лозим. Бу томонларда яшовчи одамлардан биронтаси ҳақида гапира туриб: “шу кишининг бош чаноғи остида тариқдай ҳам мия йўқ”, дейилса, инонишади-ю, аммо “лақаби йўқ” дейилса, мутлақ ишонишмайди. Шунга кўра, Турсунали полвонимизнинг ота-бобо мерос лақаблари –“хўкиз”дир. Кимга исми ёки насаби ёқмаса, милисага бориб бошқачароғига алмаштириши мумкин. Лекин, лақаб ўзгармайди. Турсунали полвоннинг қайси бир бобосига “хўкиз” деган шарафли лақаб берилганми, тамом, буни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Агар бир мўъжиза юз бериб, шу уруғда эшак туғилса ҳам унинг лақаби барибир “хўкиз”лигича қолаверади. Аввалги йили бир одамнинг лақабини алмаштиришга уриниб кўрилди-ю, бироқ кутилган натижага эришилмади. Турсунали полвоннинг “хўтик” лақабли ошнаси бўларди. Шу ошнаси етмиш беш йил бу лақабни кўтариб юриб орланмаган эди, ҳозир шаҳарда яшаётган набираси уялибди. Қишлоқдан борган дўстлари “хўтик” деб ҳазиллашишган экан, шаҳарлик биродарлари олдида орланибди. Қишлоққа келганида Турсунали полвонга шикоят қилиб, “замонлар ўзгариб кетди, энди бу одатни ташлаш керак”, дебди. Турсунали полвон унга ачинган бўлиб: “Одатни ташлаш қийин, локин сенинг лақабингни ўзгартириб бериш мумкин. Бунинг учун сен самоворхонада улфатингга битта ош дамлайсан. Мен Тешабой тоғанг билан бориб, фотиҳа бераман”, дебди. Ош дамланибди, сўнг иштаҳа билан ейилгач, Турсунали полвон фотиҳага қўл очибди: “Ота-боболаринг “хўтик” деган лақабни кўтариб юра-юра ўлиб кетишди. Энди замон ўзгарди. Сенам катта одамсан. Хўтикка ўхшамайсан. Қўзи улғайса – қўчқор, жўжа улғайса – товуқ, хўтик улғайса – эшшак бўлади. Омийн, бугундан бошлаб лақабинг – эшшак!” Оқибат нима бўлди? Аввалги лақабга қайтиш учун учун самоворхонада яна бир ош дамланди.
Турсунали полвон ҳам лақабини ўзгартиришга уриниб кўрган эди. Урушдан қайтган кезлари “Германиядаги қишлоқларни бошқарадиган одамнинг мансабини “бургомистр” дейдилар, менам шу қишлоқнинг бургомистриман”, деган эди. Унинг ҳурматини қилган ёки ҳайбатидан чўчиганлар уч-тўрт кун уни “бургомистр” деб юрдилар. Бир йиғинда ошнаси Тешавой: “Тўғри, сен бургомистрсан, фақат тўғри айтгин: сен бургаларнинг министрисан!” дегач, даъвосидан қайтишга мажбур бўлди. Бургаларнинг министри бўлгандан кўра, “хўкиз”лигича юриш маъқул кўриниб, самоворхонадаги бир зиёфат ҳисобига аслига қайтган эди.
Орадан йиллар ўтиб, Қамбарали уни “Батка” деб атай бошлагач, бу лақаб хуш ёқди. Отаси тенги одамни “хўкиз” дейишга тили бормаган Қамбарали кино кўриб ўтириб, шу сўзни эшитгани ҳамон, полвон тоғасига атаб қўя қолганди. “Батка”нинг тарихи билан танишдик, энди гузарга қайтайлик:
Қамбаралининг разведкага бориб келиш ҳақидаги таклифи маъқул бўлса ҳам, Турсунали полвон ўйланиб туриб: “Тўхта-чи, у томондан бирон гап чиқиб қолар”, деб рухсат бермади.
– Разведкага бориш керак. Буларингиз бир балони хаёл қилишган, буни точна биламан.
Қамбарали бир ниманинг исини олмаса “точна” билишини даъво қилмайди. Тешавой оқсоқол бир куни Турсунали полвонга “Зўр дастёринг бор-да, билмаган нарсаси йўқ. Бу боланг отасининг белида қандай юриб, онасининг қорнига қандай тушиб қолганигача точна билади”, деб бекорга мақтамаган эди. Ҳозир ўша мақтов эсига тушиб, уни йўлдан қайтаргиси келмади:
– Бор, аниғини билиб кел.
Милтиқнинг тепкиси босилган чоқда ўқ “отилиб чиқсамми ё йўқми”, деб ўйланса кераг-у, бироқ баткасидан топшириқ олган Қамбарали сира ўйланиб ўтирмайди. Ҳозир ҳам кўприкдан ўтишга қаноат қилмай, бир сакраб нарига бетга ўтди-ю қишлоқ оралаб кетди.
Бу гузарни ярим айлана қилиб ўраб турган хонадонларнинг бири Турсуналиники бўлса, уч эшик наридагиси Собиталиники. Собитали кеча одам қаторидан чиққани учун бугун кун тиккага келгунича ухласа ҳам ярашарди. Лекин ноғора базми бу бечоранинг тинчини бузди. Томоғи қақраб сув ичай деса, челаклар бўм-бўш, хотинини чақирса – уйда ҳеч ким йўқ. Нима гаплигини англамай гаранг ҳолда гузарга чиқди. Аввалига Турсунали полвонни кўрмади. Сойга энгашиб, юз-қўлини ювиб, рўмолчасига артинди. Сўнг рўмолчани ҳўллаб пешонасига босгач, сал ором олгандай бўлди. Шундан кейингина қишлоқ оқсоқолига кўзи тушиб, қаддини кўтарди. Турсунали полвонни қўшни қишлоққа тикилиб турганидан ажабланди. Эрталабдан унинг қаҳрига дуч кела қолмай, деган ўйда астагина уйига кириб кетмоқчи эди, Турсунали полвон ўгирилиб, томоқ қириб қўйди. Собиталининг таққа тўхташига шу товушнинг ўзи кифоя қилди.
– Ассалому алайкум, раис тоға,-деди у ўгирила туриб.
– Ваалайк. Ҳа, саҳармардонда туриб олибсан? Яна бош оғрияптими?
– Оғриш ҳам гапми, ёрилай деяпти, тоға.
– Қўрқма, ёрилмайди,- Турсунали полвон шундай деб унга яқинлашди.
– Ёрилмайди? Нега ёрилмайди?-деди Собитали ажабланиб.
– Бўм-бўш бош ёрилмайди. Бош ёрилиши учун ичида бир нима бўлиши керак. Сен алкашга Худо ақл бермайди шекилли, а? Одамлар “Шербилак қишлоғи” демай, “Собит алкаш яшайдиган қишлоқ”, дейдиган бўлишибди. Қишлоқни позорларга қолдирдинг.
Турсунали полвон аслида “иснодларга қолдирдинг”, демоқчи эди. Лекин “позор”дегани исноднинг уччига чиққанидир, деган хаёлда урушда ўрганиб келган шу сўзни ишлата қолди. Собиталига ҳозир “позор” дейдими ё “иснод”ми, фарқи йўқ эди. Секингина уйга кириб, бошини ёстиққа қўйишдан бошқа орзуси йўқ эди. Шу мақсадда бир қадам босган эди, Турсунали полвон тўхтатди.
– Ҳа, қаёққа?
– Қайнотамникига бориб келай…
Собитали нима учун шундай деб юборганини ўзи ҳам билмади. Бу гапдан Турсунали полвон ҳайрон бўлди:
– Каллаи саҳарлаб қайси аҳмоқ қайнотасиникига боради?
– Бормасам бўлмайдиганга ўхшаб қолди,-деди Собитали ундан қутулиш йўли топилганига қувониб,- эртаматан туриб қарасам, ёнимда хотиним йўқ. Боллар ҳам йўқ. Уйига кетдимикин, дейман-да?
– Кечаси ёнингдамиди?-Турсунали шундай деб унга қаттиқ тикилди. Собитали бу қарашга дош беролмай, кўзларини олиб қочди.
– Ёнимда эди…-деди бироз дудуқланиб. Кейин ишончсизлигини яшириш учун қўшиб қўйди:-Қучоқлаганим эсимда, кейин учиб қолибман-да.
– Бе… Сен кайфингда билмагансан. Хотинингни эмас, Тешабой тоғангнинг эшшагиними ё итиними қучоқлагансан. Ана, башарангни ит ялаганга ўхшайди. Менга қара-чи,- Турсунали полвон шундай деб унинг юзига тикилиб қаради-да, бош чайқаб, ўз гапини ўзи инкор этди:- йўқ, ит яламаган. Ит бунақа исқирт башарани яламайди. Кўнгли айнийди. Башарти билмай ялаб қўйса ҳам, захарланиб ўла қолади.
– Гапга ҳам тўн кийғизворасиз-да, раис тоға, ғирт маст бўлсам ҳам хотин билан эшакнинг фарқига борарман.
Собиталининг дадил шундай дейиши бежиз эмас: ғирт маст бўлса-да, хотинининг думи йўқлигига ақли етиб туради. Турсунали полвон унинг бу борадаги фаҳмига тан бердими, сал бўшашгандай бўлди:
– Хотининг ярим кечада кетиб қолган. Ўзим кўрдим.
– Аразлагандир-да…-деди Собитали ўкинч билан.-Кеча эртаматан дийдиёсини бошлаганида “Энди ичсам ҳар нарса бўлай”, деб қасам ичворганидим. Қасамни бузганимга чидамаган, феълини биламан.
– Сен бола гапни чувимагин-да, тўғрисини айтавер: нима деб қасам ичганингни ўзим эшитганман. “Энди ичадиган бўлсам, эркак эмасман, ҳалигиндақа… майда қадамман”, дегансан. Деганмисан?
– Ҳа, энди…-Собитали чайналган эди, Турсуналининг қаҳрли назаридан чўчиб тан олди:-Хотинни тинчитиш учун деган бўлсам, дегандирман.
– Ҳа, дегансан! Хўш, энди эркакмисан, ё?..
– Бе, у қасам ҳисобга ўтмайди.
– Нега ўтмас экан?
– Қуръонни ўпиб қасам ичмаганман.
– Баҳонангни қара-я! Ўзингнинг ақлингга кела қолдими ё… Сен алкашнинг қўлига қайси аҳмоқ Қуръон бериб қўяркан? Билиб қўй: кеча қасаминг қабул бўлган, тамом! Энди сен эркакликдан чиқдинг. Хотининг кета туриб шунақа деди. “Эрим эркак эмас экан, энди битта эркак топиб, тегаман”, деди. Хотининг нақ ўғил боланинг гапини айтди, отасига раҳмат!
– Чўпчак тўқивордингиз, раис тоға. Менинг хотиним унақа демайди.
– Алдаяпти, десанг, бор, боравер. Қайнотангникида йўқ бўлса, ишонасанми, гапимга?
Бу гапдан кейин Собитали тешилган пуфак ҳолига тушди.
– Раис тоға, қаёққа кетвордийкин?-деди йиғлагудай бўлиб.
Ҳозир у ёмон аҳволда қолган эди. Хотинининг кетиб қолиши унга янгилик эмас. Бу атрофда уйига аразлаб кетиб қолмайдиган хотин зотининг ўзи йўқ. Аммо “эрим эркак эмас экан”, деган лаънат тошини отиб кетадигани шу пайтгача бўлмаган. Собитали кўп ичгани учун унинг гапига ишонишмайди, бироқ, хотинининг гапига чиппа-чин ишонишади. Унинг ташвиши шундан эканини англаган Турсунали полвон ҳужумини давом эттирди:
– Бу атрофда ким кўп, кўзига қон қуйилган буқадай эркак зоти кўп. Битта-яримтаси билан аҳду паймони келишиб қолса, шартта никоҳига ўтади-қўяди-да.
– Тегиб кўрсин-чи!-Собитали ғазаб билан бақириб юборганини ўзи ҳам сезмади. Бу онда раис тоғасининг ҳайбатидан ҳам чўчимай қўйди:-Икковиниям онасини нақ Учқўрғоннинг қайқисидан кўрсатаман! Сиз-чи, тоға… совуқ нафас қилманг. Мен уни қўймаганман, эрга тегишга ҳаққи йўқ.
– Ҳовлиқма, ўпкангни бос, кеча сен уни уч талоқ қўйдинг.
– Кайфдагиси ҳисобмас, Қосим домла айтган.
– Сен алкашга фатво берадиган домла ҳам дарров топила қолади-я! Домлангга бориб айт: номаъқул бузоқнинг гўштини емасин. Уч талоқ қўйганинг ҳисоб. Мен гувоҳ бўлдим. Бу қишлоқда анов-манов домлангнинг гапи ўтмайди. Менинг гапим – закун*! Уч талоқ қўйдингми – тамом! Энди у билан яна яшамоқчи бўлсанг, аввал хотининг учта эрга тегиб чиқиши керак. Уччаласидан ҳеч бўлмагандан биттадан туғиши керак. Ана ундан кейин бешта болангни саккизта қилиб яшайверасан.
Бу гапни эшитиб, Собитали чўчиб тушди, бош оғриғини ҳам унутди:
– Нима! Саккизта дедингизми?
– Ҳа, бола, ҳисобдан чатоғинг борми? Қани, чўтга ташлаб кўр-чи: бешта ўзингнинг болангми? Учтаси… ҳашарда.
– Чўпчак тўқиманг, тоға, бунақа закун йўқ.
– Нега йўқ бўларкан, бор! Мен чиқарганман шу закунни. Меники ҳисоб.
– Сизники ўтмайди, сизда печат* йўқ.
– Печат йўқ, дедингми? Мана бу-чи, ўтмайдими?- Турсунали шундай деб муштини Собиталининг даҳанига тиради.-Фашистга ўтган бу печат сенга ҳам ўтиб қолар дейманов, а?
Икки йил илгари бу муҳр енгилроқ тарзда бўлса-да, юзини қандай безаганини эслаган Собитали орқасига тисарилди.
– Раис тоға, ёмон гап айтмадим-ку, хотинимни қўймадим, дедим халос. Шунга ҳам печатми?
– Агар сен қўймаган бўлсанг, хотининг сени қўйди. Уч талоқ қўйди.
Собитали бу гапдан кейин кула бошлади.
– Ҳа, нега куйдирган калладек ишшаясан?-деди Турсунали полвон аччиқланиб.
– Уч талоқ қўйган бўлса… энди менам учта хотин оламанми? Ҳар биттасини биттадан туғдириб, а?
– Оласан-а, оласан! Ана, биттасига Ҳанифа бева кутиб турибди, югура қол.
– Пичинг қилаверманг, менинг у билан борди-келдим йўқ. Бир мартагина телевизорини тузатиб берганман, халос.
– Сен бола бошқа қишлоқлардаги мингта беваникига борсанг ҳам боравер, омма Шерқўзига қатнама. Ҳанифа беванинг нечта боласи бор, биласанми?
– Мен санабманми, қаёқдан биламан?
– Сен санамаган бўлсанг, мен биламан: тўққизта боласи бор.
– Тўққизта бўлса, менга нима?
– Сенга нима?-Турсунали уни елкасидан ушлаб, силкиди:- Орада шайтон бор-а… Телевизори кун ора бузилиб турса. Бу беванинг боласи бир йилдан кейин ўнта бўлиб қолса-чи?
– Нима бўлади?
Турсунали полвон “ростданам тушунмайдими ё мени калака қиляптими?” дегандай унга тикилиб турди-да, бу сафар елкасидан қаттиқроқ ушлади:
-Дард бўлади! Бало бўлади! Агар сен туфайли ўнинчисини туғса, у гирой бўлади! Болани ўзининг эридан туғдими ё сенга ўхшаган аҳмоқданми – ҳукуматга фарқи йўқ, гиройликни бераверади. Билиб қўй: ҳар бир қадаминг ҳисобда.
-Раис тоға, мени алкаш дейсиз, майли, тан оламан. Омма бунақа чакки юрадиган йигитмасман. Болаларим бор-а! Палакатидан қўрқаман,-деди Собитали эзгин овозда.
-Ичмаган пайтингда қўрқасан, кайфинг ошганда Худодан ҳам қўрқмай кетасан. Агар болларинг кўзингга кўринса, ичиб олиб кўча-кўйда молдек ағанаб ётмаган бўлардинг. Гап бундай: сен беваникига саккизинчи июнда киргансан. Агар у кейинги йил саккизинчи мартда туғса, сен билан ади-бади айтишиш йўқ, нақ оёғингдан осаман!
Турсунали кейинги гапни шунчаки пўписа учун айтди. Эркак кишини кўрса иштонбоғи бўшаб кетадиган хотинлар чет элликларнинг киносида бўлади. Бу қишлоқлардан ҳали бегона эркакка ўғринча қарайдиган аёл чиқмаган. Айниқса, Ҳанифа бева ҳақида ёмон фикрга бориб бўлмайди. Эрини ўтган йили ерга қўйган хотин тўғрисида шундай гумонли гап айтворгани учун Турсунали полвон афсусланди. Ўзини ўзи лаънатлади. У Собитали алкашни бир оз эзиб қўймоқчи эди, гапи чалғиб, Ҳанифанинг шаънига тегиб ўтди. Бироқ, очиғини айтганда, Ҳанифадан ранжиган томони ҳам бор: Ҳанифанинг етти аждоди Шербилакда туғилиб, яшаб ўтган бўлса ҳам, Шерқўзиликка турмушга чиқди. Қиз тушмагурнинг кўнгли шу йигитга мойил экан, нима қилиша оларди? Йиллар ўтиб, “Қаҳрамон она” унвонига даъвогар бўлиб қолишини ўша пайтда билганида бу тўйни тўхтатиб, қизни шербилаклик бирон азаматга олиб беришга уриниб кўрарди. Куёв болани авайлаб-асрарди. Тўққизта боладан кейин ўлиб кетишига йўл қўймасди. “Отамнинг ўлишини билганимда бир қоп кепакка алмаштириб юборардим”, деган экан бир нодон. Турсунали полвон энди минг армон қилсин – фойдаси йўқ. Армонини бировга айтолмайди – ич-этини еб юраверади.
Оёғидан осилиши ҳақидаги тантанали ваъдани эшитган Собитали унга тикилиб қолди. Кейин “бунақа масалада мен фариштаман”, деди-да, нари кета бошлади. Турсунали полвон бу масалада қовун тушириб енгилганини билса-да, тан олгиси келмади. Собиталининг бурилиб кетиши, ўзининг жим қолиши мағлублик харсангтошини елкага олиш билан баробар эди. У нимадир дейиши зарур эканини биларди-ю, бироқ, тилига маънилироқ гап келмасди. “Собитали иним, кейинги гапларим ҳазил эди, сал бемаънироқ чиқди, сенам кечир, эшитмаган бўлса-да, Ҳанифа ҳам кечирсин, шунда Худо ҳам кечиради”, деса олам гулистон эди. Бироқ, бу гап ўрнига бошқачаси келди:
-Ҳой бола, юраётганингда сал у ёқ-бу ёққа қараб қўй, сезяпсанми? Кўчамиздан ит ўтмайдиган бўлиб қолди-я?
-Нега?-деди Собитали тўхтаб.
-Сенинг сассиғингдан қочяпти бари. Бўкиб ичавериб, сасиб кетяпсан, бола!
-Менинг сассиғим сизнинг гапларингизчаликмасдир…- шундай деб яна йўлига кетаверди.
Турсунали полвон дами ичига тушганича қолаверди. Тузсиз гапи билан Ҳанифа беванинг номини булғаб қўйгани учун пушаймонлик ботқоғида бўғилиб турмаганида мот бўлиш қайда эди, бу боланинг бурнини ерга ишқашдан ҳам қайтмасди-я!
Ҳанифа беванинг номи шунчаки тилига келиб қолгани йўқ. Бу аёл тўққизта бола кўрган бўлса-да, ҳали тароватини йўқотмаган. Мусулмонча қоидага мувофиқ иддаси ўтиш у ёқда турсин, эрининг йили ҳам ўтиб бўлган. Агар қариндошлари ёлғиз юрмасин, деб уни биронтасига никоҳласалар-у ўнинчисини туғиб берса, Шерқўзи қишлоғи “Қаҳрамон она”ларнинг кўплиги бўйича улардан ўтиб кетишлари ҳеч гап эмас. Турсунали полвоннинг ташвиши шундан.
Собитали муюлишга борганда рўпарасидан Қамбарали чиқиб қолди. Шерқўзи қишлоғининг бу биқинидан кириб, нариги қуйруғидан айланиб чиқаётган Қамбарали Собиталини кўриб, тўхтади. Сал нарида тек турган баткасига бир қараб олгач, қўшниси билан сўрашди:
-Сабитчик, қалайсан? Қаёққа кетяпсан, магазин ҳали очилгани йўқ.
-Магазингамас, қайнотамникига кетяпман,-деди Собитали бошига оғир қайғу тушган одамнинг зорли овозида.
-Хотининг яна кетиб қолдими?-Қамбарали шундай деб кулди.-Сенам ҳадеб унга ялинавермагинда. Шартта янгила. Свежийси* бошқача бўлади, мен буни точна биламан. Тўхта, кетмай тур, сенга иш бор. Телевизорим яна бузилди.
-Нега бузилади?
-Билмадим. Тошканда битта ашула бошланса, ярмига бормай Масковдаги ўрисча ашулага уланиб кетади. Хуллас, атала бўлиб кетди.
-Ҳозир вақтим йўқ, ўн бирдан кейин тузатиб бераман.
Собитали “вақтим йўқ” деганда кечаги маишатдан кейинги “бош оғриқ”ни қолдиради, деган баҳонада ютиладиган бир пиёла ароқни назарда тутганини Қамбарали билмас эканми? Ҳукумат нодон-да, ароқхўрларга инсоф кирар, деган мақсадда ичкиликни соат ўн бирдан кейин сотишга амр қилиб қўйган. Магазинчилар анойи эканми? Арақни ўн биргача беркитиб, “салласи” билан сотишади, ўн бирдан кейин ўз нархига. Арақхўрлар ҳам анойи эканми? Араққа зўрға пул топишади-ку, “салласи”га бало борми? Мана, Собитали. Ҳукумат қарори чиққанда икки-уч кун сўкиб юрди. Кейин тақдирга тан берди-да, ўз иш вақтини соат ўн бирдан деб белгилади.
-Ўн бир, деб бошни қотирма. Бу дўконда барибир бало ҳам йўқ. Мен битта “столичний” малчигидан* олиб қўйганман. Иккаламиз тупукдек-тупукдек қилиб, майдалашамиз.
Бу гапни эшитган Собиталининг кўзлари мошдек очилиб кетди. Қуруқ хабардан-ки роҳатланган одамнинг ароқни кўрганда бир карра, ярим пиёлани отиб олгандан кейин эса ўлик ҳолига икки бора жон қайтишини тасаввур қилаверинг. Собитали ўзи томон қараб турган Турсуналига бир қараб олди-да, Қамбаралининг қўлидан ушлади:
-Унда тезроқ юрақол.
-Тўхта, мен Баткага отчет* топшириб олай. Унгача сен қайнотангникига бориб кел.
-Қайнотамникида бало борми, юр.
Собитали гапини тугатмай, Турсуналининг жарангдор овози янгради:
-Қамбар! Ҳажиқизларга ўхшаб нималарни висирлашяпсан? Қамбар деяпман!
-Лаббай, Батка, кетяпман!
Қамбарали шундай деб Собиталини икки ўт орасида қолдирди-да, хожаси томон югурди.
-Батка, разведка зўр ўтди, ғалати хабар бор.
-Нимаси ғалати?-деди Турсунали, уни норози қиёфада қаршилаб.
-Ўроқбойнинг хотини гирой бўлибди!
Қамбарали бу хабарни айтгандан кўра Турсунали полвоннинг бошига гурзи билан беш-ўн марта урса, у бунчалик гарангсимаган бўларди.
-Нима, қайтар-чи?-деди у бўғилиб.
-Ўроқбойнинг хотини гирой бўлибди. Шунинг суюнчисига ноғора базмни бошлаб юборишибди.
Бу гапдан кейин Турсунали полвон Қамбаралининг ёқасидан олганини ўзи ҳам сезмай қолди. Қамбарали “Батка, туққан мен эмасман, Ўроқбойнинг хотини-ку”, деб чангалдан бўшалмоқчи эди, тили калимага келмай қолди.
-Ўроқбой деяпсанми? Ўша каламушнинг хотини гирой бўлибдими?-деб бақириб юборди Турсунали полвон.-Сен жиннимисан ё мен пайтавафаҳмманми? Унинг гирой бўлиши ҳечам мумкинмас. Биринчидан: у йигирма кундан кейин туғиши керак, дўхтир билан ўзим лична* гаплашганман. Даннийлар аниқ. Иккинчидан, унинг еттита боласи бор. Туққан бўлса саккизинчисини туққандир. Саккизта бола туққанга ҳам гиройликни бериб юборадиган аҳмоқ ҳукумат йўқ, билиб қўй, акаси айлансин!
-Батка, буни менам точна биламан. Лекин Ўроқбойнинг хотини бирваракайига учта туғибди-да!
-Учта?-Турсунали полвон ишонқирамай бош чайқаб, Қамбаралини чангалидан бўшатди:-Бўлиши мумкин эмас. Эчкидай ҳам келмайдиган шу кичкина хотин учта туғарканми?
-Эрининг лақаби “каламуш” бўлганидан кейин шунга мослаб каламушдай қилиб туғиб ташлайвергандир-да. Бунақалар тўртта туғса ҳам ажабланмаслик керак.
Турсунали бу гумонни эшитиб, бош чайқади:
-Йўқ, бу ерда бошқа гап борга ўхшайди. Агар шумхабаринг рост чиқса, шерқўзиликлар гирой хотинлар бўйича бизга етиб олишади. Бу тарақа-туруқни шунинг учун бошлашган. Ҳа… тўрт ярим ойдан кейин нима бўлади, биласанми?
У шундай дегач, галифе шимининг чўнтагидан дафтарча чиқариб варақлади. Керакли саҳифа топилгунича айтиш жоизки, уруш тугаганига салкам қирқ йил бўлганига қарамай, унинг эгнидан икки ёни “Ф” ҳарфи сингари шишиб турувчи галифе шим тушгани йўқ. Ўн беш йил аввал ҳарбийлар кийим-боши ўзгариб кетган бўлса-да, Турсунали полвон бундай шимни қаердан топади – ҳеч ким билмайди. Тешабой оқсоқол сўраганларга “Бир вагон немисни асирга тушириб, шимини ечиб олган”, деб ҳазил билан жавоб беради.
Турсунали полвон тўрт ярим ойдан кейин нима бўлишин айтгунича Қамбарали шошқалоқлик билан жавоб қайтарди:
-Точна биламан, Масковдан указ* чиқади.
-Точна билмай тилинг кесилсин сенинг,-деди Турсунали тўнғиллаб.- Указ-пуказингни йиғиштириб тур. Тўрт ярим ойдан кейин Чўмичбойнинг хотини ўнинчисини туғади. Болтабойда саккизтами? Палакат босиб хотини эгизак туғиб берса, расво бўламиз! Позор! Позор! Шербилак эркакларига позор! –шундай деб дафтарчасини яна варақлаб, энди Қамбаралига умид ва нажот кўзи билан қаради:-Ишлар чатоқ, Қамбар, чора кўрмасак бўлмайди.
-Батка, мен минг ҳаракат қилсам ҳам хотиним тўрт-беш йилсиз гирой бўлолмайди,-деди Қамбарали ночор одамнинг эзгин овози билан.
-Сендан ёруғлик чиқмаслигини айтмасанг ҳам ўзим биламан,-деди Турсунали полвон ҳафсаласизлик билан қўл силтаб.
Турсуналининг ташвиши бежиз эмас. Кеча Тешабой оқсоқол билан хайрлашганидан бери юраги сиқилиб, қовоғи учаётгани бекорга эмас экан. Икки қишлоқ орасидаги социалистик мусобақада барча шартлар бўйича ютқизса чидаши мумкин-у, бироқ бу йўналишда ортда қолгудай бўлса ёруғ дунёдан армон ва иснод билан кўз юмиши аниқ. Шунда ҳам ўз ажали билан ўлмайди, шармандалик ўқидан кетади.
Қамбарали баткасининг ҳамма нарсани “точна” билишига ишонади. Шунинг учун баҳслашиб ўтирмайди. Дўхтирлар, айниқса, гинекологлар шу икки қишлоққа доир маълумотларни ўз вақтида Турсунали полвонга бериб туриш ҳақида ёзилмаган қонун мавжудлигини билишади ва унга тўлиқ амал қилишади. Соғлиқни сақлаш вазирига ёки райкомга маълумотнома бериш зарурлигини унутишлари мумкин, Шербилак қишлоғи раисига эса эркалик қила олишмайди. Тешабой оқсоқол ошнасининг бу фазилатига тан бериб, бир йиғинда: “СССР статистика бошқармаси талабчанликни Турсунали полвондан ўрганса, мамлакатнинг аҳволи яхшироқ бўларди”, деган эди. Аслида “Совет ҳукумати” демоқчи эди-ю “яна Исонинг бақасини кўргани кетган Солимбуқоқ изидан жўнаб қолмайин”, деб гапнинг тиканини синдириброқ айтди.
Турсунали хаёлга берилиб турганида Қамбарали йўталиб қўйди-да, сойнинг нарига томонини имлаб кўрсатди. Елкасига енгил чопон ташлаб, чапани йигитлар каби дўпписини сал қийшайтириб кийиб олган Тешабой оқсоқол ғоз юриш қилиб келиб кўприк олдида тўхтади. Турсунали унга бир қайрилиб қаради-ю худди уни кўрмагандай Қамбаралининг қулоғига шивирлади:
-Сен бола, дарров Йигиталини, Султоналини, Нуралини, Баҳромалини, Миралини топиб кел. Экстренний мажлис бор, дегин. Аҳмадали билан Қамбаралини ҳам топ.
-Ўзимними?-деб ажабланди Қамбарали.
-Ҳа, ўзингни. Яна анави алкаш билан қия қилиб қолмагин. Унга нима ваъда қилдинг, эшигингнинг тагига михланиб қолди.
-Ҳеч нима ваъда қилганим йўқ, Батка.
-Сенлар ўзларингни эркакман, деб юрибсанларми ҳали. Битта хотинни гирой қилолмасаларинг… суф сенларга!
-Батка, мени бу ҳисобга қўшманг. Мен тўрт йилдан кейин хотинди гирой қиламан, дедимми, тамом! Хотиним тўқсонинчи йилда гирой бўлади. Буни точна биламан.
-Тўрт йил, дедингми?-Турсунали пича ўйланиб бош чайқади: тўрт йил кўп, уч йилда бўлиши керак.
-Уч йилнинг сираям иложи йўқ, Батка. Тўққиз ойлик ҳисобдан келиб чиқсак… бу ёқда чилла деган гаплар бор.
-Бу ёқдагилар,- Турсунали полвон Шерқўзи қишлоғи томонни имлади,-сенинг чиллангга қараб ўтиришадими? Ана, “Каламуш”нинг хотини саккиз ойу ўн кунда туғибди. Бўларкан-ку? Тамом, қишлоқнинг указини ёзасан: тўққиз ойда туғиш етти ойга қисқартирилсин!
Қамбарали “Батка чин айтяптими ё ҳазиллашяптими?” деган хаёлда унга қаради. Баткасининг жиддий боқиб турганини кўриб, эътироз билдиришга журъат этди:
-Батка, буниси хотинларнинг соғлиғига тўғри келмайди,- эътирози баткасининг ғазабини уйғотиб юбормаслиги учун қўшиб қўйди:- Қишлоғимизни яна “чалақишлоқ” деб юришмасин.
-Сенам райкомнинг гапини айтяпсан-а, тошбақанинг боласи! Билиб қўй, хотинларнинг жони қаттиқ бўлади.
-Болалар чала туғилишса, нимжон бўлиб қолишармикин, дейман-да?
-Бекор айтибсан! Мана, менинг неча ойда туғилганимни биласанми?
-Билмайман, Батка, мен у пайтларда йўғидим шекилли?
-Гапингни қара-я! Мен туғилганимда отанг ҳам бобонгнинг белида юрган эди.
-Менам шунақа демоқчиман-да, Батка.
-Билмасанг –билиб ол: мен онамнинг қорнида тўққиз ой лаллайиб ётмаганман. Олти ойдаёқ тушиб келганман. Мени телпакда катта қилишган. Бошқалардан кам жойим борми? Саксонга кириб ҳали бир марта дўхтирга бормадим. Мени ҳатто фашистнинг ўқи ҳам ололмади. “Нимжон, нимжон” дейсан-а! Жўна, менга ақл ўргатмай, буюрилган ишни бажар. Тўхта, билиб қўй, указ секретний бўлсин. Айниқса, анавилар,-бошини бурмай, кўз қараши билан қўшни қишлоқ томонга ишора қилди,-билишмасин.
-Билса нима?-деди Қамбарали соддалик қилиб.
-Э, галварс! Галавангни ишлатсанг-чи! Саккиз ойда учта туғдирган олти ойда туғдиролмайди, деб ўйлайсанми? Бу янги фикр бизникими, демак, фақат ўзимизга хизмат қилиши керак. Қўлимдан келганида буларнинг хотинларига туя гўшти едириб, ўн бир ойда туғадиган қилиб қўярдим.
Қамбарали “қўлингиздан келмагани ҳам дуруст, уларни Худо бир асрабди”, демоқчи бўлди-ю баткасининг важоҳатидан чўчиб тилини тишлади-да, вазифани бажаришга ошиқди.Ҳамон эшиги яқинида умидвор кўз тикиб ўтирган Собиталига “Шу ердан жилма”, деган маънода ишора қилди-ю, тўхтамай ўтиб кетаверди. Бечорагина Собиталининг ўтирган ерида пичирлаб қолишдан ўзга чораси йўқ эди. Билмаган одам уни дуо қиляпти, деб ўйлаши ҳам мумкин. Бироқ, Собитали дуо нималигини билмагани сабабли шу ёшга киргунича ўрганган барча сўкишларини бир бошдан эслаб, тилига чиқариб, “савоби”нинг ярмини юмуш буюрган Турсунали полвонга, ярмини эса бу юмушни бажаришга ошиққан Қамбаралига атаб қўя қолди.
Қамбарали нари кетгач, Турсунали орқасига ўгирилиб, Тешабой оқсоқолга қаради. Уни энди кўраётгандай бошдан-оёқ разм солди-ю салом ҳам бермасдан индамай тураверди. Кайфиятлари яхши пайтда учрашишганда бири иккинчисидан олдинроқ салом беришга ошиқишарди. Феъллари сал айниброқ турган маҳалда эса иззатталаб бўлиб қолишарди. Икковининг туғилган куни аниқ эмас, шунга қарамай Тешабой оқсоқол ўзини ундан уч ойлик катта деб ҳисоблаб, олдин салом беришини талаб қиларди. Ҳозир ҳам ўша талаб бўйича ошнасига бир оз тикилиб турди-да, сўнг салом-аликсиз гап бошлади:
-Ҳа, Турсуналибой қалайсан? Сал тажангроқмисан, а? Сиқилма, ошна. Атрофингга бир қара: табиат чах-чах уриб уйғоняпти. “Эй Одам фарзанди, бағримда яйраб-яшна!” деяпти.
Бу гапни эшитган Турсунали полвоннинг энсаси қотди. Ошкора равишда юзини тескари бурди-да, пичинг қилди:
-Қара-я, шунақа деяптими? Сен яқин орада дўхтур-пухтурга ўзингни кўрсатмадингми?
-Худога шукур, соппа-соғман,-деди Тешабой оқсоқол қувноқ кайфиятда.-Саксонга кириб, бирон марта дўхтур юзини кўрмаганман.
-Шунақами?-Турсунали унга ўгирилиб, қошини чимирди.-Дўхтур юзини кўрмаганмилар? Мен аммамнинг бузоғини елкамда кўтариб, госпиталга олиб борган эканман-да, а?
-У бошқа нарса. Урушда яраланиш бошқа, аксириб қўйиб, ялпайиб ётиш бошқа.
-Бошқами-бошқамасми, сен бир дўхтурга учрашиб қўйгин ошна. Табиат чах-чах уриб кулиб уйғонаётган пайтда бир хил одамларнинг эс-хуши ўтмаслашиб қоларкан.
Тешабой оқсоқол ўзи томон отилаётган пичинг тошларидан бирини илиб олиб, рақиби томон улоқтирди:
-Гапингда жон бор, ошна, бир хил одамларни қулоқдан олар экан.
Ўзига қайтган пичинг тоши Турсунали полвонга малол келиб, дангалига ўтди:
-Нима демоқчисан?
-Эшитмаяпсанми?
-Нимани?
-Ноғора базмни.
Турсунали полвон қаддини сал букди-да, кафтини қулоғига тутиб, атрофдаги товушларни эшитишга урингандай тек турди. Кейин қаддини ростлаб:
-Ҳа… кимдир тоғора қоқяптими?-деди.-Ҳа-я, қишлоқнинг номи “қўзи”-ю раисининг лақаби “бақа” бўлганидан кейин ҳар ҳил овозлар чиқаверади-да. Биз бунақасига кўникиб кетганмиз. Тоғора сенларники, тешилгунича чалаверларинг.
-Сен ўзингни гўлликка солма, бола. Қамбар лайчангнинг ис олиб кетганини билмайди, деб ўйлаяпсанми? Аслинг хўкиз-у, лекин юзта тулкига дарс бераман, деб чиранасан. Энди тан олавер: гиройлар масаласида тенглашдик. Учений масаласида олдиндамиз. Энди қаёққа бориб додласанг, додлайвер.
Тешабой оқсоқол нозик ердан ушлади. Буни ҳарбийлар тилида “уруш эълон қилмасдан жанг бошлаш”, дейдилар. Лекин Турсунали полвон бу зарбадан гангийдиган анойилардан эмас. Унинг жанг аслаҳалари ҳамиша тайёр туради. Жанг бошлаш учун ҳарбийлар замбаракларини шайлайдилар, Турсунали полвоннинг замбараги ҳам, танкаси ҳам, ракетаси ҳам бир – пичинглар билан ўқланган тил! Тешабой оқсоқолнинг гердайиб айтган гапидан сўнг аслаҳаларнинг барчаси буйруқ кутмаёқ жангга киришиб кетди. Бундай тўқнашув қишлоқ аҳли учун ҳам, ўзлари учун ҳам янгилик эмас. Биров бу олишулар сонини ҳисоблаб чиқмаган. Лекин эҳтимоллик назариясига биноан саналса, бугунгисини 3333-тўқнашув деб белгилаш мумкин. Гап сонда эмас, балки барча тўқнашувларнинг бир ҳилда бошланиб, бир ҳил мазмунда давом этиб, бир ҳилда натижасиз якун топишида. Бу олишувни улар ўзларича “жанг” деб хаёл қиладилар, аслида эса гапларини ёдлаб олиб валақлайдиган аскиячиларнинг қилиқларидан кўпам фарқ қилмайди.
-Ў, оғайнижон, бақақурилдоқда бақа қуриллаб қолибдими, а? Сал тормозни босинг, яна дамингиз чиқиб кетмасин…-Турсунали шундай деб важоҳатини намойиш қилиш учун кўприк томон бир қадам босди. Унинг режаси бўйича ошнаси “бу ёққа ўтиб уриб қолади шекилли?” деб чўчиб тисарилиши керак эди. 3332 марта дўқ уриб, кўприкдан ўта олмаган одамнинг энди журъат қилиши нисбият назариясига тўғри келмас эди. Ошнаси жойидан жилмагач, узоқдан туриб ўққа тутишни маъқул кўра қолди:- Эй, менга қарагин сен, гапирганингда ўйлаб гапирасанми, қанақасига олдиндасан?
-Чўмичбойнинг ўғли диссертациясини ёзиб бўлибди.
-Э ҳали шунақами? Ёзиб бўлибдиларми? Ошнажон, Қарғақишлоқдаги Қумри жинни ҳам ўнта диссертацияни ёзиб қўйганмиш. Унинг ҳам асли сенларда, а? Чўмичвойингнинг ўша дардисар ўғли аввал диссертациясини ёқласин, қоғозини Масковдан олсин, унгача-чи, сен бола беҳужжат гапларинг билан менинг бошимни қотирма. Сен ўзи азалдан лақмасан. Агар мен ёнингда бўлмаганимда урушда ўлиб кетардинг. Ҳозир ётардинг Полшанинг бир ботқоғида чири-иб. Фашист сенга ўхшаган лақмаларни отишни яхши кўрарди.
-Сен тескари гапларингни айтиб, жиғимга тегаверма. Билиб қўй: сени одам қилган мен бўламан. Битта ҳам ўрисча гапни билмайдиган довдирни ким ёнида олиб юрарди? Командир “Ложис!” деса, югуриб кетадиган ким эди? Госпиталдалигимда тозза адабингни еган экансан-ку? Ўзинг айтувдинг, эсингдан чиқдими?
-Воҳ, шу гапни дастмоя қилиб юрибсанми? Кўнглингни кўтариш учун айтганман. Уруш масаласида менга осилма, бола. Сен простой соллат* бўлиб юрдинг. Мен капрал* эдим, а? Сендан битта медал кўпроқ олганман.
-Ўша медалинг ҳалолмас, сотиб олгансан.
-Вей, ростданам эсинг оғиб қолибди, бола!
-Олдинлари индамас эдим, энди айтайинми? Ўша немис асирларини сен тутмаган эдинг. Володка тутиб келаётганида беш қути “Беломор” попиросига сотиб олгансан. Агар ғинг десанг, райкомга ҳам айтаман, военкомга ҳам айтаман. Шармандангни чиқараман.
-Энди бунақа гап чиқардингми? Мен беш дона попиросга “шнапс” сотиб олганман. Куйдиргингга ўзинг ҳам ичувдинг-ку?
Ҳа, ичган эди. Немиснинг ароғини биринчи марта ўшанда татиб кўрганди. Мазаси ҳали ҳам оғзида турибди, дейиш лоф бўлар-ку, лекин иккинчи шишасини бўшатишгач, ошнасини қучоқлаб, ўпиб, “раҳмат” дегани ёдида. Бироқ ҳозир буни тан олмоғи олишувнинг мағлубиятидан дарак эдиким, ҳаёт чах-чах уриб кулиб турган онда Турсунбой оқсоқол учун бу ортиқча машмаша эди.
“Шнапс” масаласи ўртага қўйилганда қишлоқнинг кунчиқар томонида колхоз раиси кўринди. Унинг ёнидаги тепакал, кўзойнакли одам Собитали даражасида бўлмаса ҳам гарангроқ аҳволда эди. Собитали уларни кўрди-ю Қамбаралини бу ерда, бу аҳволда кутишдан маъно йўқлигини англаб, иззати борида секингина орқага қайтиб, уйига кириб кета қолди. Икки чолнинг икки даканг хўроздай туришини кўрган раис эса нима гаплигини билиш учун уларга ҳалал бермай, берироқда тўхтади. Уларни сезмаган Турсунали полвон жимиб қолган ошнасини бутунлай пачоқ қилиб ташлаш мақсадида ҳужумини давом эттирди:
-Шуни билиб қўй, бақа! Турсунали полвоннинг шармандасини чиқарадиган одамнинг ҳали катта дадаси ҳам туғилгани йўқ, ҳа!
-Сен яхшиликни билмайдиган мол экансан. Ким сенга “хўкиз” деб лақаб қўйган бўлса, адашибди. Эшитдингми, райондаги ҳамма хўкизлар йиғилиб, райкомбувага арз қилганмиш. Келиб-келиб бизларни шу нодонга тенглаштирасизларми, дейишганмиш.
-Ҳали биз нодон ҳам бўлдикми? Қани, ҳов бақавой, зўр бўлсанг қурилламай буёққа ўт-чи!
-Сен хўкиз, маҳаллангда туриб олиб, ўкираверма! Кекирдагинг узилиб тушмасин тағин!
-Вей, оёғимнинг остида қуриллайвермагин, сен, беҳос босиб олсам, пачоқланиб ўласан-а! Ҳали мен маҳалламда туриб олиб керилибманми? Билиб қўй: мен сен сўтак билан ҳар қанақа жойда гаплашаман. Ўн иккита бола туғдириб қўйган эркакман мен. Мен хўкиз эмас, буқаман! Бешта боладан кейин исписат* қилинган эркакмасман!
– Оғзингга қараб гапир! Дўхтир хотинимга «Энди туғсанг – ўласан», деган.
– Бу гапни миллион марта эшитганман. Хотининг…
Худди шу гапни пойлаб тургандай муюлишдан Тешабойнинг хотини Рисолат чиқиб келсами! “Хотининг бип-бинойи юрибди, ўзинг латтасан!” демоқчи бўлган Турсунали полвон гапини ямлаб юта қолди. Рисолат эса кулимсираганича эрининг ёнига турди-да, у билан қуюқ сўрашди:
-Ассалому алайкум, мулла ака, дамликкина юрибсизми? Болалар, неваралар, овсинларим ҳам юришибдими?
– Қайси овсинларни сўраяпсиз? Иккови ҳам кўкариб чиққан-ку?
– Ҳа-я, эсгинам қурсин, тилим ўрганиб қолганда, сўрайвераман.
– Ўзингиз яхшимисиз, келин, ошнам қалай, кечаси алахсираб, сизни қўрқитмаяптими?
– Вой, нега алахсирайдилар, ана, туппа-тузуклар, Худога шукур.
-Куппа-кундузи алахсираяпти-да, шунга хайрон бўлиб сўраганим. Сиз бу болани ҳадеб қучоқлаб ётавермай, дўхтур-пухтурга ҳам кўрсатиб туринг. Ошнамни қариганида «пуф сассиққа» чиқариб қўйманг. Сизга керак бўлмаса, бизга керак. Қараш қўлингиздан келмаса, жавобини беринг. «Тешабой акажон!» деб кўкрагини захга бериб оҳ-воҳлаб ётган бевалар бор. Фашистни ўқидан сақлаб келиб, сизга ижарага топширганман-а, агар тўқсонга етмай ўлиб қолса, трибуналда жавобини берасиз. Бунақа кетворган йигитнинг қадрига етмаган хотиннинг жойи – турма!
Хотини келгани учун одоб сақлаб турган Тешабой оқсоқол бошқа тоқат қила олмади:
-Э, бўлди, ўчир! Жа-а узун сура қилиб юбординг,-деди жеркиб. Сўнг хотинига юзланди,- Ҳа, нима дейсан?
-Ҳамробону қаймоқ олиб келибдилар. Уни ҳам самоворхонага чиқарворайликми?
Ҳамробонунинг номини эшитгач, “Буқаман!” деб керилаётган Турсунали полвон момиқ юнгли қуёнга айланди-қолди. Тешабой оқсоқолнинг зийрак нигоҳи буни сезди. Атай овозини кўтариб сўради:
-Ким дединг?
-Ҳамробонуни айтаман, қаймоқ олиб келибдилар, барака топгур.
Тешабой оқсоқол кўзини ошнасидан узмаган ҳолда яна қайта сўради:
– Қайси Ҳамробону?
-Вой, дадаси, қишлоқда Ҳамробону нечта экан? Ўзингизнинг синглингиз-да.
-Э, ўзимнинг синглимми? Мен Жанжалқишлоқлик Ҳамробонумикин, дебман. Келгани яхши бўлибди. Омма фаҳм-фаросатдан берганда синглимга. Худо бераман, деса ҳуснни ҳам беради, фаросатни ҳам ботмон-ботмон беради. Қаймоқни ҳам, сомсани ҳам, узумни, иссиқ нонларни ҳам самоворхонага чиқар. Бугун қишлоғимизда тўй ҳисоб.
Эридан топшириқ олган Рисолат изига қайтди.Тешабой оқсоқол эса кўприк томон бир қадам босиб, ғолиб одамнинг тантанавор овози билан деди:
-Ҳа, ошна, даминг ичингга тушиб кетдими? Шохинг ҳам кўринмай қолди-ку?-Турсунали полвон олишув якунланганига ишора қилиб қўл силтади-да, орқасига ўгирилди. Тешабой оқсоқол эса ғолиблик нишонини қўлга киритгандай қувониб, уни тўхтатмоқчи бўлди:- Ҳа, ҳов ўғил бола, қаёққа?
-Сен билан валақлашишга вақтим йўқ. Экстренний мажлис чақиртирганман. Тайёрланишим керак.
-Ҳа, тушунарли, эркакларингни мобилизация* қилмоқчимисан?
-Сен эркакларнинг ишига аралашаверма.
-Овора бўлма, ҳов эркак! Жуда-а зўриқавермагин, бизга етаман, деб яна белларинг чиқиб кетмасин.
Шу пайт бояги муюлишда аввал Рисолат сўнг Ҳамробону кўриндилар. Шу муюлиш бундан олтмиш-олтмиш беш йил муқаддам ҳам бор эди. Олтмиш-олтмиш беш йил муқаддам ҳам Турсунали полвон шу ерда умидвор кўзларини шу томон тикиб турарди. Йўқ, айнан шу ерда эмас, ўн икки қадам юқорироқда эди. У дамда катта тут дарахти бўларди. Мўйлаби эндигина сабза ура бошлаган Турсунали шу дарахт панасида туриб, муюлишга тикиларди. Ҳамробону кўринса, юраги темирчининг босқонидай уриб-уриб кетарди. Танасидан жон чиқиб кетгандай бўлаверарди. Ҳамробону бошқага тегди. Турсунали ҳам бошқага уйланди. Орада урушга кетди. Фашистнинг ўқидан қўрқмаган одам Ҳамробонуни кўрганда титрашини барибир бас қила олмади. Аёлларнинг ёши улғайса, бошқаларнинг кўзига қари бўлиб кўринадилар. Биринчи муҳаббат қурбонлари учун эса улар ўн саккиз ёшликларича қоладилар. Аёлларнинг юзлари шафтоли қоқи бўлиб кетганини бошқалар кўрадилар, биринчи муҳаббат қурбонлари эса чиройни янада очувчи ажинга маҳлиё бўлаверадилар. Овозлари-чи? Овозлари қўнғироқдайлигича қолаверади.
Шу қўнғироқдай овози билан салом берди. Ширингина кулиб ҳам қўйди. Олтмиш-олтмиш беш йилдан бери бу жилмайиш Турсунали полвоннинг жонини олишга қасд қилади, аммо ололмайди. Қалбини омбур орасига олиб бир бураб азоб беради-ю, шу азоб тўрига ташлаб кетаверади. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Юраги шу азоб тўрида типирчилаётганида Тешабой оқсоқол гапириб қолди:
-Ўт, деб дағдаға қилятувдинг, ўтайинми?
Бу ёқимсиз овоз эгаси дўсти бўлмаганида, аниқроғи, Ҳамробонунинг акаси бўлмаганида сойнинг бетига сакраб ўтиб, тепкилаб ташламаганида ҳам, бир-икки шапалоқ уриб хумордан чиқарди. Бунинг иложи йўқлиги бир алам бўлса, тилига тузукроқ гап келмай қолиши яна бир алам эди.
-Вей… сен… бор… ўша самоворхонангга…
-Бораманам-да, тўй тўйдек бўлсин-да,- шундай деб синглиси кетган томонга маъноли қараб қўйгач гапини давом эттирди:-Синглимга беш кетаман-да. Етмишдан энди ошди-ку, омма ҳусни тариқча хира тортмади. Фаросатга-ку, гап йўқ…
-Бўлди-е, нима, синглингни бозорга солиб, сотмоқчимисан?
-Ҳа, сенга нимага алам қиляпти? Синглимни бермаганимга ҳалиям ичинг куяди-да, а? Худойимга шукр-ки, ўшанда мени адаштирмади. Синглимни сенга берганимда иккита хотинингга қўшиб уни ҳам ўлдирворардинг. Хўкизга хотин чидармиди?
-Синглингни менга бермаганинг сенинг эмас, менинг бахтимдан, ҳа! Синглингга уйланганимда ўша куёвингга ўхшаб мениям ўлдиртирворардиларинг. Ўн иккита болам белимда кетворарди. Аслида-чи, синглингнинг ўзи менга хуштор эди. Кўнгли қолмасин, деб йўлига совчи юбориб қўюдим. «Йўқ» деганларингдан кейин суюнчисига қўй сўйиб, худойи қилганман. Асли куёвингнинг пешонаси шўр экан, ўша бечорага насиб қилди.
-Сен гапни бошқа ёққа бурма. Куёвим тракторда аварий бўлиб ўлди.
-Э, бу бир баҳонаи сабаб. Сенларнинг сассиқ гапларингга темир ҳам чидамайди. Бола бечора ҳам чидолмай, ўзини тракторнинг тагига ташлаб, сенлардан қутула қолган. Ҳозир юргандир мазза қилиб ҳуру ғилмонларнинг қучоғида.
-Сен туҳмат қилма, синглимга етишолмаганингдан аламдасан!
-Ол-а, ўша олма қоқи синглингни пиширибла е! Сенинг синглинг менинг хотинларимнинг олдида нақ қурбақанинг ўзи эди.
-Ким қурбақа?
-Ака қурбақа бўлганидан кейин сингил ҳам қурбақа-да!
-Шунақами?
-Шунақа!
Тешабой оқсоқол ўзини “бақа” тугул “итбалиқ” деса ҳам парвойига келтирмасди. Аммо гап синглисининг шаънига бориб тақалгани учун чидаб туролмади. Сойдан сакраб ўтди-ю ошнасининг ёқасидан олди. Даҳанаки жангнинг бундай оқибатини кутмаган раис уларни ажратишга шошилди. Боши гаранг лектор эса жойида қотиб тураверди.
-Ҳой-ҳой, тоғажонлар, яна нима бўлди сизларга?-деди раис Турсунали полвонни Тешабойнинг чангалидан бўшатиб.
-Манави бақани кўрмайсанми. Сакраб ўтиб вақиллайди-я!-деди Турсунали полвон ошнасини туртиб.
-Аввал ким бошлади? Ичи қора бу боланинг, бизларни кўролмайди. Бугун гирой хотинлар бўйича буларга етиб олдик. Шунга алам қиляпти. Алам қилса, думингни тишла, ҳов хўкиз!
-Яна шу гапларми? Анавинда нима девдим? Агар шунақа талашаверсаларинг, иккала қишлоқни қўшвораман, деганмидим? Ана энди шу ишни қиламан. Шу йилиёқ кўчасизлар.
Аввал ҳам раис шундай деганди, тўғри. Лекин бу сафарги оҳангида пўписа эмас, қатъийлик сезилиб, иккала ошна ҳушёр тортди-да, бараварига сўради:
-Нима дединг?
-Адирда битта қишлоққа бирлашиб, уй-жой қиласизлар.
-Ҳазиллашяпсанми?-деди Турсунали.
-Обкомнинг қарори чиққан. Бунақа ишда ҳазил бўлмайди. Бу ерга завод қурилади.
-Қанақа завод?-деди Тешавой.
-Заводга ўхшаган завод-да. Сизга барибир эмасми? Масков шу жойга қуришни лозим топибди. Уларга раҳмат деб қўйишимиз керак.
-Раҳмат айтишга шошмайроқ тур, бола,-деди Турсунали полвон зарда билан.- Ўша заводни адирга қурса бўлмас эканми?
-Бўлмас экан. Лойиҳа Масковда тасдиқланган,-деди раис ўжарлик билан.
-Масковингни ҳам билмайман, лойиҳа-пойиҳангни ҳам билмайман. Завод керак бўлса, ана, адирга қурдиравер. Агар шу қишлоқни буздирсанг, менинг ўзим шу заводингни портлатиб, кулини кўкларга совураман. Сен «Полвон тоғам аравани қуруқ олиб қочяпти», дема. Гитлерга кучим етганми, заводингга ҳам етади. Агар заводинг битгунича ўлиб қолсам, гўрдан чиқиб келиб бўлса ҳам портлатаман.
Шундай деб кетмоқчи бўлиб бир қадам босди-да, сўнг тўхтаб, Тешабой оқсоқолга қараб гапини давом эттирди:
-Агар шу ерга қуриш шарт бўлса, ана у томонга қурдиравер.
-Нега энди биз томонга қурдирар экан?-деди Тешабой бўғилиб.- Ана, сенинг қишлоқчанг шунақа заводга жуда мос.
-Ҳой, бақа!
-Ҳа, хўкиз!
-Бас қилинглар. Бу масалани идорада гаплашамиз. Бугун меҳмон бор. Қани, лектор ака, бери келинг, герой тоғаларимиз билан танишиб қўйинг: Турсунали тоғам Шербилак қишлоғининг оқсоқоли. Тешабой тоғам Шерқўзи қишлоғининг оқсоқоли. «Қаҳрамон она»лар бўйича ўзаро социалистик мусобақа ўйнашган. Бугун бу соҳада икковлари тенглашишибди. Ўроқбойнинг хотини учта туққанмишми?
-Ҳа-да, Худо бераман деса қўшқўллаб беради-да!-деди Тешабой оқсоқол худди ўзи туғиб қойиллатиб қўйгандай гердайиб.
-Бу ҳом гап, ҳовлиқма ошна. Ҳали ўзим роддомга* бориб экспертиз* қилдириб келаман.
-Нимани экспертиз қилдирасан. Вой нодон-ей, ишонмаяпсанми?
-Ишонмайман. Қишлоғингда учта туғадиган хотин йўқ.
-Сен қаердан биласан?
-Эркакларинггга бир қарагин: қаттиқроқ аксирворсам, йиқилиб тушяпти-ку? Учта туғадиган хотиннинг эри камида мендай бўлиши керак. Сенлар апиристсанлар*. Битта туққан бўлса иккитасини қўшиб ёздиргансанлар.
-Раис ўғлим, гапларини эшитдинг-а? Энди ўзинг бош бўлиб, ростанам экспертиз қилдирасан. Бунинг овозини ўчирмаса бўлмайди.
-Хўп-хўп, тоғажонлар, ҳеч бўлмаса меҳмоннинг олдида ўзларингни тутинглар. Меҳмон Тошкандан келганлар ахир.
-Ие, шунақами? Келинг,келинг, меҳмон. Эсон-омон юрибдиларми? –Турсунали полвон шундай деб меҳмон томон қучоқ очиб борди-да, қўшқўллаб сўрашди.- Бугун дастурхонимизнинг тўри сизники. Меҳмонга жонини берворадиган тантилар шу шербилаклилар бўлишади!
-Меҳмон бугун бизникилар. Бизда тўй бугун,-деди Тешабой оқсоқол бўш келмай.
-Тўйинг ўзингга сийлов. Меҳмон ўз оёқлари билан бизнинг қишлоққа кириб келдилар. Ҳозир пойқадамларига қўй сўямиз. Қамбарали, ҳов Қамбарали…
-Биратўла хўкиз сўяқолмайсанми?
-Сенга ўхшаб бақа сўймасман. Францияликлар бақа ейишар экан-а? Раис, Франциядан тўртта меҳмон айттиргин, келиб, буларнинг уруғини қуритиб кетсин.
-Энди гап бундай: меҳмон кеча “Социализм”да хизматда бўлиб, пича толиққанлари учун райком режаларини ўзгартирибди. “Коммунизм”га бормай, бугун оқшомгача бизда меҳмонлар. Лекцияларини ўқиганларидан кейин қўшни районга ўтишлари керак.
-Ие, дакалатчимилар* ҳали?
-Ҳа, марказқўмнинг лектори ўртоқ Кесганбоев.
-Нималарни ўқиб берасиз, дакалатчи меҳмон?-деб сўради Турсунали полвон ғашлик билан.
Бу савол лекторнинг ланж танасига қувват бергандай бўлди. Чунки у маъруза қилиши лозим бўлган мавзуси ҳақида гапиришни жуда-жуда яхши кўрарди. Бунинг учун унга махсус минбар бўлиши шарт эмас. Чойхонада ошналари ҳузуридами ё бошқа жойдами барибир гапни бошлаб юбораверади. Ҳатто қайнотаси олдида ҳам туғишни режалаштириш ҳақида тўрт марта маъруза қилиб эди. Тўрт мартасида қайнотаси чидади, аммо бешинчисида аччиқланиб, уришиб берди. Лекторга бу малол келмади, бошланиб якунланмаган маърузасини кечқурун уйида хотинига ўқиб берди.
-Бола туғилишини режалаштириш ва кўп туғишнинг олдини олиш,- деб жавоб қилди лектор, кейин алоҳида фахр билан қўшиб қўйди:- Мен бу масалада Москвадаги махсус семинарда иштирок этиб келганман.
-Нима, қайтаринг-чи?-деди Турсунбой оқсоқол.
-Бу мавзу Тошканда тасдиқланган. Ҳамма ерда ўқилиши шарт,-деди раис сўнг кескинроқ оҳангда қўшиб қўйди:- ғиди-биди қилиб юрманглар.
-Ўқилиши ва айтилган масалаларга риоя қилиниши зарурдир,-деб таъкидлади лектор.
-Раис, мени калака қиляпсанми?-деди Турсунали полвон.
-Бу ҳазилакам масала эмас!-деди раис янада жиддийроқ оҳангда.
-Шунақами? Унда дакалатингни мана бунинг қишлоғида ўқи. Хотинлари учтадан болалаб ётишибди. Эри аксирворса ҳам боши қоронғу бўлиб қолади хотинларининг. Ҳа, айтмоқчи, бугун уларда тўй. Тўйга жуда ярашади-да бунақа дакалат. Ҳов ошнам, бунақа меҳмон туя сўйиб чорласанг ҳам келавермайди. Худо етказди уни сенларга.
-Раис, меҳмон дакалатини шу қишлоқда қилаверсин,-деб эътироз билдирди Тешабой оқсоқол.- Дакалатчи болам, бу тоғангизнинг нечта боласи бор, биласизми? Ўн иккита! Хотинлари туғишдан чарчаб, ўлиб қутилишган бундан. Бу таниса, бешта боласини танийди, қолганини танимайди. Ҳовлисидаги қизларига қараб «Сен кимнинг боласисан?» деган. Ўзим гувоҳман.
-Лақиллама. Бу бир кайфда бўлган. Шуни гап деб гадойнинг тўрвасига ўхшаб, минг йил кўтариб юрибсанми? Дакалат сенинг қишлоғингда бўлади, бошқа гап йўқ.
Раис қараса-ки, можаро чўзиладиган. Шу боис гапни шарт кесди:
-Бундай қиламиз, сизлар одамларни тўплайсизлар. Ёш оилалар кўпроқ бўлсин. Кексаларни овора қилмасаларинг ҳам майли. Лектор ана, ўртада, кўприкнинг устида туриб маъруза қиладилар.
-Бизнинг қишлоқда экстренний мажлис бор. Бугун одамлар банд.
-Бизда тўй…-Тешабой оқсоқол шундай деб сўз бошлади-да, кейин раиснинг қулоғига шивирлади:- Раис ўғлим, дакалат қилди, деб қоғоз ёзиб берақолмайсанми?-Бу таклифни айтди-ю, жавоб кутмай лекторга юзланди:- Ўғлим, биз томонларга бир келиб қолибсиз. Сизни хизматга қўйиш биз учун уят. “Социализм”да силлангиз қурибди, бугун меҳмонимиз бўлиб би-ир яйранг. Тўйимизнинг тўри сизники. Дакалатингизни ўзимга секин айтарсиз. Биз ёшларни чақириб, насиҳат қилиб қўямиз. Бу ёғини шошилмай, режа билан секин олиб бораверишади.
-Йўқ, ўртоқ оқсоқол,-деди лектор унга бошдан-оёқ разм солиб.- Сиз масаланинг сиёсий томонини тушунмаяпсиз. Биз партия сиёсатини ҳар бир омманинг ўзига шахсан етказишимиз керак. Бу ишда кўзбўямачилик кетмайди. Бу масаланинг қандай бажарилишини Москвадан ўртоқлар келиб текширишлари мумкин. Ўртоқ раис, сиз ҳам бунинг аҳамиятини сезмаяпсизми? Мен сизда сиёсий кўрликни сеза бошлаяпман.
Бу гапдан раиснинг энсаси қотса-да, сир бой бермади:
-Ўртоқ Кесканбоев, отахонларнинг гапларига эътибор берманг. Белгиланган пайтда одам тўпланади. Лекциянгизни ўқийсиз, бошқа гап йўқ.
-Ҳа, шунақа бўлсин, аудиторияни тезроқ тайёрланг. Менга қишлоқ аҳолисининг сони ва мажлисга келганлар сони ҳақида алоҳида справка берасиз. Мажлис иштирокчиларининг рўйхатини олишни унутманг Ҳа, бу масалада приписка* қила кўрманг.
Раис бу пўписани эшитмагандай лекторни қўлтиғидан олиб, изига қайта бошлади. Икки оқсоқол бир-бирига савол назари билан қараганча бир оз турди. Кейин иложсиз эканликларини тан олиб, Тешабой оқсоқол кўприк томон, Турсунали полвон эса уйига қараб юрди. Турсунали уч қадам қўйгач, раисни чақириб, тўхтатди:
-Раис, тўхта, акаси айлансин. Берироқ кел. Дакалатчи меҳмон, сиз секин бораверинг. Раиснинг қулоғига айтадиган икки оғиз сўзим бор.
Тешабой оқсоқол ҳам тўхтаган эди Турсунали полвон уни ҳам йўлига тўғрилаб юбора қолди:
-Сиз ҳам бораверинг, ошнам. Тўйингиз сизсиз ҳувиллаб қолмасин,-Раис яқинлашгач,унга тик қаради:-Раис бола, сенинг отанг нақ ўғил бола эди. Биттагина гапирдими, тамом, бошқа нари-бери бўлмасди. Омма сен ота ўғил бўлмадинг. Ваъдани бериб қўйиб, кейин орқага қараб…а?
-Турсунали тоға, бунақанги номардлик бўлмади шекилли?-деди раис елка қисиб.
-Шекилли? Сенинг киндигингни ким кесган биласанми?
-Биламан, сизнинг биринчи хотинингиз.
-Ҳа, биласан. Ўшанда ота ўғил бўларсан, деб янглишган эканман. Бунақа бўлишингни билганимда ўшанда моягингни ўзим кесиб ташлардим.
-Оббо… Тоға, баъзан жуда ошириб юборасиз-да. Айтинг, гуноҳим бўлса.
-Елкангда бир тоғ кўтаролмайдиган гуноҳ бор, бола. Қани, эсла-чи, кимларни далага ҳайдаб олиб чиқиб ишлатмайман, деган эдинг?
-Ҳа, уми…-раис айбини бўйнига олган боладай изза чекиб ерга қаради,- Энди… вазият баъзан ўзгаради-да.
Раис-ку, айбига иқрор бўлувчи ўқувчи бола хилидан эди, аммо Турсунали полвон гуноҳни кечирувчи меҳрибон ўқитувчи тоифасидан эмасди.
-Йўқ, сен айт, кимлар чиқмаслиги керак? Жавоб бер саволимга!-деди у жазо тайин эканидан хабар берувчи таҳдид овози билан.
-Уфф… хўп… ҳомиладор аёллар, эмизикли жувонлар…
-Яна?
-Янами? Келинчаклар.
-Хўш?
-Айтяпман-ку, вазият…
-Вазият-пазиятингни билмайман. Агар қўлингдан келмаса, белбоғингни еч-у ишингни йиғиштир. Белбоғсиз юриш ярашади сенга. Отангнинг лақаби «буқа» эди. Лақаб томонидан яқинлигимиз бор, а? Омма сенга бу лақаб ҳайф. Бундан буёғига сен ғунажин бўласан.
-Тоға, ҳақорат қилманг, ҳар нарсанинг чегараси бор.
-Ҳақорат дейди-я! Бунақа гаплар оз сенга. Изаура деган кинони кўряпсанми? Кеча хўжайини чўри қизга нима деб дўқ урди, эшитдингми? Агар менга тегмасанг, далага чиқараман, пахта терасан, деди. Тушундингми шунга? Мексика деган томонларда ҳатто қул хотинлар ҳам далада ишламас экан. Чўрининг далада ишлаши бир жазо экан. Сен-чи?
Кинони пеш қиласиз-а! Хотинлар ишламаса, ким ишлайди далада? Эркакларингиз бозордан бери келмаса. Хотинларингизнинг ярми иккиқат, ярми эмизикли. Райком отнинг калласидай план берган бўлса. Планни Ойша холам бажарадими?
-Сен эркакларга таъна қилма. Томорқага қараб, бозор-ўчар қилмаса, бола-чақаси оч қолади. Сен берадиган пулга мушук офтобга чиқмайди. Сен ошиқча ҳақ тўлама, ишлаганига яраша тўғри бергин-чи, буларнинг қорни тўйса, бозорнинг юзини кўрмайди. Қишин-ёзин далада бўлса, планингни ортиғи билан дўндириб берса-ю чўнтагига ҳемири тушмай, икки қўлини бурнига тиқиб қолаверса.
-Айб мендами? Бунақа масалаларни Масков ҳал қилади.
-Масков ҳал қилса, бор ўша Масковига!. Горбачевига кир. Қайта қурларинг, деяпти, сенам қайта қуравер.
-Сизга гапириш осон, тоға…
Раис шундай деб чуқур уф тортди. Турсунали полвон унинг дардини хис этди. Бироқ, сир бой бермай, ҳужумни давом эттирди:
-Шунақами! Унда билганингни қил. Омма мен сени яна бир огоҳлантирдим, бола. Агар ўзингнинг билганингдан қолмасанг, чақалоқлигингда қилмаган ишимни энди қиламан. Мени биласан-а, мен Гитлернинг ўзига ҳам сўзини бермаган полвон тоғанг бўламан!
Турсунали полвоннинг дўқ-пўписага якун ясовчи гапи раис учун янгилик эмас.Бу гапни дастлаб эшитганида ўзича:“Гитлер зап вақтида захар ичиб ўлган экан-да, тириклигида бу одамнинг қўлига тушиб қолса, шўрини қуритиши аниқ эди”, деб қўйган эди. Ҳозир хаёлидаги гапни тилга кўчиришга шайтон бир васваса қилди-ю, бироқ раис ўзини тутиб олди. “Хўп бўлади, хўп”, деб қуллуқ қилди-да кета бошлади. Турсунали полвон: “дакалатчингни бир бало қилиб чалғитиб, адаштириб кел, бу ерларда мияни ачитмасин”, деб қолаверди. У бир масалани ечолмай гангиди: бир томондан ҳукумат кўп фарзанд кўрганларни “Қаҳрамон она”, деб кўкларга кўтаряпти. Яна бир томондан мана бунақа лекторларни юбориб, туғишга қарши тарғибот қиляпти. Бу икки сиёсатнинг қай бири маъқул, тушуниб етолмади.
Раис беш-ўн қадам қўймай муюлишдан чиқиб келган Турғуналига рўпара бўлиб, тўхтади. Колхознинг моҳир тракторчиси эмас, ўн уч боланинг отаси сифатида таниқли Турғунали қўлини қовуштирганича салом бериб, ёнлаб ўтиб кетмоқчи эди, раис йўлини тўсди:
-Ҳа, гирой йигит, юрибсанми? Кечқурун идорага бор-чи…
-Нимага, раис бува?-деди Турғунали ҳануз қўл қовуштирганича.
-Нимагалигини билмайсанми? Тракторнинг ҳаққини тўлаб қўясан.
-Айб менда эмас, раис бува,- деди Турғунали йиғламсираб.
-Идорага боравер-чи, айб кимдалигини билиб олармиз, э сендақа гиройдан ўргилдим.
Раис шундай деб тез-тез юриб кетди. Қўл қовуштирган Турғунали унинг изидан мўлтиллаганича кўз тикиб қолаверди. Турсунали уйига кирмай унга бир оз қараб турди-да, кейин чақирди.
-Ҳа, йигитнинг гули, нима гап?-деди худди ҳеч нарсадан хабари йўқдай.
-Шу раисингиз одамни қон қилиб юборади-да,-деди Турғунали алам билан.
-Тракторингга нима бўлди?-Турсунали Турғуналининг ҳамон қўл қовуштириб тургани сабабини билмагандай унга эътиборсиз гапирарди.
-Ҳа, уми?..-Турғунали гарданини қашимоқчи эди, қўли банд экани эсига тушиб, ноқулай аҳволда қимирлаб олди.- Ҳеч нима бўлмади. Эртаматан кетяпсам, дарахт кўчанинг четгинасида турган эди. Кечқурун қайтаётиб қарасам, жойида йўқ. Дарахт деганингиз йўлнинг қоқ ўртасида турибди, денг. Ким кўчириб ўтқазибди, хайронман.
-Шунақами? Биров кўчириб қўйибдими? У неча йиллик чинор, биласанми ўзинг? У экилган замонда отанг бобонгнинг планида ҳам йўқ эди.
“Булар нима учун гапимга ишонишмайди-я?» деб ўйлади Турғунали ўкинч билан. Чиндан ҳам у алдамаётган эди. Чинорнинг йўл четида эканини биларди. Лекин кечқурун қайтишида рўпарасида иккита дарахт пайдо бўлиб қолди. Ғирт маст эмасди, калласи жойида эди. “Асли дарахт битта, лекин негадир кўзимга иккита бўлиб кўриняпти. Қайси бири ҳақийқийси-ю қайси бири кўзимга кўриняпти?” деб ўйлади ҳам. Бироқ, саволига жавоб топишга улгурмай, трактори бир нимага қарсиллаб урилди. Назарида ҳақиқий чинор дарахти ўрнидан жилиб, унинг йўлига чиқиб олгандай бўлди…
-Шунга ҳайронман-да. Юз йиллик чинорни ким кўчириб ўтқазиши мумкин?-деди у хўрсиниб.
-Сен одаммисан ё шайтоннинг баччасимисан? Мени лақиллатмоқчи бўляпсанми? Сенга ичма, ичма деб минг марта айтдимми ё миллион мартами?
-Миллион мартамас-у… аммо айтгансиз.
-Хўп, энди сени нима қилиш керак?
-Бўлди тоға, бугундан бошлаб бу ёғи тормоз.
-Сенинг тормозларинг кўпайиб кетмадими? Бунақа юришингда ҳаётингга ҳам тормоз қилиб қўймагин?
-Яхши нафас қилинг-е, тоға. Шу денг, бу савил ўзимга ҳам ёқмайди. Лекин оқшомга борганда томоғим ўз-ўзидан ғиппа бўғилади. Шу савилдан бир қултум ютмасам, нафас ололмай қоламан.
-Маҳамат қассобнинг гўшт осадиган илгагини кўргансан-а? Билиб қўй: яна ичсанг, бўғилиб қолувчи томоғингдан ўша илгакка илинасан. Ўша ҳолда ўласан, омма ўлганингдан кейин ҳам кўмдирмайман. Пашшаларга ем бўлиб, ириб тураверасан. Бўйнингга «алкашнинг ҳоли шу» деб ёздириб қўяман. Шунда бошқаларга ибрат бўласан.
-Қўйинг тоға, бунақа деманг. Болларим бор, уволимга қоласиз.
-Увол дейди-я!-Турсунали полвон аччиқланиб, қўлини кўтарди. Турғунали унинг бекорга қўл кўтармаслигини билгани учун бўйнини қисиб, букилиб олди. Қўлини кўтарганда Турсунали полвонда чиндан ҳам уриб юбориш нияти бор эди. Бироқ унинг аҳволини кўриб, фикридан қайтди. Кўтарилган қўл бекор қайтмасин, дебми, секингина туртиб қўйди. Ургандан туртган ёмон, дегандай шу секингина турткининг ўзидан Турғунали йиқилиб тушай деди. Турсунали уни елкасидан ушлаб, қаддини тиклади:- Сени ўлдирган одам савобга қолиб, жаннатга бепул киради. Шу болаларинг бўлмаганида, аллақачонла ўлдирворардим. Миллион фашистни ўлдирган одамга биттагина сассиқ алкашни ўлдириш нима экан! Қишлоқни позорларга қолдирдинг.
-Тавба қилдим, полвон тоға. Пирларим ҳаққи қасам ичаман.
-Э ўчир-е, ўзинг нимасан-ки, пиринг нима бўларди. Менга қара, хотининг гирой, а? Ўн учта боланг бор, а?
-Ўн тўртта шекилли?-Турғунали шундай деб, «адашмадимми?» дегандай Турсунали полвонга тикилди.
-Қанақасига ўн тўртта?- Турсунали полвон “наҳот мен адашдим?” дегандай Турғуналига қаради.
-Қайдам, кеча хотиним дийдиёсини ўқиётганида «ўн тўртта оғизга қандай овқат етказиб бераман», дегандай бўлувди.
-Ўн тўртинчи оғиз ўзингсан, аҳмоқ! Агар бу қовоқ каллада бир грам ақл бўлса, ўйлаб кўр-чи, бирортасининг тўйини кўрдингми? Кўрмадинг. Хўш, болаларингнинг тўйларини кўрмай, ўлиб кетаверасанми?
-Нега ўларканман?
-Кеча Худо бир асрабди-ку? Қани, ўзинг айт-чи, сен галварсни Худо қачонгача асраши керак? Худонинг сен аҳмоқдан бошқа ташвиши йўқми? Асраб-асраб, бир кунмас бир кун «ол, нима бўлсанг – бўл!» деб юборса ўласан-қоласан. Кўзингни оч, бола! Ҳалиги гап – гап. Сенинг аварий* қилиб ўлишингни пойлаб ўтирмайман. Ичдингми, тамом – осиласан. Ичишни ташласанг, ўзим сенга нақд минг сўм бераман.
-Шундан келмайсизми, нуқул «осаман, осаман» дейсиз. Ташламаган – номард. Беринг мингни.
-Ҳозирми?- Турсунали полвон унга «сен жиннимисан ё менми?» дегандай қаради-да, захарли кулиб, бошқа гапни айтди:- Онадан ақлли бўлиб туғилганмисан, ё ичовруб- ичовруб шунақа ақлли бўлиб кетдингми?
-Ўзингиз айтдингиз-ку?
-Мен сенга минг сўм берайинми? Сен олгин-у Собитали билан қўшилишиб, икки алкаш бир бўлиб, икки кунга қолдирмай қурутларинг-а? Сен аҳмоқнинг аҳмоқ гапларингга лаққа тушадиган аҳмоқ отанг аллақачон ўлиб кетган, э, бола!
-Полвон деган номингиз бор, гапдан қайтманг-да энди.
-Гапдан қайтган – ҳажиқиз. Яқин орада катта қизингни тўй қилиб узатамиз, пулни ўшанда оласан.
-Тилингизга асал-е, тоға! Совчилар келавериб тентагимни чиқазишаётувди. Қўлим сал калта, денг. Пулим бўлганда эртагаёқ тўй бошлаворардим.
-Кимлардан келяпти совчилар?
-Атроф қишлоқларданам бор, райсентрданам бор. Шерқўзидан ҳам чиқишди.
Турғуналини уриб юборишга тайёр турган Турсунали полвон бу хабарни эшитгач, сергакланди, гапининг оҳанги ҳам ўзгарди:
-Тўхта! Сен бола, улар билан гапни калта қил. Бу қизни бегона қишлоққа бермайсан. Қизинг ким, ўйлаб кўр-чи? Гирой онанинг қизи-я! Сен зотдор сигирингни бошқа қишлоққа сотган бўлармидинг?
Агар бошқа одам бўлганида “қанақа одамсиз ўзингиз, қизимни сигирга ўхшатасизми?” деб ранжиши мумкин эди. Турғунали ҳозир бу қўпол ўхшатишни мулоҳаза қиладиган аҳволда эмасди. Шу боис соддалик билан:
-Бунақа сигирим йўқ, полвон тоға,-деди.
-Бу бир омади гап-да. Биз келажакда гирой бўладиган қизларимизни бегона қишлоққа бермаймиз.
Бу қарор Турғуналининг эзгин руҳига қанот берди, қаддини ғоз тутди:
-Унақада ваъдангиздаги мингга яна беш юз қўшасиз,-деди дадиллик билан. Бу талабни савдолашаётгандай эмас, балки қарзини ундиришга қасд қилган одам каби айтди. Бу талаб Турсунали полвонга “Қани, Полвон тоға, беш юз қарзингиз бор эди, чўзиб қўйинг-чи!” дегандай эшитилди.
-Нега энди?-деб сўради полвон, ҳайронлигини яширмай.
-Райсентр томонларда қалин пули кўпроқ, бизда баракаси йўқ.
-Хўп, қўшсам қўшарман.
Турсунали полвоннинг осонлик билан кўниши Турғуналида шубҳа уйғотди.
-Яна битта гап бор-да?-деди чайналиб.
Турсунали полвон яна аввалги дўқ оҳангига кўчди:
-Нима дейсан?
-Ўзимизнинг қишлоқдан харидор йўқ.
-Бекор айтибсан! Бугун-эрта кутасан совчиларни.
Турсунали полвон шундай дегач, Турғуналининг ҳамон қўл қовуштириб турганини энди сезгандек ажабланиб қаради:
-Ҳа, яна нима дардинг бор? Қўлларингни туширсанг-чи, жуда сертаъзим чиқиб қолдинг-ку?
-Қамбарали кўринмадими, тоға?-деди Турғунали бошига оғир ғам тушган киши овози билан.
-Уни нима қиласан, туширсанг-чи қўлингни.
Турғунали иккилана-иккилана, охири қўлларини туширди. Шундагина елкаси оша енглари орасидан ўтказилиб, икки учига қулф урилган занжир кўринди.
-Бу қанақаси?-деб сўради Турсунали полвон бошини сарак-сарак қилиб.
-Қамбаралининг иши бу, тоға,-деди Турғунали йиғламоқдан бери бўлиб.- Доим менга бир қайнови ичидаги ҳазилларини қилади. Бултур атайин менинг номимга пул тўлаб, «Собаководства» деган журнал ёздирибди. Уйимга ойда икки марта итлар ҳақидаги журнал келавериб, иснодларга қолиб кетдим.
-Лақабинг «ит» бўлганидан кейин нақ ўзингнинг журналингни олгансан-да.
-Сиз ҳам шунақа дейсиз-а!-Турғуналининг ҳафсаласи пир бўлиб, қўл силтамоқчи эди, занжир шарақлаб кетди.- Кеча очиғи… Қамбарали билан ҳам қиттак-қиттак отувдик. Учиб қолган эканман, шунда занжирлаб кетибди-да. Қулфнинг калити ўшанда.
-Қулфнинг калити менда,-Турсунали полвон шундай деб чўнтагидан калит чиқарди.
-Ие, сизга берибди-да,-деди Турғунали умидсизлик билан.
-Сен аҳмоқни ўзим кишанлаганман. Тракторингни дарахтга урганингдан кейин нима қилдинг, эсингдами?
-Эсимда. Омон қолганимнинг хурсандчилигига Худога шукур қилиб, Қамбарали билан қиттак-қиттак қилдик.
-Кейин-чи?
-Кейин…-Турғунали қанча ўйланмасин, эслолмади.
-Кейин уйингга бориб, хотинингни ургансан, сен аҳмоқ! Калла борми, сенда?! Гирой хотинни уришга сенга ким ҳуқуқ берди? Ўғлинг югуриб келди олдимга.
-Қайси бири келди?
-Сенга нима фарқи бор?
-Отасини қайси бири сотганини билиб қўяй-да?
-Сотқинни ҳали сенга кўрсатиб қўймайин?!
-Тавба қилдим, тоға.
-Тавбанг қабул эмас. Бир ҳафта шундай юрасан. Сенга жазо – шу!
Турсунали полвон шундай деб шарт ўгирилди-ю уйига кириб кетди. Турғунали гулханга отилган бечора ҳолида куйиб қолаверди. “Полвон тоғам бир ҳазиллашди-да, ҳозир чиқиб, қулфни ечади. Одамни қулфлаш одам қиладиган ишмас-да, ахир» деган умидда эшикка умид билан қараб турди. Кейин умиди ушалмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ўзига ўзи гапирганича нари кета бошлади.
-Гирой хотинни уриб бўлмас эмиш. Э, ўргилдим, бунақа ҳаётдан. Уриб бўлмаса, оғзини тикиб қўй. Тинмай жаврашига ўзим чидасам ҳам қулоғим чидамай кетяпти. Туғавериб-туғавериб қоқидай қовжираб қолди. Қоронғида кўрсам, кайфим учиб кетади. Хотинни янгилай десам, бу хўжайин,-шундай деб орқасига ўгирилди-да, Турсунали полвоннинг эшигига қараб олди,- қўймаса керак. «Гирой хотинни простой* хотинга алмаштириш мумкинмас», деган закун чиқариб қўяр.
«КАПИТАЛ»НИ ЗАМОНАЛИ ЁЗМАГАН
Гузарда овозлар тингач, уйда ўтиравериб тинкаси қуриган Собитали Қамбарали келгандир, деган умидда, аниқроғи Қамбарали ваъда қилган зорманданинг умидида эшигини очиб, ташқарига қаради. Занжирбанд Турғуналинини кўрди-ю аввалига қотиб қолди, кейин кулганича кўчага чиқиб, унга рўпара бўлди:
-Ие, ҳа, братан? Бу нимаси? Янги мода топдингизми? Зўр-ку? Қани, мундай айланинг-чи, орқани ҳам кўрайлик,-деди масхара оҳангида.
-Масхара қилма, бу ўзингнинг бошингда ҳам бор,-деди Турғунали алам билан.
-Батканинг қўлига тушибсиз-да, а?-деди Собитали ҳамдардлик билан.
-Шунақа бўлиб қолди,-деди Турғунали хўрсиниб.- Бундан кўра азроилнинг қўлига тушганим яхшироқ эди. Яшашнинг қизиғи қолмади, ука. Ичсанг – бу аҳвол. Гирой хотинни уриб бўлмаса, у қилиб бўлмаса, бу қилиб бўлмаса… Э!..
-Ака, гапингиз худди Замоналининг гапига ўхшайди. Райкомда нима деганини эшитдингизми?
-Қайси Замоналини айтяпсан?
-Яккачинорлик сувчи-да. Ўшани қўярда қўймай партияга ўтасан, деб райкомга олиб боришибди. Райкомда ақлли зотлар кўп бўлади-да, бечорани турғизиб қўйиб, тозза саволга тутишибди. Биттаси «ичасанми?» деб сўрабди. «Ҳа», дебди. Ичишини биласиз-ку, симирворади. Менинг бир ҳафталигимни у биттада олади-ю боши грамм оғримайди.
-Боши бўлса оғрийди-да. Ўша зўринг мен билан ичиша олмаган. Хурсаналининг тўйида бормидинг? Ярим йўлда қолдириб, пач-чағини чиқариб ташлаганман,-деди Турғунали фахрланиб.
-Хўп, бу масалани алоҳида ўтириб ечамиз. Энди давомини эшитинг: хуллас, иккинчи доно «чекасизми?» деб сўрабди. «Чекаман, ҳўлу қуруқ қайсиниси тўғри келса, олавераман», дебди. Учинчиси «Бегона хотинлар билан дон олишиб турасизми?» дебди. У «Эркак бўлганимиздан кейин шўнғиб турамиз-да», дебди.
-Шу ерини яна оширвординг. Бунақа иш келмайди унинг қўлидан.
-Гапни бўлмай туринг. Хуллас, райком бува «Энди ўртоқ Сотволдиев, бу иллатларни ташлайсизми?» деса, Замонали «Хўп,акаси жонидан, ташласам ташлай»,дебди. Шунда яна биттаси «Айтинг-чи, ўртоқ, сиз партияга жонингизни бера оласизми?» деб қолибди. Замонали ҳам тап тортмай: «Берганим бўлсин, акаси жонидан, ичмасам, чекмасам, бегона хотинларга қарамасам, менга бунақа жоннинг нима кераги бор?» дебди-да. Энди саволлар тугади шекилли, деб чиқмоқчи бўлса, райком бува «Капитал»ни ким ёзган?» деб сўраб қолибди. Замонали «Менинг бунақа ёз-ёз одатим йўқ, ўғил бола гап шу: уни мен ёзмаганман», дебди.
-Тўғри, у ёзмаган. Ёзадиган боламас у. «Капитанни ёзгансан» деган бўлса, участковой капитанни айтгандир-да. Уни ёзса анави телпакчи Шокирали ёзади. Капитан ундан чўтал олавериб, тентагини чиқариб юборган.
-Вей братан, қулоқми бу ўзи ё дастурхончининг супрасими? «Капитан» эмас, «Капитал» деган китоб боракан.
-Китоб? Э, қўй, Замонали китоб ёзарканми? Уч йил армияда юриб, энасига битта хат ёзмаганиди. Энаси бечора «болам ўлиб кетгандир», деб юрган экан.
-Замонали-ку ёзмаган, буниси аниқ. Лекин ўша китоб райкомга қарши ёзилганга ўхшайди. Хуллас, райком бува «бу ишни текшир», деб милисага айтибди. Замоналини райкомдан тўғри турмага тиқиб қўйишибди. Икки кун деганда бўйнига олибди-да. «Капитал»ни мен ёзганман», деб тилхат берибди.
-Бўйнига олган бўлса, ўлибди бола. Энди нақ отиб юборишади.
-Йўқ, тилхатни олиб чиқариб юборишибди. Кеча биллалашиб роса отганмиз. Турмадан қутулиб чиққанини ювганмиз.
-Олиб қочма, «ёзганман» дейди-ю милиса индамайдими?
-Индолмабди-да. Райкомга борганида партияга қабул қилиб қўйишган экан. Коммунистларни қамаш мумкинмасмиш. Кейин ким ёзганини райкомнинг ўзи аниқлабди чоғи.
-Ким ёзган экан?
-“Маркс” дегандай бўлдиёв.
-Маркс ёзган бўлса у бола бечорага нега осилишади?
-Уларнинг ишига ким тушунарди? Даъво қилгиси келса қилаверади-да. Вей братан, бунақа туришда эзилиб кетасиз-ку, кимнинг иши бу?
– Кимники бўларди?.. Хотинди урган эмишман. Гиройни уриш мумкинмасмиш.
– Шу батка ҳам жуда ошириб юборади-да! Кеча менам сал учиб қолган эканман, денг, эртаматан қарасам, хотин йўқ. Уйига кетиб қолганмиш. Батка нима дейди? Хотинимни уч талоқ қўйганмишман. Учта эрга тегмагунча қайтмасмиш.
-Сенинг ишинг осон экан.
-Нимаси осон?
-Хотининг ёш, тегаман, деса учта эр топилади. Бир ойдан турса, уч ойдан кейин яна ўзингники-да.
-Вей, братан, чулдираманг.
-Меники қийин, ука, хотинни ярим талоқ ҳам қўя олмайман. Йигирма йиллик пўстакдай қуруқшаб кетган хотинга ит ҳам қарамайди. Унга учта эр топилиши қийин. Кайфчиликда «уч талоқсан» деб юборган бўлсам, уйим куяди.
-Тушунмадим? Топилмаса яхши-ку! Талоқ бўлиб юраверади, сиз бошқасига шартта уйланиб, кайфни сураверасиз.
-Қани эди шунақа бўлса. Сен менинг хотинимни билмайсан. У – гирой! Туғишга ҳам гирой, мени пийпалаб ташлашга ҳам гирой. Талоқ қилсам, онасиникига жўнаворади, деб ўйлайсанми? Бе, кетиб бўпти! У менинг думимга челак боғлаб ҳайдайди. Болаларни ҳам ёнимга қўшиб беради. Ўн учта болали трахтирчига биров тегармиди? Болаларнинг иштонини ювиш билан куним ўтаверади
-Ўзи боллардиям жа-а экворгансизда. Шартмиди шунча?-деди Собитали унинг елкасига аста муштлаб.
-Шартликка шартмас-а, омма менга хотиннинг росаям туғонғичи учраб қолган-да,-деди Турғунали афсус билан.-Эски чопонимни ёпиниб ётса ҳам иккиқат бўлиб қолаверади-я! Саккизинчисини туққанида унга айтдим, «ке, энди қулф уриб қўя қол», дедим. Гапимга кириб бир йил туғмовди, полвон тоғанг нақ революция қилиб юборди-ку? Хотининг икки йилда гирой бўлмаса, қишлоқдан чиқиб кет, юрибсан эркакман деб, шарт қўйди.
-Батка зўр. Шартни бажармасангиз ёнингизга кириб ётиб олишдан ҳам тоймайди. Батка менга ҳам шунақа топшириқ берган. ¤ринга ётишим билан батка биқинимдан туртгандай бўлаверади. Хотин ҳам хайрон. Намунча актив* бўлиб кетяпсиз, дейди. Батканинг зуғумидан унинг хабари йўқ-да! Омма сизга яхши, энди сизга бунақа дўқ-пўписа йўқ. Охиргиси қиз бўлди-а?
-Нега қиз бўларкан, ўғил!-деди Турғунали ғурурланиб.
-Адашманг, қиз эди, братан.
-Сен қаёқдан биласан?
-Янги меҳмонни қачон ювамиз, деганимда «Эсинг борми, қизди ҳам ювадими?» девдингиз. Оти нима, эсингиздами?
-Нимага эсимда бўлмасакан? Охиргиси аниқ ўғил эди. Хотиним ҳам айтган. Отини… ҳозир айтаман. Дилшодалидан кейин Беҳзодали, кейин Шерзодали, кейин Шаҳзодали. Кейин…
-Кейингиси – Войдодали!- ўзининг бу ҳазили ўзига мойдек ёқиб, ҳузурланиб кулди.
-Сен кулма, бола, ҳозир бошим тарс ёрилиб кетай деб турибди.
-Бош оғриқдан сиз гапирманг, мен куймай ака. Қатиқ ичувдим фойда бермади, дорисини қилмасак бўлмайди, уйда борми?
-Бе, хотин зоти уйда дорини қўйиб қўярканми? Молхонадаги гўнгнинг орасига яширсам ҳам топибди-ку!
-Унда ҳозир йўлини қиламиз. Қамбаралининг телевизори бузилган экан. Бугун кун бўйи боқади бизни.
-Кун бўйи?
-Йўли бор-да. Ҳозир кирамиз. Телевизорини тузатаман. Юзта-юзтани отволамиз. Кейин пешинда бизни ўзи қидириб топади.
-Қанақасига?
-Шунақасига. Телевизорини пешинга қадар ишлайдиган қилиб тузатаман. Телевизорнинг яхшилаб тузалиши учун устани бир кун боқмаса бўлмайди.
Шундай фитнани мўлжал қилиб туришганда Қамбаралининг ўзи келиб қолди. Баткасининг топишириғини тезроқ бажариш учун югурганми, ит қувиган мушукдек бўлмаса-да, ҳар ҳолда хансирарди. Уни кўриши ҳамон Собиталининг қоронғи кўнглига чироқ ёқилгандай бўлди.
-Қани, акахон, биз тайёрмиз, тузатамизми телевизорни?-деди халоскорига пешвоз чиқиб.
-Ярим соатдан кейин. Биласан-ку, Батка экстренний мажлис чақирган.
-Мажлис бошқа шўрпешоналарга аталган. Биз кириб ишни бошлайверайлик.
– «Биз» дейсанми? Бу акамиз ҳам билла тузатадиларми?-Қамбарали шундай деб Турғуналининг енгидан чиқиб турган қулфни ўйнаб, кулди:- Зўр-ку? Мучалингиз буқами, дейман-а?
Айни дамда Қамбарали фақат Собиталига эмас, Турғунали учун ҳам халоскор мақомида эди. Шу боис унга илтижо билан боқиб деди:
-Қамбарали, бунинг калити сенда эмиш, а?
-Бу менинг ишим эмас, ака. Батка айтди, мен занжир билан қулф олиб келиб бердим халос.
-Айтса олиб келаверасанми? Тополмадим, деб қўйсанг ўлармидинг?
-Батка топмаганимга қўярмиди? Заводига бўлса ҳам жўнатарди-ку.
-Энди бир амалла.
-Иложи йўқ.
-Вей, калит қидириб юрасизми, ё эговлаймиз ё арралаймиз, тамом-да!
-Қани, бир уриниб кўр-чи, занжирни ўзингнинг бўйнингда кўрарсан. Батка ўзингни эговлайди, буни точна биламан.
Собитали билан Турғунали бошларига тушган дунё ташвишларидан қандай қутулишни билмай гарангсиб турганларида Турсунали қишлоғи эркакларини исноддан қутқариб қолиш чораларини изларди. Бу одам тилига келган гапни қайтармай валақлайверади, дегувчилар янглишишади. Тўғри, баъзан шунақа ҳам бўлиб туради. Аммо мажлисда валақлайдиган одати йўқ. Ҳар қандай йиғинга, айниқса, ўзи белгилаган мажлисга астойдил тайёргарлик кўради. Шу боис, Турсунали полвон отасини беҳурмат қиларди, деган гапга ишониш мумкин-у, бироқ, “мажлисга бефарқ эди”, деган гапга инонмаслик керак. “Мажлис – сиёсат дегани. Сиёсатни менсимаган одам ўзини беҳурмат қилади” – унинг бу ақидасига ҳалигача биров қарши чиқмаган. Ҳозир ҳам мажлисда айтадиган гапларини ўйлаб, пишириб олди. Эгнига ярим ҳарбий кийимини кийди. Жанговор нишонларини артиб, ялтиллатди. Шундан кейингина кўча эшигини очиб, ташқарига чиқди. У кўчада кўриниши билан Турғуналини “кишан”дан озод қилиш масаласи ҳал этилмай, ҳаммаларининг дамлари ичларига тушиб кетди. Турсунали Собитали билан Турғуналига гапириб турган Қамбаралини кўргач, аччиқланиб, бақириб берди:
-Қамбар! Нимага ивирсияпсан? Анави алкашларни ёнингга олиб, жой тайёрла. Мактабга хабар қилдингми, пионерларни юборадиган бўлишдими?
-Бу ёғи беш бўлди, Батка.
-Ҳаммаси қоидали бўлсин. Президиум қил. Гул қўйишни унутма. Хў-ўш… президиумга кимларни сайлайсан, яна довдираб юрмагин.
– Ҳаммаси точна бўлади, Батка, сиз савсем* ҳавотирланманг.
-Алкашларнинг бурнини ерга ишқаб ишлат, омма занжирини еча кўрма. Бир ҳафтага ҳукм бўлган, ечдинг – ўзинг тушасан. Мен дакалатимни ўқиб чиққунимча ҳаммаси тайёр бўлсин,- шундай деб тайинлагач, яна уйига кириб кетди.
-Эшитдиларингми?-деди Қамбарали “кўрдиларингми, менга ҳам осон эмас”, деган маънода қараб.- Қани, юрларинг.
-Вей, братан, биз телевизорингни тузатайлик, бизни сиёсатга аралаштирма,-деди Собитали орқасига тисарилиб.
-Ўлиб қолмайсан, уч-тўртта устул ташиб берасан, халос. Сен юр, акамга майли, узрли.
Собитали ночор равишда унга эргашди. Турғунали ечилмай қолган қулф ташвишидан бир азобланса, Қамбаралининг уйида ичилмай қолган ароқ хуморидан минг азобланиб қолаверди. Қамбаралини инсофсиз деймизми ёки фаросатсизми, ҳар ҳолда Турғуналини бу аҳволда ташлаб яхши иш қилмади. Ўғил бола деган бунақа бўлмайди-да! “Турғунали ака, бош оғриқнинг азоби бизга ҳам маълум, сиз меникига кириб туринг, келинингиз бир пиёлагина қуйиб беради, кейин биз келиб биллалашиб давом эттирамиз”, деса энасининг ҳаққи кетадими! Бир қишлоқда яшаб, битта ариқнинг сувини ичган одамда раҳм-шафқат бўлмаса, бошқаларга қийин экан-да!
Турғунали дунёдан умидини узган чорасиз одам ҳолатида бир-бир босиб сой бўйига борди-да, тиз чўкди. Одамлар орасида “тушингни сувга айт!” деган ибора бор. Турғуналида сувга айтадиган туши йўқ, лекин дардлари бор. Ўзи ҳам сезмаган равишда у дардларини сувга тўка бошлади:
-Худойим бунча ҳам мени ёмон кўриб қолмаса. Бир чеккада ўсиб турган дарахтни трахтиримнинг рўпарасига келтириб қўйса. Анави,- шундай деб Турсунали полвоннинг уйи томонга қараб қўйди,- оғзи полвонларнинг қўлига занжир-қулфни бериб қўйса…
Турғунали дардини сувга айтаётган маҳалда «экстренний мажлис”га чорланган азаматларнаинг энг фаоллари бирин-кетин кела бошладилар. Султонали, Нурали, Миралилар сой бўйида ўтирган Турғуналига ажабланиб қарадилар. Ҳамқишлоқларининг пайдо бўлганларини сезмаган Турғунали эса Худога бўлган зорини давом эттирди:
-Эрталаб бир қултумгина зормандага зор қилиб қўйса. Худога нима ёмонлик қилган эканман, ҳайронман. Юзтагина ичаман. Ичаману ётаман. Бировга зарарим тегмаса. Ичишимнинг нимаси гуноҳ, ҳайронман? Ароқни мен ўйлаб топибманми? Уни Худонинг ўзи бериб қўйган бўлса. Шу Турғунали деган бандам трахтир ҳайдайвериб, хотинини роддомга ташийвериб эзилиб кетди, юзтагина отиб хумордан чиқсин, деб яратган бўлса-ю, мен ичмайиноқ бу дунёдан ўтиб кетсам Худога беҳурматлик бўлмайдими? Булар ҳурмат-пурмат деган нарсани биладими ўзи? У дейди, бу дейди… Хў-ўш… қиёматда Худо «Турғуналивой, мен яратиб қўйган дорини назарга илмадингизми? Нега юзтагина отиб кайфингизни сурмадингиз? Ароқнинг ўзи харом эмас, кайфи ҳаром», деб қолса нима деган одам бўламан? Хотиним рухсат бермади, дейманми? Хўш, кимнинг гапи гап? Хотиннинг гапими ё Худонинг гапими? Э Худо, яна бир марта худолигингни қилгин: насибамга яна юз граммгина қўш. Ҳозир шуни отиб олмасам, ёрилиб ўламан, ўзинг товонимга қоласан. Сал ўзимга келволайин, кейин ташласам ташлай шу зормандани. Лекин… кейин ҳам «ичавер» десанг, яна ўзинг биласан. Мен Худонинг гапини қайтарадиган номард бола эмасман.
Бу ҳасратни эшитган ҳамқишлоқлар ўзларини тутишга ҳарчанд уринишмасин, кулиб юбордилар. Турғунали бу кулгидан чўчиб, орқасига қаради-ю “булар осмондан тушдиларми?” дегандай гарангсиб қолди.
-Ҳа, Турғунали ака, баҳай? Тушингизни сувга айтяпсизми?-деди Нурали.
-Туш, дейсан-а! Ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Яшашдиям қизиғи қолмади, ука!-Шундай деб ўрнидан турган эди, ҳамқишлоқларнинг кўзлари қулфга тушди-ю кулгини авжга чиқардилар.
– Ие, қулфлар қуллуқ бўлсин! Кимдан ҳадя бўлди, ака?-деди Султонали.
Турғунали “шуни ҳам билмайсанми, нодон”, дегандай Турсунали полвоннинг уйи томон имлаб қўйди:
-Кимдан бўларди…
-Э, бундан ранжиманг асти. Қувонинг акахон, сиз нақ Гитлернинг ўзи билан тенглашибсиз,-деди Нурали уни елкасидан қучиб.
-Масхара қилма, ука, ўзи ўлолмай турибман,-деди Турғунали зорланиб.
-Масхаралаганим йўқ. Ахир полвон тоғам «Нақ Гитлернинг қўлларига кишан урганман, нақ Жуковнинг ўзи «Маладес, Турсунали!», деган» деб минг марта айтганлар-ку?
– Разведкага боришгани-чи?-деб гапга аралашди Мирали.
– Қани, қани, бу янгиси шекилли?
-Яна латифа тўқиб юрибсанларми? Унақа қилмаларинг. Уруш ҳазиллашадиган нарса эмас,-деди Турғунали норози оҳангда.
-Латифа эмас, бўлган гап,-деди Нурали.-Хулласи, командир бу иккала полвонга «Биттагина немисди тутиб келларинг», деб буюрибди. Хўп, деб кетишибди. Тешабой тоғам йўлда «Менга қара, Турсунали ошнам, биттагина немисди деб иккаламиз сандирақлаб борсак уят эмасми? Бу гап қишлоққа етиб борса иснод-ку?» дебдилар. Бу гап Турсунали тоғамга маъқул келиб «Тўғри айтасан, сен шу ерда тура тур. Сен носдан ташлаб оловур. Шу носди тупургунингча битта немисди орқалаб келмасам юрган эканман», деб кетибдилар. Шу денг Тешабой тоғам носқовоқдаги бари носди чекиб тугатсалар ҳам оғайниларидан дарак йўғмиш. Бу ёғи шом тушаётганмиш. Шунда тоғам тушмагур бир тепаликка чиқволиб, «Турсунали, ҳов Турсунали!» деб бақирибдилар. Полвон тоғам ўша яқин орада эканлар, «Ҳа, нима дейсан!» дебдилар. «Немисди топдингми?» сўрабдилар Тешавой тоғам. «Ҳа, топдим», дебдилар Турсунали тоғам. «Нечта топдинг?» «Ҳа, тўрттагинасини топиб қўйдим.» «Топган бўлсанг, опкемайсанми?» «Оборай десам, бу занғарлар мени қўйворишмаяпти-да!» деб жавоб берган эканлар.
Нурали тўқиган бу латифа янги бўлмаса-да, ҳамроҳлари кулишди. Турғунали эса “ҳе, эси йўқлар!” деб тескари ўгирилди.
-Ҳа, Турғунали ака, бу гапларга кулмайсиз ҳам?-деди Мирали тегишиб.
-Шунақа аҳмоқ гапга ҳам кулаверадими одам деган,- деди Турғунали унга қарамай.
-Бошқа сабаб ҳам бордир?-деди Нурали.-Бош оғриятгандир, а?
-Бу гапинг ҳам тўғри, бош ёрилай деб турганда кўнгилга кулгу сиғами?
-Яна “бошим қоронғу”, денг?-деди Нурали унинг биқинига аста туртиб.
-Масхаралама, дедим сенга!
Ҳамқишлоқларга пайров учун гап топилган эди. Шу боис Турғуналининг норозилигига эътибор бермай, Султонали гапни илиб кетди:
-Бошлари қоронғумасдир, кеча кечқурун довдираб юрган эканлар, беҳос “ой кўрган”дирлар. Ой кўрганда ҳам бош оғрирмиш, а?
-Бу туришларига қараганда ой эмас, нақ эналарини кўрганга ўхшайдилар,-деди Нурали.
Турғуналининг астойдил аччиқланаётганини сезган Мирали унга яқинлашиб, елкасига қўлини қўйди-да, ҳудди меҳрибон отадек деди:
-Хафа бўлманг, ака, булар ишқи йўқ – эшшак, дарди йўқ – кессак. Бировнинг дардини билармиди? Бош оғриётган бўлса, иложини қидирмай, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?
Турғунали ҳамдард топилганидан хурсанд бўлиб кетди. Агар ҳозир қўли қулфлоғлиқ бўлмаганида уни қучиб олишдан ҳам тоймасди.
-Собитали иложини топувди,-деди у чуқур хўрсиниб. Агар сувдан ажралган балиқ тилга кириб гапира олсайди, ҳудди шу оҳангда хасрат қилиб, ҳудди шундай хўрсинган бўлармиди…Турғунали дардини чала қолдирмай, янада аламли оҳангда изоҳ берди:- Қамбарали унга устол ташитяпти, ҳозир мажлисмиш.
-Қамбаралига ишондингизми, у Алдар кўсанинг устози-ку? Сизларни лақиллатган.
-Лақиллатса, телевизори тузалмайди,-деди Турғунали ишонч билан.- Собитали анойимас. Яримта қуймагунча иш бошламайди.
– Унда уч кишига бўламиз, меники ҳам тортиб турибди,-деди Мирали уни елкасидан қаттиқроқ қучиб. Бу таклиф Турғуналига маъқул келмай ўзини четга олди:
-Сен орага суқулма. Ичмайман, деб қасам ичгансан. Қасамни бузма, ёмон бўлади бола.
-Акажон, тутун қайтарманг энди. Мен ичмайман, деб қасам ичган бўлсам, сиз Миралини зўрламайман, деб қасам ичмагандирсиз?
-Қўй, ука, бу бошқа масала. Биз ичсак ярашади. Ҳар ҳолда «гиройнинг эри» деган номимиз бор. Сенам аввалига хотинингни гирой қилиб олгин, сўнг хурмачангга сиққанича отавур.
-Мирали, хиралик қилаверма. Сен қўшилсанг, насибалари яримта бўлади,-деди Султонали. Бу танбеҳ Турғуналини бостириб келаётган ташвиш булутидан қутқарди. Мирали шерик бўлишини писанда қилганида ароқ тўла пиёлани қўлидан тортиб олгандай туюлган эди. Султоналининг гапидан кейин бир томчиси ҳам исроф бўлмай, ўзига қайтариб берилгандай бўлди.
-Тўғри айтасан, нафси ёмон бунинг. Наҳанг балиқ ҳам бунчалик ичмасов,-деди у Султоналига миннатдорлик билан боқиб.
-Бунинг ичаги тўғри, томоғидан ўтволса бас, у ёғига тўхташ йўқ,-деди Нурали уни қувватлаган бўлиб.
Улар шу йўсин Турғуналига тегишиб туришганда сойнинг нариги томонида Шоирали пайдо бўлиб, ҳазиллари барҳам топди. Шоирали шу қишлоқдан чиққан чала шоирлардан. Чала дейилишининг боиси шундаки, унда асли шоирликка ҳос уқув йўқ. Туғилган чоғида отаси кимнингдир гапига кириб унга “Шоирали” деб исм берган-у бу ўғил улғайгач, “исмим ишимга муносиб бўлсин”, деб шоирликни ҳавас қилиб, шаҳарга жўнаб қолишини ҳисобга олмаган эди.
Яъни, яъни, яъни!
Аҳволимни кўр мани!
Яхшими шу, айт,
Севганим эрга тегиб кетгани!
Шоиралининг бу сатрлар билан назм оламига қандай кира олишини ҳамқишлоқлари билишмайди. Улар учун биттагина далил бор: Шоирали шаҳарда шоирлик қилиб юрибди. Баъзилар шаҳарга бориб бирон мартабага эришгач, қишлоғини унутиб қўяр экан. Лекин Шоирали унақа номардлардан эмас. Қишлоғини ҳамиша соғиниб яшайди. Айниқса, чўнтак бўшаб қолганида бу соғинч янада ошади. Шунда у ҳудди мурид овлаган пирдек қишлоғида пайдо бўлади. Шаҳардаги оламшумул ютуқларидан гапира-гапира, барчани ишонтира-ишонтира, ҳеч бўлмаса, бир ойга етгулик маблағ билан қайтади.
Зўр умидлар билан қишлоққа қадам қўйган Шоирали дўстларини кўрди-ю қувониб кетди:
-Атаманларга шон-шарафлар бўлсин!-деб хитоб қилди-да, сойдан сакраб ўтиб, уларни бир-бир қучоқлаб, кўришди. Бу орада Қамбарали билан Собитали стулларни кўтариб келиб қолишди. Шоирали улар билан ҳам сўрашгач, Турғуналига қараб деди: – Бу не ҳол, атаманлар, бир томонда тўй, бир томонда кишанланган қуллар?
-Баткамиз бугун эрталабдан местний насионалний* мотам эълон қилганлар,-деди Султонали кулимсираб.- Энди кишаннинг сабабига келсак, бирданига учта туғдириб хотинни гирой қилиш усулларини Ўроқбой акага шу киши ўргатган, деган гумонлар бор. Ҳозир экстренний мажлисда бизнинг масаламиз кўрилади.
-Сабаб?-деди Шоирали муҳим муаммога дуч келган кишидай қошларини чимириб.
-Сабабини ўзинг биласан, бизди хотинлар гиройликка номзод,-деб тушунтирди Султонали.- Яна уч-тўрт ҳаракат қилинса, хотинлар гирой, бизлар отец-маладесмиз-да! Омма мажлисдан пича хавотирим бор. Батка тушмагур хотинларинг сразу учтадан туғсин, деб социалистик мажбурият юклавормасайди. А, Нурали?
-Отец-маладес бўлгинг келаётган бўлса ўзинг бўлавер, омма мени қўшма. Батка ҳали тантанали ваъда талаб қилади. Шунда ҳам сен ўзинг учун ваъда беравер. Мени аралаштирма. Мўлжал – бешта эди. Шу Батканинг зуғуми деб еттитага олиб чиқдим. Бўлди, етади.
-Унақа демагин-да, энди. Эркак одам орқага қайтмайди.
-Орқага қайтмаганнинг аҳволига ана, бир қара, ҳолига маймун ачиниб, йиғлаб-йиғлаб адо бўлади.
-Ў, зўр! Зўр ташбиҳ бўлди!- Шоирали шундай деб бир оз ўйланди. Бу онда учиб келган илҳом париси бурни устига қўниб, оғзига тупурди шекилли, шеър тўқиб юбора қолди:- «Турғун тоға дардида бўлди хароб бу маймун, сувсиз қолди бу Жайҳун, қуриб қолди Оролжон!»
Илҳом парисининг эснашидан ҳосил бўлган бу сатрларни эшитган Турғуналининг фиғони кўкка учди:
– Вей бола, сен шоирмисан ё жиннимисан? Сен мени маймунга тенглаштиряпсанми?
-Ҳай, ҳай акам, ўзингизни босинг. Сизни маймунга қиёс этганим йўқ. Сиз шеър санъатига тушумайсиз.
-Ўргилдим, ўзинг тушунавер. Сенам одаммидинг…
Шоирали унга норози қиёфада боқиб, эътироз билдирмоқчи эди, гапга Султонали аралашди:
-Тўхтанглар, ғалва қилманглар. Хўп, шоир ошнам, бир пасда шеърни ҳам тўқиб ташладинг-а. Нима эди? «Қуриб қолди Оролжон» Оролжонинг ким?
Саволга жавоб қайтаришдан олдин Шоирали унга ғолиб одамнинг мағрур қараши билан боқди:
-Орол – бу денгиз. Жайҳун – Амударё. Дарёда сув камайиб, денгиз қурияпти, тушундингми?
-Мен-ку тушундим-а, лекин Турғунали аканинг Оролга нима даҳли бор? Бу бечоранинг оғриган бошига Оролжонинг давоми?
-Султонали, билмасанг сенам гапираверма,-деди Нурали уларнинг баҳсига қўшилиб.- Ҳали шеърнинг давоми бўлади. Давомида Турғунали аканинг ўн иккита ўғли би-ир чоптириб беришса, Оролжон ҳам тўлиб қолади-да. Шоирларнинг гаплари маъноли бўлади.
Кўтариб келган стулларидан бирига ўтириб олганча чала-ярим аскияга маҳлиё бўлиб ўтирган Собиталини Қамбарали туртиб, туришга ундади. Собиталига бу онда стул ташиш азобидан кўра полвон тоғасидан мушт еб ўлиш азоби осонроқ кўринарди. У “нима қилсанг қил, турмайман”, деб қўл силтагач, Қамбарали қулоғига “бу ишлар қанча тез тугаса, уйга шунча тез кирамиз”, деб шивирлаб, дунёдаги энг олий ҳақиқатдан хабардор қилгач, ноилож ўрнидан турди.
Муаммоларини ечиш билан банд ҳамқишлоқлар эса уларга эътибор бермадилар. Қамбарали уларга “инсофларинг борми, иккитагина устол олиб чиқсаларинг-чи” демади. Чунки бу қишлоқда Турсунали полвондан кейин сиёсатни яхши тушунадиган иккинчи онгли одам айнан Қамбарали бўлади. Шундай экан, мажлисга чақирилганларга иш буюриш сиёсий хато эканига унинг ақли етмайдими?
Нуралининг гапи Шоиралига маъқул келди. Гапга мазах аралашганини сезса ҳам сир бой бермай, баландпарвоз оҳангда деди:
-Гапинг ҳақиқат мезонига яқин, дўстим. Шоирни тушунишни ўрганиш керак. Мана, «ариқларнинг тагида кўприклар оқар», деганда нимани тушунасан? Нурали, сен жим тур, манави тарвуз айтсин, хўш?
-Бунинг йўли осон, ошна. Ҳозир бир калла қўйиб ағанатман-да, сўнг оёғингни осмондан қилиб анави дарахтга боғлайман. Ана шунда ариқнинг тагидан оқаётган кўприкни кўрасан.
Бу гап Турғуналига маъқул тушиб кулиб юборган эди, Шоирали унга норози қиёфада қаради:
-Ҳа, акам, сиз нимага тушуна қолдингиз?
-Тушунганим шуки, шоир бола,-дедиТурғунали,- Султонали калла урадиган бўлса, сен кўприкни эмас, бира йўла энангни кўра қоласан.
-Ўрисларнинг тузлаган тарвузида ҳам бир маза бор-у, аммо сенларда маза-матра йўқ,-деди Шоирали ҳафсаласи пир бўлиб.- Шеър эшитганда каллани ишлатиш керак. «Ариқларнинг тагида кўприклар оқар», деганда сувга кўприкнинг акси тушиб турибди, сув тоза, яъни экологический чистий, ичиш мумкин, дегани. Ке, қўй, шаҳарда шеърият асослари ҳақида баҳслашавериб чарчаганман. Бу ерга хордиқ чиқаргани келганман. Ундан кўра қандай проблемаларинг* бор, шулардан гапирларинг.
-Ўтган сафар ҳам «проблема» деб бошни ачитувдинг. Эсингдан чиқдими?-деди Нурали.- Баткадан бошқа проблемамиз йўқ бизнинг. Шу одамнинг зуғумидан қутулсак, сал эркинроқ юрардик. Бир нимани ўйлаб топаман, дединг-у қорангни ўчирдинг. Битта ош билан еттита ароққа тушганимиз қолди.
-Бунча паст кетдинг, ошингни еб қочворганим йўқ. Ўйлаяпман. Энди, биродари азиз, ижод машаққатли, қийин нарса бўлади.
-Батканинг ижодга нима алоқаси бор?
– Сен нима деб ўйловдинг, йўл топиш ҳам ижоднинг бир тури-да!
-Сен машаққат-пашаққатингни қўятур,-деди Султонали уни жеркиб,- китобинг чиқай дедими?
-Худо хоҳласа чиқади,-деди Шоирали ишонч билан. Кейин Султоналига маъноли боқиб, пичингли оҳангда гапини давом эттирди:- Китоб чиқариш тўққиз ойда хотин туғдиришдай осон иш эмас, оғайнижон. Бунинг ҳам машаққати бор. Ўтган ҳафтада шахсан ўртоқ Эрматов ҳузурларига таклиф этиб, «китобингизни бирданига икки томлик қилиб чиқарамиз», дедилар. Ҳозир «Оқ сут» деган шеърий роман ёзяпман. Тугатишим билан икки тўмлик чиқади.
-Эрматовинг ким?
-Ие, эшитмаганмисан? У – корректор! Нашриётнинг масъул ходимларидан.
– Директордан ҳам каттами?
-Шундай деса ҳам бўлади. Корректор – «корреспондент ректор» дегани. Ректорни биласан, институтнинг каттаси. Корректор институтдан ҳам катта. Анов-манов одаммас.
-Елкамизга ўтириб олиб, қулоққа тепавер ошна. Бизлар шу қишлоқдан бир қадам нарига чиқмаганмиз, шу Баткадан бошқа одамни кўрмаганмизам, билмаймизам.
-Гапимга ишонмаяпсанми?
-Сенинг гапингга ишонмаган – ўғри. Фақат замоннинг ўзгариб кетганига ҳайронман,-деди Султонали.- Ўн йил олдин менинг тоғам ҳам корректор бўлиб ишлардилар. Эртаю кеч ҳарф титкилаб, хато текшириб ўтирадиган энг паст лавозим, дердилар. Энди корректор дегани шунақа катта лавозим бўлиб кетибди-да, а?
Шоирали қараса-ки, гап ўйинидан латта ҳиди келаяпти. Султонали билан гап талашишнинг оқибати қандай бўлишини бошқалар билмаса ҳам у яхши билади. Сал олдин Султонали “бир калла қўйиб ағанатаман-да…” деганда Шоирали бекорга қалқиб кетгани йўқ. Бир ошхўрликдан сўнг бу калланинг кучи қанчалик эканини ўзи синаб кўрган. Хушига келгандан кейин “Мени мошин-пошин уриб юбордими ё Султонали калла қўйдими?” деган саволга анчагача жавоб топа олмаган эди. Ҳозир Султоналининг авзойи калла қўйиш даражасида бузилмаган бўлса-да, аччиқланиб, ҳеч бўлмаса тирсаги билан туртиб юбориши ҳеч гап эмас. Шоирали бу нохушликнинг олдини олиш учун кулди-да, унинг елкасига қўлини қўйди:
-Билармикансан, деб бир ҳазиллашдим-да, ошна. Эрматов деганим нашриётнинг бош директори бўлади. Кел, қўй буларни, проблемадан гаплашайлик. Мен, очиғи Батка проблемасини ҳал қилиб келганман. Оқшомда самоворхонада битта паловхонтўрани ясайсанлар, мен ечимни сенларга айтаман.
-Аввал айтасан,-деди Нурали қатъий оҳангда.- Текинни уриб, қочворишга суягинг йўқ. Бўкиб ўлмаганингга ҳайронман.
-Сенлар низкий* пасткашсанлар, шуни биласанларми? Қишлоқларингдан биттагина таниқли шоир чиқибди-ку, битта ошга тирриқлик қиласанларми? Бошқа қишлоқларда шоирларини бошларига кўтариб юрадилар. Кўчаларига номларини қўядилар. Ўлганида музейлар қиладилар.
-Сен ошна, ранжима. Шоирнинг ҳурматини бизлар ҳам ўрнига қўйишни биламиз,-Султонали шундай деб Шоиралининг қўлини елкасидан туширди- Ишонмасанг, шу бугуноқ ўлиб бергин, молхонага сенинг номингни бермаган – номард. Ўлигингни ҳам хор қилмаймиз. Нақ колхознинг қовоқзорига қўямиз. Ётган ерингни зиёратгоҳ қилиб қўямиз. Хотинлар келиб атрофингдаги қовоқларнинг палагига латта боғлаб кетади. Пул тўплаб, қовоқлардан ҳайкал ясаймиз.
-Султонали, шоирни ўлдирмай тур, топган гапини айтиб олсин,-деди Нурали кулиб.
– Ҳа, ошнам, ўлишга шошилмай турасан. Ҳозир ўлсанг, раис қовоқзорга қўйдирмайди. Кеч кузни мўлжаллайвер.
-Бўлди қил,-Нурали шундай деб Султоналининг биқинига туртиб қўйди-да, Шоиралига юзланди:- Планингни* айтавер, дўстим, бунга парво қилма.
-Батканинг зуғумидан қутуламан, десаларинг…
– «Ўлдириб қутуласанлар», дема. Буниси бизга тўғри келмайди-,-деди Султонали унинг гапини бўлиб..
Шоирали ҳаммага бир-бир қараб чиқди-да, оламшумул режасини тантанавор оҳангда баён қилди:- Гап шу: Баткани уйлантириш керак.
-Уйлантириш?
Ҳаммалари келишиб олгандай бараварига шундай дейишди-да, ўйланиб қолишди. Бир неча нафаслик сукутдан сўнг биринчи бўлиб Нурали тилга кирди:
-Умуман… яхши фикр,-деди у ўйчан равишда.- Лекин кимга? Бу буқага ким тегади? Иккита хотин чидамаган унга. «Ўн иккита болага ўгай она бўламан», деб кимнинг кўзи учиб турибди?
-Бу биринчи масала,-деб Султонали унинг гапини тасдиқлади.- Иккинчи масала – унга ким «уйланинг» дейди? Кимнинг гапига қулоқ солади. Сен айтиб кўр-чи? «Энангди опке, уйланаман», демаса, юзимга тупур.
-Ҳовлиқмаларинг. Иккала масалаларингни ҳам ўзим ҳал қилиб бераман. Эвазига паловхонтўранинг ёнига олтита қизил саллалигидан қўясанлар. Бизга уч юлдузлиги ҳам тешиб чиқмайди. Учтасини биллалашиб ичамиз. Учтасини шаҳардаги биродарларимга олиб кетаман.
-Яхши,-деди Султонали бу шартга кўниб.- эплолмасанг, икки ҳисса қилиб қайтарасан.
-Бунақа шарт қўядиган бўлсанг, проблеманинг ўта муҳимлигини инобатга олиб, менам шарт қўяман: иккита проблемангни ечиб берганим учун иккита ош, ўн иккита қизил саллали бўлади.
-Биз-ку иккита эмас, йигирмата ошни ҳам эплаймиз,-деди Нурали.- Сен нимангга ишониб шартлашяпсан? Ошни битингга қилиб берасанми? Чўнтагинг тешик бўлса, шу туришингда ўзингни биров бир тангага олмаса.
-Мен раз* айтдимми, гапимга отвечат* қиламан. Қани, қўлни ташла.
Шундай деб Султоналига қўл узатган эди, у юзини бурди:
-Мен эрталаб таҳорат қилганман. Сен таҳоратни бузасан. Ана, Нурали билан қўл ташлашавер.
Шартнинг бажарилишига ишонмаса ҳам, Нурали қўл узатди. Турсунали полвоннинг тақдири ҳал бўлаётган паллада Собитали билан Қамбарали “президиум” деб аталувчи тахт вазифасини бажариши лозим бўлган оғир столни олиб келишди. Бу стол аввал колхоз клубида савлат тўкиб турарди. Клуб таъмирланиб, анжомлар ўзгаргач, Турсунали полвон “кўп мажлисларга гувоҳ бўлган табаррук стол», деб қишлоғи ихтиёрига ёздириб олган эди. Бу столга Тешабой ҳам орзуманд эди-ку, аммо ғафлат босиб кеч қолганди. Шунга қарамасдан, қишлоғида мажлис ўтказадиган бўлса, ошнасидан столни бериб туришни илтимос қиларди. Бу илтимос Турсунали полвонни ғоят мамнун қиларди. Стол қўлга текканда дастлаб ўзининг айвонида турарди. Кейин “одамлар колхоз столини ўзиники қилиб олди” деб гап тарқатмасинлар, деган ўйда уни қишлоқнинг этагида турувчи Шириналикига олиб бориб қўйдирди. Аслида эса… Тешабой столни биринчи марта сўраганида яқингина ердан олиб чиқиб кетавериши ғашини келтирганди. Ана энди столни узоқдан ташиб келишларини кўрса, янада роҳатланади. Бироқ, Қамбаралининг бу борадаги азоби билан иши йўқ.
Стол доим турадиган жойга қўйилгач, Собитали “уф” тортиб, пешонасидаги терни кафти билан артди:
-Бўлди, бизди план бажарилди, энангни ҳаққиям қолмади. Чаласи бўлса, анавилар қилиб қўйишади. Энди юр, Батка чиққунича телевизорингни кўриб қўяй.
Собиталини энди минг ялиниб бўлса-да, ишга сололмаслигини тушунган Қамбарали ён босди:
-Сен киравер. Хотинимга айтсанг, кўрсатади.
-Нимани кўрсатади?
-Телевизор қаерда турганини.
-Телевизоринг қаерда туришини ўзим ҳам биламан. Сен…
Кўча эшиги очилиб, Турсунали полвон чиқиб келди-ю Собитали гапини тугатолмади. Қамбарали ҳам шошиб қолди.
-Ҳалиги-чи?..- Собитали томоғига чертиб, ишора қилди.
Қамбарали “киравер, айтсанг бўлди”, деди-да, Турсунали полвонга пешвоз чиқди:
-Батка, ҳаммаси шай.
-Пионерлар келишадими?-Турсунали полвон шундай деб йиғилганларга маънодор қараб қўйди.
– Қизимдан айттирвордим. Точна биламан, келишади.
НОБЕЛЬ МУКОФОТИ
Йиғилганлар Турсунали полвон билан кўришаётган пайтда Турғунали Собитали томон илҳақ бўлиб қаради-ю нажотдан дарак берувчи ишорани кўрибоқ ўша томон йўрғалаб қолди. Салом-алик билан овора бўлганлар икки улфатнинг қайга ғойиб бўлишганини билмай ҳам қолишди.
– Ҳа, келдиларингми?-деди Турсунали полвон саломларига алик олгач. Кейин Қамбаралига савол назари билан қаради:- Баҳромали қани? Қолганлари қани?
-Томсувоққа лой ағдараётган экан, ювиниб-тараниб ҳозир келиб қолади. Бошқалар ҳам “албатта борамиз, Батканинг мажлисини соғиндик”, деб ваъда беришган.
-Бошқалар-ку, келиб қолишар. Омма Баҳромалинг мажлис тугашига етиб келади. Бу имижиқнинг юришини кўрган одам асти эркак демайди. Бу лавашанг хотинининг устида ҳам ухлаб қолса керак. Бунинг ёшида одамларнинг хотини икки марталаб гирой бўляпти. Бўйинтуруғидан тортиб бошлаб келишинг керак эди.
-Лойда экан-да.
-Сени энанг чала туққан, ишларинг ҳам чала. Бўпти, ўтирларинг, бошлайверамиз. Ҳа, шоир бола, сени қайси тентак шамол учирди?
Ўзига алоҳида эътибор ажратилишини кутиб четроқда турган Шоирали югуриб келди:
-Ассомайкум,полвонлар ичра полвон тоғажон!-деб қучоқламоқчи эди, Турсунали унга қўл узатди:
-Китобни чиқариб келдингми?
– Чиқай деб турибди.
-Қизил қор ёққунича чиқиб қолар,-деди Султонали унга изоҳ бериб.- Шахсан корреспондент ректор Эрматов ваъда қилибди.
Турсунали полвон бу пичингни англамади:
-Мендан олган уч юз сўмни ўшанга бердингми?-деб сўради соддалик билан.
Бу саволни кутмаган Шоирали каловланиб қолди. Султоналига ҳавотир билан қараб олди-да, сир бой бермасликка ҳаракат қилди:
-Бердим, тоға. Шундан сўнг иш сал юришди-да. Китоб чиқарадиганлар бекорга юрмайдиган бўлиб қолишган-да.
-Ҳа, дуруст. Лекин пулни олганлиги ҳақида Эрматовингдан тилхат келтириб беришинг керак. Билиб қўй бола, шу икки-уч ой ичида китобни чиқармасанг, бу қишлоқда қорангни кўрсатма. Бу райондан шаҳарга бориб шоирлик қиладиганлардан яна борми?
-Биттагина менман, тоға. Яна майда-чуйда шоирчалар бор-у, омма улар местний* шоирлар. Шаҳарда шоирлик қилиш осонмас.
– Батка, бу гўсхўр районимизнинг фахри эмишми?-деди Султонали. Турсунали полвон унинг бу гапига эътибор бермади:
-Областда нечта?-деб сўради Шоиралидан.
-Бир-иккита учраб қолгани билан биров тан олмайди, улар ҳам местний.
-Китоблари чиққанми?
-Ҳа, энди… шапалоқдеккина чиққан. Китоб дейишга ҳам арзимайди.
-Сеники икки тўмлик бўладими?
Султоналининг авзойи бузилиб, бир нима демоқчи бўлди-ю Турсунали полвонни уйлантириш бўйича берган ваъдаси бузилмасин, деб индамади. Бошқалар ҳам жим тураверишди. Бундан руҳланган Шоирали тормози йўқ ёлғон машинасини елдек учириб кетаверди.
-Шунақа ваъдалари бор.
-Менга қара, Нобел мукофоти бор экан-а? Кеча телевизорда айтди, бир ёзувчи олибди. Бу қанақа мукофот ўзи?
-Буми?-Шоирали «ростдан билмайдими ё синаш учун сўраяптими?” деган ўйда пича сукут сақлаб, сўнг гапни олиб қочишда давом этди:- Бу – мукофотларнинг ўғил боласи. Нақ хўрози дейиш ҳам мумкин. Дунёда бундан зўрроғи йўқ.
-Шоирларга ҳам берадими?
– Беради, нима эди?
-Сен… ўша мукофотни ололасанми?
Бу қалтис саволга жавоб беришнинг оқибати чатоқ бўлишини сезган Шоирали Султоналига ҳавотир билан қараб қўйди-да, Турсуналини сал четга бошлади:
-Олишга давно* олардим-у қўл сал калталик қилиб турибди, пича харажати бор-да.
-Бунга ҳам харажатми? Аввал келганингда Ленин мукофоти оладиганман, чиқими бор экан, деб юлиб кетувдинг. Мукофот қани? Ўша пулнинг атчети* қани?
-Ўртада турган одам номардлик қилди. Пулни еб Масковга қочворди. Ҳозир милиса уни қидиряпти. Бу томонидан ишни пишириб қўйганман. Мукофот келгуси йили, албатта бўлади.
-Оладиган бўлсанг, пулини ўзинг еб кетовургин-у медалини қишлоққа топшир. Атрофда дўст-душман бор.
-Албатта-да! Менинг бутун ўй-хаёлим қишлоғимиз обрўйини бутун жаҳон бўйлаб таратиш-да. Икки тўмлигим чиқишини америкалик шоирлар ҳам кутиб туришибди. Сразу* америкача тилга ўгирворишадиган. «Шербилак қишлоғи» деганда ҳали бутун дунё таъзим қилиб туради. Шерқўзиликлар эса сойнинг у бетида эмаклаб юрадиган бўлиб қолишади. Батка, нима қилай, Нобел мукофотига ҳаракат қилаверайми?
Шоиралининг қилиғига тоқат қилолмаган Султонали уларга яқин келиб, гапларига қулоқ тутди. Унга орқа қилиб тургани сабабли Шоирали сезмади, Турсунали полвон кўрса ҳам аҳамият бермади.
-Харажати қанча экан?-деб сўради у Шоиралининг қармоғига илиниб турганини фаҳмламай.
-Мингнинг атрофида…
Шоирали шундай дейишга деди-ю «кўпроқ айтвормадимми?» деган ҳавотирда полвон тоғасига қараб қўйди. Айни дамда Турсунали полвонни сўралаётган пулнинг кам ёки кўплиги эмас, қишлоғининг обрў-эътибори кўпроқ қизиқтириб турарди.
-Ўртада турадиганинг пишиқми? Пулни еб қочвормайдими?
-Что сиз*, Батка? Бу халқаро масала-я!
-Мукофотга берадиган пули қанча?
-Бир-икки минг бор. Харажатга куйиб қолмаймиз.
-Гап шу: бу йилги узумнинг пулидан бераман. Омма еб кетарга эмас. Мукофотни олганингдан кейин тийин-тийинигача қайтарасан.
-Ие, мукофот менга керак эмас, Батка. Қишлоқнинг обрўйи-ку!
-Қишлоқ сенга кўп чиқим қилди, бола. Сенам қишлоқнинг обрўйи учун бир чиқим қилсанг қипсан.
Сирли суҳбат шу ерга келганида Султонали чидолмай гапга аралашди:
-Тўғри айтасиз, Батка. Шунча пулни битта эшакка сарф қилганингизда, шу эшшак кам деганда циркнинг гули бўлиб кетарди.
Ёнида тоғдек суянчиқ турганидан руҳланган Шоирали уни жеркиб беришга журъат қилди:
-Э, сен нари тур, сиёсий масалага бурнингни тиқма.
-Хўп, сен энди боравер. Ҳа, айтмоқчи, болларинг кўпайдими?
-Йўқ, Батка, ўғил бола бир сўзли бўлади, биласиз-ку?
-Ҳа, ўғил бола, ҳали ҳам ҳисоб биру нол хотиннинг фойдасигами?-деб пичинг қилди Султонали.
-Шаҳарга кўчиб кетганинг бир томондан дуруст бўлган,-деди Турсунали полвон бош чайқаб.- Эркак номини ҳам иснодларга қолдирдинг. Ҳатто отангга ҳам ўхшолмадинг-а? Учта боладаёқ отанг бечоранинг бели чиқиб кетувди. Асли сенларнинг палакларинг бузуқ. Хотининг қиз туғиб тўғри қилибди. Сендақа ўғилдан зурриёт қолмагани яхши.
-Унақа деманг, тоға. Биринчи хотиндан ҳам битта бола бор. Бултур Ялтага бориб келувдим, бу йил менга ўхшаган боллар туғилаётганмиш.
Турсунали полвонга бу ҳазил ёқмай, пешонасини тириштирди-да:
-Айнима, сен бола! Бор энди, бизга ҳалақит берма,- деб президиум томон юрди. Шоирали унга эргашди:
-Менам қатнашаман. Шаҳарлик шоир иштирок этса, мажлиснинг нуфузи ошади.
«ЭКСТРЕННИЙ МАЖЛИС»
-Батка, хўп денг. Қатнашаверсин, мажлисдан кейин оғзига биттадан тупуриб қўйсак, зора биздан юқиб, эркаклар қаторига қўшилиб қолса,-деди Нурали.
-Бу гапинг ҳам тўғри. Қани, бўлди, ҳамманг ўтирларинг. Бошлаймиз,-шундай деб столга яқинлашди-да, уйидан олиб чиққан қоғозларни титкилади.- Қамбарали, бери кел. Манавилари сенга,-Қамбарали қоғозларни олиб, ҳамма жой-жойига ўтиргач, Турсунали полвон кўксидаги нишонларни тўғрилаган бўлди-да, мажлисни бошлади:- Хў-ўш… Ҳурматлу ўртоқлар. Шербилак қишлоғи эркакларининг экстренний мажлисини бошлаймиз. Мажлисга таклиф қилинганлар асосан келишди. Битта ивирсигани ҳозир келиб қолар. Ўзи бу боланинг уруғи ивирсиган. Онаси уни салкам ўн ой деганда туққан. Отаси ҳам ивирсиган эди. Баҳорда шамолласа, кузга бориб акса урарди. Хў-ўш… мажлисни бошлаш ҳақида кимда қандай таклиф бор?
-Квота* бор. Мажлис бошлансин,-деб таклиф киритди Қамбарали ўтирган ерида қўл кўтариб.
-Хў-ўш ўртоқлар, мажлис бошлансин, деган таклиф тушди. Ким таклиф қабул қилинсин, деса, қўл кўтариб, овоз берсин.
Шоирали билан Қамбарали қўл кўтаради, Нурали, Мирали ва Султонали лоқайд ҳолда ўтираверишди. Турсуналининг бу билан иши йўқ, қоғоздан бош кўтармай мажлисни давом эттирди:
-Ким қарши? Йўқ. Бетараф? Йўқ. Демак, бир овоздан қабул қилинди. Хў-ўш. Ўртоқлар, энди мажлисни олиб бориш учун президиум сайлашимиз керак. Кимда қандай таклиф бор?
-Менда,-Қамбарали ўрнидан туриб қўлидаги қоғозга қараганича таклифларини айта бошлади:-Қадрли ўртоқлар, менда иккита таклиф бор. Биринчиси – фахрий президиум. Мен ўртоқ Черненко бошчилигидаги цека кепеэсэс политбуйросини* фахрий президиумга сайлашни таклиф қиламан.
Турсунали полвон қоғоздан бош кўтармаганича чапак чалди, йиғилганлар унга қўшилишмаса ҳам эътибор бермади:
-Хў-ўш, ўртоқлар, давомли қарсакларингиз таклифнинг бир овоздан қабул қилинишига далолат бўла олади. Мажлис охирида ўртоқ Черненко бошчилигидаги политбуйрога табрик хати юборамиз.
-Турсунали тоға, шу ерда пича тўхтанг,-деди Шоирали ўрнидан туриб.- Черненко деганингиз кўкариб чиққанига анча бўлди-ку?
-Батка, Черненко ўлганидан кейин каттамиз Горбачев-ку?-деб уни қувватлади Султонали.
-Росаям орқада қолиб кетибсизлар. Эшитмадиларингми: “мамлакат бўйлаб қилар юриш – Миша, Рая ва қайта қуриш!”-Шоирали шундай деб ўзининг гапидан ўзи ҳузурланиб кулди. Бу байтнинг русчасини эшитмаган мажлис аҳли ўзбекча маъносига унча тушунмади. Шу боис шоирнинг маънодор кулиши бепоён чўлда бир чириллаб қўйган чирилдоқнинг овози каби тезгина сўнди.
Бу танбеҳдан аччиқланган Турсунали полвон Қамбаралига ўқрайиб қаради:
-Буёққа кел-чи, сен нима балони ўқидинг? Черненконинг ўлганини эшитмаганмидинг, галварс?
-Эшитганман-у… омма сиз берган қоғоз эски экан-да, ўйламай ўқийверибман,-деди Қамбарали. Кейин қоғозларини титиб, кераклисини топди:- Ҳа, мана, янгиси бу ерда экан. Бунисини ташлаб юбора қолайинми?
-Ташлама,-деди Турсунали полвон жеркиб.- Тарих учун керак бўлади. Черненко даврида ҳам мажлис қилганмиз-ку? Алоҳида тикиб қўй,-Қамбарали жойига қайтгач, Турсунали полвон расмий оҳангда мажлисни давом эттирди:- Хў-ўш, приздум ҳақида кимда қанақа таклиф бор?
-Менда!- югуриш мусобақасига чиққандай Шоирали билан Қамбарали бараварига ўринлардин турдилар:
-Жойингга ўтир. Сенга мумкин эмас, прописканг шаҳарда,-деди Турсунали полвон қоғоздан кўз олишга мажбур этган Шоиралига норози қиёфада боқиб.
Шоирали эса ҳудди унинг эътирозини эшитмагандай баралла овозда хитоб қилди:
-Ҳурматлу аҳли мажлис! Мен ҳаммамиз учун ҳурматлу бўлган Михаил Сергеевич Горбачев ва Раиса Максимовна Горбачева бошчилигидаги политбюро аъзоларини мажлиснинг фахрий президиумига сайламоқликни кўтаринки руҳда таклиф этаман!
Шундай деб астойдил чапак чалиб юборди. Турсунали полвон билан Қамбарали беиҳтиёр унга қўшилдилар.
-Анча каллали бўлиб қолибсан, дуруст,-деди Турсунали полвон уни алқаб.
Бу мақтовдан руҳланган Шоирали яна бир таклиф киритди:
-Мажлиснинг халқаро нуфузини оширмоқ мақсадида фахрий президиумга Америка президенти мистер Рональд Рейган ва Англия Бош министри мисс Маргарет Тетчер хонимни ҳам таклиф этаман.
– Буниси ортиқча,-деди Турсунали полвон қатъий тарзда.- Сиёсий мажлисга капиталистларни аралаштирма.
-Ахир мажлиснинг халқаро аҳамияти бор,-деди Шоирали бўш келмай. Фикрининг исботи учун эса изоҳ беришни лозим топди:- Шунда мажлис қарорини Бирлашган Миллатлар Ташкилотига юбориш ҳам мумкин бўлади.
-Бўлди, ўтир, маҳмаданалик қилма,-деди Турсунали полвон гапни кесиб.- Бунақа масалаларни аввал райком билан келишиш керак. Ўтир, деяпман сенга! Қамбар! Нимага лаллаясан, тур, гапир гапингни!
-¤ртоқлар, мен мажлисни олиб борувчи ишчи президиум сайлашни таклиф этаман. Мажлис раислигига уруш ва меҳнат ветерани Турсунали Эшоналиевни, котиблигига Қамбарали Зикиралиевни.
Турсунали яна қоғозга тикилганича мажлисни давом эттирди:
-Овозга қўяман: ким за*? Ким қарши? Ким бетараф? Таклиф бир овоздан таклиф қилинди. Сайланган ўртоқларни ўз жойларини эгаллашларини сўрайман,- Қамбарали алоҳида лутф кутмай юқорига чиқиб ўтиргач, мажлис ўз қолипидан чиқмай давом этди:- Энди кун тартибини белгилаймиз: асосий масала битта – «Коммунизм учун курашда Шербилак эркакларининг сусткашлиги ва унга қарши кураш чоралари». Кимда қўшимча таклиф бор? Таклиф йўқ. Қамбарали, ёзиб қўй, кун тартиби бир овоздан тасдиқланди.
-Регламентни ҳам белгилаш керак,- деб луқма ташлади Шоирали. “Регламент” сўзи Турсунали полвоннинг қулоғига “Рейган” бўлиб эшитилиб, яна тутоқиб кетди:
-Мажлисга капиталистларни аралаштирма, дедим. Реган-пеганингни шаҳарда сайлайвер. Қамбар, гапир.
-Дакалат учун сўз қишлоғимизнинг фахри, уруш ветерани, ўн икки боланинг отаси, бир минг тўққиз юз эллик саккизинчи йилдаги район партия конференциясининг делегати, ўртоқ Турсунали Эшоналиевга.
Қамбарали тантанали равишда шундай эълон қилгач, чапак чалди. Турсунали полвон ўрнидан туриб, нишонларини силаб олгунича ҳам чапакни тиндирмади. Қарсагига ҳамкорлик қилмаётган ҳамқишлоқларига норози қараб қўйишни ҳам унутмади. Турсунали полвон қаддини ғоз тутиб ўтирганларга мағрур равишда қараб олгач, қоғозга тикилганича нутқ бошлади:
-Бутун совет халқи елкама-елка туриб башариятнинг порлоқ келажагини қуриш учун кураш олиб бораётган ҳозирги пайтда, колхозимизнинг ем-хашак тайёрлаш бўйича районда орқада қолаётгани нақ позордир, ўртоқлар.
Шу ерга келганда Турсунали полвон нимани ўқиётганини англаб етиб, қоғоздан бош кўтарди-да, Қамбаралига ғазаб билан қаради. Қамбарали «мен билмасам…» дегандай елка қисди. Турсунали полвон эса қоғозларни қайтадан қараб чиқа бошлади. Нима гаплигини билиб турса ҳам Шоиралининг қитмирлиги тутиб, луқма ташлади:
-Эркаклар масаласига ем-хашакнинг нима дахли бор?
-Жуда дахли борда,-деди Султонали.- Эм-хашакни қўй ейдими? Семирадими? Сўйиладими? Гўштини эркаклар ейдими? Белга қувватми? Батка, танқидни жуда тўғри бошладингиз. Ем-хашак плани бажарилмаса, қишлоқда хотинларнинг туғиши кескин камайиб кетади. Шерқўзиликлар беш йилга етадиган хашакни ғамлаб қўйишибди, уларнинг иши беш. Шунинг учун ҳам уларнинг хотини учтадан туғиб ётибди.
Қоғозлари орасидан кераклисини топа олмай хуноб бўлаётган Турсунали полвонга кейинги гап ёқмай, Султоналига ғазаб билан қаради:
-Сен тек ўтир, маҳмадана,-деб бақирди.- Ҳали музокара бошланмади. Аввал мен дакалатимни тугатиб олай, сўнг сен сайрайсан.
Ҳарчанд уринмасин, қоғозлар орасидан керагини топа олмай, жаҳл билан нари сурди:
-Хў-ўш. Гапнинг пўскалласи шундай: бугун анавилар,- шундай деб қўшни қишлоқ томон имлади,- гирой хотинлар масаласида бизга етиб олишибди. Мендаги даннийларга* қараганда беш ойдан кейин Болтавойнинг хотини ўнинчисини туғса, гиройлик бўйича биздан ўзиб кетади. Ўшандан кейинам сенлар «эркакман», деб қишлоқда бош кўтариб юрасанларми? Марди-майдон пахтакорларимиз об-ҳаво қийинчиликларини енгиб, социалистик мажбуриятларини бажараётган шу долзарб паллада сенлар нима учун эркаклик планини бажармайсанлар?
-Бажаряпмиз-ку, тоға. Болларди еттитага етказиб қўйдик,-деди Султонали ғурур билан.- Энди тўхташ йўқ. Мен хотинга айтдим: гирой бўлмасанг, етти талоқсан, дедим.
-Сен-чи, Нурали?-деб сўради Турсунали полвон
-Биз… ўйлаяпиз.
-Ўйлаяпмиз? Нимани ўйлайсан? Шу ўйлайдиган иш эканми? Сен бола, ўйлайдиган бўлсанг кундузи ўйлайвергин-у, омма кечаси ишингдан қолма.
-Батка, биз гиройликка етиб боролмасак керак,-деди Нурали чорасиз одамнинг овози билан.
Бу гапни эшитиб Турсунали полвон тутаб кетаёзди:
-Нима дединг? Қани, сен мижғов, би-ир ўрнингдан тур-чи! Тўғрисини айтавер, нимага гиройликка етиб боролмайсан?
-Худо берган бу болларни аввал тарбиялаб, катта қилиб олайлик, илм берайлик.
-Маладес!-деб уни қувватлади Шоирали.- Фикринг жуда тўғри: сонни кўпайтиришдан нима фойда бор? Масала – сифатда!
Турсунали ғазабли нигоҳини Шоиралига қадади:
-Сен маҳмадана тек ўтирсанг ўтирдинг, бўлмаса, мажлисдан ҳайдаб чиқараман,-бу таҳдид қандай таъсир этганини кутмай Нуралига қаради:- Қани айтинг-чи, мулла йигит, болангиз олтита бўлса ўқитасиз-у ўнта бўлса ўқитолмайсизми?
Ҳозирги таҳдиддан тўғри хулоса чиқариб олмаган Шоирали яна гапга қўшилди:
-Батка, масалани бу тарзда қўйиш сиёсий хато. Мана, ўртоқ Лениннинг фарзанди бўлмаган.
-Сен ўзингни Ленинга тенглаштирма. Ленин революция қиламан, деб кечалари хотин билан гаплашишга фурсати бўлмаган. Бу – бир. Ленин – барчамизнинг отамиз, бу – икки. Шахсан мен ўртоқ Ленинни отам деганман.
-Омма, Батка гапга ҳам тўн кийғизворасиз-да!-деди Султонали.- Агар бу гапингиз ҳозир у дунёдаги отангизнинг қулоғига етиб борса, онангизни топиб, қувиб қолар, «Сен лаънати Ленин билан қачон топишган эдинг!» деб.
Бировни «ота» дейишнинг бунақа машмашаси борлигини кутмаган Турсунали полвон луқмага жавоб тополмай, столга муштлаб бақириш билан уларни енгмоқчи бўлди:
-Жим бўлларинг!-Буйруқ ижро этилиб, ҳамма тинчигач, яна Нуралига қаради:- Сен айт: нима учун хотининг гирой бўлолмайди?
-Тўғрисини айтайми?
-Айт.
– Тўғриси…-Нурали оғир дардини ошкор қилишга қийналиб, чайналгандай бўлди,- баҳорда буйрагимни шамоллатувдим. Ўшанда ичган дориларим кучлилик қилиб, пуштим куйиб кетибди. Энди мендан бола бўлмасакан.
-Шунақа дегин… Яхши. Сен менга ўша доно дўхтирингнинг қоғозини олиб келасан.
Нурали Турсунали полвоннинг зуғумидан қутилиш чорасини излаётганда баҳонасига жавобан шундай топшириқ бўлажагини ҳисобга олганди. Унинг назарида доктордан қоғоз олишнинг мураккаблиги йўқ эди. Қулинг ўргулсин бир совға эвазига доктордан истаган қоғозни ёздириб олиш мумкинлигини билмас эканми? Шу боис ҳам дадил жавоб берди:
-Олиб келаман.
-Агар ростаданам пуштинг куйган бўлса, хотинингни қўясан, бола.
Бундай ҳукмни кутмаган Нурали анграйиб қолаёзди. Турсунали полвон совға эвазига қоғоз ёзиб берувчи доктор эмас. Унинг ҳукми билан ҳазиллашиб бўлмаслигини билгани учун ҳам бу сафар овозида қатъийлик сезилмади:
-Нега қўярканман?
-Хотинингнинг насли тоза. У гирой бўладиган зотдан. Уни бошқа бировга иккинчи хотин қилиб бўлса ҳам олиб бераман. Яна тўрттани туғиб гирой бўлганидан кейин, истасанг, қайтиб олаверасан.
-Тоға, гап деб гапираверасизми!-деди Нурали алам ўтида ёниб.- Иззатингизни ҳам билинг-да! Ҳамма нарсанинг чегараси бўлади.
-Ҳа, билар экансан, чегара бор. Сенинг чегаранг – хотинни гирой қилиш. У ёғига ўтма, майли.
-План – хотинни гирой қилиш, у ёғи социалистик мажбурият,-деди Султонали кулиб.
-Ўлиб кетарканмизда план деб,-деди Мирали «уф» тортиб.
-Ҳамма ўлиб кетса ҳам, сиз ўлмайсиз, Миралибой,-деди Турсунали унга қараб.- Қани, бойвачча, ўринларидан бир туриб юборсинлар-чи! Хўш, ўтган ҳафтада эр-хотин нимага Тошканга бордиларинг?
-Қариндош-уруғларни кўргани…
-Тошканда қариндошинг бор эканми, а? Қариндошинг аборт қиладиган хотиндўхтир эканда, а?
-Унақа деманг-е!-Мирали шундай деб юзини бурди.
-Сен нима деб юрибсан, бола! Қишлоқдан чиқиб олсам бас, нимани хоҳласам шуни қиламан, биров билмайди, деб ўйлайсанми? Ў, бола, сен бир мишиқисан, билиб қўй. Биз минг келаметр* берида ҳам Гитлернинг нима қилаётганини билиб турардик.
-Мажлис аҳлидан яна бир далилга эътибор беришларини сўрайман,-деди Шоирали.-Гитлернинг ҳам боласи бўлмаган.
-У ҳаромидан бола қолмагани ҳам дуруст, сен тек ўтиравер бола,-Шоиралига танбеҳ бергач, Турсунали полвон яна Миралини нишонга олди:- Менда точна даннийлар бор. Аслида мен сени тошбўрон қилдириб, ўлдирворишим керак. Қонга – қон, жонга -жон! Билиб қўй, бола, сен жаллодсан! Хотинингга гапим йўқ, у бир қўй, сен етаклагансан, у бораверган.
-Полвон тоға, бунақа гап хаёлимизга ҳам келмаган, кимдан эшитдингиз?
-Рост айтяпсанми?
– Худо урсин, шунақа бўлса.
-Қасам ичма, бола,- Турсунали полвон ён дафтарчасини чиқариб, кўздан кечирди.-Агар алдамаётган бўлсанг, ўн тўртинчи февралда саккизинчи боланг туғилиши керак. Билиб қўй, ҳаммаси менда учетда*.
-Биламиз. Яқинда тўшагимиз тагига ҳам учетчик* қўйиб қўясиз.
– Керак бўлса, қўявераман. Қани, бир қадам нари-бери босиб кўрларинг-чи!
Султонали Миралини ҳужумдан асраш учун луқма ташлади:
-Батка, агар шерқўзиликлар ўзиб кетишадиган бўлса, чорасини топиш керак.
-Чора йўқ…-Турсунали полвон шундай деб хўрсинди. Суҳбат мавзуидан бехабар одам ҳозир унинг чеҳрасига қараса, дунёнинг бутун дарди-ҳасрати шу чолнинг елкасида экан-да, деб ачиниши ҳам мумкин. Воқеан шундай. Турсуналининг алҳол бундан бўлак ташвиши йўқ. Чорасизликдан юраги эзилган Турсунали полвоннинг овози ҳам бирдан ўзгарди:- Икки-уч йил улар биринчи бўлишади. Шунақа пайтда ўлиб қолсам, кўзим очиқ кетади…
Қамбарали қўл кўтариб, ўрнидан турди:
-Батка, таклиф бор.
-Жўяли бўлса, айтовур.
-Биз сиёсатдан орқада қоляпмиз. Ўртоқ Горбачев қайта қуринглар, деяптилар. Қайта қуряпмизми? Жадаллаштириш деяптилар, жадаллаштиряпмизми? Мен хотинларнинг туғишини тезлатишни таклиф қиламан. Уларга тўққиз ойда эмас, етти ойда туғиш социалистик мажбуриятини юклатиш керак.
-Ҳой, Қамбар, жинни бўлганмисан?-Нурали шундай деб бақириб, ўрнидан беихтиёр туриб кетди.
-Жинни бўлганим йўқ. Ҳаммаси ҳисобли, бир ярим йилда иккита бола. Уч йилда тўртта. Анавилар,- шундай деб кўрсатгич бармоғи билан қўшни қишлоқни кўрсатди,- қиёматда ҳам бизга етолмайдиган бўлишади, бу – бир. Бу йил турмуш қурган ёшларимиз саккиз йилдаёқ гирой бўлишади, бу – икки. Союз бўйича энг ёш гиройлар бизнинг қишлоқдан чиқади, бу – уч. Туғишни жадаллаштириш бўйича всесоюзний* малака ошириш институти бизнинг қишлоқда очилади, бу – тўрт.
-Сен ғирт аҳмоқсан, бу – беш,- деди Нурали кейин Турсунали полвонга юзланди:- Батка, мажлис айниди. Бу тўтингизнинг овозини ўчиринг. Бўлмаса нақ жағини ёрвораман.
-Ие, ҳали шунақа зўр бўпкетдингизми? Ҳали мени ҳам ёрворарсиз, а?-деди Турсунали полвон унга ғазаб билан тикилиб.
-Тоғажон, жон тоғажон, Қамбарали ёмон таклиф айтмади,-деди Султонали вазиятни юмшатишга уриниб:- Жадаллаштириш бизга ҳам яхши. Бу ташвишдан тезроқ қутуламиз. Омма бу ишнинг бир чатоқ ери бор-да: агар жадаллашса, кўрми, чўлоқми, хуллас, қинғир-қийшиқ болалар туғилаверади. Инвалид болалар кўпайиб кетса, қишлоққа иснод-ку! Анавилар «чўлоқ қишлоқ» деб лақаб тақашдан ҳам қайтишмас.
– Бекорларни айтибсан. Мен олти ойликда туғилганман. Кўрманми ё чўлоқманми?
– Батка, сизнинг зотингиз тоза. Бир ойликда туғилсангиз ҳам шунақа маладес бўлиб юрардингиз. Бизларнинг илигимиз пуч.
-Батка, сиз туғилган замонда ҳаво тоза эди,-деб гапга қўшилди Шоирали.- Ҳамма янги сўйилган қўй гўшти ерди. Ҳозир ҳаммаёқ химизация. Қишлоққа келиб кетганимдан кейин бир ҳафта бурним оқиб, баданим қичишиб юради.
-Энди сен қишлоққа бутунлай келма, бўлмаса қичима билан ўлиб кетасан,-деди Султонали.
-Тек! Тек бўлларинг!-деб Турсунали полвон уларни тартибга чақирди.-Бу таклифни дўхтурлар билан маслахатлашиб, кейин қабул қиламиз.
-Батка, бир таклиф бор, омма сизни қойил қолдирадиган таклиф. Айтаверайми?-деб изн сўради Султонали.
-Айт.
-Анавиларни енгишнинг иккита йўли бор. Бири – мактаб директорига уйланиш.
– Нима дединг?
– Директор саккизта бола билан бева қолган. Омма ўзи майиздеккина.
-У шерқўзилик-ку?
-Ҳа, ўзи шерқўзилик. Лекин мактаб бизнинг территорияда-ку*? Директорлик қиламан, деса шербилакликка тегишга мажбур. Биздаги мактабга нега энди бошқа қишлоқдан келиб директор бўларкан?
-Саккизта боласи билан уни ким оларди?-деди Қамбарали.
-Оладиган мард топилмаса, мана биз номард бўлсак ҳам, олаверамиз. Иккита хотинни бирданига гирой қилмасам юрган эканман, белда белбоғим бор, деб.
-Таклифинг дуруст, омма бу ишга ўзингни рўпара қилма. Сен биттасини эвлаб туравергин-чи. Унга бошқа одам топамиз-,-деди Турсунали полвон.
-Эрга тегмайман, деб туриб олса-чи?-деди Қамбарали масалани мураккаблаштиришга интилиб. Турсунали полвон эса бу мураккаб масалани осонгина ечиб бера қолди:
-Тегмаса, ишдан бўшайди. Мактаб бизнинг қишлоқдами, демак, директор ҳам шу қишлоқлик бўлиши шарт.
-Батка, ўзингиз ола қолмайсизми? Сиздек полвонга, уруш ва меҳнат ветеранига тегмаса, кимга тегади?
Нуралининг бу таклифи эътиборсиз қолмасин, деган мақсадда Султонали уни қўллади:
-Ҳа, коммунист сифатида ҳам сизга тегиши керак. Район партия конференциясининг делегатига тегса ёмонми?
Турсунали полвон бу таклифдан ўнғайсизланди. Унинг-ку, уйлангиси бор, фақат булар айтаётган мактаб директорига эмас, бошқа аёлга. Лекин буни уларга айтса калака қилиб юришар.
-Бу … личний масала. Сенлар аралашмаларинг бу ишга. Иккинчи таклифингни айт.
-Иккинчиси… приписка қилиш керакмикин?..
-Қанақа приписка?
-Қўшиб ёзиш керак. Ўроқбой аканинг хотини учта туққанда бизники туғолмайдими? Ҳали гиройликдан узоқдагиларнинг бир кунда туғилган болларини меникигами ё Нуралиникигами қўшиб ёздирворамиз. Хотинларимиз гирой бўлиб олишгач, кейин яна туғаверишади. Кейин туғилганларни уларга ёздирамиз. Яъни болани биз насияга олган бўламиз. Бу ерда ҳеч қанақа ғирром бўлмайди.
-Алжияпсанми? Сен бировнинг боласини боқасан, биров сенинг болангни боқадими?
-Болларини ҳамма ўзи боқади. Биз қоғозда расмийлаштириб қўямиз, халос.
-Нимасига тушунмаяпсиз, батка?-деди Нурали.- Пахтада бўладиган ғирромни бу ёққа кўчирмоқчи-да, бу тентак.
-Бу таклифинг ўтмади, бола. Мен ғирромни ёмон кўраман. Мен Ўроқбойнинг болларидан гумон қилиб турибман, ҳали роддомга бориб, текшириб келаман.
-Мажлис мажлисдай бўлсин, таклифни овозга қўйинг,-деди Султонали ўжарлик билан.
-Қўймайман, ўтмади бу таклифинг.
-Сиз демократияни бузяпсиз!-Шоирали шундай деб ҳақиқат талаб қилган эди, ўзига яраша жавобни олди:
-Сен бола демократиянгни энангнинг уйида талаб қиласан. Бу ерда мен раисман. Мен нима десам, шу демократия бўлади.
Шу пайт кўчани чангитиб келган юк машинаси гузарга кираверишда тўхтади. Машина тепасидаги тўрт йигит сакраб тушдилар.
-Ҳа, нима олиб келдиларинг?-деб сўради Турсунали полвон улардан.
-Тахта олиб келдик. Кўприкни кенгайтиришимиз керак экан. Шунинг устида эртага дакалатчи гапираркан.
-Эртага эмас, бугун гапиради.
-Эртага қолдирилибди. Бугун дакалатчи оғриб қолганмиш.
– Ҳалигина балонинг ўқидай эди-ку?- ажабланди Турсунали полвон.
-Ошдан кейинам юзта отган экан-да, ботмабди,-деб изоҳ берди иккинчи йигит.
-Бўпти, тахталарингни қўйларинг-да, бораверларинг, бу ерда мажлис бўляпти.
-Раиснинг буйруғи нима бўлади?
-Раиснинг буйруғини мен атменит* қилдим. Эртага келиб ўрнатасанлар. Дакалатчинг эртага ўзига келадими ё йўқми?
-Тўғри айтасиз, тоға. Ўқчиши менга ёқмади. Эртага дакалат қиладиган турқи йўқ.
Йигитлар тахталарни тушириб изларига қайтишлари билан барабан товуши эшитилди. Дам ўтмай бир бола байроқ кўтариб, яна бири барабанни тарақлатиб, уч қизча кузатувида гузарда пайдо бўлди. Бундан қувонган Турсунали полвон уларни қарсак чалиб кутиб олди. Бундай томошани кўравериб зерикиб кетган мажлис аҳли эса ўрнидан жилмай, бепарво кузатди.
-Ўртоқлар,-деб хитоб қилди Турсунали полвон тантанавор оҳангда,- бизнинг мажлисни табриклагани келажагимиз бўлган пионерлар келишди. Энди сўз жажжи ўринбосарларимизга.
Барабанчи бола шовқинини бас қилгач, барчалари президиум олдида саф тортдилар.
-Биз коммунизм қурувчи ёш авлодмиз. Сизлардан ўрнак оламиз,-деди қизчалардан бири.
-Қувонаман, меҳнатим менинг, қўшиларкан меҳнатига республикамнинг,-деб хитоб қилди иккинчиси. Учинчиси шеърий сатрга ўтиб қўя қолди:
– Қишлоғимиз фахридирсиз, Турсунали полвон
Ошаверинг ҳамиша тоғу довон.
Насиҳатларингиз бизга дори-дармон,
Бахтимизга юз йил яшанг, бўлинг омон.
-Агар шу одам яна юз йил яшаса, сен шўрликлар ҳам эналарингни кўриб қоласанлар,-деди Нурали. Унинг гапи юқоридагиларга эшитилмаса ҳам, Султонали “тек ўтир” деган маънода туртиб қўйди. Пионерлар эса муаллимлари чизиб берган йўлдан чиқмай, табрикларини давом эттиришди:
-Турсунали Эшоналиев номидаги дружина советининг қарори: «Шербилак қишлоғининг фахри Турсунали Эшоналиев фахрий пионерликка қабул этилсин!» Дружина, смирно!-деди қизчалардан бири. Барабанчи таёқчаларини ишга солиб, шовқинни бошлади. Байроқ кўтарган боланинг бурни айни шу дамда оқиб қолса-я! Бурун дегани “дружина, смирно!” деган буйруққа итоат этмаса, бу бола бечора нима қилсин? Қизил байроққа артолмаса, рўмолчаси эса уйда қолган бўлса… Енгига артиб қўя қолди. Унинг бу иши Миралининг зийрак нигоҳидан четда қолмади. Чунки унинг ўзи ҳам болалигида байроқ кўтарарди. Ўшанда ҳам ҳар бир мажлисда Турсунали полвонни қайта-қайта фахрий пионерликка қабул қилаверишарди. Бирорталарининг хаёлига “шу машмашалар шартми?” деган савол келмасди. Ажабки, ҳозир ҳам буни ўйлашмайди. Сўфининг азон чақириши қандай шарт бўлса, полвон тоғаларини фахрий пионерликка тинимсиз равишда қабул қилавериш ҳам қишлоқ учун одат эмас, балки қонун сифатида муҳрланиб қолган эди. Ораларидан биронталари ҳафсала қилиб “фахрий пионер” Турсунали полвон бўйнига боғланган галстуклар сонини ҳисоблай олса эди, зиёратгоҳдаги чинор шохларига фарзандталаб хотинлар боғлаб кетадиган рўмолчалардан юз ҳисса кўпроқ чиқармиди? Яхшики “фахрий пионер” бу қизил бўйинбоғларни сандиққа солиб йиғмайди, эртасигаёқ галстукни мактабга қайтариб юборади.
Навбатдаги галстук боғланаётганда Қамбарали ўрнидан туриб, чапак чала бошлади. Ўтирганларга “сенларам турларинг, олқишлаларинг” дегандай имо қилди. Аммо мажлис аҳлининг эътибори “ҳаяжонли” воқеа билан банд бўлгани учун бу имо сезилмай қолди.
Галстук тақиб бўлингач, барабаннинг тарақ-туруғи тиниши билан Шоирали ўтирган ерида хитоб қилди:
-Пионерлар, Шерқўзи қишлоғидан ўзиб кетиш учун бўл тайёр!
– Доим тайёр!-деб жавоб беришда болалар бараварига.
Сиёсий онги етарли даражада баланд бўлган Турсунали полвон бу хитоб ва жавобдан норози бўлиб:
-Отставит*!-деб буйруқ қилди.- Ўртоқ Ленин иши учун курашга бўл тайёр!
-Доим тайёр!-деб бараварига хитоб қилишди болалар. Сўнг маросимнинг ваъдалар қисмига ўтишди:
-Мен отам каби сувчи бўлишга,-деди барабанчи бола.
-Мен акам каби трахтирчи бўлишга,-деди ҳануз бурнини эплай олмаётган байроқ кўтарувчи бола.
-Мен онам каби «Қаҳрамон она» бўлишга,- деди қизчалардан бири. Шундан сўнг барчалари бараварига хитоб қилдилар:
-Тантанали ваъда берамиз!
-Шу кетишларингда тўти бўласанлар, бошқа бало ҳам бўлолмайсанлар. Ҳеч бўлмаса биттанг ўқиб, олим бўламан, десанг-чи!-Нурали шундай деб минғирлаб, жаҳл билан қўл силтади. Султонали яна “тек ўтир”, деб туртмоқчи эди, табрик маросими якунланганини билдирувчи барабаннинг тарақ-туруғи янграб қолди. Болалар гузарни тарк этишлари билан Турсунали полвон мажлисни давом эттирди:
-Айтганимдай, Баҳромали келмади. Қамбарали, унга лична ўзинг бориб айт: болларининг ўқишлари пастлаб кетибди, ўқитувчилар менга шикоят қилишди. Сенлар ҳам қулоқларингга қуйиб олларинг, болларингни биттаси «уч» олса ҳам бола пулини бердирмай қўяман. Гиройнинг боласи ҳамма соҳада ҳам гирой бўлиши керак. Шербилакдан битта академик чиқмаса унинг Шербилаклиги қайда қолди!
-Полвон тоға, гапиришга руҳсат этинг. Ахир партия съездларида чет эллик меҳмонлар ҳам гапиришади-ку?-деб илтимос қилди Шоирали қўлини кўтариб.
– Хўп гапир, фақат чўзма.
-Ҳурматлу эркак зоти олийлари, менинг азиз замондошларим! Савицкая каби фазогирларимиз фазоларни икки-уч марталаб забт этаётган маҳалда гиройлик масаласида оқсаётганингиз кечирарли ҳол эмас. Фашизм устидан қозонилган оламшумул ғалаба ҳақида телевизорда гап бўлса, менинг кўз олдимга Шербилакнинг шер ўғлони Турсунали полвон келадилар ва менинг қалбим фахр билан тепади. Бу ерга келиб эса гиройлик масаласидаги ғолибликни бир майда қишлоққа бериб қўяётганингизни эшитиб, исноддан ёниб кетяпман. Сиз каби эркаклар ҳозир Эверестни забт этяпти, БАМда шижоат кўрсатяпти, саҳроларда шаҳарлар қуряпти. Сиз эса иссиққина уйингизда ўтириб, хотинингизни забт эта олмаяпсиз, вазифангизга масъулиятсизлик билан қараяпсиз. Фарзанд – ҳаёт гулидир! Болалик уй бозор, боласиз уй мозордир! Бола қанча кўп бўлса, юртимиз шунча обод бўлади. Партия бизларни улуғ зафарларга чорлайди!
Шоирали гапираётганда Султонали ўрнидан турди-да, биринчи марта кўраётгандай бошдан-оёқ разм солди. Сўнг пешонасини ушлаб кўрди:
-Шу гапларни бизга сен айтяпсанми?-деб нотиқнинг оташин нутқини шарт бўлди:- Туғмаган хотин ҳомиладорга «доянинг олдида мундай ётасан», деб ўргатаркан. Сен олдин ўзингни эвла!-шундай деб кўкрагидан аста итарди:-Э, ўтир жойингга. Батка, таклиф бор: мажлис ёпилсин. Бизлар ҳам тантанали ваъда берамиз: хотинларимизни гирой қилишга доим тайёрмиз!
-Ҳа, бу бошқа гап,-деб мамнун бўлди Турсунали полвон.- Нурали сен-чи?
-Катта акам ваъдани қуюқлаштириб юбордилар-ку, биз қаёққа ҳам борардик,-деди Нурали Султоналига норози қиёфада боқиб.
-Яхши. Омма, оғзаки ваъдаларинг менга ўтмайди. Қамбарали ёзади, сенлар қўл қўясанлар. Хўп энди мажлисни ёпишдан олдин сека кэпээсэсга табрик тилгром юборишимиз керак. Қамбар, ўқи.
-«Москва, Кремл, шахсан ўртоқ Горбачевга. Етиб маълум бўлсинким, биз ким, серқуёш Ўзбекистоннинг сўлим Шербилак қишлоғида яшовчи аҳдига вафодор, шерюрак эркаклари Турсунали полвон раислигида мажлис ўтказдик ва қарор қилдик. Сизнинг доно кўрсатмаларингизга амал қилган ҳолда оиладаги ишларимизни қайта қурамиз ва жадаллаштиришга эришамиз ва совет халқининг кўпайишига ўзимизнинг салмоқли ҳиссамизни қўшамиз. Имзо: «Шербилак» қишлоғининг оқсоқоли, «За отвагу» медалининг эгаси Турсунали Эшоналиев.»
-«Турсунали Эшоналиев номидаги дружинанинг фахрий пионери» деб ҳам кўрсатилсин.
Турсунали полвон Нуралининг таклифидаги пичинг оҳангини сезса ҳам, жиддий жавоб берди:
-Шарт эмас. Ҳар бир сўзга пул тўланади. Ортиқча ҳаражатга йўл қўймайман.
-Горбачев акамиздан битта илтимос ҳам қилиб қўяйлик,-деди Султонали ўрнидан туриб:- Ўнта туққанга гиройлик беради-ю бу ёқдагиларга шимилдириқ ҳам йўқ. Сека қарор чиқариб берсин: ўнта боланинг отаси «отец-маладес» деган медал-педал оладиган бўлсин.
-Бу илтимосни аввалги телгромда юборганмиз. Пича кутайлик. Бўпти, энди бораверларинг, мажлис ёпиқ.
-Полвон тоға, мен салдан кейин келайми?-деб сўради Шоирали маънодор оҳангда.
-Сен шаҳарга жўнайдиган пайтингда кел. Ҳозир пул берсам, анави текинтомоқларинг билан ичиб, қуритасан.
АРМОН
Шербилак қишлоғидаги навбатдаги мажлис шу билан якун топиб, йиғилганлар тарқалдилар. Қамбарали одати бўйича қоғозларни тартибга келтира бошлади. Турсунали полвон чарчаганини ҳис қилиб, стулга ўтирди-да, дўпписини стол устига қўйди.
-Мажлис ўтқазгунимча эна сутим оғзимга келди. Буларга гап уқтириш қийин-а!-деди «уф» тортиб.- Хотини гирой бўлса ўзларига яхши-ку? Болалари катта бўлгач, камида ўнта тўй кўради. Ўнта қуда! Ҳазилакам гапми? Ўлса ҳам ўнта боласи қатор бел боғлаб туради. Шоиралинг ўлса уни ким кўмади-ю ким бел боғлаб туради. Ўйлайдими буни улар?
-Ўйлашмайди, буни точна биламан. Шоиралидан ташвиш тортманг, Батка, ўладиган бўлса, шаҳарда ўлик кўмадиган идора бор, ўшалар юмалоқ-ёстиқ қилиб кўмаверишади.
-Унақа дема-я!-деб танбеҳ берди Турсунали полвон.-Қулоғингдан бўлсин, агар мендан кейин шаҳарда ўладиган бўлса, қишлоқққа олиб келиб, иззатини жойига қўйиб кўмасанлар. Шербилакликнинг ўлиги ҳам шаҳарда хор бўлмаслиги керак,- у шундай деб бироз сукут қилди. Кейин ҳазинроқ овозда гапини давом эттирди:- Қамбарали, одамлар у-бу дейишади-ю, омма менинг ҳам нақ армонларим бор-да. Иккита хотин олдим-а? Иккови ҳам яхши эди. Менга меҳрибон эди. Омма бу номардлар ишни охирига обормай кетворишди. Ҳа, олтитага чидаган яна тўрттагина туғ, кейин майли, гирой бўлиб олганингдан кейин хотиржам ўлавер. Иккала хотиним гирой бўлганида бу Шерқўзи қишлоқ деганинг оёғимнинг чангида йўқ бўлиб кетарди.
-Ҳа, Батка, хотинларингиз чистий номардлик қилишди. Бўлмаса ҳозир икки мартадан отец-маладес бўп юрардингиз. Анави ерга ҳайкалингизни ҳам ўрнатардик. Иккита хотини гирой бўлган эркак зоти бу дунёда бошқа йўқда.
Қамбаралининг гапи маъқул келиб, қўйилмай қолган ҳайкалининг қандай бўлишини кўз олдига келтириб ўтирганида сойнинг нариги бетида Тешабой оқсоқол кўринди. Ошнасини кўрса ҳам кўрмаганга олмоқчи эди, унинг изидан келаётган йигит диққатини тортиб, сергакланди. Айниқса, йигит қўлидаги микрофон уни ўрнидан туриб сой тарафга юришга мажбур этди. Турсунали полвондаги бу ўзгаришни сезган Тешабой оқсоқол овозини баландлатиб гапира бошлади:
-Бизнинг Шерқўзи қишлоғимиз фақат районда эмас, балки областда, балки бутун республикада, балки союзда биринчилардан ҳисобланади. Қишлоғимиздан иккита кандидат наук, битта милиса капитани, иккита ГАИ ходими, ўн тўртта «Қаҳрамон она» чиққан,-Тешабой оқсоқол “Қалайсан энди?” дегандай ошнасига қараб қўйди.
-Бу томон ҳам сизнинг қишлоғингизга қарайдими?деб сўради мухбир йигит.
-Йўқ, бу қўшни майда қишлоқча…
Агар фашист келиб қишлоғини пулемётдан ўққа тутса, балки Турсунали полвоннинг чидаши мумкин эди-ю, аммо ҳақоротомуз бу гапни индамайгина тинглаши қийин эди. У қўлларини белга тираб, ғоз юриш қилиб кўприк устига чиқди-да, ошнаси унда қолиб, мухбирга юзланди:
-Ҳов укахон, менга қаранг-чи, ўзлари ким бўладилар?
-Мен област радиосининг мухбириман,-йигит ўзини таништирди-ю, бироқ Турсунали полвоннинг важоҳатидан чўчинқираб “ўзингиз кимсиз?” деб сўрашга ботинмади. Бу савол назари билан Тешабой оқсоқолга қараган эди, оқсоқол жавоб беришга улгурмади.
-Областдан мухбир бўлсангиз, илғор қишлоқ турганда бақақуриллоқ томонда нима қилиб юрибсиз, қани, ўтинг буёққа,-деди Турсунали полвон буйруқ оҳангида.
Бу амрдан мухбир ажабланган бўлса, Тешабой оқосоқол аччиқланди:
-Нега ўтар экан? Бу укамизга илғор қишлоқ ҳақида очерек* ёзинг, деб шахсан обком бува топшириқ берганлар
-Обком буванинг эси оғиб қолмагандир? Тешабойнинг илимилиқ қишлоғини ёз, демагандир. Қани, мухбир ука, бу ёққа ўтсинлар. Очерекнинг хўррозини мана, биз томонда ёзасиз.
Мухбир Тешабой оқсоқолга нажот кўзи билан қараган эди, илтижоси эътиборсиз қолмади. Унинг ўрнига оқосоқол жавоб берди:
-Қўй, ошна, сен бизнинг ички ишларга аралашма. Сен эркакларингни чақириб, мобилизация қилавер.
Турсунали полвон ошнасининг гапини эшитмагандай яна мухбирга юзланди:
-Мухбир ука, шу топгача менинг гапимни биров икки қилмаган-а! Қани, яхшиликча иззатларини билиб, бу ёққа ўтсинлар.
-Ўтмайдилар. Қани, қўлингдан нима келарди?-деди Тешабой оқсоқол овозини баландлатиб.
Президиумдаги қоғозларни тартибга келтириб бўлган Қамбарали агар биринчи марта бундай олишувга гувоҳ бўлганида эди, шубҳасиз, югуриб келиб “Батка”сининг ёнини оларди. Олишувнинг оқибатини билгани сабабли ҳам текин томошадан лаззат олиш учун стулга бемалол ўтириб олди. Турсунали полвон эса ҳужумни давом эттирди:
-Ўтмайдими? Бу бола билмаса, кимлигимни сен биласан. Агар ўтмаса, нақ пешонасидан отиб ташлайман. Уволига сен қоласан.
Ҳазил эмас, ғазаб билан айтилган бу қарордан мухбирнинг эсхонаси чиқиб кетди:
-Ие, мени отмоқчимилар?-деб Тешабой оқсоқолга нажот билан қаради.
-Гапларига эътибор берманг,-деди Тешабой оқсоқол ҳотиржам равишда.- Сал айниб қолган. Нима билан отади? Носқовоғи биланми?
-Ҳали шунақами?-Турсунали полвон шундай деди-ю шарт бурилиб, уйи томон юрди. Олишув тўғони бузилганни сезган Қамбарали ирғиб турди-да, унинг йўлини тўсмоқчи бўлди. Турсунали полвон уни бир ён суриб, уйига кириб кетгач, Қамбарали эса мухбирга юзланди:
-Ука, тез қочинг. Бугун Батканинг настроенияси не то*. Росманасига отиб ташлайди, буни точна биламан.
-Сенам айниб қолибсан хўжангга ўхшаб. Мухбирни отиш осонаканми?-деди Тешабой оқсоқол.
-Ким ўзи бу киши? Ростанадам… халигидақами?-деб сўради мухбир.
-Ундан ҳам баттар,-деди Тешабой оқсоқол. Аслида у ошнасини ёмонлаб, мухбирни овутмоқчи эди. Гапларининг мухбирни чулғаётган қўрқув алангасига мой каби сепилишини эса ўйламади.- Шайтонни йиғлатган одамни эшитмаганмисиз? Шу одам шайтон билан бирга шерикчиликка экин экадиган бўлибди. Шайтон «ернинг устидагиси сеники, тагидагиси меники», деган экан, бу одам буғдой экиб, шайтонни доғда қолдирибди. Келаси йили шайтон аламимни оламан, деб, «тепаси меники, пасти сеники», деб шартлашса, бу одам лавлаги экса денг. Шунда шайтон хўнг-хўнг йиғлаб, Худога нола қилибди: «Эй Худо, мени одамларни йўлдан ургин, деб яратган эдинг. Бу одам бор экан, мени яратиб нима қилардинг?» дермиш. Тушундингизми, бу бор жойда шайтонга ҳам кун йўқ.
У гапини тугатишга улгурмай, Турсунали полвон ов милтиғини кўтариб чиқди. Милтиқнинг ўқланмагани полвоннинг ўзи-ю Худогагина маълум, бу ёқдагилар эса хабарсиз эдилар. Шу боис уччовлари чинакамига довдириб қолишди.
-Қани, ўтасанми ё пешонангдан дарича очайинми?-деб пўписасини янада кучайтирди Турсунали полвон.
Қайси мухбир жонидан тўйибди-ки, бу мухбир йигит тўйсин? Битта қишлоқни мақташдан бўйин товлаб, кўксини ўққа тутиб берадиган аҳмоқ мухбир ҳали туғилганича йўқ. Касби мақташдан иборат бўлганидан кейин ким тутун қайтарар экан? Бу ночор мухбир бу нодон полвонга “қишлоғингизни мақтамайман”, дегани йўқ-ку? Милтиқ ўқталгани нимаси? Мухбир мана шунгагина ҳайрон. Лекин давомли равишда ҳайрон бўлишга ҳаққи йўқлигини тезгина англаб етиб, кўприк сари қадам ташлади:
-Ўтяпман, тоға…
Қамбарали вазиятни юмшатиш мақсадида уни дарров қўллаб юборди:
-Батка, эсли бола экан бу мухбир. Ўзиям энди ўтаман, деб турувди.
Қайсар Тешабой эса мухбирнинг йўлини тўсди. Отиб, қамалиб кетадиган Турсунали полвон бўлса, битта ўқ билан у дунёга жўнаворадиган бу мухбир бўлса, Тешабой оқсоқолга нима қайғу? Унга муҳими – қишлоғининг обрўйини сақлаб қолиш. “Шерқўзини мақтагани келган мухбир айниб, Шербилакни кўкларга кўтариб кетибди”, деган иснодга чидаш мумкинми? Тешабой оқсоқол милтиқнинг ўқланмаганини аниқ билмаса ҳам таваккал қилди:
-Ўтмайсиз. Нима бор сизга у қишлоқчада?-деди мухбирга.- Қўрқманг, милтиғининг ўқи йўқ. Милтиғиям ўзига ўхшаб қолган. Мўлжални ҳам ололмайди. Тўрт йил урушда юриб, битта немисни ҳам эплаб отолмаган.
-Ўқ йўқми? Яхши. Билиб қўй, иккита ўқим бор. Омма икковингни битта ўқ билан бараварига қулатаман. Бир баталон немисни текислаб ташлаганимни унутибсан-да, а? Манави медални нимага беришувди, амма-холангни қучоқлаб ўпганимгами?
-Тешабой тоға, бўлди ҳазиллашманг, ўқлари бор, ўзим кўрганман,-деди Қамбарали астойдил саросимага тушиб.- Ука, сиз ўтаверинг.
-Ҳа, ҳа, ўтяпман…-деди мухбир шошиб. Бироқ, бир қадам қўйишга ҳам улгурмади, Тешабой оқсоқол: “Ўтмайсиз!”, деб қўлидан ушлаб олди:
-Авзойилар… чатоқ, ўта қолай,-деди мухбир ялиниб.
-Қўрқяпсизми? Қани, отиб кўрсин-чи! Агар у сизни отса, уникига келадиган мухбирни менам отиб ташлайман.
-Тоға, муроса қилайлик, иккала қишлоқ ҳақида баравар ёзаман.
-Муроса йўқ!-деди Турсунали полвон аҳдининг қатъий эканини англатиш учун сенсирашга ўтди:- Энди бу бақанинг қишлоғини ёзмайсан, фақат Шербилакни ёзасан.
Олишув Турсунали полвоннинг фойдасига ҳал бўлай деб турганда Қамбаралининг уйи томондан жўр овозда айтилаётган ашула эшитилди:
Мен севаман, сен севасанми,
Боғ сайрига келасанми…
Ашула овозини эшитган Турсунали полвон савол назари билан Қамбаралига қаради. Қамбарали “ҳеч нарсадан хабарим йўқ”, дегандай елка қисди. Худди шу онда унинг эшиги очилиб, бир-бирларининг елкаларига қўл ташлаган Собитали билан Турғунали чиқиб келдилар. Сой бўйидаги машмашадан бехабар бу икки сархуш ашулани ванг қўйиб, лаззатланардилар.
Бу манзарани кўрган Тешабой оқсоқолнинг юзини мамнунлик кулгиси силаб ўтди.
-Ҳа, ҳа, ўтинг ука, ўтаверинг. Ановларни би-ир ёзинг. Кўрдингизми, бу қишлоқнинг ҳаммаси шунақа алкаш. Ёзинг шуларни, республика билиб қўйсин!-деди ғолиб одамнинг овозида.
Турсунали полвон бу ерда нима мақсадда турганини унутди. Қамбаралига ғазаб билан тикилди:
-Қамбар, буларни ким ичирди?
– Билмайман, Батка.
– Сеникидан чиқишди-ку?
-Телевизоримни тузатмоқчи эди, бошқасини точна билмайман.
-Анави гиройнинг занжирини ким ечди? Ҳали сениям кунингни кўрсатаман, бола!- Турсунали полвон шундай деб сархуш жўровозлар сари тез-тез юрди:
-Ҳа, уйинг куймагурлар! Тўхталаринг, овозларингни ўчир! Қўлингни кўтар!
Милтиқ кўтариб келаётган Турсунали полвонни кўриб, Турғуналининг эсхонаси чиқиб кетди. Буйруққа итоат этиб, қўлини кўтармоқчи эди, мувозанатни сақлай олмай, йиқилиб тушди. Дунё лаззатидан роҳатланаётган Собитали эса бу дағдағага парво ҳам қилмади:
-Қўлни кўтармайман, Батка! Мен эркин одамман! Нима, отмоқчимисиз? Пажалиска*, отаверинг,-шундай деб кўкрагини очди.-Бағримни ғалвир қилиб ташланг. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим! Отинг, тоғажон, мени отсангиз прямой* жаннатга тушасиз.
Бу дадилликни кутмаган Турсунали тўхтаб, милтиқни туширди.
-Эси оғиб қолибдими?
-Белий горячка* бўлганга ўхшаяпти,-деб дарровгина ташҳис қўйиб қўя қолди Қамбарали. Лекин бу ташҳис Турсунали полвонга маъқул келмади:
-Йў-ўқ. Белий горячка бўлса, индамай бориб ўзини осарди. Бунинг «мени отинг!» деб бўкириб, менга сапчияпти-я!. Бунинг касали «черний горячка» ўзбекчасига «қўрққан олдин мушт кўтарар» дегани. Қараб тургин, мен уни бир пасда тузатаман. Сен кечаги занжир билан қулфни топиб кел-чи.
Қамбарали буйруқни тезлик билан бажариш мақсадида югурганича уйига кириб кетди. Турсунали эса милтиқни деворга суяб қўйиб уларга яқин келди:
-Собитали, ўзингни бос, ука. Мен дуч келган одамни отадиган телба эмасман. Урушда ҳам фақат немиснинг аҳмоғини топиб, танлаб-танлаб отганман. Ақллиларига тегмаганман. Ана ўшалар ҳозир яхши-яхши кастум, тўфли ишлаб, бизларга юбориб туришибди. Сенга ёмонлигим йўқ, ука. Телевизорим бузилса, текинга тузатиб берасан-у мен сени отаманми? Мен отанг билан улфат эдим. Омма пешиндан кейин би-ир айнийдиган одати бор эди, раҳматлининг. Сен ундан ҳам ўтиб кетдинг. Пешинни кутмай, эрталабданоқ айниб берасан. Омма сени тузатса бўлади. Касалингнинг давоси бор. Бир ҳафтада отдек бўлиб кетасан.
Юмшоқлик билан, насиҳат оҳангида айтилган бу гапларни эшитиб, Собитали сергак тортди:
-Нима қилмоқчисиз?- Турсунали полвон жавоб беришга улгурмади. Собитали уйидан занжир кўтариб чиқаётган Қамбаралини кўрди-ю қандай ҳукмга мубтало бўлганини англаб, тавба-тазарруга ўтди: -Тоғажон, кечиринг, бошқа бўлмайди.
-Бошқа бўлмаслиги аниқ,-деди Турсунали полвон. Кейин Турғуналини чақирди:- Қани, ҳов катта алкаш, би-ир ўринларидан туриб, бери келворсинлар-чи!
Турғунали аранг ўрнидан туриб, тетапоя қилаётган боладай бир-икки қадам босди:
-Батка, менинг савсем айбим йўқ. Манов мараз мени зўрлади. Ичмайман, девдим ётқизволиб оғзимдан қуйди,-шундай деб яқинлашишга ботинмай тўхтади.
-Бери кел, дедим!
Турғунали иштонини ҳўл қилиб қўйган бола аҳволида яқин келгач, Турсунали полвон Қамбаралига имо қилди-да, ҳозиргина дунё неъматидан мамнун равишда жўровозликда қўшиқ айтаётган ҳамшишаларни жуфтлаб қучоқлаб олди. Иккови қанчалик қаршилик билдирмасин, уринмасин, унинг бақувват қўлларидан бўшаб чиқиша олишмади. Қамбарали эса ўзига тегишли топшириқни беками-кўст бажарди: икковини қўшиб занжирибанд этди. Бу манзарани кузатиб турган мухбир йигит Турсунали полвоннинг “отаман!” дегани шунчаки пўписа эмаслигига ақли етиб, иззати борида жўнаб қолишга қарор қилди-да, тисарилди.
-Ҳа, ука, йўл бўлсин?-деди Тешабой оқсоқол.
-Мен бора қолай, кейин бафуржа ёзиб кетарман.
-Булардан қўрқманг. Шунақа жиннилик қилиб туришади-ю бошқаларга ташланишмайди. Хавфсиз жиннилар. Қани, юринг, самоворхонада отамлашамиз.
-Қўрқаётганим йўқ… фақат… лентам тугаб қолибди. Бошқа келаман,-мухбир шундай деди-да, орқасига ўгирилиб, тез-тез юриб кетди.
Тешабой оқсоқол “аттанг!” деганича қолаверди. Аслида, мухбир йигит билан самоворхонада гаплашса ҳам бўлаверарди. Қўшни қишлоқ ҳам билиб қўйсин, деган манманликда бу ерга бошлаб келган эди. Мухбирни осонликча чақирмаганди. Энди қачон келади-ю… Ишхонадагиларга кўрганларини дастурхон қилиб ёзса, бу томонларга икки дунёда мухбир зоти қадам босмайдиган бўлади. Областдаги нечта қишлоқ самоворхонада ош дамлаб, уларнинг келишига маҳтал бўлиб ўтиришганда ғалважойга келишармиди? Турсунбой оқсоқол қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлса-да, айб юкини ўз бўйнига олгиси келмай, кўприкка яқинлашди-да, ошнасига қараб бақирди:
-Хов хўкиз! Хўкиз, деяпман! Э, ўкирмай ўлмагин сен! Мухбирни чўчитиб юбординг-а! Индамаганингда тўрт-беш ойдан кейин келиб, сени ҳам ёзиб кетарди. Энди ўзинг ҳам қуруқ қолдинг.
-Мухбиринг ҳам ўзингга ўхшаш қуриллоқ экан. Мухбирларнинг хўрозини эртага кўрасан. Тошканга бориб, ўзим бошлаб келаман. Илғор қишлоқнинг қанақа бўлишини ўшанда кўрасан,-деди Турсунали полвон унга қараб.
-Агар шу келган мухбир бола қишлоғимни ёзмаса, биласанми, сени нима қиламан?
-Қўлингдан нима келарди?
-Қўлимдан нима келишини ҳали билмайсанми? Газ қувуринг менинг қишлоғимдан ўтганини унутдингми? Шу бугуноқ газни ўчиртириб қўяман. Ўтиравер таппи ёқиб.
-Вой-бў, жуда-а қўрқитиб юбординг-ку! Газни ўчирасанми? Электр симинг қаердан ўтганини сенам унутмагин-а? Сен газни бураган минутингда мен электрни ўчираман.
Тешабой оқсоқол газни ўчира олмаслигини билса-да, пўписа учун айтган эди. Иккала қишлоққа қарайдиган монтёрнинг Шербилакда яшашини, Турсунали полвон пўписа қилиб ўтирмай шарт ўчиртириб қўйишдан ҳам тоймаслигини ҳисобга олмаган эди. Шу сабабли унинг “Кўрамиз ҳали!” деганича изига қайтишдан бошқа чораси қолмади.
-Батка, электрни ўчирамиз, деб бекор айтдингиз,-деди Қамбарали Тешабой оқсоқол кетгач.
-Мен бир нарса десам, билиб айтаман.
-Тўғри-ю лекин…электрни ўчирсангиз… боллари тез ухлайди. Бу ёғи жадаллашиб кетади-ку? Кейин туғишда буларга етиб бўлмай қолади.
-Бу ёғидан ҳавотир олма, электрни ўчирамиз-да, беш-ўнта прожекторни рўпара қилиб қўямиз, кечаси билан ухламай чиқишади.
-Буни зўр ўйлабсиз, белий ноч* қилиб қўйиш керак.
Турсунали пишиллаётган қўшовозларга эътибор бермай уйи томон юрган эди, Собитали зорланди:
-Полвон тоға, тавба қилдик, раҳмингиз келсин.
-Менинг раҳмим бир ҳафтадан кейин келади. Унгача ачомлашиб юраверларинг. Аслида башараларингга қора суртиб, эшакка тескари миндириб, сазойи қилдиришим керак эди.
-Батка, аслида шунақа қилганингиз тузук,-деди Қамбарали.
-Шерикларингга ачиняпсанми? Сениям қўшиб боғлашим керак эди-ю аядим. Буларни сен ичиргансан.
-Мен ичирганим йўқ, телевизор тузатгани кириб, меҳмонга атаб қўйганимни топиб, қуритишибди. Телевизорни тузатмабди бу нокас. Аслида икки ҳафтага боғлаб қўйсангиз ҳам бўларди. Лекин… бу аҳволда… ҳожатга ҳам боришолмайди. Кейин… уяти ҳам бор-да… Қишлоғимизга иккита майда қадам етишмай турувди. Кейин… хотинлари ҳам қўйиб қўймас бу аҳволда?
-Батка, эшакка миндира қолинг,-деб яна зорланди Собитали.- Бу аҳволга хотинларимиз чидашолмайди, револусия* қилиб юборишади. Улар бир ҳафта эрсиз ётишга ўрганишмаган. Эмаклаб бўлса ҳам уйга етиб келардик.
Бу ҳақиқат Турсунали полвонни ўйлашга ва жазо турини ўзгартиришга мажбур этди.
-Бор, иккита яғир эшак топиб кел,-деб буюрди Қамбаралига.- Манави палаги бузуқнинг катта энаси шерқўзилик эди, эшак миниб энасининг қишлоғини би-ир зиёрат қилиб чиқсин.
Қамбарали буйруқни бажаришга шайланган эди, гузар томонга шошилиб келаётган Мавжудани кўриб, тўхтади. Турғунали хотини келаётган томонга орқа билан турган эди. Шу боис Мавжуда уни кўрмай, Турсунали полвонга даъво қилди:
-Қани, қани менинг эрим?
Мавжудани кўрган Собиталининг чеҳраси ёришди. Мавжуда унинг кўзига ўлим азобидан қутқариб қолувчи фаришта қиёфасида кўринди.
-Тоға, асирларни озод қилаверинг, револусия бошланди,-деди у қувонч билан.
Мавжуда Турсуналига яқинлашганида эрини таниди-ю тиззасига шапатилаб урди:
-Вой ўлмасам, вой ўлайин, сизни ким боғлаб қўйди?
-Ким бўларди,-деди Турғунали хокисор овозда,- ана, тоғанг-да…
-Эримни бўшатинг, ечинг деяпман!-деб талаб қилди Мавжуда.
-Шанғима. Барибир ечилмайди, бир ҳафта шундай юради. Ҳукм шунақа.
-Қанақа ҳукм?
-Ичгани учун, трахтирни пачақ қилгани учун, сени ургани учун жазоланди.
-Урса мени урибди, сизни урибдими? Эр бўлганидан кейин хотинини уради-да! Уриб турмаса, мен шаҳарлик хотинларга ўхшаб семириб кетарман. Ечинг деяпман! Қанақа кунларга қолдим-а! Биттаси занжирга боғлаб қўяди, яна биттаси ярим кечада трахтирини рўпарасига дарахт экиб қўяди… Ечасизми, йўқми!
-Бир хафтадан кейин ечилади.
-Ечмасангиз женсоветга* арз қиламан.
-Ундан каттароғига арз қил, менга деса.
-Унда эримни оламан-у ўзимнинг қишлоғимга кўчиб кетаман. Битта гирой хотинга куйиб қоласиз.
-Нима дединг?
-Қишлоғимга кўчиб кетаман. Уларга ҳам гирой хотинлар керак экан.
-Қишлоғинг бузилиб, ўрнига сув омбори қурилганига неча йил бўлди? Сувнинг тагига кўчиб борасанми? Сув париси бўлиб юрасанми?
-Унда… Шерқўзига кўчиб ўтамиз. Туновинда Тешабой тоғам айтганлар. Шерқўзига боғлиқ еримиз бор. Катта отамнинг отаси шу Шерқўзига куёв бўлганлар.
Кўчиб кетиш ҳақидаги аввалги аҳдига ишонмаса ҳам бўларди. Аммо кейингиси пўписа эмаслигини Турсунали полвон англаб жим қолди. Бу сукутдан фойдаланган Қамбарали унга маслаҳат берди:
-Батка, қўйинг, бу билан пачакилашманг.
Турсунали полвон бир қарорга келмай туриб, Мавжуда аёлларнинг энг ишончли қуролини ишга солди – овозини баралла кўтарди:
-Войдод, мусулмонлар! Эримни занжирлаб ўлдиришяпти!
Атом бомбани даф қилиш мумкинлигини, бироқ, дод солишни бошлаган хотинни тинчитиш амри маҳол эканини яхши билган Турсунали полвон чўнтагидан калитни олиб, Қамбаралига узатди:
-Бу хотинга гиройлик туққани учун эмас, шанғилиги учун берилган. Еч эрини, даф бўлсин. Омма Собит алкашни қимирлатмай тур, уни эшакка тескари миндирамиз. Бунинг хотини ювош, революсия қилмайди.
ЎТМИШ ЭСА ҲАМИША ТОТЛИ
Агар Ер юзида бошқа юмуши бўлмаганида Қуёш бу гузардаги хангомаларни томоша қилиб, тек тураверармиди… Вазифасига хиёнат қила олмагани учун бу икки қишлоқда яшовчиларни тўлин ой ва юлдузлар ихтиёрига қолдириб, ўзи йўлида давом этди. Дарвоқе, қуёш яна бир ҳангоманинг бошланганига гувоҳ эди. Ҳангоманинг дебочаси оқшом чоғи бошланган, ривожини кўриш эса ой ва юлдузлар ҳукмидаги осмонга насиб этган эди.
Кунлик юмушлардан ҳориган ҳар икки қишлоқ аҳли уйқуда эди, десак салгина янглишган бўламиз. Бу икки қишлоқда бир неча одам бедор эди. Уларнинг иккиси висол умидида уйқудан воз кечишган, қолганларини эса ҳангома қизиқтирарди. Висол умидидагиларнинг бири – Турсунали полвон. Ўғиллари, келинлари, набиралари уйқуга кетганига ишонч ҳосил қилгач, ўрнидан туриб, ҳудди ўғри мушукдай кўча эшиги томон юрди. Уни танимаган одамга бу ҳаракатини кўрсатиб, «ҳеч кимга сўз бермайдиган полвон шу одам бўлади”, дейилса, сира ишонмайди. Турсунали полвон ҳар куни неча марталаб бу эшикни очиб, ғижирлашига эътибор бермас экан. Ҳозир очаётганида эшикнинг зорлангандай ғижирлаши уни ҳаракатдан таққа тўхтатди. Назарида бу ғижирлаш эрта тонгдаги ноғора базмдан ҳам ошиб тушгандай, эшик “манави телбанинг ишини кўриб қўйинглар!” деб оламга жар солгандай бўлди. Турсунали полвон эшикни аста ёпиб, орқасига қайтмоқни ҳам ўйлади. Лекин чорлов у томондан бўлгани учун, висолга чиқмасликни ўзи учун ор деб билиб, йўлидан қайтмади. Омадни қаранг-ки, қайдадир уйқусираган эшак ҳанграб қолди-ю шу овознинг пардасида эшикни очволди. Сой томон юриб, кўприк олдида тўхтади-да, Шерқўзи қишлоғи томон умид билан кўз тикди.
«Ё Худоё, қудратингдан! Шу ёшга кирганимда яхши кўрган хотиндан хат олишим етти ухлаб бир тушимга кирмовди-я!-деб ўйлади у.- Дардини ичига ютиб юрганини қаранг-а… «Сиз икки марта уйландингиз, мен эсам икки марта кафанга ўралиб, кўмилдим. Икки марта куйиб кул бўлдим. Икки марта юрагимни қиймалашди…» дебди-я! Бунақа гапларни ўн саккиз яшар қиз ҳам ёзмасов… Хотин кишининг муҳаббати шунақа кучли бўларкан-да, а? Журъат этиб менга хат ёзибдими, шу учрашувга таклиф этибдими, омма қойилман, нақ хотинларнинг хўррози экан-у билмай юрган эканман. Аслида, ёшлигида олиб қочиб кетаверсам бўларкан. Ҳаммасига Тешабой бақа сабабчи. Имижиқлик қилди. «Шу ошнамга жоним тасаддуқ, бир эмас, ўн синглимни бераман», демади-я! Бе, унда бундайин мардлик йўқ. Омма синглиси мард экан. Қойилман, ота қизи!»
Ўз ўйларига банд Турсунали полвон бу шумликни бошлаган Шоирали, Султонали, Нуралининг чинор панасида ўтирганларидан бехабар эди. Оқшомда самоворхонада бошланган улфатчилик хуфтондан сўнг тугагач, уччовлари дастурхондан ортган егуликларни чорсига тугиб, бу ерга келишган эди. Шумлик бошланишида буларга қўшилган Мирали кейинчалик айниб, кундузги “экстрениий мажлис”дан руҳландими, ҳар ҳолда уйига кетишни маъқул кўрди. Улфатлар шумликни бошлашга бошлаб, яъниким, Шоирали тўқиган икки мактубни икки томонга етказишса-да, бундан бир натижа чиқишига унчалик ишонишмаётган эди. Турсунали полвоннинг эшиги ғижирлаб очила бошлаганида ҳаммаларининг ичларига чироқ ёқилгандай бўлди. Ишлари юришаётганини “ювиш” учун яна ярим пиёладан отиб олишди. Шерқўзи қишлоғи томонда кимнингдир қораси кўрингач, ғалабаларига тамоман ишонч ҳосил қилдилар.
Шерқўзи қишлоғининг гузарига яқинлашаётган одам Ҳамробону эди. У атрофга аланглаб, ҳавотир билан юриб келарди. “Вой ўлайин-е, шу ёшга кирганда учрашувга чиқсам-а!-деб ўйлаб, уятдан юзлари ёниб кетай дерди.- Вой шарманда! Неварамга боллар хат ёзишса, тергаб юрибман-а! Нима қилай. Мен бедаво, чиқмасам, юрагим ёрилиб кетай деса. Бу кишининг хатларини ўлиб ётганимда ўқиб беришганида ҳам туриб кетармидим… «Сизнинг ишқингизда шоир бўлиб кетдим», дебдилар-а! Шеърлари бирам ғалати-ки… Битта ўқишда ёдланиб қолса-я! «Қани Лайли билан Ширин, улардан ноз ўргангин, қани ўша Фарҳод билан Мажнун деганлари мен уларга ишқни ўргатиб қўяйин». Ростданам шоир бўлиб қолганлар. Вой тавба-е, шунча йилдан берисига ҳар кўрганимда юрагим бир жизиллайди-я, вой ўлайин-е, биров кўриб қолмасайди… Шаҳарда Муқаддасхон деган хотин олтмиш беш ёшга етганида биринчи муҳаббатини топиб, қочиб кетибди, дейишса ишонмай юрибман-а!..»
Турсунали полвон аста-аста босиб келаётган Ҳамробонуни бир қарашдаёқ таниди. Таниди-ю баданидан жон чиқиб кетгандай оёқлари қалтираб қолди. Бунақа аҳволда узоқ туриш Турсунали полвонга хос эмасди. Шу сабабли енгил йўталган бўлиб, кутиб турганини маълум қилди. Ҳамробону яна уч-тўрт қадам босгач, у овоз беришга журъат қилди:
-Ҳа… Ҳамро… бону… салом… саломатмисан?
Ҳамробону гузарга қадам қўйиши биланоқ кўприк яқинида турган кишини таниган эди. Шундай бўлса ҳам Турсунали полвоннинг овозини эшитгач, кутилмаганда бу одамга дуч келиб, чўчигандай тўхтаб қолди.
-Вой, ассалому алайкум… Неварам кечроқ қайтаман, девди. Шунга ҳавотирланиб чиқувдим. Эна-оталарининг парвойи палак. Ҳавотирланишмайди ҳам.
Ҳамробону бу баҳонани уйидан чиқмай турибоқ ўйлаб қўйган эди. Турсунали полвон эса бирон баҳона айтишга тўғри келар, деб ўйлаб ҳам қўймаганди. Аёлнинг гапи унга мойдек ёқиб, унинг баҳонасини давом эттириб қўя қолди.
-Менинг ҳам кичигимдан дарак йўқ. Бола вақтида келмаса… уйқу қочар экан.
Ёшларнинг ўз уйларида, ўз ўринларида ширин тушлар кўриб ухлаб ётгани уларнинг ўзларига-ю Худогагина маълум. Учрашувга чиқишдан мақсадларини ибо юзасидан яшириш учун тўқилган бу ёлғон гуноҳга кирадими ё йўқми, аниқ билишмайди. Лекин ёлғон баҳона тилдан учгани ҳамон дилларида тавба қилиб қўйишни унутишмади. Бир-бирларининг баҳоналарига ишонгандай бўлишгач, навбат ҳол-аҳвол сўрашга келди:
-Ўзинг яхшимисан?
-Худога шукр. Ўзингиз соғ-саломатмисиз?
-Юрибмиз тупроқдан ташқарида… Ҳаво сал димроқми бугун?
-Шунақага ўхшайди.
-Ўзинг соғ-саломатмисан?-деб қайта сўради Турсунали полвон.
-Раҳмат… ўзингиз…-деб қайта жавоб берди Ҳамробону.
-Ҳа, энди юрибмиз Горбачевди сояи давлатида. Қара-я, Ўроқбойнинг хотини ҳам гирой бўпти-да, а?
-Худонинг бергани-да…
-Сениям гирой бўлишингга озгина қолувди. Эринг номардлик қилиб, ташлаб кетмаганида гирой бўлардинг.
-Унақа номард деманг… Бир фалокат олиб кетди-да у кишини.
-Хафа бўлмагин-у, омма эринг мижғовроқ эди. Қадрингга етмади. Мен унинг ўрнида бўлганимда сени деб трахтирди тагидан ҳам омон чиққан бўлардим. Шундай хотиннинг қадрига етмай ўлиб кетган эркак эркакми?
-Пешонага ёзилгани-да…
-Менга қара, сал рангинг кетибдими? Сиқилиб қолганга ўхшайсан. Мабодо бировни соғиниб, ичикиб қолмадингми?
-Сиз ҳам… анча шаштингиз пастми?… Сиз ҳам… армиядаги ўғилларингизни соғиняпсизмикин?…
-Ўғилларни соғиниш бошқа… менинг дардим бошқа…. мен қирқ-эллик йилдан бери соғинаман… Ё ундан кўпроғам бўлгандир, а? Ҳисобданам адашиб кетдим.
-Тағин ҳам чидамли экансиз.
-Ҳамро, сендан бир гап сўрайин… Сен доно аёлсан. Акангга ўхшамайсан. Аканг нақ пишмаган думбулнинг ўзгинаси.
-Майли, сўрайверинг-у, омма акамни бунақа тергаманг-да.
-Акангни-чи… Ҳа, майли, бу бошқа масала. Хуллас… Ҳамро…бир ошнам бор. Худди ўзимга ўхшайди. Ўша ошнам бир қизни яхши кўриб, уйланмоқчи бўлганида акаси номардлик қилиб унамаган.
-Ошнангиз ҳам қизиқ эканлар… қизнинг акаси унамаса, аразлаб, бурилиб кетаверадиларми? Чинакамига яхши кўрсалар, қизни опқочиб кетиб бўлса ҳам уйланардилар. Балки ўша қиз ҳам у кишини яхши кўргандир. Ошнангиз аразлаб юрганида у юм-юм йиғлагандир…
-Буни сен қайдан биласан?
-Шунчаки айтаман-да. Қизлик пайтимда менам шунақа воқеани эшитгандай бўлувдим. Аслида, қизнинг акаси билан ўша аразчи йигит қалин ошна эканлар. Чинакамига яхши кўрган йигит бунақа аразламайди-да.
-Энди… ёш бўлган-да, ақли етмаган. Ёшликда қон қизиб турган пайтда битта гап ҳам ортиқчалик қилади. Худонинг қудратини қарагин, ҳозир ўша ошнам ҳам бева, ўша аёл ҳам бева. Ошнам дегин, ўша аёлни кўрса ҳалиям оёғи қалтираб қолади. Худо дейман, буларни бекорга бева қилиб қўймагандир, а? Ҳеч бўлмаса қариганда қовушсин, бу дунёдан армон билан кетишмасин, дегандир, а?
-Қайдам… шу ёшга кириб… болалари, набиралари олдида уят бўлмасмикин?
– Уяти нимаси? Ёлғизлик ёмон, ахир. Кундузи майли, билинмайди. Кечаси боллар уй-уйларига кириб кетса-ю ошнам бечора ёстиқни қучоқлаб ёлғиз қолса… Йўқ, уйланмаса бўлмайди. Бир домлага маслаҳат солган экан, домла «уйланмасангиз гуноҳ», дебди. Агар ёлғиз ҳолида жони чиқиб кетса, ўша хотин гуноҳкор бўлар экан.
-Вой ўлмасам, унақа совуқ нафас қилманг. Ошнангиз узоқ умр кўрсинлар.
-Нима дейсан, совчи қўяверсамикан?
-Бир нима дейишга ҳайронман… умр савдоси…
-Ахир улар бир-бирларини ҳали ҳам яхши кўришади. Ошнам уни қизлигида анави чинорнинг панасида бир марта ўпганам, ҳа!-Турсунали полвон гапининг исботи учун ўша тотли онларга гувоҳ бўлган чинор томон қаради. Пистирмада ўтирган улфатлар “кўриб қолмасайди” деган ҳавотирда бир неча сония нафас олишдан ҳам тўхтадилар. Чинор томонга Ҳамробону ҳам қараб энтикиб қўйди. Аммо сир бой бермай, жавоб қайтарди:
-Вой, рости биланми? Кейин ўша ошнангизнинг тишлари оғриб қолмаганмиди? Бир эшитгандай бўлувдим. Эртасига ўша йигит жағларини боғлаб келиб, ўша қизга «ё тишимни тузатиб бер ё ўпишингни қайтариб ол», деган эканлар.
-Ҳа… энди ошнам шу баҳонада яна бир марта ўпиб олмоқчи бўлгандир-да… Хўш, энди нима дейсан?
-Билмасам… ўша хотиннинг акаси… энди унармикин?
Масаланинг ечими нозик жойга келганда Турсунали полвон ошнаси номидан гапираётганини унутиб, дангалига кўчиб қўя қолди:
-Унамаса… акасини нақ отиб ташлайман! Энди орқага қайтиш йўқ.
-Вой ўлайин, унақа қилманг. Ошнангизга айтинг, акаси билан яхши гаплашсинлар. Қизиққонлик қилмасинлар, ахир бу умр савдоси-я…
Умр савдоси шу тарзда энди пишай деганда Тешабой оқсоқолнинг қораси кўринди. У бироз кузатиш, гапларини эшитиб кўришга тоқат қилмай, ҳудди танк каби бостириб келди.
-Ҳамро? Нима қилиб турибсан?
Сурур уммонида сузаётган Ҳамробону акасининг таҳдидли овозини эшитиб, наҳанг балиққа рўпара келгандай чўчиб тушди. Рўпарасида Турсунали полвоннинг тургани мадад бўлдими, гапини йўқотмай жавоб берди:
-Вой… ака… неварамни кутиб турувдим.
-Неварангни шу ерда кутасанми? Анави ким? Хўкизнинг соясими?
-Вой… ака, унақа деманг, ошнангиз-ку?
-Ие, ошнаммиди? Қара-я, сен айтмасанг билмасаканман. Кир уйга! Номаҳрам эркак билан қоронғида гаплашиб туришга уялмайсанми?
Ҳамробону уялганидан “вой ўлмасам”, деди-ю акасига гап қайтармай, изига қайтди. Ҳамробонунинг бу қадар изза чекишига ўзини айбдор ҳис қилган Турсунали полвон ошнасига танбеҳ берди:
-Вей ошнажон, бу хотин синглинг бўлса ҳам дўқ қилаверма, сал ўпкангни босиб олиб муомала қил, хўпми?
-Ишинг бўлмасин. Сен бола, синглимни йўлдан ураман, деб хомтама бўлма.
Тешабой оқсоқол қўпол гапирган бўлса ҳам, Турсунали полвон суҳбатни дилкашлик сари бурмоқчи бўлди:
-Тешабой, ошнажон, бу томонга ўтгин, би-ир чақчақлашайлик.
-Ярим кечада чақчақлашадиган довдирга ўхшайманми мен?-Тешабой оқсосоқол шундай деб ўгирилиб кетмоқчи эди, Турсунали полвон сойдан сакраб ўтиб, уни енгидан ушлади:
-Тўхта, ошна, тўхтасанг-чи! Мунча қуриллайсан? Қани, носдан ол.
-Етим боқмай қўйганман,-Тешабой оқсоқол тўхташга тўхтади-ю ғазабини ошкор қилиш мақсадида юзни бурди.
-Кел энди, носдан олсанг-чи,- деди Турсунали полвон уни юмшатиш мақсадида.
-Носқовоқ уйда қолибди,-деди Тешабой оқсоқол чўнтагини пайпаслаб. Кейин ошнасига ўгирилди:- Сен ўзинг бирон марта бўлсин, пулингга нос олиб чекасанми?
Бу танбеҳни эшитиб, Турсунали полвон кулимсираб қўйди-да, чўнтагидан носқовоқни олди:
-Бўпти, ма ол, меникидан чек. Асли сенинг носингга сира тоқатим йўқ. Сен нос танлашни билмайсан.
-Нос танлашни ўзинг билмайсан. Сеникидан тезакнинг ҳиди келиб туради. Жўра қирғиздан оласан-да, а носни?
-Ошнажон, нос отишни сизга ким ўргатган? Юрар эдингиз «Беломор»ни тутатиб. Билволинг, носнинг хўррози ўша Жўра қирғизда бўлади.
-Эркаклар чекадиган нос Маматқулда бўлади, билиб қўй.
-Бекорларни айтибсан! Маматқулинг тамакини оз қўшади. Маматқулнинг носини кампирлар яхши кўришади.
-Ушла носқовоғингни, сен носнинг фарқига бормайсан.
Бошқа пайт бўлганди-ю Турсунали полвон қайси гапни қандай оҳангда айтишни биларди. Тешабой деганларни гапиртирмай қўйиш қўлидан келарди. Лекин… ҳозир шароит бошқа. Ҳозирги умидбахш учрашувдан кейин бунинг кўнглига қарамаса бўлмайди.
-Аччиқланаверма, ошна,-деди ялингансимон,-хуморбосдига тўрттагина ташлаб ол.
Тешабой оқсоқол ҳам анойилардан эмас. Ошнасининг ғолиблик шоҳсупасини нима учун осонгина бўшатиб берганини билмайди, дейсизми? Ҳамонки шоҳсупа лутфан бўшатилган экан, ноз қилиб ўтирадими? Шарт чиқиб, жойлашиб ола қолди. Ошнасининг қул даражасида бўлмаса ҳам, тобе ҳолга тушиши унга мароқли онларни ҳадя этди. Уни яна бироз лақиллатиш мақсадида чўнтагидан носқовоғини олди:
-Ўзимникидан чекаман,-деб пўкакни очди.
-Вой нокас, ёнингда экан-ку? Ол, майли, менам сеникидан чека қолай, сеники табаррук.
-Текиндан кафан учраса, ўлиб берасан сен. Ма, ол, нафсинг қурсин!
-Носқовоғингни доимо ёнингда олиб юришингни билмайманми? Омма шу одатингга беш кетаман. Агар мендан олдинроқ кетадиган бўлсанг, кафанингнинг этагига носқовоғингни боғлатиб қўяман. У ёқда бировлардан нос сўраб сарғайи-иб юрасанми?
-Мендан олдин ўзинг кетворсанг-чи? Лаҳаддаги гуваланинг ўрнига бир шапман шишасини тўлдириб нос қўйдириб қўяман. У ёқда сендақа сур етимни боқадиган аҳмоқ йўқдир.
-Сен росмана маза нимадалигини билмайсан, ошна. Ҳақиқий кашанда ўзиникини чекса сира кайф қилмайди. Сен бошимга нос шиша қўймагин-у орқамдан тезгина етиб боргин. Болларингга васият қилиб қўй, нос бериб юборишни унутишмасин. Яхшиси сен гўрковингга тайинлаб қўй. Болларинг «вой отамлаб» барибир унутишади.
-Э, овозинг ўчсин! Мунча совуқ нафас қиласан?
-Совуқ нафас эмас, бу ошнажон. Менга нос олиб борасан, деб яхши ният қиляпман. Мен ҳали бери ўладиган одаммасман. Отам «бир юз ўнга киргин», деб дуо қилганлар. Нос олиб бориш баҳонасида сенам бир юз ўнга кирасан.
-Хўп доно отанг бор эдилар-а? «Ёшинг бир юз ўнга кирсин-у иккита хотин олгин», деб дуо қилганларини қара-я!
-Шу ерда адашдинг, ошна. Отам: «учта хотин олгин, учинчиси ҳақиқийси бўлсин», деб дуо қилганлар. Ота дуоси вожиб, энди бажармасам бўлмайдиган.
-А? Яна уйланмоқчимисан?
-Ҳа, нима, мени бракка* чиқариб қўйдингми? Сен мени ўзингга ўхшатма.
-Менга нима қипти?
-Ашуралиникидаги худойида кузатиб турувдим, уч марта ташқарига чиқиб келдинг-а? Мен бир марта турдимми? Мен сендан кўра бақувватроқман ҳали.
-Менинг буйрагим шамоллаган. Дўхтирнинг дорисини ичяпман.
-Мен шу ёшга кириб бир марта аксирмаганман, дори ҳам ичмаганман.
-Хўкиз ҳам аксирадими ҳеч замонда?
-Ке, қўй, аччиқланмагин. Хўкиз дейсанми, айғир дейсанми, деявер. Барибир сени яхши кўраман. Кечалари уйғониб кетиб, кўчага чиқаман. «Ошнам тинчмикин?» деб уйингга қараб қўяман. Тинчлигингни билиб, Худога шукр қиламан.
-Менинг уйимгами… ё?-Тешабой оқсоқол шундай деб унга айёрона боқди.
-Теппамда Худо турибди, сеникига қарайман. Мен ҳар куни Худога арз қилиб, ошнамнинг умрини узоқ қилгин-у аввал менинг жонимни олгин, деб сўрайман.
-Менга бунча меҳрибон бўлиб қолдинг?
-Э, ошна, вақтлироқ ўлишнинг ҳам фойдаси бор. Аввал кетсам маросимларимга ўзинг бош-қош бўласан. Бу боллар қоидасини жойига келтириб, эвлаб кўмишни ҳам билишмайди. Юмалоқ-ёстиқ қилиб, ташлаб келаверишади. Э… кел, ошна, бошқа гаплардан гаплашайлик.
-Ўзинг бошладинг-ку, бу бемаза гапни.
-Энди… ўзим бемаза бўлганимдан кейин гапим нима бўларди?
-Ҳа, нечук?- Тешабой оқсоқол шундай деб ошнасининг пешонасини ушлади.- Алаҳсираяпсанми?
-«Дўстинг учун захар ют», деганлар. Баъзан ошнага ёқадиган гапларни ҳам гапириб туриш керак-да. Гапнинг хўррози шу-ки, сенинг гапларинг ҳам ширин, носинг ҳам ширин. Нима учун сенинг носингни яхши кўраман, биласанми?
-Текин бўлгани учун-да.
-Йўқ, ошна. Текиннинг ҳаммаси ҳам мазали бўлавермайди. Сенинг носингдан синглингнинг ҳиди келиб туради.
-Нима?
-Носқовоққа носни Ҳамро солиб берса керак, дейман-да. Қўлининг ҳиди ўтади-да.
-Нега Ҳамро соларкан?
-Э, гап уқмас, ҳадеб «Нега? Нега?» деяверасанми? Нимага шама қилаётганимни тушунмаяпсанми?
-Тушуниб турибман. Фақат «бу аҳмоққа қачон ақл битаркин?» деб ўйляпман халос.
-Майли. Гапириб ол. Аҳмоқ дейсанми, жинни дейсанми, деявер. Сен эрта-индин қайноғам бўладиган одамсан. Куёв бўлатуриб, хотинни уруғларига ёмон гапирсам ярашмайди.
-Ол-а! Ҳали мен розилик бердим-у сен менга куёв бўла қолдингми?
-Рози бўлмайсанми?
-Неча ёшга кирганингни биласанми? Уятни биласанми!
-Ошнажон, умр савдоси уятни ҳам, ёшни ҳам билмайди. Сен бола, у-бу деб Худонинг ишига қарши чиқмагин.
-Бунга Худонинг нима даҳли бор?
-Худо сенинг ёшликдаги гуноҳингни кечиб, хатоингни тўғирламоқчи. Ҳамро иккаламизни қўшилсин, деб бева қилиб қўйган, шунга ақлинг етмаяптими?
-Қўй бу гапларингни, Худонинг сендан бошқа ташвиши йўқми?
-Энди гап шу, ошна: рози бўлсанг бўлдинг, кўнмасанг ўзингдан кўр.
-Ҳа, отиб ташлайсанми?
– Йўқ. Менинг ниятим бошқа. Билиб қўй, энди-чи, ёшликда қилмаган ишимни қиламан.
-Нима қилмоқчисан?
-Ҳамрони олиб қочиб кетаман. «Синглиси қариганида шербилаклик полвон билан қочиб кетибди», деган иснодни кўтариб юравераман», десанг, майли, «розимасман», деб қайсарлик қилавер. Сенинг розилигинг-чи, ошна, энди менга капейка*! Кўр хассасини бир марта йўқотади. Энди яна йўқотадиган аҳмоқ йўқ. Сенга уч кун срок*. Уч кун ичида никоҳ ўқитсак ўқитдик, бўлмаса, додингни амма-холангга айтаверасан. Саксон йил ошначилик қилдик, ўйлаб кўргин, яна ўттиз йил қариндошчилик қилсак ёмонми?
-Мен ўйлаб кўраман.
-Кўп ўйлама. Бусиз ҳам сочинг тўкилиб кетяпти. Мен «калнинг куёви» деган гапдан номус қилман.
Ошнасининг сал пастга тушганидан мамнун бўлган Турсунали полвон гапни шу ерда тўхтатишни маъқул кўрди. “Омон бўл!”-деди-да, сойдан сакраб ўтиб, уйи томон юрди. Ошнасининг нияти Тешабой оқсоқол учун янгилик эмасди. Ҳамробону бева қолганидан кейин баъзан ҳазил, баъзан чин тарзда гапириб турарди. Аммо ҳозиргиси ҳазил эмасди. Шу сабабли ҳам у пича ўйланиб қолди.
Тешабой оқсоқол ҳам изига қайтгач, чинор панасида пистирмада ўтирган улфатлар ўринларидан туришди. Шоиралининг ғояси билан ҳазил ўрнида бошланган ҳангоманинг бу даражада чинга айланиб кетишини кутишмагани учун бироз ажабланиб туришди. Гаровда ғолиб чиққан Шоирали шишага чертиб қўйиб: «Қалайсанлар, энди?” деди. Самоворхонадан олиб келинган ичимлигу егуликлар тугагунга қадар улфатчилик давом этди. Эртага оқшом чоғи самоворхонада учрашига келишиб, тарқалишди.
САМОЛЁТ СОТИЛАДИМИ?
Тун сеҳридан масъуд бўлган Турсунали полвон иштаҳа билан нонушта қилаётганида ташқарида дурадгорларнинг тарақа туруғи бошланди. “Нима экан?” деб туришга чоғланган эди, кенжаси “мен билиб келаман”, деб кўча эшиги томон тез-тез юриб кетди. Турсунали полвон пиёласидаги чойини ичиб бўлмай, изига қайтиб, дурадгорлар кўприкни кенгайтиришаётганини, ҳадемай бу ерда мажлис бошланиши лозимлигини билдирди. Бу хабардан Турсунали полвон ғашланди: “Оббо хумпар-е! Дакалатчи кетмаган экан-да?”-деб ўйлаб ўрнидан турди. У кўчага чиқишга улгурмай, Қамбарали шошиб келиб, воқеадан огоҳ этди.
-Огоҳ бўлиб тур, бизнинг қишлоқдан камроқ одам чиқаверсин,-деб топшириқ берди Турсунали полвон.
-Одамларни раиснинг ўзлари айттирибдилар. Ҳозир келиб қолишади, буни точна биламан,-деди Қамбарали.
Лектор улар кутгандай барвақт келмади. Раис унинг тўйиб ухлаб олишини кутавериб, бўғилиб кетганми, ҳар ҳолда энсаси қотиброқ бошлаб келди. Улар пайдо бўлгунча Турсунали полвон мажлисга йиғилганларнинг ярмига киши билмас тарзда ижозат бериб юборди. Раиснинг буйруғига итоат этиб келганлар Турсунали полвоннинг марҳаматидан қувониб тезгина ғойиб бўлдилар. Қўшни қишлоқ томонда нима сабабдан одамлар камаяётганини Тешабой оқсоқол сезса ҳам, ошнаси каби иш кўришга журъат этолмади.
Раис лекторнинг мақтовини келтириб таништиргач, оилада туғилишни режалаштириш мавзуида маъруза бошланди-ю Турсунали полвоннинг совуғи ошиб кетди. Лекторнинг гаплари маънисизлик ботқоғидан сув ичаётганида, чидолмай, икки-уч марта ўтирган ерида тиззасига шапатилаб уриб қўйди. Лектор гапдан тинмас, раис эса мажлисни бузиб қўймасин, деб Турсунали полвондан кўз узмай ўтирарди. Бу нигоҳ Турсунали полвонни гўё кишанлаган бўлса-да, у мажлисни бузиш йўлини топди. Ёнида ўтирган Султоналининг биқинига туртиб, “гапир” ишорасини қилди. Султонали бу ишорасиз ҳам луқма ташлашга пайт пойлаб ўтирган эди. Лектор:
-Дастлабки хулоса шуки, ўртоқлар, коммунизм учун кураш ҳал қилувчи паллага кирганида барчамиз партия белгилаб берган тўғри йўлдан оғишмай боришимиз керак,-дейиши билан Султонали шарт ўрнидан турди:
-Дакалатчи ака, кечирасиз, битта саволим бор?
Раис бир Турсунали полвонга, бир Султоналига қараб, “қитмирлик қилмасаларинг, кўнгилларинг жойига тушмайди-да, а?” дегандай бош чайқаб қўйди:
-Жойингга ўтир, саволлар мажлиснинг охирида бўлади,-деди қўполроқ тарзда.
-Унгача гапим эсимдан чиқиб қолади,-деди Султонали ўжарлик билан.
-Майли, ора-орада савол-жавоб қилсак ҳам бўлаверади. Қишлоқ меҳнаткашларининг онгини ошириш усулларининг барчасидан фойдаланиш керак,-деб марҳамат қилди лектор.
-Дакалатчи ака, бизнинг онгимизни ошириш учун биттагина саволимга жавоб берсангиз бас,-деди Султонали киноя билан,- болалигимизда Хруччев деган пошшойимиз «Ҳозирги авлод коммунизмда яшайди», деб ваъда қилган эди. Мен «коммунизмда яшаяпмиз», деб ҳотиржам юрсам, сиз бугун келиб: «коммунизм учун кураш ҳал қилувчи паллага кирди», деяпсиз. Қайси бири тўғри?
-Биласизми, ўртоқ, биз ҳозир коммунизм остонасидамиз. Образли қилиб айтганда, бир оёғимиз ривожланган социализмда, яна бир оёғимиз эса коммунизмда турибди.
-Бу аҳволда узоқ турамизми?
-Бу нима деганингиз?
-Энди… икки оёқни кериб туравериш осонмас-да. Чатанағимиз йирилиб кетмасмикан дейман-да?
-Сиз гапимни тўғри тушунмабсиз, ўртоқ. Коммунизм узоқда эмас, уфқда кўриниб турибди.
Лекторнинг гапларидан ғаши келиб ўтирган Нурали луқма ташлади:
-Уфқда кўриниб турган бўлса коммунизмга етиб бўлмас экан-да?
-Сиз нима учун буржуача фикр юритяпсиз, ўртоқ?-деди лектор айблов оҳангида.
-Мен гапингизга қараб гап айтдим. Уфқ деганингиз ер билан осмон бирлашган жойми? Сиз ўша томон юраверасиз, уфқ эса сиздан узоқлашаверади. Бунинг чеги-чегараси йўқ. Бу оламда ҳали биров уфққа етган эмас.
-Сизлар образли гапни тушунмас экансизлар. Ўртоқ раис, колхозингизда сиёсий тарбия оқсар экан. Мен бу фактни тегишли жойга маълум қилишга мажбурман.
-Дакалатчи ука, дарров сиёсий хатога бурилиб, бизларни айбламанг-деди Тешабой оқсоқол гапга аралашиб.- Биз ҳам коммунизмни узоқ вақтдан бери кутиб ётибмиз. Сиз биз омиларга айтиб қўйинг-да, коммунизм қуриб бўлинганини қайдан биламиз?
Бу савол Турсунали полвонга хуш ёқиб, ошнасига мамнунлик билан боқиб “Балосан!” дегандай им қоқиб қўйди. Аччиқлана бошлаган лектор эса гапни калта қилиб қўя қолди:
-Радиони эшитиб юрсангиз, айтишади. Ёки газетада эълон қилишади.
-Дакалатчи ака, охирги саволим,-деди Султонали ҳануз тик турганича,- коммунизмда мен самолёт сотиб олишим мумкинми?
-Албатта мумкин. Лекин… сиз самолётни нима қиласиз?
-Шоирали ошнамнинг айтишига қараганда, Тошканда сарёғ, музлаган арзон гўшт бўлиб тураркан. Самолётим бўлса, Тошкандан сарёғ опкелиб тураман-да.
-Коммунизмда ўртоқ, сарёғни шу қишлоққа ҳам олиб келишади. Тошкентга боришингиз шарт эмас.
-Тешабой тоға, ана, коммунизм қуриб бўлинганини сарёғ олиб келишганидан билса ҳам бўларкан,-деди Нурали ўтирган ерида.
-Аввалги ҳафта Тошматдевона қишлоғида сарёғ сотилибди, деб эшитувдим. Демак, девоналиклар коммунизмларини қуриб бўлишибди-да. Унда, Худо хоҳласа, биз томонларга ҳам келиб қолар экан,-деди Тешабой оқсоқол маънодор оҳангда.
-Олдин сарёғни олиб келишсин, коммунизм пича туриб келса ҳам майли. Биз шошадиган одамларданамасмиз,-деди Султонали.
-Ўртоқ, сиз жуда кўп гапирар экансиз. Қани, айтинг-чи, коммунизм қуриш бўйича сизнинг ўз фикрингиз борми?
-Бор бўлганда қандоқ!
-Қани, айтинг-чи, биз ҳам эшитайлик?
-Фикрим борликка борку-я, омма бу фикрга ўзим ҳам қўшилмайман-да.
Турсунали полвон “Бўлди қил, жа-а оширвординг” дегандай енгидан тортиб қўйди. Султонали ўтиргач, савол бериш навбатини ўзига олди:
-Дакалатчи ука, мендаям бир савол бор: коммунизмда гирой хотинларга бериладиган пул ошадими?
-Нима деяпсиз? Коммунизмда герой хотинлар бўлмайди.
-Ие, нега бўлмас экан?-Турсунали полвон шундай деб ўрнидан туриб кетди.
-Коммунизм – онгли инсонлар жамияти. Кўп болалилик эса онгсизлик белгиси. Буни жонажон партиямиз тўғри англаб, сизларга тўғри йўл кўрсатяпти. Сиз эса буни тушунишни истамаяпсиз. Ҳали айтганимдай, бу масала тез ҳал этилиши керак. Туғилиш кескин камаймас экан, коммунизмдан умид қилманг.
-Нима дединг? Онгсиз, деганинг бизлармизми? Ўзингда онг борми?-шундай деб лектор томон бостириб бормоқчи эди, Султонали “қўйинг, Батка!” деб билагидан ушлаб қолди. Турсунали полвон унга итоат этиб юришдан тўхтади-ю, бироқ, гапидан тўхтамади:- Сен партия деяпсан, а? Нақ урушда коммунист бўлганимда сен отангнинг планида ҳам йўқ эдинг Партия – мана менман! Мен туғилиш камайсин, деганим йўқ. Бу гапни сен қайси хомкалладан олдинг?
Бу дўқ-пўписа лекторни гангитиб, нима дейишни ҳам билолмади. “Ўзингиз бир нима деб тинчитасизми, буларингизни?” дегандай раисга нажот тилаб қараган эди, у ҳеч нимани тушунмагандай кўзини олиб қочди. Гузар томон югуриб келаётган Қамбаралини кўриб, сергакланди. Турсунали полвон раиснинг бундай ўтиришига тушунмай, у тикилган томонга қарадию, жимиб қолди. Қамбарали югурганича келиб, Турсунали полвоннинг қулоғига бир нима деб шивирлади.
-Нима? Қачон?-деб бақириб юборди-да, раисга тикилди.
-Точна билиб келдим, Батка, иккаласи ҳам ўлибди,-деди Қамбарали овозини баландлатиб.
-Раис! Раис, дейман! Туш бу ёққа!-Турсунали полвон шундай деб ҳайқириб, юқори томон важоҳат билан юрди.
-Ҳа, тинчликми?-деди раис ҳавотир билан ўрнидан турар экан.
-Агар тинчлик шунақа бўладиган бўлса, падарига лаънат бунақа тинчликнинг. Бу ёққа туш, деяпман!
Унинг бу важоҳат билан бостириб келиши яхшиликдан нишона эмаслигини сезган лектор ўзича уни тинчлантирмоқчи бўлиб, тартибга чақирди:
-Ўртоқ, мажлисга ҳалақит берманг.
-Ҳей!.. Мажлисингга урай сени. Мажлис тамом. Туш, сенам, қани бир жўнаб қол-чи. Э сени онгли қилиб туққанни…
Лекторга яқин орада биров онасини бу ҳолда эслатмаган эди.
-Ҳақорат қилманг. Мен буни райкомга маълум қилиб қўяман.
Турсунали полвон унинг пўписасига парво ҳам қилмай, “сен нари тур”, деб уни четга сурди-да, раисни ёқасидан бўғиб, пастга судради. Атрофдагиларнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамади.
-Сен раисмисан ё сўзининг устидан чиқмайдиган ҳажиқизмисан? Энди ўзинг айт: урайинми ё бира тўла ўлдириб қўя қолайинми?-деди раисни чангалидан бўшатмай.
-Турсунали тоға, тушунтириб айтинг, нима бўлди ахир?-деди раис унинг чангалидан чиқишга ҳаракат ҳам қилмай.
-Дард бўлди! Жаъфарнинг хотини билан ўғли ўлибди!
-Ўлибди? Нима бўлиб ўлибди?
-Билмайсанми? Сен раис эмас, сен жаллодсан, сен қотилсан! Сени мен ўлдирмайман. Аммо милтиғимни ўқлаб, Жаъфарга бераман. Сени ўзи отиб хумордан чиқсин. Омма милисага «мен отдим», деб бўйнимга оламан.
-Менинг гуноҳим нима ахир? Уларни мен ўлдирибманми?
-Самолётдан захарни септирган сенми ё менми? Далага захар септирмайман, деб ваъда қилган ким эди? Жаъфаралининг хотини билан боласи даладан қайтаётганида самолётинг уларнинг устидан заҳарини сепиб ўтибди. Икковиям ўлибди. Тушуняпсанми, шу заҳардан ўлибди! Хотини бешинчи боласига ҳомиладор эди. Иккита эмас, учта одам ўлган! Уччовини ҳам сен ўлдирдинг!
Раиснинг бу одам чангалида туришига бефарқ қарашни партиявий виждонига зид деб билган лектор уларга яқинлашди:
-Ўртоқ, сиз адашяпсиз. Уларнинг ўзлари айбдордирлар. Техника хавфсизлигига риоя қилишмагандир. Дориланган майдонга кириш мумкинмаслигини ҳамма билиши керак. Ўртоқлар, нимага қараб турибсизлар? Раҳбар ходимни ҳақоратлашга йўл қўйманг!
-Қани, онгли бола, сенам бу ёққа кел-чи!-Турсунали полвон шундай деб иккинчи қўли билан лекторни ушлаб олди-да, Қамбаралига қараб, буюрди:- Қамбар, занжирни олиб чиқ!
-Тоға, нима қилмоқчисиз?-деб сўради раис ҳавотирланиб.
-Ҳозир кўрасан.
-Дорини мен ўзимча септирганим йўқ. Бу райкомнинг буйруғи билан бўладиган иш.
-Ўзингнинг калланг йўқми? Райком «халқингни қириб ташла», деса, қириб ташлайверасанми? Инсоф борми сенда? Халққа ёғ бермасанг, гўшт бермасанг. Уйида борини тортиб олсанг, ғинг демаса. Энди жонини ҳам бир-бир суғуриб оласанми?
-Тоға, майли, нима десангиз денг, нима қилсангиз қилинг, майли раисликни олинг. Омма мендан кейин келадигани ҳам бошқача ишлолмайди. Юқори тузалмагунича биз тузалмаймиз.
-Мен бунақанги ғишаваларни кўп эшитганман. Ўтир икковингам. Мана бундай ўтирларинг!- Шундай деб уларни бир-бирларига орқа қилдириб ўтқизди-да, занжирни олиб чиққан Қамбаралига буюрди:- Қамбар, боғла буларни!
-Мени нега боғлайсиз? Менинг бу ишларга нима дахлим бор?-деди жонҳолатда лектор.
-Икковинг энди гаровдасан,-деди Турсунали полвон занжир учидаги халқаларга қулф уриб. Сўнг Нуралини ёнига чақирди:- Нурали, сенинг эсинг бутунроқ. Идорага бориб, райкомга телпон қил. Райком обкомга телпон қилсин. Катталар бир соат ичида етиб келишсин. Бўлмаса, икковиниям отиб ташлайман. Қамбар, сен милтиқни олиб чиқ!
Нурали билан Қамбарали буйруқни бажариш учун кетишгач, лектор яна тилга кирди:
-Сиз ҳали қонун олдида жавоб берасиз!
-Сен қайси қонунни айтяпсан? Одамларни захарлаб ўлдириш мумкин, дейдиган қонунними?
Тўпланганлар нима қиларларини билмай, Тешабой оқсоқолга “ўзингиз аралашинг” дегандай қарашди. Уларнинг барчалари “Турсунали полвон тўғри қиляпти”, деб ҳисобласалар ҳам бу ғалванинг оқибатида ўзларининг ҳам балога учраб қолишларидан чўчирдилар. Тешабой оқсоқол ошнасига яқинлашиб, билагидан ушлади:
-Полвон, сал ошириб юбордингмикин, қўя қол.
-Аралашма,-деди Турсунали полвон уни жеркиб.- Сенга гап тегмайди, қўрқма, буларни бизнинг қишлоқ гаровга олган.
-Жаъфар бизнинг қишлоқдан-ку?
-Бу масалада қишлоқни ажратма. Дард ҳамма учун бир.
Ошнасининг феълини билган Тешабой оқсоқол гапни кўпайтирмай, тўпланганларга юзланди:
-Бўлди, биродарлар, мажлис тамом, тарқалинглар.
-Йўқ, тарқалманглар! Туринглар,-деди Турсунали полвон буйруқ оҳангида.- Манави дакалатчи дакалатини охиригача қилиб олсин. Сизлар эса кушхонадаги қўйларга ўхшаб мўлтиллаб туринглар. Ҳозир хўжайинлар келишади. Шунда ҳам дардларингни айтманглар. «Раҳмат, акажон», деб тураверинглар!
-Ошна, хўжайинлар билан ҳазиллашмай қўя қол.
Тешабой оқсоқолнинг ижозатидан сўнг тарқай бошлаган одамларга қараб, Турсунали полвоннинг фиғони ошди:
-Ҳей, қанақа одамсанлар ўзларинг? Қурбақани босса ҳам «вақ» дейди-ю! Одам бўлсаларинг, одамликларингни билдириб қўйларинг.
-Полвон, мен ёнингда қолайин. Сен нима бўлсанг, мен ҳам шу. Омма булар тарқалишсин. Ҳаммасининг бола-чақаси бор, тирикчилиги бор,-Турсунали полвон бу гапни эшитиб, ҳафсаласи пир бўлди-ю «баттар бўлларинг!» дегандай қўл силкиди. “Ошнам сал бўшашди», деб ўйлаган Тешабой оқсоқол елксига қўлини қўй.- Менга қара, буларни қўйиб юбориб, иккаламиз райкомга бора қолсак-чи?
Турсунали полвон ошнасига «эсинг жойидами?» дегандай қараб олди. Қамбарали олиб чиққан милтиқни елкасига осди-да, “йўқ”, дегандай бош чайқади:
-Борганимиз билан сен билан менинг гапимни сариқ чақага ҳам олишмайди. Қамбар, Султон икковинг Жаъфарникига боринглар. Жаноза шу икки қишлоқнинг ҳисобидан. Ўзи битта гугурт чўпи ҳам ишлатмасин.
Қамбарали кетгач, икови гаровга олинганларни ҳоли қолдиришди-да, мажлис аҳлидан бўшаган ўриндиқлардан бирига бориб ўтиришди. Бир оздан кейин Нурали қайтиб, ҳисоб берди:
-Райкомдагилар одам юборамиз, дейишди. Ҳозир «ҳосил тўплаш долзарб ойи» эмиш, бекорчи йўқмиш райкомда.
Турсунали полвоннинг жаҳли чиқди-ю лекин ўзини тутиб: “Шунақами? Майли, юборадиган одамини кўрайлик.Буларни бир соат олдин отаманми ё бир соат кейинми, менга барибир, кутавераман. Баҳонада булар бир-икки соат кўпроқ яшаб олишади”,-деб қўйди. Бу гапни эшитган лекторнинг ранги ўчиб кетди:
-Нима деяпсиз? Бизни яна қанча ушлаб турмоқчисиз?-деди у алам билан.
-Буни райкомдан сўра!
Лектор яна бир нима деб бақирмоқчи эди, раис “қўйинг, фойдаси йўқ, жим ўтираверинг”, деб уни тўхтатди.
Орадан бир соатча вақт ўтгач, гузарга мотоцикл минган райком вакили кириб келди. Боғланганларни кўрди-ю дўқни бошлади:
-Нима ваҳима? Бу ерда нима бўляпти ўзи? Буларни ким боғлади? Дарров бўшатинглар! Бутун республика долзарб ойда фидокорлик намуналарини кўрсатяпти. Сизлар-чи? Раис ака, бу нима ўйин?
-Вей, жўжахўроз, сен кимсан ўзинг?-деди Турсунали полвон ўрнидан туриб.
-Мен райком инструктори Жўрақуловман.
-Менга қара, қулвачча, сени ким юборди? Мен райком бува билан обком бувани чақиртирганман.
-Сиз ўзингиз кимсиз-ки, райком секретарини чақиртирасиз?
-Мени танимайсанми?
-Танийман. Аммо ҳаддингиздан ошманг. Буларни дарров бўшатинг. Бўлмаса, милиса чақиртираман.
-Шунақами?-кутилмаганда Турсунали полвон уни ёқасидан ушлади.-Қани, сенам буларнинг қаторига қўшил-чи. Тешабой, боғла бу қулваччани. Аямай боғлайвер. Нурали, яна бориб телпон қил. Учта нодон офтобда куйиб ўтирибди, дегин. Бир соатдан кейин биттадан отаман. Ўша гап-гап! Энди ҳисобга тўғри бўлди. Сепган заҳаридан учта одам ўлган эди. Учтага учта жон!
Жўрақулов ҳам занжирбанд этилгач, лектор дод-войини бошлади:
-Чанқаб кетдим, менга сув беринг,-деди у зорланиб.
-Сувни хўжайинлар келганда ичасанлар,-деди Турсунали полвон парвосиз оҳангда.
-Юрагим ёмон бўлиб кетяпти, сув беринг! Талаб қиламан!
-Бир соат чидайсан.
-Бир соатдан кейин нима бўлади?
-Бир соатдан кейин энангникига жўнатаман, ана ўша ёққа борганингда талаб қилаверасан.
-Сув берақол, қаҳринг мунча қаттиқ. Пошистлар ҳам аристонларга* сув берган,-деди Тешабой оқсоқол уларга ачиниб.
-Ҳа, пошист аристонларга сув берган. Омма пошист далага заҳарли дори сепиб, халқни заҳарламаган.
Ошнасини юмшатишга уринишдан наф йўқлигини билган Тешабой оқсоқол кўприкдан ўтиб, уйи сари юрди. Турсунали оқсоқол “Бу ҳам хиёнат қилди-я!” деган ўйда изидан нафрат билан қараб қолди. Тешабой оқсоқолнинг индамай кетишидан раис афсусланди. Шу пайтга қадар оқсоқол ошнасини инсофга келтирар, деган умидда ўтирган эди. Энди умиди пучга чиққанини билиб, ўзи мурожаат этди:
-Полвон тоға, бу меҳмон-ку ахир, меҳмоннинг иззати қайда қолди? Сув беринг. Ростданам бир нарса бўлиб қолмасин.
-Бунинг ичи нимага куяётганини мен биламан. Кеча молдайин бўкиб ичган.
-Қанча ичганим билан ишингиз бўлмасин, менга сув беринг!
-Ҳа…чанқадиларми? Бизни онгсиз деган оғизчалари қуриб қолдими? Ўладиган ҳолга келдиларми? Қўрқма, агар ростданам ўладиган бўлсанг, жонинг чиқишидан олдин бир-икки томчи томизаман. Омма сув бермайман. Сен аввал одамларни иззат қилишни ўрган. Одамга ўхшаб гапиришни ўрган. Илтимос қилишни ўрган. Ана ундан кейин сув сўра. Раис, сен унга тушунтир. Бу ернинг одамларига ширин гапирилса, сув нима экан, жонларини ҳам берворадилар, дегин. Яна айтгин-ки, мабодо агар бугун тирик қоладиган бўлса, бундан буён зинҳор қишлоқларга чиқмасин. Дакаладини шаҳарда ўқиб юраверсин. Бу димоғ билан қайси бир қишлоқда ўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
Гаровга олинганлар тақдирга тан бериб ўтиришдан ўзга чоралари йўқлигига амин бўлиб ўтирганларида гузарда чойнак-пиёла кўтарган Ҳамробону кўринди. Унга кўзи тушган Турсунали полвон ажабланиб, ўрнидан туриб қарши олди:
-Ие… Ҳамро?.. Овора бўлиб нималарни кўтариб юрибсан? Мен яқингинада чой ичганман.
-Менинг қўлимдан бир пиёлагина бўлса ҳам ичинг,-деди Ҳамробону.-Анов аристонларингиз ҳам ичишсин, савоб бўлади.
-Мумкинмас,- деди Турсунали полвон унинг мақсадини англаб.
-Ҳўп, деяқолинг, энди. Савоб бўлади. «Ниятингизга етинг», деб дуо қилишса, ажабмас, мазлумларнинг дуолари қабул бўлиб қолса.
-Дуо дегин… Ҳа, майли, сенинг сазанг ўлмасин,- Турсунали полвон ўзи томон келаётган Тешабой оқсоқолни кўриб, пичинг қилди:- Ҳа, ошнам, томоғинг қуриб сув ичгани кирувдингми уйингга?-Ошнасидан жавоб кутмай Ҳамробонуга норози оҳангда буюрди:- Ҳамро, чойнак- пиёлани акангга бер, у ҳам савобга шерик бўла қолсин. Сен номаҳрамларга яқинлашма.
Тешабой оқсоқол мийиғида кулиб қўйиб, синглисининг қўлидан чойнак-пиёлани олди-да, “аристонлар”га яқинлашди. Ҳамробону Турсунали полвонга “мен кетаверайми?” деган маънода қараб қўйиб, изига қайтди. Тешабой оқсоқол гаровга олинганларнинг яқинига бемалол ўтириб олиб, шошилмай чой қуйиб бериб ўтирди. Турсунали полвон унинг бу қилиғидан ғазабланса ҳам, ўзини босди. Чойнак бўшаган паллада гузарда райком буванинг машинаси кўринди. Райком секретари машинасидан тушди-ю занжирбанд этилганларни кўрмагандай Турсунали полвон томон юрди.
-Ассалому алайкум, полвон тоға! Омонмисиз?-Шундай деб Турсунали полвон билан қучоқлашиб кўришди.- Дамликкинамисиз, тоғажон, эшик-эллар тинчми? Биз томонларга ўтмай қўйдингиз? Омма бизларни тоззаям соғинтиргандан соғинтирдингиз-а! «Ҳорма, болам, манави ишингни чатоқ қиляпсан», дейишингизни қўмсаб қоламиз. Далада иш кўпайиб, биз ҳам ўралашиб қолдик. Ҳали обкомдан, ҳали секадан камиссия келавериб, тентагимизни чиқариб юборди, денг. Тешабой тоға, сиз ҳам соғ-саломатмисиз? Полвон тоға, эшитдим, Жаъфарбойга оғир жудолик бўлибди. Райком унинг оиласига моддий ёрдам ажратишга қарор қилди. Ҳозир ўртоқлар ун, гуруч, ёғ олиб келишди. Жаъфарбойнинг илғор сувчи экани инобатга олиниб, навбатдан ташқари енгил автомашина ажратдик. Ўзлари яшаётган кўчага марҳуманинг номларини берамиз. ўғиллари ўқиган мактабда унинг номида фахрли парта ташкил қиламиз. Энг аълочи ўқувчилар шу фахрли партада ўқиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Турсунали полвон унинг гапга тўн кийдиришига маҳлиё бўлгандек жим тинглади. Аммо кейинги қарорини айтганда сабр косаси тўлиб-тошди:
-Ўйлаб гапиряпсанми? Ўғли ҳали мактабга бормаган эди,-деди жеркиб.
-Унда боғчада фахрли каравот ташкил этамиз,-деб бўш келмади райком секретари.
-Яқин орада шу колхозда боғча қурилганини эшитганмидинг?
-Бу ерда бўлмаса… райсентрдаги боғчада…
-Сен хўп ақлли боласан, омма мен ҳам аҳмоқ эмасман. Фахрли каравот ташкил қилганингнинг Жаъфарга нима фойдаси бор? Хўп, кўчага хотинининг номини бераркансан. Ўғлининг номини каравотга бераркансан, онасининг қорнида ўлиб кетган болага нима дейсан? Далага чиқаётган хотинлар бола ташлаб қўйишяпти. Уларга нима дейсан? Самолётда дори сепишга сен буйруқ берувдингми?
-Менинг бунақанги буйруқ беришга ҳаққим йўқ. Мен райкомда партия ишлари билан, сиёсат билан шуғулланаман.
Бу гап билан бутун айб ўзига ағдарилганини тушунган раис чидай олмасдан эътироз билдирди:
-ўртоқ Маматов, ахир тонманг-да! Бюродаги гапларингиз эсингиздан чиқдими?
– Тонманг? Мен тонадиган одаммасман. Мен бунақанги буйруқ бермаганман.
-Ўртоқ Маматов, инсофингиз борми?
-Ростданам буйруқ бермаганмисан ё мени лақиллатмоқчимисан? Раис сенинг рухсатингсиз бир қадам ҳам босмайди-ку?
-Сизни лақиллатиб жинни бўлибманми? Полвон тоға, бу ерда туриб гаплашиш ўзбекчиликка тўғри келмайди. Уйингизга таклиф қилинг, ахир. Бир пиёла чойингизни ичайлик. Кун бўйи шу ердаман. Жанозани ўтказиб, кейин қайтаман.
-Сенинг менга керагинг йўқ. Обком бувани чақиртир. Халқнинг олдида сўрайдиган гапларим бор.
-Гапингизни менга айтаверинг. Обком бува Масковга кетганлар. Пахта майдонларига дори сепишни тўхтатиш масаласини шахсан ўртоқ Горбачевга қўйиш учун кетганлар.
Райком секретарининг ишонч билан айтган бу баҳонаси Турсунали полвонда етарли ишонч уйғота олмади:
-Рост айтяпсанми?-деб унга қаттиқ тикилди.
-Ёлғон гапирсам… партбилетим билан қасам ичайми?
-Ёлғонга партбилетни аралаштирма. Сенлар икки дунёда Масковга бориб, масала қўёлмайсанлар.
-Биз қўёлмасак, ўзингиз боринг, Тешабой тоғани бирга олволинг.
Кутилмаган бу таклиф Турсунали полвонни ўйлантириб қўйди. Ошнасига қараган эди, у ҳам “маъқул” дегандай бош ирғади.
-Бу гапингда жон бор. Қани, уйга юр-чи. Нурали, милтиқни ушла. Райком билан иш пишгунича буларни қилт эттирмайсан.
-Полвон тоға, буларни энди бўшата қолинг Сиз билан биз келишадиган одамлармиз. Дунёда пишмайдиган иш борми?-деди райком секретари ялиниш оҳангида.
-Йўқ, бу сафар аввал гапларимни эшитасан.
Райком секретари ноилож равишда унга эргашди. Улар кириб кетишгач, юқоридан Шоирали, Турғунали, Собитали тушиб келишди.
-Ў, ажиб манзара!-деди Шоирали занжирбандларни кўриб.- Кечаги кинонинг иккинчи серияси бошланиб кетибди-ку? Турғунали ака, ана, сизнинг рўлингизни энди уч киши ўйнаяпти. Ҳа, Нурали, соқчилик муборак? Нима бўлди ўзи, Батка қани?
-Уйда. Райком бува келган. Гап катта,-деди Нурали.-Омма Баткага қойил қолиш керак.
-Ўртоқ, сиз анча маданиятли йигитга ўхшайсиз. Бизни бу варварлардан* қутқаринг,-деб ялинди лектор Шоиралидан нажот кутиб.
-Шоирали ака, мени танияпсизми? Районда сиз билан беш-олтита учрашувларни мўлжаллаб қўйганмиз,-деди райком вакили.
-Бошқаларини билмайман-у раисни ечиш керак. Раис бува, сизни шахсан ўзим ечаман,-Турғунали шундай деб занжирбандлар сари юрди..
-Яқинлашма!-деб буюрди Нурали.
-Нари тур!-Турғунали унинг пўписасига парво қилмай, занжирни еча бошлади. Қаршилик билдирмоқчи бўлган Нуралини Шоирали билагидан ушлади:
-Қўйсанг-чи, бу иш сенга ярашмабди. Бунақа бемаънилик Баткага ярашади. Милтиғингни қўй. Мен ҳозир уйга кириб чиқаман, Батка озгина пул ваъда қилган. Бир ҳафта маишатга етади.
Турғунали занжирбандларни озод қилгач, раиснинг кийимидаги чангни қоққан бўлди:
-Раис бува, трахтир масаласида энди бориб овора бўлмайинми?
-Борсанг-бормасанг, зарарини иш ҳаққингдан ушлаб қоламиз.
-Яхшиликни билмайдиган бола, бу раис,-деди Турғунали қилган ишидан пушаймон еб.
Шоирали Турсунали полвоннинг уйи томон юрган эди, Нурали унга милтиқни узатди:
-Манови матахини олиб кириб бер. Бўшатганингни ҳам айт, кейин менга осилиб юрмасин.
-Сен кетиб қолма. Маишат қиламиз,-деди Шоирали милтиқни олиб.
-Маишатинг нимаси? Эсинг борми? Қишлоқда жаноза-ку?
Шоирали “Жаноза кечгача бўлмайди-ку?” дейишга оғиз жуфтлади-ю Нуралининг норози қараши туфайли индамай қўя қолди.
Ҳозиргина занжирбандликдан қутилганлар чинор томонда, бошқалар пастроқда уйдаги музокаранинг якунини тоқат билан кутиб ўтиришди. Орадан ярим соатча вақт ўтгач, эшикдан Шоирали чиқиб келди. У чинор томондагиларга бир қараб қўйди-ю, лекин жилмайганича улфатлари томон юрди.
-Ҳа, жа оғзинг қулоғингда?-деб сўради Нурали.
-Ош пишди, оғайни. Райком буванг чолларнинг тилини билади-да. Кирсам, Батканинг шашти баланд. Масковга бориб Горбачевнинг ёқасидан оладиган. Шу бугуноқ йўлга чиқмоқчи. Тешабой тоға Ҳамробуви билан бўладиган аҳду-паймонни ишора қилиб қўювди, райком бува илиб кетди. Совчиликни бўйнига олди. Батка ҳам чатоқ-да, «менинг ишим совчиларсиз ҳам пишиб бўлган», дейди. Униси у деди, буниси бу деди, ҳатто Тешабой тоға «синглимни олсанг, шу ҳафта ичи оласан, бўлмаса йўқ», деб пўписа ҳам қилди. Батка бўш келмади. Хуллас, Тешабой тоға ҳам Масковга борадиган бўлди. Яна учта гирой хотин ҳам бораркан. Турғунали ака, чамадонни тайёрланг, янгам ҳам рўйхатга тиркалди.
-Нега менинг хотиним бораркан?-деб ажабланди Турғунали.
-Батканинг айтишича, янгам «боевой хотин»* эканлар.
-Батка уйланмайдиган бўлдими?-деб сўради Нурали.
-Ким сенга шунақа деди? Масковдан қайтган куни тўй-да! Ана, мен ваъдамнинг устидан чиқдим. Энди мени бир ҳафта паловхонтўрага тўйдириб боқасанлар.
-Агар гапинг рост бўлса, сени бир ҳафта эмас, ўлгунингча боқамиз. Султонали икковимиз сени ўгай ўғил қилиб оламиз.
***
Биз эшитган ҳангома шундай якун топди.
Орадан бир йил ўтиб эса…
Эрта тонгда ҳар иккала қишлоқда карнай-сурнай овозлари янгради. Сўнг болаларнинг қувноқ овозлари эшитилди:
-Суюнчи беринглар!
-Суюнчи, суюнчи!
-Турсунали тоғам ўғил кўрдилар!
-Ўғил! Ўғил!
Шодиёна авжига чиққан паллада ясаниб олган Турсунали полвон кўчага чиқди. Ҳудди шу онда сойнинг нарига бетидаги гузарда Тешабой оқсоқол кўринди.
-Ҳа, ошнам, ўғиллар муборак энди!-деди Тешабой оқсоқол унга қучоқ очиб.
-Жиянлар муборак!-деди Турсунали полвон унга пешвоз чиқиб.
Улар юз йил учрашмай соғинган қадрдонлар каби кўришдилар.
– Қаёққа кетяпсан?-деб сўради Тешабой оқсоқол.
-Роддомга. Битта хўрозни сўйиб, шўрва қилдим. Оббориб берай. Сўнг загсга* ўтиб метркасини олайин.
-Исмлари нима бўлади энди?
-Исмлари ўзи билан-ку? Саксоналида.
– Йўқ, ошна, адашма, Саксонбой бўлиши керак.
– Нега энди?
-Бизнинг уруғда исмга «бой» қўшилади.
– Сенинг уруғинг бой бўлса, ўзингга қўявер. Ўғил бизнинг уруғ: Саксонали бўлади.
Турсунали полвон шундай деди-ю Шерқўзи қишлоғи томондаги «Қаҳрамон оналаримиз” кўргазмасидаги Ҳамробонунинг суратига кўзи тушиб, Тешабой оқсоқолга норози қиёфада қаради:
-Ие, ошна, бу нима қилганинг?
-Ҳа, бу ҳам ёқмадими? Ҳамро қайси қишлоқнинг қизи?
-Олиб ташла. Ҳамро Шербилакнинг гирой хотини. Биз сенлардан яна ўтиб кетдик.
-Бекор айтибсан. Битта ўғил сеники, тўққизтаси бизники.
-Менга қара, ошна, жанжал қилма, келишайлик. Майли, Ҳамронинг сурати иккала томонда ҳам турсин. Боланинг отини ҳам ўртада қўяйлик: «Саксон»и сендан, «али»си биздан.
-Менга қара, ошна, одамлар кулишяпти. Энди талашмаёқ қўяйлик. Иккала қишлоқни бирлаштирайлик.
-Яхши,ўйлабсан, «Шербилак» деган каттагина қишлоқ бўлсин.
-Нега энди «Шербилак» бўларкан?
-Қишлоқнинг номи биздан, сен эса унга раис бўла қол.
-Раисликка сен тузуксан. Яхшиси, қишлоқнинг номини ўртадан чиқарайлик.
-Бу гапинг ҳам маъқул. «Шер»ни сенлардан оламиз, «билак» эса биздан.
-Ҳа, қойил… -шундай дейишга деди-ю ошнасининг ҳийласига чув тушганини англаб, кулди:- ие, унда яна «Шербилак» бўлади-ку? Кел, «Шерқўзи билак» деб қўяйлик.
-Шу ҳам от бўлди-ку! Жуда ҳам нодонсан-да! Қўзида ҳеч билак кўрганмисан? Агар қайноғам бўлмаганингда бошқа гап айтворардим.
-Қани, айт, айтавер, ичингда қолмасин!
-Ке, қўй, тилимни қичитма. Мени йўлдан қўйма. Сен билан ош пишириб бўлмайди. Қишлоғим сеникига қўшилмайди,-Турсунали полвон шундай деб ўз йўлига кетмоқчи эди, ошнаси йўлини тўсди:
-Тўхта, келишамиз.
-Келишмайман. Қирқ йил келишиб келганим етар. Синглинг энди меники. Мен нима десам, шу бўлади!
-Шунақами? Унда билиб қўй: Ҳамро – Шерқўзининг гирой хотини!
-Бекор айтибсан! Ҳамронинг Саксонбой деган ўғли бор. Бу ўғилнинг отаси эса менман! Ҳали сен қараб тур, Ҳамро икки марта гирой бўлади!
-Агар менинг гапимга кўнмасанг, синглимни сендан чиқариб оламан.
-Тушингни сувга айт. Мендай йигит турган жойда Ҳамро сендақа аканинг ўнтасидан кечворади!-Турсунали полвон шундай деди-ю ғолиб одамнинг юриши билан қадам босди. Тешабой оқсоқолнинг “Нега кечаркан?” деб ошнасига эргашишдан ўзга чораси қолмади.
Эртасига эрталаб эса яна карнай-сурнай, ноғора овози янгради. Кейин жарчининг овози эшитилди:
-Одамлару одамлар, эшитмадим деманглар! «Қўзибилак» қишлоғининг раиси Турсунали тоға ўғиллари Саксонбойнинг туғилиши ва қишлоқнинг бирлашуви баҳонасида элга ош беряптилар. Ошга марҳама-ат!!!
***
Хоҳ ишонинг хоҳ ишонманг, ҳангома шу билан якун топди. Эҳтимол ҳангоманинг айрим саҳифалари сизларга лофдай кўрингандир. Илтимос, ҳукм чиқаришга шошилманг. Ёшингиз саксондан ошганда вақт топиб, бу ҳангомани яна қайта ўқинг. Ана ўшанда фикрингиз ўзгариши аниқ.
Қўшимча сифатида шуни баён этаман-ки, ҳангоманинг дастлабки сатрларини Саксонбойнинг туғилиши муносабати билан берилган ошни еб келиб ёза бошлаган эдим. Ҳажв соҳасида ношудроқ бўлганим сабабли охирига етказиш бироз чўзилди. Худога шукрким, мана бугун, Қўзибилак қишлоғида Тўқсонбойнинг туғилиши муносабати билан тортилган ошдан қайтиб, якунловчи сатрларни ёзяпман.
Дарвоқе, айтишларича, Саксонбой туғилганида Ҳамробону келинлари ва қизларидан бироз уялган эканлар. Энди унақа эмас эмиш. Яна айтишларича, Турсунали полвон қайноғасини яна битта хотин олишга кўндиролмай ҳалак эмиш. Бу гапнинг аниқлигига кафолат бера олмайман. Яна ўзингиз биласиз…
“Шербилак” ва “Шерқўзи” қишлоғи аҳлининг сўзлашув тилида
учрайдиган айрим “чистий” ўзбекча сўзлар учун
изоҳли “спец” луғат
* “чистий” ўзбекча – соф ўзбек тилида сўзлашган боболаримизга анча қийин бўлгандир? * “спец” – руслар негадир “специальный” дейдилар. Агар тилингиз келишса “махсус” деганингиз маъқул; * “Маладес” – русчасига “молодец”ни “баракалла” деб ишлатадиганлар ҳам бор. * “Гирой” – “герой”ни “қаҳрамон” деб қўлловчиларга қойил қоламиз; * “Разведка қилиб келайинми?” – “Суриштириб, аниқлаб келайинми?” дейилса эҳтимол кўпчилик тушунмас? * “Закун” – “закон” сўзи “қонун” маъносини англатишини билиб олармиз? * “Печать” – муҳр; * “Свежий” – янги; * “Столичний” мальчик” – бу атама дунёдаги ҳеч бир изоҳли луғатда йўқ, қидириб овора бўлманг. Маъноси: “Столичная” (яъни “Пойтахт”) деб аталмиш ароқнинг номи; * “Лична” – “лично”, яъни шахсан; * “Указ” – фармон (ҳукумат фармонлари бу тушунчага кирмайди); * “Экстренний” – шошилинч, тезкор; * “Секретний” – маҳфий; * “Ученый” – олим(бу ерликлар “олим”ни тан олишмайди, “учений” дейилмаса тушунишмайди) ; * “простой солдат” – оддий аскар; * “Капрал” – ҳарбийдаги энг қуйи унвон аслида “ефрейтор” деб юритилади; * “Исписат” – ҳисобдан ўчириш; * “Мобилизация” – сафарбарлик; * “Роддом” – қайлардадир аёллар “туғруқхона”да эмас, “роддом”да туғадилар; * “Экспертиз” – “экспертиза”, яъни махсус текширув; * “апирист” – “аферист”, яъни фирибгар; * “Дакалатчи” – “доклатчик”, яъни маърузачи; * “Приписка” – қўшиб ёзиш; * “Аварий” – “Авария”, яъни ҳалокат; “Трахтир” – трактор дастлаб бу қишлоқққа келганда “ўт-омоч” деб ҳам юритилган. Эндигилар осонгина “трахтир” деб қўя қолишади; * “Актив” – фаол; “Савсем” – умуман; “Местний насионалний мотам” – “миллий маҳаллий мотам”; * “Халадийна” – “холодильник”, ҳозир “совутгич” деймиз; * “Проблема” – муаммо; * “Низкий пасткаш” – ўтакетган пасткаш; * “План” – режа; * “Раз айтдими” – “айтган гапи – гап! * “Гапимга атвечат” – айтилган гапга жавоб бериш; “Местний шоир” – ёзган шеъри маҳалла ташқарисига чиқса шарманда бўлувчи шоир;* “Давно” – аллақачон; * “Атчет” – “отчет”, яъни ҳисобот; * “Сразу” – бирданига; “Что сиз, Батка?” – нима деяпсиз, отахон? * “Квота” – миқдор, яъни мажлисга келиши лозим бўлганлар сони; * “Цека кепэсэс политбуйроси” – ЦК КПСС, яъни Совет иттифоқи Компартияси Марказий Қўмитаси сиёсий бюроси; * “Ким за?” – ким қўллаб овоз беради? * “Данний” – маълумот; * “Келаметр” – километр; * “Учетда” – ҳисобда; * “Учетчик” – “счетчик”, яъни ҳисоблагич; * “Ускорена” – “ускорение” – жадаллаштириш, тезлаштириш; * “Личний масала” – шаҳсий масала; * “Всесоюзний” – бутуниттифоқ; * “Атменит” – “отменить”, яъни бекор қилиш. * “Отставит” – бекор; * “Тилгром” – “телеграмма”нинг жарангдор шакли; * “Очерек” – мақола тури, мухбирлар тилида “очерк” дейилади; * “Настроенияси не то” – кайфияти йўқ, рўпара келинмагани маъқул; * “Пажалиска” – руслар “марҳамат” деган сўзни қийналиб “пожалуйста” дейдилар; * “Прямой” – тўғридан тўғри; “Белий горячка” – “Белая горячка”, яъни майхўрлик оқибатида юзага келувчи васвос хасталиги; * “Белий ноч” – “Белая ноч” – шимолдаги ойдин тунлар; * “Револусия” – “революция”, яъни инқилоб; * “Женсовет” – аёллар кенгаши; * “Брак” – сифатсиз; * “Капейка” – бир тийин; * “Срок” – муддат; * “Аристон”- “арестованний” яъни, маҳбус; * “Варвар” – ёввойи; * “Боевой хотин” – жангари хотин; * “ЗАГС” – фуқаролик ҳолатини қайд этувчи идора; * “Метрка” – туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома.
Изоҳ: Луғатга кирмаган яна ўнлаб сўзлар борким, буларни ўзларидан сўраб-билиб оларсиз…