Тоҳир Малик. Кимга мазза? (ҳажвия)

ЙЎҚҚУЛОБОД  ҲАНГОМАЛАРИ
“Йўққулобод” деганлари қайда экан, деб бош қотирманг. Бундай кичкинагина мамлакатнинг қаерда жойлашганини ўзимиз ҳам яхши билмаймиз. Эҳтимол, бизнинг қитъамиздадир, балки ўзга сайёрададир? Шу кейингиси тўғрироқ бўлса керак. Чунки ўн саккиз минг олам орасида бизникига ўхшаган яна битта сайёра бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳамонки ўша сайёра бизникига ўхшайдими, демак, унинг ҳангомалари ҳам бизга яқин бўлади-да! Ҳали биз у сайёрани кашф этганимиз йўқ. Лекин улар бизни аллақачон кашф қилиб, кузатаётганларига ишонмайсизми? Қачонлардир улар самовий кемаларида учиб келишар. Унгача эса ҳангомаларини ҳаво тўлқинлари орқали юборишибди. Биздан нима кетди, эшитсак эшитибмиз-да! Огоҳлантириб қўяйлик: агар ҳангомаларнинг бирида қўшнингизга ўхшаган одамни учратиб қолсангиз, ажабланманг. У сизнинг  эмас, ўн саккиз минг олам доирасида жойлашган Йўққулобод сайёрасида яшовчи Ғойибқулнинг қўшниси.
Кимга мазза?

(Икки қултумгина лоф шарбатига муҳтож ҳангома)
Биродар, мен сизга бир телбанамо савол берайину аммо сиз ажаблана кўрманг. Донишманддан «телбанамо саволдан дурусти надур?»- деб сўралганида у «телбанамо саволдан дурусти – тентакнамо жавоб эрур»,- деган экан. Саволим бундай: тасаввур қилингким, камина бир ҳомийнинг сармояси ила чиқадурғон газнитнинг мухбиридурман. Газнитнинг номини асти сўраманг. Аммо-локигин Йўққулободимизда чиқадурғон «Бургачи»ми, «Битлиқи»ми, «Тескари кўнгил»ми деганлариға ўхшата кўрмангким, аларга ўхшашдин Худойим асрағай! Бизнинг газнит улар каби минг-минглаб нусҳада чоп этилмагайким, зотан, «бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлғай»,-демишлар донолар. Бизнинг газнит бир билан бир ярим мингнинг орасинда тебраниб турса-да, ўладирғон эмасдур ва ўлим нишонасидин ҳийла узоқдур. Маош ва «гонорар» аталмиш тириклик сувининг қуришидан ташвишимиз ҳам йўқдур.
Хўш, энди асосий телбанамо саволимизға келсак: айтинг-чи, бу соҳада каминага маззами ё чет эллик, айтайлик америкалик мухбирга маззамикин? Баъзилар борким, ҳориждаги ҳаётни ҳавас қилурлар. Бе, ҳавасгинангга қурт тушгур, ўша ҳам ҳаёт эканми! Мана, ўша америкалик мухбирнинг мақоласи газнитда чиқди, дейлук. У нима қилади? Қалам ҳақини олиб, ошналари билан улфатчилик қиладими? Бе, қаёқда! У энди эртасини ўйлай-ўйлай адо бўлади. Юрса ҳам ўйлайди, турса ҳам ўйлайди. Ҳатто, бировга айтманг-у ўйнашининг қучоғида ётган чоғида ҳам «эртага нима ёзсам экан?» деб тўлғонур. Ўйламасун-чи, ҳаммани қойил қиладурғон мавзу топиб, мақола ёзмасун-чи, каттаси чақиради-да: «Тошингни тер, бола», деб суробини тўғирлаб қўядур. Камина-чи? Менинг ҳаётим бўлак, жаннатнинг ўзгинаси. (Атрофимда ҳурилиқолар йўқ халос. Кўчадаги ҳурилиқоларга эса «тириклик суви»нинг чўғи пастроқ келадиким, бу жиддий масъала эмасдур ва дафъатан чалғимайлук, ошналар.)
Айтайлик, газнитда менинг мақолам чиқди. Бу ёғи кечгача таралла бедод, ялла! Чойхонага борурман, паловхонтўра билан тиллашурман (тўғри англанким, бир лаган эмас, бир коса). Бекорчи қулоқ топилса, сайраб ҳам беражакман. Эртани ўйлаб ташвиш чекмоқлик каминага ёт эрур. Сабабким, кечга яқин бошлиғим чақиришини билурман. Бошлиғимни Худо берган, бунақаси етти иқлимда йўқдур. Имлода ўн иккита ҳарф бор, десангиз ҳам кўнадирғон мўмин инсон. Дерларким, тўртинчи синфдалигида боши тошга урилиб, (эҳтимол, тош бошга урилгандир) ўқишни ҳам қойиллатган эканлар тақсирим. Аммо каминани бу мутлақ қизиқтирмаским, ул зотнинг ҳомийимизға қариндошлиги ҳам ўнинчи даражотдағи бир масъаладур.
Хуллас, боши тош билан ошно бўлғон ўшал бошлиғим чақирур-да: «Газнитимиз ҳомийси Фалончихўжа акамизнинг сигирлари иккита туғибди, шунинг кифтини келтириб ёз, оковси»,- дер. Айтиш хўжайиндан – ёзиш каминадан. Хонамга чиққаним ҳамон Фалончихўжанинг уйига телпон қилурман. Сигирнинг рангини сўрайдурман. Бошқа гапга на ҳожат? Сигирнинг тўрт оёғи, битта думи борилигини ўзим ҳам билурман. Эрталабгача газнитнинг бир бетини безайдурғон қулинг ўргулсун мақола тайёр бўлур. Фақат топшириққа жиндай таҳрир киритишга журъат этурман: мақолада ҳомийнинг ола сигири бошлиғим айтганидай иккита эмас, учта туғди. Ҳа, энди бадиий тўқима ҳам керак-да. Одамлар ҳомий жанобларининг бекор ўтирмаганини билиб қўйишсун-да. Аммо, бир гап айтайким, биров зинҳор билмасун, рости – ҳомий жанобларининг сигири умуман йўқ. Аммо бу каминани мутлақ қизиқтирмайдурғон масъаладур. Хомийнинг сигири бўлмагани билан менга юкланган топшириқ бор эрур ва мен уни қойиллатғаним ҳам ростдур. Гап сигирнинг йўқлигида ҳам эмасдур, билъакс, йўқ нарсаларға ўқиғувчини ишонтирмоқдадур. Мақола газнитда чиқди. Чойхонага бордим. Паловхонтўра бу сафар ҳам каминадан ранжимадилар. Кечка томон яна хўжайин чақирдилар: «Мақоланг яна бир ҳомийимиз Пистончихўжага ёқибдур. Энди унинг товуғини ёзасан». Буюриш хўжайиндан – ёзиш каминадан. Бунақа товуқларни ёзавериб, пишиб кетганманким, ҳатто қаламим ҳам баъзан қақағлаб қоладиғандай. Қандайин товуқ бу, деюрмисиз? Ҳа, ҳа, ўзимизга таниш ўша хўрознинг хотини-да!
Америкалик мухбир эртанинг ташвишини қилиб ётганида камина уйга беташвиш равишда келурман, беташвиш ҳолда овқатланурман. Беташвиш ётиб, беташвиш тураман-да, беташвиш ишга жўнайман. Нечун ташвиш чекай, биродар? Қўлимда Пистончихўжанинг товуғи ҳақидаги мақола. Товуқ «простой» эмас, кунда иккитадан тухум туғади: эрталаб кумуш тухум, кечқурун олтин тухум. Йўл-йўлакай бир газнит сотиб оламан. Ўқишгамас, бе, ўзим газнитчи бўла туриб газнит ўқийманми. Бу газнитда яхши кроссвордлар бўлади. Мана кеча «тўп тепишни билмайдурғон, аммо чиранишда оламни лол қолдирғувчи футбол командалари қайси мамлакатда мавжуд?»- деган саволга жавоб топа олмадим. (Топишга топдим, ҳарфлар катакчага тўғри тушди-ку, аммо жавоб бировға айтадурғон эмас. Сиз ҳам билурмисиз? Билсангизда… жим. Ҳа, баракалла!)
Хуллас, мақолани хўжайинга бердим. Газнит чиқай деганда урди Худо!  Ҳомий Пистончихўжа жаноблари фикрларини ўзгартирибдилар: у кишига товуқ ёқмай қолғон эркан, энди хўроз ҳақида ёзмоқ шарт эркан. Бизнинг ишда шунақа оғирчиликлар ҳам бўлиб туради, биродар. Лекин биз тушкунликка тушадурғон анойилардан эмасмиз. Мақолани бир зумда оёғини осмондан келтирдим-у тузатдим. «Товуқ» деган жойларни «хўроз» деб ўзгартиш билан иш пишди. Битта жойи сал хато кетибдиким, эртасига газнит чиққанда билдук. Камина таърифу тавсиф этғон хўроз жаноблари кунида иккита тухум туғарканлар: эрталаб кумушу кечқурун олтун! Хўжайин «бу қанақаси?» деб дарғазаб бўлғон эрдилар, «акахон, бу хўроз қўшма корхона эрур, қўшма корхонадан эса ҳар бало кутмоқлик жоиздур», деб «суваб» ташладим.
Бор гап шу биродар. Ана энди айтинг-чи, кимга мазза, каминагами ё америкалик бечорагина мухбиргами? Дарвоқе,  сизга энди бир ақлли гап айтурманким, сиз зинҳор базинҳор ранжимағайсиз: мабодо узоқ чет элда қариндош мухбирлар йўқми? Бор бўлса, уни  чақиринг, у ёқларда эзилиб юрмасун. Газнит чиғаришга ҳиммат қўлини чўзғувчиларимиз кўп. Бизда, америкаликлар айтгандай, ҳамма нарса о, кей! Энди узр, мени хўжайин чақиряптилар, янги топшириқ олажакман. Бирорта ҳомийнинг мушуги мов бўлган  бўлса керагов…