Тоҳир Малик. Икснинг хатарли кашфиёти (ҳажвия)

(Мулла Муталлибнинг ғойиб бўлишига доир муқаддимали, аммо хотимаси узилган хаёлий ҳангома)

Муқаддима

Қишлоқда ҳеч кимга сўз бермай юрадиган мулла Муталлиб бир кечада ғойиб бўлиб қолди. Аслида муллаликка ҳеч бир дахлсиз Муталлиб саводи йўқдан кўра бор бўлишига қарамай, тўртта одам йиғилиб қолган ерда ҳеч кимга гап бермасди. “Ўзимиз оддий деҳқон бўлсак ҳам дунёвий илмлардан бохабармиз”, дея суҳбат мавзуини истаган сўқмоғига буриб юбораверарди. Муталлибнинг эзмалигидан бағоят безор бўлган оқсоқоллардан бири унга “чала мулла” деб лақаб қўйган, бироқ йигирма иккинчи аср маданияти нуқтаи назаридан бу қўполликка йўйилгани учун лақабни сал андавалаб, уни “мулла Муталлиб” деб атардилар.
Мулла Муталлиб чекига тушган ерга фақат қовун экарди. Аммо кейинги ўн йил бадалида унинг бировга қовун сўйиб берганини ёки бозорга олиб чиққанини тирик зот кўрган эмас. Хотинининг айтишича (сизга ёлғон, бизга чин), хатто уларнинг ҳам оғизлари қовунга тегмасмиш. Ҳар йили қовун етилгач, мулла Муталлиб уни бир кунда узарди. Полизнинг ўртасига уйиб қўярди. Қишлоқдагилар эрталаб қарашсаки, полизда сапча ҳам қолмаган. Ҳа, мулла Муталлиб худди қовунлари каби бир кечада изсиз йўқолди. Агар бу воқеа ўн учинчи асрда юз берганда эди, “Аллоҳнинг инояти” ёхуд “Ҳақ таолонинг кароматлари чексиз” деб ёқа ушлаб қўя қолган бўлардик. Афсуски, воқеа йигирма иккинчи асрда содир бўлмоқдаким, ҳар бир мўъжизанинг сабаби илмий жиҳатдан исботланиши зарур. Зеро, мулла Муталлибнинг ғойиб бўлиши бежиз эмасдир ва у мазкур жумлага нуқта қўйилганидан сўнг бошланувчи бобда ҳикоя қилинур.
Биринчи ва сўнгги боб

Яхшининг ёмони, оқнинг қораси бўлгани каби, ҳар нарсанинг акси борлигига ҳеч ким гумон қилмаслиги аниқ. Дунёнинг қурилишини қарангки, Аллоҳ ўз мўъжизаси ила яратган ўн саккиз минг олам орасида Ернинг, яъни сизу биз яшаб турган сайёранинг ҳам акси бор экан. Унга фазогирларимиз бу воқеадан йигирма тўрт йил аввал, аниқроғи, икки минг бир юз саксон саккизинчи йилда, яна ҳам аниқроғи, мулла Муталлибнинг эшаги харом ўлган йили илк бора қадам қўйган эдилар. Шундан бери икки сайёра ахлининг алоқалари аъло даражада мустаҳкамланиб бораётган эди. Энг муҳими, масофа ҳам унча узоқ эмас. Сайёранинг ўзига яраша гўзал исми ҳам бор. Аммо ерликлар акс сайёрадаги дўстлари олдида бир озгина хижолатда бўлганликлари сабабли, унинг номини яшириб, ўзимизча “Зет” деб атаб турайлик. Ҳа, Зет Ернинг акси бўлса ҳам, у билан алоқамиз яхши эди. “Акс” деганда нимани тушунамиз? Биз кислород билан нафас оламизми? Зетликларда бунинг акси, улар ис гази билан тирик. Биз чучук сув ичамиз, улар эса денгизнинг шўр сувини ҳеч нимага алмашишмайди. Ерликлар саноқни “бир”дан бошлайдилар. Зетликлар учун эса энг юқори сон – “бир”. Ёки Ерда акселерация жараёни ниҳоясига етяпти, оддий тилда айтганда, одамларнинг бўйлари ўсяпти. Зетда эса аксилакселерация жараёни бошланаётир, яъни зетликларнинг бўйлари тобора пастлаяпти. Жараён шу тахлит давом этаверса, яқин минг йил ичида энг новча зетликнинг бўйи тўрт қаричдан нарига ўтмай қолади. Зетлик олимларни ташвишга солган бу муаммо кўп баҳсларга сабаб бўлди. Одатда, башарий аҳамиятга эга бўлган муаммо туғилганда барча олимлар диққатларини шу масалага қаратиб, ўз мутахассисликларидан (кўпинча, ўз феъл-атворларидан, дунёқарашларидан) келиб чиққан ҳолда турли таклифларини ўртага ташлайдилар. Таклиф кўпайган сайин муаммо чигаллашиб бораверади. Аммо Зет акс сайёра эмасми, у ерда муаммо чигаллашмай, ечилиб боради. Таклифлар тезлик билан рад этилади ёки қабул қилинади. Бир гуруҳ олимлар зетликларнинг мўътадил бўйини сақлаб қолиш учун ерликлар билан чатишишни таклиф қилди. Бундай қабиҳ ўй хаёлига келгани учун улар жиноий жавобгарликка тортилдилар. Чунки зетликлар ўз насл-насабларини ниҳоят даражада қадрлайдилар, бирон бир ташқи таъсир натижасида юзага келувчи ирсий ўзгаришлардан ўзларини эҳтиёт қиладилар. “Бўйимиз бир қарич бўлиб қолса ҳам, қонимиз  бузилмасин. Зетлик – зетлигича қолиши керак!” Олимларнинг барча таклифлари шу асосда кўриб чиқилди. Ниҳоят, калаванинг учи топилди: бўй пасайишининг олди олинибгина қолмай, уни ўстриш йўли ҳам кашф этилди. Кашфиётчи олим эса “Зет Қаҳрамони” деб эълон қилинди. Бу олимнинг ҳам чиройли исми бор эди. Бироқ, уни тилга олишга барча ҳазар қилиб қолгани учун биз ҳам уни “Икс” деб турамиз.
Демак, масала ойдинлашди: зетликлар пакана бўлиш хавфидан қутулдилар. Лекин бир нарса қоронғи: нима учун кашфиётчининг юзига қора суртилди?
Энди масаланинг бу томонини ҳам изоҳлаш лозим. Бунинг учун Зет Тубан (яъни Олий) судининг айрим ҳужжатларидан фойдаланишга тўғри келади. (Зет акс айёра бўлгани учун уларда суд жараёни ҳам бошқачароқ. Яъни аввал ҳукм чиқарилади, сўнг жараён бошланади. Қораловчи ва адлия ходимининг вазифаси ҳам бўлакча. Сиз, азизлар, чалғиб кетманг, деган мақсадда жараённи маромига тўғрилаб тушунтиришга ҳаракат қилдик.)

Терговчи тўплаган маълумотдан:

“Икснинг кашфиёти дастлаб ижобий натижалар бера бошлади. Унинг тажрибахонасидан чиққан кишиларда бўйнинг ўсиши сезиларли даражада тезлашган. Икснинг муваффақияти аввалига ҳеч кимда шубҳа туғдирмади. Кейинчалик ирсият масалалари билан шуғулланувчи олимлар Икс олиб бораётган ишларнинг зетликлар насл-насабини бузишга олиб келаётганидан бизни огоҳ этдилар. Орадан кўп ўтмай, тарқалаётган Зет учун номаълум юқумли касалликларда Икс кашфиётининг ўрни борлигини ҳам маълум қилдилар. Шундан сўнг Икс сир тутиб келаётган кашфиётнинг моҳиятини ошкор этиш ҳаракати бошланди. Маълум бўлишича, Икс мижозларига кунда уч маҳал қовун шарбати ичираётган экан. Қовун шарбати Ердан яширинча олиб келинган…”

Оддий молекуляр биолог (Ерда “академик” деб иззат қилинади) берган гувоҳлигидан:


“Олий ҳакам: Сиз ҳамкасбингиз Икс жанобларининг кашфиётини зарарли, деб ҳисоблайсизми?
Жавоб: Зарарли эмас, мудҳиш ва хатарли деб ҳисоблайман.
Олий ҳакам: Сиз фалокат сабабини фақат қовун шарбатида деб биласизми ёки бошқа тахминларингиз ҳам борми?
Жавоб: Яна бир карра такрор ва қатъий равишда айтаманки, Ерда етиштирилган қовун шарбати хунук оқибатларга олиб келиши мумкин.
Олий ҳакам: Даъвоингизни илмий эмас, оддий халқ тушунадиган қилиб изоҳлаб берсангиз.
Жавоб: Марҳамат: текширишда аниқланишича, қовун таркиби ерликлар “селитра” деб атовчи ғайритабиий моддадан иборат. Селитра катта одам саломатлигига дарҳол қаттиқ таъсир қилмаса ҳам, унинг зурриётини бузишга олиб келади. Ерда етиштирилган қовун шарбатини ичган аёллардан соғлом бола туғилмайди. Шарбат билан баданга сингган, ҳалиги айтганим, селитра деган захарли модда аста-секин қон таркибини ўзгартиради. Демак, бора-бора марказий асаб мажмуини ишдан чиқаради. Лекин зетликларга мен айтган сўнгги хасталик хавф солмаслиги ҳам мумкин. Нега деганимизда, мия фаолиятида салбий ўзгаришлар бошлангунга қадар ошқозон-ичак хасталигидан ўнглана олмай жон беришлари турган гап. Икс бўй ўстираман, деб жиноятга йўл қўйган. Балки у буни билмагандир. Чунки ерликларнинг илмий ишларида бу нарсага катта аҳамият берилмайди. Селитра билан озиқланган ерликларнинг шу дамгача қирилиб битмаганига ҳайронман.
Олий ҳакам: Ерликлар селитранинг зарарини биладиларми? Билган тақдирда нима учун ундан фойдаланадилар?
Жавоб: Буниси мен учун қоронғи.
Олий ҳакам: Сиз илгари қовун таркибида селитра мавжудлигини билармидингиз?
Жавоб: Бу ҳақда бизда маълумот йўқ эди…”
Мулла Муталлибнинг (у ўзини шундай таништирган бўлса керак) берган гувоҳлигидан:

Олий ҳакам: Аввало сизни тўсатдан ва мажбуран бу ерга олиб келганимиз учун узр сўраймиз. Бошқа иложимиз йўқ эди.
Мулла Муталлиб: Ҳеч қиси йўқ. Сайр ҳам сайр, саргардон ҳам сайр, дейдилар. Баҳонада томоша қилиб кетаман. Фақат… қайтишдан олдин бозор айланишга ижозат берсангизлар бас.
Олий ҳакам: Сизнинг олиб келинишингиздан Ер элчиси огоҳлантирилган.
Мулла Муталлиб: Шунисига беш кетдим.
Олий ҳакам: Айтингчи, сиз жаноб Икс билан кўпдан бери танишмисиз?
Мулла Муталлиб: Ўн йил бўлди чамаси.
Олий ҳакам: Қандай танишгансиз?
Мулла Муталлиб: Биласизми, юртимизга бошқа сайёралардан кўпгина меҳмонлар келиб туришади. Шуларнинг иззатини қилиб, қовун сайли ўтказилади. Таниш-билишларга раҳмат, ишқилиб, озгина харажати бўлса ҳам, битта сайлда қатнашига ижозат олиб беришди. Ўша йили жаноб Икс келган эканлар, қовуним ёқиб қолди.
Олий ҳакам: Нима учун? Селитраси кўп эдими?
Мулла Муталлиб: У пайтлар унчалик кўп эмасди.
Олий ҳакам: Бошқаларникига нисбатанми?
Мулла Муталлиб: Чамамда бошқаларникида мутлақо йўқ эди.  Мен яширинча ишлатардим, сабаби, тирикчиликда, жўжабирдай жонмиз. Жаноб Икс илтимос қилганларидан кейин кўпроқ қўша бошладим. Ҳар холда ҳурматлари борда.
Олий ҳакам: Селтира қўшмай ҳам қовун етиштириш мумкинми?
Мулла Муталлиб: Неча минг йил шундай бўлиб келган, дейишади.
Олий ҳакам: Селитра ўзингизга таъсир этмайдими?
Мулла Муталлиб: Биз селитра солинганини оғизга олмасдик… Ҳар холда тирик жон… билиб бўлмайди-да…”

Суд қароридан:

“…4. Икснинг кашфиёти зарарли деб топилсин ва бекор қилинсин. Зетликлар наслини, қонини тоза сақлаб қолиш мақсадида қовун шарбатини истеъмол қилиб ақлан заифлаша бошлаганлар ва уларнинг фарзандлари даволаниш учун махсус шифохонага юборилсин. Юртимиз аҳли саломатлигига қасд қилгани учун ўзини олим деб юрган Икс Зетнинг табиий йўлдошига бадарға қилинсин. Икс илмий тадқиқотлардан мутлақо четлатилсин…
…9. Ердан олинаётган маҳсулотлар рўйхати қайта кўриб чиқилсин. Қовун олиб келиш мутлақо тақиқлансин.
…13. Ерлик Мулла Муталлиб жиноятга шерик деб топилсин. Унинг энг олий жазога лойиқлиги, яъни бозор айланиш ҳуқуқидан маҳрумлиги таъкид  этилсин…”
Хулоса

Ердаги воқеаларга оид ҳикоя бўлганида, албатта, хулоса –  қиссадан ҳисса талаб этиларди. Айтганимиздек, Зет – акс сайёра, унинг қонун-қоидаси бўйича бир қулоч хулоса ёзишга ҳожат йўқ. Шу боис гапни мухтасар қиламиз. Баёнда хираликлар учраса, маъзур тутасиз.
Мазкур воқеани ўз қулоғим билан эшитганимни тасдиқлайман, деб имзо чекаман:

Тоҳир Малик