Темирпўлат Тиллаев. Паймона (ҳикоя)

Бир ҳафтадирки, чол ажал билан олишади, муттасил дам қисмадан жони азобда. Касал хуруж қилган пайтлар унинг қоқсуяк, чуваккина юзи талоқдек кўкариб, даҳшатли тарзда бўғриқиб кетади. Оғзини катта-катта очиб, ютоққанча энтикар экан, чолнинг бўйин, пешона, чекка томирлари ўқлоғдек бўртиб чиқади. Хуруж пасайгач, даҳшатли азобда тўлғонган қоқсуяк вужуд тўшакка беҳол чўзилади. Энди унинг рамақижон ранг-рўйидан бирор ифодани англаш мушкул. Чолнинг шифтга термулиб қолган сўниқ кўзлари сополдек қотган, боқишлари лоқайд ва маъносиз.
Бу дарди бедаволиги етмагандек, кунма-кун чолнинг силласини қуритиб, адои тамом қилаётган очлик, яра устига чипқон бўлди.
Кейинги икки кун ичида чол ўқтин-ўқтин ҳушини йўқотиб, алаҳлай бошлади. Дамқисмаси кучайиб, юзлари момоталоқ бўлиб кетган чол, аччиқ-аччиқ ўнграниб, ғужанак бўлиб қолар, бирор фурсат ўтиб, енгиллашгани заҳоти алаҳлай бошларди. У гоҳ баланд чийилдоқ овозда, гоҳ ёнидаги одам ҳам этишмайдиган даражада шивирлаб, кимнидир сўкар, дарғазаб бўлар ва яна зум ўтмай кимдандир кечирим сўрай бошлар, тўсатдан ўтинчини ғиппа бўғиб, тағин кимнидир койишга тушди. Унинг нималар деяётганига дафъатан тушуниш анча мушкул эди. Фақат Усмонқул отасининг нималар деб алаҳсиётганини ўзича сезарди. Отаси умрида жуда кўп ҳарбу зарб кўрган одам; энг аввал воҳадаги чўнқайма босмачига қарши от сурган, кейин бу ёғи қулоқлар билан қирпичоқ бўлган. Эҳтимол, шу жангу жадалларда бирор-бир бегуноҳнинг қонига зомин бўлган бўлса, ажаб эмас. Тўғрими, нотўғрими отасининг дарғазаб сўзларидан қон ҳиди уфуриб турган телба-тескари алаҳсирашини эшитган Усмонқулнинг “душман кўнглига” дафъатан шу ўй келди.
Бугун, айни субҳисодиқ палла уйдан, икки дунё ўртасида ётган отасидан бирров хабар олиб кетгани келган Усмонқул, отаси ётган уй эшигини очиб ичкари кирганда, чол тўшакда тўлғанганича энтикиб-энтикиб, ютоққанича нафас олар, аммо кўз косаларининг кенгайиб кетганидан, ҳар энтикканида оғзини катта-катта очиб ютоққанидан маълум эдики, ҳавога тўймасди. У эшик очилиб, ичкарига кимнингдир кирганига ҳам эътибор бермади. Чол чўпдек озғин қўлларига суяниб, кўкрагини баланд кўтарди ва куч билан инграганича ютоқиб ҳаво симирди. Шу баробар кўкрак ғижими бироз ёзилгандек бўлди ва оғир сўлиш олиб бошини ёстиққа ташлади.
Чол ўкинч ва маломатга тўлар бир нигоҳ билан кўз остидан эшик оғзида пайдо бўлган Усмонқулга боқди. Усмонқул сесканиб кетди. Лекин зум ўтмай чол ўғлидан кўзини узди; унинг қорачиқлари чаппа айланиб, кўз косаси оппоқ бўлиб оқариб қолди. Кўзлари шифтга битиб, даҳшатли тарзда бақрайиб қолган отаси томон Усмонқул жонҳолатда оқсоқланганча талпинди.
– Ҳа, ота! Ота, сизга нима бўлди?!
Чол сассиз, садосиз жим ётарди. Ҳатто нафас олаётганини билиш маҳол эди. Мурдадек тош қотган отасининг устига энгашган Усмонқулнинг юрагининг тубида нимадир чирт узилгандек бўлди. Наҳотки, отасидан ажралган бўлса? Усмонқул отасининг кўксига қўл юбориб, юрак уришини англашга улгурмади, туйқусдан чол оғир уф тортиб юборди ва қониб-қониб ҳаво симирди. Усмонқул яна бир сесканиб тушди. Чолнинг терс айланиб кетган қорачиқлари жойига қайтди ва тепасида энгашиб турган Усмонқулга маъносиз боқди. Чол маъносиз ва сокин кўзлари билан тепасида тик қотган ўғлига узоқ термулиб қолди.
Усмонқул отасининг бу интиҳосиз термулиши, ҳаёт шами лаҳза сайин сўниб бораётган инсоннинг ёруғ жаҳон билан, яқин одамлари билан сўнгги видолашуви эканлигини билди ва жойидан қўзғолмай отасининг кўзларига тик боқиб тураверди, зора дунё билан видолашув олдидан, майли унинг дийдорига бир бора тўйсин.
Чол Усмонқулдан кўзини олмай қурушқоқ лабларини ялаб тамшанди ва бирдан алаҳлай бошлади. У Усмонқулдан кўзини олмай паст, лекин ғазабнок овозда сўзлай кетди:
– У, ёвуз Жабборбек, чўнқайманинг ялоқхўри Даврон қасами! Бунинг ҳаммасини ўзинг ичингдан тўқигансан. Қизил командирни Равшан қўшкаллага сотган ҳам, ота-бола маълимни улоқ қилиб чопиб, устига чолдевор йиқитган ҳам, Хожини сотқинликда айблаб Оқмирза ўғрига оттирган ҳам, Қора фирқани қопга солиб қутурган Қашқага ажал жардан ирғитган ҳам сен ўзинг! Ҳа, сенинг ўзинг, ўзинг! Мени ёнингга тортма, барибир бефойда! Менинг имоним бутунлигини, сенинг бу ифлос ишларингга ҳамтовоқ эмаслигимни элим, элатим билади! Эл билмаган нарса йўқ. Лекин сен элни ҳам пичоғинг этидан ўтиб, суягига етгунча доғда қолдирдинг-а, Даврон қасами!? Отилишидан қўрқиб ўкирма-э баччағар!
Ўлганингдан кейинги элнинг қарғишидан қўрқ! Ўлишдан қўрқиб мунча ўкирасан? Жон ширин-а? Сен қонига зомин бўлганларнинг ҳам жони ширин эди. Лекин улар ўлими олдидан сенга ўхшаб зор қақшамаган бўлсалар керак. Улар ўлими олдидан сен палиднинг андишасиз юзига тупуришга куч тоганлар, мен бунга ишонаман. Улар элнинг шундай жўмард одамлари эди-я?! Лекин сен уларни қирчиллама ёшида қийдинг. Лекин эл билди! Бўлди! Эл билди!!
Усмонқул ҳамон жойидан жилмай, алаҳлаганича гоҳ дарғазаб бўлаётган, гоҳ ўкинаётган отасига термулиб турарди. Чол бемаъно сокин кўзларини ўғлидан олмасдан гапираётган бўлса-да, лекин Усмонқулни кўрмасди, у ҳамон ҳаётида аллақачонлар бўлиб ўтган воқеаларни, воқеалар не замонларни бир-бирига қориштириб, гоҳ секин шивирлаб, гоҳ тўсатдан шиддат билан бақириб алаҳсирарди. Лекин Усмонқул отасининг узуқ-юлуқ сўзларидан шуни сездими, гап Каримқул ҳосилот ва унинг отаси Даврон қасами устида борарди. Даврон қасамининг узоқ ўтмишда босмачиларнинг хуфёна жосуси бўлганини ва охир-оқибат Элсарой қишлоғида ўша йиллари содир бўлган кўпгина жиноятларда, жумладан, қизил командир Мамаюсуповнинг ўлдиришида, шаҳрисабзлик ота-бола муаллимларнинг улоқ қилиб чопилишида, элсаройлик коммунист Қора фирқанинг дарёга ирғитилишида қўли борлиги сезилиб қолгач, эл ҳукми билан отиб ташланганини эшитган эди. Лекин худди шу Даврон қасами отасининг яқин ошнаси бўлганини, айби очилиб қолгач, ошнасини жиноятларга ҳамшерик қилмоқчи бўлганини билмас эди.
Чол ҳамон алаҳсирарди; энди у Каримқулни лаънатларди: Уҳ, Каримқул аблаҳ, илоннинг боласи, чаёнбачча! Карвонимнинг мункиганини билдинг-а? Ҳали Усмонқулим сафардан қайтсин, сени ҳам улоқ қилдиришим бор. Ув, сен Даврон қасамининг тезаги!
Сенинг отанг ўша, Даврон-да, Даврон-а?!
Ўҳ, Даврон! Ўшанда мен сенга ишондим-а? Ўз тилинг билан айтдинг: “Элоға, менга қўшил, менинг отам оққан ариқ бўлиб, бой бўлиб ўтган бўлса, сенинг отанг ҳам қўнғирови Ҳисорга етган туя етаклаб ўтган. Сен менга қўшил, бу ялангоёқлардан чиққан элбоши болшовойларни исини чиқармай даф қилайлик!” ўз тилидан отилган сен ёвузни ўшанда мен сотмадим. Қайишдим. Бу шаштидан тушар дедим. Ўшанда шу гапларингни Мамаюсуповга ё Қора фирқага айтганимда-ку сени Одамбормаснинг хаворига чиқариб отарди-я! Қара-я, сен учун имонимни ютдим-а, Даврон? Имонимни бер! Бер имонимни?! – чол ожиз қичқириб, эзгин бир сўлиш олди; бўғин-бўғин бўлиб терс-терс ёрилган қурушқоқ лабларини ялаб, тамшанди. Лекин шу заҳоти жон ҳолатда яна боягидек паст ва қаҳрли овозда алаҳлай бошлади.
– Ҳа, қара-я, Даврон қасамининг ҳаром пешобидаги Каримқул элбоши, элбошилар ўтиб-ўтиб элбошилик сенга тегди-да?!…
Сотқин отанг Даврон қасамини мен ўлдирмадим, лекин норасида Сарвини сен ўлдирдинг! Ҳа, сен ўлдирдинг! Ўлдирдинг-а?! Бечора боламнинг бўз кўйлаклари Айронтепанинг тошлоқ, заранг ерига судралабериб парча-паррон бўлиб кетган экан-а!
– Шундай деб чол ҳўнграганича силкиниб-силкиниб йиғлай бошлади. Унинг хотинчалиш бу йиғиси ниҳоятда аянчли эди. Лекин чолнинг кўзларига ёш инмади.
Отасидан бу сўзларни эшитган Усмонқул эса турган жойида тош қотиб қолди.
Чол аянчли йиғидан тўхтади-ю, яна тўхтаб-тўхтаб гапира бошлади: ўшанда мен касал бувасига яримжон энасига тактак машоғини териб келмоқчи эди у норасида.
Сен бўлсанг, аблаҳ, палид, имонсиз, раҳмсиз сен бўлсанг, уни тутиб олгансан! Сарви қизим, Сарви раҳматлик ўзиям неча кундан бери туз тотмай юрганидан, оёқлари чалишиб сендан қочолмаган шўрлик қизим! Сен бўлсанг, ҳароми, сен бўлсанг уни ушлаган-у, мендан бир вақтлар эл сўраган мендан, энди сен Усмонқули урушга кетиб ва ўзи қартайиб қаноти қайрилган мендан, бу кўргуликлар етмаганидек, Худо тос пешонасидан уриб, олти ойдан бери бир қанжиқ, бир дард деб боши ёстиқдаги мендан, бир замонлар кўпнинг йўлига бақон ташлаб, ўзининг қонхўрлигидан қонга беланган отанг Даврон қасамининг қасосини олгансан-а, бераҳм ёвуз?!
Эй, Худо, эй, Худо, бир бегуноҳ гўдакни ҳўкиз аравага танғиётган золимнинг қўлларини нега шол қилмадинг?! Айт, нега?!
Эй, Худо ҳўкиз арава ортида вужуди парча-паррон бўлган боламни, Айронтепа ўнгирида юрган бесар ҳўкизлар шохлаб ташлабди, айюҳанноснинг нафи йўқ, чидамоқдан ўзга чора йўқ деб, менга таскин-тасалли бериб, авраган, ҳосилотнинг берса тўйдирадиган, урса ўлдирадиган Каримбек ҳосилотнинг, Даврон қасамининг ҳаром туки Каримқулнинг ёнини олиб, уникини жуфт қилганларнинг тилларини нега танглайига ёпиштирмадинг?! Айт, нега?!
– Чол жазаваси тутиб, даҳшатли туш кўраётгандек алжирар ва шу баробар сўзларни ямлаб талаффуз қилар, шунданми энди унинг сўзларига тушуниш тобора қийинлашиб борарди.
Ҳолбуки, энди Усмонқулнинг ҳам қулоғига ҳеч нарса кирмасди. У отасининг ўт ичида алаҳсираб алжирашидан, шу дамга қадар, ўзига номаълум бўлиб келган бир сирдан воқиф бўлди-ю, худди шу лаҳзада бутун вужудини куйдириб, танига бир оғриқ кирганини сезди ва инграб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлади.
Ўша куни чошгоҳга бориб чол узилди…
Кейинчалик, Усмонқул ўша кунни ўйлар экан, бир ёқдан Бозор кал далабегининг гапларига ишониб, Каримқул ҳосилот билан ора очди қилмаганини, билиб-билмай биров билан ёвлашганини тўғри деб топар, иккинчи ёқдан ўт-олов ичида алаҳсиб, отасининг Сарви деб ўксиниб йиғлаганини эслар экан, юрагининг бир бурчагида Каримқул ҳосилотга нисбатан қул остида қолган чўғдек ожиз милтиллаган иштибоҳ уйғонар ва унинг кучсиз, лекин жисмини сим-сим титратадиган оғриғига дош беролмай қийналарди.
Ўша куни Усмонқул отасининг оғзидан бу гапни эшитгач, бошидан қайноқ сув қўйгандек сезди ўзини. У инграб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлаганича ҳамон ғулдираб алаҳсираётган отасини ҳоли қолдириб, ташқарига чиқди.
Ўчоқ бошида чойгуш остига таппи қалаётган хотинининг кўзи Усмонқулга тушди-ю, юраги шув этиб кетди; наҳотки Сарвининг бобоси ўлган бўлса?
– Ҳа, Сарви, тинчликми? – Қизи ўлган бўлишларига қарамасдан ҳамон у эрини қизининг номи билан чақирарди.
Усмонқул хотинига етмай тўхтади ва гўё оғриқ азобига чидай олмаётган одамдай юзларини тириштириб, кучаниб сўради:
– Меҳри, ростини айт? Шу гап ростми? Сарвининг ўлигини ўз кўзинг билан кўрганмидинг?
Эрининг изтиробига тўла бу сўровидан хотини ҳамма гапга тушунди. У Усмонқулнинг иссиққонлигини, агар шу гап рост деса унинг бир балони бошлашини, лекин урушдан яримжон бўлиб қайтган Усмонқулдек ётарга тўшаги, ёпинарга кўрпаси йўқ одамнинг, оёғи узангида турган, ўзини ҳарна Элсаройнинг улуғи деб юрган Каримқул билан беллашолмаслигини, мабодо, Худо кўрсатмасин, беллашгудек бўлса, чала чопилишини биларди. Шунинг учун эрининг қон ва қасос тўла кўзларидан кўзини олиб, бошини ҳам қилди ва оғир уф тортиб:
– Йўқ. Сарвининг бобоси бекорга шубҳа қиляпти. Қизим бечорани ҳўкиз шохлагани рост бўлса керак. Ҳа, рост!.. деди паст овозда ва негадир ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди…
Ҳовлига Бозоркал далабеги кириб келганида, Усмонқул хотинининг ёнига бориб чўнқайган ва ўзини босолмай йиғлаётган хотинини юпатмоққа тутинган эди.
Уларнинг бу ҳолидан бехабар Бозоркал кичкина жуссасига ярашмаган тезликда пилдираб одатича бақириб-бақириб кириб келарди.
– Ов, Усмонқул мирохўр, бу урушга бориб дейман, тоза хотинжони бўлиб қайтибсанми-а?!
Кавалериядаги рус жийрони деб ўйлама бу ўзбекнинг аёли? Тап этдинг миниб кетабергани!
Бозоркал эр-хотин бошига етиб келиб, иккаласининг ҳам кўзида ёш кўргач, ўринсиз хушчақчақлиги тумандек тарқаб кетди. У ўзининг бемаврид ҳазилидан хижолат тортгандек бўлди, кафтдек кичкина ва текис пешонасини тириштириб, ўйлаб қолди. Қўлидаги қизил даста қамчи билан телпагини ечмай, энсаси аралаш бошини қашиди.
Усмонқул ўрнидан туриб, Бозоркалга ўгирилди. Бозоркал Усмонқулнинг ўзига юз бурганини кўриб дадилланди.
– Ҳа, Усмонқул бу нима йиғи? – деди у ҳамон бошидаги рўмолини юзига тўсиб, пиқ-пиқ йиғлаётган хотинга имо қилиб. Усмонқул Бозоркалнинг саволига жавоб бермади. Лекин ўзи Бозоркал томон бир қадам ташлаб тўхтади ва ички бир ўтинч билан сўради:
– Бозор ака, тўғрисини айтинг, фақат тўғрисини. Сиз биласиз, ҳаммасидан хабарингиз бор, менинг қизим Сарвини ҳўкиз шохлагани ростми ё… ё… бошқа…
Бозор кал Усмонқулнинг муддаосини сезди ва ўзининг бошидан ҳам ҳуши учди; кутилмаганда юраги тагга тортиб, Усмонқулнинг қизининг ўлими учун гуноҳкор санар, лекин Каримқулнинг зуғуми сабаб, ўшанда ҳам, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам, умуман абадий тил тишлаб юришга мажбур эди. Ахир улуғ ўлаaт Элсаройда Бозор калга ўхшаган парти кетиб, шарти қолган чолнома кал, кал тугул урушдан оғир енгил ярадор бўлиб қайтган соғ ёшлар йўқми? Бор! Лекин улар элбоши Каримқул ҳосилотга содиқ маҳрам, кўз илғамас Одамбормас даштларидаги ғалла далаларига далабеги бўлолмайдилар. Шу сабаб, Бозоркал Усмонқулнинг муддоасини сезди-ю, Усмонқулнинг гапини бўлди:
– Нималар деяпсан, Усмонқул иним, раҳматлик қизингни ана у оқдум одамхун ҳўкизнинг чангалидан ўзим ажратиб олганман. Ишонмасанг, бошимда Худо бор. Ўшандаям отанг тушмагур Каримқулга зуғум қилиб, “Набирамни сен ўлдирдинг”, деб туриб олди.
Ўзинг биласан Усмонқул туҳмат худонинг аршидан улуғ. Гумон-имон!
У ёғини айтсанг, шу Каримқулга отангнинг нима хусумати бор, билмайман?
Элсарой элининг бахтига шу Каримқул ўлмасин. Ўзи оч қолса ҳам, элни тўқлашни ўйлайди, бечора.
Сизларга унинг ёмонлик соғинганини мен ҳеч эшитганим йўқ. Биласан, сени Айронтепадаги буғдойзорга ҳам ўзи айтиб қўйдирди. Буям сенга қайишганидан.
Одамлар бир ҳовуч дон-дон деб ўйлаётганидан хабаринг бор. Отангнинг алаҳсиб айтган гапларига ишониб, Каримқул билан ёвлашишинг ақлнинг иши эмас. Алаҳсираш бу тушдай гап. Тушга, биласан, нималар кирмайди.
Мана ҳозир ҳам сеникига шу Каримқулнинг тайинлови билан бирров хабар олгани кирувдим. “Оқсоқол Усмонқулнинг отасидан бохабар бўлиб туринг, кексайган, касалманд одам. Янаям нон чуччик пайтлар. Усмонқул ҳам урушдан яримжон бўлиб қайтган одам. Каловланиб қолмасин тағин”, деганди кеча дала бошида менга Каримқул.
Каримқул ака шундай элпарвар одам, Усмонқулбой. Сен шайтонга ҳай бер, у ҳақда бўлмағур хаёлларни бошингдан чиқариб ташла! – Бозоркал сўзлашдан тўхтаб, аввал изтироб ичида сукутда қотган Усмонқулга бошдан-оёқ бир қур назар солди ва кутилмаганда бақириб, таҳдид билан гапира бошлади.
– Ҳой, Усмонқул худодан тўғри тила, ҳали ёшсан. Сенинг бола-бақранг ҳам, дови давлатинг ҳам тоғу тошларда турибти. Ҳа, иним Усмонқулбой шуни бил сен. Ҳаммасидан ҳам мана бу келинни ўкситма! – Бозоркал кўпдан юрагига тугиб юрган бу гапларни тўкиб солгач, бояги қўрқувни унутиб, бироз енгиллашгандек бўлди…
Усмонқул Бозоркалнинг ўгитига қулоқ тутди. Ўша куни чошгоҳга бориб Усмонқулнинг отаси ўлганини эшитиб, энг биринчилардан бўлиб Каримқул етиб келди. Чолни кўмиш учун лозим бўлган барча катта-кичик ишларга бош-қош бўлиб турди. Буни кўриб, Усмонқул Бозоркалнинг ўгитига қулоқ тутиб, тўғри қилган эканман, отам гумон билан алаҳсираган, гумон-имон, деб ўйлади…
Лекин кейинчалик Усмонқул ўша кунни ўйлар экан, бир ёқдан Бозоркал далабегининг гапларига ишониб, Каримқул ҳосилот билан ора очди қилмаганини, билиб-билмай биров билан ёвлашмаганини тўғри топар, иккинчи ёқдан эса, отасининг ўт-олов ичида алаҳсиб, Сарви деб ўксиниб йиғлаганини эслар экан, юрагининг бир бурчагида Каримқул ҳосилотга нисбатан кул остида қолган чўғдек ожиз милтиллаган иштибоҳ уйғонар ва унинг кучсиз, лекин жисмини сим-сим титратадиган оғриғи дош беролмай қийналарди. Баъзи пайтлар бу оғриқ бутун кун-у тун уни тинч қўймасди. У жиззаки ва ҳафсаласиз бўлиб қолди. Усмонқул қоровулликдан жуда кеч, кўпинча тун ярмидан оққанидан кейин қайтар ва яна тонг юлдузи сўнмай далага отланарди. У ҳатто тушида ҳам қизини, ўзи урушга кетаётганида бижирлаб гапириб тинмайдиган, баъзи кечалари араз уриб, ярим кечада Усмонқулнинг қўйнига кириб, чучмал ва ёқимли сут хидига уни буктириб, ухлаб қоладиган дундиқ қизчасини кўрадиган бўлиб қолди. Негадир қизи унинг тушига саккиз ёшли эмас, тўрт ёшлигида бўлиб кирарди.
Кўпинча у Айронтепа этагини айланиб юрар экан, зил-замбил ўйлардан калавасининг учини йўқотиб қўяр, ҳаммасидан ҳам ёмони, лаънати контузиянинг асоратими, бир пасда боши қизиб, ғувуллай бошлар, бу ҳам етмагандек, шу баробар қоқ миясидан бошланган куйдирги ҳарорат бутун вужудига ёйиларди. Бундай чоғлар Усмонқул сирқирай бошлаган, андуҳ тўла юрагини чангаллаганча бу зил-замбил ўйлардан чалғиш илинжида тагидаги қирчанғи Оқбургунга зуғум қиларди:
– Чуҳ, ув ҳаром қотгур! Мунча имилламасанг, еганингни оқла-да лаънати! Чуҳ, чуҳ, чуҳ! – деб Усмонқул отнинг биқинига секин-секин пошнасини нуқар, қўлидаги қамчисини ҳавода ўйнатиб, урмоққа чоғланар, лекин ҳавони шув этиб кесган қамчи Усмонқулни этагига келиб тегар эди. Шундай бўлса-да, қаттиқ пошналарнинг оҳиста-оҳиста ниқувидан, этик қўнжининг кутилмаганда шатирлаб кетишидан сесканган от, иримига бўлса ҳам лўкиллаб бироз жадаллашган бўлар, лекин бир фурсат ўтмай яна ўзининг бояги бир маромдаги мадорсиз юришига ўтарди. Усмонқул эса отнинг йўртишига алаҳсиб, бир дам юрагини кемираётган ўйлардан фориғ бўлгандек бўлар, лекин от секинлашиши билан яна ўша оғир ва аламли ўйлар бало-қазодай бостириб келарди. Ҳаммасидан ҳам даҳшатлиси шунда эдики, у ўйлаган сари ўзига мудҳиш бир ҳақиқат аён бўлиб бораётганини сезар ва унинг зилдек юкидан ваҳмга тушарди.
“Йўқ, мумкин эмас, отам ўша куни касалнинг зўри билан алаҳсиради, деб ўйларди Усмонқул отнинг жиловини қўйиб юбориб, энди у ўзининг от устида кетаётганини унутарди.
– Ҳа, отамнинг гумон билан алаҳсигани рост. Ахир, бу мумкин эмас! Ахир, Каримқул бу ёвузликни қилмайди. Отасининг қасосини олгани бекор! Ахир, кўнглида кири бор одам, Усмонқул урушдан қайтган кун ҳаммадан аввал келиб ҳол сўрармиди? Янаям унга қайишиб, ҳафта ўтмай уни Айронтепага қоровул этиб, Бозоркалдан манави отни бериб юборармиди? Ахир, кўнглида кири бўлса, отасини жоназасида ҳамма ишга ўзи бош-қош бўлармиди?!
Йўқ, отасининг касалнинг зўридан алаҳсирагани рост!”
Айронтепани айланадиган ўзига маълум йўллардан бир маромда юриб бораётган от, эгасининг кутилмаганда овоз чиқариб минғирлаганидан сергакланиб, қулоқларини дикрайтириб, бироз секинлади. Усмонқул отнинг бу ҳолатига эътибор ҳам қилмай, ўзича минғирлади: ҳа, отамнинг алаҳсирагани рост. Алаҳсираган. Отам… алаҳсираган!
Усмонқул изтироб ўтида қоврилиб, отасининг алаҳсираганига, қизини Каримқул ўлдирмаганига ўзини ўзи ишонтиришга, юрагини эзаётган шубҳалардан қутилишга ҳаракат қилар ва ҳатто бир қадар бунга эришарди ҳам. Лекин шу ишонч ва шу таскин, тассали манзил этган юрагининг туб-тубида бир туйғу яшардики, баъзан бенигоҳ бу туйғу бош кўтариб, Усмонқулнинг ҳозиргина ором топган жисмини чармоқ урган дарахтдек куйдириб, жизғанак қилиб ташларди. Бундай чоғлар ғазаб ва қаҳрдан кўзларига қон тўлган Усмонқулнинг бўғзига бир сўз келиб тиқиларди: қасос, қасос, қасос!!!
Каримбекнинг Усмонқуллар хонадонига бўлган кек ва нафрати ҳам анча эски ва ғазабли эди. Унинг юрагини тош каби босиб ётган нафрат ва алам йиллар ўтиши билан кўпайса кўпайибдики, камаймабди, йиғилса, йиғилибдики, сочилмабди, газаклаб иллатласа, иллатлабдики, соғаймабди. Буни у ўша Усмонқулдан қолган чўлпанани ўлдириб қўйган куни сезди. У ўша кунгача бошига келган барча дард-ситамларни унутдим, ким қилган бўлса, яратганга солдим, деб юрарди. Бу тасаллиси, бу йўриғи ҳато экан. Буни у ўзи эл бошига ҳукм бўлиб келди-ю, тушунди. Мадомики, ўзи ёр бўлиб, оёғинг узангига етибдими, сен хўрлаганларни, топтаганларни унутишингга ҳаққинг йўқ! Томирингда бобомерос қонинг гупириб турар экан, бу беш кунлик дунёда сенга азоб берган, бошингга не бир қора кунларни солганларни унутиб, улар олдида нафас ютиб, жим кетишинг эркакнинг иши эмас. Бу қасосли дунё!
Айни шу кунларда Каримбек мана шу ақида билан яшар, ҳолбуки, унинг бундан ўзга чораси ҳам йўқ эди. У фақат шу ақидагагина суяниб, ўзининг мудҳиш жиноятини ҳақ деб топар, такрор-такрор шунга ўзини ишонтирмоқчи бўлар, лекин ўзининг қайта ва қайта алданаётганини ўзича ҳам бўй бермас, юрагининг қай бурчагида ғимирлаб турган ботиний бир сезги билан туярди.
Фақат ароқнинг ўткир таъсиридангина буларнинг ҳаммасини унутиш мумкин эди. Шунинг учун ҳам унинг белида пичоқ ўрнида уруш эсдалиги кичкина сув бидончасида спирт юрарди. Аслида кайф устида Усмонқулнинг қизчасини ҳам таранг, ҳатто жон аччиғида чариллаб йиғлашига ҳам қарамай аравага тиркаб боғлаганди. Кайфи тарқагач, Каримбек ўзининг мудҳиш жиноятини англаганди. Лекин энди кеч. Фақат битта йўл бор – ҳаммасини унутиш керак, фақат унутиш керак! Кейинчалик Каримбек унутиш билан ҳам иш битмаслигини, азоблардан қутилиш учун бирор бир жўяли йўриқ, ақида кераклигини англади. На чора, ақида ҳам топди.
Ақида ва спирт, спирт ва ақида – Элсарой қишлоғининг ҳосилоти Каримбекнинг фақат ўзигагина маълум зирҳли ниқоби бўлиб қолди.
Каримбек от устида Одамбормас даштни айланиб юрар экан, баъзан ўзини юрагининг тубидаги ўша ботиний бир туйғуга, ҳаммаси ёлғон-ёлғон деб ҳайқираётган ўша ички бир овоз ҳукмига топширарди. Бундай чоғлар у ҳамон ўзининг Усмонқулнинг хотини Меҳринисони унутолмаётганини, уни унутиш мумкин эмаслигини, Усмонқулнинг қизчасини ҳам отасининг қасоси учун эмас, йўқ шу аёлнинг вақтли висолига етмаганлиги учун, дуркун-дуркун қизлар олмадек қўйнига келиб киришни хоҳлаб турган бир пайтда, бева (ҳали у вақт Усмонқул урушда эди) бир аёл бўй бермаганига, ҳатто уни ҳосилот Каримбекни назар-писанд қилмагани учун, унинг ифлос йўриғига юрмагани учун ўлдирганини тан оларди.
Аслида ҳам шундай бўлган эди. Отасидан эрта етим қолган Каримбек тенгқурларидан анча олдин эр етди. Шу каби тирикчилик ташвишларини ҳам у ўз тенгларидан хийла олдин бошлади. Қанча ур-йиқит билан эндигина оёққа турган колхознинг қўйини боқди, тўғрироғи, чўлиқ бўлиб, машҳур Шафоат чўпонга эргашди.
Заранг таёғини елкага ташлаб, Одамбормаснинг оёқ етмас кенг-кенг ҳаворларида бодраб ўтлаб юрган сурув бошида ўтирган Каримбек зерикишдан тарс ёрилай дерди, ўшанда. Лекин кўникишдан, чидашдан ўзга чора йўқ, етти қора кўзнинг тақдири шунга боғлиқ. Бундай чоғлар хаёлларнинг борлигига шукур қиласан, киши.
Ўзидан икки кўклам кичик Меҳринисо шу тариқа илк марта унинг хаёл дунёсига кириб борди. У келиндек ийманиб, қимтиниб, нозланиб, тоғ ортидан чиқиб келаётган қуёшга боқиб, Меҳринисони ўйларди. Баъзан у келиндек уятдан, меҳрдан-муҳаббатдан лов-лов қизариб уфқ бағрига бош қўяётган қуёшга боқиб, Меҳринисони ўйларди. Ёқимли, ҳузурбахш, энтиктирувчи ўйларнинг адоғи йўқ эди ўшанда.
Ҳатто у шундан кейин икки марта Меҳринисони яқиндан кўрди.
Биринчи марта тўй баҳона қишлоққа энганида кутилмаганда у қишлоққа кираверишдаги кўча муюлишида олдидан чиқиб қолди. Каримбек буни ўзича хаёл қилганди. “Қани энди шу топда тақимига тушган ўрим сочлари ерни ўпиб, ясанган-тусанган Меҳринисо чиқиб қолса”, деб ўйларди у қишлоққа яқинлашар экан. Ҳеч бири мантиққа тўғри келмаса-да, бўз бола Каримбек қизни ясанган-тусанган ҳолда тассавур қилган эди ўшанда. Лекин унинг ҳам ўзича бунга асоси бор эди, Меҳринисо кимсан колхоз актини – Қобул шўронинг қизи ахир. Тасодифни қаранг, кўча муюлишида шундай ўйлар оғушида келаётган Каримбекнинг қаршисидан лоп этиб неча кун, неча ойлардан бери ором бермай юрган гўзал қиз чиқиб қолса бўладими.
Қиз ҳам уни – етимча бўз бола Каримбекни таниди. Ораларидаги масофа ҳали анча бўлишига қарамасдан бўз бола нигоҳидаги алланечук эҳтиромли туйғунинг илиқ ва ўткир тафтини сезди: дув қизарди. Юрагининг тасур-тусури ўзига ҳам сезилди: хижолат бўлиб бошини қуйи солди.
Каримбек ҳам ҳаяжонланиб кетди. Ҳатто у қиздан ҳам ёмон аҳволга тушди. Қизнинг уялганидек бошини хам қилганини кўриб, ўзи ҳам беихтиёр ерга боқди.
Қиз унга етмай ўзини кўча биқинидаги бир табақали очиқ эшикка урди. Бу уй Қора фирқаники эди. Каримбек отасининг шу Қора фирқанинг хуни учун отилганини билар ва бу хонадонга нисбатан юрагида кучли нафрат туйиб яшарди. Шу сабаб ҳозиргина қиз кириб кетган, ҳамон бир табақаси очилиб турган эшик олдидан жимгина ўтиб кетишдан бошқа илож тополмади.
Кейинчалик, тўрт тарафи ҳам уфқларга туташиб кетган Одамбормас даштида сурув орқасидан юрар экан, у ўзининг ўшанда қиз олдида бошини хам қилганини кечиролмасди. Эҳтимол, тик қараб бораверганида, қизнинг бурилаётганини кўриб, уни тўхтатар эди. Кейин “Меҳринисо, мен сени яхши кўраман. Мен сени кун чиқаётганда ўйлайман, мен сени кун ботаётганда ўйлайман! Кейин яна нима дер эди? Ҳа, яна шундай дер эди: Меҳринисо, жонгинам, тўғрисини айт, сен ҳам мени ўйлайсанми?” кейин яна нима дер эди? Ҳа, яна бундай дер эди…
Бўз бола Каримбекнинг қизга айтадиган жуда кўп гаплари бор эди. Афсус, ҳаммаси юрагида қолди. Лекин ана шундай ширин армонлар оғушида унинг зерикарли кунларига файз кирди. Энди унинг учун бийдай даштда бир маромда кечадиган кунлар жон эгови бўлмай қолди.
Ширин армонлар оғушида маст бўлиб юрган Каримбекни тақдир яна бир бор сийлади. Лекин бу охирги сийлов эканлигини у ҳали билмас эди. Сурувга қон сийма касали теккач, у шошилинч қишлоққа борадиган ва колхоз активларини бундан хабардор қилиши, ҳатто лозим бўлса, уларни эргаштириб келиши керак эди. Бу одамлар орасида қишлоқ шўросининг котиби Қобил шўро ҳам бор эди.
У йўлга отланганида қуёш терак бўйи кўтарилган эди. Бу паллада ҳамма иш жойида бўлишини Каримбек биларди, лекин шундай бўлса-да, у от бошини Қобил шўронинг уйи томон бурди. Унинг муддаоси, иложи бўлса, Меҳринисони кўриб гаплашиш, ҳеч бўлмаганда дийдорига тўйиш. У азиз авлиёларни тилдан қўймай, Худони бировга бермай, Меҳринисонинг уйида бўлишини, чақирганда, чопқиллаб, кокилларини силкитиб, ўзи чиқишини худодан ёлвориб сўрарди. Кетишга чоғлана туриб, Каримбек сув сўраса, Меҳринисо бўлса, учиб кириб уйдан сув тўла кўзани олиб чиқиб, оёқларининг учи билан кўтарилиб, чақмоқ кўзларини сузиб, ширин табассум билан уялиб, қимтиниб сув тўла кўзани узатса, Каримбек боши узра кўзани кўтариб сипқорар экан. Меҳринисо унга меҳр билан термулиб турса, сувга қонган Каримбек эгардан энгашиб, кўзани узатса, узатаётиб…. узатаётиб, олмоққа чоғланган қизнинг оппоқ қўлларидан оҳиста ушласа, ушласа, ушласа, ушлаб тураверса! Каримбек ўй таъсирида ҳаяжондан энтикиб кетди. У ҳозир ўзининг отда бораётганини ҳам унутган эди.
Каримбек Қобил шўронинг дарвозаси олдида овоз берганига ҳам анча бўлдики, ичкаридан ҳеч ким дарак бермади. Энди у сабри чидамай дарвозани қамчи дастаси билан қоқа бошлади: тақ-туқ, тақ-туқ, тақ-туқ,… Барибир ҳеч ким чиқмади.
Каримбек яна овоз бериб чақирди, яна қамчи билан таққиллатди, ичкари жим.
Начора, латтаси сувга тушиб, шумшайиб орқага қайтишдан бошқа илож йўқ. Каримбекнинг алами келиб кетди. У от жиловини ортга бураётиб, алам устида отга шундай қаттиқ қамчи тортдики, буни кутмаган шўрлик от аччиқ кишнаб юборди.
Қишлоқнинг айланма тор кўчаларидан ўтиб, қишлоқ совети томон дарғазаб бораётган Каримбек тўсатдан қувончидан қичқириб юбораёзди. Шундоқ рўпарасида овлоқ кўчада етти-саккиз ёшлардаги болани етаклаб, уч-тўрт ёшлардагисини эса кўтарганича Меҳринисо келарди. Қиз аввалги кўргандаги кийимда, бошида бўз рўмол, эгнида ранги униқиб кетган сатин минсак. Укасининг оёғига қараб у жуда секин юриб келаяпти.
– Ов, отанг қаерда? – қизнинг рўпарасига етиб келган Каримбекнинг сўроғи шу бўлди, бошига келгани ҳам шу эди. Қизни кўрди-ю, негадир юраги ҳапқириб, қайнаб бораётган қони, совуб кетди ғазаби каби, демоқчи бўлиб юрган баландпарвоз сўзлари ҳам тумандек тарқаб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.
– Ов, отанг қаерда? – Каримбек ҳеч бундай демоқчи эмасди. Лекин иккинчи марта ҳам шундай деб юборди. Қиз ортидан югуриб келаётган укасидан кўзини олиб, от устидаги бўзболага боқди. У шундай бир ўткир нигоҳ билан Каримбекка қарадики, бу нигоҳга чидаш, бардош бериш, янаям шу қизни ўзи тушларида кўриб чиқадиган бўзболага ҳеч бир мумкин эмас, эди.
Бўзбола Каримбек бўйи етган қизнинг оловли нигоҳида куйди, жизғанак бўлди. Бўзбола Каримбек бўй етган қизнинг сирли, сеҳрли жодусидан ер билан забун бўлди.
Бўзбола Каримбек бўй етган қизнинг афсунгар ишвасидан тўлди-тўкилди…
Каримбек кейинчалик ўшанда қиз билан нималар деб гаплашганини эслай олмай, узоқ вақт гаранг бўлиб юрди. Ўзича жуда кўп беъмани гапларни айтганман, деб ўйлар, шунга ўзини ишонтирмоқчи бўлар, лекин ўзига ўзи ишонавермагач, албатта, кейинги учрашувимда дилимдаги ҳамма гапни, ҳа, ҳамма-ҳаммасини айтаман деб ўзини овутар эди. Афсуски, бу овунч, овунчлигида юракда лаҳза чўққа айланди.
Каримбек қизни кейинги кўришга улгурмай, бир шум хабар Одамбормас даштини тало тўп қилди. Қобул шўро Элоға батрак билан қуда-анда бўлганмиш, қизи Меҳринисони Усмонқулга берганмиш.
Кўмирдан ҳам қора ўша кеча ҳувиллаб ётган Одамбормас даштининг яйдоқ ҳовар­ларини ялаб-юлқаб кеч кузнинг совуқ шамоли эсиб чиқди. Баданга нинадек қадаладиган бу совуқ шамол қиличини ялонғочлаб келаётган қора қишдан хабар берарди.
Бундай кечалар қўйларни қўрага қамаса ҳам бўларди. Лекин Каримбек шўр қисматга қасдма-қасд эгардан тушмай даштнинг ичкарисига узоқ-узоқларга сурувни ҳайдаб кетди. Сурув ортидаги отда қунишганича ўтирган бўзбола Каримбек ўша кеча ҳаётида биринчи марта ўз тақдири ҳақида чуқур ўйга толди. Ўша кеча унинг юрагида одамларга нисбатан қаҳр-ғазаб ҳиссини ўзида жамлаган оғриқ пайдо бўлди ва бу оғриқ тош каби юрак тубига чўкди.
Шип-шийдам дала ўнгирларини ялаб, сарсари кезаётган шамол тонгга бориб таққа тўхтади.
Тоғ боши оқариб, тонг отиб кела бошлади. Қуюқ, нам булутларга тўлиб, хўмрайган осмон поёнсиз Одамбормас дашти узра янада пасайиб, бало-қазодай эниб келди. Совуқ шамол тўхтаганига бирон фурсат ўтмай, сим-сим ёмғир ёға бошлади.
Ҳамон эгар устида қунишиб ўтирган бўзбола Каримбекнинг ёноқларидаги томчи ёмғирми ё кўз ёши эканлигини англаш мушкул эди…
Инсон ҳаммасига кўникар экан, кўнишдан ўзга чора бўлмагандан кейин нима қилсин. Аввалига Меҳринисонинг фироғига чидай олмасам керак деб юрди. Лекин кейинчалик бу кўнгил таҳқирига начора кўнди, кўникди.
Шу орада у ҳарбий хизматга чақирилди. Хизматни ўтаб уйга қайтди ва Меҳринисо қиз туққанини эшитди. Орадан кўп ўтмай Каримбек ҳам уйланди. Лекин хотинининг меҳрига қонмай, яна урушга отланди.
Тошдан яралган бу бош кўрмаган кўргиликлар қолмагандир. Етимлик, муҳтожлик, кўнгил таҳқири, уруш – Каримбек кўрмаган яна нима қолди. Хайрият, шўр қисматида худо ярлақаган кунлар бор эканки, ҳар лаҳза ҳаётига ўлим, фалокат хавф солиб турган даҳшатли урушдан ўнг қўлининг уч бармоғидан ажраган бўлса-да, тирик қайтди, буям йигитнинг бахти. Шўр қисматнинг Каримбекдан аригани, яхшилик сари эврилгани рост эди. Бахтсиз, ғурбатли умрнинг айқаш-уйқаш сўқмоқларида улоқиб юрган йигитни тақдир яна бир бор сийлади, Элсаройдан урушга кетган йигитларнинг биринчи тирик қайтган вакили Каримбек ҳосилот этиб тайинланди.
Каримбек ҳаммасини унутиб, ҳосилотлик жиловини маҳкам тутди. Сенга ишониб шу вазифани бердими, демак, оқла! Ел-югур, ўзингни ўтга-чўққа ур, барибир ўлмайсан. Лекин ҳозир урушда бўлсанг, ўлишинг учун дайди бир ўқ кифоя. Шундай экан, мадордан кетиб, силланг қуригунича ишлайвер, шундагина ўнг қўлингдаги йўқ уч бармоқнинг оғриқсиз оғриғини унутиб яшайсан!
Каримбек уруш айни қизиб турган ўша йиллар ростдан куйиб-ёниб ишлади. Ишлагандирки, бутун бошли Элсарой қишлоғининг пой-поёнсиз далаларида унган бир туп ғалладан, бир тўп шувоққача ва ҳатто одамларнинг уйидаги мол-ҳолдан то кўндаланг чўпгача ҳамма нарса ғалаба учун бўлган ўша кунларда агар лозим бўлиб қолганда ҳеч бир кимса уйида, ўзида бор нарсани, Каримбекнинг олдида йўқ дея олмасди. Улар Каримбекнинг синчилигига тан беришган эди.
Ана шундай алғов-далғов кунларда Каримбекнинг юрагидаги эски яра янгиланди, яна у бўзболалик даврининг ширин изтиробини туйиб, Меҳринисо васли-висоли билан яшай бошлади. Меҳринисо энди анча улғайган, йўғон чўзилган, ингичка узилган шундай оғир кунларда бутун бошли бир рўзғорнинг барча юкини елкасида тутиб яшаётган босиқ, сабр-тоқатли аёл эди. Унинг эри Усмонқул урушга кетган, мана олти ойдирки, хат-хабар йўқ, қайнотаси тўшакли касал, қизи касалманд, шунга қарамасдан бу аёл бировга ғинг демай, баъзилардай айюҳаннос солмай тишини-тишига қўйиб, жимгина яшаяпти. Янаям, мусибатли бу кунлар руҳини қанчалик эзмасин, камондек қора қошлардаги назокат, ғам тўла маъюс кўзлардаги меҳр, сутга чайилгандек юзлардаги ҳорғин гўзаллик, ҳар нега қодир сарвдек дуркун қадди-қомат ҳар қандай эркакни ер билан забун қилади.
Каримбекнинг юрагини безовта қилаётган бу ҳислар ер қаъридан ташқарига отилиб чиқиш учун бирор бир туйнук излаётган иссиқ, оловли вулқонга ўхшарди. Каримбек зўр бериб Меҳринисонинг васлига етишни ўйлар ва ҳатто етишмоғига амин эди.
У ўз ниятини ўтган йили буғдой ўрими айни қизиган кунлардан бирида амалга оширмоқчи бўлди. Бозоркалнинг хабарига кўра, Меҳринисо туманга тушиш учун жавоб сўрабди.
Эгар устида чўнқайганича Бозоркалнинг ҳисоботини эшитаётган Каримбек бепарво оҳангда сўради:
– Туманда нима иши бор экан?
– Ҳарбий комиссариатга учрашар эмиш. Каримбек ғижинди; “Ипирисқи, Усмонқулни суриштирмоқчи. У бўлса, ўлиб кетгандир ҳойнаҳой. Мабодо, мендан нима шундай олти ойлаб дарак бўлмаганда хотиним суриштирармиди? Йўқ, суриштирмасди, лаънати! Бу Меҳри бошқача хотин!” узоқ сукутдан сўнг Каримбек Бозоркалга, ҳосилотдан жавоб кутаётган содиқ маҳрамга бундай деди:
– Майли, жавоб беринг. Лекин келмас кунининг тушгача бўлган нормасини ҳам эртага қўшиб беринг. Шу жойни бўлмагунча жавоб йўқ денг. Кечқурун ўроқ бошига ўзим чиқиб бораман. Бўйруқни айтганимдай бажаринг!
Эртасига Каримбек қишлоқдан хийла узоқ Мўминкалнинг даштида буғдой ўраётган ўроқчиларнинг олдига отланганида оқшом тушаётган эди. У йўлда уч-тўрт ўроқчи аёлларни учратди. Болалик бу аёллар эшакларини қичаб, шошилганича қишлоқ томон кетиб борарди. Каримбек уларнинг орасида Меҳринисони кўрмади; негадир илиқ бир туйғудан унинг юраги ҳапқириб кетди.
Каримбек ўроқчилар бошига етиб келганида, аллақачон атрофни қоронғулик қоплаган, лекин одам одамни таниши мумкин эди. Уч-тўрт қиз-жувон жимгина ўроқ ўришар, фақат чалғиларнинг шиғ-шиғи оқшом сукутини бузиб, ҳувиллаган далага файз бағишларди.
Отнинг пишқириғини эшитиб, ўроқчилар ҳосилот келганидан хабар топдилар. Бозоркал Каримбек томон пешвоз юрди. Қиз-жувонлар бир-бирини туртиб шивир-шивир қилишди.
Ўзи томон шошилиб келаётган Бозоркалга эътибор ҳам қилмай, Каримбек пиқ-пиқ кулишаётган қиз-жувонлар томон термулиб қаради, лекин уларнинг қайси бири Меҳринисо эканлигини тахминлай олмади.
Каримбек Бозоркалнинг саломига аликсиз, қўл узатиб, от устида у билан кўришди. Бу қизлар Меҳринисога ёрдам қилишаётганини, деярли қўшиб берилган жойни ҳам ҳозир тугатишини, сўнгра қизларни ўзи қўшхонага эргаштириб кетишини ва Меҳринисонинг ҳам кеч бўлиб қолганига қарамай қишлоққа кетмоқчи бўлиб турганини Бозоркалдан жим туриб эшитди. Каримбек Бозоркалнинг ишларини тасдиқлаган бўлиб, бош ирғади ва индамай от бошини узоқларда жинчироғи лип-лип ёнаётган қўшхона томон бурди.
У от қадамига мос тебраниб, Бозоркалдан узоқлашар экан, севинчини босолмас, ҳар куни сиғиб юрган эгар устига сиғмай, безовта бўларди. Ҳамма иш унинг кўнглидагидай бораётган эди.
Бўзбола юрагини яралаган, фақат тушларидагина ўпич берган ҳурлиқо Меҳринисонинг бугун у васлига етади.
Тушида эмас, йўқ ўнгида, ҳа, ўнгида қониб-қониб ўпади. Тушида эмас, йўқ ўнгида, ҳа, ўнгида эҳтирос билан қониб-қониб қучади.
Тушида эмас, йўқ ўнгида, ҳа ўнгида биринчи марта ва абадий битта жисму жонга айланади.
Бозоркал ҳам, ҳиринглаётган ўроқчилар ҳам кўз илғамайдиган бўлиб қолгач, Каримбек от бошини унга бурди.
У ўроқчиларни айланиб ўтиб, Меҳринисо қайтадиган йўлга чиқиб, у келади­ган томонга синчиклаб тикила бошлади. Лекин кўзлари ҳеч нарсани илғамади.
Каримбек узоқ кутиб қолмади. Аввалига ўт-ўланларни босиб-янчиб келаётган эшак­нинг шивири, сўнгра синчиклаб қарай­вергач қоронғулик ичида элас-элас қора кўринди.
Каримбек отдан тушди ва от қозиғини қоқди. Қўлидаги қамчини белбоғига қистириб, қўлларини белига тираганича энди аниқ-тиниқ кўриниб қолган эшакли қаршисида қодирайди.
Меҳринисонинг эшаги аллақачонлар қулоғини дикрайтириб, қадамини секинлатган эди. Эшакдаги бу ўзгаришни кўриб, Меҳринисонинг юрагига шубҳа оралар ва юраги шув этиб кетди, замон ёмон, илойим, ёмоннинг юзини тескари қилсин. У термулиб олдинга қаради, лекин ҳеч нарсани кўраолмади. Боя Бозоркалнинг “Қўрқмайсанми Меҳрибека?” деган сўроғи ёдига тушди.
Меҳринисо жаҳл билан эшакнинг бўйнига халачўп билан урди ва овозини чиқариб эшакни ёниди:
– Их, ҳаром улгур! Их, дейман, нима қилиқ бу! Их!
Эшак қулоғини дикрайтганини ёзмади-ю, лекин бироз юришлади. Шу вақт Меҳринисонинг кўзи қаршисида қодирайиб турган қора кўланкага тушди ва жони чиқиб кетди. Оз бўлмаса, бақириб юборай деди. Лекин жонига қўланканинг ўзи оро кирди.
– Меҳри, сенмисан?! – бу таниш ўктам овозни эшитиб, қўрқувдан тош қотиб қолган жувоннинг жисмига жон кирди.
Бу орада ўктам овоз эгаси аёл томон юрди. Зум ўтмай, жувоннинг тўхтаб қолган эшаги ёнида пайдо бўлди ва икки қадамлар чамаси нарида тўхтади.
Кўройдинда Меҳринисо овоз эгасини таниди; ҳосилот Каримқул ака-ку! Таниди-ю, жувоннинг бояги қўрқуви бутунлай йўқолди, лекин баданидан илон ўрмалагандек ўзини ноқулай сезди. Ҳозиргина тўхтаган Каримқулнинг ўзига томон қадам ташлаганини кўриб, ҳосилотнинг муддаосини Меҳриниисо англади-ю, кутилмаганда дарғазаб ва босиқ овозда бақириб юборди:
– Ҳа! Каримқул ака, нима бу қилиқ?!
Жувоннинг бу қаҳрли сўрови Каримқулни тўхташга мажбур қилди. У ҳаяжондан энтикар, билинар-билинмас ҳансирар, аранг ўзини тутиб турарди.
– Меҳри?!.. Меҳри?!… Мени қийнама! Ахир, ўзинг ҳаммасини биласан-ку! Бас, шунча куйганим етар, ахир!!!
Мискин бир овозда энтикканча сўзлаётган Каримқул ҳозир шундай бир ҳолатда эдики, энди у ҳеч нарсани эшитмас, ҳар қандай эътироз билан ҳисоблашмас ва энди уни ҳеч қандай куч бу йўлдан қайтаролмас эди. У шиддат билан Меҳринисога яқинлашди, жувоннинг қарғаниб юлқинишига қарамай, уни даст кўтарганча, эшак устидан юлиб олди ва ҳансираганча экинзорга оралади.
Улар узоқ олишди. Бир гилам ўрнидаги экинзор ер билан битта бўлиб кетди. Каримқул ҳансираганча жувонни ўпар, ечинтирмоққа чоғланар, лекин уч бармоқсиз ўнг қўли панд бериб, йиғлаб юлқинаётган, типирчилаётган жувон Каримқулнинг қучоғидан отилиб чиқар, лекин бутунлаай халос бўлиб кетолмай яна ваҳшийлашган Каримқулнинг тагига тушиб қоларди.
Охири Каримқул бутунлай ҳолдан кетди ва шу баробар ҳозиргина қонида жўш уриб қайнаётган эҳтирослари сўниб, ҳафсаласи пир бўлиб қолди. Беҳол бир кайфиятда у жувоннинг ён тарафига ўзини ташлади. Лекин ҳиқиллаб йиғлаганча юлқинаётган Меҳринисони қўйиб юбормади; унинг елкасидан босиб, ёнига ётқизмоқчи бўлди. Турмоққа чоғланаётган Меҳринисо яна ўмганлаб кетди ва Каримқулнинг шундай ёнига ёнбошлаб қолди. Буни кўриб Каримқул шивирлади:
– Меҳри, бир пас шундай ёт, кейин қўйвораман!
Кўройдин бўлишига қарамасдан, жувоннинг кўзлари даҳшатли тарзда олайиб кетди ва изидан нафратга тўла шивири эшитилди:
– Ифлос!!!… Ҳароми!!!…
– Майли мен ифлос, мен ҳароми… Фақат сендан илтимос, шу ҳолатда, мана кўриб турибсан қучоқлаб ётганим йўқ, фақат қўлингдан ушлаб турибман, агар қимирласанг яна қучоқлашга мажбурман Меҳри, кел, шу ҳолатда бироз гаплашиб олайлик! – деди эмранганидек Каримқул.
– Сен билан нимани ҳам гаплашардим?! – деди йиғламоқдан бери бўлиб Меҳринисо; турмоққа чоғланди. Лекин Каримқул куч билан уни қимирламасликка мажбур қилди.
– Тўхта, Меҳри! Тўхта!.. – деди у вишиллаб, жувоннинг елкасидан босиб. – Нима ўша ипирисқи Усмонқулга бизни олмайсанми-а?! Ўша нимғўритадан бизнинг қаеримиз кам-а?!
– Каримқул! – аёл куч билан бир силкиниб олди. – Сен шуни билиб қўй! Сен Усмонқулнинг ҳаром тукига ҳам арзимайсан! Яхши кўрар эмишсан-а! Яхши кўрган одам бундай шармандаликка қўл урмайди. Замоннинг нобоплигидан фойдаланмайди. Замон сенга йўл берганидан фойдаланиб, сен еган нажосатнинг сассиғи юртни бузаяпти!..
Бир замонлар яхши кўрган бўлсанг, агар, мабодо, мен ҳам яхши кўргандек бўлсам – у бир замонлар эди. Энди менинг ўша ипирисқи Усмонқулдан болам – қизим бор. Мен сени қизимнинг ҳалол, покиза ҳаётига сенинг ҳаром-хариш истакларингни алмаштирайми?! Хато қиласан! Сени қизимнинг тирноғига тенг кўрмайман. Ҳали ўйнашлик отаси у ёқда турсин, агар, мабодо, Усмонқулнинг ўлгани рост бўлса, шунда ҳам сен билан эмас, бошқа билан рўзғор тутаман.
Менинг гапим шу. Энди қўлимни қўйиб юбор, мараз!!!
Каримқулнинг жувон билан бироз гаплашишдан мақсади: фурсат ўтиб, сўнган эҳтирослари гупирса, хоҳ гап билан авраб бўлсин, хоҳ куч билан бўлсин (кучга ҳам ишонч йўқ, уч бармоқ панд бераяпти) муродига етишиш эди. Лекин ҳозир у ўзи севган аёлнинг қаҳрли ва шафқатсиз ҳукмини эшитгач, ҳеч нарса чиқаролмаслигига, фақат аёл олдида яна бир марта шарманда бўлишига амин бўлди ва Меҳринисонинг қўлларини қўйиб юборди…
Зим-зиё қоронғу кеча қўйнида ҳувиллаб ётган Одамбормас даштида шамол жимирлаб турган сон-саноқсиз юлдузларга термулган кўйи Каримқул уятданми, хижолатданми, эҳтимол, қалбининг ягона бойлиги, неча йиллардан бери муқаддас санаб юрган, ўзи учун азиз бўлиб қолган аёлдан, кутилмаганда, тўсатдан, шармандаларча ажралиб қолганидан изтироб чекмоқда эди. Бу изтироб юки шунчалар оғир эдики, ҳозир унга ўлим ёки ҳаёт деса, ҳеч иккиланмай ўлимни танларди. У абгор бўлган жисмини ердан узиб, ўрнидан турар экан, шундай хулосага келди: “Бу дунёда ё у яшайди, ё мен!”.
Шундан кейин мана орадан роса бир ярим йил ўтяптики, ҳамон иккаласи ҳам яшаб юрибди. Фақат бу орада Меҳринисонинг қизи Сарви ўлди, эри Усмонқул яримжон бўлса-да, урушдан омон қайтди.
Ҳали Усмонқулнинг отаси ўлмасдан бурун, чамаси Усмонқул Айронтепадаги буғдойзорга қоровул этиб тайинлангандан йигирма кунлар кейин, Каримқул Айронтепа этагида Усмонқул билан учрашди ва бир-бирига юлдузи тўғри келмай ажралишди. Ўшанда Каримқул:
– Усмонқулбой, сизни урушдан шапкўр бўлиб қайтибди, деб эшитдим, шу ростми? Рост бўлса, кундузи бўлмасаям, кечасига роса қийналаётгандисиз! Ҳа,ҳа,ҳа! Эй, шу уруш ҳам, яримжонлик ҳам қурсин-да! – деди.
Бу гапдан Усмонқул дув қизарди ва бирдан жаҳли чиқиб кетди:
– Ҳа, тўғри айтасиз Элбоши, – деди ўшанда Усмонқул. – Уруш қурсин, уруш! Уруш ҳаммамизни яримжон қилди. Биров танк остида тупроққа қорилиб, шапкўр бўлди. Яна биров қора буханкани қўлига тиқиб, жондан азиз бармоқларидан ажралиб яримжон бўлди!
Ўшанда икковининг ўртасига Бозоркал тушмаганида бирор кор-ҳол юз бериши аниқ эди.
Ўшанда қони қайнаб Айронтепадан қайтар экан, Каримқул ранглари заъфарон, чўпдай озғин, ёноқ суяклари туртиб чиққан Усмонқулни ўйлади ва шундай хулосага келди: бетоб отасидан аввал ўлиб кетадиган сиёғи бор нокаснинг. Иншооллоҳ, биров ўлдирмаса ҳам, яқин орада ўзи оёқдан йиқилади. Кейин турмоғи душвор!
Лекин кейинчалик у яна Усмонқул билан икки-уч марта рўбарў келди-ю, ранглари заъфарон, чўпдай озғин, ёноқ суяклари туртиб чиққан, ҳилвираб турган бу йигитнинг ўша шапкўр кўзларида чақмоқдек ўткир қатъият ва ўзига ишонч кўрди.
Шундан буён Каримқул баъзан от устида Одамбормас даштни айланиб юрар экан, юраги тубида фақат ўзигагина маълум бўлган ботиний бир туйғу жунбушга келар ва ўзини шу туйғу ҳукмига топширарди. Бундай чоғлар у ҳамон ўзининг Усмонқулнинг хотини Меҳринисони унутолмаётганини, уни унутиш мумкин эмаслигини, Усмонқулнинг қизчасини ҳам, отасининг қасоси учун эмас, йўқ, шу аёлнинг васли-висолига етмаганлиги учун, дуркун-дуркун қизлар олмадек қўйнига келиб киришни хоҳлаб турган бир пайтда шу жувон бўй бермаганига, ҳатто уни ҳосилот Каримқулни оёқости қилгани учун ўлдирганини, ҳаммасидан ҳам ёмони, юракнинг бу ташналигини қондириш учун лозим бўлса яна одам ўлдиришдан қайтмаслигини, таҳқирланган кўнгил шуни тилаётганини тан оларди.
Усмонқулнинг отаси ўлгач, роса бир ойдан кейин буғдойзорга ўроқ тушди.
Ўша кун дунёдаги энг қисқа ва энг унумли кун бўлди.
Ҳали қуёш Ҳисор тоғлари устида бўй бермай, ҳали тонг шудрингларига чўмилиб, намиқиб ётган буғдойзорга қуёш тиғ урмай, Одамбормас даштни ўроқчи қиз-жувонларнинг қий-чуви тутиб кетди. Одамбормас – Элсарой қишлоғиинг кун чиқарида ястаниб етган бепоён дашт. Қишлоқдан чиқиш билан бошланадиган бу яйдоқ ернинг бир учи уфқлар бағрида қишин-ёзин оппоқ қорга бурканиб, қўр тўкиб турган залворли Ҳисор тизмаларининг этаклари билан, бир чети эса Ғузор кенгликлари билан туташиб кетган.
Усмонқул қоровуллик қиладиган Айронтепа лалмиси Одамбормаснинг Ғузор ерлари билан ёндош энг чекка бўлаги бўлганидан, бу майдонга ўроқчилар етиб келганида қуёш тоғ устида юз очар эди. Узоқлиги важданми бу даштга жўнатилган ўроқчиларнинг аксари эркаклар: парти кетиб, шарти қолган чоллар, ерга урса кўкка сапчийдиган ёш-яланг ўсмир болалар.
Аёллар ҳам йўқ эмасди. Лекин улар, чамаси, ўроқчилигига қараб эмас, кечқурун қишлоққа қайтишда оёқ уловларининг яровлилига қараб жўнатилганди.
Ўша куни Усмонқул ўзини бир ойдан бери қийнаб ётган барча изтироб, барча андуҳларни бир чеккага йиғиштириб, ўрим ташвишига боши билан шўнғиди.
Ўша куни Усмонқул яримжонлигини ҳам унутиб, ўзини ўтга-чўққа уриб ишлади.
Бундан бирор икки кун олдин, Бозоркалнинг тайинлови билан ўриб келган луҳларни эшиб, бовлиқ тўқиди. Сўлиб тобига келиб қолган лухлар Усмонқулнинг эпчил қўлларида бир зумда узунлиги бир қулоч келадиган, соч ўримидек силлиқ ва пишиқ бовлиқларга айланарди. Бозоркал Усмонқулнинг бовлиқларини қуватини синамоқчидек қўллари билан тортиб-тортиб кўрди. Зинг қилиб эшилган бовлиқларнинг шунчалар мустаҳкамлигига ҳайрон қолди чоғи, у бовлиқнинг бир учини оёғи билан босиб, икки қўллаб юқорига тортди, бовлиқ узилмади. Унинг бу ишларини кузатиб турган Усмонқулга қараб тиржайди ва бошини сарак-сарак қилиб:
– Бало экансан, Усмонқул мироҳур! – деди.
Бозоркалнинг бу мақтовидан Усмонқул ийиб кетди, гуллола иссиғида куйиб, бирор ҳафталардан бери тирикчилик ташвиши билан бўлиб, устара тегмаган тикондек тик босган ҳорғин чеҳрасига табассум ёйилди.
Усмонқул Бозоркал эргаштириб келган болаларга ҳам бовлиқ эшишни, эринмасдан миридан сиригача обдон тушунтирди. Ҳозиргина қўли келмаётган болалар, аста-секин бу ишнинг ҳадисини ола бошлади. Кейинроқ эпчил ҳаракатлар билан, Усмонқул билан бароварига бовлиқ эшавердилар.
Усмонқул тайёр бўлган бовлиқларни бир болани ёнига олиб, иккаласи бир қучоқдан кўтариб, ўроқчилар томон юрди.
Қуёш терак бўйи кўтарилган, унинг ҳарорати баданга нинадек санчила бошлаган эди. Кўп ўроқчилар иссиқ пана илинжида, бошларини оқ сурп ва гардилар билан танғиб олишган, иссиқ бироз ўтган бўлса керакки, қорайиб ҳамма ўроқчилар чопон ва синсакларини ечиб, кўйлакчан бўлиб олган эди.
“Эрталабки ишда хосият кўп, деб ўйларди Усмонқул анча жойни ўриб кетган ўроқчиларнинг ортидан боқиб, чамаси, ўроқ шу забтидан сусаймаса, бугун Айронтепа яримлайди”.

Бу йил ҳосилнинг чўғи ёмон эмас эди, Усмонқул бир қадам жойдан бир бовлиқни тўлдирарди. Утулган бовни тиззалари билан босиб-босиб зинглар, сўнгра бовлиқнинг икки учини бир-бирига шундай абжирлик билан чатар эдики, ҳозиргина ҳурпайиб ётган буғдой поялари, қарабсизки, ихчам ва лўнда, тепиб кетаверса ҳам бўладиган боғга айланарди.
Усмонқулнинг бу ишини ҳам Бозоркал қуруқ қолдирмади: унинг ишбилармонлигига қойил қолганини рўй-рост айтиб, ҳавас билан тамшанди.
– Усмонқул, сенинг бу қўлинг гулки иним! Илойим дард кўрмасин-а! Усмонқул тушга яқин кенг майдонда дўппайиб ётган сон-саноқсиз боғларни Айронтепа ўнгридаги эски хирмонга келиб югуриб ташиётган ёш ялангга бош-қош бўлиб, ўзи ҳам улар билан тенгма-тенг ишлади. Тушга бориб хирмонда бошоқлари шовдираб турган буғдой бовлиқларидан ясалган катта ғарам пайдо бўлди.
Ўроқчилар апил-тапил тушлик қилдилар ва яна ҳамма ўзини бараварига ишга урди.
Усмонқул улкан доира шаклидаги хирмон ўртасида туриб, ҳўп ҳайдаётган ёш-ялангларни бошиқтира бошлади. Аввалига улар, буғдой ғарамини бузиб, улкан доира шаклидаги боғларни ёзиб ташлашди. Сўнгра бу боғлар устига тўртта от келтириб, уларни ёнма-ён қўйишди ва бир-бирига тиркаб боғлашди. Ёнма-ён тиркалган тўрт от шу улкан доира бўйлаб бир маромда айлана бошлади. От туёқлари остида инчалаётган буғдой боғлари борган сари нимталаниб, ер билан битта бўлаётир. Доиранинг сиртқи энг чекка томонидаги отга миниб олган ўн-ўн бир ёшлардаги занжидай, узун бўйли, ориққина болакай, чуҳ-чуҳлаб отни ниқайди ва ёшига мос бўлмаган, дўриллаган овоз билан қўшиқ айтиб, унумлироқ ишлашга чорлайди.

Қора-қора қулоғинг қалқон бўлсин жонивор,
Сенинг босган изларинг талқон бўлсин жонивор.
Майда жоним, майда ҳу, майда-я, майда.
Анови товнинг боврида кийик ётар,
Тўрт оёғин боврига жийиб ётар.
Чор деворнинг орасинда сўлғин-сўлғин,
Оҳ, нетайин қора кўзим куйиб ётар,
Майда жоним, ҳу, майда-я, майда.
Тенг-тенг босган, тенг босган, ҳу майда,
Тўрт оёғин тенг босган ҳу майда-я майда.
Меҳнатининг зўридан о майда-я,
Орқа-бошин чанг босган майда,
Майда жоним, ҳу майда-я майда.
Қибладан турган довул,
Қийналиб қўнади овул.
Майдажон деб қичқирсам,
Эшитмайди кар қулоқ,
Майдажон ҳув, майда.
Қарчиғай қора булут,
Қаноти аъло бўлур.
Ёшликда берган кўнгил.
Айрилмас бало бўлур,
Майдажоним, ҳу майда.

Шу улкан доира ўртасидаги бир парча ялангликда турганча Усмонқул қўлидаги паншаха билан отлар айланган сари кенграйиб бораётган, шу бир парча ялангликни кенгайтиради, паншаханинг учи билан нимталаниб оёғи сотига тушган буғдой пояларини отларнинг оёғи остига ирғитади.
Шу куни оқшом жуда эрта тушди. Лекин одамлар бугун умримнинг биринчи куни бўлишига қарамасдан анча ишни қилиб қўйишганди.
Ўроқчилар жўнагач, ҳозиргина гувиллаб турган айронтепа этакларига оқшомги сокин сукунат чўкди. Бу ерлар Айронтепа аталгани билан, аслида, Одамбормас даштнинг бошқа жойларига қараганда хиёл баланд бир қисми. Бу кенгликнинг дўнгсаллиги узоқлардан қараган одамга билинмаса, Айронтепанинг устида юрган одамга билинмайди.
Ҳали хирмонга чиқарилмаган ҳисобсиз боғларни кўздан кечириб, айланиб юрган Усмонқулнинг юраги қувончдан ҳапқириб кетди, кечагина белга уриб, сал ҳепкинга ҳам денгиздек мавж уриб, шовиллаб ётган Айронтепа буғдойзорнинг ўрнида, кенг яйдоқ яланглик очилиб қолган эди.
Бирдан оқшомга қоронғулик чекина бошлади, узоқларда уфқ бағрида қорайиб ётган тоғлар ортидан қизариб, бўзариб ой кўтариларди.
Кўп ўтмай, гўнг ва залворли тоғлардан қаддини даст кўтариб, тиниқлашиб ёрқинлашган тўлин ой бутун Одамбормас даштни ўн етти яшар дуркун қизнинг ҳароратли қўлларидек ёқимли, субҳидам соғилган сутдек илиқ ва ойдин нурига кўмиб юборди.
Кун бўйи тиниб-тинчимаган Усмонқул ҳозиргина юрагида чидаб бўлмас зерикиш туяётган эди, ўроқчилар кетиб, қоронғулик оғушида ҳувиллаб ётган дашт файзсиз ва ғариб эди.
Лекин тоғ ортидан ой кўтарилиши баробар, унинг кўнглига ҳам ойдин бир туйғу оқиб кирди. Усмонқулга ҳам таъсир қилди; толиққан жисмидан ҳузурбахш бир ҳовур кўтарилди.
Усмонқул хирмонга етиб келганида, ой тоғ бошидан найза бўйи кўтарилган, борлиқ сутга чайилгандек ойдин эди. У хирмоннинг бир чеккасида ой нурида жовдираб, товланиб ётган буғдой ўримидан бир ҳовуч олиб, қўлларини олдинга чўзиб, кафтидаги буғдойни ой нурига солиб қаради. Усмонқулнинг назарида кафтидаги тўқ ва бўлиқ буғдой донлари ой ёғдусида акс бериб, жимирлаб кетгандек бўлди.
Усмонқул кафтидаги бир ҳовуч буғдойни бурнига яқинлаштириб ҳидлади, димоғига чангнинг ўткир тахир ҳиди аралаш, тотли нон таъми урилди. У кўзларини юмиб, ширин бу бўйни узоқроқ туюб туриш илинжида кафтидаги сиқим буғдойни қайта-қайта ҳидлади. У тотли нон таъмли бўйни туяр экан, дийдаси бўшашиб, бўғзига оғир бир хўрсиниқ келиб тиқилди, негадир шу топда у ўкириб-ўкириб йиғлагиси келарди…
Тун яримга яқинлашди ҳамки, оёғим бориб бошим қайтади, деган Бозоркалдан дарак бўлмади. Усмонқул кўзи тўрт бўлиб, йўл пойларди. Лекин ҳамон Бозоркалдан ном-нишон йўқ. Усмонқул ҳаммасидан ҳам хотинига алағда бўларди, бечора кундан буён оёқ устидан касал. Урушдан қайтгандан бери боши ғам-ғуссадан чиқмаётган, янаям ўзи яримжон Усмонқулга ичи ачиб касалини билдирмай юрибди. Лекин буни Усмонқул билмаса экан? У ҳаммасини билади. Фақат қўлидан ҳеч нарса келмайди, осмон узоқ, ер қаттиқ, қани эди Усмонқулнинг қўлидан келса, хотинини ҳеч нарсага зориқтирмасди. Лекин ҳозир зориқтирмаслик тугул, урушдан қайтганидан бери, бечора билан тузукроқ гурунг қилишга вақт тополгани йўқ. Қаерданам шу Айронтепага қоровул бўлди-ю, кечаси ҳам, кундузи ҳам шу ерда. Бундай олиб қараганда, бу ҳам замон талаби. Уруш бораяпти, урушга эса буғдой ҳаводек зарур. Усмонқул озми-кўпми урушда қатнашди. Лекин ўша лаънати, “тигр”нинг остига қандай тушиб қолди, контузия бўлди. Кейин яроқсиз деб топилди, майли урушда-ку охиригача туриш бермаяпти, лекин уруш ортида меҳнатдан кечишга ҳеч ҳаққи йўқ ахир. Хотин билан ширин-ширин суҳбат қуриш бўлса қочмас. Кўнгилхушлик ғалабадан кейин ярашади. Усмонқул шу хаёллар билан бўлиб, кўзи илинганини сезмай қолди.
Нагоҳон от кишнашидан у чўчиб уйғонди. Хирмон пойидаги Оқбурун қишлоқ тарафга тикилиб, қулоқларини тиқирайтириб олган эди. От Айронтепага яқинлашаётган Бозоркалнинг шарпасини сезган эди…
Усмонқул хирмон бошига Бозоркални ташлаб, уйига етиб келганида вақт алламаҳал бўлганди. Унинг кенг саҳнли ҳовлисида гўристон сукути кезар эди. Лой сувоқ томли қатор уйларнинг энг охиргисининг деразасида чироқ милтилларди. У йиллари бир ҳовлида уй бир хонаю, бир айвондан, қолаверса, икки хонадан иборат, қатор уйлар йўқ эди, деярли деразасиз эди. Бу Усмонқул билан хотини ётиб турадиган уй деразаси эди.
Айни шу кунларда чироқ ёғи анқоғнинг уруғи баробар бўлса-да, кечанинг кўп қисмини далама-дала кезиб, қоровулликда ўтказадиган Усмонқул, доим уйда, айниқса, отаси ўлгандан бери ёлғиз қоладиган хотини учун ўзини ўтга-чўққа уриб бўлса-да, чироқ ёғи топарди.
Яқиндагина ўлик чиққан, қоронғу кечаларда гўристон сукути кезадиган, кимсасиз, овлоқ бу ҳовлида Усмонқулнинг хотинининг ёлғиз ҳамроҳи ана шу-дераза токчасида ожиз милтиллаётган чироқ эди.
Усмонқулнинг келганини хотинини сезган экан: уй эшигини очган Усмонқулнинг кўзи, ҳозиргина чўчиб уйғонган хотинининг карахт ва ғамгин кўзлари билан тўқнашди.
Дераза тагига ташланган олақуроқ жун­дор пўстакка чўккалаган Усмонқул хотинига боқди ва майин овозда аҳвол сўради:
– Қандай, яхшимисан?… Нега… рангинг бир аҳволда?
Кундан-кунга ранги синиқиб, оёқ устида адои тамом бўлиб бораётган хотини Усмонқулнинг юзидан дардли нигоҳини олиб, бошини хам қилди ва синиқ бир овозда пичирлади:
– Аҳволим оғир Сарвининг отаси… Билмайман, кундан кун ер билан битта бўлиб бораяпман.
Бугундан бошлаб оёғим шишди. Меҳринисо нимадир айтмоқчи бўлиб, бошини кўтариб эрига қаради. Лекин ўзига термулиб турган Усмонқулнинг чўяндек қорайиб кетган ҳорғин, чанг ёғиб турган ранг-рўйига боқиб, тил тишлади, яримжон эрига қайишди, дард устига дардисар бўлгиси келмади.
Усмонқул хотинининг руҳиятини тушунди, бечоранинг ҳамма дарди юрагида, барибир тилга чиқарганидан не наф, йўқни йўндириш қўлидан келмаса! Шундай бўлса-да, Усмонқул хотинининг кўнглини кўтармоқчи бўлди.
– Сабр қил, хотин, кўпи ўтиб, ози қолди, эшитгандирсан уруш ҳам охирлаб қолди. Насиб бўлса, уруш тугасин, ҳаммаси яхши бўлади.
– Шу яхши кунларга етармиканман?!
– Эй, бас-э, танглайингга тош, нафасингни иссиқ қил! Етмай сенга нима қилибди?
Энди жон бор жойда дард бор. Умидсизланма бунақа! – Усмонқул хотини­нинг пиқ-пиқ йиғисини кўриб, ўзи кутма­гандек бақириб юборди. Сочи узуннинг ақли калта келади дегани ростда! Бу оламда сендан бошқа касал одам йўқми?! Бош ёстиқ­қа тегдими ўлим, ўлим, ўлим! Бошқа гап йўқ! Ўлим осон нарса, бу дунёда ундан осони йўқ!
Лекин яшаш… яшагандаям тирикликнинг оғир-енгилини, аччиқ-чучугини татиб, суяб-суяниб, ҳамдам бўлиб яшаш керак.
Йиғиштир йиғини!… Бирор-бир ютиминг борми?!
– Атала бор эди, – деди Меҳринисо йиғидан тўхтаб, қизарган кўзларини рўмолининг ўчи билан артганича.
Усмонқул аталани ҳўрп-ҳўрп ичаркан, кўз остидан тиззаларини қучоқлаганича, муштдиккина бўлиб ўтирган Меҳринисога қараб, юраги ачишди, шўрликни бекорга хафа қилди, дард ўтгандирки, муштдеккина бўлиб қолибди, қандай дуркун жувон эди, янаям дардини сенга айтмай кимга айтсин, бир карра ҳайвонлик қилдинг-а, Усмонқул! Унинг иштаҳаси ғиппа бўғилди. Лекин эрта тушга қадар, ту ўроқчилар билан овқатлангунчин оч юришини ўйлаб, мажбурлаб бўлса-да аталани тугатди.
– Қўй, хафа бўлма хотин, эртага ҳосилотдан буғдой сўрайман. Бир оқ буғдой­нинг нонига тўйсанг, бир нав дармонга кирар­сан, – деб Усмонқул хотинини кутмай, нонсиз дастурхонни ўзи йиғиштиришга тутинди.
Ўроқлик дастурхонни дераза токчасига, ожиз шуъла таратиб турган чироқ ёнига, ўрнидан турмай узалганча қўяр экан, яна бояги гапни такрорлади.
– Албатта, сўрайман! Лозим бўлса, раиснинг олдига ҳам кираман!
Эрининг дардчил бу гаплари Меҳринисонинг ҳозиргина юрагидаги йиғилиб турган аламли андуҳни тарқатиб юборди. Усмонқулнинг бу эмраниши хотинига таъсир қилди, бошқоронғи хотинларга хос кўнгил бўшлиқ билан ийиб кетди.
– Сарвининг отаси! – хотинининг эркаловчи бу майин овозини эшитиб, Усмонқул ажабланиб хотинига боқди, чакка сочлари тўзғиб чиққан, ғамгин кўзлари ичига ботиб кетган Меҳринисонинг рангпар юзига сўниқ бир табассум ёйилганди. Унинг юпқа, қуришқоқ лаблари хиёл таранг тортилиб, сирли, сеҳрли ва ишвакор нигоҳи беҳад гўзал эди. – Сарвининг отаси! – деди у яна ўша эркаловчи овозда. – Кўнглим, ширинлик тилаяпти, бир ҳафтадан бери асал егим келади.
Пул йўқ деб қўрқманг. Пул ҳам топиб қўйганман. Онамдан қолган ёдгорлик саккиз олчинлик жулқурсим бор. Шуни сотамиз.
Усмонқул ҳаммасига тушунди-ю, қувончдан қичқириб юбораёзди. Лекин энтикканича, хириллаб шундай деди:
– Меҳри, чинми шу гапинг!.. Чин бўлса,.. чин бўлса жонимнинг эвазига бўлса ҳам сен учун асал топаман. Майли, жулқурс бўлса, жулқурс-да!
Усмонқул уйдан чиқиб, Айронтепа томон йўл олганида ой мағриб сари йўл олганди, демак, тун яримдан оққан. У қирчани Оқбурунда тўлин ой ёғдусига чўмилиб ётган Одамбормас даштнинг ўртасидан кечиб, Айронтепа сари кетиб борарди. Отнинг бир маромида йўртиб боришига ҳамоҳанг у чуқур уйга толганди.
У ўй сураркан, даъфатан, аниғи, отаси ўлгандан бери биринчи марта кўксидаги оғриқни унутганди. Тўлишган, тиниқлашган тўлин ой бутун Одамбормас даштини, бу дашт не, бутун борлиқни ўн етти ёшли дуркун қизнинг ҳароратли қўлларидек майин ва ёқимли, субҳидам соғилган сутдек илиқ ва ойдин ёғдуларига кўмиб юборган, табиатнинг фусункор ва эртакдек сеҳрли бу палласида ҳамма гўзал эди. Ҳатто, ҳу ойдин тун ичра уфқ бағрида қорайиб ётган тоғлар ҳам ўзининг маҳобатли залвори билан яқинлашгандек эди, гўё қўл чўзсанг етгудай.
Ёлғиз оёқ йўлнинг икки ёқасида ой нурини эмиб, оҳиста шовиллаётган буғдойзор эса қут-барака қўшиғини куйлар эди. Саҳар кеча ичра чўккан теран бу жимликни идрок қиларкан, Усмонқулнинг хаёли жуда узоқ-узоқларда қолган уруш даҳшатларига кўчди. “Наҳотки, шу дамда дунёнинг қай бир бурчагида қирғин-барот уруш бўлаётган бўлса?! Наҳотки, мана шундай ой нурига чулғанган далаларда инсон қони тўкилаётган бўлса дея? ўйларди Усмонқул атрофга суқланиб боқиб. Лекин начора уруш бўлаётгани, бундай йироқ ўлкаларнинг бошоқли далаларида қон тўкилаётгани мудҳиш ҳақиқат эди. Бу аччиқ ҳақиқатни тан олишдан бўлак йўл йўқ бўлса-да, Усмонқул ўзини чалғитиш илинжида эгардан чўзилиб, бошоқлари секин-секин тебранаётган буғдойзорга бўйнини чўзиб синчиклаб тикилди, лекин унинг кўзлари ўн қадам наридаги нарсани аниқ-тиниқ илғамасди, қулоқлари ернинг, авлод-аждоди суяк суриб ўтган ернинг хўрсинишини аниқ эшитди.
Тўлин ой ёғдусида элиб ётган Одамбормас даштнинг тикка кесиб, Айронтепа сари кетиб бораётган Усмонқулнинг руҳи тетиклашиб, тиниқлашиб борарди. У отаси ўлгандан бери юрагига чўккан ва ёвсиз оғриқ бераётган бир дардни бўғинишга алаҳсиб унутгандек бўлувди. Ҳозир эса, негадир шу топда бу зил-замбил юкдан бутунлай фориғ бўлгандек бўлди.
Нима учун бу далаларда Одамбормас ортидами, ёки?
– Йўқ, бу далаларда қон тўкилмаслиги керак, – деб ўйларди Усмонқул от устида чўнқайиб борар экан. – Бу тупроқни қон билан бўяш-ёвузлик!
Урушнинг ўзи мудҳиш ёвузлик. Ҳаммасига шу лаънати уруш айбдор. Бир ўлган менинг қизим билан отам. Бир жабр чеккан менманми? Шу урушдан озор чекмаган одам бормикан, бу ўлатда?
Уруш – эл бошига тушган азоб-уқубат, синов.
Эҳтимол, отам адашгандир. Каримбек ҳосилот ҳам ундай ёмон одам эмасдир. Одам одамга ишониш керак. Бозоркал алдамас, ахир. У рост айтади, ахир. Гумон – имон! Ҳа, Бозоркал тўғри айтади. Усмонқулнинг давлати ҳам, фарзанди ҳам ҳали олдинда. Меҳри бошқоронғи, унга қўчқордай ўғил туғиб беради. Ўшанда ҳамма андуҳларни унутади. Ҳаммасини ҳозирдан унутиш керак. Унутмаслик, гумон имонда яшаш ношукурлик!”
Оқбуруннинг қадамига мос шу тариқа ўйлаб борар экан, Усмонқул ўзини бир ойдан бери қийнаб юрган азобни унутди, у қасосдан кечди.
Айронтепа этагига етиб келган Усмонқул энг аввал хирмонда кимларнингдир ҳансирашаётганини, сирли шивир-шивир келаётганини эшитди. Кўнглига ғулғула тушган Усмонқул Оқбурунни қичаброқ ҳайдади…
Хирмондаги буғдой ўқмидан ўн қадам берида, хирмон чеккасида турган арава олдида пайдо бўлган отлиқни кўриб, қўли-қўлига тегмай буғдой халталаётган иккала йигит ҳам тош қотишди. Улар жуда секин, эшитилмас даражада ҳансирашарди. Икки от қўшилган аравага ўн халталар чамаси буғдой юкланган эди. Отлар тун ярмидан ошганига қарамасдан қон суриш билан овора пашша ва суналарни думлари билан қувиб, олдинги оёқларини ўқтин-ўқтин ерга уриб депсинарди.
Усмонқул от арава олдида тўхтади ва биринчи бўлиб овоз берди:
– Ов, йигитлар, хўш, бу нима қилиқ?! – деди бақирмасдан, лекин таҳдид билан.
Ўғриларнинг новчароғи энг аввал ўзига келди ва қўлларини бир-бирига уриб, кафтини қоққанича, Усмонқул томон юриб, гап қотди:
– Энди, қоровул ака, биз ҳам бегона эмасмиз, қариндошмиз!
Йигитнинг бу дадил ва эркин гаплари Усмонқулни ҳайрон қолдирди, нима бало ҳаракатидан уни танийдигандек, ким бўлди экан бу қариндош?
– Келинг, аввал кўришайлик! – Усмонқул ҳали бир фикрга келмай, йигит унинг қаршисига етиб келган ва бир қўли билан Оқбуруннинг жиловини ушлаганича, бир қўлини кўришмоққа узатиб турарди.
Усмонқул кўришмоққа қўл узатди. Қўли сиқилар экан, Усмонқул йигитнинг ниҳоятда бақувват ва чайир эканлигини сезди. Лекин йигитнинг қўлини қўйиб юбормай, энгашиб кўзлари ич-ичига ботган қайроқдек иягини қуюқ тук босган, ўттиз ёшлардаги қора тус бу йигитнинг тиржайган афтига синчиклаб қаради. Танимади.
– Хўш, қариндош, бу нима қилиқ?! – деди Усмонқул йигитдан қўлини тортиб олар экан, яна бояга гапини такрорлаб.
– Энди, ака ўзингиздан қолар гап йўқ. Биласиз, ҳозир ингичка узилган, йўғон чўзилган палла. Ишонсангиз ейман, ичаман деган ўн оғиз менга кўз тикиб ўтирибди, – деди йигит ялинчоқ овозда.
– Ахир, сиз ўйлайсизми, элоғаси! Ахир, бу кўпнинг, элнинг ҳақи! Яна гапирмоққа чоғланган йигитнинг гапини чўрт кесди Усмонқул ва қаҳр билан бўйруқ қилди. – Қани, мана бу аравадагиларнинг ҳаммасини хирмонга тўкинг тезроқ, қани бўлинг?!…
Бу далабеги қаёққа кетди экан?!..
Сиз эса, ўтирманг иним, тезроқ халталарни бўшатинг! Бўлмаса ҳозир, ҳув қўшни қоровулларга овоз бераман. Кейин кайфингиз қочади!
Лекин йигит Усмонқулнинг отининг жиловидан тутганча ялина бошлади:
– Жон, ака, келинг, тил топишайлик! Сизниям қуруқ қўймаймиз! Истасангиз, тенг ярим, дангал йигитман!
Бу гапни эшитиб, Усмонқулнинг жони халқумига келди. Ахир, шу ғалла пишиб туриб, отаси очдан ўлди-ку, ахир, шу ғалла пишиб туриб, хотини, оғироёқ хотини уйда очликдан адои тамом бўлаяпти-ку, ахир, шу ғалла пишиб туриб унинг ўзи бутун кун тун бўйи очликдан лаби газариб юрибди-ку, нима деяпти бу ғаламис, ахир, бу Усмонқулнинг эмас, кўпнинг ҳақи-ку!
Усмонқул шиддат билан отдан тушиб, халта юклоғлиқ арава томон юрди.
Худди шу пайт буғдой уюми олдида, халтани ушлаганича, ҳамон тош қотиб турган нариги йигит ёнида, отлиқ пайдо бўлди. Бу ҳосилот Каримбек эди. У Бузтурғайнинг эгарида қодирайганича, жаҳл билан арава томон юрган Усмонқулни тўхтатди.
– Ув, Усмонқул мирохўр, тўхтанг!
Усмонқул овоз эгасини таниди: Каримбек!
Таниди-ю, тўхтаб орқасига ўгирилди. Кеча қанчалик ойдин бўлмасин, у Каримбекнинг юз-кўзини кўрмади. Фақат отлиқ шарпасини англади.
– Мирохўр, гап бундай. Бу йигитлар бизнинг ғузорлик жиянлар бўлади. Иккаласи ҳам гапи қайтмаган ўктам йигитлар. Ишонаберинг қуруқ қўйишмайди, – деди Каримбек ўзига термулиб қолган Усмонқулга қамчи дастаси билан тек қотган йигитларни кўрсатиб.
– Нималар деяпсиз Элбоши! – Усмонқулнинг овози титраб чиқди. Лекин кутилмаганда унинг хаёлига чироқ шуъласида рангги узилиб бораётган касалманд хотинининг “Эртага бозорда жулқурсни олиб чиқинг, зора бироз пул бўлар”, деб ёлворгани тушди. Лекин шу заҳоти у хаёлини йиғиб олдию, баттар миясига қон урди ва бақириб юборди.
– Нималар деяпсиз, ахир… ахир бу кўпнинг ҳаққи-ку?!
Каримбек беписанд кулди ва тишининг орасидан заҳархандалик билан жавоб қилди.
– Нима, кўпнинг ҳақи тутиб оладими?!
Ув, мирохўр кўпни қўйинг, кўпнинг ташвиши бизнинг бошимизда! Сиз ўзингизни ўйланг, ўзингизни!
– Мен билан сизнинг ишингиз бўлмасин Каримбек ҳосилот. Кўп нима бўлса, мен ҳам шуман. Лекин шу мундай эл бошида туриб, эл кўзига чўп суқманг! Ҳа, чўп суқманг! – деб бақириб юборди Усмонқул. Унинг ғазаби қайнаб, кўзлари қонга тўлган эди. У шиддат билан орқага ўгирилиб, арава устидаги халталардан бирига қўл узатди.
Лекин ҳали ушлаган халтасини силкиб, қучоққа олишга улгурмай, елкасини урими майда қамчи чилвири куйдириб ўтди, даҳшатли оғриқдан кўз косалари катталашиб, дардли оҳ тортиб юборди ва қучоғидаги халта оёғи остига сирғалиб тушди. Усмонқул ҳали ўзини ўнгламай туриб, устига Бўзтурғай билан бостириб келган Каримбек оғриқ азобидан қунишиб қолган Усмонқулнинг тирсагидан чапонини чангаллаб чап тақимига босди ва отини зарб билан нуқаб, Усмонқулни улоқ қилиб чопиб кетди. Чопоннинг енги елкасидан узилиб, Усмонқулнинг тирсаги Каримбекнинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетмаганида, Усмонқул от тўёқлари остида қолиши аниқ эди.
Каримбекнинг қўлидан ситилиб тушган Усмонқул, хирмоннинг тўрида тупроқ билан битта бўлиб ётар экан, Каримбек жиянларига буюрди.
– Бўлар иш бўлди. Тезроқ аравани тўлатиб юкланглар-у, ошиб қолинглар! Айтганимни ўша кунга тайин келтиринглар!
Боши гир айланишига қарамасдан, минг бир азобда аранг оёққа турган Усмонқулнинг биринчи ва ҳаётидаги энг сўнгги гапи шу бўлди:
– Йўқ! Кўпнинг ҳаққини ўғирлашларингга йўл қўймайман! Йўл, қўймайман!
Усмонқулнинг бу ҳирқироқ овозини эшитиб, Каримбек шундай ёнидаги буғдой ғарамидаги паншахани суғириб олди, арава томон тебранганича қадам ташлаб келаётган Усмонқул сари, Каримбек қони қайнаб, дарғазаб ҳолда от қўйди.
У қўлидаги паншахани Усмонқулнинг кўксига санчмоқчи эди. Каримбекнинг бу мудҳиш мақсадини англаган Усмонқул жон ҳолатда ўзини четга олди. Каримбек паншахани санчимади-ю, лекин оёғи билан тепиб, Усмонқулни йиқитиб ўтди.
Юзтубан йиқилган Усмонқул, ўзини аранг ўнграганида, бошида от ўйнатганича, ғазабдан кўзларидан ўт сочаётган Каримбекни кўрди.
Каримбек нималардир деб, телбаларча бақириб, қўлларини икки томонга ёйиб, увада чопони ва кўйлаклари парча-парча йиртилиб, кўкси очилиб қолган Усмонқулнинг нақ кўксига паншахани санчди.
Усмонқулнинг бу оламда сўнгги кўрган ой нурида ожиз ялтираб кетган паншаханинг ўткир учи-ю, эшитгани биғиллаб йиғлаётган чақалоқ овози бўлди. Лекин зум ўтмай чақалоқ йиғисини, жон аччиғида ўкириб юборган инсон овози босиб кетди.
Тирқираб оқаётган қон ҳидини сезиб, хирмондаги тўрттала от ҳам бараварига чинқириб, кишнаб юборди.

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 7-8-сон