Қўзибой чолнинг касби бетайин. Бозор кунларида жарчилик қилади. Хусусан, моли йўқолган кишиларга асқатади: «Ўзи ола бузоқ, бир почаси қора, икки яшар! Кимки ушлаган бўлса ё кўрган бўлса, ё боғлаган бўлса, ўттиз сўм суюнчиси бор-ҳо-о!» деб бақира бошлаганда овози етти маҳалла нарига кетади. Қўзибой чол ана шу иши учун мол эгасидан чўтал олади. Бироқ ҳозир бу касбнинг омади кетган; район шаҳарга айланаётгани учун аҳоли кўпайиб, ер тағин торлик қилиб, томорқаларда мол сақлаб бўлмайдиган даражага етяпти. Шунинг учун молини йўқотиб, Қўзибой чолга мурожаат қиладиган кишилар ҳам жуда оз! Бироқ беш-олти йилдан буён Амударё ёқасига яқин кўллар бўйида гуруч етиштираётган корейс ўртоқлар бозорга серқатнов бўлиб қолишган. Улар кузда келиб ётиб олишлари билан токи қишни чиқармай кетишмайди! Шундоқ бўлгач, улар қўшимча дастёрларга муҳтож: келтирилган қоп-қоп гуручларни тушириш керак, расталарга жойлаш керак. Вақти-бевақт уларга чойдан қарашиб туриш лозим. Ишнинг энг қийин ва «сермаҳсули» қишга қолади. Айниқса, саҳар пайтида бозордан баралла кўриниб турувчи тоғлардан шундоқ изғирин эсадики, тоқат қилиб бўлмайди. Шунда бева хотин «жон олов, жон эр» деганидек, сотувчи ўртокдарга кул пақирда келтирилган лағча чўғ жуда ҳам асқатади-да! Бу чўғни уларга Қўзибой чол қилиб беради.
Бозорда бу қариядан бўлак тағин бешта хизматчи бор. Бироқ чол сотувчилар билан тоза элакишиб, мижоз бўлиб кетган. Сўнгра у бошқалардек ортиқча тўнғилламайди, берганини олиб, ҳақига мўл-кўл дуо қилади. Пишиқчилик маҳалида ҳам Қўзибой чолнинг иши кўпайиб, қўли-қўлига тегмай қолади. Ҳали қарасангиз, шартта ёриб еб кетиладиган қовун-тарвуз пўчоқларини челакка йиғиб юради. Ҳали қарасангиз, оёқ ости бўлган узум, помидор, карам пўчоқларини териб юради. Баъзан қўшни мол бозорига ўтиб, тезак ҳам супуради.
Шу иши эвазига бозоркомдан маош олади, хизматчилар рўйхатига «ишчи» деб ёзиб қўйилган. Маошдан ташқари, сотувчиларнинг ҳимматига қараб тушадиган уч-тўрт чақа пул ҳам чолнинг чўнтагига киради.
Қўзибой чол — ориқ, оёқлари чилчўпдек. Юрганда бошини ҳар томонга буриб, худди жарчилик қилаётгандек кескин-қалтис ҳаракатлар қилиб қадам ташлайди. Кишиларга бениҳоя жиддий назар солади. Чойхонага кирса, умрида кўрмаган одами билан ҳам ниҳоятда қуюқ сўрашиб, авлод-аждодларини суриштиради.
Дарвоқе, равоч чиққанда ҳам қариянинг омади юришиб қолади: чунки эшакларида қоп-қоп равоч олиб тушган тоғлик ўртоқлар ҳам Қўзибой чолнинг мижозларидир! Улар район марказидаги аҳоли сингари оғир, «бардошли»мас. Келтирган молларини доналаб сотиб ўтиргандан кўра уни кўтарасига сотиб, ўзларига керакли нарсаларни харид қилиб қайтшпга шошадилар: тоғ узоқ, кечга қолмай қишлоқларига етиб олишлари керак. Ана шунда Қўзибой чол уларнинг бамисоли ҳожатбарори бўлади. Бироқ у бу хил олибсотарлигидан кам фойда қилади. Негаки савдога қизиқиб кетганидан кейин «ўн тийинга бешталаб» сотаётган равочини «ўн тийинга ўнталаб» сотганини ҳам билмай қолади. Шунга қарамай, бу ишни қўймайди. Айниқса, кечаси кинохона ёнида чордани қуриб сота бошлаганида ўзи ҳам жуда мамнун бўлиб кетади, бошқалар ҳам…
* * *
Чолнинг ота авлодидан ҳам, она авлодидан ҳам ҳеч кими йўқ. Шуни эс-эс биладики, болалигида қишлоқларини қуролланган одамлар босган. У сомонхонага бекиниб жон сақлаб қолган. Кейин чорбозорчиларга қўшилиб, кўмир кони яқинидаги қишлоққа борган. Қўй боққан, почтачилик қилган. Бир эшонга мурид тушиб, етти йил унинг изидан юрган. Қўзибой чол бола кўрмаган. Хотини бундан саккиз йил муқаддам ўзининг қўлида жон берган. Хотинининг қабри Қизил Газада. Учига пахта қўшиб ўрилган қуббали жамалаги билан кийгичи ҳамон қариянинг уйида, токчада…
Шундан бери чол ёлғиз. Тўрт йил бўлдики, уни ўлим ваҳимаси чулғай бошлади. Кўзи пишиб кетгани учун ўлимдан эмас, жонкуяри бўлмагани учун ўлганини ҳеч ким билмай қолишидан қўрқади.
Ўлимлигини тайёрлаб, тайинли бир кишига бериб қўйишни ўз бурчи деб билди ва бу йиллар орасида жамғарган пулини Қобил қассобга бериб қўйди. Онда-сонда қассобнинг дўконига кириб: «Қалай, зўрми?!» дея пулнинг омон-эсон турганига шама қилиб қўяди. Қассоб ҳам калта иягини қашиётган бўлиб: «Хотиржам бўл!» дейди.
…Бу йил куз барвақт тушди. Барги пастидан тўкилган дарахтлар учи қонталаш. Чуғурчуқлар сероб. Мезонлар кўп — симёғоч симларида, дарахт шохларида, том бўғотидан чиқиб турган ёғоч учларида. Чумчуқлар ҳам серташвиш. Район кўчаларида одам сийрак. Ҳамма пахта теримида. Қўзибой чол ҳам бир ҳафта теримда бўлиб келди. Жуда яйради! Бироқ қайтиб келган куни кимсасиз бозорга кириб ҳувиллаб ётган расталарни ички бир мамнуният билан айланиб кўраркан, бозор одоғидаги кичкина дарча қаттиқ итарилиб, очилиб кетди. Рўмолининг учини оғзига тутиб олган тўлагина аёл қизарган кўзларини яшириб, дарвозага қараб йўналди.
— Баҳай? Тинчликми? — сўради бозор ишчиси.
— Ў, акажон… Отамни бериб қўйдик. Биласиз-ку, қандоқ одам эди! — келинчак ўтиб кетди.
«Э, мискар оламдан ўтибди-да… Чакки иш бўпти. Ўзи раҳмат қилсин», — деди қария ва бу келинчак ҳақиқатан ҳам мискарнинг келиними-йўқми эканини билмоқчидек, унинг кетидан тушди.
Келинчак чорраҳадан ўтиб, паст кўчага эниб кетди.
Қўзибой чол чойхонага кирди. Кимсасиз, зах хо-нага ўтиб, битта кўкчой буюрди-да, чорпояга чиқиб чордана қурди. Дўпписи устидан қийиқча ўраган Ғозибой чой олиб келган эди, уни рўпарасига ўтқазиб:
— Аттанг-а… мискар ўтипти! — деди. — Дунё шу экан-да, биродар!
Чойхоначи шошиб қолди, суриштира кетди.
— Э, қизишманг, иним, — деди Қўзибой чол бепарволик билан. — Ажал вақтики келиб, ҳар биримизнинг ҳам эшигимизни тақиллатади. Мусулмон одам ўлимни бўйнига олиб қўйгани маъқул… Мени бошқа бир нима ўйлатади, иним! Қодирбой кўп мўмин-мусулмон одам эди. Балли… Унинг иззат-ҳурматини жойига қўйиб чиқарармикан бу келинчак? Шу ёғи мени ўйлатади… Чакки иш бўпти-да! Балким тайёргарлиги йўкдир? А?.. Унда қийин! Иним, ўлим дегани тўй эмас, мен сизга айтсам. Тўй дегани бамаслаҳат бўлади, ўлим туйқусдан келади! Бунинг фарқи катта!.. Аттанг!
Бўшашиб қолган чойхоначи Қўзибой қариянинг узун, оқ оралаган эчки соқоли, чўкик ёноқларига ўйчан тикилди.
— Ота, сўраганнинг айби йўқ. Неча ёшга бордингиз? — сўради у.
Чол талтайиб ҳар тарафга қараб олди:
— Насиб бўлса, менинг ҳисобимда… икки кам етмишга кирдим! Мен билан ўсган мана, Қобил қассоб пайғамбар ёшига борганига нақ беш йил бўлди. Шу ҳисобда уям икки кам етмишга чикди.
Чойхонада одам кўпайди. Қўзибой чол улар билан
сўрашиб, пахтадан олган таассуротларини ҳикоя қилиб хийла ўтириб қолди.
— Э, бу Шоймардон Қудрат деганингиз тоза зўр экан! Десангиз, пайкалда пахта оппоқ бўлиб, шу… чарв мойдек бўлиб оқиб ётибди! Машинаси билан бир ораласа борми, қуруқ ғўзасини кўрасиз! У зўр экан… Ҳалоли бўлсин! Олтита боласи бор экан, хўш… битта қўли чўлоқ. Ўзи анави Шўрчидан бўлади. Қўнғиротдан! Бойсун Қўнғиротидан! Алпомишнинг уруғи-да, барака топсин…
Кечқурун уйга борди. Қўшнининг эчкилари томор-қага кирган экан, уларни ҳайдаб кемтикдан оширди-да, ўйлаб туриб бостирмага чиқди:
— Ҳо-ҳо-о! — деб бақирди. — Бири ола, бири қора эчки кўрган борми? Суюнчисини олиб келавер — ҳо-о! Қўзибой жарчининг маккасини еб юрипти! Барака топсин эгаси-ё!..
Қўшни чиқди, чол билан кулишди. У даҳлизга кираётган эди, йироқдан келаётган йиғи товушини эшитиб, туриб қолди. Хафа бўлди. Сийрак, узун қошларини чимириб, ичкари хонага ўтди. Пўстакдай қотиб кетган палос устида туриб, хонага разм солди. Токчадаги жамалакни кўриб, қўлига олди-да, томоша қилди. Яна авайлаб жойига қўйди ва қорнидан очиладиган ёғоч сандиқ устидан эски жойнамозини олиб тўшади. Тиз чўкиб, роса тиловат қилди. Ўлганларга жаннатдан жой тилади, тирикларга инсоф-адолат… Сўнг пичирлаб: «Э, расули барҳақ! Имонимни бер, — деди. — Бировга ёмонлик қилмадим, бировнинг ҳақини емадим… Тоғлик оғайниларни ҳам алдамадим. Кўпнинг дуосини олдим… Ҳа, фарзанд кўрмадим. Сенга бир ёмонлигим ўтгандир-да… Ўзингга шукур. Қобилбойга ҳам умр бер, бола-чақасининг бошида омон юрсин! Мени кўмсин! Э, Қўзибойнинг ҳеч кими йўқ экан демасин биров!..»
У енгил тортиб қўзғалди. Бироқ ташқарига чиқиб, тағин йиғи овозини эшитди ва тағин таъби кир бўлди. Аллақандай ваҳима юрагига тушиб, тор кўчага чиқди.
Кўчанинг бир боши марказ тарафга кетар, бир боши тошлоқ орқали сойга тушарди. Сойнинг тик қирғоғида қадимги қўрғон вайроналари қаққайиб турар, унинг водийга қараб очилган шинакларини каптарлар ин қилганди. Қўрғоннинг девори устида иккита бола кўринар эди. «Хаҳ, шумтакалар! Йиқилиб тушса, кимга қийин?! Ёш-да, ёш…»
Шу кеча қаттиқ шамол бўлди, чол бекорчиликда экиб, яқинда ўриб қўйган маккажўхориларини ҳар тарафга сочди. Бостирма эшига кўп марта очилиб-ёпилди. Аллақаёқда бир ит узоқ ҳурди, тонгга яқин увлади.
Қўзибой чолнинг таъби баттар хира бўлиб уйғонди.
Шу куни унинг иши юришмади: кеча шамолда тўс-тўполони чиққан бозорни супуриб, супуриндини ахлат қутисига солиб қўйган эди, бир машина тисланиб тўкиб юборди. Чол бозорком раисидан дашном эшитди. У Қодир мискарнинг ўлимига ҳам кечикиб борди…
Кечқурун Қўзибой чол гангиб, қассобхонага мўралади:
— Ҳорманг, уста? Зўрми?
Қассоб гўшт сотилмаётганидан куйиниб ўтирган эди, тумшайди:
— Битта холодильник берса, хотини талоқ бўладими?! Мана, гўшт бузилиб қолса, нима қиламан?
— Э, ташвиш чекманг, — деди Қўзибой чол. — Ҳадемай пахтадан одамлар қайтишади… Буёқда кун совияпти!
— Сиз ҳам гапираверасиз-да!
* * *
Қўзибой чол шу оқшом ётиб қолди. Саҳарда турганда ёмғир шивалаб ёғар, теварак тинч, бостирма биқинига тақаб тахлаб қўйилган сап-сариқ жўхори поялари устида чумчуқлар ғужғон ўйнашарди. Ёмғирда шалаббо бўлган бир ит девор тагида искаланиб турарди.
— Тур! Йўқол! — Қўзибой чол унга кесак отди. Ит кемтикдан ўтиб кетди.
Чол одати бўйича сойга ювинишга тушди-ю, қайтишга мадори етмай қолди. Аъзойи бадани увишиб оғрир, шундоқ тоза ҳаво ҳам унга етишмаётгандек эди. Уйга зўрға етиб келиб, кўрпачага чўзилган эди, кўзи илиниб, туш кўрди. Марҳума хотини эмиш. «Юринг, юринг!» деб қўлидан тортаётган эмиш. Чол уйғониб, бу тушнинг таъбирини ёмон томонга йўйди. Бозорга боришга ҳам ҳафсаласи бўлмади. Айвондаги декчанинг тагига тўртта қуриган ёғочни тиқиб, ичига бир коса сув, картошка билан иккита сабзи солиб, милтиллатиб қўйишни ўйлади-ю, эринди. Овқатга иштаҳаси йўқ эди…
Шу бўйи ётиб қолди. Хайрият, эртасига қўшниси Жамол ака тағин буёққа тушган эчкиларини ҳайдагани кирганида уни кўриб қолиб, уйидан бир коса аччиққина шўрва чиқарди. Қариянинг ичи илиб, сал мадорланди.
— Баҳай, оламда нима гап? — сўради у. — Мен… бозорга чиқолмадим, Жамолбой! Андак тобим айниб ётиб қолдим денг… Шамол тегдими, билолмадим. Хўш?
— Янгилик шулки, район одамга тўлиб қолди, — деди қўшни. — Пахадан қайтишган, бозорингиз ҳам гавжум… Кўчага чиқинг, яхши бўлади.
— Тўғри айтасиз. Ётишдан фойда йўқ!
Қўзибой чол шундоқ дегани билан тушгача кўчага чиқолмади. Кечга томон умрида биринчи марта ҳасса таяниб чикди. Район марказига оралаганда, унинг кайфи хийла чоғ бўлиб кетди… Э! Чол ҳақиқатан ҳам ёлғиз эмас! Ўғли бўлмаса, ўғлидек иззат қиладиган ёшлар бор… Ана, ўзи тенги қариялар ҳам унга иззат-икром кўрсатади.. Шу корейс ўртоқлар ҳам эски мижозларини асти унутишмайди-да; пахтага кетаётган халқ чалғимасин, деб уларга ҳам гуруч сотиш ман этилган эди, яна молларини олиб чиқишибди. Ҳаммаси хурсанд! Қўзибой чол улар билан сўрашиб, чойхонага кирди.
Ғозибой унинг олдига бир чойнак чой қўйиб, афтига тикилди:
— Нима бўлди, ота?
— Э, иссиқ жон… Оллойим севган қулига касал берар экан, иним. Ўлимни унутмасин, мени эслаб турсин деб. Шундоқки, биз ҳам андак ётиб олдик!
У кўчага чиққанида совун, туз харид қилиш учун тоғдан тушган тожик ошналарига йўлиқди. Улар ғоят сўзамоллик билан чолдан аҳвол сўрашди.
— Акун ин сол ҳам чукури мўл мешад! — дейишди улар. — Сизга раҳмат… Бо бизди эсдан чиғорманг, бахудо хапа бўламез. Мана, бир юзу олтмиш панж кундан сўнгра чукури чиқаду!
— Ҳа, ўлимга сабр берсин, ҳаммаси бўлади, — деди қария.
У уйига қайтар чоғи қассобхона ёнидан ўтаркан, дили андак оғриди. Дўстининг хабар олмагани энди ёдига тушди…
— Хўш, тани сиҳатликми? — деди у ичкарига қараб. Йўғон, бақувват қассоб унга ўткир тикилди:
— Ўзингизни олдириб қўйибсиз?..
— Шунчаки…
— Мана, иш ҳам кўпайиб қолди, қўл қўлга тегмаяпти.
Чол йўлда ўзини овутди: «У ишли одам… Ўзидан ортиб боролмаяпти. Ҳозир бировдан гина қиладиган вақтми?»
* * *
Қўзибой чол ўнгланмади. Тағин уч кун ётиб, кўзлари дўлайиб, олти ойлик касалдек бўлиб қолди. Ярим кечада тағин туш кўриб уйгонди ва хотинини эслаб ўтирганди, ташқарида жўхорилар қаттиқ шитирлаб, ит ғингшиди. Сўнг чўзиб увлади, чол данг қотди.
«Ҳе, энди вақт етипти, — деб ўйлади у тўшакда чордана қуриб, энгашиб ўтираркан. — Кун тўлипти энди… Раҳматли кампирим ҳам сезипти. Ана, ит ҳам… Бекорга увламайди-ку? Овқатдан ҳам қолдим… Ризқ-насиба узиляпти. Энди тайёргарлик кўриш керак».
Эрталаб у хотиржам бир ҳолатда ҳовлига чикди. Одамлардан рози-ризолик олиш, қўшниларнинг уйига мўралаш, кейин бозорга бориб, таниш-билишлар билан ҳам хўшлашиш, Қобилбойга учраб, хотинининг қабрини қандай қилиб топиши ва учинчи куни халойиқни чақириб, еттисини ҳам, қирқини ҳам, йилини ҳам бирйўла ўтказиб юборишни тайинлаш, сўнгра бозоркомга йўлиқиб, у билан ҳам видолашишни дилига тугди…
Одамлар ҳам қизиқ-да!.. Қўзибой чол билан видолашиб, ундан рози эканлари, бемалол оёғини узатиб ўлавериши мумкин эканини айтиш ўрнига нуқул кулищди. Ҳатто бир-иккитаси «вос-вос бўпсиз, ўқитинг ўзингизни», деб ҳазил ҳам қилди. Ёшлар эса, дангалига: «Қўйинг-э! Бўйдоқ одам ҳам шундай дейдими? Аввал уйланинг, бола-чақа кўринг, кейин бир гап бўлар-да!» дейишди. Лекин чолнинг букчайиб, беҳол қадам ташлаб кетишини орқадан кузатган баъзи би-ровлар ачиниб хўрсинишди ҳам.
Албатта Қўзибой чол кўпларнинг гапи, кулгисидан мамнун бўлди. Бу нарса ўлимнинг аввал сезилмай келган ҳаяжонини ҳам босди…
Ниҳоят, ёшлик дўсти Қобил қассобнинг дўконига кирди.
— Э, гапирманг-э! — деди у.
— Хўп дейверинг, дўстим! — деди Қўзибой чол курсида қўзғалиб қўйиб. — Менга аён бўлди…
Йўғон ёнғоқ тўнкаси устидаги гўшт парчалари, суяк синиқларини сидириб териб олаётган қассоб унга тикилиб қолди ва бирдан хўрсиниб, скамейкага ўтириб қолди.
Бу бақувват, барваста, соғлом одамга — Қўзибой авваллари ҳам ориқлиги, қотмалиги учун касалдек кўринар, минг сўм пулни келтириб санаб берганида, «шу ўлади-ёв» деб кўнглидан ўтказган эди. Ҳозир унинг ботиб кетган кўзлари, заъфарон юзи, қўлидаги дағал ҳассасига тикилиб: «Ҳа, ўлади», деб ўйлади.
— Шунинг учун, дўстим, — давом этди қария, — мен авваламбор, сиздан розилик олмоқчиман. Сўнгра… андак васиятим бор.
— Васият?!
Қассоб Қўзибой чолнинг пулини ўшандаёқ ишлатиб юборган ва бу одамнинг ҳеч кими йўқлиги, ўзи художўй ҳамда уриш-жанжалдан нари юришини билгани учун ўшандаёқ қувониб: «Бу ўзимники бўлди», деб қўйган эди.
— Ҳа, эсим борида васият қилиб қўяй, дўстим. Бир ҳафтадан бери мазам йўқ! Сиз иш билан оворасиз… Инчунин, ўлиб ўқолганимни билмай қолишингиз ҳам мумкин, лаббай? Шунинг учун ҳар уч кунда анави дастёрингизни юбориб, мендан аҳвол сўратсангиз, ҳақига ўша пулдан бир сўмдан беринг…
Қассоб пиёласидаги чойни тўкиб ташлаб, пештахтани тушира бошлади. Хона қоронғи бўлиб қолди. — Ташқарига чиқайлик.
— Хўп бўлади… Ё сиз ҳам менга ишонмаяпсизми? Ундоғ бўлмасин…
* * *
Ярим соатдан кейин Қобил қассоб дарвозага қараб борар, бозор хизматчиларининг ёрдами билан раста тахтасига чиқиб олган Қўзибой чол кўзидан шашқатор ёш оқизиб, атрофга хира овозда жар солар эди:
— Эшитмадим деманглар! Суюнчиси бор… Қобил қассоб паст одам экан. Мен ўлимлигим деб минг сўм бериб қўйган эдим, тонди! Халойиқ! У пул сизларнинг пулларингиз эди. Менинг ҳалол меҳнатим учун сўмлаб, тийинлаб берган эдингиз. Ана шу одамга бериб, ўлимимга ярат деб эдим… Тонди. Еб кетади энди… Одамлар, Қобил қассоб ҳаромхўр! Одамнинг ҳақини ейди бу… Худодан тилагим шуки, ўлиги кўчада қолсин, бекафан бўлсин, халойиқ… Мени бекафан қилди, одамлар!
Қобил қассоб дарвозадан чиққан жойида орқага қараб чопди. У етиб келганида ёшлар, қариялар унинг йўлини тўсишди. Чолни ҳимоя қилишди. Ишга милиционар аралашди. Қассоб билан Қўзибойни бозоркомнинг идорасига киритиб, сўроқ қилди.
— Бунда пул бўладими, ўзи ўн тийинга зор-ку?! — бақирди қассоб. — Жинни бўпти бу… Олибсотар! Гувоҳинг борми? Асти бировга яхшилик қилма экан… Ҳеч кими йўқ деб дўконга чақирардим, чой қуйиб берардим! Мана, товон тўла, деб турипти… Кетмайди! Ҳақиқат бор!
Орага бозорком раиси ҳам қўшилди. Натижа чиқ-мади. Қассоб қутулиб кетди. Қўзибой ташқарига чиқиб, гужум остига ўтирди.
Жанжални узокдан кузатиб турган — баланд бўйли, қозоқбашара, ўрта яшар Мирғози қассоб келиб, чолнинг тирсагидан кўтарди.
— Ота, хафа бўлманг… Ўлимни ўйламанг… Сиз бекор ғавғо кўтардингиз, шу ҳасса билан бошига солишингиз керак эди.
— Ў, болам…
Мирғози Қўзибой чолни уйига элтиб қўйди. Қўшниларига чолдан хабар олиб туришни тайинлаб қайтди.
* * *
У жимжит уйда, палос устида чўзилиб ётиб, шу фикрга келди: «Бу аҳволда мен қандоқ қилиб ўламан? Асти мумкин эмас, сираям… Мен яна меҳнат қилишим керак. Ҳалол пул топишим керак. Ўлимлик қилишим керак… Ундан кейин ўлсам, бошқа гап…»
У қўшни чиқарган овқатни зўрлаб еди. Ярим кечада туриб, гўшт қовурди. Саҳар уйғониб, сойга тушди. Ювинди. Тетикланиб, кўчага йўл олди…
Қўзибой чол аввалгидек бўлиб кетди.
1975