Самар қоя оралиғидан ўтган сўқмоқдан юриб ялангликка чикди. Ой унинг қоқ манглайида, сояси томон чўзилган эди. Сўқмоқ оқариб кўринади. йўлдан чиқмаса, у тонггача қишлоққа тушиб боради.
Самар яқинда хотинидан ажралиб, бу ёққа келга уни шаҳар ҳам ўзидан бездирган, бу ёввойи тоғ орасида бир-икки ой яшашга қарор қйлган эди. Бир оқшом гаровда ютқазиб, ароққа чув тушди. Дўстининг эътирозига ҳам қарамай йўлга чиқди. Мана, ярим кечадан ошганда чўпонлар овулига қўнди, чалоб қовурдоқ еди ва уларга раҳмат айтиб, яна йўлга тушди.
Самар яланглик ўртасига етиб, ортига ўгирилиб қаради, энди чўпонларнинг ити овозлари ҳам эшитилмас, ўтови олдидаги гулхандан сачраётган учқунлар ҳам тун қаърига ютган эди. Атроф жимжит, сирли сокинлик қўйнида. Узоқда укки сайрайди.
У яна олға кетди. Ялангликнинг адоғида қорайиб қоялар кўрина бошлади. Йўловчи ҳадемай уларга етди. Бу қоялар орқада қолиб кетган тоғдан қулаган, думалаб шу ерга, сой лабига келиб тўхтаб қолган. Ой анчагина кўтарилиб қолганидан метин харсангларнинг сирти ялтирар, пана жойлардаги соя беҳад қуюқлашиб кўринар эди.
Самар қояга яқинлашган ҳам эди, йўлга эгилгай тумшуқда оёқларини осилтириб ўтирган қора гавдани кўрди. У чўчиб кетди, шунинг билан бирга саёҳат-саргузашт талаб кўнглига сирли завқ оқиб кирди; милтиғини елкасидан аста олди.
— Қўрқманг, — деди ҳалиги қора гавда ва енгил сакраб тушиб, Самарга тикилди.
Самар ғайритабиий энтикиб, ўзи жинга ишонмаса ҳам, уни «жин» деб ўйлади. Сўнг бу мудроқ, мунгли ҳаётига ёрқин бир хотира кирганига иқрор бўлди.
— Қўрқаётганим йўқ. Кимсиз?.. Одаммисиз? — деди.
— Кечиринг, — деди қиз шошиб ва Самарни анчадан бери танийдиган одамдек унга яқинлашди. — Мен сизни анчадан бери пойлаб ўтирибман! — давом этди у, — Сиз ўтовдан чиққанда изингиздан мен ҳам чиққан эдим, секин юрар экансиз.
«Қиз… Тушуниб бўлмайди бу халққа!» кўнглидан кечирди Самар ва:
— Нима, сиз шу овулданмисиз? — сўради.
— Ҳа, — деди қиз ва шоша-пиша гап бошлади: — Сиз билан бирга чой ичган чўтир одам бор-ку, дадам мени шунга бермоқчи. Мен хоҳламайман. Мен ўқийман, шаҳарга бораман. Шунинг учун уйдан қочиб чиқдим. Малол келмаса, сизга ҳамроҳ бўлсам?
— Марҳамат, менга барибир, — деди Самар ва унинг юзини кўрмоқчи бўлиб тикилди, қиз кулча юз, шаҳло кўз, ўрта бўй, хипчадан келган, кўринишдан зиёли оилада тарбия топганлиги сезилиб турарди.
— Раҳмат, — деди қиз сўқмоққа тушиб. — Мен шаҳарни кўрмаганман, қаёқда эканини ҳам билмайман. Гоҳо чўққидан қарасам, чироқлари кўп бир жойни кўраман. Шу шаҳар бўлса керак.
— Ҳа, — деди Самар ва хўрсинди: «Эй, қиз, шаҳарда нима бор сенга?»
Самар ҳам унинг ортидан юрди. Бир неча қадам юрмай, йигитнинг кўнгли ғаш бўлди:
— Бу, ота-онангиз нима деб ўйлашади? Бир ўткинчи йигит қизимни опқочиб кетди демайдими? Орқамиздан тушса, шарманда бўламиз-ку… унда ўзингиз биласиз, менинг аҳволим чатоқ бўлади, жанжални ёмон кўраман!
Қиз орқасига илкис қаради.
— Сиз қўрқманг, мен уларнинг шарпасини сезиб қолсам, қочиб кетаман, — деди. – Ўзи шундай дейишингизни сезган эдим… Фақат илтимос, тезроқ юрсак!
— А-а, — деди Самар. — Ишқилиб, жавобини ўзингиз берасиз. Мен… менинг тез юришга мадорим йўқ, чарчаганман.
— Қатдан келяпсиз! Бу атрофнинг одамига ўхшамайсиз-ку?
— Узоқдан. Ҳа, бу атрофнинг одами эмасман, лекин шу атрофнинг одами бўлиб қолишни истайман, синглим.
— О! Бу ерда нима бор! — деди қиз… Ҳамма ёқ тоғ-тепалик! Ҳамма нарса шаҳарда-ку!
— Ҳа, шаҳарда. Боринг, кўрасиз, — деди энсаси қотиб.
— Кўрамиз, кўрамиз, — деди қиз, у бошини буриб, қучоққа сиғмас ойга қаради. Тошга қоқилиб кетди. Кулиб, қаддини ростлаб олди. — Оёғимда калиш, шаҳарликлар кулмайдими?
— Парво қилмайсиз-да, кулсаям.
— Тўғри, — деди қиз бош ирғиб. — Бувим ҳам шундай дер эдилар.
Улар қияликдан пастлаб, ярқираб оқаётган саёз сой бўйига тушдилар! Сув бетига чиқиб турган тошларга оёқ қўйиб ўта бошладилар.
Нариги соҳилга ўтганда Самар шағал устида қизга қаради:
— Синглим, бекор қиляпсиз-да, пушаймон ейсиз, — деди юраги ҳапқириб, — бу жойларни севиш керак. Сиз бунинг қадрини билмапсиз. Бир куни қайтиб келасиз.
— Менми? — деди қиз… — Ҳа, қайтаман… Лекин бир ой-икки ойга.
— Нимага?
— Чунки мен бу ерда яшамайман-да. Бу ерда чўпонлар, подачилар яшайди, қўй боқади, пода боқади. Мен нима қиламан батда? Соғинганда келаман, саёҳатга келаман.
— Сиз кимсиз ўзи?
— Менми? Мен оддий… дадамнинг қизи. Нима ҳайрон бўласиз?
— Худди шаҳарда туғилиб, шаҳарда ўсганга ўхшайсиз?
— Йўқ, шатда туғилиб, шатда ўсганман. Бувим гапириб берганлар шаҳар ҳақида.
— Бувингиз ким? У киши шаҳарда яшайдими?
— Йўқ, Чўлтоқ тоғда… — деди қиз. — Юринг, йўлдан қолмайлик, йўлакай гаплашамиз. Тағин анавилар орқамиздан қувлаб келмасин.
— Тўғри гапингиз.
Сой ёқасидаги ўпирилиб тушган қумлоқ тепага чиқиб, йўлни енгил чангитиб кета бошладилар.
— Синглим, бу юришдан фойда йўқ, — деди Самар. — Йўлдан юрсак, ҳақиқатан ҳам улар етиб олиши мумкин. Четдан юрайлик, сиз яхши билсангиз керак бу ерларни?
— Ҳа, биламан, — деди қиз. — Тўғри айтдингиз, юринг, анави арчазор ичидан кетамиз, ҳеч ким бизни қўрмайди. — Қиз йўлни қолдириб, оқариб турган тиканзорга кирди, этагини андак кўтариб олиб, тиканлар устидан сакрай-сакрай қия бетга ўрлади. Сўнг юмшоқ тупроқда сирғала-сирғала тепадаги арчага етди. Самар ҳам унинг орқасидан чиқиб борди, бу йўл давомида у чарчаганини яна қаттиқ сезди, сони бирдан увушиб таранг тортилди. Йигит эгилиб, уни уқалади, чўзди. Томир қўйворди. Қиз унга милтиқ халақит бераётганини кўриб, деди:
— Беринг милтиғингизни, мен кўтариб юрай. Сиз чарчабсиз, оғирлик қилади.
Самар елкасидан милтиқни олди-ю, қизга тикилиб қаради, кўнглида ғалати шубҳа пайдо бўлди: «Йўқ… бу ерлик эмас бу, — деб ўйлади. — Тилиям, муомаласиям бошқача… Қизиқ, нима қилиб юрибди экан бу ерларда? — Самар баттар ҳайрон бўлди: — Мен эркак бўлсам, сесканмайдими мендан? Ҳеч нарса кўрмагандай келяпти… Бир сир бор!»
— Раҳмат, — деди Самар, — ўзим кўтариб юраман, — у илжайди. — Момонгиз айтган бўлса, йигит кишининг ёнида қиз кишининг юк кўтариши одобдан эмас…
— Ҳа, буниям гапирганлар, яна кўп гаплар айтганлар. Бечора, бир ой бўлди, қазо қилди, — қиз паришон бўлиб, олисдаги уфққа, қора қалам билан чизиб қўйилгандек тоққа қаради.
Сўнг тепалик ўркачидан одимлади.
— Айтмоқчи, анави йўл шаҳарга олиб борадими ё бошқа йўлгаям чиқамизми?
— Ўша олиб боради, — деди Самар.
— Ундай бўлса, ундан узоқлашмай юрайлик-да?
— Дарвоқе, улар қувиб келганда тутқич берадиган даражада яқин бормаслигимиз керак.
Улар тепаликдан қиялаб тушиб, бошқа тепага кўтарилдилар, бундан чиқиш ҳам Самарга азоб бўлди. Сўнгра қоп-қора арча сояси босиб ёттан арнага дуч келишди. Қиз шу арна ёқалаб йўл бошлади. Ўрмон жимжит, гоҳо қаердадир жир-жир қуши учади, унинг янгроқ овози тун сукунатини бузиб юборади. Сўнг яна ўрмонга жимлик чўкади. Фақат йўловчиларнинг қадам товушлари, улар қимирлатиб ўтган шохнинг шилдираши эшитилади. Гоҳо қиз йўлга кўндаланг чўзилган шохни изига қайтариб туради, йигит ўтиб олгач, уни қўйворади ва тағин олға чиқиб, ўткир кўзлари билан бехато йўл топиб боради.
— Ҳм, бир вақтлар бояги сойнинг бўйларида арча ўсарди денг, — деди Самар ва тажангланиб кетди. Техника шу ерларгаям етиб келди… синглим, ана шу ҳозирги шаҳарнинг, техниканинг шарофати. Бора-бора бу техника деган нарса бутун табиатни ютиб юбормаса, деб қўрқаман.
Қиз ҳайратланиб ҳамроҳига қаради:
— Тушунмадим гапингизга, нимага? — деди. Чўлтоқ тоққа биринчи марта вертолёт келганда баъзи одамлар, одамхўр қушлар бу деб қон чиқаришиб, худойи қилибди. Бувим бечора кулар эди… Ҳозир вертолётдан кўпи йўқ. Одам юролмайдиган чўққили тоғга чиқади, геологларга юк ташийди. Бултур қиш қаттиқ келди, кийиклар ҳам ўтовимиз ёнига келиб қолди. Шунда вертолётлар беда-пичан ташлаб кетди. Шу бўлмаганда мол қирилиб кетарди. Шуям… техниками?
— Ҳа, буям техника, — деб қўйди.
— Шунинг учун сиз уни ёмонламанг, — деди қиз йўлида давом этиб. — Бувим айтар эдиларки, одамнинг ҳайвондан битта фарқи бор, уям бўлса ақли, дер эдилар. Рост-да, ҳайвонда ақл нима қилади. Шунинг учун ақл яратган мўъжизаларни ҳурмат қилиш керак дер эдилар… Шу вертолётни ҳам ақл яратган-да? Қани бир айиқнинг олдига шу милтиқни қўйиб кўринг. Ичида ўқи бўлмасаям синдириб ташлайди, негаки, ақли йўқ. Одам бўлса бу милтиқ билан ўзини қўриқлайди, молини қўриқлайди. Милтиқ бўлмаса, сиз ҳам шу юришдан қўрқардингиз… Ўрмонда жондор кўп, силовсин бор, тўнғиз бор.
Самар зимдан теварагига қараб қўйди:
— Мулоҳазаларингиз чакки эмас, сиз ўқисангиз..! ўқиб кетасиз, — деди.
— Ҳа, мен ўқийман, — деди қиз. — Шаҳарни кўраман, дунёни кўраман. Мен тушунмайдиган нарсалар кўп, шуларни тушуниб оламан. Бувим раҳ матлик армонда кетди, икки оёқдан қолмаганимда бу ерга келмас эдим, ўлим қувлаб келди мени, дер эдилар.
— Момонгиз… бу момонгиз ҳам антиқа одамга ўхшайдилар, — деди Самар.
— Ҳа, у киши доно аёл эдилар, — тасдиқлади қиз. — У кишининг аялари отинойи бўлган.
— Наҳотки? — ҳайрон бўлди Самар. — Бу ерлардаям отинойилар ўтганми?.. Сиз алдаяпсиз, синглим, бир сирни мендан бекитяпсиз? Тилингизда бўлса атда, батда, бувим, аям…
— Дукиллаётган нарса нима?
Самар ҳам қўшни адирдан келаётган бу товушни эшитиб, милтиғини ўнглади. Туёқ товушлари борган сари узоқлашиб кетди.
— Тўнғизлар, — деди қиз. — Биз билмаймизу, улар бизни сезишган, қочиб кетди. Ана, айтмадимми ҳайвонлар кўп деб? Милтиғингизни ўнг қилдингиз… Техникани ёмонламанг.
Самар керишди:
— Бўпти, ёмонламайман! — у беҳад ҳолдан тойган эди, томири яна тортишиб борарди; чуқур нафас олиб тўхтади, қиз ҳам тўхтади. Шунда у Самарга яна ҳам сирли бўлиб кўриниб кетди… Энди у бу ғалати қиз билан келаётганига ишонгиси келмади: «Нима, бу тасаввуримми?» деб кўнглидан кечирди. Гўё қизнинг тасаввур ёки тасаввур эмаслигини билмоқчидек, гапида давом этди: — Отинойилар бу ерларда бўлмаган ҳисоб. Менинг тарихдан билишимча, жанубда дин қадим замонлардан бери суст бўлган, баъзи манбаларда бу ўлка одамларини «табар мусулмонлар» дейишади, — у қизнинг диққат билан қулоқ солаётганидан илҳомланиб, сўради: — Табарни тушунарсиз, болта дегани?
— Ҳа, тожикча-да, — деди қиз.
— Мусулмон динини бизга араблар олиб келган, улар қилич, болта, тиғ кучи билан буни аҳоли ўртасига сингдиришга ҳаракат қилган. Лекин бу тоғликлар бўйинларига болта қўйганда ҳам, ўзларининг оташпарастлик динларидан қайтмаган, шунинг учун буларга «табар мусулмонлари» деб ном беришган. Ана шунинг учун бу ерларда исломнинг таъсири қадимдан суст бўлган, синглим… Сиз бўлса отинойи, деяпсиз. Бу сўзни… бу ўлкада эшитиш қийин. Анави ғалати сўзларни қаердан ўргангансиз, ҳайронман!
— Ахир, менинг бувим Парғонадан бўлганлар, бувам Қашқардан қайтаётиб, опқочиб келганлар.
— Э, шундай демайсизми? — Самар қизни ўзига анча яқин ҳис этди. — Тилингизгаям ўшаларнинг таъсири ўтган дейман?
— Ҳа, батдагилар бизнинг гапимиздан кулади, дадам кулги бўлмаслик учун биздай гаплашмайди. Сиз аямни кўрмагансиз, у кишиям яхши хотин.
— Онангиз ҳам билмайдими бундай қочиб йўлга чиққанингизни?
— Ҳа, билмайдилар, —деди қиз олисларга кўз ташлаб. — Лекин у кишиям мени эрга беришларига норизо эди. Дадам мени мактабдан олиб кетганларида уришганлар.
Самар шошмас эди, у чўнқайиб ўтирмоқчи бўлди, бироқ сони қотиб қолишидан қўрқиб, ёнбошидаги арчага суянди, арчанинг чайир шохлари силкиниб, кўтариб қолди.
— Қандай мактабдан?.. Шаҳарданми? – сўради Самар.
— Йўқ, айтдим-ку, шаҳарни кўрмаганман, — деди қиз. — Олатумшуқ қишлоғидан, — у тез-тез гапирди: — Қишлоқда мактаб бор-да! Битта ўқитувчи ўқитади, биринчи синф боласиниям, бешинчи синф боласиниям, мен еттинчига ўтган эдим, мениям шу ўқитувчимиз ўқитарди. Кейин дадам катта бўп қолдинг, деди-да, олди-кетди. Мен билан ўқиган болалар шаҳарга кетишди, у ёқда — интернатда туриб ўқишни давом эттирармиш. Шунда… аям дадам билан уришганди.
— Тушунарли, — деди Самар ва қизга тикилиб савол берди: — Айтинг-чи, синглим, нимага бир ўткинчига эргашдингиз! Мен ёмон киши бўлишим мумкин-ку!
— Йўқ, ишонмайман, — деди қиз. — Сиз гаплашиб ўтирганда, мен чий орасидан сизга қараб турдим, қобил-мўмин одам кўриндингиз. — Сўнг қизнинг овозида бошқа оҳанг пайдо бўлди: — Хўп, ёмон бўлсангиз… қўлингиздан нима иш келади? Чарчаб келяпсиз. Шаҳарлик одамлар қўрқоқ бўлади.
Самарнинг кўнглида қизга нисбатан илиқлик, ҳурмат пайдо бўлди.
— Йўқ, синглим, мен ёмон одам эмасман, — деди у таъсирланиб, — мени турмуш хафа қилган, холос, — шундай деб ўзининг шаҳару маданий оламни ташлаб келганини эслади: — Умуман, киши кам нарсани билгани яхши, — қўшимча қилди у.
Қиз чўчиб қаради:
— Нимага, мен кўп нарсани билгим келади. Қизиқ. Озгина нарсани билиб яшаш… бу зерикарли!
Самар унга ҳавасланиб боқди:
— Нечага кирдингиз! Айтмоқчи, танишмадик ҳам, исмингиз нима, сир бўлмаса?
— Исмим Ҳидоят! Ўн еттига кирдим. Ҳали ёшман:.. Сиз қариб қолган кўринасиз.
Самар кулимсиради:
— Нега, мен… йигирма бешга кирдим. Бу айни йигит ёши.
— Билмадим, — елкасини қисди Ҳидоят. — Қандайдир чолга ўхшайсиз, оғир… Ла-анж. Чарчадингизми чиндан ҳам?
Самар кулди:
— Ҳа.
Яна йўлда давом этдилар. Арнанинг икки лабида тиғиз бўлиб арча ўсган экан, уни айланиб ўтаман деб баланддиги белга урадиган миязорга кириб қолишди. Ўсимликнинг шохлари оёқларига ўралашиб, тақир ерга чиққанларида, этак тарафдан яна туёқ товушлари эшитила бошлади. Бу — бир маромда чопаётган от туёғининг дукиллаши эди. Йўловчилар бурилиб қараб, ой равшан ёритиб турган сой соҳилига отилиб тушаётган икки отлиқни кўришди.
Улар бу кишиларнинг кимлигини аниқ билишди.
— Ана, — деди Самар ваҳима қилиб.
— Ҳа, шулар. Билардим қувлашини, — деди Ҳидоят. — Барибир топишолмайди, бу арчанинг ичидан кундуз куниям топишолмайди. Сиз қўрқяпсизми?
— Йўғ-е, — деди Самар. — Ишқилиб, жанжал чиқмаса бўлгани.
— Жанжал чиқмайди, бизни тутиб олишса, ўзим жавоб бераман! Мен барибир овулга қайтиб бормайман, ё шаҳарга кетаман, ё ўламан шатда… Шаҳарга етиб олсам, бас эди! Кейин мени тутсаям обкетишолмасди. Мени ҳимоя қиладиган қонун бор, а? Милиция…
— Яхши ўқигансиз чамамда?
— Ҳа, яхши ўқиганман… Кейин ҳам яхши ўқийман! Интернатга бораман, атда қизлар ҳам бўлса керак-а?
— Бор, албатта.
— Ана ўшаларнинг ёнида ўқиб яшайвераман. Форма берадими?
— Ўтиб кетишди, — деди Самар гангиб қулоқ солар экан. — Формами?.. Бермаса керак.
— Майли бермаса, бирор ишгаям кираман, — Ҳидоят осмонга қараб гапирарди, у Самарга кўз ташлади: Нима, ишлолмайманми? Ишлайман. Сигир соғаман; пишаман, тери ошлайман! Бунақа нарсани шаҳарликлар билмас эмиш. Ҳақига кийим-бош қиламан!
Самарнинг бу ердан жилгиси келмас эди, биринчидан, анави отлиқларга йўлиқишдан қўрқар, сал ғалати табиатли қиз билан суҳбатлашишга иштиёқи ошиб борар эди.
— Ўтирамизми, Ҳидоят?
Ҳидоят унга илкис назар ташлади:
— Сиз ўзи, жуда ҳорибсиз, овозингиз ҳам хириллаб қопти. Ўтиришдан нима фойда? Қайтамга кейин юролмай қоласиз. Милтиқни беринг менга, оғирлик қилаётган бўлса!
Самар қизнинг гапи таъсириданми вужудида қувват сезди.
— Йўқ, кетдик! — деди. — Қоронғида қишлоққа етиб олиш керак, сизгаям яхшироқ бўлади.
Ҳидоят жилди. Самар ортиқча ҳоримаслик учун савол-жавобни ҳам бас қилди, шунинг учунми ёки олдида беихтиёр сирли бир мажбурият сезаётгани учунми, ундан орқада қолмасликка қарор берди.
Улар арна ёқалаб, тепанинг ўркачига чиқиб боришди. Бу ер гиламдек яланглик бўлиб, тупроғи ўйнаб ётар, қийшая бошлаган ой нурида унда беҳисоб излар кўринар эди.
— Уф-ф! — деди Самар ихтиёрсиз ва ортидаги арчанинг қаттиқ шитирлашидан чўчиб тушди, қўлидаги милтиқни шу ёққа қаратди. Арча остидан отилиб чиққан қуён булар олдидан ўтиб, ўн қадамча наридаги арча ёнида тўхтади. Сўнг яна дик-дик сакраб, ғойиб бўлди.
— Қуён, — деди Ҳидоят. — Тинмайди кечаси билан. Гўштини ёмон кўраман, қип-қизил бўлади.
Самар милтиқни ёнига суяб қўйиб керишди, хўрсиниб олисларга қаради. Қаршида қийшайиб-буралиб, тобора пасайиб кетган арчазор адирлар. Этакдаги д-рани оқиш туман босиб ётибди. Ҳамон каккунинг мунгли сайраши эшитилади…
— Чиройли-я? — деди. Ҳидоят ўша томонларга қараркан.
— Жуда чиройли, — деди Самар. — Мен бир умр шу ерларда қолишни истар эдим…
Қиз йигитга қия қаради:
— Сиз бу ерларда кам бўлгансиз-да, қишда жуда зерикарли бўлади.
Ой ботишига бир қулоч қолганда улар даранинг тугаш ерига етиб боришган, орқадан изғирин эсар, пастликдан элас-элас ит овозлари эшитилар эди.
Самар тўхтаган ерида ўтира қолди, Ҳидоят ҳам ҳансирар эди.
— Пастда қишлоқ борми? — деб сўради.
— Ҳа, — деди Самар ва «мен шу ердан ароқ олиб қайтмоқчи эдим», дея гапини давом эттирмоқчи бўлди, бироқ қизни дам олишга таклиф этди.
— Йўқ, — деди қиз. — Тонг отади ҳозир… Кетиш керак, йўл қишлокдан ўтадими?
— Ҳа.
— Шаҳар қатда ўзи? Шаҳар?
— Шаҳар… — Самар қишлоқ четида оқариб турган тоғни кўрсатди. — Шунинг орқасида.
— Шунақами? Бўлмасам кетайлик, яқин қопти-ку, биратўла ўша ёкда дам оласиз. Дадамлар шу қишлоқда бўлиши керак, бизни пойлаб ётишгандир, шундаймасми? Қишлоқни четлаб ўтамиз-да?
Самар кафти билан пешанасини силади:
— Мен шу қишлоқда қолсам-чи? — деди.
— Қоласизми? — унга шарт ўгирилди қиз. — Нимага келаётган эдингиз ўзи, сиз ҳам сирли экансиз-ку?
— Бир нарса олиб қайтмоқчи эдим, — деди Самар ва қишлоқ четларини қоплаб ётган арчазорлардан қизнинг ёлғиз кетишини ўйлаб, хавотирга тушди. Айни чокда ўзининг унга боғланиб, бу қиз билан йўлакай суҳбат асноси, мудроқ руҳи анча тетикланиб қолгани, У кетса, усиз ўз аҳволини тасаввур қилолмаслигини ҳис этди. Бироқ… унга қол дейишдан ҳам, орқага қайт дейишдан ҳам ожиз эди.
— Ҳидоят…
— Ҳа.
— Ўзингизга эҳтиёт бўласиз-да, синглим.
— Албатта, лекин милтиқ бўлгандамиди. Сизнинг милтиғингизни сўрардиму, ўзингизга керак… Мундай ботирроқ йигит бўлганингизда…
Самар алланечук чўкиб кетди, зўрға ўрнидан турди. Энди ўзи орзиқиб келган бу тоғ-тош орасида пиёда юриш ҳам жонига теккан, асрининг, анави айтмоқчи «ақлнинг» яратган имкониятларига ўрганган вужуди бу ибтидоий ҳаракатни инкор эта бошлаган эди. У шаҳдамлик билан милтиқни узатди:
— Олинг…
— Нима қиласиз, қўйинг! — деди қиз. — Бу қўрқинчли бўлмаса керак… Қишлоқ яқин, шаҳар яқин. Нега менга унақа қарайсиз?
— Ўзи, қарашим шундай. Мен ишонаман, сиз шаҳарга борасиз, ўқийсиз ҳам… Лекин шаҳарда ўзингизга, туйғуларингизга яна ҳам кўпроқ эҳтиёт бўлинг!
— А-а, шаҳардами? Албатта-да!.. Нима, шаҳар ёмонми? Йўқ, шаҳарда одам ақли билан яратган мўъжизалар кўп. Хайр бўлмасам.
— Оқ йўл.
Қиз бошидаги оққина қийиғини қайта боғлади. Ён-бағир тупроғини чангитиб тушиб кетди. Самар ойга қаради, ботиб борар, кунчиқар тобора оқарар эди.
Шунда йигит бирдан безовталанди, унга Ҳидоятнинг нимасидир юққан эди…