Шукур Холмирзаев. Кимсасиз ҳовли (ҳикоя)

— Ой бориб, омон кел, болам. Сендан бошқа суянчиғим йўқ… — Умар ака ўғли Умматнинг кўксига пешанасини ишқаб-ишқаб йиғлар, Ҳосила опа унинг елкаларини силаб-сийпар эди.
— Эна! Ота дейман! Урушга кетаётганим йўқ-ку, келаман! — дерди Уммат ғашланиб ва алланечук қувониб.
— О, болам, мени!..
— Тез-тез хат ёз!
Машиналарга чиқишга буйруқ берилди. Ота-онанинг гаплари адо бўлмай оғизларида қолди. Уммат уларнинг бағридан чиқиб, машина кузовига интилди. Аскар йигитлар аллақачон ўтириб олишган эди. Машина ҳам Умматнинг чиқишини кутиб тургандек жилди.
Умар ака билан Ҳосила опа ҳам бошқа ота-оналар қатори орқага қайтишди. Умар ака шалоғи чиққан «Волга»сига кириб ўтирди. Ҳосила опа ҳам жойлашгач, секин, қўллари қалтираган ҳолда ҳайдаб кетди.
Шу куни улар ишга чиқмадилар. Умматжон ҳарбийга кетмас бўлса, турган гапки, магазинда бўлишарди. Эр-хотин дам олиш куни нималигини билмасди: бирламчи, ишни севганларидан. Иккиламчи, омборда, магазин ортидаги омборда қанча мол бор! Уни Барбосга ҳам ишониб бўлмайди. Нима, бир итни бир нарса бериб ўлдириш қийинми?
Қоровул Қадамбек пиёниста бўлсаям сергак, лекин бари бир… ичувчига ишониб бўлар эқанми!
Хуллас, бугун Умар ака билан Ҳосила опанинг неча-неча йиллар давомида биринчи марта дам олишга чиққан куни эди. Умматжоннинг кетиши керак бўлиб қолди-да. Йўғасам-ку…
Улар ҳовлига етишди. Ҳосила опа темир дарвозани очиб кирди. Ичкаридан ўтиб, ғиштин гараж эшигини очди. Умар ака машинани ичкарига қўйиб чиқди. Ҳовлидаги ғарқ пишиб турган бир туп хурмо тагига — эски чипта креслога ўтириб, бошини эгди.
Ҳосила опа гаражни ёпиб, эрининг қаршисида турган бошқа креслога хўрсиниб чўккан ҳам эди, анча нарида — Умматжон билан Қадамбек ясаган ёғоч катак олдида чўзилиб, ўзларига лоқайд тикилиб ётган Жекка кўзи тушди-ю:
— Вой-вой! — деб чайқалди, — Сиз-да, ўзингиз-да! — деди эрига. — Шуни опқолса бўларди…
— Э, алжима, — деди Умар ака ижирғаниб. — Ҳалиям ақлинг кирмади-кирмади-да. Райком секретарининг ўғли кетаёттанда, ҳазилми сенга…
— Ҳой! — Ҳосила опа кресло суянчиғига мушт урди. — Нега мени нуқул ақлсиз дейсиз? А! Ахир, ўйлаб кўринг ўзингиз…
— Уф! Яна ўша гап… Э, мен ўлай!.. — Умар ака ўрнидан туриб кетди.
— Сизниям топганингиз шу.
— Бўлди-бўлди-и! Ҳозир шу гапларнинг вақтими? Ҳосила опа жимиди. Яна кўзи Жекка тушди.
— Уни ётишини кўринг! Вой…
Умар ака итга гангиб тикилди. Сўнг қошига бориб
398
чўнқайди. Бошини силади. Ит тумшуғини ерга чўзиб кўзларини хиёл юмди.
— Шуям хафа-я! — деди Умар ака.
— Хафа бўлади-да! Эгаси кетди!
— Бунга бир нима бериш керак… Ташвиш билан бўлиб, итни оч қолдирдик.
— Э-э… Ўзингиз беринг.
Умар ака кўксини уқалаб ўрнидан турди.
— Ундай дема, хотин. Замон тинч. Ҳосила опа тағин йиғлай бошлади:
— Бари бир-да…
Умар ака, ниҳоят, қаддини рост тутиб, темир панжарали деразалар тагидан эшик томон кетди. Йўл-йўлакай ахлат пақир ичида тикка турган супургини олиб, ётқизиб қўйди. Уваланган рахлари чаплаб ямалган цемент зинадан кўтарилиб, ёмғир сувидан бўёғи кўчиб кетган эшикни қўш калитда очиб кирди.
Йўлакда ўзини анча бардам сезди. Қандил чироғи ёқиғли қолган экан. Ён деворларнинг зарҳал рангда товланиши, тўрдаги эшикка тутилган япон аждаҳоси оғзини очиб турган ҳарир парданинг жимжималари, полдаги чўғдек гилам унинг кўнглига аллақандай тасалли берган бўлди.
Кейин, у нимага кирганини эслагандек, шошиб туфлисини ечди-да, деворга ўрнатилган қизил телефон аппаратини кўтариб, тагидан бир жуфт калит олди. Тўрдаги эшикка яқин чап эшикни очди.
Бирпасдан кейин у парқу тўшакда, четлари четларига мослаб букланган яшил, силлиқ, ялтироқ эллик сўмликдан бир талайини кафтида силаб ўтирар, лекин кўзлари ёшли эди.
Алланарсани тақир-туқир тушириб-тепиб, Ҳосила опа кириб келди.
— Утирибсиз.
Умар ака беҳол бош ирғади. Ҳосила опа эрининг қўлидаги яшил пулларни кўриб, тилла тишларини шимиб ўйланди.
— Шу пул тузук, — деди. — Ўнталикларингиз ярамайди. Ўтган оқшом сандиқни очсам, ичида мита юрипти. Ким билади ҳали…
Умар ака хотинига олайиб тикилди.
— Ростми? — деди аста.
— Кўринг ўзингиз!!
— Уф-ф.
Пулларда митти-митти ҳашоратдек доғлар кўри-нар, улар жуда беозордек эди. Умар ака сандиққа энгашди-ю, хотинига маъноли қараб: «Бор!» деди. Ҳосила опа ташқарига чиқди. Ғуборли осмонга, темир дарвозага туташ деворга қўшилиб ўсган толнинг сап-сариқ баргларига кўзлари қадалиб ўтганча, шиппагини оёғига илиб-илмай йўлкага тушди.
Хонага қайтиб кириб:
— Ҳеч ким йўқ, — деди. — Лекин шу толни кесиш керак. Кўчадан бир сакраса, қўли етади кишининг…
Умар аканинг қулоғига гап кирмас эди: у юмшоқ тумбада — оёқлари орасида уюлган даста-даста пулга термилиб ўтирарди.
— Шулар, бир қарасанг, оддий қоғоз-а. Гугурт чақсанг, ёниб кетади, — деди, ниҳоят.
— Алжиманг. Алжиб қопсиз.
— Ҳе-е, хотин! — Умар ака қўлларини тиззасига тиради. — Ҳа, айтмоқчи…
— Нима, «айтмоқчи?»
— Бир нима демоқчи эдим.
— Ит! — деб юборди Ҳосила опа. — Шунинг борига шукр.
— Ҳа… Вей, нимага овқат бермаяпсан ҳалиям? Яна эсли дейди ўзини.
— Хўп, буларни… — Ҳосила опа пул уюмига тикилди-да, бирдан титкилай кетди: пачкаларни олиб, ўнгу сўлига қарайди. Негадир ҳидлаб ҳам кўради. Баъзи доғли, эзилганларига кўзи тушса, бурнини жийиради. — Бари бир, — деди кейин, — элликталикка айлантириш керак.
— Аҳмоқ, ўнталикда гап кўп! — деди Умар ака. — Бор. Итга қара.
— Соб қўйинг жойига.
Умар ака бош ирғаб, тағин энгашиб олди.
Бу пуллар унга… уларга осонлик билан келмаган.
Рдамларни алдашнинг ўзи бўлмайди, ҳар дақиқада юрагингни ҳовучлаб турасан; ОБХСС бор, милиция, журналист деган бир балолариям бор… Тўғри, айримининг томоғига ташласанг, лабини ялаб чиқиб кетади. Лекин шундаям қўрқиб турасан: кўнглида нима бор — ким билади.
Оддий харидорларнинг ичидаям оласи учраб туради.
Бу пуллар ўз-ўзидан келмаган, шуни деб эр-хотиннинг умри совурилди ҳисоб…
Қуриб кетгур айрим база бошлиқлари ёмон-да!
Э-э, ҳаммасининг оғзига бир нарса тутишингга тўғри келади, ҳатто юк ортувчиси ҳам умидвор.
— Ҳой, Жек овқат емаяпти.
— Нимага?
— Мен қайдан билай! — Ҳосила опа шундай деб, яна кўзига ёш олди. — Умматжон бўлса…
Умар ака шоша-пиша пулларни сандиққа ташлади.
— Шубангни ол! — деди жаҳл билан. — Ўшани чиқарганинг учун бунга ҳалигилар тушган!
— Қиш келяпти деб…
— Бари бир киймайсан-ку?
— Уйда кияман!
Умар ака мийиғида илжайиб, чиқиб кетди. Ҳосила опа ёшлигида ўйинчи бўлган. Ўшанда роса кийиниб юрарди. Умар акаям уни ўша кезлар роса ўйнатган ўз дойрасига…
Ўшанда у киши… ёш йигит — дойрачи эди. Одам бошда тутган касбини унутолмас экан. Ҳосила опа баъзан хуши келганда, яъники, мўмай пул қўлга кирганда: «Битта чертинг-э, йигит!» деб қолади. Умар ака чилдирмани тиззасига тираб қўйиб, билагидан чиққанча қотиб қолган қийшиқ қўли билан чалади.
Отаси дойра чалиб, онаси ўйин тушганда Уммат-жон ётиб-ётиб куларди. Булар хафа бўлишмасди. Умматжоннинг кулгиси беғубор эди. Унинг кулгиси сабаб буларнинг завқи ошарди. «Чертинг-э, йигит!» — дерди Ҳосила опа баттар авжланиб.
Жек ҳамон тумшуғини чўзиб, кўзлари мўлтираб ётар, олдидаги сирли косада турган колбаса кесимларига қарамасди. Умар ака тағин унинг бошини силади. Ит қулоқларини бўйни томон пасайтириб, кўзларини хиёл юмди, холос.
— Тавба! — Умар ака инқиллаб ўрнидан турди. — Э, хотин! Қорни очса, ейди.
— Ҳа, мен ҳам шуни ўйлаб турибман.
Йўқ, Жек бошқа қайтиб овқат емади. Ҳафта охирида ўлди.
Умар ака билан Ҳосила опа Жекнинг ўлимидан қаттиқ қайғуришди. Умматжон Жекни яхши кўрарди.
Кетар олдидан ити билан роса ялашиб-юлқашган, ҳаттоки катагини ҳам янгилаб берган эди.
Бу фожиани унга сираям билдирмасликлари керак: хафа бўлади, тағин хафачиликда бирор ишкал чиқармасин.
Ҳар қалай, бу аҳволнинг ҳам табиий чораси топилди: магазин омборидаги Барбоснинг бир бола-сини Қадамбек орқали топиб келтирдилар. Ажаб! У Барбосдан ҳам кўра Жекка кўпроқ ўхшаб кетарди.
Ҳосила опа ҳовли девори устини айлантириб тиканли сим билан ўратди. Бу анча хунук эди; нимаси биландир қамоқхона деворларини эслатарди.
Бироқ… олам ҳодис, бир нима деб бўлмайди.
Ичкарида анча мол бор…
Сандикдаги пуллар — уларнинг бир улушй.
…Энди булар тарихидан икки шингил сўзлаш ҳам мумкинди. Умар ака ўн олти ёшида отасини поезд босиб кетгач, ундан мерос қолган дойрачиликни касб қилган — райондаги халқ театрида бироз ишлаб, ке-йин саёқ отарчиларга қўшилиб кетган эди. Кўп юрди, кўп топди, топганини совурди. Албатта, у пуллар суюқ аёллар йўлига кетди.
Бу орада Фарҳод канали қурилишида ҳам бўлди. У ерда дўкончилик қилиб юрганида, бор молини бир кавказлик ошнаси уриб кетиб, ўзи у совға қилган бир папоғу бир ханжар билан қолди. Хайрият, соғ чикди.
Кейин яна дойрачилик…
Иттифоқо бир қиш музда сирғалиб йиқилиб, қўли билагидан чиқиб кетди. Табибга солдирган эди, қийшиқ битди. Кейин тўғрилатаман деб ногирон қилиб қўйди.
Бу унинг учун фожиа бўлди: дойрани илгаригидек зўр чалолмас эди…
Ўшанда бир ўйинчи қизга кўнгил бериб, у — «тегарман», бу — «оларман» бўлиб юрган эди. Уйинчини топиш осонми! Тўй кўп маҳали эди. Излаб-излаб маъшуқаси хизмат қиладиган отарчиларни топди. Лекин қиз кетиб қолган экан.
Таваккал қилиб, уйига борган эди, бир пўрим би-лан ўтирган экан. Уни «эрим» деб таништирди. Умар индамай чиқиб кетди.
Тентираб юриб, шу районга келиб қолди-да, очнинг кўнгли ҳолвага кетибди дегандек, қўғирчоқлар дўконига кириб қолди.
Қараса, мудира кўзига танишдай. Бир замонлар ўз дойрасига ўйнатиб юрган Ҳосилахон…
Сўрашдилар. Умар унга аҳволини айтди. У дўкон ичкарисига киритиб, олдига ул-бул қўйди. Ишдан кейин, бир оз-бир оздан ичишди. Кейин Ҳосила дангалига шундай деди:
— Менга уйланасанми? Умар ўйланди:
— Одаминг йўқми?
— Афтимга қара.
Эртасига Умар унга уйланар бўлиб шарт қўйди:
— Оёғингни қийшиқ боссанг ўласан!.. Кейин, мени «сиз»лайсан.
Ҳосила йиққан бисотини сарфлаб анча тузук тўй қилди. Умар унинг бир холасидан қолган ҳовлига «йиғилиб» борди. Кейин, Ҳосила тўйда бош бўлган магазин директоридан илтимос қилиб, эрини ҳам қўшни нон дўконига ишга олдирди.
Умар савдо ишидан хабардор эди, эплаб кетди.
Ойдан ой, кундан кун ўтиб, булар бир магазинда ишлай бошладилар.
…Умматжон беш ёшга кирганда, Ҳосилага ҳозир ишлаётган магазин директорлиги тегди. Салдан кейин директорликни эрининг номига ўтказиб, бошқа ҳамма ишни ўз қўлига олди. Магазин катта. Учта бўлими бор: бирида мебель сотилади, бирида — газмол, яна бирида — рўзғор буюмлари.
Қўлларида ўзларидан бўлак яна учта қизча ишлайди.
Тўғри, бу магазинни олиш осон бўлмади. Ҳосила бултур урилиб кетган шаҳар савдо бошлиғига кўп нарса ваъда қилган эди: уни узгунча бўлари бўлди.
Лекин, кейин…
Улар ишга пишиқ-пухта эдилар: икки савдо ходимининг тили бир бўлса, кўп иш қилса бўларкан.
…Қисқаси, уларнинг имони ҳам, умрлари маъноси ҳам пул бўлиб қолди. Планни бажариш — би-ринчи ўринда, албатта. Бироқ магазинга боришдан мақсад — бугун нима тушади, деган талабни қондириш, холос.
Бироқ улар камтар, кўринишда камсуқум, кўпчилик ўртасида кўзга ташланмасди ҳам.
Қадамбекни алдаб-сулдаб ҳайҳотдек ҳовлисини сотиб олишгач, энди орзу-ҳавас кўйига тушдилар: пишиқ режа билан иморат бошлашди. Дарҳол унинг атрофи хом ғишт билан ўралиб, ички томон цемент сувоқ қилинди. Иморат битгач, деразаларига ичкаридан темир панжаралар ўрнатилди.
Бунга анча харажатга тушдилар.
…Бу ёкда Умматжон ўсиб келарди.
Энди улар бошлашди.
Пул, пул, пул…
Унинг йўлида виждон, андиша, одамийлик — сариқ чақа.
Агар уларнинг моли текширилса, шу районда эмас, қўшни районларда ҳам «ёмонотлиқ» бўлиб, бир «Жигули»ни вариллатиб юрган манман деган олифта магазинчининг молидан ўн чандон кўп чиқади.
Лекин булар камтар — фақир: харидорлар билан етимчадек муомала қиладилар.
Улар кулгини яхши кўришади. Кундузлари ишлаб, тунлари тотли суҳбат асносида, кимни қандай «туширганлари», кимга чап берганларини айтиб, харидорларнинг устидан кулишади. Ўзлари доно, ақлли. Чунки улар пул топиш йўлини билишади. Уларнинг пуллари бор!
Кейин… истиқбол ҳақида ширин хаёл суриш бош-ланади.
Умматжон! Умматжон!..
Мана, Умматжон ҳарбийга кетди. Унинг ити ҳам ўлди. Ўрнига келтирилган кичик Жек гуриллаб ўсяпти… Эр-хотин эса магазинда: харидорларни алдашяпти, улар устидан кулишяпти… ўзларига ола қараган битта-яримта шубҳали «хит»нинг кўнглини ҳам овлаб, кейин шубҳалари қийноғида ҳам қолишяпти. Энди уларнинг ашаддий душманлари — ОБХСС одамлари ё милиционерлар ёки журналист, ёки шубҳали шахсларгина эмас…
Улар ҳаммадан қўрқишади.
…Умматжон кетгандан бери бир йил ўтди. Ундан хат келиб турипти. Хизмати чегарада. «Сизларни со-ғинаман. Лекин бу ерда қолиб кетишим ҳам мумкин», деб ёзади. Кейин, албатта: «Маҳаллага салом, Қадамбек бобога салом… Жекка салом!» дейди.
Умар ака билан Ҳосила опанинг қувончлари!.. Кейин унинг «қолиб кетишим ҳам мумкин» деган гапидан ғоят ҳайрон бўлишиб, бир-бирига тикилиб қолишади.
Ҳолбуки, Умматжон болаликдан ота-онасини ҳайрон қолдиришни яхши кўрарди. Баъзан шкафга кириб олиб, уларни кунлар сарсон қилар, кейин чиқиб, қаҳ-қаҳ уриб куларди.
Эътироф этиш керак: у содлд, қинғирликдан йироқ йигит эди.
Булар каби ота-онанинг боласи ундай бўлмайди, деб ўйлаш мумкин. Лекин гап шундаки, Умар ака билан Ҳосила опа кўпчиликда қолдириб юрган «яхши» таассуротларини ўғилларига қолдиришни истамаганлариданми, ўз қинғирликларини Умматжондан зинҳор яширишар, боланинг назарида, ота-онаси сутдек оқ, мусичадек беозор эди.
Ҳа, улар қандай камтар, камсуқум.
Ишдан бошқа нарсани билишмайди…
Бир куни кечқурун «субботник»дан қайтиб, барг ёзиб қолган хурмо тагида, креслоларда ҳорғинликдан маст бўлиб ўтиришар, Ҳосила опанинг овқат қилишга ҳуши йўқ, ўртадаги учоёқли столчада таомнинг «қуруғи»дан колбаса, яхна гўшт, икра бор эди.
— Қаранг, шу хурмо «одам» бўлди-я!
— Э! Ҳозир Тошкентдаям ўсяпти.
— Енг энди!
…Таомлардан чўқиниб, қоринларини «алдашгач», илиқ кўклам офтобида мизғигилари келиб тураркан, ўртада беозор суҳбат давом этди:
— Баҳор ҳам ўтиб кетяпти!.. Биз магазинга қамалиб ётибмиз.
Умар ака жавоб бермади: у темир дарвоза тагида қулоғини динг қилиб ётган Кичик Жекни кўрсаткич бармоғи билан имларди. Ниҳоят, амр оҳангида;
— Же-ек! — деган эди, авлоди бўрилардан айниган, бироқ эгасига биниҳоя содиқ овчарка учиб келди ва Умар аканинг тиззасига суйкалиб, унга порлаб турган кўзларини бир муддат тикди-да, аста ерга бағрини бериб ётди. Умар ака уни силаб-сийпади. — Хотин, худди Катта Жекнинг ўзи-я! Ё қудратингдан!
— Умматжон келса таниёлмайди, — деди Ҳосила опа.
— Лекин отпускага келса, бари бир билади…
— Унда майли!
— А-а… унгача буям тўппосдай бўлиб қолар.
— Эшшакдай бўлади, денг… Вей-вей ҳозироқ… афтига қаранг. Ундан ҳам зийрак!
— Барбосдан тарбия олган-да.
…Бундан тўрт ойча муқаддам Қадамбекнинг масла-ҳати билан Барбосни ўн кун кундузи уйга келтириб қўйиб, ундан гўё ҳадис оддиришган эди: Барбос ҳовли саҳнига қўнган мусичани ҳам қўймас, нари кўчадан бир шарпа эшитилса ҳам дарвоза тагига бориб писиб ётарди.
Ўзи, ажойиб ҳайвон-да, бу зот! Итни ўзимизда одамлар ҳурксин, ҳовлини қўрисин, овози чиқса, ўғри ҳам қочади, деб сақлашади кўпинча.
Бу жнивор эса — худди бўрининг ўзи: на ҳуради, на одамни қўрқитади. Индамай ётса-да, важоҳатини кўрган одамнинг имони қирқ газ учади.
— Ҳой, сиз бир нарсани ўйлайсизми ҳеч?— сўраб қолди Ҳосила опа. — Умматжон армиядан келса…
— Нимани ўйлашим керак? — деди Умар ака. — Келиши шарофатига ресторанда зиёфат қилиб берасиз…
— Ресторанда?
— Рес-торан-да! — уқтирди Умар ака. — Ҳали ҳаммани шу ерда тўплаймиз, деб ҳам қоларсиз?
— Йўғ-э…
— Сен менга шуни айт, уни қайси ўқишга жойлаб қўйишимиз керак? Ўғлинг анча содда…
— А-а, уни биламан.
…Умматжоннинг соддалиги маҳалла одамларига ҳам беш қўлдай аён, уни кўплар мақташар эди. Ўзи ҳам катта-кичик демас, бемалол аралашиб кетаверарди.
Умматжон Қадамбекка ҳам ёқарди. Йигитча унга уйларидан газак ўғирлаб обориб берар, унинг алкаш-чалкаш гурунгларини ғоят қизиқиш билан тингларди.
Умар ака ирғиб турди.
— Ўзи келсин!.. Дийдорига бир тўяй! Бас… Кейин айтганини қиламиз! Боримиз ўшаники-да!
— Ўшаники!
— Эй, уч-тўрт йилдан кейин магазинни топширсак…
— Ундай деманг! — деди Ҳосила опа кўзлари ола-кула бўлиб. — Кейин нима қиламиз?
— Ақллиман дейсану ўйламайсан…
— Хўш?
Умар ака турди-турди-да, кулиб юборди.
— Ўзим ҳам билмайман.
…Шундан кейин улар бугунги ҳашар ҳақида, район прокурорининг немисча мебель керак, деб илтимос қилгани, ундай мебелдан бир эмас, бир нечтаси дўкон ортидаги омборда тургани ҳолда, унга «йўқ» деганлари ва ундай мебель келиши ҳамон у кишининг уйига телефон қилишларини айтганларини. Эслашиб кулиб ўтиришди.
— Лекин ўзи яхши одам-а, — деб қолди Ҳосила опа.
Умар ака хотинига ола қаради:
— Ҳа, ёшгина йигит…
— Тавба! Қарисангиз ҳам қуйилмайсиз-да!
— Йўқ, ўзингизга боқинг…
— Хўп. У ёмон одам!
— Бу бошқа гап.
— Бир келиб қолганди-да.
Умар ака итни яна бир оз силади-да, чуқур хўрсинди.
— Одамнинг-ку, яхшисиям кўп, — деди аста. — Лекин сен, мен шундай жойдамизки..
— Тушунаман-е!
— Ўгмишимизни эсла…
Ҳосила опа эрининг гапини ўзича тушунди:
— Яна бошлаяпсизми?
— Оббо! — Умар ака яна кулиб юборди. — Ҳали айтдим-ку, ишдан чиқсак деб…
—Хўш?
У мийиғиди кулди.
— Илгаригидек… яшаб кетаоламизми? — Кейин дарҳол хотинига қаради. — Йўқ, — деди. — Ҳозир, шукр, обрўйимиз ҳам бор. Ҳе, илгариям…
— Кўряпсизми, давлатнинг, халқнинг савдосини деб, ейиш-ичишимизда ҳаловат йўқ дедим, Хушбековга.
— Сен боплайсан аммо-лекин!..
…Орадан яна бир йил ўтди. Умар ака билан Ҳосила опанинг юриш-туришида илгари кўрилмаган бир шошқалоқлик пайдо бўлган, бунга фақат Умматжоннинг келиш муддати яқинлашгани сабаб, деб бўлмас, ундан каттароқ пинҳоний сабаблар ҳам борга ўхшарди.
Тўғри, Умматжон чегарада хизмат қилаётгани учунми, йўл узоқ, бир йўла битириб бораман, деб отпускага кемади. Шу боис Умар ака билан Ҳосила опа тоза диққат бўлишди, сал нарсага бир-бири билан айтишиб қолган пайтлари ҳам бўлди. Бу — бир. Кейин буёғи — савдонинг ҳам мазаси қочди. Мол кўп, харидор кўп, лекин кимдан оларингни билмайсан. Текшир-текшир… Харидорларнинг ҳам тилгинаси чиқиб қолган, бир тийиннинг устида минг марта ўлиб-тирилади. Савдода икки хил барака бор, бири — давлату халқники, иккинчиси — эплаган сотувчиники. Шу иккинчисига путур етди-ю, ваҳимаси ҳам эр-хотинни тентиратиб, асабий қилиб қўйди. Энди унча-мунча танишга ҳам «ака-ука» деб ўтиришмас, мабодо магазинга тумонли кириб қолса, иккиси бир оғиздан «талаб беришарди».
— Гап борми? Айтинг… Йўқ, биз сиз ўйлаганлардан эмас!.. Ишонмасанг, ана ОБХССга бор, мелисага бор!.. Бизлар бир ойликхўр одамлармиз! Савдодан ёмонлар, устига қўйиб сотарлар чиққан бўлса, чиққан! Бизга нима!..
— Мана, бизнинг туриш-турмуш!..
Ҳалиги одам бундай гапни эшитгандан кейин изза бўлиб чиқиб кетарди.
Эр-хотин эса, шу асно ўзларини янада доно ва удда-бурро сезишарди. Ақчалари кўпайгандан кўпаймоқда: ўнталик қизил пуллар яшил элликталикларга айланган, энди ўн қатор даста билан бир қатор дастанинг бўйи тенглашиб қолган эди.
Эр-хотиннинг пулга муккалари билан кетишига сабаблардан яна бири — вақтнинг зиқлиги, ҳарна, уларни бу ерга боғлаб қўйишгани йўқ, бир кунмас-бир кун ишдан кетишлари тайин. Бошқа сабабларини билгич одамлар бундай таърифлашади: пул — балойи азимки, домига тушган кимса ўзини тўхтатолмайди.
…Бир куз кечаси. Йўлакларда дарахтлардан тўкилган япроқлар шилдираб югуришар, эсаётган шабада жуда ёқимли эди. Кичкина шаҳар аҳли уйқуга кетиб қолган. Фақат кўча соқчилари, маст-аластлар ҳамда вокзаллардаги автобус ва поезд кутаётган йўловчилар уйғоқ.
Тошкент поездидан бир неча аскар болалар ҳам тушишди. Аксарини кутгани чиққанлар бор экан — улар тўхтаб қолишди-ю, бир йигит чамадонини енгил силкитиб, перронга чиқди.
Атрофга қаради. Бекатга борди. Одам кўп. Хиёбон оралаб пиёда кетди.
У райондаги энг йирик магазин олдидан ўтаётиб тўхтади-да, гулзор четида, чўткачиларнинг бошпанасига ўхшаб турган ёғоч уйчага қаради. Унда чироқ бор эди.
У илдам ўтиб борди.
— Қадамбек бобо!
Буклама каравотда энгашган кўйи ухлаётган қария чўчиб бошини кўтарди. Қўли ёнбошида ётқизиб қўйилган милтиққа югурди.
— Танимаяпсизми? Умматжонман-ку, мен! — деди йигит. — Э, яшанг-е! Тоза маст бўпсиз… Бермайман энди! Сизга деб «Перцовка» олиб эдим.
Чол туриб, кўзига ёш олди.
— Афв эт, бўталоғим! — У қаттиқ интилиб, Умматжонни қучди. У бети, бу бетидан ўпди. — Ўтир, ўтир, бўталоқ… — Ўзи ўтира солиб, гап бошлади. — Сени соғинар эдим! Мени ҳурмат қилардинг, биламан…
— Албатта ҳурмат қиламан!
— Кам бўлма! — Чол шундай деб, бошини эгиб бир зум жим қолди-ю, бирдан хуррак торта бошлади.
…Умматжон бирпас жилмайиб турди. Кейин тислана-тислана узокдашди.
Уммат яхши хизмат қилиб, кўп нарсани кўриб, етилиб, кўп нарсага фаҳми етар бўлиб қолганди-ку, бироқ ҳалигача соддалик, беғуборлик ва болаларча шўхлик уни тарк этмаган эди…
У уйларига етиб, дарвоза тирқишидан қаради. Ҳеч нарса кўринмади. Ота-онаси ё дарвозада тирқиш ҳам қолдиришмаган, ёки ҳовли чироғи ўчиқлиги учун шундай «кўринди».
«Нима қилай? — деб ўйлади. Қўли электр қўнғироққа чўзилди-ю, ортга тортилди. — Сюрприз қиламан!»
Сўнг дарвоза тагига энгашиб қараган эди, ниманингдир пиш-пиш этгани эшитилиб, юраги қинидан чиққудек бўлиб кетди.
— Жек, Жек! — деди.
Дарвоза ғалати тирналди-ю, жимиди.
— Э, Жек оғайни! — деди-да, девордан ошиб тушиш учун тисланиб қаради. Кўча чироғи нурида ҳарбийликдан таниш тиканли сим кўринди. — Оббо!..
Отам ҳам, онам ҳам қизиқ-да! — деди-да, қўнғироқ тугмачасини босди.
Болаликдан таниш қўнғироқ оҳиста жиринглади. У кута бошлади; бошқа сас эшитилмади.
«Қаттиқ ухлашипти-да», деди-ю, ҳайрат билан эс-лади: олдин ҳам бир неча шундай овора бўлган эди.
Умар ака билан Ҳосила опа кечаси эшик очишни аллақачон тарк этишган эди.
…Умматжон яна девор бошларига қарай кетди-ю, бирдан кўзи толга тушди. «Ў-ў!» деб юборди. Сўнг ўйланиб, чамадонини гараж устига отди: ҳали олади. Олмаса… бир ҳисобда олмагани ҳам тузук. «Ўғри тунади», дейди, уларни бир оз қўрқитади, кейин…
Қаҳ-қаҳ отиб кулади.
У шаҳд билан толга тирмашди-ку, лекин бўлмади — этиклари тийғонди. Сўнг югуриб келиб, бир сакради-да, шохга осилиб олди.
У девор устида!
Ана, ҳаммаёқ барала кўриняпти.
…У пастга қаради; ҳовлилари. Секин симдан ўтиб, бир қўли тол бутоғидан тутди-да, пастга сакради. Шу… бир бало гарданидан босди.. Типирчилаб ағдарилган эди, бўйнига ёпишди.
Ҳосила опа, одатда, вақтли уйғониб, ҳовлини бир кезиб чиқар, кейин, чой қўйиб, Умар акани уйғотарди.
Бугун ҳам барвақт ташқарига чикди-ю, ҳовли юзида ётган, чайналган аскарча шапкани кўриб қолди. Гангиб бориб, эгилмоқчи бўлиб турганида, худди биров унга: «У ёққа қара!» дегандай бўлди.
Қараб…
…Хотинининг бўғиқ овозидан уйғониб кетган Умар ака ҳам шошиб ташқарига чиқди. Зинадан тушганда, кўзи уйқудан аримаган эди.
Ниҳоят у ҳам…
— О, болам!.. О, мен!.. — дея олди.
Кичик Жек, зўр иш қилгану эгасидан сийлов-сийпалаш ва яна алланималардан умидвордек хурмо тагида чўнқайиб ўтирарди. У Умар аканинг ҳам йиқилганини кўриб, қўзғалди. Аста юриб келиб у кишини, сўнг Ҳосила опани ҳидлаб кўрди.
Кейин, тол тагига қараб қўйиб, яна хурмо остига борди-да, чўнқайиб ўтирди.
1984