Йилқибой Тўхлиевнинг Илаш деган акаси бўлган экан. Подачилик қилиб, подага эшак, эчкиларни ҳам қўшиб боқаверган экан.
Йилқибой уни кўрмаган.
Бир куни туман қалин тушганида Наимнинг хўтиги подадан қайтмапти. Наим Йилқибойларнинг уйларига уч-тўрт марта келипти, Илашни ҳоли-жонига қўймапти, оталарингнинг қулоқ бўлиб кетгани сенларга каммиди, деб дўқ-пўписа ҳам қилипти. Илаш эшагини миниб, Наимнинг хўтигини қидира кетипти. Шу-шу, дом-дараксиз кетган экан.
— Тоға, нонга қаранг…
Хаёл суриб ўтирган Йилқибой сесканиб бошини кўтарди.
Ҳамма дастурхондан бир нима қидираётгандек, унга жим-дим тикилиб ўтирарди, дастурхонда нондан бўлак ҳеч вақо йўқ эди.
Йилқибой кўзларини қисиб, лабларини йиғиб олдинга чўзди-да, ўйлаб ўтирган фикрини тилига чиқарди:
— Э, бегонанинг…
Давранинг тўрида сийрак соқолини озғин бармоқлари билан сийпалаб ўтирган етмиш ёшлардаги бир чол сўз демай, ҳайрон бўлаётгандай унга оғзини очиб қаради.
Йилқибой сўзининг давомини айтолмай… ўйлаб қолди.
Жиянлар илкис чўчиб тушишди.
Йилқибой хатосини тўғрилашга мажбур бўлди.
— Почча, сиз ўзимизники… қариндо-ош! — деди.
Чол ишонқирамаётгандек ғилтиллаб турган кўзларини Йилқибойга йириброқ тикилди. Йилқибой бу қарашга дош беролмаётгандек, кичик жиянига қараб, шоша-пиша гапирди:
— Сен, Ёзибек, Тошкандга борсанг…
— Майли! — рози бўлди Ёзибек, нима гап-сўзлигини суриштириб ўтирмай, лекин бирортасига артист-партист гаплашиш керакдир, деган тусмолда: — ўзимизнинг қизиқчилар… — дея энди сўз очган эди, тоға чўрт кесди:
— Артисни бошингга урасанми ҳозирги вақтда? Гапим гап: ақлинг бўлса, уларнинг орасига тушма. Ҳозир Тошканга тоғангни олиб келгани борасан.
— Тоғамни?
— Ҳа. Илаш тоғангни!
Шу маҳал остона томондан кампирнинг оҳиста инграгани эшитилди.
— Ака-а-м!.. — базўр сас чиқарди у. — Тири-ик!..
Бошқа сўзга ҳоли келмади, шилқ этиб йиқилди.
Чолнинг кўзлари пирпиради.
Тоға-жиянлар саросар ўринларидан туришди, кампирни суяшди.
— Опа! — безовталаниб чақирди Йилқибой. — И-и-и… Сизга нима бўлди?
Ўғиллар унинг бетига сув сепишди.
Кампир сал-пал ўзига келди:
— Аёғининг тагига сийниси ўлсин! — деди.
Йилқибой ҳовлиқиб хато қилганини пайқади.
Шундаям сир бой бергиси келмай:
— Ҳа-а, туринг энди! — деди ўзини аччиқлангандай кўрсатиб. — Худо денг, акамизни топиб келайлик…
— Эртаю кеч Худо дейман, обло дейман, — кампир кафтларини ёзиб, тепага узатди. — Тирик эканини кўрсам бас эди. Илойим, Наимнинг гўри куйсин, дейман, авлод-аждоди рўшнолик кўрмасин.
Кампир Наимнинг авра-астарини ағдариб яна хўп қарғади, кўнглини бўшатиб олсин, деб унга индашмади.
Чол ўзича ғўлдираб қўйди:
— Юртда одам қолмагач, тўнғиз тепага чиқади.
Йилқибой Ёзибекнинг қўлига бир журнал тутқазди:
— Мана бу ерини ўқи, — деди, чамаси, ёд бўлиб кетган саҳифани тез-тез варақлаб очаркан.
Ёзибек ўқиди: «Қадимги ёдгорликлар».
— Пастроғини, — тушунтирди Йилқибой. — Шуни ёзган одамнинг исм-шарифини ўқи.
Ёзибек ўқиди: «Тўлқин Тўхлиев, археология фанлари номзоди».
— Исми бўлакча-ку! — деди ҳайрон қолган катта жиян, тилининг остига носвой ташларкан.
— Ўша! — деди кулли ишонч билан Йилқибой. — Фақат бу акамнинг ўзи эмас, унинг ўғлими, неварасими бўлиши керак. Фан номзоди деганми? Ҳазилакам одаммас, шекилли.
— Ўша пайтларда Илаш тоғамни ўн уч-ўн тўрт ёшларда бўлган, дейсизлар. Наҳотки, шу ёшда ўзининг уйини топиб келолмаса? — деди Ёзибек.
— Барибир ўлган дейсанми? — деди Йилқибой чақчайиб.
— Йўғ-э!
— Жа-а ақллисизлар-да, жиян!
— Қўйсангиз-чи…
— Тоғаларингда… орият кучли эди.
Кампир аралашди:
— Мирзали амаким пермага мудирлигида ҳар куни кўчада дошқозон осдириб, оч-яланғочларга бир косадан кўча оши бердиртирарди…
— Ҳаром оши… — дея чол ўзича тўнғиллаганди, уни ҳеч ким эшитмади, эшитса ҳам эшитмасликка олишди.
— Қозоннинг атрофини бола-чақа босиб кетарди-ей, — давом этарди кампир. — Илаш акам… яқин йўламади. Бир коса ёвғон келтириб қўлига тутқазишди, олмай тураверди. Ахийри, овқатни қайтариб олиб кетишаётганида чидолмай йиғлаб юборувди.
Чол мамнун бўлгандай кўринди.
— Энди-и, унақа орият-порият, номус-помус деганларингиз расму русумдан қолди, — деди катта жиян.
Чол қия қараб қўйди.
— Хўтик-пўтигинг билан қўшмозор бўл, дейиши керак эди, — деганича Ёзибек акасига ҳамфикр эканлигини билдирди.
Чолнинг қовоғи осилиб кетди.
— Элнинг хизматидаги одам бундай деёлмайди, — деди Йилқибой негадир бўшашибгина.
— Элингиз кимиди?
— Буни сизлар биласизлар! — деди Йилқибой ранги гезариб, унинг кўзларида аллақандай ўт ёниб ўчди.
— Бас энди, — деди гарданини қаший бошлаган чол тўнг овозда, ҳеч кимнинг афтига қарамай.
Ҳаммалари пусиб қолишди.
— Йўқса, эрта-метан йўлга чиқавер, — деди бироз жимликдан сўнг Йилқибой Ёзибекка қараб. — Қўшилишиб борардиму аптобусда юролмайман, кўнглим ағдарилади. Мана пул, беш юз. Етадими?
— Қўяверинг, ўзимда бор.
— Олаверсанг-чи, такси-паксига асқотар.
— Бошқа одам бўлса-чи?
— Барибир олиб келавер. Фамилия бир-ку, уруғдош-да!
— Қизиғакансиз, тоға. Шаҳарликларнинг феълини билмайсиз. Ичи торроқ бўлса, остонасидан ичкари ҳатлаганиям қўймас…
— Қўяди! — деди собит ишонч билан Йилқибой. — Билиб қўй, Тўхлиев у! Тўхлиевлар уйига келган одамни меҳмон қилмай, иззат-икром кўрсатмай жўнатмайди.
Чолнинг қовоғи осилди.
Йилқибой кетишга чоғланиб, чол билан, опаси билан хайр-хўшлашди. Жиянлар уни ташқарига кузатиб чиқишди.
— Тайёргарликни кўраверай, — деди Йилқибой Ёзибекка. — Насиб этса, келишларингга катта тўй қилиб юборамиз.
— Бўпти-да…
Катта жиян ҳам топшириқ олди.
Йилқибой кетди.
Ёмғир кучайди, туни билан тинмади.
Эртаси куни қуёш юз кўрсатди.
Чол ҳовли ўртасидаги кундага ўтириб, исина бошлади.
Ёзибек Тошкентга кетди.
Чол кўзларини қисиб қуёшга қараганча ўй ўйлашга тушиб кетди.
Орадан икки кун ўтгач, Ёзибек бир ўзи сўппайиб, ҳафсаласи пир бўлганча қайтиб келди.
— Тополмадингми? — деб сўради Йилқибой уни кўриши биланоқ, ҳол-аҳвол сўрашни ҳам унутганча, ранги ўчиб жиянига умидвор термулди.
— Топдим… Фақат ўзини эмас, — деди Ёзибек ишшайиб.
— Ие!..
— Ишхонасини топдим.
— Уйига бормадингми?
— Уйи йўқ экан. Муносиброқ жой тополмай, ҳар кимларникида ётиб юраркан.
— Ие!..
— Командировкага кетганмиш, икки-уч ойсиз қайтмасмиш…
Йилқибой индамади. Унинг бу жавобдан қаноатланмаганлиги аён бўлди.
— Қаерга кетибди? — деб сўради бирпасдан кейин.
— Сибирга!
— Ҳа-ай, жаҳл қилма…
— Ростини айтяпман.
— У ерда нима қиларкан?
— Билмадим, билмади-им, тоға, — деди Ёзибек. — Ишхонадагиларнинг айтишича, уруғдошларини қидириб кетибди.
— Ие!.. — Йилқибойнинг оғзидан яна шу сўз беихтиёр чиқиб кетди.
— Сибирдаги аллақайси дарёларнинг бўйларида қадим-қадимлардан уруғдошларимиз яшаган экан, ўшаларнинг изларини қидириб, археологик қазишлар олиб боргани кетибди, — деб тушунтирди Ёзибек.
— Ана холос, бундан чиқдики, у ёқлар билан ҳам алоқамиз бор экан-да, — деди Йилқибой.
— Шунақа, шекилли, — деди Ёзибек ва чарчаб келганлигини баҳона қилиб, кўздан ғойиб бўлди.
Кечқурун Йилқибой уйига меҳмон йиғиб, уларга ҳам зиёфат, ҳам гурунг берарди.
— Об-бо қисталоқ-ей, келиб-келиб бизнинг уруғларимизнинг излари Сибирда топилиб ўтирсая!.. Бировга айтсанг, ишонмайди, Сибир қайдаю Пастқўрғон қайда?! — дерди у қайта-қайта.
— Ўша сиз айтаётган уруғдошларингиз чукчалар бўлиб чиқмасин тағин? — дея сўз қўшди кимдир ҳазиллашган бир оҳангда.
Кулги кўтарилди.
— Мурод девона ҳам ўша ёқларга қайси бир вақтлар ёнғоқ, майиз олиб бориб уч-тўрт йил қолиб кетувди, қариндошларини топиб олган экан-да! — хулоса чиқарди бошқа биров.
— Мурод девона билар экан-да.
Йилқибой негадир малолланди.
— Э, силарми, — дея қўл силкиб ғўлдиради-да, мезбонлигини ҳам унутгандай уйдан чиқди-кетди.
Кўп ўтмай меҳмонлар ҳам қўзғалишди.
“ЎзАС”дан олинди.