Шойим Бўтаев. Қодир девкор (ҳикоя)

Одамнинг ўзи ҳеч нарса эмас, ҳамма гап — ишда.
Гюстав Флобер

Ҳамсуҳбат топилса, қишлоқда тўпланиб гурунг қиладиган жойлар бор. Ҳу-ув тепаликлар ҳам хўп роҳатижон. Ўша ерларга ё ҳеч кимнинг кўзи тушмайди, ё гурунгбоп жойлигини хаёлларига келтиришмайди, хуллас, биров дарвозаси оғзидаги супачада ўтирганича ўтган-кетганни тутиб олиб лақиллайди, ичидагини тўкиб солади — шундай қилмаса мудҳиш кору ҳол рўй бериб ёрилиб ўладигандек. Ундайларнинг кўзига «иссиқ кўринган» йўловчига инсофу сабр-тоқат берсин.

Уч-тўрт йил бурун кўча адоғида янги магазин ишга тушганди. Қишлоқ аҳолисига яхши бўлиши баробарида бир гуруҳ бекорчихўжа қаланғи-қасанғиларнинг ҳам куни туғди. Эртадан кечгача магазиндан чиқишмайди. Дераза токчасидами, бошқа жойдами остларига қоғоз тўшаб, ўтирадиган жойлариниям тайин қилиб қўйишган. Зерикишса, магазин ичида жувозга қўшилган отдек айланишади, минг марта кўрган матоҳларини, латта путталарни қайта кўздан кечиришади, титкилашади. Сотувчиниям, харидорларниям жонларига тегиб кетишади. Аччиқланиб ҳам қолишади. Олди-қочди гаплар ўтади орадан. Улар елкамнинг чуқури кўрсин шу магазинингни дегандек тўрсайишиб, умрбод қайтиб қадам босмайдигандек, димоғ-фироқ қилиб чиқиб кетишади. Э, хайрият-э, дейишгаям улгурмай қолади киши. Эртасига аҳвол яна ўша-ўша — ҳеч нима кўрмагандек, узун-қисқа бўлиб кириб келаверишади. Ҳеч кимдан ҳайиқишмайди. Фақат… узоқдан Қодир девкорнинг қораси кўринди дегунча пўнғиллаб сўкинганча кўздан пинҳон бўлишади, жуфтакни ростлаб қолишади. Пайқамай унинг нигоҳига дуч келишса, бошлари балога қолади, эшитмаганларини эшитишади.

— Ҳайф одам! — дейди девкор ачитиб. — Қиладиган ишларинг, борадиган жойларинг қолмадими? Хотин, бола-чақали эмиш тағин булар! Ўл-қўй баринг!

— Оғзингизга қараб гапиринг, нега ундай дейсиз? — битта-яримта ботирроғи ботиниб девкорга сўз айтишга журъат этади.

— Нима дейин йўқса? — Қодир девкор кесатади. — Яша, ўғлим, дейинми? Яша, ўғлим! Сўлоқмондай бўб ана шундай юраверинглар. Узоқ яшайсанлар… Тавба, санлар ўзи қаердан келиб қолдиларинг?

Қодир девкорга улар шу магазин қурилиб ишга тушгандан сўнг пайдо бўлишгандай туюлади.

Магазингаям чиқмай қўйди.

Энди чиқса, қишлоқ ўртасидаги тепачага боради. Кўм-кўк ажриқлар қоплаган баҳор ойларидаям, чанги чиқиб, эзғиланиб-уваланиб, тақир бўлиб ётганида ҳам тепача — унинг ягона борар жойи эди. Шу ер тузук. Тенгқурлари бор. Ғийбат кам.

Бугун тепачада янги гап бўлди.

Девкор даврадан бир четда, каттакон бошини солинтириб, томирлари бўртиб-бўртиб чиққан қўлларини тиззалари кўзига тираб, чордона қуриб ўтирарди. Аллақандай зил-замбил ўй-хаёл оғушида, нохуш кайфиятда эди.

— …Оқтангиликлар ниятларини ёмон қилишди, — деди кимдир. — Ҳар банданинг умри узун бўлсин-у, аммо-лекин, яна юз йил, икки юз йилда ҳам қабристонларининг деворини йиқитмаслик керак эди.

Шунда Қодир девкор бошини илкис кўтарди. Қулоқлари динг бўлди. Сергак тортди. Барибир бу гапни ким қўзғаганини англолмай қолди.

— Тўғри. Хосияти йўқ бунинг. Қирғин-ўлатни чақиргандай гап-да!

— Қўйинг, қирғин-ўлатни тилга олманг. Ниятни яхши қилинг.

— Биззи ният яхши бўлмай сиззики яхшими, оқсоқол, ўттиз йилдан буён партия аъзосиман…

— Шу ергаям партияни суқмангда.

— Мажлисда гапирганингизда айтардингиз.

— Қўйинглар шу майда гапларни. Оқтангиликлар ҳақиқатан ҳам, қабристоннинг буғдойзорга туташ кунчиқар томонидаги нақ уч юз метр пахса деворни бузишиб, беш олти гектар ер қўшиб олаётган эмишлар…

— Обод қилишмоқчидир?!

— Жой каммиди?

— Нима қилсалар ўзларининг ихтиёрлари…

Қодир девкорнинг қулоғига бошқа сўз кирмади.

Оқтанги қишлоғи қабристонининг пахса деворига қўли теккан. Манаман деган белчиям бас келолмайдиган пахсачи Аҳмад Кўчакка лой олиб берган. Сўкиш эшитган. Қўл силтаб кетмоқчи бўлган. Раҳматлик Аҳмад Кўчак кўп ғалати одам эди. Ўзи оқсаброқ юрарди-ю, девор устига бир илож қилиб миниб олдими, бас, шундай тез силжирдики, кўрган одам ҳайратдан ёқа ушларди. Оёғингни товони билан тепиб-тепиб пишитилмаган лой узатсанг, у ўша лой билан башарангга солиб қолишдан тоймасди.

— Мени мазах қиляпсанми а?! — деб қичқирарди. — Шу лой деворни ушлайдими, уваланиб кетмайдими? Кўзингга қара, товон билан бос, товон билан, бир четдан майдалаб кетмон билан ағдариб чиқ…

…Қодир девкорнинг пешонаси терчилаб, юраги шиғ этиб кетди, беором тепа бошлади. Лекин ҳозир гап пахса уриш ҳақида эмас, ҳовлиқиш ноўрин. Бебилиска ўрнидан турди. Ҳовлисига етдию бир зум не қиларини билмай серрайиб қолди. Сал ўзига келгач, этакроқдаги ўзи барпо қилган боғчага йўл олди.

Қораси ўчиб кетган қушлар яна пайдо бўлишибди. Қулоғи остида ўша сўз: «Оқтангиликлар қабристон деворини бузишибди!»

Дарвоқе, ким айтди буни? Мирзо Бадалми? Кал Давронми? Ўйлаб-ўйлаб тополмади — боши оғриди. Қандай бузишганини — трактор солишганми, кетмон уришганми, лом ишлатишганми — сўраб, билиб олса дуруст бўларкан.

«Э! — ботиний хитоб янгради қалбининг туб-тубларидан. — Менга барибир эмасми?!»

Кампири бир йилдан буён тўшакдан узилмайди. Шунданми, Қодир девкорнинг соқол-мўйлови бу вақт мобайнида оппоқ оқарди. Бир йил деганиям кўп экан-да! Илгарилари, ёшлик дамларида зувиллаб ўтиб кетаверарди. Юрагингнинг бир четида эртага етаманми-етмайманми, деган гумон ётса, бир куннинг ўзиям мангуликдек туюлаверар экан. Бир йил-а!.. Кўз остлари қорайиб чўкди, ажинлари чуқурлашди, ёмон чарчади — ҳар нарсани ўзига қаттиқ олади, асабийлашади, кимларгадир заҳрини сочгиси келади. Уни Эргаш дакангдан бўлак эшитадиган одам йўқ. Дакангга гапирдинг нимаю гапирмадинг нима — тушунмайди, сен боғдан келсанг у тоғдан келади, ҳовлиқади…

Қодир девкор уйга қайтди. Остонадан ичкари ҳатладию ранг-қути ўчди, қум оқарди. Кампирини кўргани қариндош-уруғлари келишган. Оқтангидан. Эвини қилганда-ку, улар билан ўтирмасди-я! Фурсат ўтганди. Меҳмонлар кўришиш учун ўринларидан қўзғалишди. Қодир девкор улар билан истар-истамас, совуққина омон-эсонлашди. Ўтирди. Поччаларининг феъли ҳўйини яхши билишарканми, келганлар ҳам индамайгина жойларига чўкишди.

Ноқулай сукунат чўкди. Оғиз жуфтлашга ҳеч ким ботинолмаётгандек эди.

Оппоқ сочлари ёстиққа тўкилиб, шипга қараб ётган кампирининг синиқ юзига ер остидан нигоҳ ташлаб, девкор беихтиёр унинг бир вақтлар санамараста қиз бўлганлигини ўйлади. Хаёлидан узуқ-юлуқ хотиралар соясигина тутқич бермай изма-из ўтиб кетди. Гўё у кўз очиб ўзини соқоли кўксига тушган, мана шу эскигина чопонда ўтирган қўллари қадоқ чол — девкорлигича, кампирини хира кўзларини шипга қадаган, кўрпа ёнида шалвираб ётган қўллариниям кўтаришга қурби етмаётган кампирлигича кўргандек эди. Ёшлик — чақмоқ. Ялт этиб пайдо, ялт этиб ғойиб. Бу чақмоқ шуъласида кўзга ташланиб қолган қандайдир манзараларгина қалбида муҳрланиб қолганидан Қодир девкор оғир бир ўкинчни ҳис этди.

Пахса деворларгина берўёдек. Ҳар куни кўради — ўйлар, қўралар, қўтонлар; ҳар куни эшитади девкор урган пахсалар хитой деворлардан қолишмайди, қойил аммо-лекин, шунча ишни қандай бажарган экан-а?! Шералиев деган бир муаллим уни мақтамоқчи бўлиб, сиз пахсадан ўзингизга ҳайкал қўйгансиз, деганида девкор анча ранжиган, одамни таъмагирга чиқармоқчи бўласан-а, деганди…

Айтганча, кампирининг қизлик исми нима эди? Қирқ йилдирки сўзласа кампирим деб сўзлайди, бировлар ҳам кампирингиз дейишади…

Кампир…

Қанча уринмасин, исмини эслолмади — кампир!

Ўй-хаёлга берилган кўйи бошини эгиб ўтирди-ўтирди-ю, бир маҳал беихтиёр тарзда, эшитилар-эшитилмас қилиб:

— Гулсум! — деб юборди.

Ичимда айтдим, деб ўйлаганди, ҳамма эшитди. Қодир девкор ўзини ноқулай ҳис этди. Кампири эса кўз қири билан унга ажабсиниб қаради. Ҳеч нарса демади — мажоли етмади. Чол ҳайрон бўлди, назарида, кампирининг ўзидан тортиб унинг қавму қариндошларигача бу исмни эслолмагандек бўлиб туюлди.

Индамай қўяқолди.

Гулсум — эртакдаги қиз. Ой юзли, сочлари тақимига урган. Ортидан қанчани эргаштирган, адаштирган ҳурлиқо, малак…

Кампир — девкорнинг ўзидай, баданиям тупроқранг, тупроққа ийланган, тупроқдай содда… Умр йўлдоши… Ёстиққа тўкилган сочлари девкор ҳақида сўзлаб бериши мумкин.

Девкор ҳақида. Ўттиз йилдирки, бу лақаб унинг исми ёнига тахтага урилган михдай қоқиб ташланган. Биров, Мирзо Бадалми, Эргаш дакангми, Кал Давронми — кимлиги эсида йўқ, ишқилиб ўшалардан биттаси, қишлоқнинг оғирини енгиллатишнинг нақ ярми Қодир девкорнинг елкасида деган. У уй ҳашарларидаям ишни энг қийин жойдан — бурчакнинг деворини тиклашдан бошлайди. Қарабсизки, ҳаш-паш дегунча юқоридаги синчга етказиб қўярди. Том битар маҳали полвон хокиниям у кўтариб чиқади.

Эргаш даканг баъзан ўзини унга чоғлайди. Қаерим кам дегандай бўлади. Енг шимариб бошқа бурчакдан тушади. Девкорнинг ярмича ишиниям қилолмай пастда қолиб кетади. Кейин чамаси ўзини оқлаш учун бўлса керак, зўр келса ойим чучкирибди, қабилида унинг таърифини қила кетади:

— Мана-а, ме-ен! Бўйим икки ярим қулоч, холавачча! (Эргаш даканг учун ҳамма: эркакми, аёлми, ёшми, қарими — фарқсиз, холавачча бўлади!) Йигирмата девингга лой олиб бериб шошираман, лекигин Қодир девкорнинг якка ўзиё мени силламни қуритади, холавачча! Девингга жинлари, парилари ёрдам берар, ҳайбаракаллачилик қип туришар. Қодир девкор мунча кучди қайдан олган? Кампири ётганидан буён чойиниям ўзи қайнатиб ичади яна! Билмадим холавачча, билмадим. Бор, ўзидан сўра.

Эргаш дакангнинг Қодир девкор билан қалинлиги бир қишлоқ тупроғини ялаб ётишганидагина эмас. Улар бегона юртлардаям анча йиллар бирга-бирга мардикорчилик қилишган.

Эргаш даканг томоқ қириб, мўйловининг иккала қайрилма учини бармоқлари орасида товлай-товлай ҳикоясини бундай бошлайди:

— Шу десанг, Қодир девкор билан пахтакор юртларга мардикорчиликка жўнадик. Елкада хуржун, бошимизга қийиқ боғлаганмиз. Кирза этик оёғимизда. Йўл-йўл беқасам чопон эгнимизда. Кетяпмиз, кетяпмиз — дунё кенг экан-да! Автобусда икки соатча юрдик. Ана ҳозир ернинг нариги четига чиқиб қоламиз деб ўйлайман. Қайда, кейин қанча пиёда юрдик ҳам, ернинг чети кўринмайди: ҳаммаёқ дашт, чўл. Шўр босиб ётибди. Кун иссиқ. Иссиқ ҳам гапми, қайнайди. Юриб юриб, бир чойхонага қўндик. Чой буюрдик. Анча кутдик, дараги йўқ. Бир йигит келди. Ёшгина. Чоч қўйган. Кўйлагининг олди очиқ бўлсаям ҳаммаёғидан шаррос-шаррос тер қуйилади. Биз бўлсак кирза этикда, бошга қийиқ боғланган, эгнимизда чопон — ўтирибмиз бамайлихотир, ҳеч нима кўрмагандек. Ҳалиги йигит биз томонга қараб-қараб қўяди де, холавачча. Охири чидаб туролмади шекилли, олдимизга келди, салом берди, ўзи ёшгина, чоч қўйган…

— Чопонларингизни нега ечмай ўтирибсизлар? — деб сўради у.

— Нега ечиб ўтиришимиз керак экан? — деб биз ҳам сўрадик.

Йигит ўнғайсизланди.

— Кечирасизлар, исиб кетмайсизларми демоқчи эдим, — дея одамга ўхшаб сўради. Юзидан ҳамон шаррос-шаррос тер қуйилиб турибди.

— Бизнинг чопон булоққа ўхшайди, холавачча! — дедим.

Унинг оғзи очилиб қолди.

— Нима? — ҳайрон бўлганича яна сўради.

— Бизнинг чопон булоққа ўхшаб қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади, — дедим. Қишда танча, ёзда шийпон деб, янаям соддароқ қилиб тушунтирдим.

— Ҳа-я… — деди йигитча чўзиб.

Бу орада чой ҳам келиб қолди. Чойни қайтариб, индамай ҳўплайвердик. Ҳалиги йигитча ҳам олдимиздан кетмайди.

— Сенга нима керак, холавачча? — деб сўрадим.

У қизара-қизара, ўнғайсизлана ўнғайсизлана отаси мардикор топиб келишга юборганини айтди. Отахонлар, сизлар ёрдам беролмайсизларми, мардикорни кўрсатсангизлар, деди. Икки-уч кундан бери иш қидира-қидира жонимиздан тўйиб бўлгандик, суюниб кетдик:

— Мана биз мардикор! — дедик бараварига.

Ўша йигитчага эргашдик.

Бир яйдоқ даштга етаклаб борди. Хайрият, бу ерлар унча шўрлаб кетмаган экан. Кафтдек соясига ўтиргани на бирор дарахт кўринади, на мундай ҳовуз-повуз. Икки учтагина уй қаққайиб турибди. Шамол қўзғалиб, жин тўполон авжига минди-ку!..

Бу тўполон сал тингач, йигитча ертўлага ўхшаш кулбадан отасини эргаштириб чиқди. Мунақа қурумсоқ, кўзлари чақчайган чолни биринчи кўришим. Эркак мастон дунёда бўлса ана шу, деб ўйлайди киши.

— Иккита уйнинг деворини уриб, лойшувоқдан чиқариб берасизлар, бўлди, устини ўзимиз ёпиб оламиз. Гувала тайёр, — деди у худди хизматкорларига иш буюраётгандек.

— Ҳақи қанақа бўлади? — деб шартта сўрадик.

У ие, ҳақ ҳам оласизларми, дегандек, аввалига ҳайрон бўлиб қаради. Сўнгра қув-қув йўталди, оғзига тўлган балғамни бир четга туфлаётиб:

— Эл қатори-да, — деди.

— Биз сиззи элингизни билмаймиз, — дедик биз. — Ўзимизнинг эл қатори бўладиган бўлса, минг сўм берасиз.

Чол чайқалиб кетди, холавачча. Қўл-оёқлари титраб, боши қалтиради. Мунақа қурумсоқ, битини сиқиб қонини ялаганни дунё дунё бўлиб кўрмаган. Худди биззи қўлимизга минг сўмни тутқазиб қўйгандек, шуни аламига чидай олмаётгандек:

— Минг сўмга тўртта уй қуриб оламан ўзим, ўз қўлларим билан қураман! — деб чинқирди.

Э бор-э, энағар, ишлатиш қўлингдан келмас экан, ўғлингнию бизни нега овора қилдинг, деб аччиғланиб, сўкиниб-сўкиниб кетавердик. Биз ҳам мардикорчиликка борганимиз билан жа-а ўзимизни хор қилиб қўядиганлардан эмасмиз. Қайсармиз. Савдомиз пишмади деб, ади-бади айтишиб ҳам ўтирмадик. Мен ҳам, девкор ҳам азалдан майда гап-сўзларни ёқтирмаймиз-да, холавачча. Чолни сал-пал эритганиям бўйнимиз ёр бермай қайтавердик. Хатти-ҳаракатларимизни, юришимизни кўрган одам бизни унча-мунчани назар-писанд этмайдиган минг қўйлик бой деб ўйлайди. Аслида чўнтакда ҳемириям йўқ.

Шаҳдимизни кўриб йигитча типирчилаб қолди. Отасига нимадир деди чоғи, анча вақт ғужуллашишди. Кейин ортимиздан югуриб келиб, бизни яна отасининг олдига олиб борди.

— Сизларнинг ҳам айтганингиз бўлмайди, меникиям. Саккиз юз сўм бераман, — деди чол. Қурумсоқ, бир танганинг устида жон берадиган…

Мўлжалимиздан анча камайганига парво қилмадик.

Шу икки юз ҳам гапми, деган бир алпозда рози бўлдик.

Йигитча бизнинг иссиқ-совуғимиздан, обу овқатимиздан хабар олиб турадиган бўлди. Шундоққина уюлиб ётган тупроқнинг устига ўтириб овқатланамиз. Айтишига қараганда, улар ҳам аллақайси узоқ жойлардан келишган экан.

— Бу ерга уй қуриб юрт тутмоқчимисизлар? — деб сўрадик.

— Йўғ-э?! — Йигитча сапчиб кетди. — Беш-олти йилдан сўнг ўзимизнинг қишлоққа кўчиб кетамиз.

— Беш-олти йил нима қиласизлар бу ерда?

— Қовун-тарвуз экамиз. Унгача ер ишдан чиқади. Кетамиз кегин.

Уларни чўлқувар деб аташаркан. Ойнаи жаҳонда юрак амри билан чўл қувгани кетди, деганларидан сал бошқачароғи фақат. Биз кўрганларининг мақсади — чўнтагини қаппайтириш, ойнаи жаҳонда мақталаётганларнинг чамаси пул билан ишлари йўқ, чўл жониворни қанчалик тирқиратишса, шунчалик завқ оладиган кўринишади…

Ишга тушдик. Кечаси девкор лой қориб қўяди. Мени атай турғизмайди. Унга бас келиб бўларканми, тургим ҳам келмайди.

Тонг саҳардан девкор яна девор уришга тушиб кетади. .Мен лой, гувала узатиб тураман. Баъзан тамоман ҳолдан тояман. Қодир девкор эса қилт этмайди. Гапирмайдиям. Дамдўз бўлиб олган. Ялингудек бўдиб, унга мўлтираб мўлтираб боққанимда ўтиради, ишлаймиз десак туради — ўзига қўйиб берсанг нафас ростлаб олиш асти хаёлига келмайди. Ҳаш-паш дегунча, уч-тўрт куннинг орасида деворни тиклаб бўлдик. Яна икки кунда лойсувоқдан чиқарсак иш тамом.

Чол келиб қолди. Деворни кўриб ранг-қути ўчиб кетди. У булар камида бир ой ишлашади, деб ўйлаган экан. Бир ҳафтада шунча пулимни олиб кетишадими, деган ўйда бўлсак керак, бизнинг ишимиздан қилдан қийиқ ахтаргандек камчилик излай бошлади. Уёқ-буёғига айланиб кўрди. Бурчакка бориб зингил солиб қаради. Туси ўчди.

— Бутан бўлибди! — деди дабдурустдан.

— Нима?! — Унинг норози қиёфада айтган сўзи юрагимизга ғулу солди.

— Бутан бўлибди! Бутан бўлибди! — Чол энди депсинди, — гувалалар бир-бирининг устига миндирилмабди.

— Гувалалар бир-бирининг устига қўйилса, ағдарилиб кетади, куюниб тушунтира кетди Қодир девкор. — Ана шундай ярим миндирилса, ушлайди.

Чол эса сўзида туриб олди. Ахийри, мақсад-муддаоси ҳам аён бўлди. Ишон-ишонма, ўзи ёрилди.

— Бу аҳволда мендан бир тийин ҳам ололмайсизлар! — деди.

Шунда девкорнинг тутақиб кетганини кўрсанг эди. Шартта кетмонини кўтариб деворнинг устига чиқди-да, тарс-турс ура бошлади:

— Ҳозир бузиб ташлайман! Мен норози бўлиб кетганимдан сўнг етти иқлимнинг устасини ҳам опкелиб ишлатолмайсан.

Ён-атрофимизда уч-тўрт чўлқуварлар пайдо бўлишди. Йўқ, улар ойнаи жаҳонда айтиладиган, қўлни-қўлга бериб, бир оила аъзоларидек халқ фаровонлиги йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилишаётганлар эмас, биз кўзимиз билан кўрган, бир тийин учун чўлнинг у ёғидан-бу ёғигача эмаклаб боришадиган чўлқуварлар эди. Улар тиржайишиб, хиринглашиб, бир-бирларига гап-сўз уқдиришиб, Қодир девкорнинг хатти-ҳаракатларини кузатишарди. Девкор ахийри чидолмади, кетмонни пастга улоқтириб юборди, девор устига туриб:

— Ҳе-е оғайнилар, қанақа элсизлар ўзи?! Ғурур, ор деган нарсани биласизларми-йўқми? Мени қишлоғимда ишлаган одам сал норозидек бўлса, бутун халқ унинг кўнглини кўтаришга чоғланди…

— У сиззи қишлоқ-да! — деди кимдир.

— Бу ер чўл, ўша ғурур-пурурларингизнинг ҳаммасини бир чақага олишмайди, — қўшилди бошқаси.

— Топган гапини! Эл дейди-я! Қўшнилар бир-бири билан келишмайдию бу замонда, ҳар ёқдан келган одамлар эл бўлармиди…

— Чолни роса лақиллатиб кетмоқчи бўлган экан-да…

— Ҳа-а, булар содда кўринишгани билан анойимас…

Ана шу гап-сўзлардан сўнг чидолмадик, холавачча. Меҳнатимизниям ана шу қарғиш теккан одамларга сув текинга қолдириб, қайтдик. Ана шунақа, холавачча. Айтган билан тамом бўлмайди. Тирикчилик қийин.

Эргаш дакангнинг айтганича бор. Лекин гап фақат азбаройи тирикчиликда ҳам эмас. Қодир девкорнинг ўша худо қарғаган чўлга боришигаю хотирасида бир умр таассурот қолдирилишига сабаб бошқа ёқда эди. Буни Эргаш даканг билмайди. Билмай гапираверади. Девкорнинг бутун аламини ишдан олмоқчи бўлиб, дамдўз, индамай юрганига ҳам ақли етмайди. Ўшанда кимдир, Қодир девкор, Қодир девкор, деяверасизлар, мақтайсизлар, нима бўпти, полвон хокига тушган солим билан кунини ўтказиб юрибди-да, ҳозир каллани ишлатиш керак, каллани — Қодир девкорнинг кучи ҳўкиздаям бор, фалончининг калласи эса… Э-ҳа! Жуҳуддай бойиб кетган, деганини эшитган, ўксиб-ўксиб, ҳамқишлоқ деганиям шундай бўлар экан-да деб, бири боис туманидан кўнгли қолган эди. Илгари одамлар мунақа гапларни билишмасди. Нима бўлди, нима бўлди — қандай бало ёпирилди, гўёки шайтон оралади… Полвон қаттиқ малолланди, мардикорликни ихтиёр этди, гадойтопмас ерларда бировнинг ишини қилиб келсам, мунақа гапларниям эшитмасам деб ўйлади. Эргаш дакангни эргаштириб, юриб-юриб кейин билса ўзи одамларга нимадир бўлган, шайтон ораламаган жой қолмаган ҳисоб…

Эргаш даканг дам девкорнинг, у билан бирга юрганидан дам ўзининг, дам биргалашиб урган деворларининг таърифини қилишдан чарчамайди барибир.

— Қодир девкорга гиройликни бериш керак! — дейди баъзан. — Нега гиройликни шунга бермайдилар? Ҳайрон қоласан одам. У урган деворлардан катталарнинг хабари йўқмикан, таърифини эшитмаганмикин ёки?! Тўйчи подачи иккаласига гиройликни беринглар, деб ёзмаймизми, а?! Нима бўпти, Тўйчи халқнинг подасини йигирма йилдан буён боқади, Қодир девкор э-ҳа… Эсини танигандан бировнинг уйи, бировнинг пахса деворини уриб беради. Ана шуларни бир четдан, бафуржа ёзсак, гиройликни беришар. Кегин бизнинг бир эмас, икки гиройимиз бор, деб мақтаниб юрамиз, уларнинг соясида баъзан баъзан автобусларга паттасиз чиқсак ҳам ҳеч ким индамайди, холавачча…

Унинг гапини эшитганлар кулишади:

— Э, яшшанг, холавачча! Соддасиз-да! — дейишади.

…Қодир девкор оқтангиликлар ниятларини ёмон қилишди, қабристонларни кенгайтирмоқчи бўлиб, деворни бузишди, даладан ер қўшиб олишди, деган гапдан сўнг анча беҳаловат бўлиб юрди. Боиси, улар қабристонга қўшиб олган жой девкорнинг қишлоғигаям, Оқтангигаям бирдек тегишли. Қабристонлар эса алоҳида-алоҳида.

Бир куни унинг кампирини кўриш баҳонасида Оқтангининг оғзи катталари кириб келишди. Девкор уларнинг мундай биргалашиб юрганини кўрмаган эди. Тўй-маъракагаям биттаси борса, қолганлари боришмасди, ўз «қадр»ларини сақлашарди гўё.

Қодир девкор анча эсанкираб қолди.

— Э… келинглар… келинглар… — дея олди-ю, уларни ичкари бошлаб киришини ҳам, кирмасликни ҳам билолмай серрайиб қолди.

— Тузукмисиз, девкор. Кампирингиз ётиб қолипти деб эшитувдик, кеч бўлсаям келяпмиз, — деди оғзи катталардан бири хирилдоқ товушда. У эгнига кўк мовут чакмон, оёғига оқ кигиз этик кийиб олганди. Ёши ўтиб қолаёзган бўлса-да, кексаликка рўйхуш бергиси келмаётгани кўриниб турарди. У бир вақтлар донғи кетган чавандоз бўлган. Неча марталаб отдан йиқилиб, бирор жойи лат емаган одам, бир куни раиснинг олдига кириб ўзини гурс этиб стулга ташлаган. Стул чил-чил синган, у орқаси билан цемент полга йиқилган. Боши ёрилган, қўли чиққан. Қўлини Кумуш хола жойига тушириб қўйган-у, бошини даволашнинг иложи бўлмаган. Дам-бадам ҳушидан кетиб, ортиқ кўпкарига ярамай қолган… Чавандозлигидаги довруғию ҳурматими, ёинки кимсан нақ раиснинг стулидан йиқилгани учунми, оғзи катта бўлган…

— Ичкарига киринглар, ичкарига… — Қодир девкор шошилиб уларни уйга таклиф қилди.

— Майли, майли, сал нафас ростлаб олайлик, етиб келгунча давление кўтарилиб кетди, — деди иккинчи оғзи катта ҳарсиллаб. Унинг ҳар иккала юзидан қон томиб турар, кўзлари ҳам қонталаш эди. У бир вақтлар раис бўлган, одамларни қамчи уриб ишлатган. Биттасини ёмон ургани учун қамалган. Қамоқдан келганидан кейин ҳам барибир унга ҳамма раис бува, раис бува, деб салом бераверган, эгилаверган… Раислигидаги сиёсати учунми, ёинки қамалиб келганиданми, эътиборли одам…

— Уйга кириб ўтирмайлик, супага жой қилиб қўя қолинг, девкор, — деди кўринишидан оғзи катталиги ҳам билинмайдиган меҳмон дўрилдоқ товушда. Бу одам жуда жанжалкаш бўлган. Умрининг ярмини қамоқда ўтказган. Ҳар сафар қамоқдан чиққанида ҳақиқатни ҳимоя қилганим учун қамашди, дер экан. Унинг гапи қанчалик тўғри-нотўғрилигини ким билсин, бироқ кўп ўтмай яна қандайдир ҳақиқатни ҳимоя қилгани аён бўларди, қамаларди. Айтишларича, баданида эркаклиги, мардлиги бўлгани учун оғзи катта эмиш…

Уларнинг ҳаммаси уч-тўрт килодан қанд-қурс кўтариб келишибди. Оғзи катталар-да! Оқтангининг ундай-мундай одами бировнинг уйига қуруқ қўл билан бормайди.

Девкор супага кўрпачаларни тўшагач, улар келиб ўтиришди.

Фотиҳага кафт ёзишди.

— Шу хонадондан файз-фитр аримасин, беморлар ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетишсин, — дуо қилди собиқ чавандоз.

— Гулларни ҳам экиб ташлабсиз-ку, яшанг девкор, яшанг! — мақтади собиқ раис.

— Ҳовлига гул экишнинг хосияти йўқ, девкор, — ҳамроҳининг раислиги давридаям бир-икки қамалиб чиққан собиқ жанжалкашнинг унга кеки бор эди, ҳар сўзда, хаттиҳаракатда эски аламларни ёзмоқчи бўларди. — Билмаганлар гапираверади. Ишонинг, гулнинг жин-ажинаси бор. Ишонмасангиз, гулзорларингизда кечаси бир айланинг, маст қилиб ташлайди…

— Ажина эмас, гулнинг ҳиди маст қилади! — деди чавандоз.

— Бу гапларни қўйинглар, — деди эски раис яна ҳукмронликни қўлига олиб. — Мақсадга кўчайлик!

— Маъқул!.. — қувватлади чавандоз.

— Ўтиринг, девкор! Уринманг, чойни кейин, кампирингиз тузалиб кетгач ичамиз!

— Маъқул!..

— Томиримиз бир, қолаверса, поччамизсиз…

Шу ерда Қодир девкор сал-пал қимирлаб қўйди.

— Девкор, дунёдаги энг табаррук жой — қабристон. Муни биз ҳам, ёшимиз бир жойга етиб қолиб, ўзимизни сал босиб олгач билдик. Шу учун қабристонимизни кенгайтирмоқчи бўлдик. Обод қилиб дарахт экамиз, гул кўкартирамиз…

— Гул қабристонга бўлмайди, — қитмирлик билан эътироз билдирди собиқ жанжалкаш.

— Гул бўлмаса бошқа экин бўлар, лекин гап бунда эмас. Биз кексалар эрта ўлсак, ҳозирги ёшлар тепиб кўмиб келишадию унутишади, деб ўйладик, унгача ўзимиз шу савоб ишни қилайлик дедик…

— Совхоз катталаригаям ишонсак бўлмайдиган, — деди чавандоз.

Жанжалкаш қизишди:

— Э, уларнинг ҳаммаси бир гўр. Қайсиниси катта бўлса ўзини ўйлайди, то рўзғор-пўзғорини тиклаб олгунча ҳаммаёқ хароб. Мана, Исмат деган янги директор келди. Шу-у тузукми деб ўйловдик, ғирт чўчқанинг ўзи. Ўзига ҳашаматли идора қурдирди. Ишлайдиган одам ғордаям, чўлдаям ишлайверадида. Яна бу кишим бир йилда уч марта курортга борадилар.

Янги директорнинг собиқ раисга яқинлиги бор эди, ҳозирги сўзларга қарши нималардир демоқчи бўлди-ю, жанжалкашнинг авзойидан қўрқди.

— Тузук ишлариям бор, — деб минғирлаб қўяқолди.

— Нимаси тузук?! Нимаси тузук?! — ур-сурларни дили тусаб қолди шекилли, жанжалкаш бўйин томирлари бўртганича қичқирди. — Тилимни қичитманг! Директор бўлиб келди — ферма мудирини бўшатиб ўрнига ўзининг одамини қўйди. Нега? Биласиз, биласиз — отарга юзта ўзининг қўйини қўшган, фермада қорамоллари бор. Ана шуларнинг миси чиқмасин деган-да!

— Бўлмағур гап! — Собиқ раис ҳам ўзини тутолмади.

— Уйида мол дўхтири Тошматнинг хизматкорлик қилиб юриши ҳам ёлғонми, ёлғонми? — Жанжалкаш хезланган эди, чавандоз базўр уни босиб қўйди.

— Э, қўйинглар-э, уйда касал ётибди, — деди уларнинг ҳар иккаласигаям таҳдид билан.

Шундагина жимиб қолишди.

Қодир девкор бу учала оғзи каттанинг нега бир-бирларига бақамти келадиган жойларга бормасликларининг сабабини ғира шира англагандай бўлди.

— Девкор, қабристоннинг деворини энди ўзингиз кўтариб берасиз, — деди чавандоз раҳнамоликни қўлга олиб. — Қандай ёрдам керак бўлса, берамиз. Ўзимиздаям пахсачилар бору улар сизнинг олдингизда ҳеч нарсамас-да!..

Оғзи катталар ўринларидан туришди. Ичкари уйдаги хастадан хабар олиб чиқишгач, салобатли қадамлар ташлаб жўнашди.

Қодир девкор ўйланиб қолди. Гарчанд на ҳа, на йўқ, деган бўлсада, келганлар гўё ўз гаплари икки бўлмайдиган бир алпозда кетишди. Уларнинг айтганларини қилиб, ишга тушса, ҳамқишлоқлари хафа бўлиб қолишади…

У яна уйга кирди.

Кампири сал-пал жонлангандай эди.

— Кетишдими? — деб пичирлаб сўради.

— Кетишди, — Қодир девкор истар-истамас жавоб берди.

— Борасизми?

— Қаерга? — Қодир девкор ҳайрон бўлганича кампирига қаради, унинг ҳалиги гаплардан хабардорлигига ишонмади.

— Эшитдим… — деди кампир. — Боринг, ўлсам, барибир Оқтангига элтиб кўмасизлар-ку мени! Сиз бу ерда қоласиз… Қўлингиз теккан деворни умрбод кўриб ётаман-ку…

Қодир девкорнинг кўкси ачишди. Томоғига нимадир тиқилди. У кампирининг мантиқини ўйламаганди.

— Қўй унақа гапларни, Гулсум… — дея олди зўр-базўр. Шу ўксик-маҳзун сўзларни айтди-ю, тепачада Мирзо Бадалми, Кал Давронми, кимлиги ёдида йўқ, ишқилиб, шулардан бири қўзғаган гапни эслади. Уларнинг оқтангиликлардан домангир бўлаётганликлари учун кайфияти тушди, уятдан қизарди.

Шуям сўзми?! Э, одамлар-а!

Озгина ер ўртада экан, уёққа ўтди нимаю буёққа ўтди нима?! Қадимдан ота-боболариям бир булоқдан сув ичиб, бир тегирмонда ун тортиб келган, киндиги бир ерда тугилган бу одамларга нима жин урди ўзи?! Қачондан бу сеники, бу уники, дея бебилиска сарҳад чизиқларини тортишди; қачондан кўнгилга ғулу, низо-нифоқ уруғини қадашга улгуришди?! Яна бу оғзи катталарнинг ўзларига жа-а бино қўйганча гапиришганига куймай бўладими?!

Эй қардошларим-а, дегиси келарди Қодир девкорнинг.

Эй шўрликларим-а, дегиси келарди унинг.

Бу гаплар тилига кўчмади. Дилида тугун бўлди. Яккаш борайми бормайми, деган иккиланишлари абас топди. Маҳв бўлди қайгадир. Ғойибдан унга куч келди. Бу куч қачондир, қай кундир келишини ғира-шира англарди. Юраги тошиқиб кетди…

Шаҳд билан Эргаш дакангникига йўл олди.

Оқтангидаям ишчан, бақувват кишилар бисёр… Бироқ, девкорга кўнгилдагидек лой узатиб турадиган белчи ягона…

У ҳам бўлса, Эргаш даканг…

Тағин одамни зериктирмайдиям…

Қолаверса, бу галги девор оддий деворлардан эмас, икки қишлоқ ўртасида кўп нарсаларни боғлаб чатиштириб туриши керак эди, Қодир девкорнинг назарида…

У шуни жон-дилдан истарди…

Дарвоқе, иккала қишлоқ орасида боғланиб-чатишиб турадиган, девкор сўз билан ифодалай олмайдиган ўша нарсаларнинг ўзи мавжудмикан?

Аллақачонлар кўҳна сополлар сингари чил-чил синдирилиб, ахлат тўдага улоқтирилмаганмикан?

Унда буёғи нима бўлади?

Ана шунда ҳамишанги асрий таҳқирлару уларнинг самараси ўлароқ зоҳир бўлмиш асрий муаммолар сингари беҳудуд зулмоний зулумотдан дарак бериб бот-бот эврилиб келган бир савол яна такрорланади: «Ким билсин?»

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 4сон