“Қаердадир бир хатоликка йўл қўйганман. Шунинг ҳисобидан омадим юришмаётган бўлса керак, – деб хаёл сурарди у. – Балки менга шундай туюлаётгандир. Аслида мен бекамикўст инсонман. Бундан ташқари, ўзимга разм солсам, ҳамма аъзоларим жойида. Соч, қош, кўз, бурун, оғиз, тиш, бўйин, оёқ-қўл. Тўрт мучам ҳам соғу саломат.”
У шундай ўйлар билан теварак-атрофдаги тенгу тўшларига разм солади. Уларнинг ҳам ўзидан ортиқ жойи йўқ. Ҳаммаси ўзи билан ўзи овора. Нима биландир андармон. Недир умидворлиги бор.
-Балки мен бу дунёга келмаганимда нима бўларди, – дея ўйлай бошлади. – Унда мен ким ёки нима мақомида қайси жойдан ўрин олардим? Ана шунда ҳаётим қандай бўларди? Не йўриқда юрардим. Ҳозиргидан бошқача яшармидим? Бошқача яшашим қандай бўларди? Аслида ўша ҳаётни идрок қилиб бўлармиди? Йўқ.Мен барибир мана шундай яшашга маҳкум эканман. Тақдир тазйиқидан қочиб кетолмасдим. Бу умр мен учун берилган экан, уни яшашга мажбурман. Кейин қолганига бир гап бўлар.
Айни ўй-хаёлларни сураётган одам – Шербек эди. Унинг қисқача ҳаёти йўли ҳақида ҳам сизларни воқиф этсак, ҳарна тушунишга осонроқ бўларди. Келинг, яхшиси, ҳозир гапни шундан бошласак.
У бундан қирқ йиллар чамаси аввал мана шу тоғли қишлоқда дунёга келади. Отаси – Раззоқ қишлоқнинг қўйини боқади. Онаси –Дилсора эса рўзғор ишларини бажаради. Камбағалроқ оила. Шербекдан сўнг яна беш қиз ва икки ўғил туғилади. Рўзғор катталашади, ҳаммаси ўсди, улғайди. Шербек оиланинг тўнғичи бўлгани учун, кўп ишларни отаси унга ўргатарди. У кўп тамизли бола эди. Бир кўрган ишини ўзи бошқатдан қила оларди. Худди мана шу хислати учун уни отаси, онаси ва бошқалар ҳам иззат қиларди. Бунинг устига у отасининг ёнида кеча-ю кундуз таёқ судраб қўй боқарди. Одоби жойида, ҳулқи яхши. Мактабида ўқиши ҳам ёмонмас. Муаллимлари ҳам мақтайди. Тенгдошларини Шербекдан ўрнак олишга даъват қиларкан.
Хуллас, унга кўпчиликнинг ҳаваси келарди. Ва кимлардир Шербекка ҳасад ҳам қиларди.
Унинг овози дўриллаб, мўйлаби сабза урди. Ота-она боласининг вояга етганини ҳам сезмай қолибди. Изидан сингиллари ва укалари ҳам бўй чўзиб етиб келаверибди. Вақт деганлари кўз очиб юмгунича ўтгани билинмаган.
Шербекни эрта баҳорда сурув боқишдан озод қилишди. Энди у бетиним ўқий бошлади. Унинг тарбиясидан қишлоқнинг атанган муаллими – Нишон Саттор хабар олади. Негаки, Раззоқ чўпоннинг ўзи бир пайтлари Нишон Саттор билан бирга ўқиган. Эски қадрдон.
Нишон Саттор мактабда биологиядан дарс беради. Ҳаммага бирдек одам. Эл-улуснинг боғидаги новдаларни ўзлари истаган мевага пайванд қилиб беради. У пайванд қилган новдалар бехато олади.
Нишон Сатторнинг ўзида ҳам яхшигина боғ бор. Бўш вақтини топди дегунча, қўлига кетмон олиб, сарпойчан бўлиб, боғида ишлайди.
Нишон Сатторни ота бувасининг ҳам эскичадан хабари бўлган. Ўзининг ҳам эскича-ю янгичадан дурустгина илми бор.
Раззоқ чўпон ғирромликни билмайди. Ёлғонни хуш кўрмайди. Эски ошночиликнинг ҳурматига Раззоқ чўпон жўраси Нишон Сатторга дардини айтади:
-Жўра, мана мен ўқимадим. Сен эса ўқидинг. Мартабанг кўз тегмасин ёмонмас. Энди, шу десанг бизни Шербек ҳам мактабни битирай деб қопди.
– Хўш, нима қилиш керак? – дея сўроқлайди Нишон Саттор.
-Бир томондан хотин, иккинчи томондан ўғилнинг ўзи ҳам ғингшийди, – дея гап бошлайди чўпон.
-Нима деб ғингшийди? – яна сўроқлайди Нишон Саттор.
-Ўқийман, дейди, жўра, лекин боланинг зеҳни ўткир. Қарашлари ҳам ўктам. Одам бўладиган сиёғи бор. Салгина тарбия керак. Шунга сен мадраса кўрган одамсан. Ўқишдан, юриш-туришидан хабардор бўлиб турсанг, деб турган жойим, – дейди чўпон.
-Бўпти, ошно, сенинг нечта боланг бўлса ҳам ҳаммасига ёрдам қиламан. Хавотир олма. Шербекдан яхши шогирди чиқади. Ўзим ҳам уни кўзимнинг тагига олиб юрувдим. Мени ҳам бу ерга боғлаб қўйгани йўқ, – дейди муаллим.
-Эй, ана энди тилимнинг учида турган гапни топдим. Болани сенга шогирдликка бераман. Энаси ҳам мақтади. Суриштирсам, ўқиши ёмон эмаскан, қолган амру-маъруфни ўзинг қиларсан, – дейди жўраси.
Нишон Саттор рози бўлади. Икки ошно офтобшувоқда баррахўрлик қилишади.
Шербек – шогирд. Нишон Саттор – устоз. Шогирд эса устознинг амрига мунтазир. Берилган топшириқларни бажаради. Тушунмаган жойларини сўрайди. Кўп нарсаларни ўрганди.
Шербекнинг мактабни тамомлаш дамлари яқинлашарди. Ўқиши яхши экан, тилла медал берамиз дейишди. “Берсанглар, бола олаверади-да,” деди отаси. Бу орада мактар директори Бердиқул Йўлдош чўпонникига келади. Болани осмону фалакка чиқариб мақтади. Унга Нишон Саттор ҳам жўр бўлди.
Чўпоннинг хотини бу дамда бир лаганда димланган гўштни меҳмонларнинг олдига тортди. Чўпон тахмонидан яшириб қўйган ароғини опчиқди. Пиёлаларга сузилди. Биринчи бўлиб, Бердиқул Йўлдошга узатди. Олди. Иккинчисини Нишон Сатторга узатди. Олмади. “Анча бўлди, ташлаганман, маърака-мавридларда намоз ўқияпман, уят бўлади,” дея рад этди. Сўнг чўпон уни қистамади.
Бердиқул Йўлдош қўлида қадаҳ билан болага омад, чўпоннинг ўзига, оиласига тинчлик, зафар тилади. Кейин мезбон билан пиёлани тўқиштирди-да, бир ҳимо билан пиёладаги ароқни ичиб юборди. Афтини буруштириб лагандаги гўштдан бир парчасини оғзини қийшайтирганича ташлаб юборди. Гурунглашиб, шишадаги ароқ тугай деганида, Бердиқул Йўлдош чўпонга юзланиб:
-Раззоқ ака, Шербек ўғлингиз яхши йигит. Бошқа фарзандларингиз ҳам яхши. Мактабнинг олди. Ҳамма уларни мақтайди. Бунинг учун сизга раҳмат. Бу ерга келишдан мақсад ака, ўғлингизга медал оббериш эди. Сиз бунга нима дейсиз ва қандай қарайсиз?
-Қандай қарардим? Раҳмат ука, сиз бизни сийлабсиз, сизни худо зиёда қилсин. Мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин. Бу яхшилигингизни ўла-ўлгунимча унутмайман, ука, – дейди чўпон.
-Ташаккур сизга, – дейди Бериқул Йўлдош чайналиброқ ва сўнг кўзлари бақрайтириб мезбонга юзланади.
Бечора уй эгаси ўзида йўқ хурсанд. Тахмондан яна бир шиша ароқ келтириб дастурхонга қўяди
-Эй, раҳмат укалар. Бу эсдан чиқмайдиган яхшилик бўлди-да. Болам бечора буни эшитиб, хурсанд бўлади. Севинчим ичимга сиғмаяпти, – дейди чўпон.
-Мен ҳам сени тушунаман, – дейди Нишон Саттор.
-Буларнинг ҳаммаси сенинг шарофатинг билан. Сен болани тарбияламаганингда, уни тергаб суриштирмаганингда мана шундай хурсандчилик бўлмасди. Умрингдан барака топгин, ошно, – дейди чўпон.
-Ака, сиз тушунмаяпсиз. Тилла медал бу жуда улуғ нарса. Ҳаммагаям насиб қилавермайди, – дейди Бердиқул Йўлдош.
-Қизиқмисиз ука, сизниям, тилланиям, мана шу ошномниям дуппа-дуруст тушуниб турибман. Лекин бизнинг Шербекка шу нарсани лозим топганларингиздан бошим осмонга етди, – дейди чўпон.
Бердиқул Йўлдош бошқа гап очмайди. Иккинчи шишадаги ароқни ҳам то охиригача ичади.
Чўпонни яна табриклайди. У хурсанд. Хайрлашув чоғида Бердиқул Йўлдош чўпонни бағрига босиб, юзларидан ўпиб олади. Нишон Саттор Бердиқул Йўлдошни ўзи билан бирга опкетади.
Мактабни битирар арафасида тилла медални Шербекка беришмайди. Кейинроқ маълум бўлишича, Бердиқул Йўлдош ўша медални Жониқул носчининг ўғлига бир эчкининг пулига бериб юборган экан.
Раззоқ чўпон бундан хафа бўлмади. Фақатгина Бердиқулнинг онаси бетайинроқ эди, деб қўя қолди.
Шербек азим шаҳарга ўқишга келди. Ҳужжатларини топширди, имтиҳонлардан ҳам яхши баҳолар билан ўтди. Ўғил баҳонасида чўпон ҳам азим шаҳарга келди. Сайру саёҳат қилди. Сўнг ўғлини етаклаб қишлоққа қайтди.
Қаддини ғоз тутиб уйга келди. Нишон Сатторни чақиртирди. Унга яхшилаб зиёфат берди. Дўппи, чопон, қийиқчани тугунчага солиб, унинг олдига қўйди. Раҳматлар эшитди. Кўпдан кўп дуо олди. Ва ўзи ҳам мезбонларни дуо қилди.
Раззоқ чўпон ўғли Шербекни ўзи билан бирга азим шаҳарга опкелди. Бошдан оёқ кийинтирди. Талабалар ётоқхонасига жойлаштирди. Боласининг бўлажак домлалари билан ҳам танишди.
Бу даргоҳда ҳам Шербек яхши ўқиди. Бўлажак дўхтир – Шербек тез орада тилга тушди. Ўқишда ҳам, ишда ҳам фаол эди.
Шу ерда хатирчилик Маҳфират деган қиз билан танишди. Қиз эса ўзидан икки курс қўйида ўқирди. Аввал ўқишу сабоқдан сўнг эса ҳаёт ҳақида суҳбат қуришарди. Воқеалар тезроқ ривожланди. Ота-оналар икки томонни суриштириб, тезда тўйни бошлашди. Ёш оила аҳил яшаб юришди. Орада болалар туғилди. Иккаласи ҳам катта шаҳарда ишлай бошлади.
Бир куни эр хотинини излаб, тунги навбатчилик пайтида ишхонасига келади. Хотин эса жойида йўқ. Қайтиб кетади. Яна келади, яна ҳам йўқ. Ботиниб ва шубҳа аралаш ундан қайда юрганини сўрайди. Хотин эса овози қалтираб, “визов” бўлувди, дейди. Шербек гумонсирайди.
Оқибат у Маҳфиратни ишхонасидаги бир фельдшер йигит билан жиноят устида қўлга туширади. Иккаласини ҳам роса уради. Онадан туғилганига пушаймон қилдиради. Сўнг уйига келади-да, ўзига тегишли буюмларни жамодонга жойлаб, ишхонасига келади. Шу ерда бир муддат ётиб туради. Кейинчалик бир дўстиникига боради. Ва ўша жойда муқим яшайди.
Дўстининг хотини унинг ҳам ош-овқатини пишириб, кирларини ювиб қўярди. Шербек бу уйда бир йилдан яшагач, дўстининг хотини унга келин топади. Уйи бор, аммо боши очиқ. Ўқитувчи, бир марта оғзи куйган аёл экан…
Танишади. Ўртада анча вақт ўтади. Борди-келди асносида иккови бир-бирига маъқул тушади. Мулла никоҳ ўқийди. Иш осон кўчди. Энди Шербек ўша муаллима аёл билан яшай бошлайди. Янги келин-куёвлар олис тунларгача ширин хаёллар суришарди. Ўртада ўғил кўришади. Унга Шербекнинг ўзи Паҳлавон дея исм қўяди. Чақалоқ икки яшар бўлганида муаллима аёлнинг феъли айнийди. Эрини уйга киритмайди.
Шербек кўч-кўронини олиб яна дўстиникига келади.
Муҳокама қилишади. Муаллима аёлни ёзғиришади. Ҳаммаси бефойда.Тафсилот йўқ.Шарҳ ҳам йўқ.Гапу сўзлар, насиҳату маслаҳатлар абас…
Кейинчалик муаллима аёл бошқа эр тутади. Бу пайтда эса Шербек олтинчи марта уйланиб, ҳаттоки униси билан ҳам ажрашган бўлади.
Ана шундай кунларнинг бирида Шербек ўзининг аччиқ қисмати ҳақида ўксик кўнглида хўрсиниқ аралаш хаёл суради.
У нажот йўлини топишга интилади. Бироқ ўша йўлга қаердан боришни билмайди.
Бир куни онаси фолбинга боради. Шербекка фол очтиради… Сўнг ўғлининг олдига келади. Боласининг афтадаҳол, мискин, ғариблигидан хўрлиги келиб, йиғлайди. Ўғил онани тинчлантиради. Лекин она яна ўксиб-ўксиб йиғлайди.
Эмишки, Шербек еттинчи марта уйланса бахти очилиб, омади чопаркан. Юлдузлар шуни башорат қилаётган экан.
Бироқ йигит бу гапларга ишонмайди. У янаям индамасдан туриб, онасининг сўзларига қулоқ тутарди…