Сен-боғлар қўйнида қийналган шамол,
Сенга йўл бермайди шохлар чалкашиб…
Усмон Азим
Қоровултепалардан бирин-кетин тутун кўкка ўрлай бошлади.
Сўнгги кунларда қўним нималигини билмай, борган сари юртнинг жанубий шарқий томони сари бетиним чекинишда давом этаётган калтатойлар яна шайлаб қўйилган кўч-кўронини от-уловларга ортиб қўзғалди.
Қароргоҳдан бир зумда қора уйлар йиғиштириб бўлинган эсада, бу ердаги энг катта ўтов исмиёқ қизилларнинг қўрқувига сабаб бўладиган моҳир қўрбошининг қўнимгоҳи бўлиб, уни ҳали бузишга киришилмаган эди.
Сардор ўз ўтовида душман билан бўладиган навбатдаги жангга шайланаркан, доимгидек намат остидаги бўйрани кўтариб, ердан чангаллаганча бир сиқим тупроқ олди-да, қўлларини унга обдон ишқади.
У ҳар гал душман билан беаёв олишувга киришар экан, шу одатини канда қилмайди.
-Бизнинг зуваламиз шу тупроқдан қорилганми, демакки шунга қайтамиз. Бунда ҳикмат кўп, биродар. Олган бир сиқим тупроғимда қанча аждодларимнинг табаррук ҳоки ётибди. Улар ҳам ҳоклари пок қолишини истайди. Боболаримнинг кўмаги билан шу даражага етдим, шу тупроқнинг эгаси бўлган халқ мени бош қилиб кўтардими…қоним шу заминга сингунга қадар ёвга қарши жанг қиламан – дерди у.
Яқиндан билганлар, қўл остидагилар унда фақат муросасозлик йўқ, бу эса унинг катта қусури, йўқса юртдаги барча алоҳида ҳаракатланаётган катта- кичик қўрбошиларни бир мақсад йўлида бирлаштиргулик ва сўнгсиз ғалабаларга эришгулик қобилияти бор дейишарди.
Йигитлардан бири қўрбошининг ўтовига отилиб бош суқди-да, тусмолланди.
-Нима гап?
-Йигитлардан бири қўшиндан ажралиб қочиб чиқиб, душман томонга кетаяпти.
-Нима…- Қўрбоши бу гапга ишонмай, ташқарига йўналди. Чунки бу атрофларда унинг сор йигитларининг ботирлиги, қўрбошисига хиёнат қилмаслиги ва ўзгага сотилмаслиги ҳақида афсонамонанд гап-сўзлар юрарди.
-Ким бўлди, у ит эмган?!
-Кўч қўриқчиларидан ажралиб қочди.
-Отиб ташлаб, баҳридан ўтинг бундай кўрнамакни…
Тўрт-беш чоғли милтиқ мили қочиб бораётган отлиқни нишонга олиб биргаликда ўт очди ҳамки, қочқин оти билан сойликдаги жилғага нишаб бўлиб, паналаб эниб кета бошлади.
-Қамчинбек!–қичқирди қўрбоши ва зум ўтмай унинг қаршисига энг абжир ва доимо ишонган йигитларидан бири пайдо бўлди.
– Қандай бўлмасин, анави ҳаромини ҳузуримга келтиринг.
Қамчинбек ва унинг изидан яна икки отлиқ довул сингари довруғ солиб, қочқиннинг изига тушди.
Сардор мардлиги ва садоқатлилиги билан танилган ўз қўшини орасидан бундайчикин сотқин чиққанига қаттиқ куйинса-да, иккинчи бир томондан ўзининг энг содиқ йигитларидан бирини душман қўлига ўтган сарҳадларда ташлаб кетаётганидан ёнарди.
Аввал қочқин сўнгра уч йигит ҳам уни таъқиб этиб, қир эниб кўздан йўқолди ҳамки қўрбоши ўзи учун тайёрлаб қўйилган тулпорга минмай кетганлар томонга зийраклик, алам ва ҳадик билан боқиб турарди.
Бу пайтда у белига қистирилган ҳанжарини тилла дастасини эмас, ўткир тиғ қисмини маҳкам сиққанлигидан ҳозиргина чанг қўлларини энди қип қизил қон бўяётганлигини ўзи ҳам сезмас ҳолатга келганди.
-Буларнинг барчаси илмсизликдан…худобехабарликдан – унинг синчков нигоҳи, мавҳум хаёлоти шундоққина ёнидаги чўққисоқол, лўливаш қиёфали домланинг фикридан сўнг ўнгланди.
Қўрбоши шахд билан кескин буриларкан,нима сабабдандир, (гарчи динга нисбаттан эътиқоди бутун бўлсада, кўпчилик дин пешволарини ёмон кўрарди.) домлага ҳанжар санчганда атроф бу ҳолни кутмаганлигидан қалқиб тушганди. Фақат қўрбошининг ўзигина пинагини ҳам бузмай, ҳанжардаги қонини мулланинг олачипор, ҳошияли, беқасам яктагига артиб, қинига жойлади-да, отига шахд билан миниб жўнади.
Бу пайтда эса бир-бирини изма-из таъқиб этиб бораётган отлиқлар, бепоён кенгликларда кўз илғамас узоқликка сингиб кетаётган эдилар.
Қочқин гарчи от йўрттиришга уста бўлмасада, минган оти анчагина чопқир чиққанди.
Қамчинбек икки йигитини унинг ортидан қувишга буюриб, ўзи паналаб, сойликка томон ениб кетди. Бундан мақсади эса, хоинни йўлини тўсиб чиқиш эди.
Кўп ўтмай у адашган бўлиб чиқди. Манзилга етиб келиб қочқин отлиқни кутиб тураркан, олис адирликдан оша кетаётган қочқин ва икки йигитини кўрди. Улар энди қишлоқ томонга эниб боришарди.
Қамчинбек ҳам отини илдамлатиб ҳайдаб жўнади.
Улар йўл олаётган баланд қоялик остидаги ўша дўппидеккина тоғ қишлоғида қизиллар қўнимгоҳи борлигини билгани учун ҳам жон жаҳди билан от йўрттирди.
Пастда қишлоқ уйлари шундоққина ястаниб, кафтдек кўринганида у отини жиловини тортиб, жилғалаб, энди паналаб эна бошлади.
Аҳоли манзилгоҳида одатий кундалик ҳаёт қайнар, у диққат билан атрофни кузатиб бораркан, қишлоқда негадир оғир сукунат ҳукм сурар, қаердандир отларнинг тақа-туқ овози қояларга урилиб акс садоси келсада, уч отлиқ кўринмасди.
Бирдан кетма кет ўқ овози варанглаб кетдию, – Қизиллар! деган чинқириқдан сўнг тор кўчадан ўзи томонга отда ўқдек отилиб келаётган йигитларидан бирига кўзи тушди.
– Қизиллар!- дея қочганча олдинга от соларкан, Қамчинбек ҳам унга эргашди.
– Давлатбек қани?
Шу пайт улар томонга отилган ўқлар чанг кўчани чангитиб ўтди.
– Уни отишди.
– Тирикдир.
– Йўқ!
Улар зум ўтмай қишлоқни ортга қолдириб, узоқлашиб кетишди. Ҳеч ким таъқиб қилмаётганлигини билишсада, из қолдирмаслик илинжида айланма йўллар билан қишлоқнинг бошқа бир четида пайдо бўлиб, қишлоқни кузатиб паналаб ётишди.
Улар қочқин якка ўзи ёки биров ҳамроҳлигида қизилларнинг асосий қароргоҳи томон яна йўлига давом этишини билишарди.
Шом чўкди.
Сутдек ойдин тун эди.
Қамчинбек ва унинг йигитининг синчков эътибори ярим тунга яқин бўлинди.
Қишлоқ томондан отлиқ отида ўрлаб келар эди. Қочқин сассиз йўл оларкан, от эса сув қўйгандек жимжитликда ўзини пишқираши билан билдириб қўярди.
-Қамчинбек оға- ёнида тиззабўйи ўтда ёнбошлаган йигити унга гап солди.- Бугун қишлоқда Давлатбекни отганлар қизиллар эмасди… кейин Давлатбекнинг бир акаси қизиллар сафига кириб, ўз укасини ўлдиришга қасам ичган ҳам эмиш…
– Уларни алдашган, улар қаттиқ адашганлар!
– Баъзан биз кимга қарши курашаётганлигимизни ҳам билмай қоламан!?
– Юрт озодлиги учун курашишга сени виждон мажбурлаган. Мен пристав ёрдамчиси, сен овул нозири эдинг. Иккимизни ҳам муҳтожлик жангга бошламаган. Виждонга қул бўлмаслик бу йўлга бошлаган, иним.
Онамизнинг оқ сути, отамиз оғзимизга тутган ҳалол луқмаси ҳаққи ҳур синглимизнинг шаъни, боболаримизнинг ори, фарзандларимизнинг эрки учун курашмоқ керак.
Ўртада бироз сукунат чўкиб, ҳамроҳи унга пичирлади.
– Манави хоинни менга беринг, ўзим жазолай.
Қамчинбек индамади.
Отлиқ ҳақиқатдан ҳам қочқин бўлиб чиқди. Икки қора шарпани сезган от ҳуркиб кетиб, ўзини пастга ураркан, узун арқонни икки бурчидан ушлаган икки йигит отлиқни ўртага олиб, ип билан отдан суриб тушуришди-да, кичик жуссасидан ерга босиб боғлашди.
Қамчинбек нари кетди.
У ўз сафдошларидан қайси бири хоин бўлиб чиққанлигини кўришга юраги дов бермасди. Чунки улар орасида бундайлар йўқ деб ўйларди ва адашган бўлиб чиққанди.
-У сенга!-деди Қамчинбек йигитига ўзини қалин ўтлар орасига отаркан.
Хоинни тиригидан кўра, бошини олиб бориш муҳимроқ эди. Боиси, қўшинининг ичидан чиққан нифоқ эгасини кўриш қўрбошининг аскарлари руҳиятига салбий таъсир кўрсатади.
Қамчинбекни уйқу элита бошлади.
Қўзи илиндими, йўқми билмади, дафъаттан от дупури эшитилиб, шундоққина ёнгинасидан отлиқ ўқдек учиб ўтиб кетди.
Қамчинбек милтиқ шайлаб ҳеч нарсага тушунолмай, иккисини қолдириб кетган томонга шоша-пиша йўналаркан, кўкрагига пичоқ санчилган йигитини жон бераётганлигини кўриб, уни қучиб олди.
– Сенга нима бўлди…қани у?
Саволлари жавобсиз қолиб, юлдузларга тўла, ойдин осмонга тикилганча йигит жон бераётганди.
Бу қирларда тонгга яқин янги бир қабр дўмпайди. Ва Қамчинбек отини тушовдан бўшатиб юбордида яёв тарзда қотилни излаб йўлга тушди.
Тизза бўйи кўтарилган ўтни пайхонлаб кетган от изидан борган йигитнинг нигоҳи Сувликсой деган кенг ялангликка яқин қолганида қизил аскарлар тиккан ўтовларга тушиб, ўзини панага олди ва энди у томонга сергаклик билан эмаклаб яқинлаша бошлади.
Хоин манзилга етган эди, аммо мақсадига етдими ёки йўқ бу унга қоронғу эди. Қамчинбек ҳам хаёлига чарх ураётган кўплаб саволларга жавоб изларди.
Бу қароргоҳда ўнга яқин ҳарбий ўтов тикилган, кўриниши бир хил, бироқ кириб чиқувчилар кўп бўлган шарқ томондаги ўтов муҳим манзил саналарди. Қизиллар қароргоҳи қаттиқ қўриқланмасди. Боиси юрт озодлиги йўлида қўлига қилич олганларга бош бўлган қўрбошилар бири мағлуб бўлган, бири душман томонга ўтиб кетган, яна айримлари эса кун сайин юртнинг жанубий шарқи томонга чекинаётган эди.
Қамчинбек ўлжаси томонга интилаётган қоплон сингари қир айланиб оҳиста юриб манзилнинг ёнгинасидан чиқди.
Шу пайт ўтовдан барваста гавдали, шопмўйлов ҳарбий кийимли киши ва қочқин чиқди, иккита от ўтов қаршисида пайдо бўлди-да, улардан бирига ҳарбий либосли киши, иккинчисига яктак, желакли ва катта саллали аммо жуссаси кичик ўша қочқин минди.
Икки отлиқ кенг қир-адирлар томон йўл олди. Бу эса унинг изига тушган Қамчинбек учун айни муддао эди. У қирни яна айланиб ўтиб, қароргоҳдан анча панада адирлик устида иковлонни отдан тушаётганлигини кўриб, тез- тез улар томонга йўналди. Ўт оралаб уларга яқинлашаркан, яқинроқда қозиғи қоқилган отлар бошини кўтариб, атрофга, сўнг Қамчинбек паналаб келаётган томонга олазарак боқди.
Икковлон эса қалин ўтлар орасида ёнбошлаганча гурунгга киришишган эди.
-Қўрбоши бошлиқ калтатойлар қачон йўлга тушди.?
-Тунов куни тушга яқин Шўробсой томонга энаётганди.
Қамчинбек ўзини тутолмай пичоғини қинидан суғуриб, маҳкам сиққанча ўша томонга ўқдек отилди ва зум ўтмай уларнинг тепасига пайдо бўлди.
Ўзи томонга келаётган душманини пайқаган қизиллар командири тўппончасини ўша томонга йўналтиришга улгурган бўлсада, у отган ўқ ҳавога учди, Қамчинбек пайдо бўлиб, унинг бўйнига пичоқ санчди. Иккинчиси, ўзи излаб келган қотилга ҳам зарб билан пичоқ санчмоқчи бўлиб, кўтарган қўли ҳавогв муаллақ қолди. Қўлидан пичоғи ерга тушди.
-Сен…!!!
– Унинг қаршисида сочлари ёйилган, кўриниши афтодаҳол хотини турарди.
–Ҳа, мен…- хотини унинг оёғига ўзини отдида, йиғлаб юборди.- жонга тегди. Ўз юртида дарбадар яшаш. мен..қизиллар командирини ўлдирмоқчи эдим… ва урушни тўхтатмоқчи эдим.
-Бас қил! Ёлғон сўзлама мегажин, унда нега йигитларимни ўлдирдинг, қаттол!
-Йигитларингиз ўзларини-ўзлари ўлдиришди. Қишлоқ ичида улар мени тутишди ва кимлигимни англашгач, бири қўйворишни айтса, иккинчиси банди этишни ўйлади, низо чиқиб, бири-иккинчисини отиб қўйди.
Тунда эса мени тутганликларингда у мени ёнимга чўкди-да, – Нега бундай қилдингиз-деди. Мен – бундай аҳволда яшаш жондан ўтганлигини, юртда эр йигитлар бўла туриб гўдаклар, оналар, кексалар минг азоб уқубатда, ватандан ташқарида ватангадоликка кетишаётганлигини, мен эсам бунга чидолмай қизилларнинг ўша бизнинг қўрбошига тенг кела оладиган моҳир саркардасини халок қилишимни айтдим.
У эса – Виждонингиз шундай деяяптими-деди. Мен ҳа дедим. У яна бироз сукут сақлади ва йиғлаб юборди-да, ўзига пичоқ санчди.
Қамчинбек хотини томонидан айтилган бу гапларга ишониш-ишонмасликни ҳам билмай қолганди.
-… Сен сутдек оппоқ бўлсанг ҳам, қўлинг қоп-қора қонга ботган ва оқ шаънинг доғларга тўлган тақдирингда ҳам менинг жуфти ҳалолимсан, юр кетдик.
-Йўқ, мен кетолмайман. Мен пок виждонни сиздан ҳам ўрганганман. Токи мен сизнинг шаънингизга заррача доғ тушургудек бўлсам, ўзимни халок этаман ва бунга қасам бўлсин. Тирик қолсам, сизга томон тоза виждон томон талпина олсам сизни албатта топаман.
Шундоқ яқин атрофдан ҳам ўқ овозлари кела бошлади ҳамки, Қамчинбек ўрнидан қўзғалди.
– Сиз кетинг, юртга ҳали кераксиз…
Қамчинбек душманга ўзини бир намоён этдида, уларни ўз изидан эргаштириб, таъқиб қилдириб жўнади. Ва бу кенгликлардаги яланглигу, қирликларни яхши билганлигидан қутилиб кетди. Олисдан туриб, хотинини қизиллар тўрт томондан қўршаганини, сўнгра уни банди қилмай олиб кетишаётганлигини кўриб, кўнгли таскин топиб, қўрбоши қўшини томонга йўл олди.
Қизиллар қўшинининг моҳир саркардаси ўлдирилганидан сўнг, Қўрбоши томонга қўшин юборишга ҳаддилари сиғмай уруш бирмунча вақт тўхтаб қолди. Чамаси ўн кунлар ўтиб, дарё ёқасидан омонат қўним топган қўрбошининг қўшинини қароргоҳига Қамчинбек афтодаҳол тарзда пайдо бўлди.
– Қизил командирдан ҳаммаси учун ўч олганингга раҳмат! – дедида, аммо қочқиннинг кимлигини негадир сўрамади қўрбоши.
Ўша сўнгги жанг албатта юз берди.
Дарё ёқасида беаёв жанг бўлиб, Қамчинбек бошлиқ камсонли йигитлар қўрбошининг кўч-кўрони, калтатойларнинг қочқин халқи ва мард қўшини нариги соҳилга ўтиб олгунча, душманга йўл беришмади.
Нариги соҳилда туриб қўрбоши жангнинг якунини кузатаркан, ҳаммадан ҳам Қамчинбекни ўзи томонга эсон-омон ўтиб олишини муштоқ кутиб турарди.
-Қамчинбек қани- дея қўрбоши унинг яқин навкарларидан сўради.
-У – дарёдан нари юрт бошқа ватан, ватандан ташқарида бахт йўқ. Ўзидаги бир кўнгилни обод қилолмаган, ўзга юртга эл кўнглини обод қилишга йўл бўлсин-дерди-дея жавоб қилди.
-У ҳалок бўлдими?
-Йўқ, у ҳам ҳаммадан сўнг ўзини сувга отган эди…аммо бериги соҳилдан ҳам чиқмади.
Ниҳоят қўрбошининг тунд юзишга хушнудлик инди.
-Ҳали юртда у сингари озод сор бургутлар бор экан, ватан осмонида истиқлол қуёшини чиқишига кишиларда умид бахш этиб парвоз этаверадилар ва ўша бахтли кунларни кўрадилар ҳам- деди пичирлаб.