Чойхонада тарқалган хабардан ҳамма ҳангу-манг бўлиб қолди: «Қўшни қишлоққа вилоятдан вакиллар келибди. Уйма-уй юриб электрдан фойдаланишнинг аҳволини текширишибди». Албатта:
— Ие! Шу кам эди! Оббо! — деди кўпчилик.
Бири-биридан қизиқ хабарлар айтилган сайин, хитоблар ҳам ранг-баранглашиб борди.
— Текширувчилар кирса, Эгамназар «ун»нинг тегирмони гуриллармишу, аммо электр ҳисоблагичи пинак бузмай турганмиш. Обдон ковлаштиришса, Эгамназар тегирмонига ҳисоблагични айланиб ўтадиган сим улаб олган экан.
— Вой, муттаҳам-эй! Ўн кило буғдойдан бир кило ун олиб қолишни билади-ю, давлат билан тўғри ҳисоб-китоб қилишни билмас экан-да!
— Уста Ниёзматнинг арра-ю рандалари туну кун электр билан тирик. Аммо вакиллар ҳисоблаб кўришса, электрдан Ниёзмат эмас, давлат қарздор бўлиб чиқибди. Ниёзмат тушмагур ҳар куни ҳисоблагичини ортга қайтариб қўйишни канда қилмас, кеча нафси ҳакалак отиб, икки кунлигини ортга қайтариб қўйган экан!
— Уста эмас, устамон бўлиб кетган экан-да! Вой, ўғри-ей! Эшик-дераза ясаб фойдасини кўрганингдан кейин, электрнинг пулини тўлаб қўймайсанми, хумпар!
— Вакиллар Собир домланикида ҳайратдан ёқа ушлашибди: ҳамма электр асбоблари хизматда эмиш! Уйидаги жамики чироқлар, ҳатто дазмоллар, ёз бўлса-да, электр печкаларгача ёқиб қўйилганмиш. Кир машина-ю совитгичлар ишлаб турганмиш. Аммо уларда ювиш учун кир ёки совутиш учун масаллиқ йўқ эмиш! Челакларда, чойнаклардан сувлар қайнаб ётганмиш. Лекин домланинг ўғли чой дамлаш ўрнига, уларни тўкиб ташлаб, қайта совуқ сув қуйиб, яна қайнатаётганмиш. Электр ҳисоблагич эса, визиллаб ишлаётганмиш… Фақат тескарисига!
— Олий маълумотли, тушунган одамнинг қилган ишини қаранглар-а! Бекорга домланинг айтганини қил, қилганини қилма, дейишмайди-да. Қип-қизил зараркунанда экан-ку!
— Ҳаммасини жаримага тортишибди. Баъзиларининг ишини судга оширамиз дейишибди. Туман электр идорасида ишлайдиган битта-иккита чаққон ўртага тушиб, муросаи-мадорага келтирмоқчи бўлибди. Вакиллар, «Бунақа бузғунчиликларнинг ўргатувчиси, раҳбари, раҳномоси — сенсанлар! Сенларга аталган жазоларимиз ҳам бор!» деб уларни олдиларига солиб қувлашибди.
Одамлар тарқала бошлашди. Айниқса, «Муттаҳам! Ўғри! Зараркунанда!» деб энг юқори пардаларда хитоб қилганлар, биринчилар қаторида уйлари томон юришди.
Ҳажвияга шу ерда нуқта қўйгандим, аммо асосий ҳангома кейин бўлибди. Расул ака уни завқ-шавққа тўлиб ҳикоя қилиб берди.
— Менам, сен айтган хитобчилар сафида бўлмасам-да, шум хабар-ни эшитгач, уйга қараб йўл олдим. Тўғри, ўғринча сим ўтказмаган-ман, ҳисоблагични тескари айлантирадиган одатим ҳам йўқ. Электр пулини вақтида тўлайман дейман, аммо уч ойдан буён ишлаб қўйган ойлигимни ололмайман. Ҳисоблагич бўлса, бундан бехабар айланиб ётибди. Буни текширувчиларга тушунтириб бўлмаса. Нима қилиш керак? «Қарзингиз бор экан, пулини тўлаб қўйинг!» деб келган инспекторнинг чўнтагига бир-икки сўм тиқиб мослама қўйдириб олдим. Уни қўйсангиз ҳисоблагич ишлашдан тўхтайди, лекин чироқ ёниқ тураверади.
Уйга келсам, ҳовлида сокинлик: болалар мактабда, итим сўри остида пашша қўриш, хотин эса унинг устида хамир қориш билан банд.
Шитоб билан бориб, электр ҳисоблагичга ёпишганимни кўриб:
— Ҳа, тинчликми? — деб сўради хотинбой.
Мосламани олиб, чўнтакка яширдим-да, унинг тепасида пайдо бўлдим.
— Хамирингни ичкарида қори! — дедим ҳар сўзимни таъкидлаб. Хотин хамир юқи қўлининг орқаси билан иягини қашлаб, савол назари билан қараганди, давом этдим. — Вилоятдан келиб электрни текшириб юришганмиш. Таниш-билиш, ошна-оғайни деган нарсаларга қарашмаяпти экан. Қарзимиз кўп, чироқни узишади. Шунга, Одам атоси чақириб келса ҳам, овоз берма! Ҳеч ким йўқ экан, деб уйга киришмайди.
Хотинбойнинг «бўпти»сидан кўнглим тўлиб, кўча томон юрдим. Дарвозадан шундай ўтганимни биламан, қўшнининг уйидан чиқаётган икки бегона йигитга кўзим тушди. Нима қилиш керак? Шарт ортимга ўгирилдим: ўз дарвозамга юзма-юз бўлдим. Ортимдан келаётган йигитларнинг қадам товушини бир-икки санаган бўлдим-да, овозни баралла қўйиб, уйимни чақира кетдим:
— Расулжон ака! Ҳо-ов, Расулжон ака!
Йигитларнинг ортимда турганини сезиб, товушимни кўтардим:
— Расулжон ака-а-а! Ҳо-о-ов, Расулжон ака-а-а!
— Овоз беришмаяптими? — папка қўлтиқлаган йигит ёнимга келди.
— Уйида ҳеч ким йўқ шекилли, — жавоб қилдим пинак бузмай.
— Сал ичкарироққа кириб чақирайлик, — иккинчи йигит дарвозадан ўтмоқчи бўлди.
— Ҳай, ҳай, ҳай! Ити бор! — дедим унинг билагидан тутиб.
Шу пайтда сўрининг тагида чўзилиб ётган Бўрибосаримнинг эшикдан чиқишини, ё бир борагина «Вов!» деб қўйишини шундай истадим, шундай истадим, қўяверасиз! Отини айтиб чақирай десам, шарманда бўламан. Нима қилиш керак? Калламдан айланай, дарров маънили бир йўл-йўриқ ишлаб чиқарди. Йигитни ортимга суриб, аввалига:
— Ити эшакдай келади, кирсангиз ейди! — дедим. Сўнг дарвозага қараб, — Оти Бўрибоса-а-а-ар! — деб бақирдим.
Йигитлар хийламни сездимикан, дегандим, йўқ. Эшикдан отилиб чиққан Бўрибосаржонимдан қочишни бошлаб юборишди. Уларнинг орқасидан менам чопдим, ортимиздан Бўрибосаржон! Хўжайиннинг ўйнашгиси келди деб ўйладими, ирғишлаб-ирғишлаб чопади, жони-вор! Ўзим ҳам бир чопиш қилдим, йигитлар ортимда қолди. Шундай ўгирилсам, икковининг тили осилиб қолибди, аммо чопишдан заррача тўхташгани йўқ. Папкалари қўлтиқларидан тушиб, қоғозлари сочилиб кетдиям, парво қилмай югуришда давом этишди. Лекин чойхона олдига келганда Бўрибосар йигитларни ҳам, мени ҳам қувиб олдинга ўтиб кетди! Йигитлар елкаларидан нафас олишиб, оғиз ва кўзларини бор бўйича очганча жойларида қотиб қолди. Бўрибосаргинам эса, пойгада ғолиб чиққан соқовдай, думини ликиллатганча, чорраҳани гир айланиб, чопишни бошлади.