Вой қудамдан айланай, ана келишади, мана келишади, деб икки кўзим кўчада бўлди-я, тўй қандоқ ўтганиниям билмадим. Вой бўйларингизга тасаддуқ. Хуш келибсизлар. Ҳой, Нигорахонни уйғотинглар. Дадалари билан ойилари келишди.
Ваҳобжон билан Манзурани қуда ана шундай сўзлар билан кутиб олди.
Қуда ёши элликдан ошган бўлса ҳам юзидан пардоз аримаган жиккаккина хотин эди. Унинг юзлари худди шарбати сиқиб олинган анор пўстига ўхшаб кетарди. Қўлидаги қўша-қўша узуклар, бўйнидаги ҳар бири нўхатдек келадиган дур маржонлари, эгнидаги ёшига ярашмаган гулли крепдешин кўйлаги уни аллақандай бачкана қилиб кўрсатар эди.
Ваҳобжон атрофга назар ташлади. Катта ҳовлининг бошидан оёғигача қўйилган столлардан ҳали дастурхон йиғилмаган, гуллар орасида бўшаган шишалар, сўриларда тўйда хизмат қилиб чарчаган кишилар ечинмай ётиб қолишган, ерўчоқ олдида даста-даста ювуқсиз лаганлар ётарди. Ҳатто дарахт шохларига илинган лампочкалар ҳали ёқуғлик турарди.
Қуда ая сўрида ечинмай ухлаб ётган кишининг оёғидан силкиб уйғотди.
— Туринг, ҳой туринг, қудаларингиз келишди.
Қора соқол бир киши ёстиқдан бош кўтариб атрофга аланглади. У Ваҳобжонларни кўриб ия, ия, деб ўрнидан тураркан, кўрпача қатларини титкилаб ниманидир қидирарди.
— Ҳожар, тишимни кўрмадингми?
— Йўғ-а, қаёққа қўйгандингиз? Аввал қудаларингиз билан кўришиб олинг, кейин қидирарсиз.
Чол илдам юриб Ваҳобжонлар билан қуюқ кўришди. Йўл бошлаб уйга олиб кирди.
— Қани, қани, ўтиришсинлар, ўтиришсинлар, оббо қуда-ей, кўп кутдик. Жуда кўп кутдик. Тўйга етиб келолмадинглар-да. Ҳай майли, сизларга бошқа тўй қилиб берамиз энди. Ҳой, Ҳожар, дастурхон келтир, келинингни уйғот, ўғлингни уйғот, қайната, қайнаналари билан танишиб қўйсин.
Чол узр айтиб тавозе билан ювингани чиқиб кетди. Эр-хотин уй жиҳозларига маҳлиё бўлиб индамай ўтиришарди.
Улар кирган уй меҳмонхона бўлса керак, ниҳоятда серҳашам эди. Тўрда пианино, бурчакда курант соат, деворда ҳам, ерда ҳам, диван устида ҳам гилам. Шифтда биллурин қандил. Жавонларда хитой чиннилари, телевизор устида ҳар хил чинни ўйинчоқлар. Деразаларга ҳам тўр, ҳам бахмал парда тутилган.
Ваҳобжоннинг эси оғиб қолди. Бутун умрини меҳнат билан ўтказган, рўзғорини бир меъёрда олиб борган Ваҳобжонга бу ҳашамлар алланечук кўриниб кетди. Эр-хотиндан садо чиқмасди. Манзура кафтини иягига тираганича хаёл сурарди.
Нигора уларнинг биттагина боласи. Ваҳобжон туғилиб ўсган қишлоғи Ганжиравонда ўттиз йилдан бери ўқитувчилик қилади. Бутун Ганжиравондаги кишиларнинг ярмидан кўпини шу Ваҳобжон ўқитган. У қизини Тошкентга ўқишга юбораётганда не-не умидлар қилган эди. Ўқиса, институтни битириб ўзига ўхшаб ўқитувчи бўлса, шу. Ганжиравонга келиб отасининг ишини давом эттирса. Куёви ҳам ўқитувчи бўлса. Муаллимлик қандай. яхши ҳунар. Қизи тушмагур нима қилиб қўйди. Бир оғиз на отанинг, на онанинг розилигини олмай ўзбошимчалик қилиб қўйибди. Куёв нима иш қилсайкин? Ўқиганмикин, йлми бормикин? Бирон ҳунарнинг бошини тутганмикин? Ўзи ахлоқликкина боламикин?
Ичкарига ўқдек отилиб Нигора кирди. У онасининг бўйнига осилиб, у юзидан, бу юзидан чўпиллатиб ўпа бошлади. Дадасининг елкасига осилиб эркаланди. Кўпдан соғинтирган бола ота-онанинг юрагидаги гина-кудратни бир дам бўлса ҳам нари қувиб юборди. Нигора бахтиёр эди. Унинг эгнида яшнаб турган никоҳ либослари ўзига бирам ярашибдики.
Нигора чиройли қиз эди. Ота-она топганларини шу қизга сарфлашарди. Айниқса у бўйга етиб, қомати тўлиша бошлаган пайтларда кийиниб кўчага чиққанда Ганжиравон йигитлари эсдан оғиб қолишарди. Унинг қўшиқлари, унинг жарангдор кулгилари, бўйи басти, кекса толлар соя ташлаган анҳор бўйларида хаёлчан кезишлари Ганжиравонга бирам ярашарди, бирам ярашарди, Қишлоқ йигитлари атайин тегажоғлик қилиб унинг олдидан «Мен сени кўрдим яна Ганжиравон кўчасида», деб қўшиқ айтиб ўтишарди. Нигора ҳам уларнинг ҳазилларига ҳазил билан жавоб қайтарарди. Нигора туғилиб ўсган қишлоғининг шайдо йигитларини ҳасратда қолдириб кимни топдийкин? Она ана шу тўғрида ўйларди.
Куёв кирди. У ниҳоятда чиройли, қора қош, гавдаси қуйилгандек, қирра бурун, жингалак соч йигит эди. Эгнидаги тугмаси чала қадалган йўл-йўл яшил пижамаси ўзига жуда ярашиб тушган эди. У одоб билан қайин отасига, қайин онасига салом берди. Кейин уларни нариги уйга таклиф қилди.
Ваҳобжон билан Манзура беихтиёр ўринларидан туришди. Улар бу зинадан тушиб у зинага кўтарилишар экан, Ваҳобжонда куёвга аллақандай меҳр уйғонгандек бўлди. Аммо бу туйғу ясатилган уйга киришганда ўзи ҳам маъносига тушуниб етмаган аллақандай ҳислар билан аралашиб кетгандек бўлди. Нигоранинг уйи бояги уй ҳашамидан ўн чандон афзал эди. Ваҳобжон олтмиш ёшга кирган бўлса, шу олис умр давомида кўриш у ёқда турсин, хаёлига ҳам келтирмаган буюмлар бор эди бу уйда. Ҳатто деразаларнинг юқоридаги кўзларига рангли шишалар солинган эди.
Нигоранинг юзида, кўзида: эрим ёқдими, деган маъно порлаб турарди. Ташқарида қайин отанинг зардали товуши эшитиларди. Куёв кулиб деразадан ҳовлига қаради.
— Кечирасизлар, бобойнинг ясама тишлари йўқолиб қолибди, тополмай хуноб бўляптилар,— у Нигорага юзланди,— иш бўлмаса чой олиб келмайсизми?
Нигора чиқиб кетди. Куёв кеча тўйнинг жуда яхши ўтганлиги, арақнинг ўзидан етмиш шиша кетганини, меҳмонлар кабобга тўйиб қолиб мантига қарамаганлари, маст бўлмаган одам қолмаганини гапирарди.
— Бизнинг бобой ҳам маст бўлиб қолганларидан билаверинг тўйнинг қанақа бўлганини. Ахир у кишини унча-мунчага маст қилиб бўлмайди-я.
Ваҳобжонга бу уйдаги буюмлардан тортиб одамларигача бегона, куёв бўлса кўзига аллақандай бачкана, ёқимсиз бўлиб кўринди. Қани энди вақт ўтмаган, тўй бўлмаган бўлганда у албатта қизининг қўлидан етаклаб чиқиб кетарди. На чора, бўлар иш бўлган. Ундан ташқари ўз йўлини ўзи топадиган ёшга етган қизининг тақдирига у қандай қилиб ҳокимлик қила олади.
Икки шиша коньяк кўтариб қуда кирди. Унинг эгнида янги тўн, бошида тўрт каржли сурма ранг дўппи.
— Энди, қуда айбга буюрмайсиз-да, болаларимизнинг бахтли бўлишига андек танаввул қиламиз-да! Икромжон, рюмкаларни ол. Энди сен ичма. Кечагига ўхшаб довдираб юрма.
Деразадан иситилган манти узатишди. Ваҳобжон ичмади. Ота-бола бир шишани бўшатишгандан кейин Ваҳобжон узр сўраб ўрнидан турди.
— Мени айбга буюрманглар, қиладиган ишларим бор эди. Онаси майли қолсин. Эртага бир хабар оларман.
Кайф қилиб олган қуда унча қаршилик кўрсатмади, куёвнинг кўзлари сузилиб ҳадеганда тилла тишини кўрсатиб илжаяверди. Аммо, қуда ая ялиниб эси кетди.
Ваҳобжон ташқарига чиқиб тўйиб нафас олгандек бўлди. Сал нарироқ бориб бирдан кўнгли бузилиб кетди. Унинг бу кайфияти уйига ўт кетганда боласи қолиб ўзини қутқарган кишининг аҳволини эслатар эди.
Ваҳобжон шу куни кечгача шаҳар кўчаларида тентиб юрди. Меҳмонхонага кириб ётиб ётолмади, ўтириб ўтиролмади. Яна кўчага чиқди. Кеч кирди. Фонтан атрофи одамлар билан гавжум бўлди. Бола етаклаган жувонлар, ҳассасига таянган кексалар шаффоф томчиларнинг салқинида беозор сайр қилишарди. Ҳамма шод. Ҳамманинг юзида аллақандай бахтнинг, қувончнинг табассуми порлайди. Фақат Ваҳобжон тажанг. Шаҳар чироқлари сийраклашди, фонтан атрофи бўшаб қолди. Охири кўкка интилган тошқин фонтан ҳам аста-секин ерга сингандек тинди. Ваҳобжон машаққат билан ўрнидан туриб меҳмонхонага йўл олди.
Қаттиқ ухлаб қолган экан, телефон товуши уйғотиб юборди. Бошқа номер адашиб тушиб қолибди. У қайта ётолмади. Соатига қараса аллапалла бўлиб қолибди. Кўчага чиқди. Қизиникига боришга юраги бетламай, меҳмонхона остонасида кунини кеч қилди.
Қош қорайган маҳалда Манзура келди. У ҳам маъюс эди. Эр-хотин бир-бирига бирон гап билан озор етказиб қўймаслик учун сунъий илжайиш билан ичкарига киришди.
— Нигора қалай, хафа эмасми?— деди Ваҳобжон.
— Бинойидек ўйнаб-кулиб юрибди, Нега бормадингиз, хайрлашиб ҳам келмадингиз.
Ваҳобжон гап тополмай гарданини қашиб қўйди.
— Билетни эртанги поездга олаверайми, ё бир-икки кун турасанми?— деди Ваҳобжон. —Агар хўп десанг, шаҳарнинг у ёқ-бу ёғини кўрсатай.
Манзура қизини ташлаб кетишга кўнгли бўлмай, юрагининг бир чети узилиб қолаётгандек бўлиб турган эди.
— Майли, ўзингиз биласиз,— дея унинг ўзига ташлади.
Бугун Ваҳобжон ўзи ўқитган ганжиравонлик врач болани учратган эди. У уйига таклиф қилган. Ваҳобжон вақт бўлса, албатта боришлигини айтган эди. Шу топда ваъдаси эсига тушди.
Шу кеча на эр, на хотин қудаларидан гап очмади. Аммо, тонг отгунча тўлғаниб чиқди. Эрталаб улар энди нонуштага тайёрланиб туришганда кимдир эшикни безовта тақиллатди. Ваҳобжон шошиб очса, нотаниш бир киши кўзлари бесаранжом бўлиб турибди.
— Тез борармишсизлар. Дарров, дарров…— у шундай деди-ю, шошилганича кетиб қолди.
Эр-хотин нима гаплигига тушунолмай апил-тапил йўлга тушишди.
Нигоранинг ҳовлиси сув қуйгандек жимжит. Ҳовлидаги сўрида чол пешонасини ушлаганича қимирламай ўтирибди. Ваҳобжоннинг юрагини бирдан ваҳм босди, Нигорага бир гап бўлмадимикин! У отилганича уйга интилди. Ичкаридан чиқиб келаётган қудаси Ҳожар унга совуқ назар ташлаб ўтиб кетди. Нигора уйнинг ўртасида қимирламай турарди. У оёқ товушини эшитиб ўгирилди, дадасини кўриб ҳўнграб йиғлаб юборди. Манзура кирди.
— Пешонам қурсин, толеим қурсин!
— Нима бўлди?— деди Манзура ҳаяжон билан.
— Икромжон акамни қамоққа олиб кетишди. Ҳамма нарсани хатлаб кетишди.
Ҳожар деразадан бош суқди.
— Келиннинг оёғи «қутлуғ» келди-да! Ҳа, қадами «ёқди».
Ваҳобжон беихтиёр ўтириб қолди. Атрофга ғамгин назар ташлади. Уй жиҳозлари кўзига совуқ кўриниб кетди. Бу буюмларнинг ҳаммаси хатланган, ҳаммасининг эгаси бошқа, булар юртнинг ризқидан юлиб олинган нарсалар. Бу уйда шу битта Нигорагина ҳалол эди. Йўқ, у ҳам ўғирланган, ўзи ҳам, бахти ҳам ўғирланган.
— Хафа бўлма, қизим,— деди Ваҳобжон,— иложимиз қанча, бегуноҳ бўлса чиқиб қолар. Сабр қил.
Чол кирди.
— Қуда, бу ишнинг шундоқ бўлишини ким билувди, дейсиз. Чақувдан бўлди. Ёмон одам кўп. Бор бўлсанг кўролмайди, йўқ бўлсанг беролмайди. Энди бундоқ қилсак.— У ёнидан буклоғлиқ қоғоз чиқариб Нигорага узатди. —Шу рўйхатдаги нарсаларни отамникидан олиб келганман, ўзимники деб судга ариза ёзсангиз.
Ваҳобжон қизнинг қўлидан қоғозни олди. Рўйхатда тахминан янги пулда ўн беш минг сўмлик буюм ёзилган эди.
— Йўқ,— деди қатъий оҳангда Ваҳобжон. — Бунақа ишга қўл урмайди Нигора.
Чол бошини сарак-сарак қилди.
— Ўзларингизга қийин бўлади, майли, майли. Ҳожар деразадан бош суқди.
— Кўнишмаяптими? Бу таги паст қишлоқилардан яхшилик чиқадими? Айланай қудалар, хўп деб қўя қолсанглар олам гулистон бўлади-я!
— Қўйинг, жиноятларингизга бизни шерик қилманглар.
— Умид билан қуда бўлгандик, майли ўзларинг биласизлар.
Нигора ҳатто рози бўлишга ҳам тайёр турганда, кампир яна гапга суқилди.
— Айланай Нигорахон, бу ер ҳам ўз уйингиз, бизни унутвормай тез-тез келиб турасиз-а!
Нигоранинг кўзлари ялт этиб очилиб кетди. Келинлик либослари музга айланиб баданини совутиб юборгандек бўлди. Кўзларига ғазаб тўлиб атрофга жовдираб боқди-ю, шахт юриб нариги уйга чиқиб кетди. Бир оздан кейин у ўз онаси тиккан ўша оқ крепдешин кўйлагини кийиб, студентлик чамадончасини кўтариб чиқди. Дадасига маъюс боқиб деди:
— Мени кечиринг, дадажон. Ўзини ўзи ўғрига тутқазиб берган, бахтини ҳам, ўзини ҳам ўғирлатган қизингизни кечиринг.
Нигоранинг кўзидан ёш чиқмади. У дадил гапирар эди.
Ваҳобжон билан Манзура қизини бундан уч кун аввал чиқиб кетган ётоғида қолдириб, яна Ганжиравонга қайтиб келишди. Нигора уйига энди илгаригидек тез-тез хат ёзмас, тўғриси нима деб ёзишини билмасди. Ёзганда ҳам соғ-саломатман дейишдан нарига ўтмасди. Орадан уч ой ўтганда Нигорадан тўрт варақ хат келди. Хатда у Икромнинг катта жиноятчи эканлиги судда очилгани, ўзи ўн йилга кесилиб, уй-жойлари мусодара қилинганини ёзган эди. Хатнинг охирида у: эртага давлат имтиҳонлари тугаб, диплом қўлимга тегади. Ганжиравонга қайтиб боришга энди юзим чидамайди, Хоразмга йўлланма беришларини сўрадим. Илтимосимни қайтармасалар керак, депти.
Манзура: «Жон болам, даданг қариб қолди, бир ҳафта бўлди, пенсияга чиқди, Ганжиравонга кел, даданг ўрнига ўзинг ўқитувчи бўл. Жон болам, йўқ дема», деб хат ёзди.
Нигора келармикин? Келса, Ганжиравон кўчаларида тўда-тўда мактаб болаларини эргаштириб юрса, қандоқ ярашади унга. Келармикин?
Аммо, онанинг хати Нигорага етмади. У ўғирланган бахтини излаб вагон ойнасидан қум барханларига тикилиб кетмоқда эди.
1957 йил.