Ҳомиджоновни янги тузилган бир ташкилотга бошлиқ қилиб юборишди.
Янги ташкилот бўлгандан кейин камчилиги кўп. Майда-чуйда камчиликлар Ҳомиджоновнинг кўзига кўринмади. Аммо машинаси йўқлиги уни кўп қийнаб қўйди.
Янги идорага ўтган куни эски идораси иззат-ҳурмат билан машинада опкелиб қўйди. Одамлар билан танишди, кабинетларни айланди, телефонларнинг қулогини кўтариб пуфлаб кўрди, пўлат сандиқнинг ичини очиб қаради. Янги экан, бўёқ ҳиди димоғига урилиб яйратди. Буфетчи устига сочиқ ёпилган тарелкада котлет опкирди, маза қилиб еб, устидаги сочиққа лунжини артди.
Хулласи, янги идорада тартиб жойида. Камчилиги, нолийдиган жойи йўқ.
Бироқ, ишдан қайтадиган пайтда эски идоранинг қадри билинди.
Ҳомиджонов йигирма йилдан бери пиёда юрмаган. Қайси трамвай қаёққа боришини билмайди. Қайси автобусда қаёққача бориб, қаерда тушиб қолиш керак?
Ҳомиджонов таваккалига дуч келган трамвайга чиқди. Трамвай вокзалга обориб ташлади. Ҳомиджонов ярим соат довдираб автобусга тушди. Автобус уни Қўйлиққа обориб қўйди. Яна трамвайга чиқди. Бу гал Чилонзорда тушди. Яна троллейбусга чиқди. Троллейбус бозорга ташлаб, ўтиб кетди.
Ундан бунга, бундан унга чиқди. Чиқди, тушди. Қоқ ярим кеча бўлди. Ёнидаги пуллар трамвай-троллейбусларда тамом бўлди. Трамвайлар, автобуслар паркка кириб кетишди. Шаҳар жимиб қолди. Кўчада Ҳомиджонов билан милиционерлар қолишди.
Энди нима қилиш керак, уйга телефой қилиб хотинидан адресини, қайси автобусда уйга етиб келишини сўрай деса, автомат телефон учун ёнида бир тийин ҳам қолмапти.
Одамзоднинг бошига иш тушса, ақли киради деганлари рост экан. Ҳомиджоновнинг ҳам шу топда калласи ишлаб қолди. Адресини ёнидаги паспортига қараб билса-ку бўлади. Шу гап эсига келмаганини қаранг-а.
У шундай қилди. Паспортини чироққа солиб қаради.
Ошқовоқ, 2.
Ҳомиджонов Ошқовоқ кўчасини милиционердан сўради.
– Нечанчи уй? – деди милиционер.
– Иккинчи уй, иккинчи,– деди Ҳомиджонов.
– Э, омон бўлинг, мана иккинчи уй. Уйингизнинг орқа тарафида турибсиз-ку.
Муни қаранг-а, йигирма йилдан бери шофёр тушмагур уйнинг орқа тарафидан бирон марта ҳам олиб келмаган экан-а. Ахир Ҳомиджонов шу бугун бу уй олдидан энг камида йигирма марта ўтди. Билмаганини қаранг.
Милиционер кулди:
– Ўтказиб қўяйми, ё ўзингиз ўтиб оласизми?
Ҳомиджонов жиддий жавоб қилди:
– Барака топинг, ўтказиб қўйганингиз маъқул, яна адашиб кетмай.
Ҳомиджонов эртасига ишга боролмади. Куни билан «оёғи оғриб, диванда ётди.