Бир пошшо мушугини силаб, тахтда мудраб ўтирган эди. Нариги пошшодан базмга таклиф қоғози келди. Пошшо шоша-пиша бошига тож кийиб, совғасини қўлтиқлаб йўлга тушди.
Базм чинакамига шоҳона бўлди. Саройни айтмайсизми, ҳашамлари кўзни оламан, дейди. Дастурхонда дунёнинг жами бурчидан олиб келинган ноз-неъматлар бор. Пошшо оёғига нимадир суйкалаётганини сезди. Энгашиб стол тагига қараса, мушуги. Жонивор пошшога эргашиб, изма-из келган экан. Пошшо биров сезмасин деб икки этигини жуфтлаб мушукни беозор қисиб ўтираверди.
Қайтишда пошшо мушугидан сўради.
— Зиёфат зўр бўлди-а. Мен пошшо бўлатуриб бунақа меваларни кўрмагандим. Қалай, базм сенга ёқдими?
Мушук бош чайқади.
— Менга ёқмади. Шундоқ катта саройда битта ҳам сичқон йўк экан.
Қиссадан ҳисса:
Адабиётимиздан сичқон қидирадиганлар кўпайиб кетмадимикин?
__________
* Гурба — мушук.