Ҳамма гап гапда.
Солия амма қорани оқ деб ишонтира олади. Оқни қора қилиб кўрсатиш унга бир қултум сувни ютгандек гап.
Келинини ёмонлаганда:
— Ҳа, ишлаб нима топарди. Ярим ойлик моянасига саккизта дирдов қўй ҳам келмайди.
Ўғлини мақтаганда:
— Ярим ойлик моянасига саккизта бўрдоқи товуқ келади.
Куёвини мақтаганда:
— Куёвимнинг ичганидан бўшаган шишаларига икки оила бемалол рўзғор тебратса бўлади.
Акасини мақтаганда:
— Ишқилиб топиб келмаса ҳамки, эркаклик уйнинг файзи бошқача бўлади-да.
Қудасини ёмонлаганда:
— Бирам бачкана, бирам бачкана, калавотда ётишига бало борми?
Қизини мақтаганда:
— Шу кенжа қизим ҳам опаларига ўхшаб нозиккина чиқди. Юрса ҳовли тўлиб кетади. Автомобили йўқ одам остонамга совчи юбориб, овора бўлмай қўяқолсин.
Ўзини гапирганда:
— Ёшлигимдаям шунақа келишимликкина эдим, унча чиройлик эмасдим-ку, лекин истарам ўлгур иссиқ.
Хуллас, ким қанақалигини билмоқчи бўлса Солия аммани ойна қилиб қарасин. Ўзини «точний» кўради.
Адреси: Кўкча, Қатиқ бозори.