Қачон бозор борсам молбозор, қўйбозор, отбозорни бир айланиб келаман. Отам раҳматли: “Бозор кунлари бир нарса олмасанг ҳам мол бозорни би-ир айлан, хосияти кўп”, деб айтгич эди. Молбозор доим гавжум, моллар, қўй-эчкилар орасини ёриб ўтиш қийин. Одамларнинг бақир-чақиридан қулоқ битай дейди. Менга ўхшаган шунчаки томошаталаблар, нарх-навони билгани келганлар ҳам кўп. Ҳеч ким молим ёмон демайди. Олувдор эса арзон олай деб молни ерга уради, “пайчалайди”. Даллоллар ким кўпроқ пул берса, ўшанинг тарафини олиб бақиради. Сотувдорнинг қўлини узиб олгудек бўлиб силтайди. Дидига ўтирмагунча сотувдор ҳам оёқ тираб тураверади. Келишганлар эса даврадан четга чиқиб, пул санашади. Отбозор бир мунча тинчроқ. Отларнинг салобатими-ей, ёки бошқами, бу ерда одамлар узоқроқдан айланиб кузатишади. Ҳар замон-ҳар замон бир-бири билан талашиб, кишнашиб қолган отларнинг дупури эътиборни жалб қилади ва шунда улар гур-р этиб ўша томон юришади. Отларни ажратиб қўйишгач, яна бир мунча пайт олдинги сокинлик ҳукм суради. Бозорни айланиб юрганимда ўртароқдаги от бирдан тайсалланиб, сакраб, безовталаниб кишнаб юборди.
— Ҳа-а, жомоллагур, тек, тек дейман, — деб бақирди жиловини тутиб турган гавдали, қорачадан келган, мўйловли одам. От эса тинмай ўйноқлар, кишнаб ҳамманинг эътиборини ўзига тортарди. Мен ҳам шу томон юрдим. Отга қараб туриб, бирдан юрагим ҳапқириб, баданим жимирлашиб кетди. Ие… Ё алҳазар! Эй худойим! Кўзларимга ишонмай қотиб турардим. Ахир… Ахир бу… Бу отамнинг оти-ку! Шу пайт от ҳам мен томон талпиниб, депсиниб, кишнаб юборди. Жонивор мени таниди. Йўқ, йўқ, энди тушундим. У мени аввалроқ кўрган. Ҳа, ҳа. Менинг эътиборимни тортмоқчи бўлган, жонивор. Ҳаҳ, отамнинг оти-я!
Отнинг бўйнидан қучоқлаб олдим. Атрофда одам тўпланган, ҳамма бизга қараб турарди. Кўзларим ёшга тўлди. От ҳам худди ем еяётгандек ҳадеб лаблари билан елкамни ялар, худди нималардир деяётгандек. Ҳа-а, у отамни сўраяпти. Ҳўнграб юбордим.
Оҳ, отажонимнинг оти-я! Эганг чин дунёга кетганига уч йил бўлди. Сени сотганидан сўнг атиги бир йилгина яшади. Оҳ, отамнинг оти-я! Негалар сени сотибмиз-а! Нега сотдик-а! Биз хом сут эмган бандалар сени сотиб “Жигули” олдик. Отажоним бирор ерга борар бўлса доим сени миниб, ўзи кетаверар эди-я. Машина олгач “ўғилларим қачон ишдан келар экан, қачон вақти бўлиб мени айтган жойимга обориб келаркан”, — деб интиқ бўлиб ўтирарди. Охири тоқати тоқ бўлиб, ўзи поё-пиёда кетадиган бўлди. Лекин вақт ўтиши билан қарилик, уруш асоратлари, кўпкариларда от уравериб заҳм бўлган жойлар билиниб, оёғи оғриб қолаверди. Бир куни юраги тошиб қон босими кўтарилиб, миясига қон қуйилиб йиқилди. Шу-шу турмай… кетди. Оҳ, отажонимнинг оти-я. Сени бекорлар сотган эканмиз-а! Ҳай аттанг, аттанг!
Отни қучоқлаб, шўрқ-шўрқ йиғлайман. Отнинг йиғлаганини кўрганмисиз? Мен кўриб турардим. Унинг кўзларидан ҳам мўлт-мўлт ёш оқар, бошини сарак-сарак қилиб, пишқириб-пишқириб, оёғи билан ерни тепиб-тепиб, мени искаб-искаб йиғларди. Шу кўйи биз узоқ қучоқлашиб турдик. Отнинг эгаси:
— Ука, отни сотишим керак. Қўйворинг-эй, — дер эди ҳадеб. Мен эса:
— Пича шошманг, ака, — дейман йиғлай-йиғлай. — Бу… отамнинг оти.
— Чиниминанами? Ахир… сиз… сиз… — Отнинг эгаси ҳам бирдан эловраниб, ҳадеб елкамни силайди. — Сиз ўша… Раис бобонинг…
— Ҳа, ҳа, мен ўша кишининг ўғлиман…
— Наҳотки?! Э-э, буни қаранг-а. Ё қудратингдан. — Отнинг эгаси атрофдагиларга маъни бера бошлади. — Мен бу отни уч йил бурун раис бободан сотиб олган эдим. Оббо, хоназод-эй. Эгасини таниди-я. Ҳе, қойил-э!
Томоша қилиб турганлар ҳам бири қўйиб бири: “Ҳе қойил-э, эгасини таниди-я” деганича, ҳайратланиб туришарди.
— Ука, сиз ҳам танидингиз-а? Жонивор сизга жуда меҳр қўйган экан. Қаранг, қаранг, кўзидаги ёшга қаранг-эй. Ё тавба-я!
— Ҳа-а, отам ётиб қолгач, кўпинча ўзим қарардим. Сувлаб, емини бериб, дарё бўйларига чоптириб-чоптириб келардим-да.
— Э-э, от жонивор жуда ақлли бўлади-да. Қаранг, меҳрни эсдан чиқармайди булар. Сизни таниди-я…
— Йўқ, бу отамни эслади. Мендан отамни сўраяпти, — дедим йиғлаб. Ҳали ҳам қучоқлаб бир қўлим билан ёлини силаб турардим.
— Ука, мен сотгани опчиққан эдим.
Мен ноилождан отни қўйвориб, ундан нари юрдим. У яна кишнаб юборди. Мен ўксиниб, яна йиғладим. Қайтиб бориб яна отнинг бўйнидан қучоқладим. Ўнг елкамдан авайлаб тишлаб турди-да, бир оздан сўнг қўйиб юборди. Устимда отамдан қолган чопон бор эди. Ҳаҳ жонивор-а! Ҳаҳ отажонимнинг оти-я! Отамнинг чопонидан ҳидини сезди.
Оҳ, отажонимнинг оти! Оҳ, отажо-он! Ота! Сизни отингиз унутмаган экан. Сизни сўраяпти. Ота, отажон!
Отам раҳматли урушдан қайтганда Германиядан бир қоп-қора палто опкелган экан. Уёқ-буёққа борар бўлса, шуни кийиб юрарди. Сўнг онам палтони менга берди. Совуқ пайтларда доим кийиб юраман. Бир оз оғирроқ туюлса ҳам асл экан, ҳозиргача ранги ўчмаган, қоп-қора. Жонивор шуни таниди-я. Ҳе тавба-ей! От ҳам шундай эсли бўладими-я…
Отам раҳматли отни сотаётганда ҳам у анча тархашовлик қилиб, кишнаб-кишнаб ажралишни истамай, йиғлаб қолган экан. Бозордан қайтгач онамга айтиб, роса ўксиган экан. Ўшанда отам анчагача ўзига келолмай юрди. “Замондан орқада қолмайлик”, деб отни соттирган биз фарзандлар ўшанда буни сезмаганмиз, тушунмаганмиз. Ҳай аттанг! Отам ёшлигидан от билан катта бўлган. Урушга борганда ҳам отлиқ кавалерияда хизмат қилган. “Пирон деган ақлли отим бор эди”, дегич эди. Тўриқни ҳам ёш, қулунлигидан асраб, от қилган эди. Ўн беш йил минди. Узоқ-узоқ жойларга беш-ўн кунлаб, кўпкариларга кетишарди. Жуда кўп совринлар айирган бу от. Бир кўпкарига борганда ўша ернинг бековули миниб юрган яп-янги “Волга”сига алмаштирайлик, деганда отам кўнмаган экан. Кейин эса… фарзандларнинг кўнглидан ўтолмай… Эҳ-ҳ, отажонимнинг оти-я! Сенда барака кўп экан. Буни кеч билдик, афсус. Отам кўзи тириклигида бир дастурхон бошида нон еб юрган биз фарзандлар отам ўтгач, баримиз ўзимиз билан ўзимиз бўлиб кетдик. Онам кенжа укам билан қолган. Энди эса бир-биримизни бирон тадбир ёки тўй баҳона кўрмасак, ўзимиздан ортиб йўқлашга вақт тополмаймиз. Ҳе, қани энди отам тирилиб келса… Ҳа-ҳ отажонимнинг оти-я! Эганг йўқ энди! Йўқ, йўқ!..
Анчадан сўнг от эгаси елкамга қоқиб:
— Ука, от сизни таниди. Шуни олинг. Арзон бераман. Ҳали даёв. Миниб юрса бўлади, — деди.
— Ололмайман! — дедим зарда билан.
— Ҳай аттанг! Яхши от эди-я. Кўп ақлли. Қаранг. Шунча йил ўтса ҳам сизни унутмаган экан-а.
— Афсус…
Мен от билан хайрлашиб, изимга қарай-қарай узоқлашдим. У ҳам мени тушунди… бошини эгиб, жим бўлиб қолди. Ҳаҳ, отамнинг оти-я. Тақдирга тан берди, жонивор. Унинг пишқиргани, депсинганини ҳис қилиб, узоқлашар эканман, бирдан кишнаб юборди. Мен эса изимга қарамай, бозордан чиқиб кетдим. Чиқдим-у, тўғри мозорга — отамнинг бошига кетдим. Оҳ отажон! Ота, мен отингизни кўрдим! У сизни сўради! Отажон! Отажоним, мени эшитяпсизми? У сизни эсидан чиқармаган экан! Отажо-он! У сизни сўраб қолди, отажон!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 19-сон