(бир кимсанинг номаи ҳоли)
У туғилди-ю, йиғлаб юборди.
Қанақа дунёга келиб қолдим-а? деб ҳайрон бўлиб, қотиб-қотиб йиғларди. Ўраб-чирмашди. Онаси кўкрак тутди. Бахтига қарши онасининг кўкрак учи ясси экан, эма олмади.
Шу ҳам кўкрак бўлди-ю, эммайман, вағиллади яна. Дўкондан резина сўрғич опкелишиб бўйнига осиб қўйдилар. Сунъий сутлардан эмиб аста-секин улғая бошлади. Лекин ҳеч нарсадан кўнгли тўлмасди. Отаси олиб берган уст-бош гоҳ катта, гоҳ кичик. Онаси қилган овқатлар гўё бемаза, бетаъм эди. Кун бўйи юзига пашша қўниб олдидаги овқатни емасдан хархаша қилиб ўтираверарди. Бечора ота-она ҳайрон эди. Ахир “пуф-пуф”лаб, ҳеч кимга ишонмай шунча авайлаб қарагани билан ўғилчасининг кўнглини топишолмасди-да. Баъзан отасининг жаҳли чиқиб дўппослаб ташламоқчи бўларди-ю, онаси орага тушарди:
Қўйинг, дадаси. Каттараверса эси кириб яхши бўлиб қолади, дерди боласининг бошини қўлтиғига яшириб.
Мактабга борди. У ерда ҳам ўқитувчилар билан чиқишолмасди. Дарсдан қочарди.
Фақат мендан сўрашади. Атайлаб мени доскага чиқаришади. Менда қасди бор, дерди ҳинқиллаб йиғларкан. Синфдошлари билан ҳам дўстлаша олмади.
Менинг устимдан гапириб кулишади. Мени кўролмайди, дерди онасига кўз ёши қилиб. Дастёр бўлиб қолгани учун ота-онаси баъзан-баъзан буюрган ишни ҳам ёлчитмас эди. Бирдан гоҳ биқини, гоҳ қорни оғриб қоларди. Ота-онаси қўрқиб дўхтурма-дўхтур чопишарди.
Нега ҳамма касал менга ёпишади? Нега бошқа болалар касал бўлмайди? деб бақириб йиғларди уколлардан безор бўлганидан. Ранги заҳил, бадани момиқ пахтадай бўлиб ўса бошлади. Мактабни ҳам бир амаллаб битирди. Отаси таниш-билиш қилиб бир институтга киргизиб қўйди. Имтиҳонларни пул билан топшириб ўқиди. У ерда ҳам бировга эл бўлолмади. Чақимчилик қиларди.
Мени ҳаммаси ёмон кўради. Ўзлари ёмон, дерди ўзича куюниб. Уйига таътилга келган вақтларда қишлоғи кўчаларида гердайиб юрарди. Ҳеч кимга салом бермас эди. Умуман салом беришни ўзига ор биларди.
Мен катта шаҳарда ўқисам-у, бу қишлоқилар менга салом беришмайди…
Ишга кирди. Тағин ғурбат. “Ойлиги кам. Иш кўп. Одамлар ёмон…”
Ўзига ўхшаган битта-яримтани йиғиб, бошлиқларнинг устидан иғвогарлик қилиб, юмалоқ хат ёзишди. Ниятига етолмагач, яна куюниб юрди:
Ҳеч ерда ҳақиқат йўқ. Балиқ бошидан сасиган…
Қари ота-онасини ҳам ҳар куни “Менга яхши шароит яратиб бермадинглар, менинг шундай қийналиб юришимга сизлар айбдор” деб, таъна қилавериб, кун бермасди. Бечоралар унга куя-куя, изидан чопа-чопа, уни суяй-суяй ўзлари ҳам оламдан ўтиб кетишди. У эса бевафо дунёдан нолиб йиғлаб қолаверди. Сўнг тоғалари уни гулдай бир қизга уйлантириб қўйишди. Лекин хотини билан узоқ яшамади. Характерлари тўғри келмаганмиш.
Телевизордаги қизиқчига қараб тиржаяди. Кўчадан келган тиламчига нон берарди, деб хотинини ёмонлаб юрди. Шу билан қайта уйланолмади. Ўлғиз яшади. Қўни-қўшнилар билан сози йўқ, суви тинимасди.
Бари ғийбатчи, бари мени кўролмайдиган одамлар…
Ҳамма уни кўрса қочадиган, айланиб ўтадиган бўлиб қолди. Тоғалари уни кўргали қандай-қандай келса, уларга қараб жанжал қиларди:
Қандай тоғасиз-э. Ҳолимдан хабар олмайсиз. Оғаинларда меҳр-оқибат йўқ.
Сен ўзинг ҳам бундай оғаинларникига меҳмон бўлиб боргин-да. Келганларни очиқ юз билан кутиб олгин-да, дерди тоғаси танбеҳ бериб.
Менга жони ачишадиган йўқ. Ҳаммаларинг мени ёмон кўрасизлар. Нега мени ҳамма ёмон кўради? деб йиғларди у.
Маҳаллага қўшилмай қўйди. Ҳовлисининг эшигини кирса ҳам, чиқса ҳам танбалаб юрарди. Ниҳоят пенсияга чиқди. Пенсия берадиган жойга бориб ҳар куни жанжал қиларди.
Нега менинг пенсия пулим кам? Нега уруш ветеранлариники кўп? Мен ҳам давлатга ишлаб бердим-ку…
Энди қаридингиз, мусулмончилик амалларини бажариб юринг, деб маҳалла имоми панду-насиҳат қилганига пушаймон еди.
Эшакдан йиқилиб пешонам ерга тегмаган-у, энди номоз ўқийман деб бошимни ерга ураманми? Ўқийверинг, сизга керак бўлса, деб жеркиб ташлади у.
Тўй маракаларга ҳам бормай қўйди.
Борса ҳам қовоғини уйиб:
Тузук овқат қилишмаган, кўпроқ бермади, хасислар, деб сўкиниб қайтади. Бирон одам билан қандай-қандай гаплашиб қолса ҳам, доим нолигани-нолиган:
Одамлар бузилиб кетди. Замон бузилиб кетди. Ҳамма томонда йўқчилик. Яшаш қийин бўляпти…
Бора-бора ҳафақон касаллигига йўлиқди. Врачлар унга дори-дармон буюришди. У писанд қилмади.
Фу-у. Дорилар аччиқ, сассиқ. Уколлар ёқмайди. Дўхтурларнинг билими йўқ, дерди инжиқланиб. Аҳволи ёмонлашавергач, уколларни олишга, дориларни каппалаб ютишга мажбур бўлди. Лекин дард зўр келди. Йиқитди. Уни кўргали келганларни кўрганда аламидан яна йиғлади:
Нега? Нега мен касал бўламан? Нега сизлар касал бўлмайсизлар?
Кунлардан бир куни Азроил эшигини қоқди. Кўзига кўрингандан ўкириб йиғлаб юборди.
Йўқ. Норозиман. Нега энди фақат мен ўлишим керак? Нега бошқалар эмас? Азроилда инсоф йўқ…
Жон таслим қилаётганда ҳам анча вақт талваса қилиб, лаблари алланима деб пичирлай-пичирлай… узилди бечора, ношукур банда.