Сигарет тутунга тўла катта хонада оқ халат кийган бир неча ўта жиддий қиёфадаги кишилар эрталабдан бери мунозора қилишади.
– Йўқ, йўқ. Мен ололмайман. Беморнинг дарди жаррохлик эмас. Уни терапевт олсин. – деди саккизинчи марта сўз олган жаррох Жовлиев.
– Йе, нега энди? Бемор чисто инфекционний-ку?! Тағин изидан ҳеч кими йўқ экан. Уни юқумли касалликлар бўлимига ётқизиш керак. Тамом-вассалом. – эътироз билдирди терапия бўлими бошлиғи хўппасемиз Қорбосдиев.
– Ҳеч қачонда. Беморнинг барча дарди ўпкасида-ку. Уни сил касаллар бўлимига ётқизиш керак. – деди инфекционист пашша қўриётгандек қўл силтаб.
– Рентгентда сил белгиси кўрмадим. Дарди жигарида. У терапевтники. – деди ўнинчи марта тўнғиллаб Тўнғизбоев.
– Ҳечамда. Асли ҳамма гап юракдан. Уни кардиолог олақолсин. Палатаси бўшаб ётибди. – деди Қорбосдиев бошқаларга кўз қисиб.
– Причём бу ерда юрак. Беморнинг қорни таранглашган-ку?! Ясно. У жаррохларники. – деди қошини сузиб кардиолог Курраев.
– Ҳа, айтганча, яхшиси беморни реанимацияга ётқизсак-чи?! – деди ниҳоят жаррох Жовлиев. – Ҳаммамиз навбат билан бориб кўриб турардик…
– Бекорларнинг бештасини айтибсиз. Ҳисобот-чи?! – деди мудраб ўтирган реаниматолог ўассолов бирдан чийиллаб. – Ўлимнинг ҳисоботи яна менинг бўйнимга тушадими? Йўқ, йўқ, бўмайди. Сил бўлса, фтизиатр олсин-да-е…
– Йўқ. Меники эмас. Инфекционист олсин.
– Бемор терапевтники.
– Бекор айтибсиз, у кардиологники.
– Йўқ, у жаррохники…
Кун пешиндан оғди. Улар эса…
Ниҳоят эшик шиддат билан очилиб қабулхона хамширасининг бўғриққан юзи кўринди.
– Мумкинми?
– Хўш?! Нима гап?..
Ҳамма унга тикилди.
– Духтур, коридорда кечадан бери ётган беморнинг танасини нима қилайлик?
– А?!..
Консилиум иштирокчилари хамширага бир зум ҳайрат билан тикилиб қолишди. Сўнг юзларидан хайрат йўқолиб, ўрнига мамнунликка ўхшаган бир ифода пайдо бўлди.
– Ўлдими-ей?!
– Ҳе, бечора-ей…
– Ўзи жуда оғир эди-да…
– Ҳа-а. Начора, бандачилик…
Сўнг духтурлар бир-бирига қарашганича бир овоздан хамширага жавоб қилишди:
– Қаерга бўларди, ўликхонагада. Моргга…
Хамшира югуриб кетди. Хонада ўтирганлар ҳам секин қўзғолишди. Уй-уйига…