Сафар Кокилов. Элчига ўлим йўқ (ҳажвия)

Улар аввал кичкина бир хонага йиғилишди. Эшикни ичкаридан тамбалашди. Сўнг шу корхонада қирқ йилдан бери ишлаётган, сочларига оқ тушган, афти ғижимланган қоғоздай Дарозов пинғиллаб гап бошлади.
-Шу десангизлар, мен жуда яхши биламанки, обуна бўлиш ихтиёрий! Масалан чет элларда… обуна қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ…
-Тўппа -тўғри айтасиз, ака. Қари билганни, пари билмас дегани шу-да. Мен юз поиз қўшиламан гапингизга…-дейди бақалоқ, тепакал Гуржиев, оғзининг бурчагидан доим оқиб турадиган сўлагини қўли билан артар экан:- Ахир бизда ҳам энди демократия-ку. Ҳар кимнинг эрки ўз қўлида бўлса…
-Ҳе, ҳар йили аҳвол шунақа. Минг дод вой деган билан барибир мажбурлаб обуна қилдиришаверади.-дейди минғиллаб бошини эгиб ўтирган Мулойимхонов.
-Яна тағин қайси гўрдаги керак эмас газета-журналларга обуна қилганига ўлайми. Тавба!-дейди ингичка овозли, хипчабел, қорақош Калтаев.
-Бўлди, ўртоқлар! Энди бунга чек қўйиш керак. Юқорида шикоят ёзамиз, тамом-вассалом!-деди столни муштлаб Дарозов ака.
-Шундай қилиш керак. Дардимизни эшитадиганлар бордир юқорида…-деб, уни қўллаб-қувватлади бақалоқ Гуржиев
-Йўғ-э, дарров ёзиш шартмикан –а?! Аввал бошлиқнинг олдига бир кириб чиқсак бўлмасмикан. Балки унинг бу гаплардан хабари йўқдир. Барисини анови бош ҳисобчи билан кассир қилаётгандир…-
-Уёқ-буёғига қўрқа-писа қараганча минғирлади Мулойимхонов .
-Ҳе-е, бари бир гўр. Ҳаммасининг тили бир, бошлиқ ҳам улар билан… – чийиллади Калтаев
-Бу гап ҳам маъқул-бош ирғади Дарозов:- Бўпти, аввал бошлиққа кирамиз. Вазиятни шундай-шундай деб тушунтирамиз. Обуна бўлмаймиз. Обуна ихтиёрий деймиз. .. Кўнмаса, юқорига ёзамиз деймиз-да. Тўғрими? … -Тўғри шундай қилиш керак-деди Гуржиев.
-Хўш, ким киради бошлиқ олдига?-ҳаммага бир-бир қаради Дарозов.
-Ака, ўзингиздан яхшиси йўқ бу ерда. Каттамизсиз. Гапни биласиз. Ўзингиз киринг ака- деди Калтаев уни елкасини силаб.
-Йўқ. Мен кирмайман-деди қатъий овозда Дарозов бош чайқаб:- ахир мен яқинда нафақага чиқиб кетаман-ку. Сизга нима демайдими? Мен киролмайман…
-Мулойимхонов кирсин бўлмасам. Қачон қарасам хотинлар билан тил топишиб юради. Демак гапни билади-да-деди Гуржиев кўз қисиб.
-Ҳе қўй-э. Шундай бўлган билан қўрқоқ. Бошлиқ олдида тили калимага келмай қолади. Бошлиқ сенга хотин эмас-ку, айлантирса…Бўмайди-деди Дарозов ва қўшиб қўйди:- Калтаев эплайди. Шу кира қолсин.
Ҳа-а ана топдик. Калтаев кирсин. Шу ичимизда энг дадилроқ. Гапни ҳам ўхшатиб гапиради. –деди бирдан жонланиб Гуржиев.
-Вой, қандай бўларкан. Нима дейман?-Қийшанглади Калтаев.
-Ҳа, айтдик-ку энди. Шартта кирда, мен жамоа номидан элчи бўлиб келдим дегин. Шундай –шундай, Биз обуна бўлмаймиз, тамом-вассалом… қўрқма, изингда мана биз бор. Ўша ерда эшик орқасида турамиз. Қолаверса, элчига ўлим йўқ деган гаплар бор… Бўпти, қани, бор бўлмасам,-Дарозов шундай деб ўрнидан турди. Улар етаклашиб корхона бошлиғи кабинети томон юришдилар. Каттаевни орқасидан итариб-итариб бошлиқ хонасига киргизиб юборишди-да, гўё қочиб чиқмасин дегандек эшик орқасидан елкалаб итариб туришди. Бутун вужудлари қулоққа айланиб кута бошладилар.
Каттаев бошлиқ хонасига кирди. Ўзига таниш гавдалик, семизлигидан хўкизга ўхшаб пишиллаб, тўрдаги столда нимадир ёзаётган бошлиққа кўзи тушганиданоқ эти жимирлашиб, тили калимага келмай қолди. Дир-дир титрай бошлади. Бошлиқ унга бир қараб қўйди-да, ёзишдан тўхтамасдан,
-Хўш, нима гап?-деди гулдураган овоз билан. Каттаев чўчиб тушди ва қалтираётган қўли билан оғзини артган бўлиб, томоғини қириб олди.
-Мен… Шу… Ҳалиги… Элчиман…-деди Каттаев қалтираган овозда.
-Нима?-Бошлиқ ёзувдан бош кўтариб қўлидаги ручкасини столга ташлади-да, стол суянчиғига ястаниб олиб, унга важоҳат билан тикилди.
-Элчиман дейсанми? Қанақа элчи? Тузук гапир, чигирткадек чирилламай…
-Мен, жамоамиз ходимлари номидан элчи бўлиб келган эдим, ўртоқ бошлиқ…-деди Каттаев чийиллаб:-Ташқарида ҳам одамлар бор…
-Ҳмм, элчиман дегин, хўш чақирмайсанми қолганларни ҳам. Чақир тезроқ. Мени вақтим тиғиз. Ҳозир ҳокимиятга боришим керак…-Бошлиқ шундай деб олдидаги қоғозларни йиғиштира бошлади. Каттаев югуриб эшикни очди ва кабинетдан ташқарига чиқди. Каридорда ҳеч ким йўқ эди. Ҳовлига чиқиб қараса, шериклари бинонинг нариги бурчагида ҳадаҳа кетиб боришарди. Чақирган эди “Ўзинг кирабер, биз йўқмиз” дегандек қўли билан имо-ишора қилишди-да, ура қочишди. “Вой аблахлар-эй”. Энди нима қилдим…”
Каттаев бўйнига арқон солинган бузоқдек тайсаллай-тайсаллай яна бошлиқ олдига қайтди.
-Шериклар кетиб қолишибди,-деди ерга қараганича.
-Хўш, элчибой, нима дардинг бор эди. Ўзинг гапиравер унда… Қўрқма, элчига ўлим йўқ. Гапир…-мийиғидан кулди бошлиқ.
-Мен … ҳалиги … шу обуна масаласида…
-Э-э, шундай демайсанми. Оббо, бунча чайналасан. Ҳойнаҳой яна қўшимча газеталарга обуна бўламиз деб келган бўлсаларинг керак-да. А?! Топдимми?
-А?!… Ҳа! Йўқ… Э-э, шундай-шундай…
-Жуда яхши . Мана мен ҳозир ҳокимиятга шу обуна бўйича ҳисоб бергани бораётган эдим. Яхши бўлди. У ерга бориб “бизнинг ходимлар яна… хў-ўш, яна йигирмата газетага обуна бўлишмоқчи. Ўзлари ташаббус кўрсатиб, келиб айтишди дейман. Молодец! Яшанглар! Қани энди ҳамма шундай бўлса. Бўпти. Арзларингни қабул қилдим. Бориб айт жамоангга. Катта бизни қўллаб қувватлади дегин. Обунага кўнмаганлар ишдан кетиш ҳақида аризасини ёзаверсин экан де. Обуна- бу давлат аҳамиятидаги гап! Ҳамма ихтиёрий-мажбурий обуна бўлар экан дегин. Бўпти бор, бор. Мен ҳам шошиб турибман…
Каттаев ташқарига отилиб чиқди. Елкасидаги оғир юкни ташлагандек, чуқур нафас олиб қаддини ростлади. Бир ютиниб қўйди. Сўнг хуштак чалиб, ишхона томон тез-тез юриб кетди. Катта бинонинг бурчагида уни кутиб турган шерикларига қараб, лабини чўччайтиб, чийиллади.
-Ҳе ўргилдим сиздақа элчилардан балога мени итариб, қочиш эканда,а?!
-Ҳа энди биз сенга ишонамизда, ука-деди Дарозов қийпанглаб:
-Хўш, айтингми дардимизни?
-Айтдим…
-Хўш, нима деди?
-Нима дерди. Гапимни маъқуллади…
-Йўғ-э?!-кўзи қинидан чиққудек бўлди Гуржиевнинг.
-Наҳотки?!-оғзи катта очилиб кетди Мулойимхоновнинг
-Хўш, обуна нима бўлди?-бетоқланиб сўради Дарозов.
-Нима бўларди. Бўлди. Яна йигирмата ҳар хил газеталарга обуна бўлар эканмиз. Ихтиёрий-мажбурий экан. Обуна бўлмаганлар аризасини ёзсин экан…
-А?!
-Наҳотки?!
-Йигирмата?!
Улар анча вақтгача бошига таёқ теккан моллардай қаёққа юришини билмай сермаланиб қолишди. Ниҳоят, Дарозов тилга кирди.
-Ҳе, элчи бўлмай ўл-э…
-Кечириб қўясизлар мени. Элчига ўлим йўқ оғаинлар. Бўлганим шу… Ўзларинг…
-Ҳе, сени элчи қилганларнинг ҳам уйи куйсин-э…