Равшан Йўлдош. Қоплон (ҳикоя)

1

Экспертлар гурухига тегишли “Газель” микроавтобуси ёнида машинани тўхтатдим. Эшикни очишим билан баҳорнинг тонги намхуш шамоли ичкарига суқилиб, юзларимни силаб ўтди. Машинадан чиқдим. Калит уланган мослама тугмачасини босгандим, қулф эшикни маҳкамлаганини миннат қилган мисол, тарақлаган товуш чиқарди. Япалоқ папкамни қўлтиғимга қистириб, зангори бўёқ урилган темир дарвоза томонга одимладим. Дарвоза биқинига темир эшик ўрнатилган, эшикка қутурган итнинг расми ёпиштирилган бўлиб, расм остига “Берухсат кирилмасин! Ичкарида жаҳлдор ит бор” деб ёзилганди. Дарвозага яқинлашдим, эшикни қўриқлаётган сержант билан қўл олишдим, қисқача ҳол-аҳвол сўрашган бўлдим, аммо ҳовлидан баджаҳл ит тугул, кучукнинг вангиллаши ҳам эшитилмади.
– Пўписа қилиш учун илиб қўйибдими дейман? – сўрадим огоҳлантирувчи ёзувга ишора қилиб.
– Ҳовлида чиндан ҳам жаҳлдор ит бор, – жавоб қилди сержант. – Гавдаси мундайроқ эшакча келади.
– Тўппончанг ёнингдами?
Сержант мийиғида кулиб қўйди. Эшикни очдим. Ҳовлига киришим билан боғлоғлиқ турган итга кўзим тушди. Кўппак менга совуқ қадалиб, оёққа турганида огохлантирувчи ёзув беҳудага илиб қўйилмаганига амин бўлдим. Ит, чиндан ҳам, эшакка айланиш арафасида турган хўтикча келар, ялонғочланган сўйлоқ тишлари гавдасига мос, бўшалиб кетса ғажиб ташлайдиган рафтор билан ириллаб турарди. Ҳар қанча жаҳл қилмасин бўйнидаги занжирни узолмаслигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг уйга разм солдим. Эшик темирдан, деразаларга темир панжара ўрнатилган, тепада темир аралашмасидан тайёрланган том. Ҳовли сатҳига, томорқа, оғил томонга элтадиган йўлакларга бетон қуйилган, уйнинг орқа томонига олиб чиқувчи йўлакка итнинг лойга беланган панжа излари тушиб қолганди.
Уй эшигига йўналдим. Зинага қадам қўйганимда эшик очилиб, бўлимимиз бошлиғи – майор Назаров кўринди.
– Ўртоқ майор, капитан Акбаров…
– Жуда яхши етиб келган бўлсангиз, – сўзимни бўлди майор. – Бу ерда қандай жиноят содир этилганидан хабарингиз борми?
– Навбатчи фуқаро Нурмат Норматовга оғир тан жароҳати етказилганини маълум қилди.
– Норматовни касалхонага олиб кетишди. Энди гап бундай, капитан. Аслида, бу иш катта лейтенант Отаевга топширилган…
– Мумкинми, ўртоқ майор?
– Мумкин эмас. Сизнинг бошқа ишларингиз ҳам борлигини биламан. Аммо Отаев ҳали ёш, унга тажрибали маслаҳатчи керак. Тергов-қидирув ишларида катта лейтенантга ёрдам берасиз. Саволлар? – оғиз очгунимча бўлмай майорнинг ўзи ўзининг саволига жавоб бериб қўя қолди. – Демак, савол йўқ. Ишга киришинг!
Назаровни унчалик ҳам юқори бўлмаган кайфиятда кузатиб қўйиб, уйга кирдим. Айвондаги жиҳозлар уй эгасининг пулдор одам эканлигидан далолат берарди. Оёқ остида салкам тўрт бармоқ қалинлигидаги гиламлар, мундайроқ машина баҳосига тенг бўлган улкан уй кинотеатри, баҳайбат қандил остидаги диван, ўриндиғи пардек юмшоқ креслолар… Рўпарадаги деворга олтмиш-олтмиш беш ёшлардаги эркак билан аёлнинг бирга тушган сурати илинганди. Очиқ юзли аёл объективга ўйчан тикилганча қотиб қолган, эркак эса худди бошқалар еб ўзи қуруқ қолгандек, хўмрайиб турарди.
– Норматов дегани шу одам бўлса керак, – ўйладим эшиклардан бирига яқинлашарканман. Очиқ турган эшик ўртача катталикдаги хонага тегишли эди. Хонага стол билан уч-тўртта курси қўйилган, курсилардан бирини қирра бурни остидаги қўнғиз мўйлови ўзига умуман ярашмаган йигирма тўрт – йигирма беш ёшлардаги йигит – катта лейтенант Отаев банд қилганди. Девор остида турган диванда қирқ ёшларни қоралаган чўзинчоқ юзли одам билан озғиндан келган аёл ўтирибди. Чўзинчоқ юзлининг маллатус мўйлови ҳам ўзига ярашмаганини ўзимча эътироф этиб, томоқ қириб қўйдим. Бўғзимдан юлинган беўхшов товушни эшитган Отаев ўрнидан кўтарилди.
– Саломатлик тилайман, ўртоқ капитан! – паст пардада хитоб қилди хонадан чиқиб эшикни ёпаркан.
– Сизга ҳам, лейтенант! Расмиятчиликни йиғиштириб, мақсадга ўтамиз.
– Демак, бундай, Фаррух ака. Жабрланувчи – Норматов Нурмат. Етмиш ёшда. Хотини бундан уч йил олдин оламдан ўтган. Бола-чақаси йўқ, ёлғиз ўзи яшаркан. Тунда кимдир ухлаб ётган Норматовга оғир тан жароҳати етказибди. Юринг.
Катта лейтенантга эргашдим. Ётоқхонага кирдик. Улкан қандил остига икки одамлик ёғоч каровот қўйилган, каровот устидаги кўрпанинг ярми полга осилиб ётарди. Ичкарига киришим билан деворга тираб қўйилган расмга кўзим тушди. Кийикка ташланишга шайланаётган йўлбарснинг расми. Аммо рассом нўноқроқ эканми, ўтхўр жонивор кийикдан кўра кўпроқ эшакка, йўлбарс жаҳли чиққан мушукка ўхшаб кетарди. Бир ярим метрча баландда девор орасига кичкина сейф ўрнатилган. Сейфнинг эшиги очиқ. Расм ёнида тўладан келган одам чўк тушиб ўтирибди. Жаноб Асқаров. Экспертлар гурухининг бошлиғи. Ётоқхонада изғиб юрган йигитлар унга тегишли, жиноятчининг бармоқ излари қолиши мумкин бўлган жойларни синчиклаб кўздан кечиришяпти. Бизга қараб қўйишни ҳам лозим топишмади. Биз ҳам уларга эътибор бермай, деразага яқинлашдик.
– Жиноят қуроли.
Отаев дераза рахида турган ҳайкалчага ишора қилди. Аниқроғи, бу матоҳ ҳайкалча эмас, Норматовнинг гипсдан ясалган кичкина бюсти эди. Тўғри, башараси жабрланувчининг юзига унчалик ўхшамайди, аммо ҳайкалтарош рассомга қараганда моҳирроқ экан, бурнини ўхшатибди! Бюстнинг бош қисми қонга беланганди.
– Норматовга ўзининг бюсти билан жароҳат етказибди, ярамас! – минғиллади бизга яқинлашган Асқаров. – Салом, Фаррух. Сениям бу ишга жалб қилишдими?
– Йўқ, – пўнғилладим унинг қўлини олиб. – қиладиган бошқа ишим бўлмагани учун ўзим келдим!
– Ҳар доимгидек, тилинг заҳар!
– Сен эса, ҳар доимгидек, бемаъни савол беряпсан. Суюнтирасанми?
Эксперт бош чайқади.
– Жиноятчининг бармоқ излари топилмади. Қўлқоп кийиб ишлаган кўринади. Мана бунга қара.
Асқаров бюст ёнида турган елим халтачани олди. Халтача ичида тугма бор эди.
– Норматовнинг кафтидан топилди. Чамаси, эркакларнинг енгил курткасига тегишли.
– “Кафтидан топилди” га аниқлик киритайлик, – дедим тугмага кўз ташлаб. – Чангак бўлган бармоқларининг орасидан олдингми ёки…
– Ёки! Жабрланувчи бу тугмани жиноятчининг кийимидан юлиб олган, дейишга асосим йўқ. Тугма очиқ кафтида ётганди.
– Ўйлашимча, бу билан ҳеч нима демоқчи эмассан? Шундайми?
– Тўғри ўйлабсан.
– Ташқари эшик қулфига кўз ташладингми?
– Қулф бузилмаган, изқувар, калит билан очилган.
Сейфга ишора қилдим.
– Сейф эшиги рақамли, – тушунтириш бера бошлади эксперт. – Олтита рақам тўғри терилсагина калит тиқиладиган тешик қопқоғи очилади. Рақамлар тўғри терилмаса сейф калитини ўғирлашдан маъни йўқ.
– Демак…
– Сен ҳам тўғри ўйладинг, – Отаевнинг сўзини бўлди Асқаров. – Жиноятчи қайси рақамлар терилганида сейф эшиги очилишини билган. Бунга ишончим комил. Докторлар етиб келгунча жабрланувчини бир қур кўздан кечиргандим. Танасида қийноққа солинганини ошкор қиладиган белгилар йўқ эди. Тахминимча, жиноятчи уй эшигини калит билан очиб айвонга, айвондан ётоқхонага кирган, ухлаб ётган Норматовнинг бошига ўзининг бюсти билан зарб тушуриб, сейфни шипшийдам қилгану, ғойиб бўлган!
– Мана бу расмда…
– Расмда ҳам бармоқ излари йўқ, лейтенант. Синчиклаб текширдим. Норматов деворга ўрнатилган сейф эшигини пана қилиш учун илиб қўйган бу бемаъни расмни. Ўзинг қара, йўлбарсми шу? Ит талаган мушукка ўхшаб кетяптику?!
Экспертнинг сўзларига эътибор бермадим. Паркет полда ётган уч-тўртта кулранг-қорамтир нарса эътиборимни ўзига жалб қилганди. Нарсалар уй сичқонининг аҳлатига ўхшаб кетарди. Оёқ устига чўк тушдим. Катта лейтенант билан эксперт менинг ҳаракатимни такроллашди.
– Носми?
Саволга жавоб қилмай, каровот остига энгашдим. Каровотнинг оёғи ёнида яна бир нечта нос доначалари ётарди.
– Асқаров!
Эксперт дарров елим халтача узатди. Нос доначаларини елим халтачага жойлаб, ўрнимдан турдим.
– Носни нима қилмоқчисиз? – сўради Отаев аввал елим халтачага, кейин менга қараб қўяркан. Жавобни ҳаяллатиб, ётоқхонага диққат билан разм солдим. Ниҳоятда ораста, супуриб-сидирилган, паркет пол ярқираб турибди, ҳеч қаерда чанг-ғубор кўринмайди.
– Бу ҳақда кейин. Бояги эркак билан аёл ким?
– Норматовнинг уй хизматчилари. Эр-хотин Тоҳир ва Ширин Машариповлар.
– Юрчи!
Ётоқдан чиқиб гувоҳлар ўтирган хонага кирдик. Эр-хотин Машариповлар бизни ўринларидан туриб кутиб олишди.
– Капитан Акбаров, – мени таништирди Отаев курсиларга жойлашганимиздан сўнг. – Давом қиламиз.
– Ҳали айтганимдек, – тилга кирди Ширин ўтирган жойида қўзғалиб қўйиб. – тонги соат олтида хўжайиннинг уйига келдик…
– Қаерда яшайсизлар? – унинг сўзини бўлдим. Уйининг рақамини айтган Машарипова ҳикоясини давом қилдирди.
– Ҳар сафар биз келгунимизча хўжайин Қоплонни боғлаб, ҳовли эшикни очиб қўярди. Бугун келсак, эшик берк. Қўнғироқни қайта-қайта босганимга қарамай ичкаридан жавоб бўлмади. Эрим Нурмат аканинг ухлаб ётганини тусмоллади, мен эътироз билдирдим. Чунки, хўжайин кун оқариб-оқармай тўшакни тарк қиларди. Дарвозага тирмашган эрим ичкарига бир қур назар ташлаб, уйнинг эшиги очиқ турганини айтди. Кейин хўжайиннинг исмини айтиб, чақира бошлади. Тағин жавоб қайтмагани боис, юрагимга ғулғула тушди.
– Нима учун? – сўради катта лейтенант.
– Нурмат аканинг юраги ҳаста, уч кундан бери санчиб оғриётганидан нолиётганди. Касали хуруж қилиб ётиб қолган бўлса керак, деган ўйга боргандим.
– Хотиним тиқилинч қилавергач, – илиб кетди Тоҳир. – дарвозадан ошиб ўтиб, эшикни очдим. Ширин уйга шошилди, мен оғил томонга йўналдим. Нурмат ака хўкиз боқишга ишқибоз, барвақт туриб хўкизлари билан андармон бўладиган одати бор эди. Оғилга яқинлашганимда уйдан хотинимнинг чинқиргани эшитилди…
– Нурмат аканинг қонга беланиб ётганини кўриб, эсим чиқиб кетди! – давом қилди Ширин. – Қандай қилиб уйдан отилиб чиққанимни ўзим ҳам билмайман. Эрим юзимга сув сепганидан кейингина ўзимга келдим. Кейин сизларга хабар бердик. Бори шу.
– Кўпдан Норматовнинг уйида хизмат қиласизларми?
– Ўн йилдан бери. Хотиним ош-овқат, кир-чирга қарайди, Нурмат аканинг хўкизлари билан боғи менинг гарданимда.
– Демак, йил ўн икки ой шу ердасизлар? – навбатдаги саволни йўллади катта лейтенант қоғоздан бошини кўтармай.
− Мен ора-сира қурилишда ишлаб келаман. Кеча пойтахтдан қайтгандим. Бугун бу во-
қеа…
Машарипов сўлғин тин олди. Отаевга назар ташладим. Катта лейтенант ҳамон қоғоз қоралаш билан овора эди. Унинг бу қилиғи ёқмади менга. Сўроққа тутилаётган одамнинг кўзларига тикилиб жавоб талаб қилган маъқул, илло кўз − кўнгил ойнаси, тил яширганни нигоҳлар сотиб қўйиши мумкин.
Худди менинг ўйларимни уққан мисол, ёш ҳамкасбим қоғоздан бошини кўтарди.
– Норматовнинг қориндош-уруғи борми?
– Бор. Раҳматлик опасидан иккита, укасидан битта ўғил қолган. Қодир, Шокир ва Рустам. Қодир билан Шокир… – дея сўзини давом қилдиришга чоғланган Тоҳир биқинидан туртки еди чоғи, дарров оҳанги ўзгарди. – Учови ҳам яхши одамлар…
Унга қаттиқ тикилдим.
– Норматовнинг жиянларини ёқтирмайсизми?
– Нега ёқтирмас эканман? Учаласининг ҳам хизматини қилганман, нонини еганман. Энди, еган оғиз уялар, деганларидек… – чўзиб нафас чиқарган Тоҳир хотинига қаради. – Мени туртма. Барини айтишимиз шарт!
– Айтсак, – каловланди Ширин. – улар биздан хафа бўлишмасмикин, дадаси?
– Айтмасак булар бизни хафа қилишади, хотин!
– Буёғиям бор… Бўпти, ўзим айтаман. Гапнинг индаллоси, Қодир билан Шокир ўта бемеҳр, нонтепки, ғирт ярамас одам! Рустамжон жуда бамаъни, кўнгилчан йигит. Хўжайин топган-тутганини тенг учга бўлиб, шу жиянларига васият қилганди. Кейин Рустамжонни меросдан маҳрум қилмоқчи бўлди…
– Нима учун?
– Билмайман. Кеча, кечки пайт Қодир билан Шокир уйга келганди. Хўжайин билан жиққилашиб қолдилар. Ошхонада куймаланиб юрганим учун жанжалга нима сабаб бўлганини аниқ айтолмайман. Пул сўрашди, чамамда. Нурмат ака бермади чоғи, Қодир бақира бошлади.
– Нима деб бақирди?
– “Барибир пулларинггиз бизга қоладику? Ёки опангизнинг фарзандларидан укангизнинг ярамас ўғли азизроқ бўлдими?!” деганини эшитдим. Бақир-чақир устига Рустамжон келиб қолди. Аввал Қодирни, сўнг Шокирни гирибонидан олиб, ташқарига улоқтирди. Кейин, амаки-жиян хўжайиннинг хонасига қамалиб олдилар. Хонага чой олиб кирганимда Нурмат аканинг жаҳл зўридан кўкариб кетгани, Рустамжоннинг бош эгиб ўтирганини кўрдим. Чойнакни қўйиб, хонадан чиқдим. Эшикни ёпган пайтим хўжайиннинг “Сен аҳмоқни меросдан маҳрум қиламан, эртагаёқ адвокатни чақириб, янгитдан васият битаман” деб бақиргани эшитилди. Кўп ўтмай Рустамжон қизариб-бўзариб, уйдан чиқиб кетди. Менинг билганим шу.
Ўрнимдан турдим, хонадан чиқиб, Норматовнинг ётоғига кирдим. Эксперт йигитлар ишни тугатишган, ётоқхонада Асқаровдан бошқа одам кўринмасди.
– Биз тугатдик, – деди эксперт дераза рахида турган бюстга қўл чўзиб. – Тушликдан кейин сенга ёзма равишда ахборот бераман.
– Қоғоз қораламангни Отаевга берасан, – экспертга яқинлашдим. – Бу иш унга топширилган. Мен оддий кузатувчиман, ҳисоби. Жабрланувчининг кафтидан топилган тугма қани?
– Оддий кузатувчи бўлсанг, сенга тугманинг нима кераги бор?
– Эсдалик учун костюмимга қадамоқчиман!
– Қайси аҳмоқ куртканинг тугмасини костюмга қадайди?! – пўнғиллади Асқаров тугма солинган елим халтачани узатаркан. – Бўлимга қайтишинг билан менга топширасан! Тушундингми?
Бош ирғаб, гувоҳлар ўтирган хонага қайтдим.
– Мана шу тугма сизларга танишми?
Тоҳир халтачага қўл чўзди.
– Рустамжоннинг курткасида кўргандим шунақа тугмани. Мисдан ишланган, ярқираб туради. Ё, адашяпманми, онаси?
– Адашмаяпсиз, – деди Ширин халтачани эрининг қўлидан олиб. – Қаранг, тугмага бургутнинг тасвири тушурилган. Рустамжоннинг кийимида ҳам қанотларини ёйиб турган бургутнинг расми бор.
– Рустам нос чекадими?
– Чекади. Қодир билан Шокир ҳам носкаш. Эрим ҳам шу заҳарнинг сассиқлигига ишқибоз…
Деразага яқинлашдим. Турли тахминлар миямда ғужғон айланиб, ҳақиқат даъво қила бошлади. Гувоҳларнинг кўрсатмалари муаййан фикрга боришга ундарди. Бироқ, хулоса чиқаришга эмас.
– Норматовнинг бошига тушган кўргуликдан қориндошлари хабар топмаган кўринади, – хонага чўккан сукутни буздим мен. – Ўртоқ катта лейтенант, меросхўрларнинг уйига одам юборсак қандай бўларкан?
– Мен ҳам шу ҳақда ўйлаётгандим, – Отаев ўрнидан кўтарилди. – Ходимларимизга тайинлайман, уларни ички ишлар бўлимига олиб боришади.
– Йўқ, – бошини олд оёқлари устига қўйиб мудраётган итга қараб қўйдим. – Бошланишига шу ерда тергов қилганимиз маъқул. Сержантга тайинланг, меросхўрларни битта-биттадан ичкарига киритсин!

2

Орадан ярим соатча вақт ўтгач, ҳовли эшикда қирқ ёшлардаги узун бўйли, тарашадек озғин, тепакал кимса кўринди. Эшикни очишга очди, бироқ ичкарига киришга шошилмади, бўйнини чўзиб, итга қўрқув билан қараб қўйди. Унинг тепакал боши мудраб ётган Қоплонга ёқмади чоғи, сакраб оёққа туриб, эшик томонга интилди. Аммо занжир тепакалга яқинлашишга изн бермади. Баттар ғазаби қўзиган ит тирноқлари билан ерни тирнаб, вовуллай бошлади.
– Қодир деганим шу одам, – уй эшиги томонга пилдираган тепакални таништирди Тоҳир. – Ғирт бўлмағур тижоратчи! Икки марта фирма очиб, иккаласидаям хонавайрон бўлишга улгурган. Деразани очиб қўйсангиз яхши бўларди, ўртоқ капитан.
Айвонда қадам товушлари эшитилганида Машарипов нима учун деразани очиб қўйишимни сўраганини тушундим. Хонага тепакалдан олдин арақ билан саримсоқ пиёзнинг қўланса хиди ёпирилиб улгурганди. Зум ўтмай ўзи ҳам ёпирилиб кирдида, кўринмас деворга урилгандек, таққа тўхтади.
– Ким?! – хитоб қилди хонанинг ҳавосини янада кўпроқ булғаб. – Ким бу ишни қилди?!
– Ўтиринг!
– Хўп бўлади!
Қодир дарров диванга чўкди. Чўкдию, орқаси ўриндиққа тегар-тегмас яна оёққа қалқди.
– Кечирасизлар, ўзимни танитмадим. Мен Ботировман. Тижоратчи Қодир Ботиров. Катта даргоҳларда таниш-билишларим кўп…
– Бизни сизнинг таниш-билишларингиз эмас, – унинг сўзини бўлди Отаев. – тоғангиз Норматов билан муносабатингиз қандайлиги кўпроқ қизиқтиради.
– Тоғам биланми? Муносабатимиз жуда яхши, – деган меросхўрнинг шашти сўнгани сезилди. – Тўғри, ора-сира жиқиллашиб турганимиз рост. Лекин, бу дегани…
– Кеча ҳам жанжаллашиб қолган экансиз, тўғрими? – яна унинг сўзини бўлди катта лейтенант.
– Тан оламан, шунақа бўлганди. Жанжал сабабини ҳам айтаман. Тоғам пулдор одам. Шаҳарда катта дўкони билан ресторони бор. Яъни, бор эди. Икки ой олдин дўкон билан ресторонни сотиб, тушган пулни сейфига жойлади. Банкка қўйинг, десам… Айтганча, сейфдаги пуллар жойида турибдими?
Пешонам тиришганини ҳис қилдим. Тоғасининг ўлик-тириклиги билан қизиққани ҳам йўқ. Бу ярамасни фақат пул қизиқтиряпти!
– Норматовнинг сейфида қанча пул бор эди? – сўради Отаев унга нохуш назар ташлаб.
– Жуда катта пул! – пичирлади эр-хотин Машариповларга шубҳа билан қараб қўйган Қодир. – Гувоҳларсиз ўзингизга айтаман. Пуллар жойида турибдими, ишқилиб?
– Нима учун кеча тоғангиз билан жанжаллашиб қолдингиз?
– Пул устида. Укам Шокир билан янгитдан фирма очмоқчи эдик. Тоғам топган-тутганини бизларга васият қилгани учун олдиндан улушимизни беришини сўрадик. У эса, бермайман, ўлганимдан кейин…
Қилт этиб ютинган меросхўр бунақа жавоб ўзини шубҳа остига қўйиши муқаррарлигини англади чоғи, жимиб қолди.
– Тоғангиз ўлганимдан кейин улушингни оласан деди, шундайми? Кеча тунда қаерда эдингиз?
– Кечами? Уйда эдим. Рустам Шокир иккаламизни ҳайдаб юборгач, укамнинг уйига бориб, арақ ичдик. Кейин, менинг уйимга ўтдик. Яна ичдик…
– Тунни укам билан уйда ўтказдим, демоқчимисиз?
– Уйдамас, ҳовлидаги ошхонада. Араққа саримсоқ пиёзни газак қилганимиз учун хотиним уйга қўймади. Унинг саримсоқ пиёз билан маст эркакларга аллергияси бор… Лекин, ака-ука ошхонада учиб қолганимизни хотиним тасдиқлаши мумкин.
Тасдиқлаш шарт эмасди, бу ярамаснинг чўчқадек ичгани шундоққина сезилиб турарди.
– Пуллар жойида турибдими, ишқилиб?
– Тоғангизчи? – ўрнимдан турдим. – Тоғангизнинг аҳволи сизни қизиқтирмайдими?
– Қизиқтиради. Ҳамкасбингиз тоғамнинг тириклигини айтди. Нима, ўлибдими? Агар ўлган бўлса, васият кучга…
Кескин қўл силташ билан Қодирнинг дамини ўчирдим. Афсуски бемеҳрлик, безбетлигу кўрнамаклик учун жиноят кодексида жазо белгиланмаган, акс ҳолда бу ярамаснинг умри панжара орқасида ўтган бўларди!
Яна деразага яқинлашиб, ташқарига қарадим. Худди шуни кутиб тургандек, ҳовли эшикда ғўппа семиз, дум-думалоқ одам пайдо бўлди. На бўйни бор ва на бели, турган битгани қорин! Қўл билан оёқ ёпиштирилган мешнинг худди ўзи.
Бақалоқ ҳам, худди Қодир каби, ҳовлига дадил кириб келгани йўқ. Бўсағада тўхтади, боғлоғлик турган Қоплонга бир қараб қўйдида, уй эшиги томонга думалади. Ит ниҳоятда ғазабга тўлган, занжирни узмоқчи бўлиб, ўзини у ёқдан-бу ёққа урарди. Орадан бир неча лаҳза ўтгач хонани тутиб кетган арақ аралаш саримсоқ пиёзнинг сассиғига тер хиди аралашди.
– Шокир Ботировман, – ўзини танитди бақалоқ чўнтагидан ғижимланган рўмолчасини олиб, терлаб кетган бўйнини артаркан. – Чақиртирган экансизлар?
У ҳам тоғасининг аҳволи билан қизиқмади. Паровоздек пишиллаб, ўзини акасининг ёнига ташлади.
– Кеча тунда қаерда эдингиз? – терговни давом қилдирди Отаев иккинчи меросхўр ҳақидаги маълумотларни қайдномага қайд қилганидан сўнг.
– Қодир акам билан бирга эдик, – пишиллади Шокир. – Алла-паллагача тижоратга тегишли ҳисоб-китоб ишлари билан шуғулландик.
– Қаерда шуғулландинглар? Ошхонадами?
Саволимга жавоб қайтишини кутиб ўтирмай, яна деразадан ташқарига қарадим. Ҳовлига ўттиз ёшлардаги ўрта бўй, очиқ юзли йигит кириб келганди. Йигит кўзларига қон қуйилган итга эътибор бермай, уйга йўналди. Ҳалиям тинчланолмаётган Қоплондан кўзимни олдим. Курсига чўкканимда хона эшигида учинчи меросхўр кўринди.
– Ассалому алайкум, – бош ирғади йигит бўсағада тўхтаб. – Мен Рустам Норматовман. Нурмат амакимнинг аҳволи яхшими?
– Ўтиринг, – диванга ишора қилди катта лейтенант
– Ходимингиз тўғри шу ерга олиб келди, – деди Рустам унинг таклифини қабул қилмай – Илтимос, амакимнинг ҳолидан хабар олишга рухсат беринг. Кейин қанча саволингиз бўлса, барига жавоб бераман.
− Норматов жонлантириш бўлимига ётқизилган. Барибир сизни унинг ёнига қўйишмай-
ди. Ўтиринг.
Оғир хўрсинган Рустам диванга ўтирди. Ўтирдию, қўллари билан бошини чангалллаб олди.
– Амакингиз сизни меросдан маҳрум қилмоқчи бўлгани ростми? – яна ручкага қўл чўзди Отаев.
– Рост. Бугун янгитдан васият битмоқчи эди.
– Нима учун Норматов васиятини ўзгартиришга қарор қилди?
– Амаким пулни фойда келтирмайдиган ишларга сарфлайдиганларни ёқтирмайди. Кеча, мана буларни ҳайдаб солганимдан сўнг, – Рустам аммаваччаларига нохуш назар ташлади. – ўзимга тегадиган меросга нисбатан тузган режаларим билан қизиқди. Мен пулларнинг тенг ярмини болалар уйи ҳисобига ўтказмоқчи эканлигимни айтдим. Бу ниятим унга ёқмади. Ё, шунга рози бўлинг, ёки мени меросдан маҳрум қилинг, дедим. Жаҳли чиқиб кетган амаким, сендай аҳмоққа қолдирадиган пулим йўқ, деб бақира бошлади.
– Кеча тунда қаерда эдингиз?
– Уйда эдим. Хотиним ўғилчамни олиб онасиникига кетганди. Шундай экан, тунда уйдан чиқмаганимни тасдиқлайдиган гувоҳим йўқ…
Энди гумондордан жавоб талаб қилиш навбати менга келганди. Ўрнимдан турдим, чўнтагимдан тугма солинган елим халтачани олиб, унга яқинлашдим.
– Танишми?
– Курткамники, – дарров тан олди Рустам. – Сизнинг қўлинггизга қандай тушиб қолди?
– Тугма жиноят жойидан топилди.
– Тушунарли… Мен қамоққа олиндимми?
Жавоб қилмадим. Барча далиллар унга қарши эди. Қодир билан Шокирнинг бит кўзларида қувончга монанд ифода пайдо бўлганди. Улар тантана қилардилар. Нега хурсанд бўлишмасин? Рустам амакисининг жонига қасд қилганликда айбланиб қамалса меросхўрлар сони биттага камаяди ахир!
– Чекиб олишларинг мумкин.
Чўнтагимдан сигарета қутисини чиқардим. Аммо хонадагиларнинг ҳеч бири қутига қўл чўзмади.
– Биз нос чекамиз, – пишиллади Шокир. – Мумкинми?
– Бемалол.
Зум ўтмай меросхўрлар билан гувоҳнинг қўлида нос солинган халтача пайдо бўлди. Бирин-кетин кафтларига нос тўкиб, рост-ёлғон гапиришга одатланган тиллари остига ирғитдилар. Эшикка йўналдим. Отаев менга эргашди.
– Хўш, ўртоқ катта лейтенант, бошлиқларга қандай ахборот берамиз? – расмий оҳангни олдим Норматовнинг ётоқхонасига кирганимиздан сўнг. – Кимдан кўпроқ шубҳаланяпсиз?
– Меросхўрларнинг учаласидан ҳам шубҳаланиш мумкин, ўртоқ капитан, – Отаев ҳам расмий оҳангни олди. – Бироқ, менга қолса, ака-ука Ботировларни ҳеч иккиланмай гумондан соқит қилган бўлардим.
– Нима учун?
– Қодир Ботировнинг журъатсиз, иродаси бўш одам эканлиги шундоққина сезилиб турибди. Бунақа одамлар дунёнинг бор бойлиги вада қилинганида ҳам кимнингдир жонига қасд қилишга журъат қилолмайдилар. Қўшиласизми, ўртоқ капитан?
– Давом қилинг.
– Бу жиноятни Шокир Ботиров содир этганига ишониш Саҳрои Кабирда қум йўқлигига имон келтириш билан баробар. Унинг жуссасига қаранг! Бундай катта қорин кимгадир жароҳат етказишгагина эмас, қоқилиб-нетиб йиқилгудек бўлса ўрнидан туришга ҳам халал беради.
Отаев сўзларига муносабат билдиришимни кутиб, жимиб қолди. Мен лом-лим деб оғиз очмадим, унинг давом қилишини кута бошладим.
– Ким қоляпти? – катта лейтенант бу саволга ҳам мендан жавоб қайтмаслигини англади чоғи, ўзи жавоб бериб қўя қолди. – Рустам Норматов! Ундан жиддий гумон қилишга етарли далиллар бор. Бир кун олдин амакиси меросдан маҳрум қилишини айтади, тунда эса Норматовнинг жонига қасд қилиниб, сейфидаги пуллар ўғирланади ва жабрланувчининг кафтидан Рустамнинг кийимига тегишли тугма топилади! Қўшиласизми, ё мум тишлаб ўтираверасизми, Фаррух ака?
– Юз фоиз қўшиламан! – ғўлдирадим эшикка йўналиб. – Мен билан юр. Жиноятчи қаердан ҳовлига кирганини аниқлаймиз.
Тағин айвонга, айвондан ҳовлига чиқдик. Уй эшигига саккиз поғонадан иборат бўлган зина олиб чиқар, сўнги поғонага Қоплоннинг лойга беланган панжа излари тушиб қолганди.
– Жиноятчи халқи ҳеч қачон осонликча гуноҳини бўйнига олмайди. Уларнинг айбини исботлаш учун инкор қилиб бўлмайдиган далил-исботга эга бўлиш керак!
– Менимча, биздаги далиллар Рустам Норматовга айб қўйишга етади.
– Қоплоннинг гувоҳлигисиз жиноятчини бурчакка сиқиб қўёлмайсан. Жиноятчини фош қилишда ит бизга ёрдам беради. Оёқларингни қимирлат, лейтенант!
– Катта лейтенант…
Отаев менга эргашди. Бетон йўлакда қолган ит излари бўйлаб юриб, орқа томондаги боғдеворга чиқдик.
– Энди нима қиламиз, ўртоқ капитан? Боғдевордан ошиб, қўшни ҳовлига ўтамизми?
– Йўқ. Орқага қайтамиз.
– Бир савол берсам мумкинми?
– Нега бу ерга келдигу нима учун орқага қайтяпмиз, деб сўрамоқчи бўлсанг, индамай қўя қол!
Катта лейтенант тағин менга эргашди. Ҳовлига қайтдик. Отаевдан хонадагиларни айвонга тўплашини сўраб, дарвоза ёнида турган сержантни ёнимга чақирдим.
– Сен шу ерда сергак тур, – дедим унга. – Уйдан айбланувчи отилиб чиқиши мумкин. Олдиндан айтиб қўяй, жиноятчи бақувват йигит. Уялтириб қўймайсанми?
Сержант тўппончасининг ғилофига қўлини қўйди.
– Хотиржам бўлинг, ўртоқ капитан!
– Сенга ишонаман. Аммо айтиб қўяй, у менга тириклайин керак!
Ичкарига кириб айвонга разм солдим. Қодир билан Шокир креслоларни банд қилганди. Рустам эр-хотин Машариповлар билан диванда ўтирибди. Катта лейтенант Отаев ётоқхона эшиги ёнида тек қотган. Сукутга чўмган гумондорлару гувоҳлар менинг тилга киришимни кутяптилар. Уларни кўпам илҳак қилишни истамай, диван томонга одимладим. Қодир билан Шокирнинг кўзларида пайдо бўлган тантана учқуни эътиборимдан четда қолмади. Диванга яқинлашганим сайин Рустамнинг боши эгила бошлади. Унинг ёнига келиб юришдан тўхтадим. Бошини кўтариб менга бир қараб қўйган гумондор тағин ерга қадалиб олди. Жиноятчига айб қўядиган вақт келганди. Ортиқча чўзишдан фойда йўқ. Норматов Рустамнинг елкасига қўлимни қўйдим. Кенжа меросхўр титраб кетди.
– Сиз фуқаро Норматов Нурматга оғир тан жароҳати етказганлик ва катта миқдордаги пулларини ўғирлаганликда айбланасиз, ўртоқ Машарипов!
Тоҳир орқасига бигиз санчилгандек, ўтирган жойида сапчиб тушди, хотини чинқириб юборди. Бошқалар тахтадек қотиб қолдилар. Уларнинг кўзларидаги ифода! Айвонга тирик динозавр кириб келганида ҳам бунчалик ҳайратга тушмаган бўлишарди. Ҳатто, Отаев ҳам анграйиб қолганди.
– Сиз… сиз… – дудуқланди зумда жиққа терга ботган Тоҳир. – ҳазиллашяпсизми, ўртоқ капитан?!
– Асло!
– Мени айблаш учун далил-исботингиз борми?
– Бор, – ўтирган жиноятчининг айбини тик турган ҳолда исботлашни истамай Ботиров томонга одимладим. Шокир семиз жуссасига ярашмаган чаққонлик билан зумда креслони бўшатди. Юмшоқ ўриндиққа чўкдим. – Хонада ўтирганингизда сизларга беҳудага чекишни таклиф қилганим йўқ. Халтачангизни чиқариб, кафтингизга бир чимдим нос тўкинг!
Тоҳир имиллаб буйруғимни бажарди. Уни носи дона-дона, уй сичқонининг аҳлатига ўх-
шаб кетарди.
– Мана бу эса, – чўнтагимдан елим халтачани олдим. Халтачага Норматовнинг ётоғидан топилган нос доначалари солинганди. – жиноят жойидан топилди.
– Нима бўлибди жиноят жойидан топилган бўлса? Қодир ҳам, Шокир ҳам, ана Рустам ҳам нос чекадику?!
– Тўғри, бироқ улар кукун ҳолидаги носни чекадилар. Бизнинг бозорларда фақат кукун нос сотилади. Сизнинг халтачангиздаги нос Тошкент томонларда яшайдиган носкашларнинг эрмаги. Боз устига, сиз кеча Тошкентдан қайтгансиз.
Гувоҳдан гумондорга айланган Тоҳир оғзию-кўзини ланг очиб қотиб қолган хотинига қараб қўйди. Бу ҳолат менинг тўғри йўлдан кетаётганимдан далолат берарди.
– Шу нарса менга айб қўйишга асос бўла олади, деб ўйлайсизми?
– Бу ҳали ҳаммасимас. Катта лейтенант Отаев сизларни тергов қилганида хотининггиз айтган гаплар эсингиздами? Агар хотирангизнинг латтаси чиққан бўлса, эсингизга солишим мумкин. Хотининггиз Норматовнинг тонг саҳарлаб тўшакни тарк қилиши, сизлар келгунча итни боғлаб, ҳовли эшикни очиб қўйишини айтганди. Бугун бу ишни сиз қилгансиз, дарвозадан ичкарига ошиб тушиб, эшикни очгансиз.
Ҳамон айвон йўлагида қотиб турган Отаевнинг ўзига умуман ярашмайдиган мўйлови қимирлаб, пешонаси ғижимланганини илғадим. Катта лейтенант шу ҳаракат билан ҳеч балога тушунмаётганини ошкор қилганди.
– Мен атайин Норматовнинг меросхўрларини битта-биттадан ичкарига қўйишни буюрдим, – давом қилдим чап тиззам устига ўнг оёғимни олиб. – Мақсадим итнинг уларга қандай муносабат билдиришини аниқлаш эди. Қоплон ака-ука Ботиров ва Рустам Норматовни совуқ важоҳат билан кутиб олди. Занжирбанд бўлмаганида уларни ғажиб ташлаган бўларди. Аммо дарвозадан ошиб, ҳовлига тушганингизда ит сизга ташланмаган. Акс ҳолда, ҳозир бу ерда эмас, касалхонада ётган бўлардингиз. Истасангиз, эътироз билдиришингиз мумкин.
Нимадир дейишга чоғланган асосий гумондор тилига келганни ичига ютиб, айвон эшигига қараб қўйди. Худди шу қилиқни кутгандим ундан!
– Буям ҳали ҳаммасимас. Қаерда яшашингизни сўраганим эсингиздами? Шунингдек, Норматовнинг боғига сув қуйилганини ҳам унутмаган бўлсангиз керак? Қоплон тунда боғда чопқиллаган кўринади. Шунинг учун ҳам йўлакларга қуйилган бетон сатҳида итнинг лойга беланган панжа излари қолган. Биз катта лейтенант билан изларни ёқалаб, орқа томондаги боғдеворга чиқдик. Боғдеворга етиб ғойиб бўлган панжа излари орасида эркак кишининг оёқ кийимидан қолган чангли из яққол кўриниб турибди. Сиз боғдевор оша Норматовнинг ҳовлисига ўтгансиз. Чунки, деворнинг нариги томонидаги уй − сизники!
Шундай дейишим билан Тоҳир сакраб оёққа турди. Кийимига чанг солган Рустамнинг қўлларини силтаб ташлаб, ташқари эшикка отилди. Отаев унинг орқасидан интилди. Мен жойимдан қимирлаганим йўқ. Айбланувчининг айвонга қайтарилишини кута бошладим. Кутганимдек бўлди, катта лейтенант ланг очиқ қолган эшикка етиб-етмай, ташқаридан инграган товуш эшитилди. Орадан бир неча лаҳза ўтгач, Алиев билан сержант Тоҳирни айвонга олиб кирдилар. Лаънатининг қўлига урилган кишан ўзига жуда ярашиб турарди! Ўрнимдан туриб уларга яқинлашдим.
– Итни қўлга ўргатганинггизни хўжайининггиз билармиди? – сўрадим гумондорга юзланиб.
Тоҳир оғир хўрсинди.
– Йўқ.
– Сейфнинг очқич рақамларини билармидингиз?
– Хўжайин Рустамга айтаётганида тасодифан эшитиб қолгандим…
Бир-бирига қараб қўйган Қодир билан Шокир учинчи меросхўрга еб қўйгудек қадалдилар. Гаров ўйнашга тайёрман, улар Рустам жиноятчи бўлиб чиқмагани учун минг афсус қилардилар.
– Давом қилинг, Машарипов.
− Нурмат ака дўкони билан ресторонини сотиб, тушган пулни сейфига жойлаганини
эшитганимдан сўнг ниятим бузилди. Пулларни ўмариш учун қулай фурсат келишини кута бошладим…
– Кеча ўйлаган режангизни амалга ошириб, сувдан қуруқ чиқиш учун қулай фурсат туғилди, шундайми? – терговни давом қилдирдим мен.
– Шундай, – оҳиста бош ирғади Тоҳир. – Хўжайиннинг Рустамга бақирганини эшитгандим. Нурмат аканинг пулларини ўмарсам, милиция унинг меросхўрлари билан андармон бўлади, менга эътибор бермайди деб ўйладим. Адашган эканман…
– Нега амакимни ўлдирмоқчи бўлдингиз, Тоҳир ака? – сўради ўрнидан турган Рустам.
– Унга жароҳат етказиш режамда йўқ эди. Хўжайин уйқу дорисиз ухлолмаслигини билганим учун уйига кирганимни сезмайди, деб ўйлагандим. Капитан айтганидек, боғдевордан ошиб ҳовлига тушдим. Қоплон боғда юрган экан, мени таниб ёнимга келди…
– Уй эшигини қандай очдингиз? – бу савол менга тегишли эди.
– Калит билан. Ташқари эшикнинг калитидан нусҳа олиб, устага ясатгандим. Аввал айвонга, кейин ётоқхонага кирдим. Хўжайин кирганимни сезмади. Бироқ, сейфга яқинлашганимда кўзлари “ярқ” этиб очилди. Дераза раҳида турган ҳайкалча билан қандай қилиб бошига зарб тушурганимни ўзим ҳам билмайман…
– Рустам Норматовнинг тугмасини қаердан олгандингиз? – терговни давом қилдирди катта лейтенант Отаев.
– Кеча Қодирни уйдан судраб чиқаётганида куркасидан узилиб тушиб қолганди. Ўзимни гумондан соқит қилиш учун тугмани хушсиз ётган хўжайиннинг кафтига қўйдим. Чўнтагимдан тугмани олаётган пайтим нос солинган халтачам оёқ остига тушиб кетди. Нос доначалари полга тўкилганига эътибор бермаган эканман.
– Нима учун? – ўтирган жойида бешиктебратардай тебранаётган Ширин эрига қаради. Шўрлик аёлнинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди. – Нима учун бу ишни қилдинггиз, дадаси? Рустамжон бизга қанча яхшиликлар қилди. У пул бермаганида ҳалиям ижара уйда яшаётган бўлардик. Унинг яхшиликларига туҳмат билан жавоб қайтармоқчи бўлдингизми, дадаси? Инсоф борми сизда, дадаси?!
Лотинчада бир ибора бор. Nullum crimen sine poena. Жиноят жазосиз қолмайди, дегани. Мана исботи. Машарипов ҳар қанча ҳийла ишлатган бўлмасин, жазодан қочиб қутулолмади.
Эшикка йўналдим. Майор Назаров тергов-суриштирув ишларида катта лейтенант Отаевга ёрдам беришимни буюрганди. Буйруқни бажардим. Қолганини лейтенантнинг ўзи эплайди…