I
Москва. Кун пешиндан оққан. Шаҳар гавжум. Ҳаёт қайнайди. Йўлакларда одамлар оқими. Ҳамма шошади. Кишилар турмуш ташвишлари гирдобида. Йўлларда машиналар тирбанд. Ҳаёт оқими, борлиқнинг тундлиги-ю, ёмғирнинг тинимсиз эзиб ёғиши писанд эмас.
Яна айтсак, шаҳар эзиб ёғаётган ёмғир оғушида. Йўловчилар қўлларида соябон тутиб олган. Онда-сонда учрайдиган соябонсиз йўловчилар эса елкаларини қисган кўйи шошиб югургилайди.
Авжига олаётган ёмғир остидаги одамлар тўлқини ичида қўлида пуштиранг соябон тутган, қадди-қомати адл, чеҳраси ёниқ, тип-тиниқ, мовий кўзларида алланечук сеҳр зоҳир, кумушранг сочлари шовуллаб елкасига тушиб турган 25-30 ёшлар чамасидаги жувон аллақаергадир шошиб бормоқда. Хаёли паришон тортган бу гўзал одамларга урилиб-сурилиб олдга интилади. Ёмғирли кун, шаҳарнинг тирбанд йўлаклари ичра қаергадир шошаётган бу санам – Ирина. Шунча одам ичидан камера Иринани топиб олганини шундай бўлиши керак эди деб қўя қолайлик. Унинг одамлар оқимида уриниб-суриниб олдга шоша-пиша интилиб боришига монанд ҳолда шоир Александр Файнбергнинг “Блаженный берег” (“Ҳаловат соҳили”) деган шеъри тасвир ортидан ўқилади.
Асрлар қаъридан милтирар умид
Юракда ўртанган каби жароҳат.
Қайдадир Саодат соҳили мавжуд,
Унда умрбоқий муҳаббат, роҳат.
Денгизчилардан бу ҳақда сўрдим,
Дедилар: – Ишонгин, кўнглинг бўлсин тўқ,
Барча уммон, барча денгизни кўрдик,
Саодат соҳили ер юзида йўқ.
– Ерда бўлмаса гар, балки фалакда,
Балки юлдузларнинг бағрида ниҳон?
Кимдир таскин берди менга юракдан:
– Бас, илтижо қилма, йиғлама нолон.
Шеър бандлари гоҳ эркак, гоҳ аёл овозида ўқилади. Шундай бўлгани яхши. Чунки шаҳарнинг бошқа бир томонида, гавжум йўлакда, ёмғирпўши ёқасини кўтариб олган эркак ҳам шошиб келаяпти. Шеър авжида тасвир алмашиб туради. Гоҳ шошаётган аёл, гоҳ шошиб югургилаб келаётган эркак, ёмғир, одамлар оқими… Аёл билан эркак бир-бири томон интилаётгани бизга маълум бўлади. Ана, улар одамлар ичидан бир-бири томон келмоқда. Сўнг… улар катта йўлга туташ йўлакларга келиб машиналар ғизиллаб ўтаётган йўлнинг икки четида бир-бирига қараб тўхтаб қолишади. Шеърнинг сўнгги банди айтилади…
Парқу булутларнинг ортида йироқ
Юлдузлар порлайди бамисоли чўғ.
Сайёралар бисёр осмонда, бироқ
Ундай соҳил йўқдир, ундай соҳил йўқ.
Бахтимга имконим ўз қўлимда-ку,
Ижобат айлайман дил хоҳишини:
– Алло. “Ҳаловат соҳили” кафесими бу?
Стол буюраман икки кишилик.
Аёл табассум қилади. Эркак ҳам. Ёмғир эзиб ёғмоқда. Эркак турган жойида йўл четидаги кафега жилмайиб қарайди. Аёл ҳам кулимсираб ўша томонга қарайди. Кафе пештоқида ёзув: “Ҳаловат соҳили” – “Блаженный берег”.
Бир неча лаҳзадан сўнг. Улар шу кафеда бир-бирларига қараб ўтирибди. Икковининг ҳам чеҳраси масрур. Столда егуликлар. Шампан виноси. Эркак аёлнинг стол оша чўзилган қўлини кафтлари орасига олиб унинг чеҳрасига мамнун термулади.
Тасвир: Экранда “Кўзларингни кўргани келдим” деган ёзув. Бу бизнинг фильмимиз номи!
II
Зим-зиё тун. Қоронғулик ичра сукутни қоқ ёриб поезд олға интилади. Вагон танбурида безовта алфозда буруқситиб сигарета чекаётган ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамасидаги йўловчи ойнадан милтиллаб учиб ўтаётган симёғочлар ёруғига безовталаниб қараб туради-да, сигарет қолдиғини ерга ташлайди. Соатига безовта алфозда қараб, яна тамбур ойнасига кўз ташлайди. Поезд қора тун бағрини ёриб учмоқда. Атроф энди зимистон. Йўловчи тамбур эшигини очиб, зимистонлик ичра бош суққандай бўлади. Шу пайт тамбурга икки киши кириб келади, очилган вагон эшигидан танбурга хира ёғду кириб, лаҳзада олдиндаги эркакнинг юз қиёфаси ғира-шира кўзга ташланиб ўтади. Олддаги эркакнинг сонияда ёришган чеҳрасини биз англаб-англамасданоқ, ортдаги киши қўйнидан нимадир чиқариб ёлғиз йўловчининг бошига туширади. Ёлғиз йўловчи иҳраб энкаяди, икки букилиб қолади. Тамбур эшигини очиб-ёпган эркак эса қўйнидан пичоқ чиқариб, калтакланган эркакнинг биқинига уради. Изтиробли ихроқ… Босқинчилардан бири тамбур эшигини очади. Иккинчиси пичоқланган кишининг ён чўнтагини титади. Ҳамёнидан паспорт, қўлтелефон ва икки боғлам пулни олади. Икковлашиб ўлим ҳолатидаги эркакни тамбурдан ташқарига ташлаб юборишади.
…Поезд зулмат қаърини ёриб олдга интилади.
III
Куз. Шаҳар йўлаклари четида қад ростлаган дарахтларнинг енгил шабада таъсирида чирт узилган олтинтус япроқлари намчил борлиқда бироз муаллақ туради-да омонатгина ерга қулаб тушади.
Вокзалнинг ҳаёт ташвишлари-ю қувончларини ўз оғушига олган ойнаванд биноси ёнига такси келиб тўхтайди. Орқа ўриндиқдан олтинсоч, Худо қадди-камолдан қисмаган, хушбичим, чиройли рус аёли ҳамда етти ёшлар нари-берисидаги болакай тушади. Аёл ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб қилади. Ҳайдовчи юкхонани очиб, ундан аёлнинг юкларини олиб ерга қўяди. Болакай атрофга анграйиб қарайди. Ҳайдовчи қўли билан вокзал эшигини ишора қилади. Аёл бош ирғайди. Унинг чеҳрасига разм соламиз, бу ўша – “Ҳаловат соҳили”да ўзи интилган инсон билан кўришган Ирина.
Ҳайдовчи кетади. Аёл ва боланинг ёнига уст-боши ҳаминқадар, афтидан шу атрофнинг кунда-шунда ўсмирларидан бири югуриб келади. Нима қиларини билмай атрофга жавдираб қараб турган аёлнинг ёнига келади-да, унинг ердаги юкларини олиб, тап тортмай аёлга мурожаат қилади:
– Қани, кетдик. Сизларга ёрдамлашаман. Юринг, нега туриб қолдингиз?
Аёл унга қизиқсиниб қарайди, бироз тараддудланиб қолади.
Шу маҳал арава судраган йигит келиб ҳалиги ўсмирга ўшқиради.
– Қўй жойига, – ўсмирнинг қўлидаги юкларга чанг солиб, уларни ўз аравасига ортади, – яна шу ерда кўринсанг оёғингни уриб синдираман демаганмидим?! Йўқол бу ердан!
Ўсмир норизо оҳангда нимадир деб ғудранади-да, бурилиб кетади. Аёл ўсмирнинг ортидан ўкиниб қарайди ва йигитга қарата:
– Ахир у менга ёрдамлашмоқчи эди. Бекорга хафа қилдингиз, – дейди.
– Нима? Ёрдам беради эмиш. Мана мен ёрдамлашаман. Унга ишонсангиз, юкингиздан айриласиз.
Аёл елка қисади. Аравакашнинг ортидан эргашади. Улар вокзал ичкарисига киришади.
Вокзал ҳаёти. Олағовур. Биров кутган, биров кузатган. Ҳаммамизга таниш манзара. Йўқотган ҳам шу ерда, топган ҳам шу ерда.
…Перронда ёши йигирма бешга етиб-етмаган, эгнида миршаби кийим, лейтенант йигит элликни қоралаган бўлса-да, кўринишидан жуда тетик ва бардам, бунинг устига йигитларга хос тарзда қора жинси шим ва қора “водолазка” устидан чарм куртка илиб олган, абжирлиги хатти-ҳаракатидан сезилиб турган, калта қиров соч ниманидир кузатяпти.
– Оқ йўл Ботир ака! Етиб боришингиз ҳамон бизга қўнғироқ қилинг. У ёқда йигитларнинг ҳам хабари бор! Салом айтинг.
Миршаб йигит қўлтиғидаги елим тўрвани олиб Ботирга узатади.
Ботир:
– Бу нима?
Милиционер:
– Бўлимда йигитлар йўлга деб тайёрлашди. Олинг. Йўлда йўлдошларингиз билан баҳам кўрасиз.
– Овора бўпсизлар… Нима кераги бор! Поездда ресторан йўқ деб ўйладингларми? – Ботир кулимсирайди… Сўнг елимтўрвани узатиб турган ёш зобитни ноқулай аҳволда қолдирмаслик учун уни қўлидан олади.
– Ботир ака! Ахир, ҳаммамиз сизнинг шогирдларингизмиз? Бизга ҳам сиздай ишлаб, иззат-икром билан нафақага чиқиш насиб этсин!
– Шундайми. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.
Шу маҳал вагон эшиги олдига аравакаш йигит етовида Ирина ва унинг етти яшар ўғли келишади. Аравакаш аравадаги юкларни ерга олиб қўяди. Ёш милиционер уларга, айниқса, Иринага қизиқсиниб қарайди. Сўнг Ботирга қараб кулимсирайди. Аравакаш юкларни ерга қўйгач, зобит Ботирга ҳадик билан қараб қўяди:
– Мана, вагонингизга ҳам етиб келдингиз. Оқ йўл!
– Раҳмат, – Ирина сумкачасини кавлаштиради.
– Йўқ, пул керакмас, керакмас.
Ирина аравакашга яна бир бор раҳмат айтади-да, қўлидаги чиптани вагон кузатувчиси (проводник)га узатади. Вагон кузатувчиси чиптани олиб:
– Киринг, марҳамат. Олтинчи купе, – дейди.
Ботир ҳамда зобит аёлнинг ортидан бир зум кўз тикилиб қолишади. Зобит қувгина шекилли, оғир хўрсиниб, бош ирғаб ҳам қўяди.
– Устоз, мана ажойиб йўловчига ҳам ҳамроҳ бўлдингиз. Эҳ-ҳей…
Ботир кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб, “Жим” ишорасини қилади-да, кулиб юборади. Поезд ўрнидан жилади. Ёш зобит қўлини бошига теккизиб “честь” бериб кузатиб қолади.
Вагон купеси. Купе ойнаси дарпардаси ярмигача сидирилган. Ойнадан бир-бир ортда қолаётган симёғочлар, дов-дарахтлар, темир йўл атрофдаги уйлар кўзга чалинади. Аёл Ботирга эътибор бермай, купе ойнасидан ташқарига разм солиб кетаяпти. У ўз ўйлари билан андармон. Хаёлга чўмган. Купеда Ботир борлигини сезмаётгандай. Болакай онасининг пинжига тикилиб мўлтираб, кўзлари юмилиб бораяпти, чарчаган. Ботир ўнғайсиз ҳолатда томоқ қириб қўяди. Аёл эътибор бермайди. Ўз ўйлари билан банд. Онасининг пинжига кириб, уйқуга кетган болакай беихтиёр ён томонга чайқалиб йиқилади. Аёл ўғлини турғизади. Ботирнинг қаршисида ҳижолат чекади.
– Ўзингни тут, Темурчик. Ўзингни тут. Чарчагансан-а?..
Аёл ўрнидан туради. Темур уйқусираб, “Ойи… Ойи… Ухлайман”, дейди.
Аёл Темурни ётқизиб Ботирга қарайди. Ботир аёлнинг кўзидаги саволни уққандай бўлади. Вазиятни қўлдан бермайди:
– Бемалол. Иккалангиз ҳам пастдаги ўринда дам олишингиз мумкин. Мен тепага чиқаман.
– Раҳмат Сизга! Ўғлим чарчаб қолди. Самолётдан тушиб тўғри вокзалга келдик.
Ботир ўрнидан туради.
– Майли, мен сизга жой бўшата қолай, – у юқори ўрин тўшагини ёзади.
– Йўқ… Ҳозир безовта бўлманг. Бемалол ўтираверинг, – дейди аёл.
Ботир купе столчасига елимхалтадаги у-бу нарсаларни қўйди. Ўғлининг ёнида ўтирган аёлга мулозамат қилди:
– Қани марҳамат! Дастурхонга қаранг…
Аёл ўртадаги ноз-неъматларга кўз қирини ташлаб, миннатдорчилик билдиради:
– Раҳмат… Сиз бемалол олаверинг…
– Э-ей, йўқ, бунақаси кетмайди. Сиз менга ҳамроҳсиз. Йўлдаги ҳамроҳларнинг эса жим қотиб, мум тишлаб кетиши мумкинмас, – Ботир кулиб, ўзини аёлга яқин олмоқчи бўлади. Аёл кулади.
– Хўш, унда танишайлик, – аёл беозор жилмаяди, – исмим Ирина! Ирина Андреевна! Манови ёнимда чўзилиб олган паҳлавон эса Темурчик. Темур…
– Менинг исмим Ботир. Бугундан бошлаб озод қушман, яъни навқирон нафақахўрман, – шарақлаб кулиб юборади, сўнг қўлларини ёзиб изоҳ беради – Касбимиз шунақа! Қани, марҳамат, манови товуқ гўштидан олинг. (Сўнг ухлаётган болакайга қараб…) – Ухлаб қолди-да, балки уйғотасизми, у-бу нарса еб олармиди?
Ботирнинг самимияти Иринанинг дилини равшан қилади. Чиройли чеҳрасига табассум инади. Ўғлига қилаётган меҳри туфайли Ботирга самимий жилмайиб бош ирғагандай бўлди.
– Йўқ. Ухлайверсин! Қорни тўқ…
Аёл ҳам ёнидаги юкхалтасини очиб ичидан колбаса, бир банка бодринг тузламасини олиб қўяди. Ботир қўлларини ишқаб “Ух” деб юборди.
– О… зўр! Демак танишганимиз учун жиндак-жиндак отамиз, ёнидаги елимхалтадан бир шиша ароқ олиб дастурхонга қўяди, – албатта, рухсатингиз билан!
– Майли… Лекин мен кўп ичмайман.
– Мен ҳам ичувчи эмасман. Рамзий маънода, озгина-озгинадан…
Ботир пиёлаларга ароқ қуяди.
– Сиз учун. Темурнинг соғлиғи учун. Танишганимдан хурсандман!
Улар ичишади. Ирина яна нигоҳини купе ойнасига қадайди. Узоқ йиллар ички ишлар идораларида изқувар, терговчи бўлиб ишлаган Ботир унинг дилида алланечук ғашлик ўти ёнаётганини ҳис қилади. Вагон деразасидан ташқарига боқиб, ўйга ғарқ бўлган Иринага зимдан назар солади. Аёл Ботирнинг кузатиб турганини ҳис этиб, оғир хўрсинади, Ботирга кўз қирини ташлади. Ботир ўртадаги ноқулайликни бузиш учун:
– Хўш, Ирина Андреевна! Бу поезд Бухорога боради. Демак… Сиз ҳам адашмасам Бухорога! Бирор бир юмуш билан бораяпсизми?
– Ҳа. Бухорога! Бухорога бораяпман! – сўнг ўзини бамайлихотир тутишга уриниб, – Бухорони кўриб, томоша қилиб қайтмоқчимиз. Сайёҳлик сафари десангиз ҳам бўлаверади…
Ботир аёлни яна гапга тортганидан хурсанд бўлади. Яна пиёлаларга ароқ қуяди…
Ирина:
– Йўқ… энди бўлар.. Айтдим-ку, кам ичаман.
Ботир:
– Олинг… Битта зўр қизиқ гап айтаман. Бу гапни ўн йиллар аввал менга бир йигит айтганди. Ўшанда Москвага учаётгандик. Эшитасизми?
Ирина қадаҳни қўлига олади…
– Майли, айтинг.
Ботир кўксини кериб, қўлида қадаҳ тутиб, дабдабали тарзда нутқ ирод этаётган киши симбатига киради:
– Бухоро! Агар ер шари неча бор айланмасин, дунё тамаддуни қандай чўққига кўтарилмасин, ер шари барибир ҳеч қачон Бухорони, Хивани, Самарқандни қайтадан қуролмайди. Бу жаҳонни лол қилган архитектура!
Ботир қадаҳ кўтаради. Ирина бир зум тош қотиб, Ботирга термулиб туради, сўнг титрайди, қўллари қалтираб қадаҳ кўтаради-да, ранги оқариб Ботирга маҳзун термулади. Титраган лаблари пирпирайди… ғалати алфозга тушади. Маҳзун кўзларини Ботирга қадаб, ранги оқарган кўйи қалтирайди, лаблари титрайди.
Ботир:
– Буни менга ўзбек архитектори айтган!
– Ким… Ким?! Ким у? – дейди секин шивирлаб.
IV
Хотирлаш
Аёл нигоҳи тасвирга кўчади. Шу нигоҳ орқали биз бундан ўн йиллар илгариги воқеага ўтишимиз мумкин.
Тасвирда аёл нигоҳи – купеда кутилмаган ҳолга тушиб, ўзини йўқотиб довдираб қолган Иринанинг нигоҳидан бундан ўн йиллар илгариги Иринанинг нигоҳига кўчамиз.
Иринанинг нигоҳи орқали Россиядаги илм-фан даргоҳларидан бири, алланечук илмий текшириш институтининг тор доирадаги мажлису муҳокама залини кўрамиз. Илм эгаларининг давра мусоҳабасига мўлжалланган кенг-мўл айланма стол атрофида ўн чоғли мутахассис олимлар ичида Ирина ҳам ўтирибди. Замонавий шаҳарсозлик, тамаддун даври архитектурасига бағишланиб ўтаётган халқаро анжуманга таниқли олимлар йиғилган. Ҳар ким ўз илмий таклиф ва назарияларини ҳаётга тадбиқ этиш, ҳозирги табиий-экологик иқлим ўзгаришлари, турли офатлар даврида талафот кўрмайдиган бинолар қуриш лозимлиги ҳақида сўзлашмоқда. Даврани бошқараётган салобатли рус олимининг гап-сўзларини бутун давра аҳли диққат билан тингламоқда.
– Хўш, шундай экан, бизнинг асримизда улкан қурилишлар ҳозирги табиий экологик, иқлим ўзгаришларини инобатга олиб қурилиши, умуман олганда, тамаддун шаҳарсозликнинг ҳар жиҳатдан мукаммал намуналарини талаб этаяпти. Дунё умумшаҳарсозлик амалиёти деган атама бутун фанга кириб келганини соҳанинг сиз, муҳтарам етук олимлари, яхши биласиз. Жуда ихчам, замонавий, техник тараққиёт ҳодисасидан келиб чиқиб, шаҳарсозликнинг давр талаб қилаётган умумбашарий лойиҳалари устида дунё олимлари ҳамжиҳатлик билан бош қотириши ҳаётий заруратга айланди. Оддий бир бино – хоҳ турар-жой, хоҳ ишлаб чиқариш корхонаси бўладими, дунё табиий ресурсларининг камхарж ва сифатли маҳсулотлари, ҳозирги замон кимё-технологиясининг янги кашфиёти бўлган маҳсулотлар эвазига глобал иқлим ўзгаришлари хавфидан ҳимоя қила олиш даражасида бунёд этилиши лозим. Биз ушбу халқаро анжуман залига илмий асосга таянган маърузалар муаллифлари, дунёнинг етук олимларини таклиф этдик. Шундай экан, бугунги давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб, дунё шаҳарсозлик фани илмий методологиясига асос солинади, десам фикримга қўшиласиз деб ўйлайман. Барчангизни бугунги улкан муваффақият билан сидқидилдан қутлайман, – дейди даврабоши.
Ҳамма жим. Ҳамма гўёки жаҳоний илм уммонида сузмоқда. Қарашлар жиддий. Давра столида ўтирганларнинг айримлари нотиқ сўзини ёзиб олмоқда. Айримлар рўпарасидаги қоғозларга кўз югуртириб нималарнидир ўқишмоқда. Хуллас, олимларнинг тор давраси. Кўзойнакли-кўзойнаксиз, бошида сочи бору буткул сочи йўқ олимлар гўёки дунё архитектураси фанини дунё шаҳарлари билан қўшиб ўз елкаларида кўтариб тургандай. Маърузачи атрофга мағрур кўз югуртиради. Кичик мажлис зали сукунат оғушида. Ирина ҳам қаршисидаги қоғозларга термулиб нималарнидир ёзмоқда.
– Хўш, қани кимда яна қандай таклиф бор? – дейди даврабоши.
Ҳамма жим. Ҳамма сукутда.
Шу пайт олимлардан бири, қорақош, қоракўз ёш йигит ўрнидан туради. Ҳамма бу осиёлик, аниқроғи ўзбек йигитига қизиқсиниб, айримлар хафсаласизлик билан қарайди. Кимдир ёнидаги шеригига қараб нимадир деб пичирлаб кулимсирайди.
– Менда бир савол бор, – дейди ёш ўзбек олими ўрнидан туриб.
– Бемалол, – дейди даврабоши.
– Дунё архитектураси умумлашма концепцияга эга бўлинишига қарши эмасман. Бу яхши ғоядир, эҳтимол…
Шу маҳал бир рус олими луқма ташлайди:
– Эҳтимол деяпсиз, нима бало, бу ғоянинг самарасига шубҳангиз борми?
– Йўқ, мен бу маънода гапирмоқчимасман. Мен демоқчиманки, адабиёт ва санъат, маданиятнинг умумдунёвий шоҳсупага чиқиши учун, энг аввало, уларнинг ўзаги, негизида, марказида миллий анъана ва қадрият, бир сўз билан айтганда, миллийлик бўлиши керак. Архитектура эса ўз-ўзидан мен юқорида айтган тушунчаларнинг, яъни, адабиёт, санъат ва маданиятнинг бир қисми, бир бўлагидир. Архитектурани буларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, архитектурада миллий жозибанинг сақланиши шаҳарсозликда ҳам миллийлик, ўша ерда яшовчи миллату элатларнинг ўзига хос маданий қадриятлари акс этиши зарур.
Залда ғала-ғовур, бироз саросима бошланади. Кимдир бош чайқайди. Кимдир йигитга қизиқсиниб қарайди:
– Тоҳир Тўлқинович, менинг ҳам сизга бир саволим бор. Глобал иқлим шароити инобатга олиниб, глобал архитектура, яъни кейинги асрларнинг умумий шаҳарсозлик қиёфаси талқин этилаётганини англаяпсизми?
Даврадаги олимлардан кимдир мийиғида кулиб қўяди. Ирина ёш олим – Тоҳир Тўлқиновичга ҳамон қизиқсиниб қараб турибди.
Тоҳир жавоб беради:
– Ҳозирги асрми, кейинги асрлар бўладими, лекин миллийлик тушунчаси ўз аҳамиятини йўқотмаслиги керак деб ўйлайман.
Ҳалиги рус олими яна луқма ташлайди.
– Сиз глобаллашув тушунчасини қандай тушунасиз, аввало шу ҳақида фикрингизни билсак чакки бўлмасди.
Тоҳир бамайлихотир жавоб беради:
– Глобаллашув, содда қилиб айтишим мумкин: ҳам яхши, ҳам ёмон. Оқ ва қора дегани каби.
Бошқа бир олим:
– Сиз, фикрингизни жумбоқ тарзда баён этманг. Ҳозир глобал архитектура тақдири ҳақида гап кетаяпти.
Тоҳир бошқаларга, Иринага ҳам кўз югуртиради. Кулимсирайди.
– Мана шу даврада ўтирганларнинг ҳаммаси деярли бир хил кийимдамиз. Костюм-шим кийганмиз, бўйнимизда галстук… Лекин, ичимизда яна бир бошқача кўринишда, бошқача кийимда, биздан алоҳида ажралган ҳолда гўзал бир аёл ўтирибди. Унинг ўй-қарашлари, орзулари бизникига ўхшаш. Унинг шу даврада бўлиши балки даврага файз киритаётганидир.
Яна ўша савол берган олим:
– Сиз қизиқ одам экансиз-ку?! Сиз саволнинг моҳиятига етдингизми ўзи?
Тоҳир энди жиддий тус олиб:
– Мен нима демоқчилигимни Сиз англамаётганга ўхшайсиз? Балки хоҳламаяпсиз?
– Нима, нима деяпсиз? – Ҳалиги олимнинг жаҳли чиқа бошлайди.
– Глобал санъат, глобал маданият, глобал ҳаёт, хуллас, ҳар нарсани глобаллашувга тиқиштиравериб, ер юзидан турфа хиллик, турфа маданият, турфа халқларнинг турфа яшаш тарзига ҳамла қилинаётганини наҳотки сезмаётган бўлсангиз? Юқорида айтдим: архитектура бу санъат, архитектура бу адабиёт, архитектура бу маданият, архитектура бу инсоният яшаш тарзининг муҳим манбаси, буни глобаллашув сояси остида қолдириб бўлмайди. Чунки миллийликдан холи шаҳарларда миллий қиёфа бўлмайди.
Тоҳир ўрнига ўтиради. Ирина уни зимдан кузатади. Даврадагилардан кимдир Тоҳирни қўллаб-қувватлайди.
– Мен Тоҳир Тўлқиновичнинг фикрларига қўшиламан, – дейди олимлардан бири.
– Чиройли нутқ, дабдабали иборалар билан бугунги мавзуни ёддан чиқариб қўймаяпмизми? – дейди даврабоши олим.
Тоҳир яна ўрнидан туради.
– Шахсан мен чиройли нутқ сўзлаб, иборалар жозибасини намойиш қилмадим, архитектурада миллий руҳ сақланиши керак деган аниқ-тиниқ фикр тарафдориман…
Тоҳирга қарши чиққан олимлардан бири:
– Демак, Сиз қаршисиз?
Тоҳир:
– Мен қаршимасман. Фақат таклиф киритаяпман, анжуман лойиҳасининг мукаммал бўлиши тарафдориман.
Яна ўша олим пичинг аралаш:
– Очиқ айтаверинг, Сиз глобаллашувга қаршисиз?
Тоҳир энди қатъият билан:
– Сизга бир мисол келтираман. Ҳинд халқининг буюк ўғлони Махатма Гандининг бир гапи бор. “Мен уйимнинг ҳамма деразаларидан қуёш нури тушиб туришини хоҳлайман. Соф баҳор ҳавоси кириши учун уйнинг деразаларини ҳам очиб, шамоллатиб туришим лозим. Лекин, уйим деразасидан енгил шабада эмас, бўрон кириб ҳамма томонни остин-устун қилиб, ҳатто уйимни ҳам учириб кетишига қаршиман. Глобаллашув бўрони бизнинг маданиятимизни кутилмаган бўрон каби учириб кетмаслиги керак”, дейди Махатма Ганди. Энди тушунгандирсиз?
Ҳамма жим. Ҳалиги олим Тоҳирга тан бергиси келмайди.
– Сиз ўзингиздан гапиринг. Гандини тинч қўйинг.
Тоҳир ўзини қўлга олиб:
– Мен ўзимдан гапирсам, ўзим туғилиб ўсган юрт дунё архитектурасининг бешиги саналади. Ўзимдан гапирсам, ўзим улғайган юрт дунё шаҳарсозлигининг бошланиши саналади. Ўзимдан гапирсам, цивилизация бўладими, глобаллашув бўладими, дунё тургунча турадиган жаҳон архитектурасининг гултожиси бўлган обидалар менинг юртимда. Улар дунё тургунча туради. Миллийлик деганда мен шуни тушунаман. Ер шари неча бор айланса ҳам Бухоро, Хива, Самарқанд шаҳарлари қайта қурилмайди. Ер шари шаҳарсозлигида дунё халқларининг миллий қиёфаси сақланиб қолади. Билиб қўйшингиз керакки, дунёнинг яна бир мўъжизаси Тож-Маҳални ҳам менинг бобом қурган. Шундай экан, миллийлик архитектуранинг жони деб биламан.
Ҳамма жим! Ирина Тоҳирга самимият билан термулади.
Мажлис тугаган. Йиғин иштирокчилари илмий-текшириш институти фойесидан чиқиб келмоқда. Бино ичкарисидан чиқиб йўл четига ўтаётган Тоҳирнинг ортидан Ирина етиб келади, уни тўхтатади.
– Сизни бир дақиқага мумкинми?
Тоҳир ортига ўгирилиб қарайди. Ҳалиги аёл. Мажлисдаги гўзал. Тоҳир жилмаяди. Иринага қарайди. Ўзини қувноқ ҳолда тутади.
– Нега энди мумкинмас экан? Бир дақиқага эмас, бир соат, бир кун, бир йил (кулади) бир умрга мумкин!
Аёл ҳам жилмаяди.
– Қойил! Сизни яхши архитектор деб ўйласам, шоир-файласуф ҳам экансиз.
– Эҳтимол… Шеър ёзаман, лекин ўзим учун ёзаман.
Аёл Тоҳирнинг самимиятига табассум бахш этади.
– Менга сизнинг фикрларингиз ёқди. Айниқса, глобал шаҳарсозлик мавзусини бир хил гулдан иборат гулдастага ўхшатганингизга қойил қолдим.
– Раҳмат… – қани кетдикми? – Тоҳир йўлак бўйлаб йўл бошламоқчи бўлади.
– Қаерга борамиз?, – Ирина савол назари билан қарайди.
– Сиз қаерга десангиз шу ерга, (кейин кулиб юборади) – Исмингизни ҳам сўрамабман…
– Ирина!
– Тоҳир! – Йигит ўзини таништиради.
Улар йўлак бўйлаб бирга кетишаяпти.
Ирина: – Тоҳир, Сиз қатъият билан ўз фикрингизни ўтказа оларкансиз.
Тоҳир: (жилмайиб) – Лекин бу фикрлар инобатга олинармикин, гап шунда. Бугун Москвада, эртага Лондонда, кейин дунёнинг яна бир бурчагида давом этадиган бундай халқаро алламбало анжуманларнинг аксарияти бугунгидек бесамар, натижасиз тугайверади. Ким билсин, мен шундай ўйлайман.
– Мен Сизни оптимист, ўз юртини қаттиқ севадиган инсон эканлигингизни ҳис қилдим? Шу билан бирга Сиз ҳиссиёт измидаги одамсиз, лекин оптимист, яъни тонгни кулиб қарши оладиган одам!
– Ким ўз юртини севмайди. Ҳаётни севиш, завқ туйиш туйғуси бўлмаса, бу дунёда яшашнинг маъниси қолмайди.
– Ҳар бир гапингиз тагдор, маъноли ва жарангдор-а? Айниқса, Ер шари Бухоро, Хива, Самарқандни қайта қуролмайди, деган гапингиз юрагимни титратиб юборди, – Ирина ҳаяжонини яширолмайди.
– Сиз Ўзбекистонда бўлганмисиз, Бухоро, Хива, Самарқандни кўрганмисиз?
– Афсуски йўқ!.. Лекин бориб кўриш ягона орзуйим…
Тоҳир жойида таққа тўхтаб, ҳазил оҳангда:
– Унда қани кетдик!, – қўлларини икки ёнга ёзади.
Ирина кўзларини катта-катта очиб, гўё ҳайратланган алфозда:
– Қаёққа?!
– Ўзбекистонга! Бухоро, Хива, Самарқандни кўргани!
– Ҳозир-а?
– Ҳа, ҳозир! – Улар иккиси ҳам кулиб юборади.
– Йўўўқ! Йў-ў-қ!, – Ирина эркаланиб бош чайқайди, – ҳозир бирор жойга бориб тушлик қилсак, нима дейсиз? Москвани яхши биласизми?
– Эй-ей, эсим қурсин. Аслида Сизни мен таклиф қилишим керак эди. Москвани билиш-билмаслигимнинг эса аҳамияти йўқ. Борадиган жойни Сиз танланг! Мен розиман!
Улар яна бир-бирига жилмайишади. Йўл четида такси тўхтатишади. Машина уларни серқатнов кўча ичра олиб кетади.
V
Вагон купеси. Ирина ҳамон деразадан ташқарига қараб, ойна олдидан липиллаб ўтаётган манзараларни кузатмоқда. Ботир купе “дастурхони”даги у-бу нарсаларни тартибга солган бўлиб, яна Иринага қарайди. Унинг хаёл сураётганига ҳалал бермаслик учун томоқ қириб қўяди. Ирина Ботирга қарайди. Бироз ўнғайсизланади:
– Кечирасиз, ташқарига қараб хаёл суриб қолибман. Ёшлигимдан одатим шунақа, айниқса, дераза олдида ўтирволиб, соатлаб кўчага термулишим уйдагиларнинг ҳам жонига тегиб кетарди.
– Ҳечқиси йўқ… Хаёл инсонни ердан юксакликка олиб чиқади, бошқа дунёга олиб ўтиши, кичик сонияда самовотни тасаввурга жойлаштириши мумкин. Хаёл инсонга берилган, фан томонидан ҳали изоҳланмаган, бундан кейин ҳам тўлиқ изоҳини топмайдиган мўъжиза.
– Ҳа, хаёл инсонни юксакка чиқариши ҳам, ерга уриб чилпарчин қилиши ҳам мумкин, – Ирина оғир уҳ тортади.
Ботир касбига хос зукколик измида унинг кўнглида қандайдир оғриқ, қалбида дард чўкиб ётганини сезади. Унга синовчанлик билан разм солади.
– Бухорога шунчаки айлангани бораяпсизми, ё?.. Агар бирор нарсага ёрдамим керак бўлса айтинг!
Ирина унга разм солади:
– Эримни қидириб бораяпман. (Ухлаётган ўғлига қарайди…) – Фарзандимнинг отасини қидириб бораяпман… Бор гап шу! – Ирина оғир хўрсиниб кўзига ёш олади.
Ботир ўйга чўмади. Иринанинг юзига синчков назар солади. Сўнг у купе диванида ухлаётган Темурга қараб қўяди:
– Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади.
– Худо билади. Беш йил бўлди кўришмадик… Менга ҳеч нарса керакмас.. Фақат унинг жони соғ бўлса бўлди. Борсам бир кўрсам бўлди.
– Демак… Чин муҳаббат! Яхши кўрасиз…
– Ҳа… Лекин. Бундай бўлиши мумкинмасди. У ҳам мени севарди. – Ирина уҳ тортади.
Ботир ноқулай сукут комида қолмасликлари учун мавзуни бошқа ёққа бурмоқчи бўлади.
– Кечирасиз, Ирина Андреевна, ўзингиз нима иш билан шуғулланасиз?
Ирина ҳам Ботир гапни бошқа ёққа бурганини ҳис этиб, унга жиддий тортиб кўз қирини ташлайди.
– Сизнингча, нима иш билан шуғулланадиган аёлга ўхшайман?
– Менимчами, менимча… Бизнесмен! Тадбиркорсиз. Шундайми?
Ирина жилмаяди:
– Топдингиз! Бизнесмен-тадбиркор! Лекин асл касбим бошқача… Дадам Россияда “Росзем” компанияси Бош директори эди. Нефть-газ ишлаб чиқариш компанияларига нефтни қазиб оладиган технологиялар ишлаб чиқарадиган йирик компания раҳбари эди… Компанияни бошқариш менинг зиммамда қолди. Дарвоқе, дадам бир пайтлар Тошкентда Туркистон ҳарбий округида 10 йил ишлаган. Ҳарбий эди. Мен Тошкентда туғилганман. Икки ёшга етганимда дадам нафақага чиққан. Оиламиз яна Москвага кўчиб келишган. Хуллас, ўзим архитекторман! (Бир оз тин олади. Сўнг яна қўшиб қўяди) – У ҳам архитектор эди…
Кўзларига ёш келади. Яна вагон деразасига қарайди.
VI
… Ирина ва Тоҳир кафедан таксида бирга қайтишаяпти. Ирина хурсанд, қўлида гулдаста. Тоҳир такси орқа ўриндиғида. Сархуш, кайфияти аъло ҳолда… Чеҳраси ёниқ. Кўнгли баланд. Ҳаётнинг қувончлари унинг бошида акс-садо бериб, шодлигу завқ-шавқ уни сархуш этган. Ўз дунёси оғушида хушнуд қайтаяпти.
Такси шаҳар четидаги гўзал ва хушҳаво жой, ҳашаматли уй – Иринанинг уйи ёнида тўхтайди. Ҳовлиси кенг-мўл, атрофи анвойи гуллар, газон ётқизилган икки қаватли салобатли уй ёнида олтмиш беш-етмиш ёшлар чамасидаги, хонадон кийимида, кўринишдан анча тетик киши машинадан тушган Ирина ҳамда Тоҳирга қараб турибди. Тоҳир уйга завқланиб қарайди. Ирина Тоҳирнинг кўнглидан кечаётган фикрни англагандай:
– Ҳа, жаноб архитектор, қандай, бизнинг “кулба” сизга ёқдими?
Тоҳир чинданам бетакрор услубда тикланган замонавий уйга ҳамда шунга мосу хос шинам, ям-яшил, гуллар барқ урган ҳовлига яна бир кўз югуртирди:
– Яхши, лекин…
Ирина шарақлаб кулиб юборди…
– “Лекин-пекинни қўйинг, “лекин” керакмас, хафа бўламан. Бу уйнинг чизмасини ўзим тайёрлаганман.
Тоҳир иккала қўлини таслим маъносида кўтаради:
– Ундай бўлса… Зўр. Жуда ажойиб.
Ирина: – Ҳа энди, Сизчалик бўлмасак ҳам қўлимиздан келгани шу.
Тоҳир: – Айтдим-ку, зўр. Ажойиб. Сиз менинг назаримда истеъдодли рассомга ҳам ўхшайсиз.
Ирина: (эркаланиб) – Алдаяпсиз… Эҳтимол, рассомдирман. (Ўйчан.) Лекин севгининг сувратини чизолмадим, чизиб бўлмас экан.
Улар ҳовлига киришади. Ирина отаси билан ўпишиб саломлашади.
– Дада, танишинг, Тоҳир. Ҳамкасбим. Конференциядан бирга қайтдик. Ўзбекистондан (сўнг Тоҳирга қараб).
– Тоҳир, бу киши дадам. Андрей Иванович. Сизга ярим юртдош. Ўзбекистонда узоқ йиллар ишлаган.
Андрей Иванович Тоҳир билан саломлашади. Улар кенг майдондаги стол атрофида ўтиришади. Андрей Иванович Тоҳирга ички бир меҳр билан узоқ термулиб туради:
– Тошкентданмисиз?
– Йўқ. Бухороданман…
Андрей Иванович чеҳрасига табассум ёйилади:
– Шунинг учун ҳам зўр архитектор экансиз-да. Бухоро ер юзининг энг гўзал шаҳарларидан бири. Мен Бухорода кўп бор бўлганман.
Улар столдаги ноз-неъматларга қўл уришади. Ичимлик очилади. Андрей Иванович меҳмон шарафига қадаҳ кўтаришни таклиф қилади:
– Қани Тоҳир, Сизнинг соғлиғингиз учун.
Ичишади. Андрей Иванович Тоҳирга ўзгача илиқлик билан қараб турган, қулфи-дили очилиб, хушчақчақ ўтирган қизига маъноли боқиб қўяди.
VII
Купе. Ботир Иринани “дастурхон”га ундаяпти:
– Кўпам ўйлайверманг. Сезиб турибман, ҳаммаси яхши бўлади. Қани, у-бу нарсадан олиб туринг.
Шу пайт Иринанинг ёнида ухлаётган Темур уйғонади, у уйқусираб онасига суйкалади. Ботир унга қарата:
– О, ана бизнинг Темур полвон ҳам уйғондилар. Қани, кўзингни оч-чи, қўзингни оч, овқатланамиз, нима ейсан?
Шу пайт купе эшиги очилиб, қўлида елимхалта кўтарган йўловчининг боши кўринади.
– Ва ниҳоят ўз жойимга етиб келдим, – дейди у купедагиларга кўз югуртириб. Иринага айниқса суқланиб қарайди. Ирина уйқусираб эркаланаётган Темурни ўрнидан турғизиб, купедан вагон йўлагига олиб чиқади. “Ҳожат”га олиб боради. Ҳалиги йўловчи Ирина томонга қараб бош чайқаб чўзиб хуштак чалиб қўяди. Ҳирс билан қарайди:
– Уҳ! Зўр нарса экан-а. Кетворган экан… Оҳ… Майлида-а, қўзичоғи ҳам бор экан-у, лекин… гап йўқ.
Ботир йўловчига ўқрайиб қарайди. Буни билиб-билмасликка олган йўловчи гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлади:
– Вагон ресторанида дўстимизнинг туғилган кунини нишонладик… Одам туғилган кунидаям йўлга чиқадими? (Сўнг қўлидаги елимхалтадан битта ароқ олиб купе “дастурхони”га қўяди).
– Қани ака… қиттай-қиттай қилиб кетамиз-да. У Ботирнинг ёнига ўтиради. Кейин яна кўзи олазарак бўлиб вагон йўлагига қарайди. Вагон йўлагида Ирина Темурни етаклаб келаяпти. Ҳалиги йўловчи чидай олмайди. Яна “Уҳ” тортиб, ҳуштак чалади. Ботир унга ижирғанади.
– Ака, зўр нарса экан…
Ботир энди ғазабланади:
– Менга қара мишқи. Ўтирсанг қисиб ўтир… Яхшиси ўрнингдан тур-да, Сен ҳам анови болакай каби сийиб кел-да, ётиб дамингни ол…
Йўловчи довдирайди:
– Ака… мен, нима дедим?
– Тур энди, сур бу ердан. Тур ўрнингдан, тепага чиқиб ёт. У эрининг олдига кетаяпти.
Йўловчи ўрнидан туриб тепага чиқиб ётишга мажбур бўлади.
Купега Ирина билан Темур киради.
Ботир: – Қани, Темур, сенга нима берсам экан-а. – У “дастурхон”дан ўрик туршагини олиб, ойисининг ёнида ўтирган Темурга, сўнг Иринага ҳам узатади.
– Хўш, Ирина Андреевна, Сиз туршакнинг хосияти ҳақида билсангиз керак. У киши соғлиғига жуда фойдали, айниқса…
Ирина Ботирнинг қўлидаги туршакка титроқли ҳолда қараб қолади. Иринанинг кўзларига “тикилган” камера бирон бошқа манзарага олиб ўтади.
VIII
Меҳмонхона. Ихчам ва ёруғ хонада Тоҳир кийим-кечак, юкларини жомадонига жойлаяпти. Кетишга ҳозирлик кўраяпти. У соатига қараб қўяди. Меҳмонхона деразаси дарпардасини очиб ташқарига кўз югуртиради. Иринани кутаяпти. У яна соатига назар ташлаб, дераза пардасини ёпиб жомадони ёнига келади. Очиқ турган жомадондан елимхалтани олиб стол устига қўяди. Кулимсирайди. Сўнг елимхалтани очиб ичидан тўрт-бешта ўрик туршагини олиб стол устига қўяди. Биттасини оғзига солади.
Меҳмонхона олдига қора “Жип” келиб тўхтайди. Орқа ўриндиқ эшиги очилиб Ирина тушади. Қўлида ҳужжатжилд (папка). У “Жип”дан тушиши ҳамоно меҳмонхона эшигига қараб югуради. Ирина меҳмонхона эшигидан ичкари кириб кетади.
Тоҳир хонадан энди чиқаман деб эшик тутқичига қўл узатаяпти. Ирина меҳмонхона йўлагида югуриб келаяпти. Ичкаридан Тоҳир эшикни очиши ҳамоно ҳансираб, нафаси тиқилиб турган Иринани кўради. Тоҳир эшик олдидан бир қадам ортга силтанади. Ирина хонага кириб ўзини Тоҳирнинг қучоғига отади. Улар узоқ бир-бирини қучиб туришади. Севгининг юксак нуқтасида турган икки сархуш инсоннинг нигоҳлари бир-бирига тўқнашади.
Ирина Тоҳирнинг қучоғидан чиқиб, қўлидан тушиб кетган ҳужжатжилд (папкани) ердан олиб қувноқ ҳолда дейди:
– Мана, ҳужжатлар! Дадам рози бўлдилар. Энди компания томонидан қурилиши режалаштирилган нефтчилар шаҳри лойиҳаси чизмасини сен тайёрлайсан! Хуллас, ўша шаҳарчанинг Бош меъмори ўзинг бўласан. Дадам сенинг ишинг билан обдон қизиқиб кўрди. Қара-я, Тошкентга сўровнома жўнатиб, иш режаларинг, сен қилган ижодий ишлар юзасидан тўлиқ маълумот олиб бўлибди.
Тоҳир мийиғида кулади.
– Миллиардерлар ўз ишига пухта бўлишади. Оҳ қария! Чатоқ-ку-а?
Улар кулишади. Тоҳир Иринага суқланиб қарайди.
– Хуллас, ишни бошлайверсанг бўлади.
– Майлику-я. Лекин уйга кетмоқчиман, бугун. Бир ойдан кейин келаман… Айтдим-ку розиман. Дунёдаги машҳур компания бундай буюртма бериб тургач, мен йўқ, дермидим?
Ирина бироз ўйга толади:
– Тоҳир…
– Тинчликми?.. – Тоҳир унинг юзига хавотир билан термулади.
– Тоҳир, биласанми, дадамнинг мазаси йўқ… Бугун Германияга учиб кетаяпти. У ёқда операция қилишади.
– Ўша куни соғлиғи яхши эди-ку…
– Қаерда… Бардошли, матонатли одам менинг дадам. Сенга билдирмади, холос. Мана шундан бери икки ҳафта ўтди. Баттар оғирлашиб қолди.
– Нега менга айтмадинг?
– Дадам хоҳламадилар. Тўшакда ётганимни дўстинг… (шу ерга келганда жим бўлиб туради-да Тоҳирга қарайди…) билмасин деди.
– Барибир айтишинг керак эди. Андрей Иванович менга ёқиб қолди. Яхши одам. Бориб кўришим керак эди. Ҳозир кетдик, юр…
– Қаерга?
– Қаерга бўларди, Андрей Ивановичнинг ёнига борамиз, дадангни кўрамиз.
– Дадамни аэропортдан кузатиб юбордим. Дадам Германияга учиб кетди.
Ирина ҳолсизланиб стулга ўтириб олади. Столдан боя Тоҳир қўйган елимхалта ёнидаги туршакларни олиб томоша қилади. Қизиқсиниб қарайди:
– Тоҳир…
– Нима дейсан?
– Дадам компанияни менга топширди. Ҳужжатларга қўл қўйдим. Энди илмий ишларга вақт тополмасам керак.
Тоҳир уни юпатмоқчи бўлади. Ёнига келиб тик турган кўйи Иринанинг бошини қучади. Тилларанг сочларидан ўпади.
– Ирина, албатта сен зўр, ажойиб архитектор бўласан… Бошқа ишларни ҳам эплайсан, албатта…
Ирина бош чайқайди. Тоҳирга ғамгин боқади.
– Тоҳир, назаримда бир ўзим, ёлғиз қоладигандайман. Кўнглим сезиб турибди. Дадамдан ҳам… (йиғлаб юборади) сендан ҳам айрилиб қоладигандайман. (Йиғлайди. Ўрнидан туриб Тоҳирни қучади)
Тоҳир Иринани ғамгин ўйлар изтиробидан чалғитмоқчи бўлади.
– Йўқ. Сен ҳеч кимдан айрилиб қолмайсан. Даданг ҳам, мен ҳам сенинг ёнингда бўламиз.
У столдан бир дона туршак олиб, Иринага тутади:
– Қани оғзингни оч! Қани… Қани…
Ирина Тоҳирнинг қўлидаги туршакни тишлайди ва кавшай бошлайди.
– Ана… Ҳозир кайфиятинг кўтарилади. Туршак юракни бақувват қилади, қонни тозалайди. Минг хил дардга даво. Бунинг тўрт донасини айрим мамлакатларда махсус идишларда қадоқлаб жуда қиммат баҳода пуллашади. Бизда, Ўзбекистонда эса ёз фаслида ҳовлиларимиз ўрик мевасига тўлиб-тошиб ётади. Кузда уларни томларга ёйиб қуритиб оламиз. Ҳар куни ўрик еган одам, ўрик шарбатини ичган одам умуман касал бўлмайди. Кексаймайди.
Ирина Тоҳирга меҳр билан жилмайиб қарайди. Стол устидаги елимхалтада ўрик туршагига ишора қилади.
– Бу менгами?
– Ҳа…
– Мени ташлаб кетмайсан-а?
– Йўқ. Бир ойдан сўнг келаман…
Тоҳир соатига қарайди, сўнг Иринага табассум билан жилмаяди:
– Хўш, самолёт учишига уч соат вақт бор. Демак Сен билан бирор жойга кириб, озроқ вино ичсак бўлади. Нима дейсан?
– Албатта, ресторанга борамиз!
– Балки, ўзимизнинг “Ҳаловат соҳили”га борармиз?
Ирина кулади:
– Бугун Сен нима десанг, шу бўлади.
…Улар меҳмонхонадан чиқишади. Меҳмонхона эшиги олдида қора “Жип” турибди. Иринанинг ҳайдовчиси “Жип”дан тушиб машинанинг орқа эшигини очади. Тоҳирнинг юкларини машина юкхонасига жойлаштиришда кўмаклашади. Тоҳир Иринага табассум билан “қойил” дегандай кулиб қўяди. Улар машина орқа ўриндиғига ўтиришади. Машина ўрнидан жилади.
Йўл. Машина елдай учади. Муюлиш. Машинанинг тормоз педалини босаётган ҳайдовчи тараддудланиб шошиб қолади. Сабаби, “Жип”нинг тормози ишламай қолади. Ҳайдовчи “Жип”ни жон ҳолатда муюлишга етгач, сўлга буради. Бошқа машиналарга бориб урилиб кетмаслик чорасини кўради. Машина ҳайдовчига “бўйсунмаган” ҳолда йўл четига чиқиб кетиб, улкан тўсиқлардан бирига зарб билан урилади. Лаҳзада Тоҳир ҳамда Иринанинг аянчли қиёфаси намоён бўлади. Тўсиқ ёки панжарага катта тезликда бориб урилган “Жип” ағанаб тушиб, анча ергача сирпаниб боради.
IX
Тун. Поезд зимистон қоронғуликни ёриб олдга интилаяпти. Ирина вагон йўлагида туриб ташқарини кузатаяпти. Купеда Темур пастда, ҳалиги шилқим йўловчи тепада ухлаяпти. Ботир купенинг пастки диванида ўтирибди. Хаёлга толган. Вагон йўлагидан аллақандай овоз келади. Ботир купе эшигидан бошини чиқариб қарайди. Вагон йўлагида Иринанинг ёнида ширакайф йигит турибди.
Йигит: (Бироз чайқалиб) – Бугун менинг туғилган куним… Дўстларим билан ресторанда ўтирдик. Ўртоғим бор эди – Зокиржон. Йўқ. Йўқолиб қолди. Шу вагонни айтувди… Купесини билолмаяпман… (У чайқалади) – Сиз… Сиз… чиройли экансиз… Юринг,.. рес…рес… ресторанга борамиз.
Ирина жилмаяди:
– Туғилган кунингиз билан табриклайман…
– Раҳ… Раҳмат!… Хўш… борамизми?
– Йўқ… раҳмат…
Шу пайт уларнинг ёнида Ботир пайдо бўлади.
– Ҳой ука, бор энди дамингни ол.
Йигит Ботирга боқиб ҳушёр тортгандай бўлади..
– Хўўп… Хўп ока…, – йигит Ботирга гап қайтариш бефойдалигини сезиб жуфтакни ростлайди.
Ирина Ботирга жилмайиб қарайди.
Ботир: – Кеч бўлди. Ухласангиз бўларди.
Ирина: – Уйқум келмаяпти. Ҳаяжонланаяман, шекилли! Бухорога қанча қолди.
Ботир: – Худо хоҳласа, икки-уч соатда етиб борамиз.
Ирина: – Бухоро шаҳридаги “Қувонч” кўчасини билмайсизми? Лаби Ҳовуз ёнидаги.
Ботир: – Йўқ… билмасканман. Лекин топишга ҳаракат қиламиз.
Ирина унга миннатдор боқади.
– Раҳмат сизга.
Аёл яна деразадан тикилиб қарайди. Яна унинг нигоҳлари хотира водийсини жонлантиради.
X
Касалхона. Палата. Тўшакда юз-боши боғлаб ташланган, қўл оёғига гипс урилган Тоҳир ётибди. Унинг ёнидаги стулга омонатгина ўтирган Иринанинг ҳам боши бинт билан танғилган. Бир қўлидан бинт ўтказилиб елкасига осилган. Соғ – ўнг қўли билан Ирина тумба устидаги косадан қошиқда шўрва олиб, Тоҳирнинг оғзига тутиб ичираяпти. Тоҳир иҳраб қўяди.
– Тоҳир! Ич, азизим! Мана… ол!
Тоҳир яна иҳрайди.
Орадан 5-6 ой ўтгач.
Ирина яна ўша палатага кириб келади. Қўлида мева-чевали елим- халта. Тоҳир ҳам анча ўзига келиб, тузалиб қолган. Ирина кроват ёнига келиб энгашиб, Тоҳирни қучади, юз-кўзидан ўпади. Тумба устига сархил меваларни қўяди. Апелсин олиб пўстини арчиб Тоҳирга узатади. Тоҳир бу сафар кроват четига ўтиради. Ирина унинг қулоғига ниманидир шипшийди. Тоҳир унга сирли қарайди, кулимсирайди. Сўнг ўтирган жойида бошини Иринанинг қорнига қўяди.
… Орадан яна анча вақт ўтган.
Касалхона ҳовлисида Ирина Тоҳирни ногиронлар аравасига ўтирғизган кўйи айлантириб юрибди. Иринанинг ҳомиладорлиги сезилиб қолган.
Тасвир алмашади.
Яна ўша касалхона ҳовлиси. Тоҳир билан Ирина ҳовлидан чиқиб келаяпти. Тоҳир тузалиб қолган. Иринанинг қорни дўппайиб кўринади. Ой куни яқин қолганини англаймиз. Ҳовли эшиги ёнида қора “Жип” турибди. Ҳайдовчи тушиб, машина эшигини очади. Машинага чиқишади. Улар орқа ўриндиқда кетишаяпти. Иккови ҳам шод, хурсанд. Шу маҳал Иринанинг қўл телефони жиринглайди:
– Алло. Ҳа, Ирина Андреевна эшитаяпти.
– Нима? Нима деяпсиз? – Унинг ранги қув оқариб, лаблари титрай бошлайди. Телефони қўлидан тушиб кетади. Йиғлаб юборади.
Тоҳир анграйиб туради. Нимадир содир бўлганини сезади.
Тоҳир: – Нима бўлди? Нима гап? Гапирсанг-чи.
Ирина: (йиғлаб Тоҳирни қучади) – Дадам… Дадам.. қазо қилибди.
Сўнг қорнини ушлаб бир бора оғир иҳрайди-да, ҳушидан кетади.
Тоҳир ҳайдовчига қичқиради:
– Касалхонага, касалхонага ҳайда!
X
Вагон йўлаги. Ирина ҳамон деразадан ташқарига қараб турибди. Ботир купедан чиқиб унинг ёнига келади.
– Ирина Андреевна, менга Бухородан қўнғироқ қилишди. Хавотир олманг. Сиз айтган манзилни аниқлашди. Бухорога етиб боришимиз билан сизни ўша ерга олиб борамиз.
Ирина: (Ботирга миннатдорчилик билан қарайди) – Раҳмат сизга. Сизни ҳам ташвишга қўйдим.
Ботир: – Энди купега кириб бироз дам олсангиз яхши бўларди.
Ирина хўп дегандай бош ирғайди. Ботир купега қайтади. Ирина яна деразага қарайди.
XI
Иринанинг данғиллама хонадони. Тоҳир уйда гилам устига икки ёшли Темур билан ўйнаб, ўмбалоқ ошишмоқда. Болакай қиқирлаб кулади. Тоҳир янада завқ-шавққа тўлиб уни эркалайди.
– Хўш, йигитча, ойинг айтганини қил! Яна сенга (қўлини ёзиб кўрсатади) жуда катта қовун олиб келаман….
Болакай кулади.
– Ойингга-чи, ойингга нима олиб келай?.. Ойингга узум, олма олиб келаман. Шунақами, ойиси?
Тоҳир стулда ўйга толиб ўтирган Иринага қарайди. Иринанинг қўлида Тоҳирнинг курткаси. У курткасининг енгини беихтиёр ғижимлайди. Ҳаяжонлангани сезилиб туради.
Ирина: – Нимагадир кўнглим ғаш. Поездда уч кун юрасан. Ўзингга эҳтиёт бўл…
Тоҳир: (Иринага кулиб қарайди) – Самолётда учаман десам ўзинг кўнмадинг-ку…
Ирина: – Мен эмас… Доктор рухсат бермади. Қон босиминг ошиши мумкин экан.
Тоҳир: – Майли. Докторга ҳам қулоқ тутиш лозим. Сен хавотир олма. Уйга бориб келганимга ҳам олти ойдан ошди. Онамни, қариндош-уруғларни соғиндим. Дадамнинг ҳам тоби йўқ экан. Операция қилдираман. Икки ҳафтада қайтаман. Сен ўзингга, Темурга эҳтиёт бўл… Компания иши билан ёрдамчиларинг шуғулланиб туришсин. Сен ҳам мен билан борсанг яхши бўларди, лекин (Темурга қарайди).
Ирина: – Темурчик улғайгач, албатта, бирга борамиз.. Кейинги сафар албатта бирга борамиз.
Тоҳир ўрнидан туради. Улар қучишади. Ирина унга курткаси ва телпагини кийгазиб қўйди.
Ирина: – Тезроқ қайт. Кутаман!
Тоҳир: – Албатта, тезда қайтаман…
Улар яна қучишади.
XII
Вокзал. Ботирни дўстлари кутиб олишади. Ирина ўғли Темур билан бир четда қимтиниб турибди. Ботир уларга қарайди. Сўнг дўстларининг ёнидан ажралиб уларнинг олдига келади, Иринага мурожаат қилади:
– Ирина, демак сизни “Қувонч” кўчасига олиб борамиз. Кейин мен қўриқхонага қайтаман.
– Йўқ. Агар мумкин бўлса, ҳозир меҳмонхонага борсак.
– Сиз нима десангиз – шу!
Улар “Нексия”га ўтиришади. Машина йўлга тушди.
Меҳмонхона.
Ботир меҳмонхона фойесидан Темурга Бухоро шаҳрини кўрсатаяпти. Ирина уларнинг ёнига келади. Қўлида калит.
– Мана, хона олдик. 313-хона. – Ботир кулади. Ирина жилмаяди.
– Ҳечқиси йўқ. Ҳар ҳолда 13-чи эмас-ку.
– Сизга катта раҳмат. Энди биз хонага кириб бироз дам оламиз, кейин…
– Кейин “Қувонч” кўчасини излайсизлар, шундайми?
– Ҳа, шундай.
– Мана, менинг телефоним, агар керак бўлсам, албатта, қўнғироқ қилинг.
Ботир кетади. Ирина ўғлини етаклаб хона томон юради.
Меҳмонхона ёнида Ботирни дўстлари ажабсиниб қарши олишади. Улардан бири:
– Шундай гўзал аёлни меҳмонхонада ёлғиз қолдиришинг яхшимас.
– Биринчидан, у ёлғизмас, иккинчидан, у эрини кўргани келган… Учинчидан, у сен ўйлагандай эмас… Жуда яхши аёл!
– Агар у эрининг ёнига келган экан, нега меҳмонхонада ётади?
– Сен собиқ терговчи, қизиқувчанлигингни ҳамон ташламабсан-а?
Улар машинага ўтиришади.
XIII
Ирина ўғли билан Бухоронинг қадимий кўчаларини яёв айланиб “Қувонч” кўчасини топишади. Улар 47-уй эшиги ёнида туришибди. Ирина ҳовли эшигига ҳаяжон билан қарайди. Қўли билан эшикни сийпалайди. Эшикка юзини босади. Сўнг эшикни оҳиста қоқади. Жимлик. Эшикни қаттиқроқ уради. Сукунат. Яна эшик қоқади. Қўшни уйнинг дарвозаси очилади. Қўшни аёл чиқади. Ирина ва унинг ўғлига қизиқсиниб қарайди:
– Ассалому алайкум. Сизларга ким керак?
Ирина каловланиб, ноқулай аҳволда қолади. Сўнг ўзини базўр қўлга олади:
– Менга… Бизга… Тоҳир шу ерда яшайдими?
Аёл Иринага бош-оёқ диққат билан қарайди.
– Бу ерда ҳеч ким йўқ…
– Кетишганми?
– Йўқ.
– Ойижон, сув ичаман, ойижон. Сув, – Темур сув сўрайди.
– Сабр қил, ўғлим.
– Яхшиси, бизникига киринглар. Йигитча чанқабди. Қани, киринглар.
– Ноқулай бўлмасмикин?
– Бемалол келаверинглар. Олисдан келаётганга ўхшайсизлар.
Улар қўшни ҳовлига киришади.
– Ассалому алайкум, бувижон.
Аёл айвонда ўтирган кампир билан саломлашади.
– Ассалому алайкум, – Ирина ҳам кампирга салом беради.
Қўшни аёл Ирина ҳамда Темурни кампирнинг ёнида қолдириб уйга кириб кетади.
Ирина қоқсуяк, турмушнинг ғам-андуҳлари қаддини дол, юзини ажин этган кампирга синчковлик билан назар ташлайди. Кампирнинг титроқ қўллари бироз, олдга Темур томонга чўзилади. Темур чўчиган бўлиб ортга тисланади. Ирина кампирдан кўз узмайди.
– Қарилик қурсин, болам, – дейди кампир ва яна, бир нуқтага бемаъно тикилиб туради.
Патнисда у-бу нарса, қанд-қурс кўтариб қўшни аёл келади. Патнисни хонтахтага қўяди. Ундан сув тўла пиёлани олиб Темурга узатади.
– Ич, полвон. Ич.
Темур ютоқиб сув ичади. Иринанинг ҳамон кампирга синчков қараб турганини кўрган аёл изоҳ беради:
– Тоҳирнинг онаси. Кампир шўрлик ёлғиз қолди. Эри қазо қилгач, кўзи кўрмай қолди. Ёлғиз ўғли Тоҳир Россиядан қайтмади. Ўғлининг йўлига кўз тикиб азоб-уқубатда яшади. Ёлғиз қолмасин деб уйимизга опкелдик. Дарвоқе, Сиз Тоҳирга ким бўласиз?
Ирина довдираб қолади. Титрай бошлайди. Ботинда отилган оғриқ вужудини қақшатади. Лаблари пирпирайди.
– Биз… биз… Мен… Ҳа, Тоҳир билан Тошкентда бирга ўқидик. У менинг курсдошим.
– Шундайми? Тоҳир йўқ. Тоҳир йўқолган.
– У тирик. У келади, – кампир бир нуқтага термулиб иҳрайди.
– Албатта, тирик… Тирик. – Қўшни аёл кампирни юпатмоқчи бўлади, – албатта, келади…
Иринага қараб бош ирғаб қўяди. Кампирга ачиниб қарайди.
Ирина ўзини базўр ушлайди. Бир амаллаб ўзини қўлга олиб ўрнидан туради.
– Сизга катта раҳмат, биз энди борайлик…
Кампир безовталанади. Қўлини олдга чўзади.
– Ўтирсангиз бўларди. Бирга тушлик қилардик, – дейди қўшни аёл.
Ирина Темурни эргаштириб ҳовлидан чиқади. Кун қиёмга келган. Иссиқ. Ҳаво дим. Ирина ҳансираган кўйи, ўғлини етаклаб бораяпти. Лаблари пирпирайди. Кўзларидан шашқатор ёш оқади. Темур иҳрайди:
– Ойижон, чарчадим…
Аёл ҳиққиллайди.
– Чида болам, чида!
Улар чиқиб кетгандан сўнг кампир қўшни аёлдан ўрнидан туришига ёрдамлашишни илтимос қилади.
Қўшни аёл кампирга ўрнидан туриши учун ёрдамлашади. Кампир ўрнидан туради.
– Ҳалиги жувон чиройлимиди?
– Меҳмонми?
– Ҳа, жудаям…
– Бола Тоҳирга ўхшармиди? Бола менинг Тоҳиримга ўхшармиди деяпман.
Қўшни аёл ҳангу манг бўлиб қолади.
– Сизнингча?..
– Ҳа. Тоҳиржон тирик. Мени ўз уйимга олиб бориб қўй. Ўз уйимда уни кутиб олай, қизим. Тоҳир ўлмаган, қизим.
Қўшни аёл кампирга ажабсиниб қарайди-да, ўзини тутолмай йиғлаб юборади.
XIV
Бухоронинг гўзал гўшаси – Лаби Ҳовуз. Ҳовуз қирғоғида Темур ўтириб сузиб юрган ғозларга нон ушоқларини отаяпти. Ирина ҳориган алфозда кроват ёнидаги ўриндиқда ўтирибди. Чеҳраси ғамгин. Кўзларидан дувиллаб ёш оқаяпти. Сўнг… Нимадир ёдига тушгандай бўлиб ўғлига қарайди. Ҳовуз қирғоғидаги ўғлини кўриб чўчиб кетади, ўрнидан шаҳд билан туриб ўғли томон югургилайди.
– Темур! Темурчик! Нима қилаяпсан! Тўхта! Эҳтиёт бўл!
У ўғлини қўлидан ушлаб стол ёнига олиб келади. Темур мудрайди. Оқ яктак кийган чойхоначи патнисда у-бу нарса, бир чойнак чой олиб келиб Иринанинг столига қўяди.
– Мана булар сизга!
– Раҳмат… Мен ҳеч нарса буюрмадим-ку.
– Ҳечқиси йўқ. Сиз бизнинг меҳмонимизсиз. Нима керак бўлса тортинмай сўрайверинг!
– Раҳмат! Илтимос, менга қаердан қўнғироқ қилсам бўлади шуни айтсангиз, – у ўзининг қўлтелефонини кўрсатади, – менинг телефоним бу ердаги рақамларга мослашмаган.
– Марҳамат! – чойхонага чўнтагидан уяли телефон олиб узатади.
Ирина сумкасини ковлаштириб ташриф қоғози олади. Ундаги рақамни термоқчи бўлади. Титроқ бирмоқлари ўзига бўйсунмайди. Қалтирайди. Титрайди.
– Илтимос, манови рақамни териб беринг. – Ташриф қоғозини йигитга узатади. Йигит рақамни териб уяли телефонини Иринага беради.
Ирина: – Алло! Алло! Ботир! Бу менман – Ирина… Ассалому алайкум… Мен адашиб қолганга ўхшайман. Меҳмонхона номи ҳам ёдимдан кўтарилибди. Манзил ёзилган қоғозни тополмаяпман, йўқотиб қўйдим.
Телефонда овоз:
– Ҳозир етиб бораман. Мен қўриқхонадаман… – Сиз ҳозир қаердасиз.
– Бу ер қандай жой? – Ирина йигитдан сўрайди.
– Лаби ҳовуз!
– Лаби ҳовузда эканмиз.
…Нексия Калла-Минор олдидан ўтиб бораяпти. Ирина ва Темур орқа ўриндиқда. Ирина ҳаяжонда. Темур машина ойнасига ёпишиб, атрофни кузатиб бораяпти.
– Бу Калла-минор, машҳур минора. Бу эса Бухоро амирининг ҳарами.
Ботир Иринага ўгирилиб қаради.
– Сизга қизиқарли эмасми булар?
– Ботир, бу ерда илоҳий жой борми, яқин атрофда?
– Бу ернинг ҳар бир қаричи илоҳий жой! Бухорода илоҳий жойлар, зиёратгоҳлар жуда кўп. Яқин жойдагиси, Чашма Аюб. Шифобахш сув бор.
– Ўша ерга борсак бўладими?
Улар Чашма Аюб зиёратгоҳига боришади. Ирина булоқ тепасида нималарнидир деб пичирлайди. Сўнг кафтида сув олиб юзини чаяди. Ўғли Темурнинг ҳам юзини чаяди. Ўғли онасига ҳайратланиб қарайди.
Улар ташқарига чиқишади. Машина олдида Ботир кутиб турибди. Аёл ўзини овутади. Унинг кўзларида мунг
– Қани, энди кетдик. Сизнинг дўстларингиз ёнига, қўриқхонага борамиз.
XV
Қўриқхонанинг дам олиш маскани. Атроф хушманзара, баҳаво. Кенгликлар туташиб кетган олисларда чексизлик ястанган. Қўриқхона дам олиш масканининг гўзал ва кўркам ҳовлисида замонавий кўринишда тикланган айвонли бино. Бинога кираверишдаги йўлакнинг икки томонига экилган токлар вайишга чирмашган. Қуюқ соя. Меҳмонлар ана шу вайиш соясида дид билан безатилган оппоқ дастурхон атрофида ўтиришибди. Дастурхонда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Ҳамма нарса муҳайё. Кенг-мўл стол теграсида Ботирнинг икки нафар дўсти, унинг ёнида эса Ирина билан Темур.
Улардан нарироқда кабоб кўрасида олов аралаш тутун димоқни қитиқлаб, иштаҳани очадиган, жазиллаган чўғда пишаётган кабобнинг ҳиди таралади. Кабоб кўраси ёнида эса ўрмончилар кийимидаги киши қўлига картон олиб қўрани елпияпти. Иринанинг унга қизиқсиниб қараб турганини кўрган мезбонлардан бири ўрмончига қараб қичқаради:
– Бўлди-да, энди Ҳошимбой! Одамни қийнавординг. Иштаҳани карнай қилдинг. Тезроқ оп кесанг-чи.
Қирқ ёшдаги ўрмончи жилмаяди.
– Икки дақиқа сабр қилинг, хўжайин… Мана, тайёр бўп қолди.
Мезбонлардан бири қадаҳларга ичимлик қуяди.
– Қани, кабоб келгунча биттадан олайлик, – сўнг Темурга қараб: – Полвонга эса шарбат қуямиз.
Темур шарбатни ичиб, ўрнидан туради. Қўриқҳона атрофидаги панжара томон юради. Панжара ортида ўйноқлаб юрган жайронларга ўт юлиб беради. Қиқирлаб кулади. Сўнг ҳовли саҳнидаги ўтинхона ёнида ўтин тахлаётган, у-бу нарсага андармон бўлиб юрган уст-боши иркит, кун иссиқ бўлишига қарамай эгнига плаш, бошига панамани бостириб кийиб олган кимсага қизиқсиниб қарайди. Унинг ёнига боради. Ҳалиги дарвешсифат кимса ҳам болага қараб нимадир дейди.
Шу маҳал дастурхонга кабоб тортилади:
– Оҳ… оҳ… Бунақа кабобни ҳали сира татиб кўрмагансиз, – дейди мезбонлардан бири.
– Тайёрлаш методикасини фақат бизнинг Ҳошимбой ўрмончимиз билади, – дейди хўжайин. Ирина яна ҳовли этагига кўз ташлайди. Темур билан ҳалиги девонасифат киши панжара олдида жайронларга қараб туришибди.
Ўрмончи: – Кабобдан олинг, – у бир сихни Иринага узатади.
Ирина: – О, зўр бўпти. Лекин…
Ўрмончи (таажжуб билан) – Нима лекин?
Ирина: – Кабоб жайроннинг гўштидан тайёрланмаганми, ишқилиб?
Ўрмончи қовоғини уяди:
– Йўғ-е, одамни хафа қилаяпсиз. Жайрон “қизил китоб”га киритилган-ку.
Ирина жилмаяди. Яна панжара томон қарайди:
– Ҳазиллашдим.
Даврадагилар ўрмончининг ҳазилни тушунмаганидан кулишади.
Мезбонлардан бири яна қадаҳларга ичкилик қуяди. Ирина “мен ичмайман” маъносида қўли билан қадаҳни тўсади.
– Менга олма шарбати қуйинг.
Ботир мезбонга “мажбурлама” дегандай бош ирғийди.
– Марҳамат. Шарбат бўлса, шарбат-да…
Ирина дастурхондан бир шингил узум олади-да:
– Майлими, Темурга узум олиб бориб берсам? – дейди.
Аёл бир шингил узумни олиб ҳовли адоғи томон юради. Кабоб қўранинг олдига келганда болакайнинг ёнида ўтирволиб ўтин тахлаётган ҳалиги уст-боши афтода, соқол-мўйлови ўсиб кетган кишига қараб хавотирланади.
Ўрмончи кўрани елпиётиб, Иринага далда беради:
– Қўрқманг… У жудаям ювош одам. Безиён. Ҳеч кимга зарари тегмайди. Хўжайиннинг содиқ одами у. Хўжайин уни Саратовдаги касалхоналарнинг биридан олиб келган.
– Қаёқдан? – деб сўради аёл қизиқсиниб.
– Россиядан… Саратовдаги шифохонадан. Шифохона бош врачи хўжайиннинг яқин оғайниси. Борди-келди қилиб туришади.
Девонасифат орқа ўгириб ҳамон ўтин майдалаб уни тахлаш билан банд. Болакай эса унинг олдида пилдираб айланиб юрибди. Иринанинг унинг ёнига боришга юраги дов бермайди. Буни сезган ўрмончи ҳалиги девонани чақиради.
– Ҳой Т.Т. буёққа кел! Ма, узумни оп кет, – Иринанинг қўлидаги узумни олади, – Ма, узумни болакайга бер. Бўлди энди. Бошқа ўтин керакмас. Етади.
Серсоқол хўмрайиб, панамани кўзигача бостириб олган кўйи уларнинг ёнига яқинлашади. Қўлидаги ўтин ва челакни кўранинг ёнига қўяди. Узумни олиб оқсиганча ортга, жайронларни кузатиб турган болакай томон кетади.
Ирина унинг ортидан ажабсиниб қарайди.
– Ғалати одам. Қизиқ.
Соқолли киши Темурнинг олдига бориб узумни беради.
Темур: – Раҳмат. Жайрон ҳам узум ейдими?
У бошини силкийди. Болакай узумни олиб жайронга тутади.
Ирина ва ўрмончи столга қайтиб келишади. Ирина ўтирган жойида ўғли томонга безовталаниб қараб қўяди.
– Хавотирланманг, Ирина хоним! У чивинга ҳам зиён етказмайди. Бир куни браконьерлар билан муштлашишга тўғри келди. Т.Т. ҳам ёнимда эди. Уни менга кўмаклашади, деб ўйловдим. Қаерда. Бирдан ерга ўтирволиб бошини чангаллаб қалтирай бошлади.
– Демак қачонлардир бошидан зарба еган, – деди Ботир.
– Ким билсин…
– Нега уни Т.Т. деб чақирасизлар, – деди Ирина.
– Қўриқхона атрофида пайдо бўлиб қолган маҳали унинг исмини сўраганимизда базўр Т.Т. деб дудуқланиб жавоб берди. Гапиролмайди.
Шу маҳал соқолли киши болакайга челакдан тошбақа олиб узатади. Болакай хурсандчилигининг чеки йўқ…
– Ойи… Ойижон… Тошбақа… Тошбақа, – дейди бола.
Серсоқол бош ирғаб кулади. Ирина ҳам уларга қараб жилмаяди.
Даврадаги мезбонлардан бири Иринага кўз қирини ташлаб ёнидаги кишининг қулоғига шипшигандай бўлади.
– Жудаям жиддий аёл экан-а?
– Россиядаги энг катта компаниялардан бирининг Бош директори. Миллиардер аёл экан, мезбон. Сўнг Ботирга ва Иринага қараб қўяди.
… Серсоқол киши Темурнинг шодлигидан қувониб бош ирғаб кулади. Сўнг даврада ўтирганлар томон жилмайиб қарайди. Серсоқол киши Иринага кўз ташлайди-да, юз қиёфаси титрай бошлайди. Иринанинг ҳам чеҳраси оқариб кетади. Серсоқол унга термулиб қараб турибди. Сўнг юзи мурдадай оқаради. Ўтириб олади-да, икки қўли билан бошини чангаллаб қалтирай бошлайди. Иҳраб юборади. Сўнг ўкириб йиғлай бошлайди. Ирина ўрнидан туриб кетади. Унга томон югуради. Бориб Т.Т.ни қучоқлайди, ўтириб олиб унинг бошидан, юз-кўзларидан ўпа бошлайди. Т.Т.нинг бошидаги панама ерга тушиб кетади.
Ирина: – Тоҳир… Тоҳир… Азизим… Тоҳир. – Уввос солиб йиғлай бошлайди.
– Мен… Сени… Сени топдим, азизим, Тоҳир.
Ойисига ҳангу-манг бўлиб қараб турган Темур ҳам йиғлаб юборади. Стол атрофида ўтирганлар ўрнидан туриб кетишади. Нимадир ерга тарақлаб тушиб, чил-чил синади.
– Ойи… Ойижон… Ойи, – бола йиғлаб Т.Т. ва Иринанинг атрофини айлана бошлайди.
– Темур. Темурчик… бу Сенинг даданг! Бу даданг. Сенинг даданг, болам!
Ирина Тоҳирни ўрнидан турғазиб унга суяниб туради. Улар йиғлашмоқда.
– Юр, Тоҳир. Юр, – Ирина Тоҳирни суяб ва ўзи унга суяниб давра томон бора бошлайди. Уларнинг ёнида Темур.
Давра аҳли уларга қараб тош қотиб туради.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 5-сон