Бугун ўртоғим Рустамнинг туғилган куни экан. У менга қўнғироқ қилиб, кечки пайт уйига ташриф буюришимни сўради. Бирга нишонлайлик, деди у. Кейинги кунларда, январь ойи бўлишига қарамай, ҳаво анча илиб, баҳор шабадалари эса бошлаганди. Аксига олиб, пешиндан сўнг бирдан совуқ тушди ва гупиллаб қор ёға бошлади. Ким Тошкент шаҳрини билса, аёзли кечада Юнусобод мавзеидан Ҳувайдо маҳалласига етиб келиш муаммосини ҳис қила олади. Айниқса, чўнтаги қаппаймаган, пуллари саноғлик оддий илмий ходим бўлиб хизмат қилувчи кишига бу туззуккина муаммо. Шунинг учун барвақт қайтишни дилимга тугиб, йўлга тушдим.
Туғилган кун байрами жуда яхши ва қизиқарли ўтарди. Соат тўққизга яқинлашганда ўрнимдан турдим, лекин Рустам менинг кетишимга рози бўлмади. «Бир йиғилишиб қолибмиз, сени Ҳамиддула машинасида Хадрага олиб бориб қўяди», — деди у.
Ҳамидулла бизга тенгдош бўлса-да, чет эл элчихоналарида ишлаб келаётган, дипломатия соҳасида жавлон ураётган йигит эди. У менга бош силкиди. “Ўтиравер, Озод! Анчадан бери учрашмаганмиз. Бир мириқайлик! Йўлдан хавотир олма. Хадрага ташлаб кетаман!”
“У ёғига-чи? – ўйладим мен. – Таксига пулим йўқ-ку?!. Бор-йўқ маблағимни совғага ишлатдим… Майли, бир гап бўлар!” – хулосага келдим мен ва яна суҳбатга аралашиб кетдим.
Ўйин-кулги, турли мунозаралар билан овора бўлиб соат милларининг ўн иккидан хатлаб ўтганини сезмай қолибмиз. Ташқарида ҳаво унча совуқ эмас, ёғаётган қор ҳатто кишига ором бағишлар эди. Вазминлик билан олға интилаётган машина ичида, гўё зиёфатда кўп гапириб чарчагандек, ҳеч ким индамас, ҳар ким ўз хаёли билан банд эди. Мен ойна орқали шаҳар кўчаларининг оқ либос кийган жамолини томоша қилиб, Рустамнинг поччаси — Содиқ ака ҳақида ўйлардим. Инсон ўз умри давомида жуда кўп кишилар билан мулоқотда бўлади. Айримлар одам онгида қандайдир илиқ хотира ёки бирон-бир фикр қолдиради. Мана, бугун Содиқ ака билан танишдик. У мени донолиги, сўзомоллиги билан ўзига жалб этди. Содиқ аканинг ёши қирқлардан ошган, ўзи қотмадан келган бўлиб атрофдагилар билан тез тил топишиб кетар экан. У суҳбатдошини диққат билан эшитар, сўнг ўз фикрини баёи қиларди. Айниқса, табрик сўзларига катта эътибор берарди.
Ҳамидулла Рустамни йигирма олти ёшга тўлиши муносабати билан табриклаганда дўстлик ҳақида гапирди. Унинг фикрича уч хил дўст бўлар экан: баъзилар пулингга, ҳимматингга қараб, бошқалар сендан қандай фойда чиқар-чиқмаслигига қараб, айримлар эса бундан мустасно равишда, қалбингга қараб сенга яқин инсон бўладилар. «Биз ана шундай, қалбан яқин ҳақиқий ўртоқларданмиз», деди у. Бу гапдан таъсирланган Содиқ ака ўрнидан туриб, узоқ сўзлади. Ёшлигида қадрдонлари кўп бўлганини, ўшанда сердаромад жойда ишлаганини, ҳозирги дамга келиб эса, пуллари камайгач икки-учтагина оғайниси қолибди. Айниқса, унинг бир гапи эсимда қолди: “Сизга яхшилик қилганга албатта яхшилик қайтаринг, агар унга керак пайтда ёрдам бермасангиз, бу – итлик қилишдир…”
Ҳаёлим бузилди. Хадрага яқинлашиб қолибмиз. Уларнинг йўли чапга, меники эса тўғрига. Шу ерда тушиб, у ёғига пиёда кетишга қарор қилдим. Соғлиққа фойда. Ҳаво ёқимли. Гупиллаб қор ёғаяпти. Айни яёв юрадиган пайт.
Ҳамидулла билан хайрлашиб тушиб қолдим. Ва йўлимга равона бўлдим. Чорсудан ўтганимдан кейин бозорга тушадиган йўл ёқасида бир дайди ит кўринди. У чопиб келди-да, оёқларимга суйкалиб, искади, сўнг ёнимда кета бошлади. Оддий ит. Уни ҳайдадим. Сал нарига қочди-да, олдинроққа ўтиб, мени кутиб турди. Унга раҳмим келди: «Қадимдан итлар инсонга ҳамроҳ, майли юраверсин…»
— Ҳей, ит, — дедим товушимни чиқариб. — Бари бир сени уйга киритмайман. Бизникидагилар итларни ёқтиришмайди.
Ит эса гапимга парво қилмади. У лўкиллагаича илгари кетар, йўл четидаги нималарнидир искаб кўрар ва яна йўлимга чиқиб пойлаб турарди. Яқинлашганимда яна чопиб кетарди. Кўчада ҳеч ким йўқ. Машиналар онда-сонда ёнимдан ғир этиб ўтиб кетишарди. Шу тариқа “Ғунча” бекатига ҳам етиб келдик. Бирор зот кўринмайди. Ҳаммаёқ жимжит. Тўсатдан, ёнимдан бир «Жигули» ўтди-да, нарироққа бориб тўхтади. Ит сергакланиб, оёқларимга ёпишди. Нега бундай қилди? Тўхтаган машинага яқинлашдим. Кимдир унинг капотини кўтариб тимирскиланарди. Балки ёрдам бериш керакдир. Оз бўлса-да, тушунаман-ку.
— Оғайни, нима машинангиз бузилиб қолдими? Ёрдам керакмасми?
Шундай дедим-у, қотиб қолдим. Мотор ва бошқа қисмлар турадиган жойда қандайдир мен тушунмайдиган микроаппаратлар ўрнатилган экан. Ёш физик олим бўлсам ҳам, ҳайратга тушдим. Жуда ғалати қурилмалар…
Мени кўриб, у кишининг кўзлари олайиб кетди. Кутмаган бўлса керак. Машинанинг ичида яна бир киши бор эди. Эшикни очиб, ташқарига чиқди. У индамай менга қаради ва совуққина жилмайди-да, гугурт қутичасидек нарсани менга қаратди. Чиқ этган товуш чиқди. Бирор нарса қилишга улгуролмай қолдим. Кўз олдим қоронғилашиб, ерга қуладим.
Ҳушимга келганимда миям лўқилларди. Ўзим креслода ётардим. Оёғим тагида ит ҳам чўзилиб қолганди. Қаердаман ўзи? Атрофга алангладнм. Наҳотки фазовий кемадаман?! Ажабтовур иллюминатор ва ундан кўриниб турган коинот юлдузлари фикримни тасдиқлади. Бироқ кема менинг тасаввуримдагидан кескин фарқ қиларди. Кўзимни очганимни кўриб, ҳалиги кишилардан бири қошимга келди. Қўлида чиройли аппарат — кичик радиога ўхшайди. У қандайдир ғалати тилда нималардир деди. Аппаратдан соф ўзбек тилида товуш чиқди. Демак, бу нарса транслятор – таржимон қурилма экан.
— Сиз биздан қўрқманг. Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман.
— Кимсизлар? Мени қаерга олиб кетаяпсизлар? Мен шу саволларни зўрға гапира олдим. Транслятор сўзларимни таржима қилди. У ҳолатимга бир қараб қўйди-да, тушунтира бошлади:
— Сизга тўғрисини айтаман. Шунда тил топишишимиз осонроқ бўлади. Биз ўзга сайёраданмиз. Иккаламиз сизларнинг яшаш дунёингиз ҳақида маълумотлар йиғаяпмиз. Бу иш тўғрисида одамлар хабардор бўлмаслиги керак эди. Афсуски, бу ҳодиса содир бўлди. Шунинг учун биз билан кетишингиз лозим. Ўйлайманки, тезда кўникиб кетасиз. Чунки, жисмимиз, суратларимиз бир хил. Мана, мени кўриб турибсиз. Мен ҳеч қандай ниқобли жонзот ёки робот эмасман. Сайёрамиз эса «Ям» деб аталади. Биздаги тараққиёт сизларникидан бирмунча олдинда. Ер ҳаётини атрофлича ўрганишимиз, фақат ўзаро дўстлик алоқаларини ўрнатиш учунгинадир. Демак, қўрқишга ҳеч қандай асос йўқ.
У жим бўлди. Бу орада ит ҳам қимирлаб, ётган жойида ғингший бошлади. Мен ўзимга келиб, эшитган сўзларимни мулоҳаза қила бошладим. Ямликлар мени кўп нарсани билиб қолди, деб ўйлашибди-да. Ҳолбуки, уларнинг ниятини сезиш у ёқда турсин, ким эканликлари ҳақида бирор тасаввурга эга эмасдим. Ҳар қандай тасодифнинг олдини олиш керак-да!.. Мен ўзга дунёликлар билан очиқ сўзлашаётган биринчи одамман. Мени олиб кетиш уларга қанчалик муҳим бўлса, менга ҳам Ерга қайтиш шунчалик муҳим. Шунинг учун ҳам суҳбатни давом эттирдим:
– Сиз қандан мақсадда дўстлик алоқалари ўрнатмоқчисиз?
– Бу саволга жавоб бериш учун касбингиз ва билим доирангизни аниқлаш зарур. Астрономиядан хабардормисиз?
– Мен физикман. Демак, фазо қонунлари ҳақида унча-мунча фикр юрита оламан.
– Ундай бўлса эшитинг. Сайёрамиз «Ям» ёритқичимиз Тесса атрофида айланувчи тўрт сайёранинг биридир. Бу мажмуа сизлардан ўн миллион ёруғлик йили нарида туради. Лекин бизнинг кемалар гиперфазога ўтиш орқали ҳар қандан жойга бир зумда етиб боради. Яқин атрофимизни ўрганиб, фақат сизнинг сайёрангизда ҳаёт борлигини аниқлаганимизга анча бўлди. Ер бизни бир томондан жуда қизиқтириб қўйган. Нега деганда, очиғини айтаман. Тесса сўна бошламоқда. Ўн минг йиллардан кейин унинг радиуси бир неча марта ортиб, ўзи қизил тусга киради. Бу ҳолда «Ям»даги ҳарорат кескин ошиб кетади ва унда яшаш мумкин бўлмай қолди. Яна минг йиллардан сўнг ёритқич атрофида сайёравий туманлик ҳосил бўлади. Шунинг учун, биз, вақт борида, бошқа яшаш жойи қидираяпмиз…
Ниҳоят, мен уларнинг ниятини тушундим. Нима дейишим керак? Бир ўзим бундай масалаларни ҳал қила олармидим? Барибир, ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтиш, фақат Ерга қайтиш керак! Бунинг учун, энг аввало рақибнинг заиф томонини билиб олишим шарт. Ямлик ҳозирча мен билан очиқчасига гаплашмоқда. Саволларимга тўлиқ жавоб бермоқда. Шунинг учун, яна у ёки бу нарсани сўраш керак. Инсон экансан, шароит ҳеч қачон сендан устун бўлмаслиги лозим.
– Ҳали машинангизда жуда кўп микроаппаратларга кўзим тушди. У қандай машина ўзи? Кейин мени бир қутича ёрдамида ухлатиб қўйдингиз, — жилмайишга ҳаракат қилиб, сўзимда давом этдим. — Бу кемага қандай қилиб келиб қолдим?
–Кемамиз Ер атрофида айланиб туради. Унинг шундай мосламалари борки, мавжудлигини ерликлар сезишмайди. Машинамизнипг шаклини сизларникидан фарқ қилмайдиган қилиб ясаганмиз. У юриш ва учиш имкониятларига эга. Сизни ана шунда кемага олиб чиқдик. Ухлатувчи асбоб ҳам мураккаб эмас. Унинг юқори қисмидаги тутмачасини боссангиз, тешикдан махсус узунликдаги электромагнит тўлқинлар чиқиб, киши миясининг ухлатувчи марказларига таъсир кўрсатади. Бунинг ҳеч қандай хавфли жойи йўқ.
Мен унинг сўзларини тинглар эканман, анча ривожланган техникага эга бўлган кимсалар билан мулоқотда бўлаётганимни ҳис этдим. Шу пайт тўғридаги эшик ён томонга сурилдию, иккинчи ямлик кириб келди. У бизга бир оз разм солиб турди. Унинг ўнг қўлида ўша қутича бор эди. Шеригига қараб, ўз тилида нималардир деди. Транслятор, ўчирилмаганлиги сабабли, унинг сўзларини дарҳол таржима қилди: «Яна озроқ вақт ўтгач гиперфазога ўтамиз. Ерликни ухлатиш лозим».
Менинг кўзларимга қон югурди. Ўзимни йўқотиб қўяй дедим. Нима қилсам экан? Унга ташланиб қутичани олиб қўйсаммикан? Кучим етармикан?! Таваккал!
Мен энди ташланай деб турганимда, жим ётган ит бирдан ириллади-да, ямликка отилди. Итнинг инстинкт ва рефлекслари ўз ишини кўрсатган эди. Қутича тап этиб ерга тушди. Ямлик итни ўзидан ажратишга тутинганидан фойдаланиб, вақтни қўлдан бой бермай, дарҳол қутичани қўлимга олдим. Тешикчасини уларга қаратдим. Тугмачасига бармоғимни қўйиб, бақирдим:
— Жойингиздан жилманг! Бўлмаса ухлайсиз!
Улар менга яқин келишга жазм қилишолмади. Ит ёнимга келиб олди.
– Нима истайсиз? — сўради биринчи ямлик.
– Мени ва итни қаердан олган бўлсангиз, ўша ерга олиб бориб қўясиз. Сўнгра билганингизни қилинг!
– Акс ҳолда?
– Акс ҳолда нима бўларди. Сиз ухлайсиз. Буни чексиз давом эттира оламан. Кемангиз гиперфазога кира олмайди. У ёруғлик тезлигида учган тақдирда ҳам, Ямга қайтиш сизга насиб қилмайди. Ўн миллион ёруғлик йили ҳазилакам масофа бўлмаса керак?!
Ямликлар бир-бирларига қараб олишди.
— Хўп, розимиз.
Қутичанинг тешигини иккинчи ямликка қаратдим-да, тугмачани босдим. Унинг кўзлари юмилиб, оҳиста йиқилди.
– Нега бундай қилдингиз? — сўради биринчи ямлик.
– Кемани бошқаришни бир ўзингиз уддалай олсангиз керак? — дедим бамайлихотир. — Қани кетдик!
Ўзимдаги бундай ногаҳоний журъат ва хотиржамликдан бир зум ҳайратга тушдим. Инсон баъзи ҳолатларда, илгари ўзи ҳам билмаган хусусиятларини намоён этса керак. Ҳаёт учун кураш бизни нималарга ундамайди.
У қўшни хонага ўтди. Кетидан мен ҳам кирдим. Бу жойда каттагина бошқариш пульти ўрнатилган экан. Ямлик баъзи мурватларни бураб, қандайдир тугмачаларни босди. Анча вақт ўтди. У индамас эди. Мен ҳам сукут сақлардим. Ит ямликка ёвқараш қилар, лекин унга яқинлашмасди.
Ямлик эшикни кўрсатиб, ўз тилида нималардир деди. Трансляторни олиб чиқиш ҳеч кимнинг эсига келмабди. Аммо мен унинг бошқа хонага таклиф қилаётганини англадим.
У ерда ўша «Жигули» турарди. Унга жойлашдик. Қаршидан худди фотоаппаратнинг затворига ўхшаб катта тирқиш очилди. Машина ўқдек учиб кетди. Кўп ўтмай кенг кўчадаги таниш бекатда ҳозир бўлдик. Мен ит билан тушиб қолдим. Ухлатувчи қутичаии ямликка сездирмай ўриндиқда қолдирдим. Энди унга ҳожат қолмаганди. «Жигули» ғувуллаган товуш чиқарди-да, бир зумда қанот чиқармай ҳам учиб кетди.
Енгил тин олдим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек эди. Қутилдим-а! Манави ит бўлмаса нима қилардим?! Яхши ҳам у ёнимда экан!.. Унга катта раҳмат!
Қор ҳамон гупиллаб ёғарди. Анча қалинлашибди. Йўлда давом этдим. Ит мендан ортда қолмади. Худди бойлангандек кетимдан кела берди.
Ниҳоят кўчамга етиб келдим. Уйимдагилар эшикни қулфлашмаган экан. Кеч келишимни айтган эдим. Эшик тақиллатмай, ҳеч кимни безовта қилмай бемалол кираверсин, деб ўйлашганда. Ортимга қарадим. Ит беш-олти қадам нарида тўхтаб, менга қараб турарди.
— Кечирасан, уйимдагилар итни ёқтиришмайди, — дедим унга, — ҳали мен сени огоҳлантирганман!
Ҳовлига қадам қўйиб, эшикни ёпдим. Шу пайт ҳаёлимда Содиқ аканинг сўзлари жаранглади: “Сизга яхшилик қилганга албатта яхшилик қайтаринг, агар унга керак пайтда ёрдам бермасангиз, бу – итлик қилишдир…” Кўнглим бузилиб, эшикни очиб кўчага қарадим. Ит кетмаган, ҳали ҳамон ўша ерда менга жовдираб, умид билан боқарди.
–Мен ғирромлик қилмаяпман! Сени огоҳлантирганман! – дедим унга ва эшикни ёпиб қулфладим.