Озод Мўъмин Хўжа. Отанинг дуоси – ўқ (ҳикоя)

Қадимда, аниқроғи ХIII асрда Тошкентда Эт емас эшон деб аталган нафаси ўткир авлиё яшаб ўтган. У ҳалқ орасида катта ҳурматга ва эътиборга лойиқ инсон бўлган. Мен шу одам билан боғлиқ бир воқеани диққатингизга ҳавола қилмоқдаман.

 Бир куни Эт емас эшон кўчада кетаётганди. Бу пайтларда унинг ёши қирқ-қирқ беш орасида эди. Ёнида кенжаси, етти ёшга қадам қўйган ўғилчаси ҳам бор эди. У жажжи фарзанди билан суҳбатлашиб борар, унинг ширин тилини, антиқа гапларини эшитиб яйрарди. Шундай дамда рўпарасидан келаётган бир гавдалик йигитнинг ўзига катта эътибор қилиб қараётганини ҳис этди. Яқинлашишганда, у дарҳол салом берди. Эт емас эшон алик олди. Нотаниш одам тўхтади-да, ялингансимон сўз қотди:
 – Эшон ота, узр, сизга бир саволим бор эди, айтсам майлими?
 – Майли, бўтам, бемалол сўрайверинг.
 Шунда йигит бундай деди:
 – Менинг жуфти ҳалолим бор. Тўрт йилдан бери никоҳдамиз. Жуда яхши, аҳил, иноқ яшаяпмиз. Лекин, турмушимизни бир нарса хира қилиб турибди. Яъни, шу муддат ичида ҳеч фарзандлик бўлмадик. Аёлимни жуда яхши кўраман. Бошқа хотин олгим йўқ. Сиз жуда ўткир нафасли эшонсиз, мени дуо қилинг, Яратган менга ҳам зурёд берсин!
 Эт емас эшон сўради:
 – Исмингиз нима, йигит?
 – Абдували. Отамнинг исми Абдураҳмон.
 – Жуда соз, Абдували Абдураҳмон ўғли. Мен кўчада ҳам дуо қилишим мумкин – таъсири бўлади, лекин уйда бамайлихотир ўтириб, қуръон сураларидан ўқиб дуо қилиш ўткирроқ бўлади. Шунинг учун, кечки пайт, шомдан ярим соат аввал хонадонимга келинг. Қўлингизда иккита нон бўлсин. Биласизми, қаерда яшашимни?
 – Ҳа, эшитганман, Камолон маҳалласидансиз, топиб оламан.
 – У холда сизни кутаман.
 Йигит айтилган пайтда эшоннинг эшигини тақиллатди. Уни ўзи кутиб олди ва ҳужрасига таклиф қилди. Хонага кирилиб, жойлашилиб, фотиҳа ўқилгач, Абдували Абдураҳмон ўғли олиб келган нонларини хонтахта устига қўйди.
 – Абдували! – деди Эт емас эшон . – Энди бундай гап, завжангизнинг исмини ва ёшини айтинг.
 У айтди.
 – Ўзингиз неча ёшдасиз? – сўради эшон.
 – Йигирма бешда, – деди йигит.
 – У холда, – деди эшон, – ҳозир мен дуолар ўқийман ва Яратган Зотдан сизга зурёд сўрайман. Шундан сўнг, барча айтганларимни қилишингиз шарт! Розимисиз?
 Йигит, кўзлари чақнаб, улкан умид жавоб берди:
 – Албатта, розиман! Барча топшириқларингизни бекам-у кўст бажараман!
 Эшон кўзларини юмиб дуолар ўқий бошлади. Шу жараёнда Яратган унга Абдували билан боғлиқ барча ҳолатларни аёнлаштирди:
 “Йигит бундан бир неча йил аввал, ўн етти ёшлик пайтида, бўйи ўсиб, елкалари кенгайиб, билаклари айни кучга кирган вақтда, ўз отасини яхшилаб урган. Аямай, бутун жон-жаҳди билан дўппослаган. Натижада, ота бечора касал бўлиб ётиб қолган. Унга на хотини ва на фарзанди ёрдам қўлини чўзишган. Табиб ҳам чақиришмаган. Бир неча кун ўтиб, ота тилдан қолган. Шу тахлит сўз деёлмай, хотини ва ўғлига керак бўлмай қолиб, синглисининг уйига ўтиб, у ерда икки йилдан сўнг, вафот этган.
 Шу вақт оралиғида у ота, не ҳасратда, анча муддат фарзанд кўрмай юриб, охир-оқибатда, Оллоҳдан сўрайвериб, дунёга келган, катта эътимод ва умидлар билан катта қилган фарзандининг ўзига қўл кўтарганини руҳан кўтара олмаган. Ва Яратгандан сўраганки, бу, ўз отасига қўл кўтарган ўғил асло бола-чақали бўлмасин! Мутлоқ Буюк Зот мискин отанинг дуосини қабул қилган.”
 “Демак, Абдували яна кўп бор уйланса ҳам, барибир, нияти амалга ошмайди… – ўйлади Эт емас эшон. Ва ҳар эҳтимолга қарши, Яратган Зотдан илтимос қилди: “Бу йигитнинг гуноҳидан ўт ва унга зурёд бер!” Шу заҳотиёқ унинг дилида бир фикр пайдо бўлди: “Майли, сен сўрасанг, ҳурматинг ҳаққи, илтижоинг ижобат қилинади, лекин ўша туғилажак фарзанд катта бўлгач, ўз отасини ўлдиради!”
 Эшон бу йигитга нима дейишни билмай бироз лол қотди. Ниҳоят, тили калимага келди:
 – Абдували! Сиз жуда катта гуноҳ қилган экансиз – ўз дадангизни дўппослаган экансиз. Шунинг учун, жазо тортаяпсиз.
 Йигит жавоб берди:
 – Отам шунга лойиқ одам эди. У мени ёш болалигимда урарди.
 – Нимага урарди?
 – Иш буюрарди, мен қилмасдим. Иш қилишдан кўра кўчага чиқиб, болалар билан ўйнашни хуш кўрардим. Мактабга борганимда, яхши ўқимасам, бақирарди. Калтаклар еганимда қасд қилган эдим: “Катта бўлиб кучга кирсам, мен ҳам сени шунақа ураманки, афсуслар қиласан!”, деб дилимга туккандим.
 – Онангиз индамаганмилар, урганингизда?
 – Гапирганлар: “Ур-ур! Аямай ур, даданг мени ёш келинлигимда онасининг сўзига кириб, роса қийнаган, ўчларимни ол!”, деганлар.
 – Тушунарли.
 Йигит сўради:
 – Бу ҳолатнинг фарзандли бўлиш-бўлмаслигимга нима даҳли бор?
 – Дадангиз… калтакланиб, тилдан қолиб, касал бўлиб ётганларида, сизга узоқ умр тилаганлар.
 – Нега? Менинг умрим қисқа бўлиши бўлиши ҳам мумкинми?
 – Ҳа.
 – Сабаби нима?
 – Шу ёшга кириб, ҳали ҳам тушунмадингизми? Ўз отасини калтаклаганлар, жабр-зулм етказиб, унинг умрига зомин бўлганларнинг умри узоқ бўлмайди.
 – Нега? Мен фақат ўз ўчимни олганман, холос.
 – Ота-онадан ўч олинмайди.
 – Энди, мен бефарзандликка маҳкумманми? Ҳеч қандай йўли йўқми?
 – Бир йўл бор, лекин у заволли йўл.
 – Айтинг, Эшон ота! Заволли бўлса ҳам майли…
 – Мен дуолар қиламан, Яратгандан сўрайман. Оилангизда ўғил фарзанд туғилади, лекин у улғайгач, сизни ўлдиради… Шуни истайсизми?
 Йигитнинг кўзлари олайди, қорачиқлари кенгайди, юзлари қизарди ва ўзини аранг босиб, оҳиста сўради:
 – Сиз буни қаердан биласиз?
 – Сизнинг дадангизни урганингизни қаердан билган бўлсам, худди ўша ердан.
 Йигит бошини эгди. Чуқур хўрсинди. Тин олди ва сўз қотди.
 – Ўртоқларим ва бошқа таниш кимсалар орқамдан гапирадилар, Абдувалининг йигитлик қуввати йўқ, у – бичилган ҳўкизми-ей, ҳезалакми-ей ва яна турли уйдирмаларни сўзлайдилар. Жуда сиқилиб кетдим…
 – Парво қилманг. Дадангизнинг руҳидан, сўнг Яратгандан авф сўранг! Ва индамай яшай беринг. Бефарзандлик – сизга берилган жазо. Чидашдан бошқа иложингиз йўқ. Бошқа хотинга уйланишдан ҳам наф бўлмайди.
 Йигит яна бир муддат ҳаёл сурди ва ниҳоят сўради:
 – Эшон ота! Қўй сўйсам, ҳалққа эҳсон берсам, гуноҳларимни кечиришини сўрасам, фойдаси тегармикан?
 – Йўқ. Мен сизга тушунтирдим-ку. Лекин, бундан кейин ҳеч кимнинг дилини сабабсиз оғритманг ва ранжитманг, ҳалол яшанг. Келгусида асқотади.
 – Айтгандай, мен дуо қилсам – фарзандлик бўласан, лекин у катта бўлгач, сени ўлдиради, дедингиз-а?!
 – Ҳа.
 – Майли, мен розиман.
 – Нимага розисиз?
 – Майли, фарзандлик бўлай, у катта бўлсин. У ёғига нима гап, нима сўз? Балки, ўша пайтга келиб, гуноҳим кечирилар! Ҳар куни шуни сўрайман.
 – Сиз энг улкан ғазабга ва кучли қаҳрга учраган кимсасиз! Отанинг дуоси – ўқ! Узилган ўқни қайтариб бўлмайди. Сизга ҳеч қандай дуо ва илтижо ёрдам бермайди!
 Шундай гавдали, вужуди куч-қувватга тўлиқ йигитнинг кўзларидан милдир-милдир ёш оқди. У бу ҳолатни беркитишга уринмади ҳам. Кейин, дастрўмоли билан ёшларини артди ва мўлтираган кўзларини эшонга қаратди.
 – Майли, эшон ота! Мени дуо қилинг, фарзандлик бўлай ва у мени ўлдирсин. Мен энди тушундим, ўз отасини уриш, дўппослашнинг оқибати оғир бўлишини. Онам ҳам мени гиж-гижлаганди. Ҳозир ҳам дадамнинг гўрига ғишт қалайди. Мен аҳмоқ эканман. Менинг жазоим шу. Дуо қилинг, мингдан минг розиман.
 Унинг гаплари ҳис-ҳаяжонга, ғам-аламга тўлиқ эди. Эт емас эшон унга индамай бир вақт қараб турди-да, сўз қотди.
 – Яхши, фақат бир шартим бор.
 – Айтинг, мен барча шартингизга розиман.
 – Сизга уч кун муҳлат бераман. Ҳар томонлама ўйлаб кўринг. Келсангиз, дуо қиламан. Келмасангиз, шу тахлит яшаб юраверинг.
 – Майли, эшон ота! – деди у оғир тин олиб ва ўрнидан турди.
 – Мана бу олиб келган нонларингизни ола кетинг. Уч кун ўтиб, мабодо ташриф буюришга қарор қилсангиз, яна олиб келасиз, – деди Эт емас эшон.
 Йигит бу сўзларга тушунмай, бир оз вақт ҳайрон бўлиб турди-да, сўнг нонларни қўлтиғига қистириб чиқиб кетди.

 Орадан уч кун ўтди. Шомдан ярим соат аввал Эт емас эшоннинг эшиги тақиллади. Унинг ўзи бориб очди. Рўпарада ўша йигит турарди – Абдували Абдураҳмон ўғли. Кўзлари ичига кириб кетибди. Ранги сарғайибди.
 У салом берди ва сўз қотди.
 – Эшон ота! Мен сиздан дуо олишга келдим.
 – Қандай дуо? – алик олгач, сўради Эт емас эшон. У бу йигит бошқа келмаса керак, деган фикрда бўлиб, унинг келишини кутмаганди.
 – Фарзандлик бўлиш дуоси-да!
 Эшон уни дарҳол эслади.
 – Бунинг оқибати нима бўлишини айтгандим-ку! Наҳотки, англамадингиз?
 – Тушунганман. Уч кун муҳлат бергандингиз, ўйлаб кўришга.
 – Фикрладингизми?
 – Ҳа. Бир қарорга келдим. Сиз менинг кўзимни очдингиз. Ўз отасини уриш, дўппослаш жуда оғир гуноҳлигини чуқур англадим. Энди, бу юк билан тинч ва бамайлихотир яшашим қийин. Шунинг учун, майли, мен ўз қотилимни катта қилай. Ва у менинг жазоимни берсин. Шу ҳис билан яшаш менга енгилроқ.
 Эт емас эшон унга тикилиб қаради. Сўзлари чин дилидан чиқарди. Йигит яна кўзларини мўлтиратди.
 – Эшон ота! Илтимос, дуоингизга муштоқман!
 – Кейин афсус қилмайсизми?
 – Қарорим қатъий…
 – У ҳолда, ичкарига мархамат қилинг! – деди у ниҳоят.
 Эт емас эшон унинг олиб келган икки нонни ушлаб дуо ўқиди ва буларни эр-хотин бирга танаввул қилишлари кераклигини айтди.

 Ушбу воқеадан бир йилча вақт ўтач, Абдувалининг қувончи ичига сиғмай қолди, сабаби – у ўғиллик бўлганди. У бу ҳақда бутун оламга бу ҳақда жар солишни истарди. Мана, кўрсинлар, билсинлар, унинг тўрт мучаси соғ! Унинг ҳам фарзанди бор.
 Абдували қўй сўйди ва маҳалласидаги қарияларни, яқин биродарларини уйига чорлаб, кичик бўлса-да, ақиқа тўйи ўтказди.
 Абдували улғаяётган фарзандини ер-у кўкка ишонмас, хотинидан кўра ўзи унинг атрофида парвона эди. Унинг бу қилиқларидан онасининг энсаси қотди. “Бунча чақалоққа ёпишдинг? Болага қараш эркакларнинг иши эмас! У йиғлайдими, думалайдими, керакмас нарсани оғзига соладими, барибир катта бўлаверади…”
 Лекин, Абдували бу гапларга парво қилмасди. У дилида яширинган афсус-надомат билан ўғлини соғлом, одобли, одамларга меҳрибон қилиб тарбиялашга аҳд қилган эди.
 Ўғли бир ёшдан ошгач, юриб кетди ва бийрон тили чиқди. “Адда, адда…” – дейдиган бўлди. Абдували бундан жуда яйрарди. “Менинг ҳам тилим чиққанда, отам ҳам шундай қувонган бўлса керак…”, ўйларди у шунда.
 Фарзанд уч-тўрт яшар бўлганда, жуда ҳаракатчан, бир жойда тиниб ўтиролмайдиган бўлди. Отаси эса унинг ёнида юрар, салбий тасодифлардан ҳимоя қиларди. Нимани истаса, ўшани берар, эркалатар, койимас эди. Хаттоки, ҳазиллашиб ҳам ҳеч қаерига шапатиламасди. Лекин, нотўғри қилиқлар қилса, буларнинг нотўғри эканлигини оҳиста тушунтирарди.
 Фарзанд етти ёшга кирди, Абдували уни шаҳардаги энг жиддий ва билимдон мактабдорга берди. Дарсхона узоқроқ бўлгани учун, эринмай ўзи олиб борар ва қайтариб етаклаб келарди. Ўғли жуда яхши ўқий бошлади.
 Фарзанд ўн икки ёшда бошланғич мактабни тугатди. Шундан сўнг, у ҳунармандликка ҳавас қилди. Абдували уни темирчи оғайнисига шогирдликка топширди. Ўғил ишни босқон босишни ўрганишдан бошлади. Бу вазифани ҳадисини олгач, темирдан турли буюмлар: пичоқ, ўроқ, теша, кетмон, болталар ясашни ўрганишга тушди. Темирчи шогирдидан мамнун эди.
 Фарзанд ўн бешдан ўтди. Ҳунарини тўлиқ ўрганиб олди. У исталган темир буюмни кўзини юмиб ясай оладиган даражага етди. У ёшига нисбатан бўлиқ эди, куч-қувватга тўлган забардаст қўллари бозори чаққон маҳсулотларни ишлаб чиқара бошлади. Дадасининг қалби бундан фахрга тўлди. Айниқса, унга ўз қўли билан ясаган ўткир пичоқни совға қилганда, жуда қувонди ва пичоқни ишлатмай, қини билан токча пештоқига илиб қўйди.
 Фарзанд ўн саккизга кирди. Ташқи томондан одобли, муомилали инсон сифатида тарбия топди. У энди балоғат ёшига етганди ва касб-ҳунарли ҳам бўлганди. Битта оилани бемалол тебратадиган ҳолатда эди. Энди уни уйлантириш вазифаси турарди. Бувиси шу ҳақда жаврай бошлади. Абдували эса онасининг тайзиқига парво қилмади, чунки бу ишда шошишни истамасди. “Ўғлимнинг гавдаси катта бўлгани билан ўзи ҳали ёш ва жуда ғўр, ҳеч бўлмаса йигирмага кирсин, одам танисин…”, деди.
 Шу аснода она-бола ўртасида келишмовчилик чиқди.
 Абдували йиллар давомида ўз ўғлига яхши тарбия беришга уриниб келган бўлса-да, фарзанд маънавий томондан бетовфиқ бувисининг тўлиқ таъсирида эди.
 Бир куни эрталабдан, Абдували, онасининг галдаги жаврашидан жаҳли чиқди-да, “У –
менинг фарзандим, истаганимда уйлантираман!”, деганча ишига кетди.
 Онанинг анча жаҳли чиқди. Ахир, у ўз синглисига унинг қиз набирасини оламан деб ваъда берганди. Ўғли эса кейинги йилларда ўзбилармон бўлиб қолди. У айвонда ўтириб олиб, ўзига ўзи гапириб хумордан чиқа бошлаганди, набираси уйғониб ҳовлига чиқиб қолди. Буюртмалари кўп бўлгани учун, у кеча кечгача устахонада қолиб, уйга қоронғуда келганди.
 – Буви, ким билан гаплашаяпсиз? – сўради у.
 Гапларини эшитадиган инсон топилганидан хурсанд бўлган кекса, бетовфиқ аёл ўз ўғлини ёмонлай кетди:
 – Қаёқданам шу дадангни туққанман-а! У жуда худбин! Ярамас! Фақат ўзининг фикрларини мақуллайди. Она билан ҳисоблашмайди.
 – Нима бўлди, ўзи? – сўради набира.
 – Сенинг даданг, биласанми, қанақа одам? Билмайсан! У ўз отасини ўлдирган!
 – Йўғ-е, нима деяпсиз? Бобом, ахир, касал бўлиб вафот этганлар-ку, ўзингиз айтгансиз.
 – Даданг бобонгни қаттиқ дўппослаб урган, натижада у касал бўлиб қолиб, бу дунёни тарк этган.
 – Ўшанда, бобомни ҳимоя қилмаганмисиз?
 – Қилганман! Одамларни ёрдамга чақирганман. Аммо, даданг бобонгни майиб қилиб бўлганди! – деди бувиси. Бу ёлғон гапларидан унинг кўзлари хатто пирпирамади.
 – Табиб чақириб, даволатмаганмисиз?
 – Вой, бобонгни кўрмаган табиблар қолмаган шаҳарда. Ҳаммасини олиб келганман. Аммо, бефойда бўлган, – яна ёлғонлади буви.
 – Демак, дадам бобомнинг қотили экан-да?!
 – Ҳа!.. Шу аҳмоқ даданг, энди сени уйлантираман десам, ҳали вақти эрта деяпти. Мана, синглимнинг чиройлик, ақлли, меҳнаткаш набираси бор. Сени ўшанга уйлантирмоқчиман! Синглимнинг қизи эса ҳар куни интизор бўлиб биздан совчи кутиб ўтирибди. Уйланасанми?
 Барча гапларни тўппа-тўғри деб қабул қилган ғўр набира, қалбидаги ғалаён туфайли индамади. Буви эса буни, сукут – розилик аломати, деб фикр қилди.
 – Сен ўзинг даданг билан гаплаш. Мени уйлантиринг, дегин.
 
 Кечки овқатдан сўнг, фарзанд дадаси ҳузурига кирди ва сўради:
 – Бувим бугун сиз ва бобом ҳақида гапирдилар, шундайми, дада?
 – Ҳа, болам. Мен ёшлигимда аҳмоқ бўлганман. Мен қалбимдаги жаҳолат ва нодон онамнинг, яъни бувингнинг сўзларига кириб, ўз отамни дўппослаганман. Бобонг касал бўлиб қолганлар. Бувинг уни даволатмаган ҳам. Аммам уйига олиб кетиб даволатишга ҳаракат қилган, лекин бефойда бўлган. Майит ҳам аммамникидан чиққан.
 – Бувим бошқача айтаяптилар-ку!
 – Йўқ, воқеалар мен айтганимча бўлган.
 – Сиз ёлғончисиз. Сиз қотилсиз! Менинг ҳам уйланишимга рухсат бермаяпсиз!
 – Кимга уйланмоқчисан?
 – Катта холамнинг набираларига.
 – Бу ҳақда менга ҳам оғиз очганлар. Биласанми, айтилаётган қизнинг онаси қанақа хотин? Нечта эрга тегиб, нечтасидан чиққан. Эрлари уни бегона эркаклар билан тутиб олишган. Ахир уни орқаваротдан фоҳиша дейишади-ку!
 – Бувимлар ақллилар, шундай бўлганда, у қизни менга раво кўрмасдилар. Сиз ўзингиз аҳмоқ, ярамас, худбин инсонсиз! Сиз – қотилсиз!
 – Шундай ҳисобласанг, мен аҳмоқ ва ёлғончи бўлсам, мени қотил деб ўйласанг, мен билан бошқа гаплашма. Сенга қанча меҳр бергандим. Бор, йўқол, сендек ўғлим йўқ!
 Фарзанднинг жаҳли чиқди, ўзини йўқотди ва тезликда токчага илиб қўйилган, ўзи ясаб, дадасига совға қилган пичоқни олиб, қинидан суғурди. Отасига яқинлашди.
 – Менинг эса, сиздек дадам йўқ! – деди-да, пичоқни унинг кўксига санчди.
 Дада бир силкинди-да, жон берди.
 Фарзанд фақат шундан сўнггина ҳовуридан тушди ва нима иш қилиб қўйганини ҳис қилди. Э, воҳ! Энди, бу дунёда қандай яшайди? Бундан кўра ўлгани яхши! У жаҳд билан дадасининг кўксидан пичоқни суғурди-да, уни ўз кўксига тираб, икки қўли билан тираб зўрлаб киргизди ва йиқилди.
 Эртаси куни бу хонадондан икки майит қабристонга элтилди.

 Эт емас эшон дуо қилинган Абдували Абдураҳмон ўғлининг фарзандли бўлганини бир йилдан сўнг эшитганди. Ўшанда, Яратган Зот, ишқилиб, уни кечирсин, деб қўйганди.
 Йиллар шошилмай кетабердилар. Ҳаёт давом этаверди.
 Абдували исмли йигитни дуо қилганига ниҳоят ўн тўққиз йил бўлди.
 Шу куни, ўшанда зурёдсиз бир йигитни кўчада учратганида, ёнида бўлган жажжи, ҳозир эса навқирон, одобли ва илмли йигитга айланган энг кичик фарзанди кечки пайт уйига келиб, Тошкентда дув-дув гап тарқалганини айтди: “Фалон маҳаллалик Абдували исмли одамни ўз ўғли чавоқлаб ўлдирибди, кейин пичоқни ўз кўксига урибди…”
 Эт емас Эшон чуқур хўрсинди. “Ҳа, Жазо ва Қасос – муқаррардир!”, деган фикр унинг кўнглидан ўтди.

2013 – 27.11.2014. Тошкент