Футбол ўйинини ўйлаб топган инглизларнинг ақлига ақлига балли! Улар футбол наҳонасида келажакда талабаларнинг ёзги имтиҳонлардан тегирмондан бутун чиққандай о-с-о-н ўтиб кетишларини қандай билишган экана? Келажакни олдиндан башорат қилган Нострадамуснинг ҳам келиб чиқиши инглиз бўлса ҳечам ажабланмайман.Гап шундаки, 1-курсни тугатарканмиз, айни ёзги имтиҳонлар бошланган маҳалда факултетда “футбол эпидемияси” бошланди.Талабаларнинг бахтига Жаҳон Чемпионати ўйинлари кундуз кунлари намойиш этиларди.Домлаларнинг деярли ҳаммаси ўзига яраша ишқибоз. Имтиҳон вақти ҳам келди.Талабалар оёғи куйган товуқдек югуриб қоладиган чоғлар. Бунақа пайтларда ит эгасини,мушук бекасини танимайди.Аудиторияга домла кириб келди. Унинг юзларидан бироз бепарво кайфиятда эканлигини билиб олиш мушкул эмас. У имтиҳон топшириқларини хафсала билан ёзиб чиқди. Сўнг стол яқинига келиб хорғин ҳолда стулга чўкди-да аста сўз бошлади:
-Ҳурматли абитуриентлар… йўғе талабалар! Марҳамат қилиб ёзишга киришинглар.Ёзиб бўлганлар дафтарни столим устига ташлаб ҳеч кимга халақит бермасдан оёқ учида чиқиб кетинглар.Мен кафедрада бўламан.
Домланинг гапларидан кейин талабаларнинг елкасидан тоғ қулагандай енгил нафас олаётганликлари сезилиб турибди. “Шпаргалка”сиз талабани мевасиз дараҳтга ўхшатишлари бежиз эмас. Талабаларнинг халоскорига айланадиган ана шу мевалар ҳеч бир тўсиқсиз фойда бериши аниқ бўлиб қолди. Аниқки, домла кафедрадаги телевизорда футбол кўрмоқчи. Ҳамма футбол ишқибози бўлган домланинг ялтироқ пешонасидан ўпиб қойишга тайёр. Қўшни аудиториядаги имтиҳон ҳам домланинг иштирокисиз ўтади шекилли талабаларнинг енгилгина қарсак чалиб қойишганлиги-ю, шодон қийқириқлари эшитилди.Очиқ эшикдан ҳазилкаш бир домла бошини суқдию:”Ижодни гуллатинглар энди”,деди.
Домла шоша-пиша аудиторияни тарк этди. У чиқиб кетиши билан талабалар учун жавлон урадиган дақиқалар бошланди. Пишиллаган нафас олишлардан бошқа нарсани илғаш мушкул. Бировга савол берсанг “ҳа-йўқ”дан нарига ўтмайди. Шу пайт кутилмаганда биринчи партада ўтирган қизнинг:”Кўчирма мендан…”,деб бақиргани ҳамманинг ҳаёлини ҳар томонга парчалади. Бутун аудиториянинг нигоҳи унга қадалди-ю қотиб қолдик: қизнинг олдида декан жилмайиб турарди. Маълум бўлишича, содда қиз дафтарига тушган деканнинг соясини кўриб, кўчирмакаш қитмирлардан бири деб ўйлаб заҳрини сочибди.Қиз шолғомдай қизариб кетди.