Онам Мастура Ширинхўжа қизи ва
барча фронт орти жафокашлари
хотирасига бағишлайман.
ЗАРБУВИ
Авжи саратон. Иш дегани қайнаган. Ғўза чопиқ, суғориш, бир ёқда арпа, буғдой бош тортиб, ўроққа келиб турибди. Устига устак дарё тошиб, бир-икки даъфа дамба босишгаям опкетишди…
Ҳозир эса дала чеккасида ғуж бўлганимизча ғўза чопиққиляпмиз. Ғуж бўлиб олганимиз сабаби — бир оз нишаб бўлганидан бу ерларни сув босган. Қотган. Чарчин бўлиб ётибди. Агар бир эгатдан тегадими, икки эгатданми, кўплашиб чопмасак, кимнинг чекига тушса, ёлғиз ўзи чопиққилиб чиққунча бўлари бўлади.
Ҳеч бировимиз чурқ этмаймиз. Фақат кетмонларимиз тарақ-туруғи эшитилади. Офтоб тиккага келиб, забтига оляпти. Бир маҳал орқамиздан Анзират опа деганимизнинг овози қаттиқ-қаттиқ эшитила бошлади.
— Ҳой, Роҳат, бу нима қилиқ, нимага ҳаккалатиб кетмон уриб кетяпсан?! Кап-катта хотин. Қайт, орқанга. Вой-бўй, Ҳанифа, сенга нима бало бўлди?! Ҳай, уятсиз-а, ҳаннот-а!..
Анзират опанинг саннаб кетганидан биламизки, дала бошида бригадирнингми, бошқа бир каттанингми қораси кўринган. Шундан опамизнинг ҳам “катталиги” тутган. Анзират опамизнинг бунақа куйди-пишдилиги катталарга хуш ёқади. “Ҳа, яшанг, янга, кам бўлманг, — дея мақташади. — Бизга сиздайин патриотлар керак. Чунки, бу ер ҳам фронтдай гап. Фронтдагидай жон олиб, жон бермасак, ҳосил қаёқда!” — дейишади.
Опамиз шишинқираб ғайратга минади. Ҳар қулочкашлаб кетмон уришга тушиб кетадики, қўяверасиз. Катталар кетишгач, тенгқурлари уни: “Э, ўл кўтарма бўлмай! Бунча саннадинг, ярим коса атала ортиқча олмоқчимисан?” дея турткилашга тушишади. У сиртига юқтирмайди. “Вой, кўтарма бўп нима қипман, яхши ишлайлик десам ёмонми? У ёқдагиларга фойдамиз тегсин, тезроқ келишсин, дейман-да”. Бу гапи ўрин ўтавермаса, яна важ топишга уринади: “Хўп, мен саннадиму, улар сизларга индашмади. Агар шу алдам-қалдам ишларингни ўзлари кўришса нима бўларди, отанг қолмай, энанг қолмай ҳалоллаб кетишарди, тўғрими?!”.
Ҳар ҳолдабу гапи жўялироқ туюлади. Лекин нафсиламирини айтганда, ҳаммамиз сидқидилдан ишлаймиз. Анзират опага ўхшаган тафтишчиларга ҳожат йўқ.
Зарбуви деган опамиз бор. Анзират опа, айниқса, уни куткилаб юради. “Зарбуви айёр, Зарбуви ичидан пишган. Оғирди устидан, енгилнинг остидан юради”, дегани-деган. Бизнинг ғашимиз келади. Ғашимиз келади-ю, аксига олибАнзират опанинг гапини тасдиқлагандай, ишлаб турган еримизда Зарбуви опа ўз-ўзидан йўқолиб қолади. Анзират опага эса худо беради: “Ана айтмадимми, Зарбуви яна гум бўлди. Баҳонаси — бузоқча. Шўранинг поясига авайлабгина боғлаб қўйган бузоқчаси ечилиб кетган бўлади…”.
Чинданам ишимиз енгиллашиб, бир чеккага чиқишимиз билан, ҳов нарида бузоқчасини етаклаб Зарбуви опамиз кўринади. Боз устига биздан кечирим сўрагандай, гапириниб келаверади: “Ҳа, қурмагур, бежоғим мол. Мудом орқангдан овораи сарсонман…” Ҳаммамиз кулиб юборамиз. Зарбуви опа бўлса тушунмай аланглайди…
Мана ҳозир ҳам кўринмай турибди. Ҳалигина юрганди ғимирлаб.
Анзират опанинг саннай бошлаганидан билдикки, кимдир келяпти. Бош кўтариб қарасак, бригадир Жаббор амаки. У кўкламда урушдан қайтган. Бир қўли белбоғи билан бўйнига осилган. Бемажол ҳолидаям тиним билмайди. Ҳали дала бошида, ҳали қишлоқда. Бизга ишни тақсимлаб бериб, ўзи қабул қилиб олади. Ҳеч кимга қаттиқ гапирмайди. Айниқса, биз ёшларни доим олқаб, эркалаб юради. У кишини кўраверсак, негадир бизнинг ҳам эркалик қилгимиз, соғинган оталаримизнинг меҳрини ундан олгимиз келаверади.
Жаббор амакига Анзират опа пешвоз чиқиб, эркакчасига қўш-қўллаб кўришди. Жаббор амаки ҳам ўртоғи билан гаплашгандай ҳазиллашди.
— Менга қара, нега қизларимни қийнаб қўйдинг?
— Нима қипман, қийнаб, ҳар кунги ишимиз-ку, Жаббор ака!
— Пешин бўпти-ку, оч қолмадиларингми?
Ростдан ҳам ҳеч бировимизнинг эсимизга келмабди овқатга чиқиш. Овқат деганим мош аталами, садақаси кетай, гўжами, ишқилиб бир нарса бўлар. Кейин ҳар биримиз уйдан келтирган битта, яримта қотган-қутган нонларни ўртага ташлаймиз. Ҳа, ўртага ташлаб баҳам кўрамиз.
Кўрдикки, Жаббор амакининг биз билан ўтириб чойхўрлик қилгиси бор. Шу баҳонада чақчақлашиб кўнглини ёзади ёки бирор иш чиқиб қолган бўлса, ўртага маслаҳатга ташлайди.
Хуллас, дала чеккасига, якка тол соясига чиқдик. Бўй қизлар алоҳида, қолган-қутган Анзират опа тенггилар алоҳида давра олиб ўтирдик. Жаббор амакини Анзират опа ўз даврасига, ҳатто ўз ёнига ўтқазди.
— Зарбуви кўринмайди? — деб қолди бир маҳал Жаббор амаки.
— Ҳали юрувди тимирскиланиб, — деди Анзират опа беписанд, — бузоғи ечилиб кетганми…
Ёнидаги бир-иккиталар кулиб қўйишди. Жаббор амаки нари беридан гап бериб, яхшигина чойхўрлик қилиб турганимиз устига қишлоқ йўлида қора кўринди. Биринчи бўлиб Анзират опа таниди.
— Жаббор ака, ана Зарбувингиз… Товба, қишлоққа кетиб қопти-я писмиқой. Ҳаммамизни лақиллатиб юради. Бузоғи кўринмайди, қаерда қолган экан?!
Анзират опа Зарбуви етиб келгунча бир дунё гапни гапириб ташлади-ю, Жаббор амаки бўлса, эшитмагандай жимгина ўтираверди.
Зарбуви опа бригадирни кўриб эсанкиради. Нима қиларини билмай тўғри унинг бошига борди.
—Ассалом… Жаббор ака…
— Ҳм, нима қилиб юрибсан, — деди бригадир қовоқ уюб.
— Нон ёпдим, Жаббор ака, кечирасиз…
— Кечаси нима иш қилдинг?
— Кечаси кир ювдим, Жаббор ака, кир ювдим, кечиринг. Айтмоқчи, — жонланиб кетди Зарбуви опа, — Сизга нон опкелдим. Мана, иссиққина. Еб олинг.
Зарбуви опа қўлтиғидан нон олди-да, тўп этказиб дастурхонга ташлади.
— Олинг, иссиққина.
Анзират опа негадир “Вой, ўлай!” деб юборди. Бригадир бир зум дастурхонга тикилиб қолди-да, Зарбувига қаради.
— Нонни бунча куйдирдинг, Зарбуви, қоп-қора-ку?! — деди.
— Йўғ-е!
Зарбуви опа дастурхонга бўйлаб қаради. Кейин “Вой, ман ўлай!” деб бақириб юборди-да, юзини қўллари билан тўсганча ўтириб олди. Даврадагилар гур кулгу кўтарди. Бизнинг даврадагилар ҳам бўйлаб қарашиб, нима гаплигини билишгач, кулгуга қўшилишди. Айрим шайтони зўрлар кулавериб, чўзилиб қолди. Шўрлик Зарбуви опамиз шошгани ё қўрққани шунчаликки, нон ўрнига нон ёпувчи рапидани қўлтиғига қистириб келаверган экан. Ҳамманинг ичагини узгудай кулдириб қўйди-да, ўзи бир чеккага чиқиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлашга тушди.
Буни кўрган Жаббор амаки ҳангоматалаб хотинларни “Бас қилинглар!” деб жеркиб берди. Кейин ўрнидан туриб қишлоққажўнади. Кўнгли бузилиб кетди-да, шекилли…
Зарбуви опанинг эри урушда. Уч-тўрт ёшлардаги ўғилчаси билан қолган. Бунинг устига акасининг беваси ташлаб кетган гўдакни ҳам боқиб олган. Шу икки гўдакни устидан тонгда қулфлаб келаркан-да, чошгоҳда ўғринча бориб овқатлантириб қайтаркан… Унинг орқасидан эса бизлар ҳар хил гап-сўз қилиб, айёрдан олиб ялқовга солиб ётарканмиз… Э, у замонлар…
ЯНГА
… Бизлар-ку, ҳаммамиз оқимиз оққа, қизилимиз қизилга ажралиб дегандай бўй кўрсатиб келаётган навниҳоллар эдик. Лекин, Анзират опа тенггилар ҳам биздан унчалик катта эмасди, кейин улар ҳам бир-бири билан ҳусн талашиб-тортишса арзийдиган кўркам, сулув жувонлар эди. Лекин барибир менинг Ҳулкар янгажонимга тенг келадигани йўқ эди. Янгам сулувларнинг сулуви эди. Амаким армияда. Янгам доим мени ёнбошида олиб юради. Баъзан кечқурунлари уйига ҳам олиб кетади… Э, унинг ширинсўзлигини…
Янгам дарёнинг нарёғидан келин бўлиб тушганлар. Қишлоқларини соғинадилар. “Шу сабил, олисга тушган келинчакка қишлоғининг кучуклари вовулласаям ашуладай ёқимли эшитиларкан”, деб ҳазил қилади. Чинми, ҳазилми, тўй бўлиб келганидан кейин қишлоғига биринчи боришида кўчасидаги теракларни бир-бир қучоқлаб йиғлаган экан.
Ҳали айтганимдай амаким урушда. Янгамга қулоч-қулоч хат ёзади. Мен ўн беш ёшли қизча амакимнинг “сулувим, шакарим, асалим”, деб эркалаб ёзган хатларини ўқиб бераман. Мен ўқийвераман, янгам лов-лов ёниб ўтираверади. Шунақаям чиройли бўлиб кетадики, …ўзиям келинмисан, келин эди-да!.. Бўйчан, навниҳолдай нозик, эгилма қошлари қоп-қопа…
Хатни ўқийверсам хиёл мовийтоб кўзлари чақнаб, нурланиб бораверади. Ва охирида худди амакимнинг олдида тургандай уялиб, бошини эгиб олади. Хатни ўқиб тугатганимдан кейин ҳам кўтармайди. Хаёлга чўмиб кетади-да, бир маҳаллар: “Ҳа, қиз пошша, ўқимайсизми?” дейди. “Бўлдим-ку!” дея бўйнимни қисаман. Шунда янгам овқатдан тўймай қолган боладай руҳи тушиб, хафа бўлиб кетади. Хатни қўлимдан олиб, нимчаси чўнтагига солади-да, кетмонини олиб кесак майдалашга тушиб кетади. Энди жаҳл билан қулочкашлаб кетмон урар, кетмон тошга теккандай даранглар, кесаклар ушалиб, ҳар ёққа учар, оппоқ чанг кўтарилиб, янгамни ўраб-чирмарди. Яна бир маҳаллар қарасам янгам катта бир кесак устидами, уватдами, бош солиб ўтирган бўларди. Астагина ёнларига бориб ўтирардим. Қўлларида ҳалиги мактуб, кўзларида милт-милт ёш…
Амакимдан мана шунақа хат келган кунлари билардимки, янгам кечқурун мени уйига олиб кетади. Не маҳалгача ўтириб жавоб хати ёзамиз. Бечора янгам шунча шўх, бийрон бўлишига қарамай хат ёзиш пайтимизда гунг бўлади, қолади.
— Янга, айтинг, нима ёзай, десам, ўзингиздан қолар гап йўқ, қайнсинглим, ёзаверинг билганингизни, дейди. Ёким мендан уялардими, билмадим…
Бир куни хат ёзиб ўтирган эдик. Салом-аликдан бошлаб, ҳар хил қишлоқ янгиликларидан ёздиму янгамдан сўрадим.
— Янга, энди гапингиз бўлса, айтинг, нимани ёзай?…
Қўлидаги боласини эмизиб, унинг юзига термулиб ўтирарди у. Чўчиб бошини кўтарди, мудраб қолган экан.
— Айтинг, нима ёзай?..
Шунда янгам бечора:
— Анови токчада пиёла бор. Пиёлада ажриқ бор. Шу ажриқни ёзинг, — деса бўладими. Аввалига ҳайрон бўлдим-да, кейин шарақлаб кулиб юбордим.
— Янга, нима деяпсиз, ажриқ далада қолган!..
У чўчиб бошини кўтарди.
— Вой мен ўлай, нима деб валдирадим?! Унақа ёзманг, — деди, — Қуриб кетсин ажриғи, кечасиям тинч қўймайди!..
Ўша кунлар бир ҳафтаданбери ажриқ териб, дала тозалаётган эдик… Ҳа, пахтани экиб олгунимизчаям бир азоб эди…