“Бухорода икки имом бўлган экан.
Дейлик, Мулла Бадриддин билан Мулла Садриддин.
Улар бири-бирини отишга ўқи, сўйишга пичоғи йўқ — шунақанги душман экан. Бунга сабаб, Мулла Бадриддин енгилтак, нодон, Мулла Садриддин аксинча, босиқ, доно экан.
Тасодифан қайсидир хилват жойда Мулла Бадриддин зино қилишда айбланиб, уни ҳам, ёнидаги аёлни ҳам зиндонга келтириб ташлашибди. Эртаси куни Қозикалон ҳукм чиқариши, буларга тошбўронми, сазойи шаклидами — ўлим жазоси берилиши муқаррар ҳолатга айланибди.
Ўша куни бу хабар бутун Бухорога тарқалибди. Мулла Садриддиннинг ҳам қулоғига етиб келибди. У дарҳол йиллар давомида йиққан уч-тўрт тангани халтачага солибди. Мулла Бадриддиннинг уйига келиб, хотинига:
— Тез паранжи ёпиниб бу ёққа юринг, — дебди.
Зиндон эшигида тўхтаб, зиндонбонга:
— Мана шу заифа имомнинг хотини. Беҳаёлар юзига бир марта тупуриб чиқмаса, тутаб ётибди, — деб халтачани узатибди.
Қисқаси, паранжи ичидаги хотин ичкари кириб, бегона аёл паранжида зиндонни тарк этибди. Кейинги кун ишни текширган Қозикалон:
— Мулланинг ёнида ўз никоҳидаги хотини экан! Бу ҳолда жазо беролмаймиз! — деган ҳукм билан “қўлга тушган”ларни қўйиб юборибди.
Мулла Бадриддин бош эгиб, Мулла Садриддиннинг ҳузурига келибди.
— Сен мени ўлимдан, муҳими маломатдан қутқардинг. Биз душман эдик. Нега бундай қилдинг, тушунмаяпман, — деб сўрабди.
Мулла Садриддин унга ўйчан тикилибди:
— Сенга ўлим кам. Мен сени маломатдан қутқарганим йўқ! Сенинг касрингга халқ бизнинг ҳаммамиздан юз ўгирарди. Мен имом деган номни маломатдан қутқардим!”
* * *
“Эски шаҳар боғи”даги чойхонада бир синфда ўқиган, ҳар хил касбдаги уч-тўрт оғайни гоҳ-гоҳ тўпланиб, ошхўрлик қилишар эди. Учраган битта-яримтани бошлаб келишганидан, айрим пайтлар давра кенгайиб кетар эди. Кулишиб, ҳордиқ чиқариб уй-уйга жўнашарди.
Одатдаги шундай даврага олдин “тиш дўхтири” бўлган, энди соғлиқни сақлаш бўйича идорада ишлаётган гавдали-йўғон киши қўшилиб қолди. Синфдошлардан Адабиёт муаллими Шавкатга аввалдан унинг исми Калон эканлигими, ўзини тутишида ҳам сал калондимоғлик борлигими — “нимадир” ёқмади. Бундай ҳолатда бир кун бўлмаса-бир кун орада бехос чархга пичоқ теккандек, ўт чиқади. Душманлик пайдо бўлади.
Ўша гал синфдошлар тўпланадиган даврада ёт киши айниқса кўпайган эди. Лекин бунга ҳеч ким эътибор бермай, ширин суҳбатлашиб ўтиришарди. Шавкат Бухорода ўтган туркигўй (озроқ форсий мероси ҳам бор) бир шоирни эслаб, унинг:
Оташингдан куймади
устим менинг ёки барим,
Телба уммон устида
учмоқдадир хокистарим, —
деб бошланган ғазалини ўқиб берди. Кўпчилик завқлангандек бўлди. Шу пайт ғишт қолипдан кўчди. Ҳалиги Калон кулиб:
— У бизнинг кўчамизда яшаган. Эшитганман! Бу одам ҳанги эди… — деди.
Яйраб ўтирган даврада ғалати ҳолат рўй берди.
Ким ўзини қандай тутишини билмаётган эди.
Агар Шавкат адабиёт муаллими бўлмаса, аҳмоқ гапни балки қулоғи остидан ўткариб юборарди. Мабодо Калон шоирни “оз-моз шўхлик қилган”, ҳатто “аёлларни ёқтириб, эгри юрган” деса, бунга ҳам Шавкат тишини-тишига босиб чидарди. “Ҳанги” деган оғир сўздан биров юзига тарсаки тортгандек қизариб, миясига қон қуюлди.
Албатта, ўтган-ўтмаган барча шоир (ёзувчи)ни бир қаричда ўлчаш қийин. Авлиё-анбиёлардан ташқари, бандага хос ожизликлар уларда ҳам бор. Яна айтаверса, бу тоифа ичида қадимдан шоир (ёзувчи) деган номни (доно имом сингари) юксак тутганлар қанча учраса, номуносиб юрган (нодон имом сингари)лар ҳам шунча топилади… Адабиёт муаллими-чи?! Унга бағишланган ва айни шу ном берилган ўнлаб китоблардаги ҳикояларда у ҳам гоҳ кўркам, гоҳ хунук тасвирланган. Ана, бир улуғ адиб “қаҳрамон”и “сигирни ҳайвон” дейди. Ёш қариндоши тушунмаган алламбалоларни валдирайди. (Тўғри, бечора ёзувчи “тўра”ларни танқид қилолмай, Адабиёт муаллими, деб атаб қўя қолган). Аслида, Адабиёт муаллими бунақа эмас. Бошқа фандан дарс берадиган ўқитувчилар аксар ундан хаёлпарастлиги, соддадиллиги учун кулиб юришади. Баъзан ўзини мағрур, баъзан ўзини хокисор тутганидан, уни камситиб, унга беписанд қарашга уринишади. Адабиёт муаллимлари орасида атрофдагилардан фарқ қилмайдиган, умрида китоб ўқимаган кишилар ҳам кўринади. Аммо ақллироқ, руҳи тозароқ бўлганидан, мактабларда улар асосан, бошқалардан “бир калла” юқори туради… Қисқаси, биринчи навбатда, муҳим вазифани бўйнига олган иймонли шоир (ёзувчи)лар ўзи (доно имом сингари) қайси даргоҳга кирганини билмайдиган суллоҳ “қалам аҳли”дан Адабиёт деган муқаддас Сўз, Адиб деган номни ҳимоя қилишга, маломатдан қутқаришга мажбур. Адабиёт муаллими эса бу ишда уларнинг ёнида туришга масъул. Йўқса, дарсхонага кириб, кўзи очилмаган ўқувчига нимани ҳам ўргатади?!
Шавкат — ориқ-озғин, кўримсизгина йигит, ажабки, кучли эҳтиросга, бургутдек шиддатга эга эди. У:
— Эй сен, оғзингга қара! — деди Калонга сенсираб. — У одам олдида сен соядек бир нарса…
Калон ҳам қизишиб бир нарса деган эди, Шавкат олдидаги пиёлани чойи билан унинг башарасига отди.
— Оғайнилар, — деди дўстларига. — Ёки ҳар ким бу даврага кирмасин, ёки бунақа даврани йиғиштириб қўя қолайлик!
Шундай деб, лаганда ош келаётганига ҳам қарамай, ўрнидан сапчиб, даврадан этак силкиб чиқиб кетди.
У аждодлардан бир шоирни маломатдан қутқарган эди.