Бу воқеага анча бўлди. Лекин ҳар доим дўст-у биродарлар билан машинада меҳмондорчиликка борадиган бўлиб қолсак, эсимга тушади, бутун вужудимни қандайдир кўтаринки руҳ, илиқлик қоплайди. Шу элнинг фарзанди эканлигимдан, шу тупроқда киндик қоним тўкилганидан ғурурланиб кетаман.
Саратоннинг ўрталари эди. Кунлар иссиқ, эрталабдан намиқа бошлаган баданингда, димоғингда ёзнинг иссиқ нафасини сезибгина қолмай, ҳатто жимирлашини кўрасан одам, кўз олдингда ўнлаб, юзлаб ловуллаган ҳалқачалар пайдо бўлиб, киприкларингни бир-бирига ёпиштиради, пешонангдан, қулоқларингнинг орқасидан оқиб тушаётган иссиқ тер томчилари рашингга тегади, артасан, артган жойлари эса ачитиб оғрий бошлайди. Кўнглинг шаббода эсиб турган салқин жой, муздек ҳаво истаб қолади.
Шундай кунларнинг бирида, дўстим Умид Назаров бизни Қорасаройга меҳмонга олиб борадиган бўлди.
— Бормасак бўлмайди. Якшанба куни келамиз, деб ваъда берганман. Хурсанд бўласизлар. Ҳовлининг ўртасидан катта ариқ ўтган. Ўрик, олма пишиб ётибди! Салқин!.. Ғир-ғир шабада!..
Умид Қорасаройдан ўтиб кетаётганда машинаси бузилиб қолиб, тасодифан шу ҳовлининг эгаси тузатиб берганини, ёзувчи одам билан танишганидан ниҳоятда хурсанд бўлиб кетганини оғзи тўлиб гапириб берди. Толибжон, танишган одамининг исми шундай экан, биз тенги бўлиб, колхоз гаражининг мудири экан. Кераксиз, деб ташлаб
юборилган темир-терсаклардан қулинг ўргилсин бир машина ясаб олибди. Умид машинанинг қандайлигини, машина эгасининг қўли очиқ, танти бир одамлигини гапириб бизни қизиқтириб қўйди. Қорасаройга боришга келишдик.
Якшанба куни эрталаб тўрт эр-хотин иккита машинада йўлга тушдик. Эркаклар Умиднинг машинасига ўтиришди, аёлларни машинам янгироқ бўлгани учун мен олиб кетдим. Бир-икки жойда тўхтаб, бир соатдан сўнг Қорасаройга кириб бордик. Умид қишлоқнинг марказига етганимизда, ма-шинасини тўхтатиб, тушди-да, менга ўтираверинглар, дегандек ишора қилиб, сомсахона олдида тўпланиб турган йигитлар ёнига бориб сўрашди. Кимдир тўпдан чиқиб, унга нималарнидир тушунтирди. Умид миннатдорлик билан қўлини қисиб хайрлашди.
Афтидан адресни аниқлаб олди назаримда, кейин менга кетдик, дегандек, қўлини силкитиб, одати бўйича сакраб машинасига ўтирди. Шу заҳотиёқ остидаги машина пишқириб, орқа ғилдиракларини чийиллатиб йўлга тушди. Чанг тарқашини бироз кутиб мен ҳам газни босдим.
Қорасув дарёси устидаги кенг тахта кўприкдан ўтиб, ўнгга бурилдик. Шу ердан дала ҳавоси бошланди. Биз бурилган боғ кўча катта йўлдан анча паст эди. Икки томони теракзор, ариқларда шарқираб сув оқиб турибди. Кўпгина иморатлар яқинда кўтарилган бўлса керак, қора сувоқдан чиқмаган, томлари энди ёпилабошлаган эди. Янги қурилаётган иморатларнинг дилни очадиган жозибаси бўлади. Шу жозибага йўлнинг четида қорни тўйиб ковшаниб ётган сигир, ариқ лабида эриниб ўт чимчилаётган қўй-қўзилар қўшилиб, одамга тинчлик, хотиржамлик бағишлайди.
Шу кўчадан қанча юрдик, билмадим, ҳар ҳолда узоқ юрмадик. Умид ҳали бўялмаган, аммо алифлаб қўйилган олатароқ дарвоза ёнида машинасини тўхтатди. Деразадан қўлини чиқариб, келдик, деган ишора ҳам қилиб қўйди. Мен унинг зангори «Москвич»и орқасига ўтиб тўхтадим.
Умид ҳеч кимни кутмасдан дадил қадамлар билан очиқ дарвозадан ичкарига кириб кетди. Орқасидан биз ҳам дарво-за томон юрдик. Аммо ичкарига кирмадик.
— Ассалому алайкум-м! — баланд овозда ким баландир сўрашди Умид. — Меҳмонларни қабул қиласизларми? Мана келдик!
— Ассалому алайкум!.. Келинглар! — аёл кишининг юмшоқ овози эшитилди.
«Қани юринглар!» — дегандек мен ичкарига ишора қилган эдим, аёллар кўнишмади. Мезбоннинг келишини кутадиган бўлдик.
— Яхшимисиз? Тинчмисиз? Хўжайин қанилар? Ё бизни чақириб, ўзлари бошқа ёққа кетиб қолдиларми?
Умид шўх кулги аралаш чўрт-чўрт кесиб гапирарди. Аёл унинг гапларига жавоб бермади.
— Жуда яхши қилибсизлар-да! Қани ичкарига.
— Кўпчилик бўлиб келганмиз, икки машина!
— Қани бошқалар? Чақирайлик ичкарига!
Шу заҳотиёқ рўпарамизда ёқимли овоз эгаси, бизнинг хотинлардан ёшроқ, хушбичим жувон, унинг кетида оғзи қулоғига етиб илжайган Умид пайдо бўлишди. Унинг хурсандлиги аъзойидан билиниб турарди.
— Йўлакда туриб қолибсизлар-ку? Қани, ичкарига! Ассалому алайкум!
Жувон эски қадрдонлардек, аёллар билан қучоқлашиб кўриша кетди. Кейин биз, эркаклар билан қўл беришиб сўрашди-да, ҳаммамизни ичкарига бошлади.
Деразалари кўчага қараган уйдан ўтишимиз билан катта ҳовли пайдо бўлди. Умид тўғри гапирган экан. Ҳовли сердарахт эди. Олма, шафтолиларнинг шохлари эгилиб ётарди. Уйнинг олдидаги баланд сўридан тоифи, шивилғони, қирмизи узум бошлари ёқутдек, олтиндек товланиб турибди.
Жувон равонга кўтарилиб, уйнинг ичига таклиф қилди.
— Ҳовлида ўтирақолсак-чи? — таклиф қилди Умид.
Аммо жувон кўнмади.
— Битта хонани муздек қилиб қўйганман. Қани марҳамат!
Биз оёқ кийимларимизни ечиб, нимқоронғи хонага кирдик. Муздек ҳаво гуп этиб димоққа урилди. Жувон баланд деразаларга тортиб қўйилган пардаларни йиғиштирди. Хона ёришиб кетди. У каттагина эди. Чор атрофга кўрпачалар ёзиб қўйилган, бурчакларда ёстиқлар бир-бирининг устига тахлоғлик эди. Жувон хонанинг ўртасидаги хонтахта устига дастурхон ёзди. Ҳамманинг ўтиришини кутиб туриб, ўзи ҳам чўккалади-да, қўлларини фотиҳага ёзди.
— Хуш келибсизлар, меҳмонлар! — деди у ва ўрнидан турди. — Бир пас ўзинглар ўтириб туринглар. Мен ҳозир!
У қўлларини кўкрагига қўйганича орқаси билан чиқиб кетди.
Унга қараб турган Умид, ўзини тийиб туролмади. Хотинига ўгирилиб сўради:
— Сиз ҳам шундай орқангиз билан юраоласизми?
Хотини Сурайёхон, бировдан гап қарз оладиганлардан эмас эди, шартта узиб олди:
— Шунақа катта уй олинг, кейин синаб кўрасиз!
Беихтиёр кулги кўтарилди. Ҳаммамиз Умиднинг хотини, иккита боласи билан бир хоналик секцияда анчадан бери қийналиб яшаб келаётганини билардик.
— Толибжон маладец, ҳа, уйни боплабди. Катта қилиб юборибди, азамат!
Ҳаммамиз чиндан ҳам шифтлари баланд, деразалари кенг иморатни ҳавас билан томоша қилабошладик. Аммо ҳали битмаган, қорасувоқда эди.
Анчагача жувон йўқ бўлиб кетди. Беихтиёр деразадан ҳовлига қарадим. Ҳовлида ҳам у йўқ эди.
Бир маҳал у қўлида катта мис баркаш кўтариб кирди. Четларига гир айлантириб, жайдари ундан ёпилган қип-қизил семиз тандир нони териб чиқилган, баркаш ўрик, олма, узум билан тўла эди. Жувон баркашнй хонтахтанинг ўртасига қўйиб, олдидаги нонни ушатди.
— Қани, ўзинглар ушатинглар. Кеча опам ёпиб кетганлар. Ичида пиёзлиги ҳам бор. Шафтоли олиб кирмадим. Уни тагида узиб еган яхши. Ҳали ҳовлига чиққанда шундай қиласизлар. Ё олиб келайми?
Биз ҳозиржавоблик билан ҳаммамиз баровар йўқ, де-дик. Ҳали ҳовлига тушганимизда еймиз, дедик.
— Бўлмаса шуларни эрмак қилиб туринглар. Мен ҳозир!..
Жувон яна эпчиллик билан ўрнидан туриб чиқиб кетди.
Шу заҳотиёқ у ўчоқ бошида пайдо бўлди. Кўп ўтмай қовурилган пиёз, гўшт ҳиди димоққа урилди. Мен беихтиёр ўша томонга қарадим. Аёл иккинчи қозон остига ҳам ўт ёқиб юборган эди.
Жувоннинг очиқ чеҳрасидан, кўрсатаётган илтифотидан эркаланиб кетиб, ўзимизни қўйиб юбордик. Аввал аёллар бир-бирлари билан шивирлашиб, ҳовлига тушишди. Жувон югуриб уларнинг олдига келди, нималарнидир гапириб кулдирди. Ҳаммалари қаёққадир ғойиб бўлишди, кейин уларни шоҳлари тиргович билан кўтариб қўйилган оқ зарғалдоқ шафтолиларнинг тагида кўрдик. Биз ҳам бир пас ҳангомалfшиб, ташқарига чиқдик.
Умид жувоннинг олдига, ўчоқ бошига борди.
— Ёрдамлашиб юборайми? Қўш қозонда нималар қилаяпсиз? Жуда катта ҳаракат қилиб юбордингиз-ку?!
— Ҳали ҳеч ҳаракат қилаётганим йўқ. Озиб-ёзиб келибсизлар, оёқларинг остида қўй сўйсам арзийди!..
— Хўжайинсиз ўтирганимиз қизиқ бўлаяпти.
— Келганингларни билиб, бошлари кўкка етади у кишининг. Қани овқатни сузаман. Юринглар!
Жувон гапиртиргани қўймай бизни яна ичкарига бошлади.
— Чақириб қолишган бўлса керак-да хўжайинни? Оти нима, Толибжонмиди? — дедим Умидга.
— Шунақага ўхшайди. Колхознинг жонига аро кирган йигит-да! Қўли гуллиги уйидан ҳам билиниб турибди.
Мен унга қўшилдим. Умиднинг ўртоғига хотиндан ҳам буюрган экан. Унинг ҳам қўли гуллиги шундай, ҳар бир ҳаракатидан сезилиб турарди.
Жувон иккита чукур лаганда селлик, серпиёз курка гўштини олиб келди.
Умид иштаҳа очадиган гўзал овқатни кўриб ўзини тутолмади.
— Келин бу, Толибжоннинг яшириб қўйган дориларидан борми?
— Вой эсим қурсин! Ҳозир!
Жувон зум ўтмай ароқ, коньяк тўла шишаларни кўтариб кирди.
— Марҳамат. Боя эсимга келмаганини қаранг! Олинглар! Овқат совумасин. Мен ҳозир!..
У шошиб чиқиб кетди. Кўп ўтмай мен уни яна ўчоқ бошида кўрдим.
«Хўжайинининг йўқлигини ҳисобга олмаганда ҳаммамиз хурсанд эдик. Аёлнинг меҳмондўстлигидан ва кўнглимизни олганидан Умид ҳаммамиздан кўпроқ хурсанд эди. Икки гапнинг бирида Толибжонни, унинг ажойиб уста эканлигини мақтар, шундай одамнинг шу жувондан бошқа хотини бўлмаслигини, иккаловлари худди узукка тушган кўздек эканларини қайта-қайта такрорларди.
Ўша куни қандай кеч кирганини билмай қолдик. Аёлларнинг эсига уйда қолган болалари, бизнинг эсимизга эса эртага қиладиган ишларимиз тушди.
Аёлнинг қисташига қарамай тўйдагидек ажойиб ошдан сўнг, ўрнимиздан турдик.
— Бу ҳисобмас, бошқа келасизлар, — деди аёл фотиҳадан сўнг. — Шошиб қолдим…
— Ийя! — ҳайрон бўлди Умид. — Толибжон айтмовдиларми?
Аёл хайрон бўлиб бошини кўтарди.
— Толибжон? Қайси Толибжон?
Ҳаммамиз ялт этиб Умидга қарадик. У кўзларини катта очиб, аёлга тикилиб қолган эди.
— Авто… автомобилчи Толибжон-да? —сўради ниҳоят.
— Вой! Толибжон Хайдаровми? Завгаримиз? — аёл дарҳол жавоб берди. – У киши икки кўча нарида туради.
— Шуни нега боя айтмадингиз? — жиндек зарда ва ўкинч билан сўради Умид.
— Вой меҳмондан азиз одам бор эканми? Омон бўлганларида, ўн чандон яхши кутардилар. Ҳали ҳам келганларингдан руҳлари шод бўлади, биламан.
Умид ҳаммамизни ўтиришга таклиф қилди. Шивирлаб тиловот қилди. Кўчага чиққанимизда аёлнинг исмини сўради.
— Умида, — деди аёл.
— Адаш эканмиз. Ака-сингил бўлдик энди, Умидахон. Бизникига албатта борасиз. Ўзимиз Сурайё билан келиб олиб кетамиз.
Аёл бошини эгиб жилмайди.
Ҳаммамиз у билан ҳам уялиб, ҳам ғурурланиб хайрлашдик.
Катта йўлга чиққанимизда, Умид машинасини тўхтатиб, тушди-да, менинг машинам олдига, аёллар билан маслаҳат қилгани келди.
— Бўлар иш бўлди. Мени кечиринглар. Ўн минутга бўлса ҳам Толибжон завгарникига кириб кетайлик. Мендан кўнгли қолмасин.
Аёллар розилик беришди. Автомобилчи Толибжон ҳеч қаёққа чиқмай эрталабдан бери бизни кутиб ўтирган экан. Янгидан меҳмондорчилик бошланди. Ҳеч ким овқатга қарамади, ҳамма бири олиб, бири кўйиб, умрларида биринчи марта кўрган бегона аёлнинг меҳмондўстлигини гапирарди.
Умида ҳаммамизнинг энг якин одамимиз бўлиб кетган. Тез-тез учрашиб турамиз. Умид хотини билан уни узатишни ўйлаб кўп ҳаракат қилди, аммо Умида кўнмади. Битта қизи бор. Биз меҳмонга борганимизда у лагерда эди. Ҳозир университетни битираяпти. Бизнинг ёрдамимиз шу бўлди. Умиданинг фикри-зикри шу ҳақида, унинг келажагида. Қиз худди онасининг ўзи, ҳаракатлари, қарашлари, зеҳни ва ақли билан биз бундан йигирма йил бурун кўрган жувонни эслатади.
1992 йил