Обиджон аканинг олтмиш йиллигига атаб берилган зиёфат кутилгандан ҳам яхши ўтди. Аввало айтилган одамларнинг ҳаммаси келди. Буюрилган овқатлар ҳаммага манзур бўлди. Машшоқларнинг иккала тўпи ҳам кеча охиригача хизмат қилди. Мақтовлар-чи! Обиджон аканинг ўзи шаънига айтилган гаплардан қувониб, ғурурланиб ўтирди. Зиёфатга ажойиб жой танланганини айтмайсизми? Анҳор лабига тушган пешайвонли чойхона оромижон жой экан. Бунинг устига совға-саломлар ҳам зиёфатга яраша бўлди. Кўпчилик конверт тутқазди. Сўнг Обиджон ака хотини Зайнабхон жлан ярим кечагача шу конвертларни очиб, кўришди. Ўн минг сўмлик конверт чиқмади, ҳисоб. Кўпчилик қирқ-эллик мингдан солибди. Ҳаммаси тағин таҳи бузилмаган беш минг, ўн минглик қоғозлар.
Зайнабхон олишнинг бермоғи ҳам бор, деган мулоҳаза билан эринмасдан бир дафтар тутиб, ҳаммасини ёзиб чиқди. Икки ярим миллионга яқин пул йиғилибди. Гап пулда эмас, совғаларда эмас, одамларнинг уларга бўлган муносабати, ҳурматида эди. Эр-хотин бошлари тоғдек кўтарилди, турли ўйларга бориб, иккиланиб берган зиёфатларидан хурсанд бўлишди. Обиджон ака куёвларини ҳам мақтади!
— Барака топишсин куёвларим! Ҳаммаси чопиб-чопиб хизмат қилишди, — деди у гап орасида йирик қўллари билан кўкрагини силаб, — Содиқжон ҳам, Ҳафиз ҳам тиним билишмади.
— Илгаридан улар шунақа, — Зайнабхон эрига бошқача меҳр билан қараб қўйди. — Иннайкейин сиз ҳар куни олтмишга қирармидингиз?
— Барибир барака топишсин. Ўзимга келиб олай, бир иккаловини қизларинг билан чақираман, ўтиришамиз. Нима дединг?
— Нима десангиз шу.
Зайнабхон пулларни қийиққа ўраб, эрининг ёстиғи тагига қўйди.
— Нима қиляпсан?
— Менда турса, ишлатиб қўяман, — кулди Зайнабхон.
— Ишлатавер. Сеники шу пул, — Обиджон ака тугунни қайтариб, хотинини юзидан ўпиб қўйди. — Айтгандай, ўғлинг, Санжар кўринмай қолдими?
— Вой уям роса хизмат қилди. Эътибор бермагансиз-да. — Зайнабхон шундай деди-ю, хавотирга тушиб ўрнидан турди.
— Қаёққа?
— Қараб қўяй. Ётган бўлса керак, ҳойнаҳой!
— Уйғотиб юборма тағин!
Зайнабхон ётоқхонадан чиқиб, залга ўтди, ундан ўғлининг хонасига кирди. Қоронғу бўлганидан ўғлининг бор-йўғлигини билолмади. Тимирсикилаб юришга ботинмай, чироқни ёқди. Кроват бўм-бўш эди. Зайнабхон эзилиб кетди. Аввало эрига ҳозир у ёлғон гапирди. Қолаверса, шундай муборак кунда Санжар номигагина хизмат қилиб, кейин ғойиб бўлиб қолди. Нега бу бола бунақа чиқди? Ундан қўрқмайди, ваъдасида турмайди. Айтсаммикан ота-сига? Йўғ-е, шундай кунда-я?
Обиджон ака уйғоқ эди.
— Ётибди эканми? — сўради у.
Нима десин?
— Ётибди. Сиз ҳам ухланг, — Зайнабхон эри томонга қарашга уялиб, ўрнига чўзила қолди.
— Энди уйқу келармиди? Ҳали замон тонг ҳам отиб қолади. Кундузи ухларман. Эртага ишга бормасам ҳам бўлар? Ҳарҳолда юбилярман-ку.
Обиджон ака кулди. Зайнабхон ҳам жилмайди. Аммо хаёли яна ўғлига қочди: «Қаёқда юрганийкин?» У ҳам эрига ўхшаб энди ухлолмаслигини биларди. Ҳозиргина ундан бахтли, ундан тинч одам йўқ эди. Ўғлининг қайтмаганини кўриб, ҳаловати йўқолди. «Ёлғиз ўғил — эрка ўғил». Зайнабхон ким шундай деганлигини эслашга уринди, аммо тополмади. Ким айтган бўлса ҳам тўғри айтган экан. Зайнабхон ўттиз беш ёшида Санжарни кўрди. Шунга ўн тўққиз йил бўпти. Иккала қиз институтни битиришди, турмуш қуриб, ота-она қанотлари остидан учиб чиқиб кетишди. Зайнабхон иккаловидан кўнгли тўқ. Иккаловининг яхши уйи, иккитадан бо-ласи бор. Катта куёвининг тагида машина. Кичиги ҳам ундан қолишмайди. Бунинг устига иккалови ҳам Обиджон ака айтгандек, меҳр-оқибатли чиқишди. Тез-тез хабар олиб туришади. Шундан бўлса керак, ўғилни арзанда қила бошлашди. Айб ўзларида. Нима ейман, нима кияман деса, муҳайё. Ёлғондан йўталса ҳам доктор чақиришади, кечаси билан тепасида мижжа қоқмай ўтириб чиқишади. Афтидан, Санжар уйда кимлигини жуда тез англаб олди. Зайнабхон у отаси билан гаплашаётганида, ўғлининг кўзларида киноя, аниқроқ қилиб айтганда, беҳурматлик пайдо бўлганини сезиб қолди. Биринчи марта пайқаганида юраги бир «шув» этиб кетди. Кейин яхшироқ қаради. Кузатишлари тўғри чиқди. Ота-она орзуси, ниятлари уни мутлақо қизиқтирмай қўйган, зарурат, одоб нуқтаи-назаридангина буларга қулоқ солар эди шекилли.
Эри ранжимаслиги учун Зайнабхон бу кузатишларини унга айтмади, ичига солди. Кейин ўзини овутди, ўғлидаги ўзгаришни ёшликнинг ўткинчи аломатлари, деб ҳисоблади. Аммо кеч келиб бировларникида ётиб қола бошлагач, қаттиқ тергашга ўтди. Санжар ваъда берди-ю, аммо ваъдасининг устидан чиқмади. Энди жиддийроқ гаплашиш керак шекилли. У шуларни дилига тугиб, кўзларини юмди. Аммо қани уйку келса. Шундай бўлса ҳам ўзини зўрлаб, анчагача кўзларини очмади. Бошини кўтарганда, тонг ота бошлаган, ёнида эри ширин ухлаб ётарди.
Зайнабхон оёқ учида залга ўтиб, яна ўғлининг хонасига кирди. Ўғлининг кўрпа-ёстиғи кеча кандай тахланган бўлса, шундай турарди. Зайнабхон тутоқиб кетди. «Шундоғ кунда кўчада юрадими одам?» Ҳозир агар Санжар олдида бўлгани-да, юз-кўзи аралаш шапалоқ тортиб юборарди. «Ё опалариникидамикан?» Зайнабхон залга чиқиб, осма соатга қаради. Энди олти бўлаётган эди. Қизлари ҳали ётишган бўлишса керак, ҳозир безовта қилмагани маъқул. «Тентак бола! Эрка бўлмай кетгур! Қаёқларда юради?» Зайнабхон эрини уйғотиб юбормаслик учун ётоқхонага қайтиб кирмади. Ҳовлига тушиб, ўчоқбошига борди. Газ плита устига тунука чойнакни қўйиб олов ёқди. Зиёфатдан ортган нарсалар иккита тоғорада турарди. Очиб кўрди. Кичик куёви қаердандир ёптириб келган тандир сомсага кеча дили кетган, лекин еёлмаган эди. Шундан биттасини олиб тишлади, аммо чайнолмади. Санжар эсига тушиб, иштаҳаси ҳам бўғилди. Залга кўтарилиб, қизларига телефон қила бошлади.
— Шарифа? — Бу кичкина қизи эди. — Уйғотвордимми? Яхши етиб бордингларми? Болалар тинч эканми? Содиқжон роса чарчагандир? Тинчлик. Ҳа, аданг ётиптила. — Зайнабхон қизининг саволига жавоб бераркан, беихтиёр, ётоқхонага қараб қўйди. — Уканг мабодо сеникидамасми? Йўқ? Зарипаникидадир-да? Майли, ёт. Келганда тилпон қиларман.
Катта қизи Зарифа ҳам онасини эшитиб, юпатишга ўтди:
— Кўп эзилаверманг. Санжар катта йигит. Ўртоқлари бирин-кетин уйланишвотти, битта-яримтасиникида ётиб қолгандир? Ҳафиз акамларга айтаман, ҳали турганларида суриштириб берадилар.
Зайнабхон эътироз билдирди.
— Қўй, ҳозирча кераймас. Кечгача келмаса, унда тилпон қиларман.
У яна ўчоқбошига ўтди. Кундузи маҳалладаги эркаклар чиқиб қолиши, институтдан битта-яримта келиб қолиши мумкин. Ҳамма нарса бўлса ҳам иссиқ овқат қилиб қўйгани яхши. Зайнабхон шундай ўй билан музхонадан уч-тўрт бўлак серсуяк гўшт ажратиб олиб, қозонга солди. Тўлдириб сув қуйди-да, қайнаб чиқишини кута бошлади. Беихтиёр ҳаёли яна ўғлига қочди. Ўзини чалғитиш ниятида кечаги зиёфатни, совға-саломларни эслашга уринди, аммо дилидан барибир ўғли кўтарилмади. Бирон машина уриб юбориб, зим-зиё кўчада қонга беланиб ётган, бир ёмон одамлар билан ёқалашиб, милицияга тушган бўлса-чи? Милицияга тушсаям ишқилиб омон бўлсин. Сув биқирлаб қайнаб, қозондан тошиб чиқди. Зайнабхон оловни пасайтириб, тухумдек иккита пиёзни тўғраб қозонга солди-да, тувоқни ёпди. Ошхонадан чиққанда, кимдир кўча эшикни қоққандек бўлди. Зайнабхон беихтиёр «ҳозир!» деб юборди ва югуриб бориб эшикни очди. Тавба, ҳеч ким йўқ эди. Эшикни қия ёпди-да, уйга кўтарилди. Залга кирганида, ётоқхонадан эрининг хурраги эшитилиб, кўнгли бироз ёзилди. Яхши ҳам эри бор. Бўлмаса юраги тарс ёрилиб кетмармиди. Ишқилиб умри узоқ бўлсин, тоғдек бўлиб уни суяб, ҳеч нарсада қийинчилик сездирмай келяпти. Баъзи-баъзида юрагим деб қолса, Зайнабхон ўзининг юрагини ҳовучлайди, хавотирга тушиб кетади. Кошкийди эри тургунча Санжар ҳам келиб қолса! Кечқурун уйда, ётибди, деб алдади. Энди сўраса нима дейди? Ўқишга кетди, дейдими? Ёш бола йиғлайди, катта бола тиғлайди, деб бекорга айтишмаган экан. Йиғласа, юпатасан, мана бундай юрагингни тиғлаб турса, нима қиласан? Зайнабхон оёқ учида ётоқхона олдига бориб, ичкарига қаради, эри чалқанча ётиб тинч ухларди. Эшикни оҳиста ёпди-да, нима қилишини ўйлаб, яна ҳовлига тушди. Озгина савзи тўғрайди. Ҳеч қандай суюқ овқат ошнинг ўрнини босмайди.
Зайиабхон ошхона олдидаги ўрадан бир тоғорача савзи олди, кейин шошмасдан арчиб, тўғрай бошлади. Яхши ҳам шундай қилган экан, эрининг маҳалладаги ошналари бирин-кетин кириб келишди. Ҳаммалари уй кийимида, биров калиш судраган, биров туркларнинг латта ковушини илган… Бирровга чиққан одамлар кечгача ўтиришди. Зайнабхон уларнинг чиққанидан хурсанд бўлди. Эри улар кетгунча ўғлини сўрамади. Ҳамма тарқаганда ўзи ўғлининг хонасига бориб келди-ю, аммо гап очмади. Зайнабхон юраги ғурмишлаб, катта қизига телефон қила бошлади. Зарифанинг эри ҳали ҳам қайтмабди.
Зайнабхон уйнинг ичида қиладиган иши йўқ эди, ноилож ҳовлига тушди. Эрининг ўзи уни тинчита бошлади.
— Хуноб бўлаверма. Кап-катта йигит. Ўртоқлари билан юргандир!
Зайнабхон хавотир олаётганини энди яширмади:
— Кейинги пайтлар сал ўйинқароқбўб кетди.
— Ҳечқиси йўқ, ёшлик-шўхлик. Ўзини тийиб олади. Фақат ҳадеб тергайвериш керак эмас, уйдан бездириб қўямиз.
Зайнабхон бугун ўғлининг уйда тунамаганини айтмоқчи бўлди-ю, ўзини тийиб қолди. Бўлар иш бўлди, юракларини қисиб нима қилдим, деди.
Салқин тушди. Эр-хотин кўтарилиб, телевизор қўйишди. «Твин Пикс» америка фильмининг навбатдаги сериясини кўра бошлашди. Фильм ярмига борганда, эрини уйқу боса бошлади. Зайнабхон қистади:
— Кеп қолар… сиз ёта қолинг.
Аммо Санжар келмади. Ярим кечада телефон жиринглади. Эрини аяб, ухлаётгандек бўлиб ётган Зайнабхон шошиб ўрнидан турди. Обиджон ака ҳам уйғоқ экан, бошини кўтарди.
— Ман оламан! — Зайнабхон югуриб залга чиқди.
У катта куёви Ҳафиз бўлса керак, деб ўйлади. Кечқурун телефон қилмади, балки ҳозир бирон гап топгандир? Зайнабхоннинг юраги бирдан ўйнаб кетди. Яхши хабар бўлса, ярим кечада телефон қилмасди. Зайнабхон беихтиёр осма соатга қаради. Иккидан қирқ минут ўтибди. Ишқилиб тинчлик бўлсин. Телефонда бегона одам овози эшитилди:
— Бемаҳалда телпон қилганим учун узр…
— Ким бу?! Қаёққа тилпон қиляпсиз? — шошиб сўради Зайнабхон.
— Обид акани чақирворинг.
— Нима ишингиз бор эди? Кимсиз? — яна сўради бўшашиб Зайнабхон.
— Кимлигимни аҳамияти йўқ. Эрингизни чақиринг!
Бу гал нотаниш одам дағалроқ гапирди. Зайнабхон нохуш воқеа юз берганини ва бу воқеа ўғлига тааллуқли эканини дарров пайқади. «Ўзи омон бўлсин ишқилиб!» дилидан ўтказди ва эрини чақирди.
— Обид ака! Сизни сўрашяпти!
Эри аллақачон унинг ёнига келган, нима гаплигини сабрсизлик билан кутиб турган эди. Шошиб трубкани олди.
— Эшитаман! Ким?
— Бизни танимайсиз. Биз ўғлингизни танишларимиз, — бўғиқ овоз билан гапираётган одам хириллаб кулгандек туюлди. — Мўлтираб эшикка тикилиб ўтирибсизларми эр-хотин?..
Обиджон ака бўшашиб кетди.
— Санжар?! Нима бўлди унга?!
— Ўғлингиз отдай. Мана, рўпарамда ўтирибди. — У яна хириллаб кулгандек бўлди. Обиджон ака трубкани қулоғига маҳкамроқ босди. — Фақат… Бир оёғига занжир солиб, столга боғлаб қўйибмиз. Қочиб кетмасин деб.
— Нега? Нега боғлаб қўйибсизлар? Нима қилди у? Телефонни унга беринг. Талаб қиламан!
— Ўзингизни босинг, ака. Талаб қиладиган ҳозир биз! Овоз бирдан тиниб қолди.
— Гапиринг! Нега жимиб қолдингиз? Санжар! Ўғлим!
— Нима гап ўзи, Обид ака? — эрининг қўлига ёпишиб сўради Зайнабхон.
Эри жавоб бермади.
— Гапиринг! Нега жимсиз? — қичқирди у трубкага ва бутун вужуди қулоқ бўлиб унга ёпишди. Бир неча дақиқа ўтгач, нимадир тарақлади-да, хирилдоқ овоз пайдо бўлди.
— Кечирасиз. Гапирасанми, десам, ўғлингизни гаплашгиси йўқ сизлар билан.
— Нега? — ҳайрон бўлди Обиджон ака.
— Гап бундоғ, ака! — хирилдоқ овоз чуқур нафас олди. — Ўғлингиз ютқазиб қўйди. Агар у сизга керак бўлса, саккиз милён опкелиб берасиз. Бўлмаса ўлигини Бўздан топасиз.
— Нима?! — Обиджон ака беихтиёр шундай деб юборди. Аслида ҳирилдоқ овоз эгасининг нима деганини яхши
эшитди, тушунди. Аммо оғзидан шу саволдан бўлак ҳеч нарса чиқмади.
— Тушундингизми? — қайтарди хирилдоқ овоз. — Қайтарайми?
— Йўқ, йўқ, тушундим, — деди Обиджон ака, ўғлини нима қилишлари мумкинлигини яна бир бор эшитишдан қўрқиб. Овоз эгасининг қандай одамлигини билмаса ҳам гап оҳангидан дангалчилигига ишонди. — Қачон?
— Кечаси ўнда.
— Бугунми?
— Шундоғ. Бугун кечаси ўнда.
— Бунча пулни шу вақтда…
Ҳирилдоқ овоз уни бўлди.
— Ока! Бошқа шаҳарлардан келган биродарлар бор, шошиб туришибди. Шуям пул бўлдими ҳозир? Йўқ бўлса, қарз-қурз қилинг. Қаерга келишингизни эшитволинг. Эшитвотсизми?
— Эшитаман.
Обиджон ака телефон ёнида турган қаламни қўлига олиб, хотинига ишора қилди. Зайнабхон дарров дафтар олиб келиб узатди.
— Миробод бозорини биласиз, — тушунтира бошлади хирилдоқ овоз. — Вокзалга қараган дарвозани ёнида сувратхона бор. Шуни орқаси яланглик. Шўтта турасиз. Ропа-роса ўнда. Ўзимиз олдийизга келамиз. Окажон, тағин мелиса-пелиса қилиб ўтирманг. Органга айтадиган бўлсангиз, ё биронта одамни бошлаб келсангиз, пулданам ажрийсиз, ўғлизданам. Келишдикми?
Обиджон ака бошини қимирлатди.
— Яхши.
— Яшанг!
Обиджон ака бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, улгурмади, хирилдоқ овоз эгаси трубкани қўйиб қўйди.
Зайнабхон деворга суяниб дағ-дағ титрарди. У чала-чулпа бўлса ҳам қандай фалокат юз берганини англаган эди.
— Эшитдинг-а? — деди Обиджон ака.
Зайнабхон бўшашганича бошини эгди. Шунча пул албатта уларда йўқ эди. Нари борса уч миллион чиқиши мумкин. Қолганини қаердан топишади. Обиджон аканинг эсига машиналари келди. Бир-икки жойи урилган бўлса ҳам беш йил бурун олган «Москвич»лари бор. Мотори соатдек ишлайди, баллонлари ҳам ўзиники, ҳеч қаеридан ёғ, сув оқмайди. Бозордаги паттачи ўртоғи бир-икки оғиз солган эди. Ўшандан қарз олсинмикин? Машинани, майли, истаган пайти олиб кетсин. Эрининг хаёли нималарга кетганини сезиб, Зайнабхон таклиф қилди:
— Қизларни чақирайми?
— Айтамизми?
— Вой айтмай бўладими? Ҳафиз, Содиқжонлар қидириб юришибди-ку Санжарни. Кейин иккаловларидан шунча пул чиқиб қолар?
— Майли.
Зайнабхон телефонга ёпишди.
— Йўқ, тўхта, — Обиджон ака унинг қўлидан ушлади. — Тонг отсин. Ўғлинг тирик. Шундан хурсанд бўлишимиз керак. Бу бир. Иккиламчи, кетини ўйлаб иш қилишимиз керак. Пул масаласига келсак… кечаги конвертларикки ярим миллионмиди? Демак, чўнтакларни қоқиштирсак, уч миллион ўзимиздан чиқади. Яна беш миляион топиш керак. Бунча куёвларда йўкдир, сўраб уялтирмайлик. Рауфхўжага машинани сотамиз. Нима дединг?
— Ўзингиз биласиз. Ишқилиб, алдашмасмикин?
Обиджон ака гапни тушунди.
— Уларга пул керак. Ўғлингни нима қилишади? Зиёфат пайти кўринмай қолувди, қимор ўйнагани кетган экан-да касофат… Қимор ҳам кўкноридек гап. Вақтида ўйнамаса хумори тутади.
Зайнабхон кеча эрини алдаганидан, бугун эса ўғли эмас, ўзи гаров тушгандек уялиб, бошини эгганича ўтирарди. Тонг ёришгунча у шундай ўтирди. Эри ҳам ўрнидан турмади. Иккаласини-да нохуш ўйлар ўз гирдобига тортиб кетган эди.
…Пешингача пулнинг ҳаммаси жамланди. Ўзларида бори тахмин қилганларидек, уч миллион чиқди. Қолганини иккала куёв кечгача топиб келамиз, деса ҳам Обиджон ака кўнмади. Рауфхўжаники накд, деди. Чиндан ҳам ўйлагандек чиқди. Рауфхўжа у оғиз очиши билан ичкари уйга кириб кетиб, бирпасда қийиққа беш миллион ўраб чиқди. Фақат, ҳаммаси майда, ёғ босган, ғижим пул эди. Уйда қизлари милицияга хабар бериш ҳақида бир-икки оғиз очиб кўришди, лекин Обиджон ака розилик бермади. Гап ўғлининг ҳаёти устида кетяпти, қиморбозлардан ҳар нарса кутса бўлади. Милиция борлигини билиб қолишса, Санжарни соғ қўйишмайди! Кичкина куёви бирга боришни, ё бориб бир чеккада туришни таклиф қилди. Обиджон ака бунга ҳам кўнмади. У анча тинчиган, эрталабкига қараганда хотиржам кўринарди. Катта қизи ош қилди. Обиджон ака ҳеч нарса бўлмагандек, иштаҳа билан еди.
— Ҳарҳолда, ада, бирга борай? — яна илтимос қилди овқатдан сўнг Содиқжон.
— Сизга далда бўларди, — қўшидди куёвига Зайнабхон.
— Тушунсаларинг-чи. Улар билан ўйнашиб бўлмайди. Ёнимда биронта одам борлигини сезишса, Худо кўрсатмасин, ўлдириб қўйишлари мумкин уни.
Ҳеч ким бошқа бу ҳакда оғиз очмади.
Соат тўққиздан чорак ўтганда, Обиджон ака ҳаммани йиғди, хотинига тиловат қилдириб, ўрнидан турди. Тўғри кабинетига бориб, ёзув столи тортмасида ётган чуст пичоғини қини билан олиб, шимининг чўнтагига солиб қўйди. Ҳарҳолда яхши одамлар олдига кетаётгани йўқ. Кейин ҳовлига тушди.
Катта куёви «Москвич»ни кўчага олиб чиқди.
— Машинани дарвоза олдига кўйинг, кўриниб туради, — маслахат берди Зайнабхон.
Обиджон ака индамай рулга ўтирди. Сумкани орқа ўриндиққа ташлади. Ҳар эҳтимолга қарши Зайнабхон эрининг тўнини сумка устига ёпди, шу билан гўё пулни беркитган бўлди.
…Бозор одди қоронғу, жимжит эди. Обиджон ака катта йўлдан тушиб, сувратхона эшиги оғзида машинасини тўхтатди. Бу ер ҳам қоронғу, фақат юз қадамча наридаги озиқ-овқат дўкони ичида чироқ милтиллаб турарди.
Обиджон ака машина соатига қаради. Ўн минут кам ўн бўлибди. Тушса, белгиланган жойга борса бўлади. Эшикни очиб, бир оёғини ерга қўйганда, ўйланиб қолди. Пулни олиб борадими, ё кўришганларидан кейин машинада берадими? Аввал кўришиш керак, Санжарни суриштириш керак, кейин нима дейишса, шундай қилади.
Шу қарор билан машинадан тушиб, эшикни қулфлади. Сувратхонани айланиб ўтиб, ялангликка чиқди. Рўпарада, эски уйлар ўрнида қад кўтараётган кўп қаватли бино қорайиб турарди. Атроф жим-жит. «Санаймиз, дейишса-я?» — хаёлидан ўтказди у ён-верига бир-бир қараб чиқиб… Унда машинага боришади, чироғи бор, санаш осон. Йўқ, санашмайди, шундай сумкани олишади-ю, жуфтакни ростлашади. Қўрқишади бу ерда санашга…
Обиджон ака соатйга қаради, аммо қанча тикилмасин, неча бўлганини кўролмади. Кўрганда нима фойда эди? Вақтида келди. Буёғи энди тонггача бўлса ҳам кутади. Бошқа иложи йўқ: «Санжар, Санжар. Нима қилиб қўйдинг, ўғлим?»
Обиджон ака бугунгача ўғлидан ўпкаламаган эди. Унинг ўйинқароқ, кўча одами бўлиб кетаётганини пайқаган, аммо бундай қалтис ишлар билан шуғулланади, деб ўйламаган эди. Қачон йўлдан тойди экан? Нега ота бўлиб у билолмай қолди?
Кимдир орқасида енгил йўталди.
— Келдингизми?
Ўгирилди. Ўзидан кичикроқ, қотмадан келган одам бир қадам нарида қорайиб турарди. Юз-кўзи кўринмади.
— Обкелдингизми? — сўради у. Телефонда бошқа одам гаплашган эди.
— Машинада, — деди Обиджон ака.
— Обкелинг!
— Санжар қани?
— Уйга қайтишингиз билан изингиздан кириб боради. Обиджон акага жавоб ёқмади. У шу ернинг ўзида ўғлини беришларини кутган эди. Демак, ундан чўчишди, пўлни олиб келмайди, деб ўйлашди. Нима қилиш керак? Бераверадими? Алдашса-чи? Санжар омонмикан ўзи? Ўлдириб юборган бўлишса-чи?
— Санжарни олиб келасизлар. Қани у? — деди у.
Йигит бошини ўгириб машина томонга қаради. Обиджон ака шунда пайқади, у юзига хотинларнинг пайпоғини тортиб олган эди.
— Машинада ким бор? — жавоб бермай сўради йигит.
Овози танишдек туюлди. Обиджон ака уни қаердадир эшитгандек бўлди. Балки студентдир? Ҳозир ҳеч нарсага ажабланмаса бўлади.
— Машинада ҳеч ким йўқ. Ёлғиз келганман. Сизлар ҳам ваъдаларингда туринглар-да!
— Пулни обкелинг. Санжар кетингиздан боради.
Обиджон ака пулни олиб келишдан бошқа иложи йўқ эди. Шундай қилди.
— Мана. Саккиз миллион.
Йигит сумкани олиб, индамай янги тушаётган иморат томон юра бошлади.
Шу тоб унинг калласида санчиқ турди.
— Тўхтанг! — у йигитнинг қўлидаги сумкага маҳкам ёпишиб олди.
Йигит тўхтади.
— Нима?
— Ишонмайман сизларга! Мен билан борасан! Шу пул сизларники! Лекин ўғлим уйга келгандан кейин бераман!
Билак ингичка, теша сопидек эди. Обиджон ака ҳайрон қолиб, қаттиқроқ қисди. Сумка ерга тўп этиб тушди. Йигит куч билан силтаниб қўлини бўшатди. Энгашиб сумкани кўтарди-да, бир сакраб ўзини четга олди. Обиджон ака унинг қочмоқчи эканини тушунди. Қочса, етиб ололмайди. Шу фикр хаёлидан ўтиб, «Тўхта!» — деб қичқирди, аммо йигит қулоқ солмади, янги тушаётган иморат томон қоча бошлади. Обиджон ака шундан чўчиган эди. Қочиб кетса, Санжарни соғ қўйишмайди. У йигитнинг кетидан югурди, йигирма қадамча босиб, етгандек бўлди, елкасига ёпишиб, тўхтатишга уринди. Йигит унга қараганда анча эпчил эди, фақат тез чопишга сумка халақит берарди. У силтаниб елкасини бўшатмоқчи бўлганида, нимадир чап биқинига санчилди, нафаси тиқилиб бўшашганича, чўккалай бошлади.
Обиджон ака қўлида пайдо бўлиб қолган пичоқни оёғи остига ташлаб, йигитга ёпишди. Унинг пичоқ уриш хаёлида йўқ эди, йигитнинг қочаётгани сабаб бўлдими, тутолмайман, деб чўчидими, қандай пичоқни олиб, биқинига бигиздек санчди — билмайди.
— Тўхта! — беихтиёр қичқирди у яна, шундагина йигитнинг чўккалаётганини кўрди, шошиб қўлтиғидан олди.
— Ада! — деди кутилмаганда йигит. — Улар ўзимни юборишган эди, ёлғиз келмайсиз, деб…
— Санжар?! Сенмисан, Санжар?! — қичқириб юборди Обиджон ака уни бағрига босганча.
— Ада… Кечиринг…
— Санжар! Ўғлим! Нима қилиб қўйдим ўзи?! — Обиджон ака эҳтиётлик билан ўғлини ётқизиб, ёнига чўккалади. — Санжар!..
— Ада! Кечиринг.
Унинг охирги илтижоси шу бўлди.
Фонарларни ёқиб, бир гуруҳ милиция ходимлари билан Содиқжон етиб келганда, у ўғлининг қонга беланган жасади устида ўтирарди.
— Санжардан ажраб қолдиқ, — деди у секин овозда… Ўзим, ўз қўлим билан ўлдириб қўйдим!..
Шундай деди-ю, юз берган фожиани энди тушуниб етди шекилли додлаб юборди:
— Санжар! Ўғлим! Ўғилгинам!
Унинг фарёдидан тун ларзага келди.
1994 йил