Профессор Мавлавий унга термулиб қолди. Нима учундир кўзойнагини олиб, шишаларини дастрўмолчаси билан артган бўлди ва қайтадан тақди. “Ҳм”, дея ўрнидан турди-да, хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
Афтидан у шогирдидан бундай такаллуфсизликни кутмаган, бу унга ўта ҳурматсизлик, шаккоклик бўлиб туюлган, энди эса унга муносиб жавоб беришга, жавоб берганда ҳам ўз мавқе-мартабасини ерга урмайдиган салмоқли, зарбали сўзлар топиб айтишга чоғланарди.
Нозим эса бош солиб ўтирар, ғишт қолипдан кўчган, фақат профессорнинг охирги гапини эшитиш қолганди унинг учун…
— Ҳм… — деди ниҳоят профессор дераза олдида тўхтаб, ташқарига кўз тикаркан. — Шунақа дегин.
* * *
Нозим ўрта мактабда аълочи ўқувчилардан ҳисобланса-да, ўқишни давом эттириш нияти йўқ эди. Гап шундаки, у ҳали ўн тўрт ёшли ўсмир экан, ота-онасидан жудо бўлди: улар довонда автоҳалокатга учрашди. Нозим икки бирдай норасида синглисига ҳам ота, ҳам она ўрнида қолиб, уларга бош-қош бўлиб келаётганди. Шу важдан то сингилларини ўқитиб, оёққа қўймагунча ўз орзу-ҳавасларидан тийилиб турмоқчи эди. Сингиллар кўнмади. Тошкентга кетасиз, ўқишга кирасиз, вассалом, деб туриб олишди.
Талабалик йиллари бўлажак ҳуқуқшунос кундузи ўқиб, кечалари вагондан кўмир туширди,машина ювиш билан машғул бўлди. Унинг содда ва ҳалоллигини билган ўша депарадагилардан бири ишониб енгил машинасини ижарага берди. Нозимнинг ишлари юришиб кетди. Ўзидан орттириб сингилларига пул жўнатиб турди. У дарсларни қолдирмас, бўш вақтини кутубхонада ўтказар, ҳар хил ўйин-кулгуларга кўнгил бермасди.
Орадан йиллар ўтиб, сингиллари ҳам ўзларини эплайдиган бўлиб қолишди. Ўшангача на курсдошлари, на домлалар Нозимнинг тунда нималар билан машғул бўлганини билишмади.
Ниҳоят, талабалик даври ортда қолди. Ким келажакда ким бўлиши тажрибали устозларга аён. Вазирлик ва бошқарма томонидан энг истеъдодли талабалар танлови ўтказиладиган бўлди. Нозим бу танловга қатнашмасликка ҳаракат қилди. Аммо бир ҳафта олдин танлов қатнашчиларининг рўйхати эълон қилинган, унда Нозимнинг ҳам исми-шарифи бор эди.
Танлов суҳбатлари бошланди. Қатнашчиларнинг аксари: “Мен олим бўлиб юртимга кўпроқ наф келтираман, фаннинг ривожига ўз ҳиссамни қўшаман”, каби расмий гаплардан нарига ўтмасди. Навбат Нозимга келди. Танлов раиси сўради:
— Нозимжон, сиз истеъдодли талабаларимиздансиз. Бошқа ниятларингиз бўлмаса, аспирантурада олиб қолсак, дегандик. Шароитингизни биламиз. Аммо, қирқига чидаган, қирқ бирига ҳам чидаши керак. Биз ҳам қараб турмай, ёрдам берамиз. Мана, муҳтарам Мавлавий домламиз сизга илмий раҳбар бўладилар…
— Ишончингиз учун раҳмат, лекин…
Мавлавий домлага кўзи тушдию, эътирозга чоғланган Нозим ўз-ўзидан “майли, розиман”, деб юборди. Сочлари қордек оқарган хушсуврат профессорнинг марҳаматли оталардек кулимсираб туриши уни сеҳрлаб қўйганди.
— Ҳа, бу бошқа гап, — деди раис жилмайиб, — сизга омад тилайман!..
— Фақат бир илтимосим бор, — деди Нозим профессор Мавлавий томонга бир қараб олиб, — агар мумкин бўлса…
— Айтинг.
— Аспирантурада сиртдан ўқисам. Ишлаб туриб, илмни тажриба билан қўшиб олиб борсам, дегандим.
— Раҳбарингиз рози бўлсалар, марҳамат?
— Мен розиман, — деди профессор ўзига ярашган майин жилмайиш билан.
— Демак, келишдик, — деди раислик қилувчи сўзини мухтасарлаб, — омадингизни берсин.
* * *
Нозимжон Андижонга қайтиб, ҳуқуқ маҳкамаларининг бирида иш бошлади. Биринчи галда сингилларини ўз хоҳишига қараб турмушга узатди. Ўзи эса собиқ курсдоши, хоразмлик Гулсара исмли қиз билан аҳдлашиб, тўй муддатини бир муддат орқага сурди.
Мавлавийдек катта домлани аспиранти бўлгандан кейин тез-тез Тошкентга бориб, қоралаган ишларини кўрсатиб маслаҳатларини олиб туриши керак. У ҳар гал Тошкентга борганда илмий раҳбари: “Ишни тезлаштир, муддатинг яқинлашмоқда”, деб шоштирар ва қўшимча топшириқлар бериб юборарди.
Гоҳида домланинг шахсий топшириқлари ҳам бўлиб турарди: “эртага қизимнинг туғилган куни, меҳмонлар келишади, Анжонда у-бу нарсалар арзонроқ, деб эшитаман…”. “Кеннойинг аёллар билан гап ейди, нариги ҳафтада унинг навбати, эсингдан чиқмасин…”
Нозим домланинг топшириқ ва шаъмаларига “Хўп бўлади!” дейишга дейдию, кейин боши қотади. Орият ўлимдан қаттиқ. Ваъда бердингми, устидан чиқ, йигитмисан айтганингдан кейин бажар-да! Нозимжон домланинг юмушларини қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам адо этиб юрар, оғринмасликка ҳаракат қиларди.
Бир сафар домла қўнғироққилиб, “Нозимжон, юқоридан комиссия бор, улар ҳали сенга ҳам кўп керак бўлади. Ўн кишилик чойхона харажатини, сув-пув, мева-чева деганларидай… олиб келсанг. Ўтиришда ўзинг ҳам бўласан. Улар билан танишиб олсанг ёмон бўлмайди”, деди.
Энди нима қилиш керак? Охири ўз тўйига деб атаб қўйган нарсаларини бозорга олиб чиқиб пуллади. Домла нимаики деган бўлса, ҳаммасини муҳайё этиб, Тошкентга учди.
Мавлавий домла Нозим олиб келган нарсаларни қабул қилиб олди ва уларни иккига ажратди. “Мана булар шу ерда қолсин, буларни ол-да, Қодирий боғига ғизилла, ошга уннаб тур, меҳмонларни ўзим бошлаб бораман”.
Ош дамланган вақтда домла пайдо бўлди.
— Қалай, тайёргарлик бўляптими, ичимлик камроқ кўринади, қизилидан яна иккита олиб кел, болам.
— Хўп бўлади, — деди Нозимжон руҳсизроқ оҳангда. Ахир Андижонга қайтишда йўл пули деб асраб қўйганини ҳам сарфлаб юборса… энди телефонини сотиб чипта олишга тўғри келади.
— Энди, Нозимжон ўғлим, сен ўзимникисан, меҳмонлар жуда нозик одамлар, сен уларга кўринмасанг ҳам бўлади. Ишларингни ўзим битираман. Улар шубҳа қилиб юришмасин.
Нозимжон илк марта оғринди. Индамай чойхонадан чиқиб кетди.
* * *
Мавлавий домла шаҳар марказида, каттагина ҳовлида яшайди.
Нозимжон бу ҳовлига навбатдаги келишида эшикни оппоқ юзли, нозик ва истаралигина қиз очди.
— Анжанданман, домла йўқлагандилар, — дедиНозимжон.
— Ойим билан тўйга кетгандилар, ҳадемай кеп қолишади, — деди қиз. Нозим шунда эътибор қилди: қизнинг бир қўли хиёл титраб турарди. “Бечора шундай чиройли қиз-а!”— дея ич-ичидан унга ачинди.
— Синглим, сиз кимлари бўласиз? — деди унга эргашиб ҳовлига кираркан.
— Қизлариман.
— Олдин ҳеч кўрмаганим учун сўрадим, кечирасиз.
— Ҳечқиси йўқ, — қиз синиқ кулимсиради, — ўтириб туринг, мен чой опкеламан.
— Ҳожатийўқ, келиб қолармиканлар?
— Хижолат бўлманг, ака, сиззи келишиззи айтган эдилар.
Қиз дастурхон ёзди.
— Синглим, мен домланинг аспиранти бўламан.
— Биламан, адамла сиззи жуда мақтайдила, бу йигит менинг келажагим дейдила… Исмим Нозима
— Хурсандман танишганимдан, мен Нозимжонман.
— Адаш эканмиз, — деди қиз жилмайиб…
Суҳбат қовушди. Нозима ўз нозик табиатига кўра кўпроқ мусиқа, асосан ғарб композиторлари асарлари хусусида гапирди. Нозимжон унча тиши ўтмаса-да, ўқиган, эшитганлари юзасидан муносабат билдириб турди.
Катта дарвоза очилиб, домла аёли билан кириб келди. Икки ёшнинг ёнма-ён, очилиб-сочилиб ўтирганларини кўрган чол-кампир бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.
— Келдингми, ўғлим? — деди Мавлавий домла шогирди билан кўришаркан, — Тўйларимиз шунақа, эрта тонгдан бошланиб, то кечгача давом этаверади. Яхши ўтирибсизларми? Акангни зериктириб қўймадингми, қизим?
— Ҳой қизим, — деди кампир норози оҳангда, — дастурхонингда ҳеч нарса йўқ-ку! Қани, дарров қозонга қараб юбор, бир чимдим ош дамла. Ахир меҳмонни ҳам шундай кутиб оладими?
Нозимнинг қаршилигига қарамай, профессор ҳам хотинини қувватлади.
— Шундай қил, қизим. Унгача биз аканг билан дафтарларни бир варақлайлик-чи, унда нима гаплар бор экан. Ўғлим, Нозимжон, ўтган сафар мендан хафа бўлмадингизми? Шунақа хонаси эди-да.
— Йўғ-е, мен тўғри тушундим…
Нозимжон Мавлавий домланинг биринчи маротаба яйраб, очилиб-сочилиб ўтирганини кўриши эди.
Домла қўлёзмаларга тез-тез кўз югуртирар экан, “бўлади, бўлади, бу ҳам бўлади, ўзим қарашиб юбораман”, деб қўярди. Бу кутилмаган такаллуфлар тагига етолмаган Нозимжон “раҳмат, миннатдорман”, деб бош ирғаб қўяр, аммо дилининг чеккасида мубҳам бир хаёллар ғимирлар, нега, нега деб сўроққа тутарди.
— Бўп қопти, энди буёғини тезлаштирсанг, бир-икки ой ичида ҳимояга қўйсак ҳам бўлади. Қўрқма, ўғлим, ўзим ёнингда бўламан, ҳимоянг яхши ўтишига кафилман.
— Раҳмат домла, ишонганим фақат сиз-да! — деди Нозимжон ўзи унчалик истамаган ҳолда.
— Қуллуғ, ўғлим, бундан кейин ҳеч тортинмай, ўз уйингга келгандай тўғри кириб келавер. Бизанинг ёшимизам бир жойга бориб қолди. Ҳовли-жойлар кимларга қолади? Илмда ҳам менинг соҳам бўйича сендан бошқа ҳеч ким йўқ. Сени менга Худо етказди. Мендан кейин ишимни сен давом эттирасан, Нозимжон болам.
— Миннатдорман, домла!
“Тавба, нима бу, омадми, ёки?..”
— Бир умр Худодан ўғил тилаб яшадим. Мана, қариганда бир қиз ато этди, шунга ҳам шукр. Кўряпсанми, у озгина ногирон, лекин турмуш қурса яхши бўп кетади. Мутахассисларнинг хулосаси шундай. Топган-тутганим шу қизимники деб яшаяпман, ўғлим!
Ошу обдан кейин улар яна анча гурунглашиб ўтиришди. Кечга яқин домланинг қистовига қарамай, Нозим вокзалга чиқиб кетди. Ана шу кундан бошлаб домла илмий давраларда Нозимжонни тилдан туширмай мақтар, уни ишонган шогирдларимдан бири дер эди.
Нозимжон домласининг бу қадар ўзгариб қолгани сабабини ҳар ҳолда англаб етди. Қизи ёлғиз, бунинг устига… Домлани тушунишга ҳаракат қилди: Қизини ишончли, синалган йигитга топширмоқчи. Лекин!..
Ҳа, унинг кўнглига оғир ботган нарса, домласи нега бу қадар очиқ-ошкора таклиф қиляпти? Шогирдининг хоҳиш-истаги билан ҳисоблашмаяпти ҳам. Қўли қисқа одамни бемалол ўз йўриғига солиш мумкин деб ўйлаяптими?!
Орадан бир ой ўтар-ўтмас домла телефонда Нозимжонни чақириб: “Ўғлим, бир келиб кет, ишинг ҳал бўлди, анча-мунча чаласини шу ерда бажаришингга тўғри келади”, деди…
Нозимжон яна домланинг ҳовлисида: қўлёзма қайта-қайта варақланмоқда. Ишни учга ажратишди: “бўлади, ишлаш керак, бўлмайди”. “Бу ёғини тезлатиш бизга, авторефератни чиқариш ва тарқатиш эса ҳимоячининг иши”.
— Энди ўғлим, буёғи тошканчилик, ейдиган-ичадиган, ётадиган-турадиган жойинг бор, фақат ишлаш, ишлаш керак, қизим ҳам ёрдамлашиб юборади.
Нозимнинг хаёлидан кечган ўйлар тўғри чиқмоқда. Домланинг нияти аниқ: Нозимни қўлдан чиқармаслик, қўл-оёғини боғлаб олиш!
— Домла, сизни анча овора қиладиганга ўхшайман.
— Ҳеч нарса эмас, ўғлим, ҳимоянгдан кейин шу ерда қоласан, мен қаридим, ишимни, бор бисотимни сенга топшираман. Истасанг, ҳовлини ҳам сенга хатлаб, икки қўллаб тутаман, — деди домла комил ишонч билан.
Нозим ҳал қилувчи дақиқалар келганини фаҳмлади. Ҳозир у икки йўлдан бирини танлаши керак. Хўш, нима қилсин? “Йўқ, домла, кечирасиз, мен Тошкентда қололмайман, ахир ота-онам чироғини ёқиб ўтиргувчи кимса йўқ!” десинми? Агар у шундай деб масалани кўндаланг қўйса, нималар бўлишини кўз олдига ҳам келтиролмас эди.
— Ҳимояни қайси кунга қўйсак экан, нима дейсан, ўғлим?
— Билмай қолдим, сингилларим билан бир маслаҳатлашиб, сўнгра айтсам бўлармикин, домла?
— Ҳимоядан кейинги дастурхонни назарда тутаётган бўлсанг, у ёғини ҳам пишириб қўйганман, барча харажатлар биздан.
— Йўқ, домла, ўзи шундоғам сиздан қарздорман. Тўйга аталган озгина жамғармам бор эди. Шуни сарф қиламан. Тўй кейинроқўтса ҳам бўлаверади.
— Қанақа тўй, Нозимжон?
— Ўзимники-да домла, ўзингиз бош бўласиз.
— У ёғи ҳам тайёр, тўйни аввал шу ерда, сўнгра қишлоғингда ўтказамиз.
Ниҳоят фурсат етди. Энди орқага суриб бўлмайди.
Нозим эртами-кечми кўпдан бошини ғовлатиб юрган сирни домлага билдириши керак эди. Охир мажбур бўлди.
— Домла, сизни тушундим. Очиғини айтсам, жуда яхши қизингиз бор, ақлли, камтарин. Қолаверса, сиздай меҳрибон, бағрикенг устоздан кўп яхшиликлар кўрдим. Лекин, таклифингизни қабул қилолмайман. Унаштирилган қизим бор.
— Нима, нима дединг?
— Ҳа шундай, келинингиз Хоразм қизи… Уни танийсиз, курсдошим Гулсара.
Профессор унга термулиб қолди, кўзойнагини олиб, дастрўмолчасига артган бўлди-да, қайтадан тақди. “Ҳм”, дея ўрнидан турди-да, хона бўйлаб юра бошлади.
Нозим бош солиб ўтирар, устидан чиқариладиган ҳукмни юрак ютиб кутарди.
— Ҳм, шунақа дегин…
Профессор унга эмас, деразадан ташқарига қараб деди.
— Демак, эшагинг сувдан ўтиб олди-да, а?
— Домла…
— Чучварани хом санабсан. Мен тирик эканман, ҳеч қачон ҳимоянг бўлмайди.
Нозим ҳайрат билан домласига тикилиб қолди: одам боласи бу қадар буқаламун бўлмаса?! Ҳозиргина меҳрибон ота эди. Энди ашаддий душман!
Нозим бир хаёли ўрнидан сапчиб туриб қўлёзмаларини бурдалаб ташламоқчи бўлди. Лекин, отаси тенги одамга бундай муносабатда бўлишни ўзига эп кўрмади.
Кўзини ердан олмаган ҳолда, чуқур хўрсинди-да:
— Домла сизни тушунаман, лекин мени ҳам тушунинг, илтимос. Иложим йўқ. Бебурд бўлишни, одамгарчиликдан чиқишни истамайман.
Нозим ўрнидан қўзғалди-да, эшикка йўл олди.
— Хайр, яхши қолинг…
Профессор бир зум анграйиб қолди-да, сўнгра шошилинч ҳовлига чиқди. Бироқ дарвоза олдида шаҳди сўниб, туриб қолди.
* * *
Нозимжон бир ҳафталар ўтиб, Тошкентдан телеграмма олди.
“Ўғлим, сени тушундим, келиб ҳимоянгни қилишинг мумкин. Мавлавий”.