Туну куни баробар бўлиб қолган Мулла Пирназарнинг анча вақтдан бери ким биландир мириқиб суҳбатлашгиси келиб юрувди. Буни қаранг, ана шу суҳбат ойда-йилда бир кўриниш берадиган тўнғичи — Қодирбойга насиб қилди. Вақт алламаҳал бўлиб, укалар уй-уйига тарқалишгач, ота-бола ёлғиз қолишди. Қодирбой ечиниб тўшакка чўзилишдан аввал:
— Ота, оёғингизни уқалаб қўяйми? — деди меҳри ийиб.
— Йўғ-ей, болам кеч бўлди, ухла, — деди отаси эснаб.
— Ўйқуям йўқ, сабил.
— Ташвишинг кўпми дейман, болам, келганингдан бери ёришмайсан?
— Ай, қўяверинг…
— Болаларингнинг қўлидан иш келадиган бўлиб қолгандир?
— Қайда!
— Эшитишимча, қизингнинг турмуши бузилганмиш.
— Ота!..
— Бувимини бўш қўйгансан-да! Болаларинг шапалакнусха. Боланинг меҳнатдан қочгани — худонинг ургани. Шу ерга олиб келиб, пойчасига уриб ишлат, меҳнат қилган кам бўлмайди. Бекорчидан худо безор. Мендан насиҳат шу. Боғдаги ҳамма дарахтлар ҳосилга кирган. Ўзинг эккан дарахтларни кўрсат. Ҳаммаларингга етади. Укаларингга бош бўлсанг бўлгани, ҳар ҳолда йўлгирроқсан. Уларга соя бўл. Ёмонга ёндашмасин, Мулла Пирназар деган отим бор-а!..
Мулла Пирназарнинг эсига муртини болта кесмайдиган даврлари тушди чоғи, чуқур уҳ тортди.
— Қишлоғимизда бир жигитлар бўларди — норғул, даванг, бизлар бола эдик. Шўролар қуритти ҳаммасини — бой деди, қамади, қулоқ деди, қамади, кўпи урушда йўқ бўп кетди. Бир пайтлар бу ер биёбон бўлган. Буваларимиз ер очиб, боғ яратган. Ҳозиргидай чироқ, газ, ўтин бўлмаган… Уйқинг келмаяптими? Ҳангамада-а! Бир кун ухламасак ухламапмиз-да!
— Гапираверинг, ота.
— Эсингдами? Эргаш бўтакўз, қора Шоввоз, Рамазон бува деганлар бўларди. Тилов тоғанг билан иккимиз қолдик.
— Ҳа, биламан, Ўсар тоғаям ўтибдилар.
— Чин дунёсига кетди. Ҳаммаси кетди.
— Аллоҳ раҳмат қилсин уларни!
— Қора Шоввоз фронт кўрмаган, мўлоқ эди. Бир кетишда шу қишлоқдан уч юз йигит кетганмиз. Шундан олти одам қайтган. Келганимизда Қора Шоввоз қамоқда экан. Икки йилча ўтирди-ёв. Эргаш бўтакўз урушдан ярадор бўлиб қайтган. Рамазон бир оёқдан айрилган. Қора Шоввоз уруш пайти хўжаликнинг сурувини боққан. Молнинг тилини яхши биларди. Учрашдик, дегунча Эргаш “Қоравой, уруш кўрмагансиз-да”, деб қичималик қиларди…
Мулла Пирназар анча тетиклашди. Ҳатто ёнбошига ағдарилиб, лўлаболишини буклаб, қўлтиқлаб ҳам олди. Бир ойдан бери ётоқчилаб қолган отанинг биринчи марта ўрнидан қўзғалиши эди. Қодирбой отасининг завқини бўлмаслик учун гап қўшмади.
— Бир куни Тиловнинг меҳмонхонасида ўтирсак, терлаб-пишиб Қора Шоввоз келиб қолди. Эргашнинг қичималиги тутди.
— Қоравой, асли исмингиз Нарзилла-а? Нимага қора дейишади, пронтга бормаганингиз учунми? — деди мийиғида кулиб. Қора ўдағайлаб кетди:
— Мақсадингни айт, бўтакўз! Хусуматинг нима? Пронтга бориб, қанча душманни ўлдирдинг, Тилов, сен айт, нештасини қирдинг? Ўнтадир, йигирматадир? — Қора Шоввоз оғзидан тупуги сачраб, пичоғини қинидан суғуриб, дастурхонга санчди.
— Айт, баччағар, менинг қилганларим сеникидан камми, кам десанг, шу хонадан омон чиқазмайман, потмакўзингни ўйиб оламан.
— Қоравой, қизишманг, қизишманг, — деди унинг ҳавойи дағдағасига кўникиб қолган Тилов бамайлихотир. Қолганлар ҳам бу ёғи нима бўлар экан, дегандек навбати билан бир кафт-бир кафт нос отиб, пинак бузмай, ўтираверишди.
— Айтсин, нимага ҳа деб мени илмоқчаси билан илади? — бўш келмади Қора.
Эргаш ҳамон ёнбошлаган кўйи мўйлабини силаб, яна пичинг отди:
— Бунча жириллайсан, ўзинг айт, нимани қойил қилдинг орқада қолиб?
— Айтайми?
— Айт, мана, халқ эшитсин.
— Бўлмаса, эшит. Сенлар пронтга кетдинглар. Мен Қоратовнинг орқасида бит босиб, сурув орасида қолдим.
— Бизлар фронтда кампўт шимидик, — деди Эргаш ёнбошлаб ётган ўрнидан илкис туриб. Унинг кечаю кундуз тақиб юрадиган доғ босган бир шода орден-медали жингирлаб кетди.
— Жинғирдағингни йиғиштир, эшит-да энди, қичима! — деди қора Шоввознинг ғаши келиб.
— Эшитайлик, Эргаш, эшитайлик.
— Сенлар кетдинглар, бир-иккита бувими бўшаган чолни айтмаса, қишлоқ эски гўрга ўхшаб ҳувиллаб қолди. Увадаси чиққан хотин-халаж, бола-чақа нон-ошсиз эртаю кеч чирқиллайди. Айт! Бирортасининг бурни қонадими? Шу пайтдаям кариллаганлар кариллаб юрди. “Брон” деди, бошқа деди. Пронтдан қолиб жувонбозлик қилганлар ҳам бўлди. Айт, энағар! Қоравойдан ўтиб, қишлоғингди хотинига биронтаси ишқалдими? Қоравойдан қўрқди. Бир оёғим қишлоқда, бир оёғим сурувнинг кетида. Эшакнинг тили бўлса, айтсин, қора терга ботиб, эчки соғиб, сут орттириб, етим-есирга ташидим. Ўлар чоғида энанг айтмадими, баччағар! Қишлоқдан кетган уч юз жўмарднинг ҳар биридан қорахат келганида, элнинг бошига қандай бало келди, деб товга чиқиб, отларингни тутиб, “Вой акамлаб” бўтадай бўзладим, товлар айтсин, энағар! Тилинг бор-ку бир қарич, сўра, нимага кўкайимни кесасан?! Пронт кўрганман, деб кериласан ҳамманг, шунча жўмардни қаерга ташлаб келдиларинг?!
— Бўлди, бўлди жўражон, бўлди, йиғлаб юбораман ҳозир, — деди Эргаш пасайиб. — Борингга шукур. Энам айтган, ҳаммасини йиғлаб-йиғлаб айтган. Бу бир гуринг-да, жўра, шундай қилмасам, айтмасдинг, ичингда қолиб кетарди ҳаммаси. Уруш бошимизга тушган бало бўлди. Фронтдан келганимизда икки йилга кесилганингниям биламиз.
— Яна, ҳамиятимга тегдинг, бўтакўз! Пистақи кўзларингни ўйиб оламан.
Қора Шоввоз дастурхонга қадалган пичоғига қўл чўзди.
— Қоравой, жўра, Эргашни биласиз-ку — қичима. Қичимаган жойни қашийди, — деди Рамазон ундан аввал пичоқни олиб кўрпачанинг остига тиқаркан.
— Қашиса, меникини қашимасин-да, сизлар ҳам унинг тарафини оласизлар! Рамазон, мен кўрганни кучук ҳам кўрмасин, жўра! Қамалишимнинг сабаби бор. Уруш охирлаб қолганди. Рамад чол раис эди. Чопар юбориб, битта қўчқор сўратди. Йўқ, демадим. Ҳозир кеч, эрталаб чўлиқ боладан бериб юбораман, дедим. Ҳафта ўтмай қўчқор сўрайди. Билмадим, бу энағар кимини қўчқорга қўяди. Хат қилиб бер, десам бермайди. Сўкади. Аямай шотирларига айтиб урдиради. Нима эмиш, катталар келармиш.
Бир куни чўлиқ боладан катта қўчқор бериб юбордим. Ўзимникини. Қош қорайгач, пойлаб раисникига бордим. Катталардан ҳеч ким йўқ. Уй тўла одам, ҳаммаси ўзининг ошналари. Тўғри бостириб кирдим. Мени кўриб, шошиб қолди. Ўтир ҳам демади. Икки қўлига тиралиб шундай турди. У қўлини мушт қилиб, ерга тираб, қаддини кўтариб кўрсатди. “Колхўзди молини кимга ташлаб келдинг, эшшак”, деди ўкириб. Меники ҳам қўзиди. “Қишлоққа бўрилар оралаган эмиш, еб тўймас эмиш, бир кўрай шуларни, деб келдим”, дедим.
— Қуй ановидан, деб ароқни кўрсатди миршаб болага. У қуйди, мен ичмадим. “Ич”, деди. Ичмадим. Атрофдагилар гиж-гижлади. Раис ароқни олиб, юзимга сепди. Бир-иккита миршаб бола мени босиб олиб, қўлимни қайириб боғлашди. Галалашиб урди. Эртасига сурувни тафтиш қилиб, еган қўйларини бўйнимга босиб, қаматиб юборди. Ўз элимга душман бўлдим. Энди билдингми, бўтакўз!..
Қодирбой отасининг ҳикоясини тинглаб ётиб “уҳ” тортиб юборди.
— Шундай одамлар ҳам бўлган, ўғлим. Қишлоқни ана шундай мард, элпарварлар обод қилади. Улар ўзини ўйламаган. Майли, бироз мизғийлик. Ҳа демай тонг отади.
Чол ёнбошлаган кўйи эгнига ёпинчиғини тортди. Неча кундан бери киприк қоқмай тўлғаниб чиқадиган отаси зум ўтмай боладай пишиллаб ухлаб қолди. Қодирбой эса анча вақт киприк қоқмай деразага қараб ётди. Осмоннинг туби оқара бошлаган эди.