Ер юзида Шўрариқ деган қишлоқ бино бўлгандан бери бу ерлик биронта одам Жўравойчалик севинмаган бўлса, эҳтимол…
Қишлоқ Қатронтоғ этагига ёйилган, ёнидан буралиббуралиб катта сой – Шўрариқ ўтади. Сойнинг бошланишида, ҳув тоғларнинг ичкарисида, анча бўлди, улкан сув омбори қуриляпти. Жўравой ўзининг ўн йиллик қадрдони – ағдарма машинаси билан карьерда ишлаб юрарди, тўғон қурилиши бошланганда буёққа юборишди. Кўринишидан элликлардан ўтган, аслида эса эндигина қирқни қоралаётган шу одам беш қишлоққа белгили!
У гузарга кам чиқади, лекин ҳар чиққанида тенгқурларининг кулгисига қолиб, бошқа қадам изи қилмасликка аҳд қилиб қўяди.
– Жўра, дўппининг жа-а антиқасини топгансан-да, гулсиз-у, ялтиллайди занғар, – деб кулишади улар.
Жўравой аввалига пинак бузмайди, қорайиб кетган дўпписини бошдан олиб, кафтига бир уради-да, қайта кияди. Одамлар бекор айтибди, дўппининг гули бор, мой босиб унча кўринмай қолган, холос. Бозордан сотиб олган йили туғилган қизчаси биринчи синфга қатнаяпти-ю, гули қоладими? Титилиб к.етмаганига шукур қилишса-чи. Йўқ, уларга текин кулги бўлса, сақич қилиб чайнаверишса…
– Ҳукумат ҳам зап матолар чиқаради-да! Ўзинг айт, Жўра, мана шу кителни шопирликка ўқиб юрганингда беришган, тўғрими? Хўб чидамли экан-да…
Даврада кимдир «билимдон»лик қила бошлайди:
– Гап матода эмас, – дейди у. – Нега сенинг кўйлагинг икки кунда пайтавага ҳам ярамай қолади? Чунки сен уни Жўравойга ўҳшаб яхшилаб саларкага шимдирмагансан. Бир синаб кўргин-а, йигирма йил киймасанг – мен кафил!
– Катта кетвординг ошнам. Уйимни тикаман, ўша сен айтган кўйлак ҳам Жўравойдан бошқасига дош бериб бўпти!
Гузарда бир зум қийқириқ ҳукмрон бўлади.
Жўравой кителини саляркага ботирмаган, саляркага ботирса пишиқ бўлишидан ҳам бехабар. Буни анавилар ўйлаб чиқарган. Қўйиб берсанг нималар дейишмайди? Бунақа учирма гапларни эшитганда авваллари жиззакилик қиларди, бора-бора қулоғи қимирламайдиган бўлиб кетди. Булари-ку, майли, чидаса бўлади, қишлоқда кимдир бир латифа тўқиб чиқарибдики, ҳеч демайдиган. Ҳамманинг оғзида дув-дув гап: «Жўравой ҳаммомга тушса, албатта газетага ёзиш керак, бунақа янгилик ҳар кун, ҳам бўлавермайди, – эмиш. – Бурноғи йил ҳайит эмас, майрам эмас, оддий кунларнинг бирида акамиз адашиб ҳаммомга кириб қоптилар. Катта ўғли икки соат тинмай отасининг баданини ишқалаб, энди бўлгандир, деб турса, бирдан… эски майканинг парчапурчалари кўриниб қолади-я! Бунақа майкалардан унинг баданида яна қанча бўлса…»
Бу гаплар орқаворатдан Жўравойнинг қулоғига ҳам чалиниб туради, лекин унинг энсаси қотади, холос. Лоф ҳам эви билан-да, ҳеч жаҳонда майканинг баданга сингиб кетганини одамзод эшитганми?!
Унинчи синфда ўқийдиган ўша ўғли қайсидир кун мактабдан кўзи қизариб келдию бир ҳафтагача қовоғидан қор ёғиб, соқов бўлиб юрди. Жўравой сабабини секин хотинидан сўраб билмоқчи эди, Сабоҳат ҳам зўрға турган экан, дарров боши эгилиб, лаби қимтиниб қолди. «Касрингизга болагинам ўртоқлари ичида ер билан битта бўлиб юрибди», демоқчи эди, айтмади. Айтолмади. «Садқаи гап кетсин!
Унинг ўрнига:
– Одамлар сиз тўғрингизда ёлғон-яшиқ гап қилишаётганда, Қосимжоним эшитиб қолибди, – деди-қўйди.
Жўравойнинг жаҳли чиқди: яна эски ғалва! Бари мотам шунгами ҳали? Ишдан кейин ўғлини ёнига ўтирғизиб, ўшқира кетди:
– Ҳар кимнинг гапига лаққа тушаверма, бола! Оғзига кучи етмаганлар тилига келганини қайтармайди, тушундингми? Шунгаям бурнингни осилтириб юрибсанми? Мен шопир одамман, бўлаверади. Олифтагарчиликни шаҳарликка чиқарган, деб оғизларига урмайсанми? Майли, ҳали шошмай туришсин…
«Ҳали шошмай туришсин, уйга битта машинани қантариб қўйиб, ўша гапдонларнинг кўзини бир куйдирай, токи ҳасаддан ёқа йиртишсин!» демоқчи эди, нималариидир ўйлаб тилини тийди.
Дарҳақиқат, Жўравой неча йиллардан буёғи емайди, киймайди, машинага пул йиғади. Тагимда бир улов турса, қишлоқдаги гап-сўзлардан қутуламан, деб ўйлайди у. Кўряпти, тўрт ғилдираги борларга қандай муомала қилишаётганини! Ҳатто шу ёзда ҳайё-ҳув деб Масков тарафга жўнавормоқчи ҳам бўлди. Лекин… Бозорларда машина нархининг кўтарилиб кетганини эшитиб, ҳушёр тортди: белидагини чамалаб кўрса, бир-икки минг сўм камроқ. «Майли, яна икки йил ишлаб кемтигини тўлдирай, кейин борарман», деган ўйда шаштидан қайтди.
Мана шунақа гаплар…
Ким нима деса десин, Жўравой бари бир бошқача одам! Шўрариқ бино бўлгандан бери ҳеч ким унингчалик қувонмагани ҳам рост!
…Кун ярмида Жўравой ишдан қайтдию тандир қошида куймаланиб юрган хотинидан сўради:
– Сабоҳ, кечаги газит қани?
Умрида газета ўқимаган эрининг бунчалик ҳовлиқиши Сабоҳатни ажаблантирди.
– Ҳа, дадаси, газит ўқиб мулла бўлмоқчимисиз энди, – дея ҳазиллашди у.
– Кўп жаврамай опчиқ, сенга айтяпман!
– Вой-бў! Битта қоғозга ота гўри – қозихонами? Ҳеч ўқимасдингиз-ку, билмай тандирга қалаб юборибман.
– Ҳе, падарлаънат… – Жўравой атрофга аланглаб ўғлини чақирди: – Қосим! Ҳўв Қосим!
Қосим чорбоғда экан, ўша ёқдан овоз берди.
– Бери кел! Югур!.. Бор, қўшниникидан кечаги «Узбекистон»ни опчиқ! Дадам сўраяптилар де. Чоп, деяпман сенга! – У қоп-қора бўйнидаги томирларини бўрттириб қичқирдию тўғридаги уйга кирди. Токчада чанг босиб ётган чойнакнинг ичидан тўрт буклоғлик қоғозни олиб, яна ҳовлига чиқди.
Унинг ҳовлиққанича бор. Икки ой бурун ишхонасида маошга қўшиб ўнтадан лотерея тарқатишган эди. Жўравой эинҳор олмайман, деса-да ҳол-жонига қўймай тутқазишди. У билетларни қўлига олгач, мажбурлаб берилган лотереяларга кўпинча ютуқ чиқиб қолади, дегай миш-мишларни эслаб, кўнглида қандайдир умид учқуни йилт этди. Ютуқ ўйналадиган кун яқинлашган сари шу учқун йилтиллай-йилтиллай, охири алангаланиб кетдию Жўравой ҳаловатини йўқотди-қўйди. Назарида, шу билетларнинг биттасига албатта ютуқ чиқиб қоладигандай… Ўлибдими, чиқмай! Эҳ, қанийди машина ютиб олса! Емонми, йиғиб юргани чўнтакда қолади!
Умид қатъий ишончга айланди ва яқиндан бери у худди машина уйида тургандай ўзини алланечук бахтиёр сезиб, тўлқинланиб юрди. Номерларини бир варақ қоғозга кўчириб ёзди-да, лотереяларнинг ўзини темир сандиқчасига солиб, қулфлаб қўйди. Боя тушлик пайти ҳамкасблари столга газета ёзиб олиб, нималарнидир қизғин муҳокама қила бошлаганларида Жўравой аниқ сездики, ютуқлар тиражи чиқибди. Аммо уларга яқинлашмади. Тўсатдан юраги гупириб, ўртана бошлади. Бу аҳволда кечгача ишлаб бўлармиди? Диспетчерга боши оғриётганини баҳона қилиб, уйига чопди. Ўпкасини қўлтиқлаб келса, ҳалиги гап… «Тутатқига бошқа қоғоз қуриб кетганмикан? Ҳе, бефаросат…
У сўрининг четига бетоқат ўтирди. Кўзлари ёниб, қўллари қалтираб ҳалиги қоғозни очаётганида, Қосим газетани олиб келди. Уни дадасининг қўлига тутқизиб, сўри поясига суянди.
– Ҳа, нега туриб қолдинг, серрайиб?
– Шундай, ўзим… Бошқа ишингиз йўқми?
– Кетавер! Ҳа, айтгандай, шошма… Майли, боравер!
Қосим сўридан узоқлашди, Жўравой бўғзига тиқилган ҳаяжондан титраб, жадвал устига мук тушди. «Е худо! Ишқилиб, омадимни бер! Ўттиз тийинга қулинг ўргилсин битта машина! Ажаб иш бўларди-да! Ана ундан кейин гаплашардик сенлар билан! Гап уст-бошдами? Ана, Шокир почтачи, қачон қарасанг ялтиллаб юрада – бундан нима фойда? Чўнтагида хемири йўқ. Уқитувчиларга ўхшаб, маданиятдан лоф уради-ю, аслини суриштирсанг, маошини у ойдан бу ойга учма-уч улайди. Сенлардан кам жойим борми, тагимда машина, қўлимда яна олти-етти минг пулим бўлса! – Жўравой беихтиёр газетага чанг солди, – Ҳар куни чойхонанинг олдига бир миниб чиқмасам!..»
Зумда қутурган Жўравой зумда ўзига келди. Боядан бери хаёл кетидан қувиб жадвалдаги биронта рақамни тузукроқ кўрмаган эди, газетани кафти билан силлиқлаб, қайта термилди. Бироқ бари бир сур хаёллари унга тинчлик бермасди: «Пақ этиб ютиб олсаму юрагим ёрилиб кетса-я!»
Рақамлар уясининг оғзида гужғон ўйнаган беҳисоб чумолиларга ўхшаб тўзғиб кетар, у эса ўзига кераклиларини ушлаб олишга зўр бериб уринар эди. Эҳ, рақамлар… ёзувлар… рақамлар…
Жўравой бирдан юрак уришини эшитмай қолди. Бир қўлида қоғоз, бир қўлида газетани чангаллаганича… ҳайқириб юборди. Лекин на хотини, на ўғлидан бир садо чиқди – ҳовли жимжит эди. Демак, бақирмабди, ўзига шундай туюлибди. Е тавба! Кўнгли сезган эди-я! Ҳатто тушларига кириб чиққан. Аввалдан аён бўларканда, ўзи. «Жигули! Жигули-я! Узингни бос, Жўра, ўзингни бос! Пулинг ёнга қолди, бари бир ўзингни бос!»
У хотинини чақирмоқчи бўлган эди, ичига тўлиб қолган нафаси ғувиллаб отилиб чиқди. Товуши ўзига мутлақо бегона эшитилди. Сабоҳат тандирдан янги узган нонларни саватга жойлаб уйга олиб кириб кетган эди, эрининг нима қилаётганидан бехабар, ичкаридан овоз берди:
– Ҳа, дадаси?
– Баққа чиқ!
– Ҳозир, нонларни ёйиб қўяй.
– Чиқ, деяпман, дарров!.. Тўҳта, ўзим боряпман.
Жўравой остонага туртиниб, шалақ сўкинди, сўнг пишиллаб:
– Тозароқ кўйлак-пўйлагинг борми? – деди. – Олиб бер!
Сабоҳат энди чидамади, эрининг юзига тик боқди:
– Мунча ўшқирасиз, қўлим тўртта эмас-ку! Ҳовлиққанингизни-ей! – Кейин сал юмшади. – Олдин чой-пой қилиб берай, иссиқ нон билан ичиб олинг.
– Кўп эзмаланмай сандиқни оч! Ё кўйлак уруғи қуриб кетганми?
– Бор. Ҳайитда кийган кўйлагингиз шундайича турибди.
Сабоҳат минғирлаб сандиқ устидаги кўрпаларни шолчага ташлай бошлади. Жўравой эса, ўзининг кичик сандиқчасидан, аввал оқ матога, унинг устидан сувқоғозга ўралган лотереяларни олиб, шимининг чўнтагига солди. Тушиб қолмасин тағин, деб тўғноғич билан қадаб қўяётган эди, бармоғига санчиб олиб, яна оғзини булғади…
Жўравой йўловчи машина кабинасида район марказигача қай ҳолатда кетди – буни фақат ўзию лотереясига машина ютганлар билади. Устига-устак машина бирам секин юрди, бирам секин юрдики…
У омонат касса олдига ҳарсиллаб етиб келди, аммо бирданига ичкари киргани юраги бетламади. Крандан сув ичмоқчи эди, томоғидан ўтмади. Сал нафасини ростлаф, одамлар сийраклашгач, кассага журъатсиз қадам қўйди. Ҳар бирига биттадан калла сиғадиган қатор дарчаларга кўзи тушиб яна довдиради. Сўнг дуч келганига бошини суқди.
– Синглим, лотарни ким текшириб беради?
– Ўзингиз! – деб жавоб қилди қиз. – Ана, деворга газитларни илиб қўйибмиз, ўзингиз қарайверйнг.
– Мен қараб чиққан эдим, – деди Жўравой овози қалтираб.
Қиз бошини кўтарди.
– Нима, ютуқ чиққанми? Э, аввалроқ шуни айтмайсизми, Суюнчисини оларканмиз-да! Анави туйнукка ўтинг, кўриб беришади…
– Айтгандай, нима ютдингиз?
Жўравой тилини тийишга ҳарчанд уринмасин, бўлмади «Машина!», деди ҳаяжонланиб. Шундай дедию кўзларидан ёш тирқиради. Шоша-пиша енги билан ёшини артиб, ёнидаги туйнукдан ичкарига мўлтиради:
– Қизим…
Жўравой гапини тугатмасданоқ, у ерда ўтирган ёш қизчанинг ўзи бидирлай кетди:
– Табриклаймиз, амаки! Қизларга битта зиёфат қилиб берасиз энди. Менга бундан ташқари… билиб ҳўйинг! Қани лотереяларни узатинг-чи. Уҳ-ҳў, жуда пишиқ ўраб қўйибсиз-ку.
– Ҳа, энди…
Бу пайтда бошқа қизлар ҳам ўз ишларини тўхтатиб, сувқоғозни очаётган қизнинг теварагига тўпланишди. Туйнук ортидан сап-сариқ тишларини кўрсатиб, беўхшов иршаяётган башарани кўриб ҳасаддан кўзлари чақнади ва бир-бирларига маъноли им қоқишди: «Тавба, машина деган зорманда мана шунақа ипирисқиларга чиққанига ўлайми?» Шундай бўлса ҳам, ҳалиги қиз лотереяларни очиб улгурмасидан, Жўравойни қутлай кетишди:
– Бахтли экансиз, амаки!
– Қелинг, қўлимни теккизиб олай, менга ҳам юқсин.
– Қуллуқ бўлсин! Буюрсин!
Жўравой «Қуллуқ» дейин деса, яна йиғлаб юборишдан чўчиб, лабларини пичирлатиб тураверди.
Қиз тортмадан китобча олди, хонада шивир-шивир тинди. Жўравой эса уёққа қарамасликка тиришиб, ойнакдаги ёзувни ўқишга тутинди. Нима деб ёзилганига тушунмай, тўсиқни чертишга тушди. Тиқилинчда бурни қичиб қолса бўладими? Касофати! Бешала бармоғи билан бараварига бурнини қашлаб, хумордан чиқди. Вақт бўлса, ўтмайди. Мунча имиллайди бу қиз, кампир эмас-ку!
– Топдингизми, синглим?
Қиз лотереяларни пулга ўхшатиб тахлаб, китобни аста ёпди:
– Катта номери сал тўғри келмайроқ турибди, – деди ачингансимон қиёфада.
Жўравой кар эмас, лекин ҳозир ё эшитмади, ё тушунмади.
– А?! Нима дедингиз?!
– Номери тўғри келмаяпти, дедим…
Бундан уч йил бурун отасинннг ўлиб қолгани тўғрисида карьерга хабар борганида ҳам бунчалик даҳшатга тушмаган эди. Кейинчалик эслаб, эзилиб юрди, аммо… Қиз ақлдан озганми ўзи?! Жўравой бир қалқиди, тўсиққа базўр ёпишиб тикланиб олди. Бор кучини йиғиб:
– Яхшилаб қара, сингил! Ҳазил-пазил кетмайди ҳозир! – дея ўшқирди. Ғажиб ташлагиси келди қизни шу пайтда. «Тилгинанг узилиб тушса бўлмайдими, алвасти!» дегиси келди.
Қизлар унинг бўздай оқарган юзи ва чақчайган кўзларини кўриб, секин-секин тарқалишди.
– Ҳазиллашаётганим йўқ, амаки. Ишонмасангиз, ўзингиз кўринг… Мана, кўрдингизми, буниси олтита номерга ортиб кетяпти.
Жўравой бари бир ҳеч нимани кўрмади, қалтираб қўллари билан чўнтак кавлаб, бояги қоғозни қизга узатди:
– Нега бўлмаса… Ахир, ўз кўзим билан… Манавини ҳам қараб кўр-чи!
Қиз ғижимланган қоғозни қўлига олиб синчиклаб текширди ва бирдан ҳовлиқиб кетди:
– Айтмадимми, ўзингиз адашяпсиз, деб? Мана бу ерда охирги «7» ни сиз «1»га ўхшатиб ёзиб қўйибсиз-ку! Уни қаранг-а, ҳақиқатан «1» бўлганда, «Жигули» сизники эди-я… Яна мендан хафа бўляпсиз.
Бундай ҳақиқатга ишонмаслик – ғирт аҳмоқлик, ишониш – яна даҳшат! Жўравой йиқилиб тушмади, тирик мурдага айланди-қолди. Шундай ҳолда элас-элас чийиллаган овозни эшитди:
– Лотереяларни қаердан олганидингиз, амаки?
Қизнинг бу гапи Жўравойга: «Тўхтаб туринг битта машина тўғрилаб бераман», дегандай бўлиб эшитилди, сергакланиб шивирлади:
– Ишхонада… мажбурлаб беришган эди…
– Э, ундай бўлса суюнаверинг, ошналарингиздан кимдир бу машинанинг эгаси бўлибди! Одамлар қандай бахтли!
Жўравой кассадан елкасида тоғдек юк билан судралиб чнқиб кетаркан, қиз ҳамон жаврарди:
– Бўлар иш бўлди, амаки. Қеласи сафар сизга ҳам албатта чиқади. Бунақа англашилмовчиликлар бизда тез-тез бўлиб туради. Биласизми, бир куни…
Жўравой ташқарига чиққанда орқасидан қизларнинг шўх қаҳқаҳаси янгради.
– Вой шўрим! Сизга нима бўлди! Тинчликми?! Тобингиз қочиб қолдими?
Жўравой минг ўлиб, минг тирилиб, уйга кириб келганда, хотини уни шу сўзлар билан кутиб олди. Лом-мим дейишга мажол қайда, тўғри бориб ўзини сўрига ташлади. Унинг бутун вужуди қақшаб оғрир, пешонасидан муздек тер қуйилар эди. Лаблари эса тинмай пичирларди:
«Тинчлик… тинчлик».
Қоронғи тушганда Қосим «Тез ёрдамни чақириб келди. Эрининг аҳволидан қаттиқ хавотирга тушган Сабоҳат ҳам касалхонага жўнади. Ҳувиллаган уйда ёлғиз Қосим билан иккита синглиси қолди.
Тонготар пайти кўча эшик олдига енгил машина келиб тўхтади. Ундан шалвираб тушган аёлнинг ўткир чинқириғи осуда қишлоқни тутиб кетди. Дод-фарёдни эшитган болалар чўчиб уйғонишди. Бирпасда ҳовли тўс-тўполон бўлди-қўйди.
– Шўрим қуриди, одамлар!.. Дадаларингдан ажраб қолдик-ку, болажонларим!!! Энди нима қиламан, художон!
Ҳовли ўртасида Сабоҳат талвасаланиб ётар, бемаҳал йиғидан уйғонган қишлоқ аста-секин уларнинг уйига оқиб келар эди…
Пешиндан кейин шўрариқликлар Жўравойни қабристонга қўйиб қайтишди. Бевақт ўлим ҳар сафаргидек одамларнинг ақлини шошириб қўйган эди. Бирга ишлайдиган дўстлари афсусланиб:
– Раҳматли кеча бошим оғрияпти, деб турувди. Бунақа бўлиши кимнинг хаёлига кепти, – дейишса, бошқалар буни тақдири азалга йўйишди:
– Бу бир баҳонаи сабаб, кунимиз битгандан кейин биз ҳам Жўравой борган жойга борамиз. Нима, дунёга устун бўлармидик?…
Одам бирданига ўлиб қолса, қўрқинчли бўларкан. Ҳеч бўлмаса, бир-икки ҳафта касал ётсаям кошкийди.
– Эскилар бекорга айтмаган: қуруқ туҳматдан, бемаҳал ўлимдан асрасин деб. Дунё қизиқ экан, кеча бор эди, бугун йўқ.
Шўрариқда кўп вақтгача Жўравойнинг ўлими тилдан тушмади. Сабоҳат ҳам бу жудоликка аста-секин кўникиб борар, маъракада кўнгил сўраганларга эса, гўё шу билан бутун сир ойдинлашадигандай, тинмай бир гапни такрорлар эди:
– Тавба, одам ўлишидан олдин авлиё бўлиб қоларкан. Раҳматли дадаси ҳам ўша куни ишдан эрта қайтдилар, денг. Ҳайитда кийган кўйлакларини сўраб олдилару бир айланиб келаман, деб кўчага чиқиб кетдилар. Еруғ дунё билан хайр-хўшлашиб келган бўлсалар керакда.
– Уни қаранг-а!.. Е тавба-ей… – дея ҳайратланишарди эшитганлар.
Хуллас, сир сирлигича қолди. Фақат касалхонадаги врачгина жон чиқар маҳали Жўравойнинг алаҳсирашидан нималарнидир англагандай бўлган ади. Лекин у шўрариқлик эмас-да…