«Ҳў, бола боқмай балога йўлиққур! Узинг тарбия кўрмагансан-да, боланг ҳам бола эмас, бало! Шилпиқлигинг етмагандай, энди болангга гап ўргатадиган бўлдингми?.. Одамларда инсоф деган савил қолмади, онасидан тортиб боласигача худо урган-а… Ҳў, эзма деган тилингга тирсаккина чиқсин! Шошмай тур ҳали, шундай адабингни бериб қўяйки, эна сутинг оғзингга келсин!..»
Айвонда сузма ялаб ўтирган Мастон кампирнинг хаёлида беихтиёр тунов кунги можаро жонландию бирдан ўрнидан туриб кетди: «Кошки бу биринчи марта бўлса, худонинг берган куни шундай-я!» Жини қўзиганиданми ёки ўзига ўзи гапирганданми, бужмайган лаблари тинмай қалтирар эди. У елкасига тушиб қолган чит дуррасини шаҳд билан силкитиб қайта ўради ва кўчага чиқди. Оёғи Сорабонуларникига тортди. «Шилпиқнинг кирдикорларини қўшниларим ҳам билиб қўйсин!»
Сорабону оёқмошинада ўзининг кўйлагидан ортиб қолган қийқим-сийқимлардан неварасига иштонча тикиб ўтирар эди, қўшнисининг бемалол ҳовлига кириб келаётганини кўриб, аввалэнсаси қотди, сўнг бориб хушламайгина кўришди. Сорабонунинг бундайин муомаласида андак кибру ҳаво ниҳон эканини Мастон хотинларга хос зийраклик билан сезган бўлса-да, бу галча ўзини билмаганга олиб қўяқолди.
– Вой, манави иштончани қаранглар, му-унча чиройли бўлмаса бу! Самаджонга тикяпсизми, Сора ўртоқ? – деди у, кўзлари жавдираб. – Жуда-а болажон хотинсизда, ўртоқ.
– Ҳа-я. Бир Самаджонга эмас, невараларимнинг ҳаммасига ҳам кўйлак-иштонни нуқул ўзим тикиб бераман, – деди Сорабону оғзини тўлдириб. – Энди, булар ҳозирги болаларга бир марта кийишга ярайди, холос. Тез-тез тикиб турмасам…
– Еш боланинг иши шу – биз тикаверамиз, улар йиртаверади, – дея Мастон қўшнисининг фикрини маъқуллаб қўйди, кейин темирни иссиғида босақолди: – Ҳар нима бўлгандаям, невараларингиз ўзингизга ўхшаб одобли, эсли-ҳушли. Анави Соттихоннинг ғиртмакчаси бирам шумшук бўптики, асти қўйинг. Утган-кетганга тинчлик бермайди-я!
Сорабонунинг юзи ёришди: унинг ҳам дилига тугиб қўйганлари бор, ахир! Шу мавзуда гап очилди, яхши бўлди.
– Шуни айтинг, қўшнижон, – деди у Мастоннинг оғзидагини дарҳол илиб олиб. – Қўли қичимай ўлгур, неварагинамни уриб, ҳаммаёғини моматалоқ қилиб юборибди, қоши-кўзини билиб бўлмайди бечоранинг. Соттихон индамабди, томоша қилиб тураверган-да. Мундоқ ажратиб қўйса, туғи пасайиб қолмасди.
– Кўмирдан оқлик, темирдан юмшоқлик тилама, дердилар отам раҳматли. Соттихон ким бўлибдики, ранжийсиз. Тавба, кап-катта хотин-у, қиладиган иши… Сиз билан биз холос: паст-баландини ўйлаб бир ишга қўл урамиз.
Фикрларининг бир ердан чиқаётгани иккала кампирга ҳам мойдек ёқиб тушди. Сорабону, муҳим сирни ошкор қилмоқчидек, атрофга ўғринча аланглаб, шивирлади:
– Уёғини суриштирсангиз, Соттихон қариб қуюлмаганлардан, бўлмаса, элликдан ўтиб ҳам туғаверадими?
Кампирлар томоқларини килкиллатиб қиқирлашди, кўнгиллари яйради.
Кампирларнинг кўнглини яйратган гап чин эди: Соттихон янги келинчаклигида орқама-кетин кўрган уч қиздан сўнг, узоқ йиллар туғмай қўйган эди, ёши элликка бориб тўсатдан яна ҳомиладор бўлиб қолди. Юриб-юриб ўғил туғди! Соттихоннинг-ку неча йиллик армони ушалди, қишлоҳ хотинларига эса, янги эрмак топилди. Ушандан бери, мана, ўн икки йилдирки, бу ғаройиб ҳодиса тафсилоти эл оғзидан тушмайди…
– Ҳазилингиз бор бўлсин-да, Сорахон, – деди Мастон қувлик билан илжайиб. Кўнглидаги ғубор хийла тарқалган, қўшнисини ҳам ўзига оғдириб олганидан бениҳоя мамнун эди у. Қўлини фотиҳага очиб, узундан-узоқ минғирлади, сўнгра ўрнидан турди. – Майли, ўртоқ, мен чиқай энди, сизниям роса ишдан қўйдим.
– Гаплашиб ўтирибмиз-да, қўшнижон. Иш деган зорманда ўлганда ҳам тугамайди, – деди Сорабону. – Хўп, хайр бўлмаса.
Мастонни кузатиб қўйгач, чала қолган ишини давом эттиришга ўтирган Сорабону мийиғида жилмайди: «Ҳмм, айёрликни қаранг, илоннинг ёғини ялаган-а…»
Орадан бир чой дамлаш фурсати ўтар-ўтмас иккита иштонча тайёр бўлдию кўча эшик тағин ғийқиллаб очилди. Ҳалпиллаган кўйлагининг этаги билан ерни супуриб, Соттихон кириб колди. Иштончаларни яна бир чеккага йиғиштириб қўйишга тўғри келди. Дилида ҳар қанча ранжиётган бўлмасин, Сорабону меҳмонга пешвоз чиқди.
– Хизр бўп кетинг-э! Ҳозиргина хаёлимдан ўтиб турувдингиз-а, – дея мулозимат қилди у.
Соттихоннинг бир кўзи офтобдан ёшланавериб, аллақандай дардга чалинган эди, шу шилпиқ кўзини енгининг учи билан тўсиб кулди.
– Хизрдан қаеримиз кам, Бону! Қарилик – авлиёлик, дердилар онам раҳматли.
Икки қўшни шу тариқа одоб билан бир-биридан ҳолаҳвол сўраб, тўшакка чўкишди. Суҳбат куни кеча армиядан бўшаб қайтган толкўчадаги Мамарайимдан бошланди. «Мамарайим аскарликка кетмасидан олдин ҳивичдеккина бола эди. Энди-чи! Юзлари тўлишиб, гупчакдек семирганини қаранг», дея кампирлар ҳайратга тушдилар. «У ёқда ошпазлик қилган эмиш, ошпаз бўлмаганда бунақа семирармиди», деб ўзларини овутдилар. Уларнинг айтишича, энди қишлоқнинг манамаи деган қизлари ҳам Мамарайимнинг қўнғир тусли мўйловига» кўкрагидан чиқиб турган ажриқ мисол ёлларига кишибилмас назар ташлаб юрганмиш, тинчини йўқотганмиш. Яна ким билади, дейсиз, гапираман деса гап кўп, эҳ-ҳе… Ниҳоят, Соттихон ўғлининг тезроқ бориб, Мамарайимга ўхшаб қайтишини орзу қилди. «Яхши ният – ярим мол, айтганингиз келсин», деди Сорабону унинг кўнглини кўтарган бўлиб. Гапни ўз-ўзидан болага келтириб тақагани Соттихонга қулай келди, муддаога кўчди – кўрпачадан чиқиб турган қавима ипнинг учини бармоқлари орасига олиб юмалоқларкан, аста деди:
– Кеча қоқвош ўғилчам неварангиз билан салгина айтишиб қопди, Бону, эшитиб бирам хафа бўлдимки… Иштонини ечиб, бир-икки саваладим ҳам. Ишқилиб, сиз мендан…
Соттихоннинг гапи оғзида қолди – Сорабону кўнгилсиз ҳолатнинг олдини олишга шошилди:
– Қаёқдаги гапларни кўтариб юрасиз-да, қўшни. Келиб-келиб сиздан хафа бўламанми? Ёш боланинг феълини биласиз-ку: бугун уришади, эртага яна апоқ-чапоқ. Эсли-ҳушли одам сира боланинг ўртасига тушмайди. Ўлибманми…
Соттихон дадилланди:
– Ўзимсиз, Бону, ўзимсиз, – деди у суюниб. – Лекин… тилига куч бериб, пашшадан фил ясаб юрганлар ҳам бор-да.
Сорабону суҳбатдошининг оғзидан кўз узмай ўтираркан, беихтиёр: «Ҳозир Мастонни айтади, қараб туринг-а, Мастонни ёмонлашга тушиб кетади ҳозир», дея хаёлидан ўтказди. Уйлагани ҳақ чиқди.
– Уғилчам нимагадир Мастонни хушламайди. Ешлигидан шунақа – иқи суймайди, – деб сўзида давом этди Соттихон. – Олдинлари уни кўрасолиб пинжимга тиқиларди, энди бўлак қилиқ чиқарибди – жиғига теккани теккан. Неча марта айтдим, ўзингдан каттани мазах қилма, ёмон бўлади, дедим, қани қулоқ солса. «Шу кампир ялмоғизга ўхшайди», дейди. Ҳи-ҳи-ҳи… Биласизми, Бону, ёш бола яхши-ёмонни дарров ажратиб оларкан. Бир балоси бордирки… Ҳи-ҳи-ҳи…
Сорабону бундан атиги ярим соат олдинги, Мастон билан қурган суҳбатини эслади, «Ҳамманг ҳам бир гўрсан!» деб қўйди ичида. Лекин сир бой бермасдан, унинг гапини маъқуллади:
– Бўлса бордир. Ахир, ёшлигидан шаллақи эди, биласиз-ку буни. Одамлар ҳозир фақат ўзини ўйлайди. Отасини танимайдиган замонлар келди, қўшни. Сиз билан биз, холос… орқа-олдимизга қараб юрамиз.
Сотти шилпиқ жон-дили билан суюнди.
– Гўдаклигидан ақл кирмагандан кейин, қариганда гўр бўлармиди! Ҳа, майли, ҳар бошга не келса – феълидан.
Сорабону билан Соттихоннинг гангир-гунгур суҳбатлари шу ерга етганда узилди: ҳовлиқиб Мастон кириб қолди.
Аслида, унинг бу туйқус ташрифи тасодиф эмасди. Боя Сорабону билан хайрлашиб чиққандан сўнг кўчанинг ҳув бошидаги кичкинагина дўконча қаршисида бошқа бир қўшниси – Қумринисога дуч келиб, иккаласи хийлагача валақлаб туришди. Бир пайт узоқдан Сотти шилпиққа кўзи тушдию гап орасида уни зимдан кузата бошлади. Сотти шилпиқ Сорабонунинг уйига қараб бурилганидан сўнг эса, тинчини йўқотди. Қулоғи ҳамон Қумринисонинг оғзида, фикри-зикри Сорабонуларникига кўчди. Чидаёлмади, Қумринисо билан гапни қисқа қилди-да, бу ёққа жўнади…
Мастон Сорабонунинг Сотти шилпиқ билан бемалол ёйилиб, чақчақлашиб ўтирганини кўриб, бир фурсат эси оғиб турди. Бисотимни роса титкилашгандир, деб ўйлаб хуноб бўлди, юзи буришиб кўзлари муғамбирона қисилди.
Дафъатан қизиқ ҳолат юз берди: ким кимнинг олдида айбдорлиги қоронғи, лекин учала кампир ҳам бир-биридан хижолатда, гўё ўртада бир нима йўқолган-у, ким олгани номаълум…
Ниҳоят, Мастон ҳушини йиғди; Соттихон билан қуюқ кўришди-да, Сорабонуга қараб, кулиб, деди:
– Қариган сайин эсимизни еб қўйяпмизми дейман. Боя хамиртурушга чиққан эдим, паришонлик қурсин, индамай кетаверибман. Шунга…
– Вой ўлмасам, айтмабсиз-да менга. Ҳозир опчиқиб бераман, – деб Сорабону шоша-пиша ошхона томон юрди. Зум ўтмай ярим бўлак хамиртурушни йўл-йўлакай қоғозга ўраб, кўтариб чиқди. – Гапга овора бўлиб…
Мастон хамиртурушни олди-да, Сорабонунинг ҳайҳайлашига қарамай, изига қайтди.
Соттихон ҳам типирчилаб қолди: бу ерда ўтираверса, Мастоннинг хаёлига ҳар балолар келиши мумкин. Урнидан турақолди. Хайрлашди.
– Қиринг, Бону, дардлашиб ўтирамиз. Энди бундан бу ёғи одам одамга ғанимат. Хўпми?
– Қани, вақтга қараб… – деганча Сорабону иккала кампирни остонагача кузатиб қўйди.
Соттихон билан Мастон эшик олдида бир-бирларига йўл бериб, мулозимат қилиб пича туриб қолдилар, сўнгра, худди келишиб олгандек, бараварига остона ҳатладилар. Эшикнинг иккинчи табақаси тарақлаб очилиб кетди. Мастон ўзича, Соттихон ўзича мулзам бўлди, кўз кўзга тушгач эса, хижолатли ҳолни кулгига айлантириб юбордилар. Эсон-омон кўчага чиқиб олиб, эшикдан сал узоқлашгач, Мастон ортига бир ўгирилиб қарадию қиқирлаб, деди:
– Худо олсин, эшиги мунча тор бўлмаса, нақ қўймичимдан айрилиб қолай дедим-а.
– Одамнинг эшиги ҳам, туйнуги ҳам феълига қараб бўларкан-да, опа, – деди Соттихон ҳам қиқирлаб.
То муюлишга етгунча Сорабонунинг «молхона туйнугидай» тор эшигини муҳокама қилиб бордилар, кейин Мастон сўзни бошқа ёққа бурди:
– Уйга кирамиз, Соттихон, аччиқ чой дамлаб бераман.
– Узингиз юрақолинг, опа, менинг чойим тайёр, дастурхоним ёзиғлиқ, – дея илтифот қилди Соттихон. – Шу Сора қурумсоқникига кириб томоқларим қақраб кетди,
– Э-э, нимасини айтасиз. Меҳмон келди-ю, ўрнидан турай демайди-я!
– Қўйинг шуни! Асли, таги паст, одамгарчилиги йўқ… Меҳмон кутишда сизга етадигани йўқ-да, опа.
– Жа-а, мақтаб юбордингиз-ку, Соттихон. Лекин, доим сизга ҳавасим келади – одамжонли, удли-шудли хотинсиз.
– Ҳа, ишқилиб, худо жонимизни саломат қилсин! – Шундай деб Соттихон уйи томон бурилди. – Кирмайсизми?
Раҳмат! Ўзингиз кирганингизда бўларди…
* * *
Дунё кенг экан, одамлари турфа экан, умр эса – оқар дарё. Мен билганим шу бўлди, азизлар. Энди ер юзидан у кампирларнинг изи ўчган, ер тагида жисми ҳам қуриб битган. Бор-йўғи ўн йил ичида, демак, ҳаш-паш дегунча…
Аввал Сотти шилпиқ оламдан ўтди. Бу жудолик Сорабону билан Мастон кампирни етим қилиб қўйди. Лекин, илож қанча, айюҳаннос солиб қолаверишди. Молнинг ўлимига мол чидайди, одамники бўлакча-да, азизлар.
Кейин… Кейин Мастон кампир қазо қилди. Дунёни ҳувиллатиб кетди боёқиш.
Охири Сорабону… Айтишларича, жон таслим қилгунча Сорабону тоза қийналган.эмиш. Ўлимидан олдин фақат бир-икки лаҳзагина ҳушига келибди, тилга кирибди, ўшанда ҳам зўрға: «Юрагим сиқилиб кетяпти», дея олибди, холос.
Начора, дунё кенг, одамлар турфа… ишонинг, азизлар.