Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Чилла (ҳикоя)

Болаларимнинг онасига ва барча ичкаридагиларга бағишладим.

Яссилик Қул Хожа Аҳмад олтмиш уч ёшида ертагига кириб кетган бўлса, шу ишни У қирқдан ошар-ошмас қилди. Сабабини тушунтириб беролмайди, лекин бирдан ерустидан чарчади: бир куни уйқудан уйғондию ўзини юмронқозиқ ҳис этди, олд оёқлари билан қаттиқ ерни таталаб, кавлашга тушиб кетди. Наридан-бери очилган чуқурга боши билан шўнғиб, тупроғини орқага ирғитиб, уч-тўрт кунда ҳовлини майин тупроққа тўлдириб ташлади.

Тупроқ уюмидан ўрани хийлагина чуқур ва кенг кавлагани билиниб турарди.

Бироқ У юмронқозиқ эмас, одам эди, ўрани қишга озуқа ғамлаш учун кавламади, қолган умрини энди ертагида ўтказиш учун, ҳаловатини йўқотган кўнглига хотиржамлик ахтариб кавлади.

Ўйлаб-ўйлаб, ўрасини “чиллахона” деб атади. Атама ўзига унча ёқмади, лекин анъанага эргашди: “чиллахона” ҳарҳолда илгаридан қулоққа чалиниб келган сўз, ўзи эскирган бўлса ҳам, тилдан буткул тушиб қолмаган, нималарнидир эслатади. Бошқача ном қўйса балки жуда ўрнига тушар, лекин одамлар уни туйқус англаб ололмай қийналади. Одам боласи билмаган нарсасининг душмани, билмаганидан кейин яхшини ҳам ёмон кўриб қолиши ҳеч гап эмас. Ана унда уради Худо: ҳа-а, ертагига кириб кетибдилар, тепа ёқмай қоптими?.. ўзларича бир яйрамоқчи бўптилар-да?.. кетмийди!.. нима, бошқалардан ортиб кетган жойингиз борми ёки бизнинг бир жетимиз камми?.. каби гап-сўзлар урчийди.

Ербетида юрсанг бир бало, ертагига кирсанг ҳам бир бало-я! Ҳой Тангри ярлақагурлар, бир жойим ортиб кетганидан ё сизларни камситганимдан кирмадим ертагига, бир жойим ортиб кетса, юрмасмидим тепаларда маза қили-иб… дегандай айланма йўллар билан нималарнидир сўқса бўлар, лекин асло ишонтириб бўлмайди у қайсарларни.

Айтгандай, яссилик Қул Хожа Аҳмад нимага кирган эди ертагига? У ҳам чарчаганмиди? Зерикканмиди? Безор бўлганмиди? Унинг бу қилиғига теварагидагилар нима дейишган экан?

“Олтмиш учда еростига кирдим мано”, дейди ўзи. Ҳикмат синчилари: “Олтмиш уч – пайғамбар ёши, пайғамбар ёшидан кейинини ербетида яшагиси келмаган”, дейишади.

Ҳарҳолда, унинг чекинишини тушунса бўлади – ғояси бор экан, мен қандай тушунтираман, менинг ғоям қанақа, деб ўйлайди У. На ошимни ошадим, на пайғамбар ёшини яшадим, айни қирчиллама паллам. Аслида менинг бу савдоимнинг ҳам қандайдир бир ранги, қанақадир бир туси бўлиши керак?..

Балки бордир ҳам, балки ўзим илғамаётгандирман, ахир шундай кенг ертепаси турганида тор ва зах ертагини ўзидан-ўзи қўмсаб қолмайди-ку киши!

Бир ёқда уйидагилар ғишава бошлаган. Хотини пиқиллайди:

– Ҳой дадаси, нима қилаётганингизни биляпсизми ўзи? Чиқинг-э тепага! Биров эшитса, нима деб ўйлайди? Мендан кўрмайдими? Шунча йил ёмон яшамадик, энди, эрини ертўлага тушириб қўйибди, деган маломатни эшитишим қолувди. Болаларингиз бирин-кетин етилиб турибди, ҳадемай қуда-андали бўламиз-у, қилган ишингизни қаранг…

Ўғиллар дод дейди:

– Дадажон, ўртоқларимиз олдида нима деган одам бўламиз?!

Қизлар зириллайди:

– Чиқинг, дадажон, чиқақолинг!..

У қарорида қаттиқ туриб олди — очиққа чиқмади. Индамади ҳам. Индаганидан фойда йўқ эди, барибир тушунтиролмайди. Гапирсам, ожизлигим билиниб қолади ва… енгиламан, яхшиси, индамаганим тузук, деб ўйлади. Индамасдан енгди. Бора-бора хотини ҳам, болалари ҳам, ҳатто бир-икки яқинларию ошналари ҳам Унинг бу қилғилиғига кўникишди…

Мана, орадан ўнйиллардан ортиқ замон ўтибди. Ҳали ҳам У… бир пайтлар юмронқозиқдай кавлаб кириб кетган тўласида… тўласининг шипига тикилганича… нималарнидир ўйла-аб ётибди. Онда-сонда емак кўтариб тушган хотинига бир-икки оғиз сўз қотиб қолади:

– Об-ҳаволар қандай тепада? – деб сўрайди.

– Ўзингиз иссиққина жойни топиб олгансиз, тепа ҳалиям совуқ, – деб яниб олади хотини. Кейин ҳасратга ўтади: – Нимагадир қиш чўзилиб кетди. Осмон ҳам очилақолай демаяпти, кунда-кунора ёғин-а, қуёшни кўрмаганимизгаям анча бўлди…

Буларни У ҳам билади, чиллахонасига қор ёғмаса-да, совуғи уфуриб турибди, ахир. “Иссиққина жой” деб киноя қилмаса бўларди хотини, бу “иссиқлик” Унинг шундоқ ҳам ўртанган ичига яна нималар пуркаётганини шўрлик қаердан билсин. Аммо ўзини оқламайди, гапни буради:

– Бошқа тинчми? – дейди.

– Ҳа, тинч…

Йўқ, хотиним мени авраяпти, тепада тинчмас, тинч бўлганида менинг кўнглим тинч бўларди, кўнглим ҳеч тинчий демаяпти-ку, демак, ҳалиям тепа тинчмас, деб хулоса чиқаради У.

Аслида-ку, бу каби сўроқ-саволларга хотини аллақачон кўниккан: хуши келса жавоб беради, хуши келмаса парво қилмайди, кўп ижикилайвермайди ҳам. Илгарилари: ёлғизликка тўйгандирсиз энди, чиқиб, мунда-ай одамларга қўшилинг, ҳаётдан завқ олинг сиз ҳам, деб турарди. Кейин-кейин ортиқча саволлар бермай қўйди, хархашаларини ҳам ташлади. Қайтага: “Ҳа, ётибсизми ҳалиям нималарнидир кути-иб?” деб эрмаклаб қўяди. “Мени биров сўраб келмадими?” деса, “Сизни одамлар эсидан ҳам чиқариб юборган, ким сўрарди!” дейди пинак бузмай.

Ёлғизлик яхши экан, мен бу ерда ўзимни анча мустақил ҳис этяпман, деди У бир куни ўзига ўзи.

Бу гапи ёлғон эди, албатта. Ўзини овутиш, ёнаётган юрагига бир ҳовуч сув сепиш учун ўйлаб топган ёқимли ёлғони эди. Мустақил бўлиш тугул, онгию юраги, бутун борлиғи бўғма илон шаклидаги қанақадир оғир юк, қандайдир маъносиз туйғулар ўрови-исканжасида қачонлардан бери бўғилиб келади. Ичида нималар кечаётганини, биқиқ ҳаётига нималар сабаб бўлганини аниқ билиб турса-да, буни на хотинига, на болаларига айта олади. Айтиб нима қиламан, улар ўзларининг ҳаётларини яшасин, менинг ташвишларим уларга халақит бермасин, дейди.

Чиндан ҳам дард Уники эди, бегона юрак бу дардни ҳис этмаслиги, ҳис этса-да, кўтармаслиги тайин. Дардингни биров кўтармаса, кўтариш малол келса, ичга ютган яхшироқ эмасми? Ербетидан ертагига тушганининг сабабларидан бири ҳам шу. Тепаларда дардни ичга ютиб юриш оғир бўлиб қолди. Ҳарҳолда, оғиз тешик, бирда бўлмаса бирда дард ташга чиқиб кетиб қолиши аниқ. Устига устак, эшитаман деб турган қулоқ кўп тепада: хотини, болалари, келинларию куёвлари, қавму қариндошлари ва битта-ярим ошнаси қачондан буён унинг оғзини пойлашади, бирон нима деб қолар, деб қулоқларини динг қилишган. Тешик қулоқ бор жойда тешик оғиз албатта очилади – туйғулари юзага чиқади! Майли, юзага чиқса чиқсин дейлик, лекин чиқса-ю, лойиқ даражада ҳис этилмаса, қадри тушиб кетиши турган гап, шуниси ёмон, У шундан чўчийди, яхшиси, бу йўқсил, бу армонли туйғуларини ичида яшатгани тузук, уларни задаламай сақлашга айни боп жой – ертаги. Чунки қулоқ йўқ жойда оғиз ҳадеб очилавермайди, очилса ҳам, қаттиқ ва малолсиз бир чучкуриш ёки мириқиб бир эснаш учун очилади, туйғулар ичда қолаверади – буни хотини қаёқдан тушунсин.

Яссилик Қул Хожа Аҳмад дунёдан узилиш, нафсини жиловлаш, маънавий тўкисликка эришиш учун ертагига кирган, дейишади синчилар. У бўлса, чиллахонасида яшаётганига, мана, ўн йиллардан ошиб кетди, лекин на дунёдан узилди, на нафсини жиловлай олди ва на маънавий тўкисликка эришди. Аксинча, қулоғи ҳамиша ербетида бўлди – ҳовлисидаги сал ўзгаришни ҳам илғашга, тепада нималар бўлаётганини билиб туришга ҳаракат қилди. Чой кўтариб тушган келинига: “Эрингиз хафа қилмаяптими, қизим?” деб чалғитувчи савол бериб қўяди. Ўғиллари ё қизлари кўргани тушишса, “Менга биров келмадими? Ҳеч гап йўқми? Қийналмаяпсизларми?” деб ҳол сўрайди. Дунёда бўлиб ўтаётган ишларни ўғиллари ва куёвларидан ўсмоқчилайди, улар бир нарсалар дейишса, фақат эшитади, ўзи индамайди, жуда гапиргиси келса, “Ҳа-а, ишқилиб охири яхши бўлсин”, деб қўяди.

Ҳеч нарса демасдан, ҳеч нарса қилмасдан ҳам бинойидай яшаса бўларкан-ку, деди ўзига ўзи бир куни чиллахона шипига боши тегиб керишаркан.

Гарчи У ҳеч нарса демаётган бўлса-да, ҳеч нарса қилмаяпти, деб бўлмасди. Бу йиллар ичида рўмон ё қисса бўладими, тарихий ё диний адабиёт бўладими – қўлига тушган китобни ўқиб чиқди, бир оз палапартишлик билан, лекин барибир ўқиди. Жуда унақа авлиёлардай бўлмаса-да, намозини тўкис адо этиб келяпти. Лекин булардан бошқа юмуши ҳам йўқ: ётади, туради, бошини қашлайди, баъзан йўталиб қолади – ертўла барибир ертўла, захлиги бор… қолган дамлари нуқул ўйлайди, кўзини шипнинг бир нуқтасига қадаб олади-да, ўйлагани ўйлаган. Нималарни ўйлаши бизга қоронғи, аммо сира охирига етолмайди. Охири йўқ ўйларни ўйлаяпман шекилли, деб баъзан хафсаласи пир бўлади, лекин, ҳарна мен фикрлаяпман-ку, бекор ётмаяпман-ку, деб яна ўзини совутади.

Ҳамма гап фикрлашда, фикрлашни бошлаб олишда, бошланган фикр эса, ахийри бир куни эгасини қанақадир манзилга элтади.

Балки тепада ҳеч гап йўқдир, балки ҳаммаёқ тинчдир, менинг миямни кемираётган ўйлар бари қуруқ ваҳимадир, чунки кўплар одамга ўхшаб яшаб юрибди-ку ербетида, мен шунчалар бадбин бўлиб қолдимми?! Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ нимага ертагига кириб кетдим, нима мени мажбур қилди? Оиламга сиғмадим деёлмайман, болаларимдан ҳам розиман, туппа-тузук ҳовли-жойим бор – бир одамга ортиқ нима керак!

Фикрлари ҳам ўқиган китоблари янглиғ бир оз палапартиш эди – боши-кети йўқ, бири боғдан, бири тоғдан. Ҳаётини китоблардаги гапларга, китоблардаги гапларни ҳаётига солиштиради, ўхшашлик қидиради, унисини бунга, бунисини унга мосламоқчи бўлади, лекин мослаш тугул, сира бир-бирига боғлаёлмайди, калаванинг учини йўқотиб қўяди; яна хаёл дарёсига шўнғийди, босиб ўтган ҳаёт йўлидан мазмун, қилган ишларидан мантиқ ахтаради, тақдирига битилганидан ташқари ҳеч бир иш бўлмаслигини билади, бунга ишонади, лекин сочилиб кетган ўйларини бир жойга тўплаёлмагани учунми, ойдин хулосалар чиқара олмайди. Боши узра катталар қадамининг оғир гурс-гурсларини, невараларининг у ёқ-бу ёққа чопгандаги енгил дупур-дупурларини эшитиб ётаркан, бир замонлар Устози Унда кўришни хоҳлаган ҳаётий завқни қўмсайди. “Бу йигитга мен ҳаётий завқ тилайман, бошқа ҳамма нарса бор унда”, деган эди Устози.

Хотини шу гапга қаттиқ осилиб олган: ҳаётдан завқ олиб яшамайсизми, дадаси, нима қиласиз бутун дунёнинг ташвишини елкангизга ортволиб, дейди, сизга нима зарил, бошқалар ҳеч бошини қотирмай ҳам яшаб юрибди-ку… сиз ҳаммани ўйлайман дейсиз, ўша ҳамма бир куни сизни елкасига оладию обориб гўрга тиқади!..

Хотини чиндан ҳам Унга меҳрибонми ё ҳаётининг энди роҳат кўраман деган бўлаги издан чиққани, турмушидан маза қочгани учун аламдан гапирадими бу гапларни – билишга қизиқмайди, аксинча, яхшиликка йўйади: хотиним мени ҳурмат қилади, унгаям оғир, дейди.

Бир куни ҳовлига кимнидир бошлаб келди, товушидан У ҳурмат қиладиган киши эди. Эримни ербетига чиқариб беринг, деб опкелган бўлса керак-да. Лекин Ҳурматли Киши юрак ютиб чиллахона туйнугидан бош суқиб қарамади. У ҳам, келган одамни таниган бўлса-да, инидан чиқмади: ғўнғир-ғўнғирларини ғира-шира эшитиб, ёнбошлаб ётаверди.

– Қачон кириб кетган? – деб сўради Ҳурматли Киши.

– Ўн йиллардан ошди, – деб жавоб қилди хотини. Гапираётиб, чуқур хўрсиниб қўйгани сезилди.

Назарида, Ҳурматли Киши бирпас ўйга толди. Сўнгра, ҳазиллашгиси келдими:

– Сиз гувоҳ бўлинг, келин, бутун олам гувоҳ бўлсин: бир ой ичида чиқса, қўй ёғию девзирага битта ош мендан! – деб эълон қилди тантанали оҳангда.

Кейин пастга қулоқ қўйди. Ҳадеганда ўрадан сас чиқавермагач, тақдирга тан берди:

– Сабр қиласиз энди, келин, – деди. – Энди бир куни ўзи чиқиб келади, чиққанидаям, бошқача бўлиб – озми-кўпми янгиланиб чиқади. Илгарилари ҳам шунақа одамлар ўтган, фикрларини тўплаш ё ҳаётнинг кир-чирларидан тозаланиб олиш учун чиллахоналарга кириб кетишган. Масалан, яссилик Қул Хожа Аҳмад…

Тепага қулоқ осиб ётар экан, У бирдан севиниб кетди: Ҳурматли Киши Унинг маконини эскиларнинг чиллахонасига ўхшатди! Тўлага “чиллахона” деб от қўйиб тўғри қилган эканман, мана, одамлар биларкан-ку, ўзи эски сўз бўлсаям, ҳарҳолда қулоққа таниш-да, деб кўнглидан кечирди.

Лекин ўнйиллардан бери ўйлайвериб-фикрлайвериб, саёз масалаларга ҳам чуқурроқ қарашга ўрганган эмасми, “чиллахона” отидан ҳам ўзи хато топди: “чил” дегани ёнқўшни-жонқўшниларимизнинг тилида “қирқ” дегани, чилла “қирқкунлик” демак. Чиллахонада илгаригилар нари борса қирқ кун ўтиришган ва чиллада ўтирган чоқлари тинимсиз тоат-ибодат қилиб, Яратганни эсга олиб, нафсларига дарс беришган, юракларини тозалашган, кейин ербетига чиқиб, одамларга қўшилиб кетаверишган. У-чи, ертагида ўнйиллардан бери ётибди, чилласи ўнйилларга узайиб кетди, булари етмагандай, қачон очиқлиққа чиқишини ҳам билмайди, шундай экан, бу ерни “ўнйиллик” демай “қирқкунлик” деса, тўғри бўладими?!

Оббо, деди фикрлари тағин чалғиб кетаётганини сезиб, шу тобда мантиққа бало борми, ҳаётда ҳамма нарса мантиққа бўйин сунавермайди-ку, мантиқ иш берган жойида мантиқ, одамлар ўйлаб топган барча нарса каби, кишилик мантиғи ҳам камчиликлидир, ҳамма иш мантиқ тарозисига солаверилса, яшаш оғир бўлиб кетади, одам боши-кетини йўқотиб қўяди, шунинг учун бу ерни ҳам ҳеч бир иккиланмай “чиллахона” деса бўлаверади, қирқ кун эмас, кўп, жудаям кўп ўтирган бўлса нима қипти, фақат, ўқиган китоблари тили билан айтганда, “баъзи шарт-шароитларга кўра” Унинг чилласи ўнйилларга чўзилиб кетди, холос.

Хотини хавотир олмаса ҳам бўлади – унинг сира айби йўқ, қайтага хотини олдида У ўзини айбли ҳис қилади, чунки шўрлик бу йиллар ичида қишнинг қаттиқ-қора совуқларига ҳам, ёзнинг ўтли-чўғли иссиқларига ҳам чидади, эзиб ёққан қор-ёмғирларнинг шилталаринию дарахтларни қўпоргудай довулларнинг учирмаларини кўрди, ҳеч нолимади, камига яна Унинг инжиқликларини кўтарди – чилласига кўникди, кўнди, болаларини ҳам кўндирди; сувидан-емагидан хабар олиб турди… қизларини куёвларга берди, ўғилларига келинлар қилди, энди дам олиш ўрнига, невараларга қарай бошлади, хуллас, баъзи шарт-шароитларга кўра чўзилган бу чиллага У ертагида қандай чидаган бўлса, хотини ербетида шундай, балки ортиқ даражада чидади.

Эгам сендан рози бўлсин, хотин, яна бир оз чида, биламан, сениям роса эзиб юбордим, менинг бу ишим биргалик турмушимиздан кўзлаган орзуларингни қирқбўлак қилгандир, балки ичингда мендан инжиётгандирсан, касримга болаларим қийналаётганини ҳам биламан, лекин на чора, мен ҳаётимиз яхши бўлишини кўзлаган эдим, бунақа бўлиб чиқишини кутмаган эдим; ахир, мен ҳам одам боласиман, менинг ҳам кўнглим нималарнидир тусайди, зора руҳим эркин бўлса, юрагим зовтасини топса деб ўйлабман; ичкаридан чарчаса, кимдир ташқари чиқиб кетади, менинг улардан фарқим − ташқари чиқмадим, томирларимда яссилик Қул Хожа Аҳмаднинг қони гупиргандай бўлди – ичкарида қолдим ва ертагига кирдим… аммо ниятим тоза, сеники янглиғ менинг ҳам ёруғ орзуларим бор, шунинг учун яна озгина тишингни тишингга қўйиб тур, Ҳурматли Киши айтганидай, бир куни ўзим ербетига – ҳузурингга чиқаман, кутилганидай бўлмаса ҳам, сал янгиланиб-тозаланиб чиқаман, иккаламизнинг орзуларимиз яна бир-бири билан қовушади, турмушимиз яна изига тушиб кетади, қирқига чидадинг, қирқ бирига ҳам чида… ҳали ҳаволар ҳам ўзгаради, ҳар кечанинг наҳори бўлганидай, ҳар қишнинг ҳам баҳори бор, бугун бўлмаса эртага осмонлар яна очилади, ёғинлар тўхтайди, бизнинг ҳовлимизга ҳам қуёшлар чиқади, кунлар танага ёқадиган бўлиб илийди, дарахтлар чечак очади, бу чиллалар ортда қолади, ўрнига бир ажойиб чиллалар келади, сўлғин юзингда яна севинчлар балқийди, ҳали биз бахтли бўламиз, болаларимизнинг меҳрларига чўмилиб қарилик гаштларини сурамиз, ҳаётимиздан завқлар олиб яшаймиз, шундай яшаймизки, эҳ-ҳе!..

 

2009 йилнинг мартида эсга келди,

апрелининг 10-сида бошланди, 16-сида битди.