Дунёда ҳарбий хизматчилардай хушчақчақ халқ бўлмайди. Солдат спит, служба идёт, дегандай аскар ухлайверади, хизмат ўтаверади. Мен тўрт йил хизмат қилганман. Икки йил хизматда, икки йил дизбатда! Нимага икки йил дизбатда, дейсизми? Молодойларни қийнаган-да, черпак, гус, дед, дейсизда-а? Ҳаммаси нотўғри. Икки йиллик хизматни тугатиб, эртага уйга кетаман деб турган пайтимда постда туришга тўғри келиб қолди. Дембел кунини кутиб ҳар куни барматуха ичамиз. Идиши шампанскийнинг шишасига ўхшайди, битта шишаси овқат емасдан ичилса, тўртта дембелни ўрмалатади. Хуллас, развод олдидан тўрт дембел битта барматухани майдалаб, постга тарқалдик.
Постда турибман, атроф қоронғу, кайф яхши, кўзимга битта шарпа иккита бўлиб кўринади. Автоматни қучоқлаб ўтириб, кўзим илинган экан, шитирлаган овоздан уйғониб кетдим. Қарасам қоронғуда иккита шарпа ўрмалаб мен томонга келаяпти. «Стой, стрелят буду!» дея автоматни ўқлаб, предохранителини туширдим. Шарпа огоҳлантиришимга эътибор бермай, яна ўрмалаб келаверди. Осмонга қараб ўқ уздим, қани тўхтаса! Душман разведкачиси экан, деб битта ўқ билан уни қулатдим. Ўрмалаб бориб қарасам, разводяший кайфи зўрлигидан мени алмаштириш учун тўрт оёқлаб келаётган экан. Шунақа қилиб дизбатда хизмат қилганман. Яхши хизматларим эвазига лейтенант унвонини беришган.
Илгари одамлар фарзандини хизматдан қолдириш учун пул берарди. Энди хизматга бориш учун пул беришади. Пулниям шундоқ олишмайди. Аввал спортга лаёқатингни текшириб кўришади. Ҳеч нарсага ярамасанг, брак қилишади. Шунинг учун ҳозир ҳамма ўзини спортга урган. Ҳатто момойлар, бобойлар ҳам спорт тўгаракларига қатнашаяпти.
Ярослав Гашек деган чех ёзувчисининг «Шоввоз аскар Швейкнинг саргузаштлари» номли асари бор. Қизиғи шундаки, Шоввоз аскар Швейк мен билган Матқовулга бир қайнови ичидаги гаплари билан жуда ўхшаб кетади. Унинг командирлар билан муомиласини кўриб, кулаверганидан ичаклари чалкашиб кетиб, операция бўлганлар бор. Операциядан эсон-омон чиққанлари умуман кулмайдиган бўлиб қолишган. Духтурлар уларни: «Кулсанг, ичагинг узилиб ўласан», -деб огоҳлантириб қўйишган. Бечоралар ҳатто Ҳожибой Тожибой томошасига киришса ҳам ҳўмрайиб ўтиришади. Бир куни тушлик пайтида ошхонада Матқовул овқат ейишдан олдин дуо ўқиётган эмиш. Командир:
– Шоввоз аскар Матқовул, нега овқат олдидан дуо ўқияпсиз, -деса,у:
–Айтиб бўладими, камандир, ошпазимиз чатоқ, заҳарланиб ўлсам, ким дуо ўқийди, -дермиш. Шаҳарга чиқишга рухсат олган Матқовул айланиб юрган экан, кўчада эгасиз турган мошинани кўриб қопти. Мошинанинг симларини чиқариб, бир-бирига тегизган экан, ўт олибди. Шартта Фарғонага қараб ҳайдаворибди. Биринчи постдаёқ уни ушлаб қисмга қайтаришибди. Ўртоқлик суди бўлаяпти, командир сўраяпти:
–Шоввоз аскар Матқовул, нимага кўчада турган мошинани ҳайдаб кетдингиз?
–Мошина қабристон олдида турган экан, эгаси ўлган бўлса керак, деб ўйлабман-да, камандир,-жиддий гапираяпти Матқовул. Командир нима дейишини билмай бизга қаради, кейин Матқовулга қаради, ўзини жиддий тутмоқчи бўлди, эплолмади, охири бўлмади, тиззасига уриб кулиб юборди, думалаб-думалаб кулди. Ҳаммамиз кулаяпмиз, Матқовул жиддий, кулмайди, ҳайрон бўлиб бизга қараб турибди. Охири кулавериб, мижжалари ёшланиб кетган командир кўзини артиб, жиддий турган Матқовулга қараб яна қотиб қолди. Кейин «Ну и дурак!», деганча қўлини силтаб кетиб қолди. Унинг ҳарбий хизматга олиниши ҳам қизиқ бўлган. Онадан туғилгандай қип-яланғоч текширув комиссияси аъзолари ўтирган хонага кирганида Матқовул деворда илиғлиқ турган Лениннинг ов қилаётган портретига тикилиб қопти.
-Ҳа Шоввоз, суратдаги одамни танидингми? -сўраб қопти комиссия аъзоларидан бири.
-Овчи-да, -депти Матқовул.
-Қанақа овчи, бу энг катта бобонг-ку, -депти ҳалиги одам.
-Энг катта бобом уйда, бу Абдурайим овчи, -депти Матқовул. -Фақат у бу ерга қандай келиб қолдиякан, деб ҳайрон бўлаяпман, -дермиш… Комиссия аъзолари бир-бирларига маъноли қараб қўйишибди. Кейин Матқовулга тест саволлари беришибди.
-Айтинг-чи, сув оғирми, мой?
-Кечирасиз-ку, ўлчаб кўрганим йўқ, -кулиб жавоб берибди Матқовул.
-Қиёмат қойимга ишонасизми?
-Қиёмат қойим бўлса, чумчуқ қадамлаб юради, битта янтоққа етмиш мингта одам чиқади, кейин Исрофил сурини чалиб юборади, -депти у жиддий.
-Марсга етиб бориш учун нур тезлигида қанча вақт керак?
-Уни билмадиму, лекин уйга етиб боргунимча икки соатлар вақт кетиб қолар-ов…
-Икки карра икки неччи бўлади?
-Этмиш тўққиз!
-Неччи?
-Этмиш тўққиз, эллиги сизга, йигирма беши менга, тўрти давлатга!
Шу билан комиссия аъзолари бир овоздан Шоввоз Матқовулни «Ҳарбий хизматга яроқли» деб жўнатиб юборишган экан. Бир куни у автоматини тозалашга эриниб ўтирган экан, командир келиб:
-Бу кимнинг автомати? -деб сўраса, Матқовул югуриб туриб: -Калашниковники! -деб жавоб берибди. Биров уйига хат ёзадиган бўлиб қолса, Матқовул дарров ўшандан нусха олиб уйига жўнатарди. «Салом ота, салом она деган жойи бўлса бўлди-да, қолган жойларини ҳамма аскар бир хил ёзади!» дер эди.
Бир куни командир навбатчилик қилаётган Матқовулдан сўраб қолди:
-Бугун дераза ойнасини яхшилаб артдингизми?
-Худди шундай, камандир!
-Хозир ойнага бирор сўз ёзсам, кўринса нима дейсиз?
-Саводингизга гап йўқ, дейман камандир!
-Эринчоқлик қилмай дарҳол тозалаб артиб чиғинг, бу ерда ҳаммамиз битта оиламиз!
-Унда онамизни кўрсак бўладими, камандир?
-Маҳмаданалик қилманг, сигарет қолдиғи кимники?
-Ҳеч кимники эмас, олишингиз мумкин! – депти Матқовул сахийлик билан.
Ана шундоқ гаплар. Матқовулни ёшлигида қоронғуда ўғри гумон қилишиб бошига темир билан уришган экан. Кейин юзига чироқ тутиб кўришса, у ўғри эмас, Матқовул экан. Ҳалигилар янглишганларидан аччиқланиб, уни яна икки тепишибди. Шундан Шоввоз аскар Матқовул ҳангомалари пайдо бўлган экан.