Дастлаб мода сўзи Францияда пайдо бўлган бўлса-да, аслида келиб чиқиши лотинчада ўлчов, кўриниш, усул, қоида, қолип, кўрсатма маъносини англатади. Фаранглар зукко халқ-да, дарров бу сўзни қолипга солиб, мода деб атаган. Шунинг учун қолипда ғишт қуйиш ҳам қадимулаввал фаранглардан тарқалган. Лекин маҳаллий тадқиқотчилар бу сўз энг аввал бизнинг беданавозларимиз орасида урф бўлган, деб уриб енгишади. Улар бедананинг нарини тутиш учун бедазорга тузоқ қўйишиб, модасининг овозида сайраб чақиришган. Бедананинг модаларини сайратиб қўйиб, нарларини уриштиришган. Хуллас, мода фарангларда тарқалиб, бизда бедана уриштириш билан тамом бўлган.
Энг яхши коняк, энг яхши атир фарангларда чиқади, мода шу ёқдан тарқалган, қўйингки, комиклар, гомиклар, ҳаммаси дастлаб ўша томондан чиққан. Мода баҳона бўлиб, шарм-ҳаё пардаси кўтарилди. “Сангам” киносида Радҳа эркаклар кўйлагини кийиб ўйнагани ҳолва экан. Кўйлак жониворнинг енги йўқолди, кейин майкага айланди. Энди аёллар эркакларнинг шимини ҳам тортиб олди. Ноилож қолган эркаклар чолвор кийишга ўтди. Аёллар тирсиллаган шимларни кийиб, орқасини юз килолик ҳисори қўйнинг думбасидай серкиллатиб юрса, эркаклар рўдапо чолворларда уларга анграйгани-анграйган. “Шундай думбали қўй бўлганида, бемалол икки юзтага тортарди”, -дейди буни кўрган даллол чама билан.
Халқимизда “Кўргандан кўз ҳақи сўрама”, -деган гап бор. Мода шунчалик кучайиб кетдики, кўз пўстакнинг тешигидан бўлса ҳам одам уялади. Кўча-кўйда нега эркаклар ерга қараб юрадиган бўлиб қолди? Бу ҳаммаси мода туфайли. Кўзингни кўтаришинг билан елини майкасидан лорсиллаб чиқиб турган, майкаси киндигидан кўтарилиб, шимининг таранглигидан ҳамма жойи билиниб турган дўндиқчага беихтиёр қарашга тўғри келади. Яна ерга қараб ёнидан ўтиб кетаётганингда модапараст мода майкасини киндигига қараб икки марта тортиб қўяди. Эркак бундан баттар ўнғайсизланиб, дуч келган томонга суриб қолади. Илгари стриптиз кўриш учун одамлар махсус ресторанларга киришарди. Энди бунга ҳожат бўлмай қолди. Кўчага чиқсанг бас, стриптиз! Хоҳлаганингни томоша қилавер! Шайтон Момо Ҳавога кафтдеккина кўзгу бериб, навбатдаги шайтонлигини қилган экан. ўшандан аёллар модага берилиб кетиб, эркаклар модапараст бўлиб қолди. Биздаги дўндиқчалар олдида фаранг дўндиқчаларининг кийиниши ҳеч гап
бўлмай қолди.
Шу кетишда бўлса, модапараст аёлларлар эркакларнинг шиминигина эмас, бошқа нарсаларини ҳам тортиб олиши ҳеч гап эмас. Астаъфуриллоҳ, астаъфуриллоҳ, бундай кўргиликдан кўра яхшиси, беданавоз бўлган минг марта маъқул. Ҳам нарини уриштирасан, ҳам модасини сайратасан. Шундай эмасми?