ХХ аср бошларида бутун дунёда Австрия-Пруссия урушига қирол Фердинанд ИИ ни ҳимоя қилиш мақсадида кўнгилли бўлиб борган Шоввоз аскар Швейкдан бўлак расмий лақма бўлмаган. Ўшанда ўн саккиз кишидан иборат судмедекспертиза комиссияси унга расмий лақма мақомини берган. Шундан буён дунё статистикасида бирорта расмий лақма қайд қилинмаган. “Урушга кўнгилли бўлиб борди, ўз ихтиёри билан кетди” деган гапларнинг бари ёлғон. Шоввоз аскар Швейкдан бўлак ҳеч ким урушга кўнгилли бўлиб бормаган, уларни ойлаб қидириб топишиб, мажбурлаб вагонга тиқиб юборишган.
Норасмий лақмалар ҳар қадамда истаганча тиқилиб ётибди. 1916 йилда оқпошшо Сибирга мардикор ёллаганида Франтон штатида бир норасмий лақманинг гапи билан жами каллакесар-у ўғриларни мардикорликка жўнатишган. Аҳоли эндигина тинчгина нафас оламан, деб турганида бир йилдан кейин ўша каллакесарлар қизил шапка, чарм камзул, елкасида пагони, кетида нагони билан қайтиб келиб аҳолини роса қийратган. Мана, лақмаликнинг оқибати!
Доно халқимиз норасмий лақмаларга лақаб қўйиб олади. Бировини Зубай лақма, бировини Умбар эшак дейди, бировини Шоди паранг, деб улуғлаб ҳам қўяди. Бир куни Шарип ҳўкиз эшакда, Марип эшак пиёда колхоз йиғилишига кетишаётган экан, рўпараларидан Маматқул семиз чиқиб:
-Ҳа Шарип, бировини миниб, бировини етаклаб қаёққа кетаяпсан? -депти-ю ўтиб кетаверипти. Шарип ака унинг гапига тушунолмай, ҳайрон бўлиб йўлида давом этибди. Марип ака ҳам:
-Бу қиззиғар нега ундай деди, -деб саволига жавоб ололмай эшакнинг ёнида илдам йўрғалаб кетаверипти. Шарип ака колхоз идорасига етганида ўзидан-ўзи хохолаб кула бошлабди. Марип ундан “Ҳа нега куласан, отангни арвойига”, -деса, Шарип яна қорнини чангаллаб кулармиш. Чунки Марипнинг лақаби эсига тушиб кетган экан-да!
Ёшбеков деган ёзғувчи Мухтордан бир куни “Кино нима?” деб сўраб қопти. “Ҳа энди, одам баъзан зерикади, лақиллагиси келади, шунда кинога тушади, кино шу-да”, -деб жавоб берипти Мухтор. Лақиллаш эса яхшиликка олиб келмайди. Меҳмонхонада икки шерик сиёсат тўғрисида гаплашаётган экан, учинчиси “Ҳов, қўйинглар сафсатани, деворда ҳам қулоқ бор”, -дея огоҳлантирибди. Улар парво қилмагач, хонадан чиқиб қават бекасига “Беш дақиқадан кейин бизнинг хонамизга уч стакан кофе олиб келасан”, -депти-ю қайтиб кириб стол устида турган кулдонга қараб: “ўртоқ полковник, учта кофе олиб келишсин”, -депти. Беш дақиқа ўтар-ўтмас қават бекаси учта стаканда кофе кўтариб кепти. Икки шерик буни кўриб, қўрққанидан апил-тапил ётиб опти. Ярим кечаси полковник одамлари билан икки шерикни қамоққа олиб, учинчисига тегмасликни буюрипти. “Нега?” деб сўрашса, “Унинг кулдонга қараб ҳазиллашгани менга жуда маъқул бўлди”, -дермиш…
Абдурайим билан Мамарайим ҳам норасмий лақма бўлган. Уруш пайтида улар душман қуршовига тушганларида бир-бирлари билан видолашиб, ким эсон-омон уйга қайтса, дўстининг болаларига оталик қилишига аҳдлашиб, бири сувга, бири қамишзорга яширинипти. Бир пайт Абдурайим қараса, душман тўппа-тўғри Мамарайим томонга қараб бораяпти. Дўстига жони ачиб, қамишзорда туриб “Эй фриц, сюда, сюда”, -дея уларни чақирса, Мамарайим сувдан чиқиб “ўзи қамишзорда, ўзи қамишзорда”, -дермиш. Душман уларнинг икковини ҳам тутиб олипти. Абдурайим “Ёптибоймат, душманни чалғитсам, нага сувдан чиқдинг”, -деб Мамарайимни уришса у: “Ҳа, энди гангир-гунгур-да, ёлғиз зерикиб қолма, дедим”, -дермиш… Шу икки оғайни беш йил контслагерда ўтиришганидан ташқари яна ўн йил Сибирда дарахт кесишган. Сталин ўлганидан кейин уйларига қайтиб келишган. Бу ҳам лақмаликнинг оқибати.
Ҳозир ўзини лақмаликка урадиган туллаклар кўпайган. Лақма пул беради, туллак пул теради. Лақма ўз қўли билан берган пулини ололмай, сарсон бўлиб туллакнинг орқасидан шоқол авраган қўзидай эргашиб юргани-юрган. Туллак лақмага олган қарзини бермайди, умидсиз ҳам қилмайди. “Бераман, -дейди у. -Кўраяпсанку, тушиб қолдим. Лекин, пул топсам, албатта бераман, чунки жон билан қарзни худо ҳам кечмайди”. Лақма “худо” деган сўздан кўнгли юмшаб, яна туллакка ён беради. Лекин, пулини ҳам ололмай бир умр сарсон бўлиб ўтади.
Каждум деган маҳаллада Ҳусан бова деган чол ўзини фақат лақма қилиб кўрсатиб юради. Кимни кўрса, “Энанг яхшима?” деб сўрайди. Унинг энасини сўраши жонига теккан биттаси охири бир куни бовага: “нега фақат энамни сўрайверасиз, отамни ҳам бир марта сўранг”, -деган экан бўғилиб кетиб… Баъзи раҳбарчалар лақмаликни санъат даражасига кўтаришади. Ўзларидан катта амалдорнинг гапларига вафодор итдай меҳр билан термулиб қараб ўтиришади, қулоқ солишади, маъқуллаб, чапак ҳам чалиб қўйишади. Бундан илҳомланган амалдор авж пардага кўтарилади, оғзини боди билан шодига дарвоза қилади. Сал тойиниб кетса, дарров оёғидан чалиб йиқитишади. Ана кейин бошланади, биз сеҳрланиб қоппиз, унга қарши гапиролмас эдик, давлат пулини шунинг гапи билан ўзлаштирганмиз ва ҳоказо. Аслида эса раҳбарча ўзлаштирган пулини ўзи учун ўзлаштирган бўлади. Ҳар куни арақ ичиб, шашлик еб, кекириб, тагига янги мошина олиб, қўлидаги тилпончага давлат пулининг ўзанини буриб қўяди. Ўйнашига ҳам битта
мошина олиб беради, қолган пулни пахта қўйишга ишлатади. Шунинг учун ҳозир Шоввоз аскар Швейкка нисбатан берилган “Расмий лақма” мақомоти эскирди. Энди “Норасмий лақма” ва “Расмий туллак” деган мақомларни жорий қилиб, кўкрак нишонларини таъсис қилиш, уларни шу мақомга сазовор бўлган эга-эгаларига тарқатиб чиқиш керак. Ана ўшанда кўкрак нишонига қаралса, кимнинг кимлиги билинади-қўяди!