Қоронғуда Ғужанак бўлиб ўтиравериб, қўл-оёғим уюшиб қолган экан, ёруғ дунёга келишим билан кўзларим қамашиб, яхшилаб керишмоқчи бўлган эдим, дарҳол бешикка солишиб, қўл-оёғимни боғлаб қўйишди. Бўшатинглар, деб айтолмайман. Чинқириб йиғлаган эдим, оғзимга эмизғич солишди. Биринчи алдов шундан бошланди. Эмизғичда ҳеч нарса йўқ эди-да!
Сал катта бўлганимдан кейин боғчага беришди. Боғча опам нуқул ота-онам билан мулойим, табассум билан гаплашарди, улар кетгач, мени нуқиб-жеркишдан тинмасди. Бериладиган нарсаларнинг ҳаммаси боғча опамнинг сумкасидан жой оларди. Эътирозларимни айтолмай, қилган хархашаларимга ҳеч ким қулоқ солмасди. Биринчи синфга бордим. Ўқитувчим мени охирги парталардан бирига ўтқазиб қўйди. Олдинги парталар казо-казоларнинг болалари учун банд қилинган экан.
-Олдинроққа ўтай маллим, доска кўринмаяпти, -биринчи эътирозимни ўшанда сўз билан ифодаладим.
-Отанг ким бўлиб ишлайди? -сўради ўқитувчи.
-Колхозчи, -дедим.
-Ўтир жойингга, -деди маллим. -Мактабга олишганига хурсанд бўлсанг-чи!
Атеизм деган дарс бўларди. “Худо йўқ, -дерди атеизм ўқитувчиси. -Булар ҳаммаси одамлар тўқиган уйдирма!”
-Бундай шаккок гапларни айтиб, оғзингиз қийшайиб қолишидан қўрқмайсизми? -дедим бир гал унга.
-Маҳмаданалик қилма, -деди атеизм ўқитувчиси бошимга указка билан уриб. -Муҳокама қилишни ким қўйипти сан тирранчага! ўтир, ёки ҳозир мандан кўрадиганингни кўрасан!
Ҳозир ўша ўқитувчи қишлоқнинг мулласи. Ҳар икки сўзининг бирида худога шукур, дейди. Мактабни битираётганимизда эркин мавзуда иншо ёздиришди. “Мен журналист бўламан”, -деб ёздим. Ўқитувчи иншомни ўқиб кўриб, истеҳзоли кулди.
-Отанг ким эдики, сан ким бўласан, ўтир жойингга! -деди.
Икки йил қаторасига университетга имтиҳон топширдим. Бу ерда ҳам таниш-билишчилик катта баллга эга экан. Охири бир бало қилиб, кечки факултетга ўқишга кирдим. Ана энди ижтимоий ноҳақликлар тўғрисида баралла айтиш вақти келди, деб ўйладим. Хато қилган эканман.
-Энг яхши жамият бизнинг жамият, -деди илмий коммунизм фани ўқитувчиси. -Бизда ижтимоий ноҳақликлар бўлиши мумкин эмас!
Мен эътироз билдирмоқчи эдим, у гапиришга қўймади.
-Биламан, нима демоқчи эканлигингизни, -деди илмий коммунизм фанининг отаси истеҳзо билан. -Тўғри, дачам бор, ҳар йил иккита болани ўқишга киргизаман, унвонни ҳам сотиб олганман. Қани шу гапни бирор жойда айтиб кўринг-чи, биров ишонармикан. Сиз айтган ҳақиқат утопия, бўтам! ўтиринг жойингизга!
Ишга кирдим. Квартирага навбатга ёзилмоқчи эдим:
-Сенга йўл бўлсин, -дейишди. -Ҳали ўзимизнинг болаларимизга уй олиб берганимиз йўқ.
Ёзувчилар уюшмасидан икки йиллик ўқишга жўнашга ариза ёздим.
-Жой йўқ, -дейишди. -Ҳаммаси банд қилинган.
Кейин қайта қуриш бўлди. Турли партиялар пайдо бўлди.
-Янги партияга кир, -дейишди. -Хоҳлаган гапингни айтишга имкон берамиз.
Суриштирсам, янги партиянинг раҳбари бизга дарс берган “Илмий коммунизм” фани домласи экан. Калта қайтдим. Ишхонадан танқидий материаллар бермаяпсизлар, деб танқид қилиб қолишди. Мана сенга, деб уч-тўртта танқидни қалаштириб ташладим. Мени танқиднинг бир учи тегиб кетган идорага чақиришди.
-Ҳали танқид қиладиган бўлиб қолдингизми? -дейишди.
-Мен… ҳалиги… бошлиғимиз… -деб дудуқландим. -Қолаверса, сиз айтган замонлар ўтиб кетди, кимдир ҳақиқатни айтиши керак-ку!
-Ҳали шунақами, -дейишди заҳархандалик билан. -Ҳозир бошлиғингиз билан гаплашамиз.
-Алё, фалончи фалончиевичми? Фалончи мухбирингиз фақат ёлғон гапларни ёзиб, обрўйимизни тўкаяпти, бунақа мухбирнинг бизга кераги йўқ! -Идора бошлиғи шундай деб телефон трубкасини тақ этиб қўйиб қўйди. -Ана энди кўрасан ҳақиқат қанақа бўлишини, -деди у менга тантанали қараб. Идора бошлиғи тўғри айтган экан, икки кундан кейин ишдан бўшатишди. Ҳақиқатпарвар бошлиғимизга бу ноҳақликлар ҳақида шикоят қилмоқчи эдим, унинг қабул қилишга вақти бўлмади… Кейинчалик ўша идора бошлиғини юқоридан шармандаи-шармисор қилиб ишдан бўшатишди.
-Ҳақиқатни айтишга қўрқасанлар, -деди юқоридан келган раҳбар. -Қани бирор мард борми унинг камчиликларини айтадиган? “Мана мен айтаман!” -деб ўрнимдан турмоқчи эдим, икки томонимдан тортиб ўтқазишди.
-Ўлгинг келаяптими, -дейишди, -ўтир!
Яхшиям ўша бошлиқнинг камчиликларини айтмаган эканман. Олти ойдан кейин у яна бир думалаб бошлиқ бўлиб олди… Мен ҳам уйда бошлиқман. Ишдан келишим билан хотин танқид қилиб бошлайди. Уйда ун йўқ, ёғ йўқ, тепса-тебранмассиз, бошқаларга ўхшаб олғир эмассиз…
-ўтир! -дейман. -Оғзингни очма!
-Дада, маллимга совға олиб бормаганим учун мени охирги партага ўтқазиб қўйди, -дейди ўғлим.
-Жим бўл! -дейман. -Овозингни чиқарма! Танқид қанақа бўлишини санларга кўрсатиб қўяман!