Илгари қишлоқларда тўйларга уйма-уй хабар қилинмасди. Доира овози чиқдими, одамлар гуррос-гуррос бўлиб ўша томонга бораверишарди. Ҳозир ҳамма нозиклашиб кетган. Қўшниникида вадаванг тўй бўлса ҳам, айтилмаса чиқмайди. Ҳа, юр, қўшничилик, десанг: “Мани айтмаган, неудобна”,-дейди.
Бизнинг халқдай ошхўр йўқ дунёда. Тўғри, гуруч дастлаб Японияда ёки Кореяда пайдо бўлган бўлса-бўлгандир. Лекин ошнинг ватани бизнинг жой. Фарзанд туғилса ош беради, тўй қилса, ўлик кўмса ҳам ош беради. Хатми Қуръон қилади, ифтор қилади, ақиқа, соч тўйи, мучал тўйи, хатна тўйи, қиз тўйи, чарлар, куёв оши, гаштак, уч, етти, йигирма, қирқ, йил ва ҳоказо. Бечора ўлик ўлганидан кейин ҳам бир йилгача гўрида тинч ётмайди. Ўлигиям бир қишлоқ одамни боқади. Тириклигида қорни нонга тўймай, қадр-қиммат топмай умрини битта эски палтода ўтказган бўлса ҳам, ўлганидан кейин улуғ инсонга айланади, салкам авлиё бўлиб қолади. Фарзанд ёқасини чоки-гирибон қилиб “Вой Ғамгузорим отам, меҳрибоним отам”,-деб, ҳамманинг юрагини эзиворади, гарчи ўзи отаси тириклигида ундан хабар олиб, уч-тўрт сўм бериб, кўнглини олишга вақтини қизғанган бўлса ҳам. “Суянган тоҚимдан, ишонган қўрҚонимдан айрилдим ота, мени кимларга ташлаб кетдингиз ота!”-дейди деворга бошини тўқ-то
ъқ уриб. Ота уни гала ошхўрларга ташлаб кетган бўлади. ўғил йиғлай-йиғлай отанинг учига қанча ош дамлашни, қайси каттаконларни чақириш кераклигини ўйлайди, ҳисобини олади. “Юз кило гуруч дамласам этадими?”-сўрайди қишлоқ мулласидан кўнгли ўксиб. “Энди, бўтам, мусулмончиликда бундай таомил йўқ, номига ис чиқариб юборсангиз, ҳисобга ўтади”,-дейди қишлоқ мулласи унинг кўзига қараб. Фарзанд мулланинг қўлига бошқаларга сездирмасдан ниманидир қистиради, у ҳалиги нарсани пийпалаб кўриб: “Ҳа, жа кўнглингиз бўлмаса, ярмини дамласангиз ҳам етар, отангиз жуда ювош, кўнгли очиқ, таниш-билишлари кўп эди”, дейди. Фарзанд муллага яна нимадир қистиради. Мулла қўлидаги нарсани пайпаслаб кўриб, шошилиб қолади: “Отангиз қадрдоним эди, у кишидан кўп яхшиликлар кўрганман, майли, маъракани расамади билан ўтказаверинг, бўтам”, дейди кўзини рўмолча билан артиб. Фарзанд қишнинг чилласида маъракага узумдан тортиб анору анжиргача, Кубанинг мангоси-ю арабнинг хурмосигача,
Голландиянинг қулупнайигача торттиради. Мабодо ўша пайтда ота тирилиб келиб, дастурхондаги ноз-неъматларга кўзи тушганида: “Шу харажатларни менга берганида яна анча йил яшаган бўлардим”,-деган фикр албатта хаёлидан ўтарди, ёки юраги ёрилиб яна ўларди. Бу пайтда фарзанд Хасти Имомдан тўртта овози чинқироқ муллаваччаларни олиб келиб, микрофонларни ўрнатиб, муқаддас каломлардан ўқитаётган бўлади. Ошхўрлар лагандан бош кўтармай, мақташади: “Оммо, оши ҳам ўзидай ширин бўпти бояқишнинг, ол, тагида қолмасин, арвойи шод бўлади. ўлсанг, шундай мартабанг бўлса, ўлиш ҳам шараф”,-деб орзуманд ҳам бўлишади.
Икки ошхўр ният қилиб каллайи саҳарлаб соат бешда шериги билан қўшиқ эшитилаётган томонга юришибди. У кўчага боришса қўшиқ бу томондан, бу кўчага боришса у томондан эшитилар эмиш. Охири ҳориб-чарчаб, кўп одам йиғилиб турган жойга таваккал қилиб кириб боришса, бировнинг қирқи бўлаётган экан. Ҳа, уям ош, буям ош-да, деб паққос туширишибди.
Халқимизда “Палов бўлса, Фармонтепа нима йўл” дегани ибора бор. Гуррос-гуррос оломон каллаи-саҳарлаб ош ейиш учун шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига, бу чеккасидан у чеккасига улоқишади. Биров тўйга, биров маъракага бораяпти. Фақат ошга! Билган, “Ҳа ошга боришаётган экан”,-дейди, билмаган “Қандай уюшқоқ халқ экан, каллаи-саҳарлаб демонстрацияга чиқишипти”,-дейди. Саҳарлаб икки киши учрашиб қолса, бирови “Фалончи ўлипти, ошга боряпман”,-деса, иккинчиси “Фалончи тўй қилаётган экан, шунга юрақолинг”,-дейди. Бир-бирларига мулозамат ҳам қилиб қўйишади. ўша пайтда олдиларидан кўмир ташиш учун кўзини уқалаб кетаётган Рокфеллер чиқиб қолса, уни ҳам Америкадан меҳмон келиб қопти, бир ошга олиб борайлик, юринг-юринг, қилиб ошга етаклаб кетишади.
Қишлоқларда ҳам наҳор ош одат бўлган. Одамлар эрталаб соат тўққиздан наҳор ошга кела бошлашади, буёғи кечқурунгача давом этади. Буни на наҳор, на тушлик, на кечлик деб бўлади. Қишлоқда тўй фалон соатда экан, деб қараб туришмайди-да. Наҳор ош экан, дейишади. Вақти бўлса келаверади. Ош қолдими ёки эшшакни бурайми? дейди. Кейин тўй эгаси гаранг бўлиб чопгани-чопган. Ҳой ўтин қала, қозонни қўй, гуручни сол, дамга қўй, деб ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа чопади. Етти марта қозон осади. Кейин ҳолдан тойиб, охири “Наҳор ош қилмай ўл,- дейди ўзига-ўзи. -Қишлоқчасига қилиб, тинчгина ҳаммани пешинга айтсанг ўлармидинг”,- деб ўзини ўзи сўкади.
Раҳбарлар ҳам ош қиладиган бўлиб кетган. Бирор тадбир, юбилей бўлса “Ош қилинглар”,- дейди. Муллани ўтқазиб, қўлига микрофон тутқазади. Мулла узундан-узун сурани ўқийди. Ошнинг харажатни кўтаришга шотирлар навбатда туришади. Раҳбар эса камтарлик билан одамларнинг дуосини олганидан кейин буғалтерига: “Фалон ошга фалон сўм кетди, деб ёзиб қўй”,-дейди. Ишбилармонликни қаранг, ҳам юбилей ўтказади, ҳам пул чўнтакда қолади. Қандингни ур, шоввоз! Раҳбар ишдан урилиб кетганидан кейин буғалтер тилга киради: “Бу энағар ўша пайтда шундай-шундай ва шундай қиған”,-дейди. Бу пайтда ўша раҳбар бошқа амалга кўтарилиб, мазза қилиб ош еб юрган бўлади.
Қани энди одамлар гуррос-гуррос бўлиб театрга, кинога борса, маданий дам олишларга борса. Фалон жойга янги китоб келибди, деса ҳамма ошиқиб борса. Фалон газета ёки журналга обуна бошланибди, деса, чопа-чоп бўлса. Шундай кунлар ҳам келармикан-а лаббай, ошхўр биродарлар?!