Бир одамнинг ўнта ўғли бор экан. Бир куни у ўғилларини ёнига чорлаб, улардан бирига “синдир” дея битта хипчин тутқазипти. Ўғил синдирипти. Ота унга тўртта хипчин беган экан, ўғил яна қоқ иккига бўлиб ташлапти. Шунда ота ўнта хипчинни жуфтлаб ўғлига: “Қани, буни ҳам синдироласанми?” дея намойишкорона қараб турипти. Ўғил каратест экан, бу хипчинларни ҳам бир силтаб синдирипти. Ота «Э энангди сенларни…» деб ҳафсаласи пир бўлиб чиқиб кетган экан. Ҳолбуки у бор-йўғи «Мана болаларим, куч бирликда, бирлашсаларинг ҳеч ким сенларни синдиролмайди», -демоқчи бўлган экан холос.
Лекин барибир бирликда гап кўп. Мана, неча йиллар «Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!» деб юрдик. Пролетарларнинг қорни оч экан, бирлаштирувчи куч заифлашиши билан ҳамма ҳар томонга тарқаб кетди. Бирови хон, бирови султон бўлди, бирови империя тузди, бирови НАТОга аъзо бўлди. Бирови Лениннинг ҳайкалларини йиқитиб ўзиникини ўрнаттириб чиқди. Ҳатто ҳафталарнинг номини қариндош-уруғларига бўлиб берди. Орзуга айб йўқ-да! Ленин орзу қилган «Ҳар бир оқсоч давлатни бошқара билиши керак», -деган замонлар мана энди келди. Фақат одамларни қандай бирлаштиришни билса бас. Буёғини бошқариш осон бўлади.
Гитлер давлатни ана шу принтсип орқали бошқарган. Унинг ўнг қўли фон Геббелс «катта ёлғон сиёсати»ни ҳамманинг онгига сингдирган. Қарабсизки ҳамма ватанпарвар, ўзини амбразурага ташлаган, отасини халқ душмани деб отган… Фон Геббелс шунчалик кучли нотиқ бўлган эканки, халқнинг фидойилигини синаб кўриш мақсадида «Эртага сизларни осамиз», -деганида ҳамма бир овоздан «Хайл Гитлер!» деб юборибди.. Бундан мамнун бўлган рейхсфюрер «Саволлар борми?» деб сўраса, биттаси қўл кўтараётган эмиш. «Ҳа», -деса, «Геббелсжон ака, арқонни ўзимиз билан олиб келайликми ё ўзларингизда топиладими», -дермиш.
Бўрилар шунчалик ёвуз йиртқич бўлишига қарамай доим биргалашиб юришади. Йўл бошловчи урғочи бўри бўлади. Мабодо овчи олдинда кетаётган бўрини отиб қўйса борми, қолган бўрилар уни тилка-пора қилиб ташлайди. Овчи ахмоқ эмас, бўриларни энг орқада кетаётганидан бошлаб битта-битта теради. Бунга уларнинг иши йўқ. «Кетса биттаси кетибди-да,-ўйлайди олдинда йўртиб кетаётган бўри. -Менга тегмаяпти-ку!».
Дунёда қўйлардан юввошроқ уюшиб юрадиган жонивор йўқ. Лекин улар ҳам қўшхонага келтирилганда оёқ тираб туриб олишади. Шунда дарров серкани ишга солишади. Серка қўйларни қатор қилиб кушхонага бошлаб кириб, ўзи нариги томондан чиқиб кетаверади. Қўйлар таппа-таппа оёқларидан осилганида серка яна бошқа гуруҳни бошлаб келаётган бўлади…
Кўпчилик куч бирликда экан, деб уни гуруҳбозликка йўйишади. Шунинг учун ибтидоий одамлардай гуруҳ-гуруҳ бўлиб бир-бирлари билан мансаб талашишади, бир-бирининг устидан ёзади, ҳатто шубҳа туғилмаслиги учун ўзининг ҳам устидан ёзади. Гуруҳлар, фракциялар, партиялар шунчалик кўпайиб кетганки, бирининг гапи иккинчисига тўғри келмайди. Лекин қизиғи шундаки, ҳаммаси охир-оқибат мансаб учун талашишади. «Мансабга эришолсам, халққа хизмат қиламан», -дейди партиянинг лидери овози қалтираб. «Ҳозир хизмат қилсангиз бўлмайдими?» -деб сўраб қолсангиз «Ҳозир вақтим йўқ, сайловларга тайёргарлик кўраяпман», -деб жавоб беради. «Ҳа, 70 йил битта партиянг халққа хизмат қиламан, деб нима каромат кўрсатди-ю, сен нима қилардинг. Ўзи қорнинг нонга тўймай юрган бўлса. Эрта мансабга чиқсанг, яна халқнинг ҳисобидан қорнингни тўйдирасан-да! Оч баччағардан қоч баччағар!» десангиз, сизни сиёсий шапкўрликда айблайди.
«Гап қорин тўйдиришда эмас, -ўпкалайди у сиздан. -Гап кучларни бирлаштиришда. Мана, Америкада демократлар ва республикачилар партияси бор, бирининг рамзи эшак, иккинчисиники фил. Биз кучларимизни ўша мақомотга етказишимиз керак!» Қайси мақомотга-фил ёки эшак мақомотига етказмоқчими, уни айтмайди.
Жиноят оламида аксинча. Уюшган гуруҳ бўлдими, тамом, ҳаммаси узоқ муддатли сафарга жўнатилади. Бундай ҳолатда барча жиноятларни биттаси бўйнига олиб ўтираверади. «Ўғрилик қилганам, мошинни олиб қочганам, банкни урганам, поездни портлатганам мен! -деб мардлик қилади. Суд маслаҳатчилари ҳайрон. «Ҳамма жиноят бир пайтда содир бўлган-ку, барчасига қандай қилиб улгурдингиз?» -дейишса, «Ҳаммаси режалаштирилган, банкни уриб, кўчада мошина турган экан, ҳайдаб қочдим, йўлимдан поезд чиқиб қолди, портлатиб юбордим», -дейди ишонарли қилиб, «Мен одиноковий волкман, биров билан ишламайман», -дейди. Кейин ҳукмни олиб узоқ сафарда маза қилиб яшайди. Шерикларининг умри унинг оиласини, қариндош уруғларини боқиш билан ўтади. Халқимиз уюшган жиноятчиликка қарши бир ёқадан бош чиқариб курашади, томирини қуритмагунича қўймайди. Яхши ниятлар халқни янада бирлаштиради, улар биргалашиб ошга боради, тўй қилади, кўпкари уюштиради, азасида бирга бўлади. Бўладиган халқ ана ш
ундай бўлади!