Нурулло Остон. Ким кўп кулади? (ҳажвия)

Ё ақлдан озган киши, ёки томи эндигина кета бошлаган одам кўп кулмаса, ҳозир куладиган одамнинг ўзи  йўқ. Ҳамма ҳўмрайган, ўқрайган, бир-бирига отасини ўлдириб қўйган одамдай, халқ душманига  қарагандай қараган. Нимага шундай? Чунки улардан бири салгина  илжайиб қўйса: “Бунинг ҳам томи кетиб қопти-да!” деб ачинадиганлар ёнгинангизда ўтирган бўлади.
Ҳай-ҳай, бекорга шубҳаланиб, атрофингизга қарашга кўп шошилманг. Ёнгинангизда ўтирган шеригингиз ҳам ана шу шубҳа туфайли сизга қарашга ботинолмай турибди. Бу нохуш ҳолатдан қутулишнинг битта йўли бор: ёнма-ён ўтирган киши баб-баравар бир-бирига қарайди… ва тасаввур қилинг, бир-бирингизнинг қиёфангиздаги савдойи ифодадан шарақлаб кулиб юборасиз.
Ҳа-а, ана энди ўзингизга  келдингиз. Пули йўқ одам ана шундай, ҳар нарсага кулаверади, биров йўталса ҳам кулади, бир-бирига қараса ҳам кулади, ҳеч  бўлмаса йиғламаслик учун ҳам кулади. Қарз сўрасангиз ҳам кулади, қарз берсангиз ҳам кулади, уйига борса ҳам, кўчага чиқса ҳам кулади. Кулгиси йиғига ўхшайди, йиғиси кулгига ўхшайди пули йўқ одамнинг. Салом, десангиз ҳам кулади, фалон, десангиз ҳам кулади, кулаверади, кулаверади…
Пули бор одам эса умуман кулмайди, жиддий тураверади. Юрганида қадами қарсиллайди, бўйнига гластик уради, сўнгги модада кийиниб юради. Бир жойга борса, дарров телефонга ёпишади, бир соат давомида “фалончи-писмадончи”лар билан гаплашади. Овози темирчининг босқонида тобланган ўрис ўроғининг ўт ўришидай шиғиллайди. Қайси каттакон бўлса,  кимни тилга олсангиз унинг тоғаси ё холаси, ё қадрдони бўлиб чиқади. “Ҳа уми,-дейди,-менинг қадрдон акам бўлади.” Акаси уни етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган бўлади.
Пули бор одам кулмайди. Жуда бўлмаса, лабининг чети билан кулгандай бўлиб “иҳи-иҳҳи”,-деб буёғини йўталга улаворади. У фақат қандай қилиб пулни кўпайтиришни ўйлайди, режалар тузади, товламачилик қилади, дуч келганни алдайверади. Йўл-пўлда биров салом берса пул сўрайди, деб ўйлаб, салом, дейиш ўрнига ўзим, дея кетаверади. Салом берган одам ҳайрон,  у нима деди, деб куни билан ўйлаб, бу жумбоқни ечолмай гаранг бўлиб юради. Бу пайтда пули бор одам у билан хаёлан суҳбатлашаётган бўлади:
–Салом!
–Салом!
–Пулинг борми?
–Бор…
–Қарз бериб тур?
–Бермайман…
–Нимага?
–ўзим…
Мана, саломга ўзим, деган жавобнинг мазмуни. Пули бор одам ҳеч қачон бировга қарз  бермайди, пули йўқ одам ҳаммага қарз бераверади… Баъзан қарз бергани эсидан ҳам чиқиб кетади, жуда бўлмай қолган пайтда аллақайдан ўша қарз олган одам келиб қолади ва қарздорлигини эслатиб, унга пулини қайтариб беради. Пули йўқ одам қарз берганлиги эсидан чиққанлигини эслаб кулади, мазза қилиб, кўзларидан ёш чиққудай бўлиб кулади. Чунки унга мумкин. Чунки тирикчилик салмоғидан унинг томи кетган бўлса-да, кулгиси самимий. Кулгиси самимий бўлган инсоннинг қалби самимий бўлади! Бўлмаса ҳозирги пайтда ким ҳам куларди дейсиз?!!